«Кундузсиз кечалар» ҳақида
Насиб қилган экан, «Кундузсиз кечалар»нинг ҳозирги Миллий академик театрдаги премьерасида бўлгандим. Мамлакат бўйлаб Чўлпон таваллудининг 100 йиллиги тантаналари кенг нишонланаётган палла, шу руҳ таъсиридами ё қарийб ўн йиллардан бери Чўлпон ижоди билан шуғулланиб юрганим учунми, ўшанда спектакль менда жуда чуқур таассурот қолдирганди. Албатта, байрамона руҳ таъсирида айрим нуқсонларни назардан қочирган бўлишим ҳам эҳтимол. Фақат шундан бери ич-ичимда ўша таассуротим байрам руҳи ё илмий изланишларим мавзуси билангина боғлиқ эмаслигини мудом ҳис этиб келаман. Сираси, ҳозир асарни атрофлича таҳлил қилиш ниятим ҳам йўқ, бу – драмашунослару театршунослар ҳақи, муддаом ўша таассурот омилларини ўзим учун аниқлаб олиш, холос. Шубҳа йўқки, таассуротимда байрамона руҳнинг, шу руҳга йўғрилган ижронинг таъсири, албатта, бўлган. Яна шуки, спектакль – жамоавий асар, демак, у қолдирган таассуротда режиссёрдан тортиб гримёргача – кўпчиликнинг улуши бор. Буни ҳам яхши тушунаман. Шунга қарамай, ўз кўмочига кул тортаётганликка йўйманг-у, спектаклнинг муваффақияти, биринчи галда, унинг асоси – сўз санъатининг вакили бўлмиш драмага боғлиқ деб биламан…
***
… эҳтимол, шеъриятда ном қозониб, унда юксак ва мустаҳкам мавқени эгаллаб улгурган шоирнинг драмага қўл уриши ким учундир кутилмаган ҳол бўлгандир, бироқ каминага асло бундай туюлмаганди ўшанда. Зеро, шоир театр санъатига айрича муҳаббати борлигини, эсингизда бўлса керак, “Театр” туркумидаёқ изҳор қилиб қўйган. Боз устига, унинг ўнлаб шеърларида драматик унсурлар салмоқли, уларда мўъжазгина драматик ҳолатнинг жонли ва худди драмадаги каби гўё бетараф тасвири лирик кечинмани ифодалаш воситасига айланади. Яна бир томони, бахшиёна йўлидаги шеърларида ҳам драмага яқинлик бор: улар саҳна асарини эслатади, тасаввуримиздаги саҳнада жонланади гўё… Яъники, театрга аллақачонлар ишқи тушган шоирнинг... муҳими, бу ишқ илк севги мақомида – мудом соғинтиради ва шу боис шеърларида бот-бот бўй кўрсатиб туради. Хуллас, “Кундузсиз кечалар” – шу муҳаббатнинг илк меваси, олган таассуротимнинг кучлилиги, бир томони, шундан бўлса, эҳтимол…
***
… Чўлпоннинг “чечаклар унгуси кўз ёшларимдан” деган башорати ўтган асрнинг 70-йиллари ўрталаридан ҳақиқатга дўна бошлади: шеърият майдонига шу даврда қадам қўйган авлод ижодида истиқлол соғинчи қайта ниш урди, авжга кирди, кейинроқ барқ уриб яшнай бошлади. Шу маънода, У.Азим мансуб шоирлар авлоди – жадид ижодкорлар анъаналарининг бевосита давомчилари, адабиётимиздаги миллий уйғонишнинг чин маънода иккинчи тўлқинидир. Зеро, улар Чўлпон шеърларини яшириқча ютоқиб-ютоқиб ўқиган, унинг дарди билан оғриган – шоирни ўзига маънавий пир билганлар. Айтадиларки, пир ва мурид орасида маънавий бирлик бўлади: драмада Чўлпоннинг ўзига хос ва теран бадиий идрок этилгани шундан, кучли таассуротнинг асосий омили ҳам шу бўлса, эҳтимол…
***
Драма воқеалари шундай бошланади: “Чўлпоннинг мўъжазгина ҳовлиси – боғи. Чўлпон ва дўстлари суҳбатга йиғилганлар. Улфатларнинг ошга тайёргарликда эканлиги сезилиб турибди”. Дилкаш суҳбат авжида эканида “ҳаяжонланган ҳолда Ойбек кириб келади”, қўлида газета, унда Чўлпонга қарши мақола эълон қилинган. Ойбекдан овоз чиқариб ўқишни сўрайдилар, ҳассос шоир ўқиёлмайди – Сезгир ўқийди: “Чўлпон йўқсил халқ шоири эмас. У – миллатчи, ватанпараст, бадбин зиёлилар шоири… У йўқсиллар дунёсининг… (тутилиб, қийналиб) душмани…” Сезгирнинг сўнгги жумлани бўлиб, тутилиб, қийналиб ўқиши бежиз эмас, шундан кейинги “соқов саҳна” бунинг сабабини ойдинлаштириш билан бирга, ўзида давр руҳини акс эттиради: “Ҳамма қотиб қолган. Шогирдлар ўрнидан турадилар. Кўзойнак ушлаб турган дарахт новдаси қарсиллаб синади. Машшоқнинг қўли тегиб, суяб қўйилган дойра тарақлаб кетади. Ҳар бир товушдан даврадагилар сесканиб кетадилар”.
Муаллиф ўзи тасвирлаётган давр руҳини чуқур ҳис қилади, шу боис ҳам 20-30-йиллар руҳини, замона кишиларининг маънавий-руҳий қиёфасини очиб беришга эришади. Шу жиҳатдан драматик ҳолатнинг “соқов саҳна”дан кейинги ривожи ғоят характерли:
“Чўлпон (ҳеч нарса бўлмагандай). Қорин ҳам оч қолди. Ошни суздирай… (Чиқиб кетади).
Ҳамма уятлиғ бир иш қилгандай кўзини яширган асно қолади”.
Ҳолат шундайки, даврадагиларнинг ҳеч бири ҳали уятли иш қилганича йўқ, лекин деярли ҳаммаси “уятлиғ бир иш” бўлиши муқаррарлигини ҳис қилиб турибди. Муҳими, ўзини “ҳеч нарса бўлмагандай” тутгани ҳолда, Чўлпон ҳам вазият нечоғли қалтислигию “уятлиғ бир иш” бўлиши муқаррарлигини билади: “ошни суздириш” баҳона дўстларининг шу ишни қилишларини енгиллатмоқ мақсадида чиқиб кетади – муаллиф ҳис этолган, саҳнадагиларнинг бари бирдек англаб турган фожеавийлик шунда. Айни шу нарса ҳолатнинг кейинги ривожини мантиқан асослайди:
“СЕЗГИР. Узр, ўртоқлар, мени борадиган жойим бор (довдираган ҳолда чиқиб кетади).
КЎЗОЙНАК (соатига қараб). Ие, мени ҳам мажлисим бор эди-ку! (Дадил юриб, чиқиб кетади)
Қолганлар ҳам бир-бирларининг юзларига қарамасдан тарқала бошлайдилар. Фақат Ойбек қолади…”
Эътибор қилинг-а, айни дамда “уятли бир иш” қилишга мажбурлик даврадагиларнинг барини ўртайди, ҳаммалари бир-биридан ҳижолат: “бир-бирларининг юзига қарамасликка” тиришади. Лекин, начора, зиёли ҳам одам-да, жон деганлари ширин-да, ахир! Хафа бўлмасинлар-у, зиёли қавмига хос амал будир: дўппи тор келганида, номаъқулни қилмаслик эмас, ўзига гард қўндирмай қилиш ҳақида кўпроқ қайғурилади. Э-воҳ, табиатан ижтимоий махлуқ бўлгани билан кулфат қаршисида инсон ҳамиша ёлғиз – чекига тушганни чийилламай тортишга маҳкум. Бу – аён ҳақиқат, лекин хаёл, орзу деган нарсалар ҳам бор-ку, ахир! Фожиа ҳам шунда-да: одам боласини ҳур ва мукаммал кўришни орзулагани ҳолда Чўлпон мавжуд ҳолатни борича қабул қилишга, уни тушунишга мажбур. Айни шу мажбурлик шоирни эзғилайди, кўнгли эса бунга кўнмайди, кўнолмайди:
“Чўлпон қўлида лаган билан кириб келади. Кимсасиз даврага қараб бир лаҳза тўхтайди. Сўнг ҳеч нарса бўлмагандай лаганни дастурхонга қўяди.
ЧЎЛПОН. (гўё даврани тўлдириб ўтирган дўстларига қараб) Узр, дўстлар, сизларни куттириб қўйдим. Қани, ошга қаранглар! Марҳамат!..”
Қаранг: Чўлпон ҳануз орзуларидан кечмаган, илгарироқ “Хаёл...хаёл... ёлгиз хаёл гўзалдир, Ҳақиқатнинг кўзларидан қўрқаман...” деганидек, ҳозир ҳам хаёлот оламига қочиб қутулди. Бироқ инсон хаёлот оламида муқим қололмайди, бандаи ожиз ернинг тортиш кучига қандоғам бас келсин, – мавжуд воқеликка қайтиши муқаррар:
“Паловдан бир ошам оладию бир лаҳза нима қилишини билмай туриб қолади. Қўлидаги паловни яна лаганга қўядию сочиққа артган бўлади...”
Чўлпоннинг айни дамдаги аҳвол руҳиясини ҳис қила оласизми? Ерга сиғмаётганиди, сиғдиришмаётганди шўрликни, энди кўкидан-да айрилганида ҳоли не кечмоқдайкин? Шоир қавмининг азалий қисмати шу – Идеал хаёли билан воқеликда яшамоқ; шу иккисининг номувофиқлигидан Дард туғилади, унинг ёлғиз давоси – воқеликни Идеалга мувофиқ, яъни жамиятни мукаммал, инсонни комил кўриш умиди. Начораки, умиднинг манбаи ҳам, кушандаси ҳам воқелик, яъни шоир биргина умрида кўп бор ўлишга маҳкум:
“СОЛИҲА (ҳайрон қолиб). Меҳмонлар қани?
ЧЎЛПОН. Азага кетишди...
СОЛИҲА. Қанақа аза? Ким вафот этди?
ЧЎЛПОН (у ўрнидан туриб кетади. Бориб чорпояда ётган газетани
олади-да, улоқтиради). Бир шоир вафот этди, Солиҳа, бир шоир...”
Шоирнинг қотили – Хиёнат, шоирларни аксар хиёнат ўлдиради. Фақат, хиёнатнинг яроғ тутарга қўли йўқ, қатлни у шоир комил кўрмоқ истаган одамлар қўли билан амаллайди. Чинакам шоирки бўлса, бундайин қисматдан қочиб қутулолмайди: юрагида у ёки бу либосдаги Хиёнат қолдирган жароҳат излари бор. Шу жиҳатдан муаллиф – қаҳрамонига қисматдошу қавмдош, яъни Чўлпон образини яратарда унинг юрагидаги чандиқлар очилиб, янгиланган яралар оғриғи билан ёзганки, мутолаа чоғи ўқувчи, спектакль чоғи томошабин ўша оғриқларни ўз юрагида ҳис этади...
***
... Чўлпонни англаш асноси муаллиф кўп марталаб Ҳамлетни эслаган, шуурида гоҳ англанган, гоҳ англанмаган тарзда Ҳамлет жонланаверган бўлса, эҳтимол. Бу бежиз эмас. Аввало, шоир сифатида салафининг 30-йилларда “Ҳамлет” таржимасига қўл уриши миллий театримиз эҳтиёжларини қондириш учунгина бўлмаганини чуқур ҳис қилади. Шу боис ҳам У.Азим талқинидаги Чўлпон ҳаётидаги энг қалтис вазиятда ўз таржимасидаги Ҳамлет монологини эслайди: “Ё ўлиш, ё қолиш – гап шунда! Ажабо, қайси бири шарафли ва олижаноб: дилозор фалакнинг зарбаларига чидашми ёки балолар денгизига қарши бел боғлаб, уларга қарши қўзғолиб, уларни барҳам беришми? Ўлим – бир уйқу, холос...” Драмадаги Чўлпон нафақат руҳий жиҳатлари, айрим хатти-ҳаракатлари билан ҳам Ҳамлетни ёдга солади: юқорида кўрганимиз ўзини атайин воқеликдан тамом узилган девонадек тутиши... “Ёзаману ёқаман” дея ўтиришлари... Ойбекнинг “қўлёзмалар ёнмас эмиш” деганига жавобан “бу гаплар бир тасалли учун айтилган-да” дея тан олиниши ўзи учун-да оғир шафқатсиз ҳақиқатни таъкидлаши... “Яхши кунлар қачон келади, ким билади! Ёвузлик эса бошимизга эгилган. Қўли бўғзимизда, кўзи ҳар бир ҳаракатимизни кузатиб турибди...” дейишлари... суюклиси Солиҳани ўзидан узоқлатиши... – булар бари Шекспирнинг ўлмас асарига ҳамоҳанг. Ахир, иккинчи томони, У.Азимнинг шахс ва ижодкор сифатида шаклланиши “ҳамлетчилик” урф бўлган даврга тўғри келмаганми?! Ҳа-да, бу даврнинг қаноти қирқиб қўйилгани ҳолда нигоҳи юксакларга термулган ижодкор зиёлиси ўзини Ҳамлетга дарддош сезган, “Дониё – зиндон...” калимасини мажозий англаган ва тез-тез “ёзаману ёқаман...” кайфиятига тушиб турган бўлса, ҳеч ажабланарли жойи йўқ. Шундай экан, драмани ёзиш асноси муаллиф ўз вужудида ҳис қилганларидан саҳнада Ҳамлет бўлиб яшаб кўрган ва ҳаётда ҳам ҳамлетона умр кечирган бойсунлик улуғ адибга, ундан эса қаҳрамонига ўтган – миллий зиёлиларнинг маънавий-руҳий бирлигини ич-ичидан ҳис қилган... қайсики, афсус, гоҳи унутиб қўядиганимиз маънавий-руҳий бирликни ҳис қилган, ҳис қилдиролган.
***
... илгари ҳам бошқа бир муносабат билан айтгандим: У.Азим мансуб адабий авлод инсон қадрини, унинг ижтимоий мақомию қарашларидан қатъи назар, жуда юксак қўйди. Зеро, бу авлод* нигоҳини “коммунистик кенгликлар”дан узиб, халқнинг кундалик ҳаёти томон бурди ва дафъатан ҳис этдики, ўзини соғинтирган Эрк, Ҳурлик, Тенглик каби эзгуликлар фақат социализм ғояси билангина боғлиқ эмас, аслида, миллий ва диний қадриятларимиз азалдан шу тушунчалар асосида турар экан. Ахир, шуни ҳис этиб турган кўнгилларга Чўлпоннинг “Сен-да одам, сен-да инсонсан, Кишан кийма, бўйин эгма, Ки сен ҳам ҳур туғилғонсан!” тарзидаги ўтли мисралари чиппа ёпишмаслиги мумкинми?! Агарки инсон ҳур туғилган ва инсонлар орасида тенг экан, уни шўрочасига маълум ғоя мавқеидан туриб тасдиқлаш ё инкор қилиш ғирт бемаънилик бўлмайдими?! Шу тариқа бу авлод инсоннинг ҳакамлиги ҳеч эканини, олдинда Олий Ҳакам – майли, уни гоҳ вақт, гоҳ виждон, гоҳ авлодлар, гоҳ яна бошқа нарса билан боғлаган бўлсин – борлигини тобора теран ҳис эта борди, тарихан олисларга кетган илдизлардан озиқланиб, шу эътиқодида собитлашди – инсонни тушунишни ижодининг асосий тамойилига айлантирди. У.Азим талқинида Чўлпон худди шундай эътиқод кишиси сифатида гавдаланадики, бунинг асоси муаллиф билан қаҳрамон орасидаги маънавий-руҳий ва эътиқодий яқинликдир.
Юқорида кўрдикки, Чўлпон хиёнаткор дўстларнинг-да андишасини қилади, беҳижолат йўл танлашларига имкон беради: уларнинг айримлари ўз тинчини ўйлаб томошабин мақомига ўтса, бошқалари ошкор душманлик йўлини тутади. Душманлик йўлига ўтганлардан бири – Сезгир узрхоҳлик қилиб келган саҳнани эслайлик:
“СЕЗГИР. Абдулҳамид! Жон биродарим!
ЧЎЛПОН. Нега келдинг?! Қайт! Сен юзи қаро одамсан!
СЕЗГИР. Майли! Майли! Бемалол мени сўк! Мана, юзимни тутиб тураман! Бемалол шапалоқ торт! Менга бўлган нафратинг сўнганча уравер! Хоҳласанг, ётқизиб тепкила! (Тиз чўкиб). Фақат мени кечир! Эски дўстлигимиз ҳурмати!..
ЧЎЛПОН (бирдан ўзгариб). Сенга нима бўлди?! Тур ўрнингдан, тиз чўкма! Мени ноқулай аҳволга соляпсан? Тур! Дуппа-дуруст одам эдинг, сени нега худо урди?!”
Қаранг: инсон қадрини баланд тутувчи Чўлпон душмани тиз чўкиши биланоқ ўзгарди, зеро, буни инсонлик шаънига номуносиб кўради. Албатта, у хоинни ёқламайди, уни “юзи қаро” деб билади, лекин кечиришга тайёр: “Нега кечирмай, биродарим! Бу дунё маромида оқаётган бўлса экан, сендан маромни буздинг деб ўпкаласам!.. Фақат дунё меъёрига қараб иш кўраётган жамиятда меъёрдаги одамлар яшайдилар! Бу қотил жамиятда эса ҳеч кимни айблаб бўлмайди!” Чўлпон чинакам файласуфларга хос фикрлайди, моҳиятга назар солади ва шу боис ҳам иллатнинг илдизини кўради, кўрсатади. Муҳими, Чўлпоннинг кечириши “одамнинг юзи иссиқ” деган андишадан эмас, балки мустаҳкам эътиқодидан келиб чиқади. Айни шунда унинг кучли шахслиги намоён бўладики, бунинг яққол белгиси ожизларга шафқатдир. Мабодо шундай бўлмаганида, Чўлпон оддий каслар қатори ожиздан аламини олиб, хумордан чиқиш пайида бўлур эди. Йўқ, драмадаги Чўлпон кучли шахс, буни унга душманлик қилган Сезгир ҳам эътироф этади: “Чўлпон! Сен кучли одамсан! Худо берган зотсан!”
Чинакам кучли шахс сифатида Чўлпон Сезгир ўз ожизлиги орқасида чекаётган изтиробларни ҳис қилади, унга ич-ичидан ачинади. Айни чоқда, у бунақа ачиниш уйғотадиган ҳолатга тушиш ҳам инсонликка зид деб билади, шу сабабли Ойбекка айтадики: “Ҳозир айтадиган гапларимни яхшилаб эслаб ол... Мабодо бир кун бу воқеалар ҳақида ёзсанг бу одамнинг бугунги ҳолатини эслама! Уят бўлади!” Чўлпоннинг бу гапидан келажак олдида масъуллик сезилади. Муҳими, у ўзидан масъулликни асло соқит қилмайди, қайсидир даражада “уят бўлади”ган ишга ўзи ҳам алоқадорлигини мардона тан олади: “Ҳаммамизнинг ҳам бошимизга озми-кўпми ўшанинг аҳволи тушиб турибди. Ана, мен ёзганларимни ёқиб ўтирибман. Ахир, гуноҳи бор! Билсанг, энг улуғ ижодкор парвардигордир! Ҳақиқатни қумсаб ёзилган ҳар бир сўз адибнинг кўнглига бекор тушмайди! Адиб ўз сўзини совуриши эса ижодкорликни, демакки, тангрининг равишини рад этишдир...” Назаримда, шу диалогнинг давомида муаллифнинг драма имконларидан фойдаланиш маҳорати яққол кўзга ташланади. Гап шундаки, ёзганларини ёқиб ўтирганини Чўлпон “уятли иш”нинг бир кўриниши ҳисоблайди, суҳбатдоши Ойбекнинг эса бу масалада фикри ўзгача:
“ОЙБЕК. Ёлғон сўздан ёнган сўз авлодир.
ЧЎЛПОН. Нима?! Такрорла!..
ОЙБЕК. “Ёлғон сўздан ёнган сўз маъқул” дедим.
ЧЎЛПОН. Ёлғон сўздан ёнган сўз маъқул!”
Мазкур репликалардан кейиноқ муаллиф ремаркаси берилган: “Кўринмас одам яқинроқ келиб, эшитмоқчи бўлади. Хазонлар шитирлайди” Яъни, ремарка суҳбат бўлиниб қолганини англатади: Чўлпон Ойбекнинг гапини такрорлайди, холос, унга муносабат билдирмайди. Бу эса персонажлар ҳолати ва суҳбат мазмун-моҳиятини турлича тушуниш имконини яратади. Сиртдан қаралса, Чўлпон ҳамсуҳбатини маъқуллаётгандек кўринар ва бу, қисман, тўғри ҳам. Негаки, Чўлпон ёлғон сўзларни ёқаётгани йўқ, буни Ойбек ҳам яхши билади – айтган гапи таскин учун, холос. Яъни, гарчи Ойбекнинг гапини такрорлаётган бўлса-да, Чўлпон таскин топгани йўқ, у ҳамон ёзганларини ёқишнинг “гуноҳи бор” деган фикрда қолган ва айни шу нарса уни изтиробга солади...
***
... драма муаллифи Сезгир фожиасини моҳирона очиб бераркан, бир инсон сифатида унга дилдан ачинаётгани сезилиб туради. Сезгир қилаётган иши нафратга лойиқ эканини билади, “булар аста-аста шаънимни, ор-номусимни, Ватанга меҳримни суғуриб олдилар” дея ўртанади. Ундаги қўрқув шу даражадаки, мезбонга меҳмони Ойбек “худо ҳақи кетсин!” дея ўтинади, “бир кунмас бир кун сўроқ қилишса, бу йигитни “Чўлпоннинг ҳовлисида кўрган эдим” деб сотиб қўйиш”и мумкинлигидан қўрқади. Қўрқув инон-ихтиёрини олиб қўйган, шўрликнинг. Шу боис қилмишлари учун ўзини “мен одам эмасман! Пастман! Етти қават ерга кириб кетганман!” деса-да, “энди нима талаб қилишса, шуни ёзиб бериш” билан машғул. Сезгир виждони қистовга олган палла Чўлпон билан Ойбека юрагидаги дард-аламларни тўкиб солди, лекин унда бир ўзгариш бўлишига умид йўқ. Чунки, ўзи эътироф этаётганидек, одамлик сифатини йўқотган, ундаги виждон қийноғи эса ўткинчи:
“СЕЗГИР. (чиқа туриб қайтади). Бошим айниган! Бошим тамом айниган! (Ҳўнграб йиғлайди.) Сизларга нималар деб лақилладим?.. Ҳеч кимга айтманглар! Бола-чақам бор! Кечагина қизли бўлдим! Айтманглар! Айтманглар...”
Ҳа, муаллиф инсон сифатида унга ачинади, шу ачиниш воситасида инсонни шу кўйга солган тузумга нафратини ифодалаб, ўқувчида ҳам шу ҳисни қўзғайди. Бироқ бу ўринда ачиниш муаллифгагина фазилат бўлиб ёзилиши мумкин, шундай муносабатга лойиқ бўлиб қолишдан ҳар бандани худонинг ўзи асрасин! Фикримча, драмани мутолаа қилиш чоғи ўқувчи, спектакль давомида томошабин кўнглига шу ўй келиши муқаррарки, бу бадиият ҳодисаси амалга ошганидан далолатдир. Драма бадииятига ошно бўлолган киши шу саҳнани ўқиб “Алҳазар!” дея ёқа ушлайди, Чўлпон Сезгирга қарата айтган гапларни ўзига дастуруламал қилишга чоғланади: “Мен одамман деб ўйла! “Мен одамман” деб ичингда такрорлайвер!”
***
... юбилей деганлари кўп яхши нарса. Лекин ёзганларим юбилейбоп гаплар деб тушунилмаса яхши эди. Тўғри, юбилей баҳона ўн икки йил нарида олган таассуротни тиклашга уринганим бор гап. Зеро, ўшанда туйқус ёмби олмос топгандек эдим... Юбилейлар бор бўлсин, бугун олтмишвойлар сафига қўшилган Усмон Азим олмосга яна сайқал берсину Чўлпон таваллудининг навбатдаги катта тўйларида унинг жилоларидан баҳраманд бўлиш сизу бизга насиб этсин.
Д.Қуронов