Қудуқда ўсган най оҳанглари

Dilmurod Quronov

Ёзувчи Чингиз Айтматов суҳбатларидан бирида: «Киши ўзи билмаган, ҳис қилмаган нарсаларни ёзса на ўқувчини ишонтира олади, на ёзганлари уни ҳаяжонга солади»,- дейди. Маълумки, шу маънодаги эътироф сал ўзгачароқ йўсинда кўпчилик ижодкорлар томонидан айтилган, қолганлари ҳам бунга қўшилишлари тайин. Зеро, бу — «бадиий образнинг материали воқелик ва ижодкор шаҳсидир» тарзидаги назарий қоиданинг соддароқ, оммабопроқифодаси. Бу қоида эса, табиийки, барча турдаги, жумладан, тарихий мавуздаги асарларда ҳам амал қилади. Фақат, тарихий асарда бу қоиданинг амал қилиши ўзгачароқ йўсинда кечади. Гап шундаки, тарихий мавзуга қўл урган ижодкор тасвирланаётган давр воқелигидан узилган, бас, унинг учун ҳам ўз замонидаги, Ч.Айтматов айтмоқчи, «ўзи билган, ҳис қилган» воқелик материал бўлиб хизмат қилади. Негаки, тарихий фактлар асарнинг нари борса сюжет схемасини белгилар, ўша фактларни жонлантиририш, тарихий ҳақиқатни бадиий ҳақиқатга айлантиришда эса муайян шароитда (яъни, ижодкор яшаган воқеликда) шаклланган муаллиф шахси ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Ижодий етуклик палласидаги Ойбек бу ҳақда: «тарихий романдаги асосий нарса, менимча, қанчалик уқув билан келтирилишидан қатъи назар, тарихий фактларнинг оддий баёнигина эмас <...> бошқа ҳар қандай асардаги сингари — инсондир» ,- дейди. Унинг эътиқодига кўра, «озодлик ва бахтга интилиш, муҳаббат ва садоқат туйғулари, ҳасад ёки жудолик, ўлим даҳшати ва турмуш нашъаси туйғулари инсонга доимо хос нарсалар бўлиб, минг йиллар давомида ўзларича сира ўзгармади <...> Инсонлар вужудга келган даврлардан буён инсонликча келмоқдалар». Шунинг учун ҳам Ойбек «ёзувчи қайси бир тарихий даврга мурожаат қилмасин, мабодо у даврнинг ғайри ёки ҳаттоки ғалати кўринган барча хусусиятлари орасидан ўзига таниш бўлган ҳис туйғулар ва фикрлар изласа, пировардида мутлақо хато қилмайди» деб ҳисоблайди. Ойбек бу гапларни 1966 йилда, ўзининг қатор тарихий мавзудаги асарларини элга манзур қилгач айтганини эътиборга олсак, булар адиб тўплаган бой ижодий тажрибанинг «қаймоғи», унинг тарихий асар ёзишда таянган асосий ижодий-эстетик принциплари дейишимиз мумкин бўлади.

Адибнинг дўсти ва ижодининг йирик тадқиқотчиси Ҳ.Ёқубов «Болалик» қиссаси ҳақида фикр юритаркан, уни «Ойбекнинг тарихий темалардаги баъзи бир асарларининг илк илҳом манбаини аниқлаш, улардаги айрим образларнинг асл аждодларини, прототипларини топиш, уларнинг моҳиятига кириш учун бир «калит» ҳамдир» деб таърифлаган эди. Дарҳақиқат, эътибор қилинса, «Болалик»даги кўп нуқталар Ойбекнинг тарихий мавзудаги асарларида у ёки бу тарзда аксланганини кўриш қийин эмас. Тўғри, «Болалик» қиссаси адибнинг тарихий мавзудаги асарларидан анча кейин ёзилган: ижодий фаолиятининг шомига келибгина Ойбек болалигида кўрган-кечирганларини, мурғак хотирасида муҳрланган таассуротларни бадиий жонлантиришга жазм этган. Қиссани мутолаа қиларкан, бу хотираларнинг нечоғли оҳорли, жонли экани ҳайратга солади кишини. Табиийки, бу хотиралар илгарироқ, адиб ўзининг тарихий асарлари устида ишлаган пайтларда ҳам мавжуд, эҳтимол, янада оҳорлироқ, жонлироқ эдилар. Шу боис ҳам ўтмиш ҳаёти манзараларини чизаркан, адибнинг ўша хотиралари асар воқелигига проекцияланади.

Ойбекнинг болалиги мустамлака зуғуми кучайган, ижтимоий ҳаётдаги кескин ўзгаришлар ва юртдаги талотўплар туфайли халқ турмуши оғирлашган даврларга тўғри келади. Бўлғувси адиб халқнинг оғир аҳволини кўрди, унинг машаққати, изтиробу аламларидан бола ҳазмига яраша тотинди. «Болалик»да халқнинг оғир турмуши ҳақидаги маълумотлар катталар тилидан берилади, ҳикоячи уларни гўё қандай эшитган бўлса ўшандайча китобхонга тақдим этади. Катталар эса «нарх-навонинг осмонга сапчигани»дан, замона айниганию инсоф-диёнат кўтарилганидан, тирикчиликнинг оғирлигидан... шикоят қилишади, ўзларича бунинг сабабларини қидиришади. Масалан, онаси билан суҳбатда қўшни аёлнинг гапини олайлик: «Бойлар ўлгурнинг пичоғи мой устида. Ҳаммаси қутурган, ҳаммаси олифта, кеккайган, фироғ димоғли <...> Қирилгурлар данғиллама уйлар, йигирма таноб, ўттиз таноб боғлар, қўш-қўш қўралар солади. Уруш бошланди-ю, ун, ёғ, озиқ овқат билан савдо қиладиган янги-янги бойлар туғиляпти. Ишқилиб замон бузилди, яқинда эҳтимол охир замон бўлар...» Кўриб турганимиздек, аёл турмушнинг оғирлашишида бойларни айбдор қилмоқда. Тўғри, ҳозирда бундай талқин сабабини осонгина Ойбекнинг ўтмишга «синфий ёндашуви» билан изоҳлабқ ўйса бўлади. Бироқ шуни тан олиш керакки, жамиятда зулм кучайган, буҳрон чуқурлашган вақтларда олчоқ кимсаларнинг ўзгалар ҳисобига бойиш имконияти кенгаяди — юртнинг бир қисми ўта бойиб, иккинчи қисми қашшоқлашиб боради. Бу эса, истасак-истамасак, манфаатлар тўқнашуви ҳосиласи бўлмиш ижтимоий кескинликни келтириб чиқаради. Яъни, бизнингча, бу ўринда «Ойбек ўзининг болалик даврини синфий нуқтаи назардан тасвирлади» дегандан кўра «реалистик тасвирлади» дейилгани адолатлироқ бўлади. Зеро, Ойбек болалигида худди шундай ҳолатларни ўз кўзи билан кўрган: жаҳон урушининг бошланиши билан нарх-навонинг кўтарилгани, натижада турмушнинг беҳад оғирлашганию норозиликнинг кучайгани, янги бойларнинг қутургани... — булар бари туғма истеъдодли, кузатувчан ёш Мусо хотирасида ўчмас из қолдирган. Айни шу ҳолат «Болалик»да мардикор олиш билан боғлиқ исённинг бош омили сифатида талқин қилинади — мардикор олиш эса бир туртки, етишмаётган сўнгги томчи, холос. Шуниси эътиборлики, Ойбек Торобий бошчилигидаги қўзғолоннинг юзага келишини ҳам шунга монанд талқин қилади. Хусусан, «Маҳмуд Торобий» драматик достонида зулмдан ортиқ эзилган халқнинг қўзғалишига Чиғатойхон учун «беш-ўн ҳунарманд» ва «бир неча қиз» беришни талаб қилганлари туртки бўлади. Шу номли либреттода эса вафот этган Чиғатойхон хонадонига мансуб «Улуғнинг қабрига тириклайин Кўммак учун етти қиз» беришни талаб этганлари халқни қўзғайди. Ҳар икки асардаги исён саҳналарининг тасвири ҳам «Болалик»даги исён саҳнасини эслатади. Бу ҳам бежиз эмас, албатта. «Болалик» қиссасидан маълум бўладики, бўлғувси адиб қўзғалган халқ ичида юрган, исён манзаралари унга жуда қаттиқ таъсир қилган. Бас, бу таассуротларнинг кейинча узоқ ўтмишдаги ғалаёнлар тасвирида ўз изини қолдирмаслиги мумкин эмас эди.

Тугалланмаган «/алвирчи» пьесасида эса Ойбек ўзгачароқ йўл тутади: у қўзғолоннинг асосий сабаби — зулмнинг хаддан ошганига урғу беради. Шу боис бунда аввалги икки асарда кўрилган «мардикор олиш» воқеасига ўхшашлик йўқ. Халқнинг оғир аҳволини тасвирларкан, адиб «/алвирчи»да ҳам болалигида кўрганларидан андоза олган. Жумладан, пьесадаги Торобийнинг: «Юрт бошлиқлари фуқаронинг, элнинг қонидан семиради, улус уйининг алангасида исинади. Бу шон-шавкат, бу дабдаба, бу зийнат — ҳаммаси лак-лак улуснинг суяклари устига қурилган»,- деган гапи юқорида келтирилган қўшни аёл гапига ҳамоҳанг, фақат бунда умумлаштириб, кучайтириб айтилган. Шароит шундайки, Торобий таърифи билан айтилса, «сиртмоқ ҳадсиз таранглашди, ортиқ чидаш, тўзим одамгарчиликка хиёнат»дир. «Болалик» қиссаси, драматик достон ва либреттодаги исён манзаралари, исён қатнашчиларининг хатти-ҳаракатлари тасвири, гап-сўзларида ҳам худди шу маъно бўртиб туради. Фарқли томонига келсак, мўғуллар «/алвирчи»да биргина Оташнинг набираси Жамилани — «отасининг йўқ гуноҳи бадалига» — олиб кетмоқчи бўладилар. Қўзғонлон Торобийнинг «Оташ отанинг бошига тушган қора кун эртага ё менинг ё бошқа камбағалнинг бошига тушуви аниқ. Яктан бўлларинг, ҳақ — бизники!» деган хитоби билан бошланади. Бу хил ўзгаришнинг сабаби, бизнингча, Ойбекнинг ХIII аср воқелигини жонлантиришда болаликдаги хотираларидан эмас, 30-йиллар воқелигидан андоза олгани билан изоҳланиши мумкин. Гап шундаки, Ойбекнинг Торобий мавзусидаги аввалги асарлари кўпроқ уруш даврининг ижтимоий-маънавий эҳтиёжларига қаратилган бўлса, «/алвирчи» пьесасига адиб ўз ички эҳтиёжи — ўтмиш воситасида замонасини теранроқ англаш ва англаганини ифодалашдек чинакам ижодий-руҳий эҳтиёж талаби билан қўл урган. «Мардикор олиш» воқеасига ўхшашликнинг йўқотилиши билан «/алвирчи»да 30-йилларда кузатилган ҳолатларга монанд ситуация юзага келади: «отасининг йўқ айби» учун боласининг жазоланиши, ҳар бир маҳкумнинг қатағон машинаси қаршисида ёлғиз қолиши — булар адиб кўрган, қисман ўз бошидан кечирган ҳолат. Шу маънода, Торобийнинг гапи — Ойбекнинг орзуси, қатағон мўйчинаги миллат гулларини бир-бир юлиб кетганида туғилган армони; қаҳрамонининг «Яктан бўлларинг, ҳақ — бизники!» дегани «халқлар отаси» айтган гапнинг жўнгина такрори эмас — адибнинг қалб қаъридан келаётган нидодир.

Албатта, биз Ойбекка, умуман, сталинизм даврининг носоғлом муҳитида яшаган ҳассос қалбли, дили пок кишиларга нечоғли қийин бўлганини, борингки, хотиралар, китоблар, фильмлар орқали тасаввур қила олармиз ҳам. Бироқ, ақлга тайинки, тасаввур қилиш бошқаю — ўзаро ишончсизлик муҳитида, зарбанинг қай томондан келишини билмай, эртами-индин устингдан «чақув» тушиши эҳтимолию бунинг оқибати нима бўлиши мумкинлигини ҳар лаҳза туюб яшаш бошқа. Сираси, Ойбек бундай муҳит ҳақида болалигидаёқ маълум тасаввурга эга бўлган. «Болалик» қиссасида келтирилган қуйидаги лавҳа шудай ўйлашимизга асос беради: «Эҳтиёт бўлиш керак, — астагина шивирлаб насиҳат қилади халфа ва шогирдларига бобом.— Шу кунларда палиса ғиз-ғиз санғиб қолди, чақимчи воқеанавислар урчиб кетди, уларнинг минг хил йўли бор, алдайди-аврайди, сўзга солади, кейин сени лаққа қўлга туширади. Зинҳор-зинҳор турмушимиз оғир, бошимизда фалокат кўп, дардимиз зўр деманглар». Эҳтимол, бўлғувси адиб болалигида бобосининг бу гапларига етарли эътибор, қиммат бермагандир ҳам. Бироқ ижодининг етуклик палласида — умр поёнига яқинлашиб, тўласича шундай муҳитда кечгани аён бўлгач, бу ҳар қандай мустабид тузумнинг яшаш усули эканини яна бир карра тасдиқ этди. Бундай дейишимизга сабиб, анча илгари ёзилган асарларида ҳам шунга монанд ҳолатлар қаламга олинган. Хусусан, А.Дейч билан ҳамкорликда ёзила бошлаган «Ҳит народа» пьесасида бухоролик амалдор Самарқандда тахсил олиб қайтган ўғлига насиҳат қилиб, ҳақиқат экан дея ҳар қанақа гапни айтавермасликни тайинлайди. Сабаби: «Бўвает всякая правда. Иное справедливое слово опаснее дела. Остерегайся, мой сўн, лишнего слова в Бухаре. Здесь стенў, двери и потолки имеют уши».

Ривоят қиладиларки, ногоҳ Искандарнинг шоҳи борлигидан огоҳ бўлган сартарош, ҳеч бўлмагач, дардини қудуққа айтган экан. Шунга ўхшаш, Ойбек ўзи яшаган муҳитга муносабатини, унинг бутун даҳшатини ўтмиш ҳақидаги асарларига сингдириб юборади. Жумладан, «Навоий» романида тасвирланган қатор ҳолатлар: саройдаги фитналар, буюк шоир устидан имзосиз хатлару чақувларнинг уюштирилиши, Ҳусайн Бойқаронинг ўз дўсти орқасидан хуфя қўйиши, Давлатбахтнинг Хадичабегимга хуфялик қилиши...— буларнинг бари асар яратилган давр билан муштарак нуқталардир. Айниқса, Ойбек меҳр билан чизган мударрис Султонмурод тақдири қатағон даврида яшаган зиёлиларимиз қисматига ҳамоҳанг. Зайниддин айтмоқчи, уни «муфсид фикрлар тарқатишда айбламоқчи» бўладилар, унга нисбатан иғволар уюштирадилар, ўз измига юритишга уринадилар. Вазири аъзам Мажидиддиннинг олимга қаратилган «ислом мамлакатида, динимизнинг истиноди мусулмон комил подшоҳимиз давлатида мажусийларнинг, бутпарастларнинг фикрларига тақлид қилғувчиларга омон бермасмиз» деган тахдидида 30-йиллардаги «буржуазиянинг чиркин идеологиясини тарқатувчиларга, уларга эргашувчиларга орамизда ўрин йўқ» қабилидаги дағдағалар оҳанги янграйди. Ниҳоят, олимга нисбатан кўрилган чора ҳам сталинизм даври учун одатий, балки, энг енгил чорани эслатадики, шунга ўхшаш ҳолни Ойбекнинг ўзи шахсан бошдан ўтказган: «Султон Ҳусайн Бойқаро Мирзонинг саодатли замонида мусулмонликнинг асосотига раҳна солғувчи фикрларни толиби илмларга талқин этгани ва ҳоказо...» учун Султонмурод мадрасадан тард қилинган эди».

30-йиллар ижтимоий-сиёсий муҳитининг роман воқелигида аксланиши, фикримизча, юқорида кўрилгандек айрим деталлар билангина чекланиб қолмайди, аксинча, анча кенг миқёсда кузатилади. Эътибор берилса, романдаги бош вазир Мажидиддин даврида юритилган сиёсат тасвири кўп жиҳатлари билан қатағон даврини эслатишини сезиш қийин эмас. Султон Ҳусайннинг энг яқин кишиси бўлиб олгач, Мажидиддин уни атрофида душманлар тўлиб ётганига, унга қарши турли фитналар ўйналаётганига ишонтиради — зулмни кучайтириш, хуфялар тизимини кенгайтиришга подшонинг сўзсиз ризолигини олади. Бу тарздаги талқин беихтиёр Сталин-Берия жуфтлигини ёдга солади. Тўғри, эътироз бўлиши мумкин: «эҳтимол, бу икки манфур шахснинг муносабатлари ҳақида сўнгги йилларда эълон қилинган материалларни ўқиб билганимиз учун шундай туюлар?» Эҳтимол, шундайдир. Бироқ роман устида ишлаётган Ойбек буни ўзининг савқи табиийси, моҳиятга қаратилган тийрак қалб кўзлари билан илғаб олган бўлса не ажаб?!

Бизни қизиқтирган масала нуқтаи назаридан романдаги Мажидиддин билан боғлиқ яна бир нуқта айрича диққатга лойиқ. Мансабидан бўшатилган Мажидиддин, Низомулмулкнинг маслаҳати билан қийноққа солинади, сўнг сўроқ қилиш учун девонхонага келтирилади: «...уни зиндондан занжирбанд ҳолда олиб келишди. У қийноқдан, қайғудан, шармандаликдан хароб ва озган эди; соч-соқолларининг оқи ҳам кўпайган эди. Лекин мажолсиз бўлса ҳам, саволларга тетик жавоб беришга тиришди». Эътибор берилса, Ойбек бунгача нафратини яширмаган Мажидиддинни энди шафқат, ачиниш билан тасвирлаётганини сезиш қийин эмас. Негаки, адиб ўз замонида қатағонга учраган катта раҳбарларни кўрган, уларнинг кўргазмали суд жараёнларидаги аянч ҳолатига гувоҳ бўлган. Ҳассос қалбли гуманист санъаткор сифатида Ойбек, майда одамлардан фарқли ўлароқ, уларнинг қисматига бефарқ қараши ёки «қилғилиғига яраша бўлди» дебгина хотиржам кетавериши мумкин эмас. Боз устига, у кечагина давр сурган, маълум даражада қатағон тегирмонига сув қуйган бу одамлар ҳам, катта ўлчовда олинса, қатағон қурбонлари эканини теран ҳис қилган. Сўроқнинг ўша суд жараёнларини эслатиши ҳам бизни шу фикрда собит этади: «Саволлардан кейин, кўпроқ Низомулмулкнинг ишораси билан, котиблар ва унинг қўл остида бир вақтлар ишлаган майда амалдорлар бирин-кетин чиқиб, уни қоралай бошладилар. Уларнинг нутқида, ҳақиқат билан баравар муболаға, пойма-пой айблашлар ҳам сезилиб турарди. Ниҳоят, Мажидиддин бутунлай иложсиз, ёрдамчисиз, ҳамма айбларни бўйнига олишга мажбур бўлди. Сўроқ тугади.» Кўриб турганимиздек, худди 30-йиллардаги кўргазмали суд жараёнлари сингари, Мажидиддиннинг сўроқ қилиниши фақат намойиш учун керак. Ҳолбуки, гуноҳкор аниқ, сўроқ сценарийси олдиндан тайёрланган, ким гапиришию нимани гапириши белгилик... Адиб шу сабабли ҳам Мажидиддин «ҳамма айбларни бўйнига олишга мажбур бўлди» деб ёзади. Яъни, ўша «ҳамма айблар» сирасига, табиийки, «ҳақиқат билан муболаға, пойма-пой айблашлар» ҳам киради.

Ойбек тарихий асар ҳақида сўз юритаркан, «Бегона даврни билиш, яъни уни бизнинг давримиздан нимаси билан ажралиб туришини тасаввур қилишнинг ўзигина етмайди. Уни яна тушунмоқ, яъни уни бизнинг давримиз билан боғлаб турган нарсаларни кўрмоқ лозим» деган эди. Юқоридаги фикрларимиз Ойбек ўз ижодида шу принципга тўла амал қилганини, ўтмишни тушунишга, уни ўз замони билан боғлаб турган ипларни кўришга ҳаракат қилди. Шу маънода, Ойбекнинг тарихий мавзудаги асарлари, айни пайтда, жуда замонавий ҳамдир.

 
 
Сайт создан в системе uCoz