А.Ориповнинг 60-йиллар шеъриятида тарих концепцияси
Шўронинг тоталитар сиёсати жамиятда шахс мақомини сусайтиришга, барчани бирдек ўйлатишга қаратилди — ўзгача ўйлайдиганларни мўйчинакдек териб ташлади. Оқибат шу бўлдики, шеъриятдан унинг жавҳари бўлмиш “мен” сиқиб чиқарилди: шоирларимиз шаклан “мен” тилидан сўзласалар-да, ҳақиқатда “биз”нинг ҳис-кечинма, ўй-фикрларини ифодалай бошлади, — шеърият туссизланди. 60-йилларга келиб, бирмунча ўзгарган шароитда майдонга чиққан авлод шеъриятда “мен”ни тирилтирди, шеъриятда жонланиш бошланди. Айтиш керакки, бу “мен” ўзини энди-энди ижтимоий қимматга молик дея ҳис эта бошлаган шахснинг шеъриятдаги инъикоси бўлиб, табиийки, асоснинг кемтикларини ўзида мужассам этганди. Зеро, у тоталитар жамиятда бир муддат эсиб турган эрк эпкини — “хрушчёв баҳори”дан куч олган, яъни, руҳ ҳамон қафасда-ю, қафас бирмунча кенгайгବнди, холос.
Мазкур кемтикликни 60-йиллар шеъриятида ўтмиш мавзусининг ишланиши мисолида кўриш мумкин. Хусусан, ўзбек шўро шеъриятининг илк бўғин вакиллари ижодидан фарқли ўлароқ, бу даврда яратилган тарихий мавзудаги шеърларда “фахр” туйғуси (“Ўзбекистон” А.Орипов, “Ўзбегим” Э.Воҳидов) намоён бўлдики, бу, шубҳасиз, миллий ўзликни англаш томон ташланган қадам эди. Албатта, 60-йиллар шароитида ўтмишга алоқадорлик билан фахр этишнинг ўзи катта воқеа эди, бироқ, бизнингча, миллий ўзликни англаш йўлида кейинги одим ташланмади. Нега? Бу саволга жавоб бериш учун, аввало, “фахр” туйғусининг генезисини аниқлаб олиш зарур. Бизнигча, “фахр” туйғуси ўзини “тенглар ичра тенг” ҳис қилаётган ва бунинг ўзгалар томонидан-да тан олинишини истаган қалб изҳори эди. Яъни, уларда тенгсизликни ҳис этганликдан келувчи миллий ғурур оғриғи бор, айни пайтда, уларда ўтмиш миллат вакили нуқтаи назаридан эмас, “башар фарзанди”, яна ҳам аниқроқ айтсак, “шўро граждани” мавқеидан идрок этилди. Фикримизча, айни шу ички зиддият 60-йилларда миллий ўзликни англаш йўлида бардавом бўлишга имкон бермади.
А.Ориповнинг қатор шеърларида ҳам шу ички зиддият яққол кузатилади. Хусусан, машҳур “Ўзбекистон” шеърида Беруний, Улуғбек, Навоий сингари боболардан фахр этиш билан бирга, Темур фаолиятига муносабатда шўро таъсири сезилади: “Икки аср ярим дунёни зир қақшатди оқсоқ жаҳонгир” сатрларидан сўнг “Демам, букун, у маним, маним” деган изҳор келади. Аввало, “қақшатди” сўзининг танланишиёқ жаҳонгирга бирёқлама шўроча муносабат таъсирида амалга ошган. Иккинчи томондан, шоир жаҳонгир номини тилга олмагани ҳам шу хил муносабат натижасидир. Албатта, бу ўринда ўша давр шароитида шоир шунга мажбур эди, дея эътироз қилиш мумкин. Эҳтимол, лекин бу хил эътироз, бизнигча, букуннинг урфидан бошқа нарса эмас. Бошқа томони, шоир ижодида унинг илгари Темурга айни шу хил муносабатда бўлганини тасдиқловчи қатор мисоллар бор. Жумладан, “Темур пайғамбарлар қасоси учун Етмиш минг инсоннинг олди бошини. Уни қарғадилар хатоси учун, Ҳамон отмоқдалар таъна тошини”(“Хатолар”) сатрларида Темурни кўпроқ хунрез сифатида таниш ва танитиш амалиётининг таъсири кузатилади. Шу хил танигани учун ҳам шоир “Арманистон” шеърида бу халқ қисмати ҳақида сўзларкан “Йўл усти сенга ҳам қўнганди Темур” дея узрхоҳлик қилади. “Қарши қўшиғи” шеърида “Бу ерларда илк бора янгради Темур саси, Чингизийлар бошига солиб қўрқув ваҳмалар” тарзидаги Темурга ижобий муносабат кузатилса, бунинг ортиданоқ уни бошқа жаҳонгирлар билан умумлаштирган ҳолда “О, улардан не қолди? Турфа ривоят фақат... Бирови қурганини бошқаси қилди вайрон” тарзидаги хулоса берилади. Яъни, бу ўринда ҳам Темур шахсига шўроча муносабат кузатилади: унинг мўғуллар истибдодига барҳам берилишидаги тарихий ролини ноилож тилга олган ҳолда яратувчилик фаолиятини инкор қилиш.
Ўтмиш ҳақида фикр юритаркан, А.Ориповнинг лирик қаҳрамони “шу фурсатда қалбимда хасрат билан Ўзбегим диёрининг кечмишини ўйлайман” дейди. Бу хасрат юртни вайрон қилган босқинлару ўзаро урушлар, юртнинг ободлиги ҳақида қайғурмаган, “ерга чўп қадамаган амирлар” ҳақида ўйлаганида лирик қаҳрамон кўнглига инади. Бироқ бу хасратлар энди ўтмиш, чунки, у халқнинг яратувчилик кучига ишонади, боз устига:
Чунки дастурин берди халқимга буюк замон, Буюкликдан буюклик туғилиб келган доим. Сен ҳам шу буюк элда яшнай бер доим шодон, Эй, сен азамат халқим, эй, сен туғилган жойим!
Сираси, шўро адабиётига хос бўлмиш “ўтмиш - ҳозир”, “инқилобгача - инқилобдан кейин” антитезаси А.Ориповнинг тарихий мавзудаги деярли барча шеърларига хосдир. Жумладан, “Ўзбекистон” шеърида ҳам ўтмишга бир қур хаёлан экскурс қилингач, юртнинг нажоти октябр инқилобида кўрилади:
Қўлин чўзди Ленин беғараз — Мазлумларнинг буюк ғамхўри. Қилич серпаб толе тонгида Ўзлигингни таниб қолдинг сен.
Худди шунга ўхшаш руҳ “Арманистон” шеърида ҳам кўрилади. Шоир арман элининг ўтмишдаги жафолари ҳақида сўйларкан, ўз юрти шўришлари ундан кам эмаслигини изҳор қилади: “Менинг ҳам Ватаним жанглар гувоҳи, Менинг ҳам тупроғим топталганди хор”; начора “Тарих деб аталган қисмат бу, ахир” дея овутмоқчи, овунмоқчи бўлади гўё. Шуниси борки, мазкур ҳолат ҳар икки халқ учун ҳам ўтмишда, ҳозирда эса: “Яхшиям неча бир замонлар ўтиб, Кўрдик Ватанимиз озод, музаффар...”
Кўрамизки, 60-йиллар маҳсули бўлмиш юқоридаги шеърларнинг барида инқилобдан сўнг юрт озодликка эришди, обод бўлди, равнақ топди деган фикр бўртиб туради. Албатта, бу ўринда “обод бўлди”, “равнақ топди” деган қарашнинг муайян реал асоси борлигини ҳам тан олиш зарур. Бироқ “юрт озод бўлди” деган қарашнинг асоси пучлигини кейинги тараққиёт яққол кўрсатди. Хўш, унда бу хил қараш, бу хил кайфият нимага асосланади? Бизнингча, бу хил янглиш тасаввурнинг юзага келиши даврнинг ижтимоий-психологик муҳити билан кўп жиҳатдан боғлиқдир. 60-йилларда бутун иллатлари Сталин шахсига ағдарилган социалистик тузум ўзига нисбатан ишончни тиклаб олди, “реабилитация” қилинган ғояга одамларда ишонч уйғонди ва жамиятнинг аксарияти “80-йилларга бориб коммунизмда яшаймиз” деган чўпчакка яна дилдан ишонди. 60-йиллар адабий авлоди, жумладан, А.Ориповнинг шахс ва ижодкор сифатида шаклланиш даври шу чўпчак тўқила бошлаган пайтга тўғри келдики, у бунга ёшликка хос жўшқинлик билан ишонди. Шоирнинг шу даврда ёзилган шеърларидан бирида “коммунизм иши бугун мен учун Барча шахсий ишдан кўра шахсийроқ” дея ҳайқириши ёхуд ўша машҳур “Ўзбекистон” шеърида юртининг иқболини “коммунистик кенгликлар оша аён кўра олгани”ни айтиши ҳам шундан. Сунъий нафас олиб турган ишончнинг ўлими, тарихий мавзудаги шеърларда миллий ўзликни англашга интилишнинг кучайиши эса кейинги ўн йиллик чекига тушди.