Мукаммаллик йўлида

Dilmurod Quronov

1925 йилда «Ўтган кунлар» романининг биринчи бўлими алоҳида китоб шаклида чоп этилгач, А.Қодирий нашрдан қониқмаган ва илова этилган узрномада: «имлоси уч-тўртта имлочиларимиз томонидан тузатилиб ажойиб бир қуроқ ҳолига келди, мусаҳҳиҳларимизнинг мусоҳалалари орқасида техника жиҳати кўз кўриб қулоқ эшитмаган бир йўсинда чиқди»,- деб ёзган эди. Муаллиф буларнинг сабабини «босилиши чоғида ўзининг ҳозир бўла олмағанлиғи» билан изоҳлаб, иккинчи бўлимнинг «бундай хатолардан соф бўла олишиға ваъда бера олмаслиғини» афсус билан таъкидлайди. Ёзувчининг узрномасини ўқиганда табиий савол туғилади: хўш, биринчи бўлимнинг ушбу нашри муаллифни нимаси билан қониқтирмади ва нега у иккинчи бўлим нашрига ҳам умидсиз қарайди? Бу саволларга жавоб бериш учун биз романнинг «Инқилоб» журнали, 1925, 1926 ва 1933 йил нашрларидаги «Хон қизига лойиқ йигит» бобини қиёслашга жазм этдик.

Романнинг «Инқилоб»даги нашри билан китоб бўлиб чиқиши орасида беш йиллик масофа бор — бу вақт ичида адибнинг маҳорати қайралгани, туғма диди янада инжалашгани, ҳаётни ва унинг гултожи бўлмиш инсонни янада теранроқ идрок эта бошлагани шубҳасиз. Энг муҳими, энди ёзувчи ўз асаридан тамом узилган, энди унга четдан назар солишга, демак, ундаги «удур-будурларни» кўриш ва бартараф этишга ҳар жиҳатдан тайёр эди. Бироқ адибнинг бунга ҳали қўли етмаган: узрномада «босилиши чоғида ҳозир бўлолмағани»дан ўкинган А.Қодирий бу пайтда Москвада — Олий Адабиёт курсида таҳсил олаётган эди. Яъни, асар китоб ҳолида босилиши олдидан А.Қодирий уни қайта назардан ўтказиш имконига эга бўлмаган — «беш йиллаб босила олмай» нашриётда ётган қўлёзма, ниҳоят, 1925 йилда дунё юзини кўрган. Бироқ унга энди ўзга нуқтадан — беш йиллик ҳаётий ва ижодий тажриба юксаклигидан қараган муаллиф қониқмаган. Бундай дейишимизга асос шуки, биринчидан, «Инқилоб» журналидаги нашр билан 1925 йилда чоп этилган биринчи китоб (биринчи бўлим) матнлари, жузъий фарқларни айтмасак, бир-бирига асосан мос келади; иккинчидан, 1926 йил нашрида муаллиф матнга жиддий таҳрирлар киритган. Бунга амин бўлиш учун ҳар икки нашрдаги «Хон қизига лойиқ йигит» бобини қиёслаб кўриш кифоя.

Бобнинг 1925 йил нашридаги илк жумласини ўқиймиз: «Отабек, мундаги икки ёт кишини танимағанлиқдан бир-икки қайталаб кўз остидан ўтқузар экан Зиё шоҳичи танитиб деди: ...» 1926 йил нашрида жумла қуйидагича таҳрир қилинган: «Отабек ўзи билан кўришган мундаги иккита ёт кишини танимағанлиқдан бир-икки қайта уларни кўз остидан кечирди. Буни пайқаған Зиё шоҳичи уларни Отабекка танитди: ...» Аввало, таҳрир қилинган жумла эпик ҳикоялашга мослиги, ҳолатни тасвирда жонлантириши жиҳатидан ютуқли. Иккинчи жиҳати, гарчи таҳрирда битта ўрнига иккита жумла ҳосил бўлса-да, улар мазмунан битта бутунликка бирикади: биринчи жумла Отабекнинг ҳолатини ўқувчи тасаввурида жонлантирса, иккинчиси шу ҳолатни Зиё шоҳичи нигоҳи орқали ҳам кўриш имконини беради. Яъни, Зиё шоҳичининг сезгирлигини таъкидлаб кўрсатиш орқали Отабекнинг айни пайтдаги ҳолати таъкидланади. Яна, «бир икки қайталаб кўз остидан ўтказмоқ»да, агар Зиё шоҳичининг сезгирлигига урғу берилмагани назарда тутилса, бироз ошкоралик борки, бу нарса Отабекдек андишали йигитга хос эмас; «бир икки қайта уларни кўз остидан кечирди»да эса, агар Зиё шоҳичининг сезгирлигига урғу берилгани эътиборга олинса, бироз пардали, сездирмасдан амалга оширилган ҳаракат бор.

«Ўткан кунлар»нинг кўп ўринларида, хусусан, биз таҳлилга тортган «Хон қизига лойиқ йигит» бобида объектив тасвир йўсини етакчилик қилади: бунда ҳикоя қилиш эмас, тасвирлаш (тасвир орқали ҳикоя қилиш) йўлидан борилади. Бу эса, табиий, тасвирда юксак даражадаги аниқликни тақозо қилади, токи ўқувчи тасвирланган ҳаётий ҳолатни тасаввурида жонли гавдалантира олсин, қаҳрамонларнинг хатти-ҳаракатларию юз-кўз ифодаларини «кўриб», гап-сўзларини «эшитсин». Бизнингча, А.Қодирий таҳрирга қўл ураркан айни шу мақсадларни кўзлаган, ҳар ҳолда, натижа шундай дейишимизга асос беради. Бунга амин бўлиш 1925 йил нашридан каттароқ парчани олайлик-да, унинг қандай таҳрир қилинганини кўздан кечирайлик:

«- Мани эслай оласизми, <Ота>бек?

Отабек диққат ва илтифот{эътибор} билан қутидорни кузатдида{иб} жавоб берди:

- Йўқ амак(!)

- Ёшингиз нечага борди? {Неча ёшға бордингиз}

- 24 {Йигирма тўрт ёшға...}

Қутидор ўзича нима тўғрисидадир ҳисоб юритди(-)да <деди>:

- Воқеъан сиз мани эслай олмас<ға ҳақли>сиз.{!-деди,-}<Чунки> ман Тошкандда қутидорлиқ қилған вақтимда сиз уч-тўрт {беш-олти} ёшлиқ бола эдингиз. {...}

Гўё, ки ман Тошкандда кечагина турған каби {дек ва} кечагина сизнинг ҳавлингизда меҳмон бўлған каби{дек}ман.{...} Аммо ҳақиқатда орадан (ўн беш-)йигирма йил<лаб вақт> ўтиб сиз ҳам катта йигит бўлғансиз,{;} умр отилған ўқ эмиш!..

- Сиз, бизнинг ҳавлида бўлғанмисиз?

- Кўб марталаб меҳмон бўлдим.(- деди қутидор,-) Ул вақтда бобонгиз ҳам ҳаётда эдилар. {!}

Бу иккисининг сўзларига қулоқ бериб {солиб четда}ўлтурған Ҳасанали Отабекка деди{ҳам гапга аралашди}:

- Амакингиз <(қутидор)> бизнинг ҳавлига келиб юратурған вақтларида сиз ёш бола эдингиз(,) бек.{!-деди,-} Амакингиз сизни саройларға ҳам олиб тушар эди(лар).»

Биринчи жумла 1926 йил нашрида «Мени эслай оласизми, бек?» тарзида ўзгартирилган. Бизнингча, «Отабек» ўрнида бироз расмийроқ «бек» мурожаати ҳолатга мосроқ — қутидордек серандиша киши, қаршисида йигирма йиллар илгари ўзи қўлида кўтариб юрган йигит турса ҳам, у билан энди қайта танишаётир, бас, унинг расмийроқ муносабатда бўлиши табиийроқ. Адиб иккинчи жумладаги «илтифот» сўзини «эътибор»га алмаштирганида ҳам ҳолатга мосликни назарда тутади. Ҳолат шундайки, Отабекнинг қутидорга муносабати ўзгачароқ (бунинг туб сабаби унинг ўзига ва зийрак ўқувчига аён), лекин унинг ўзи буни имкон қадар сездирмасликка уринаётир. Шундай экан, «илтифот» билан қарашлик бу ўринда ҳолатга мос эмас: бу Отабек учун ўзини «фош этиш» бўлур эди. Феъл шаклидаги ўзгаришга келсак, «кузатди-да» шаклида ҳаракатнинг навбатма-навбат (яъни, аввал маълум муддат кузатиб туриш ва кейин жавоб бериш) амалга ошгани англашилса, «кузатиб»да бир пайтдалик маъноси мавжуд. Табиийки, ёши улуғ одамни саволига жавоб бермай кутдириб қўйиш суҳбат одобига тўғри келмаганидек, Отабек табиатига ҳам мувофиқ эмас, демак, таҳрирнинг сабаби шу билан изоҳланиши мумкин. Кейинги ўзгариш ёш масаласидаги савол-жавобда кўрилади: 1926 йил нашрида қутидорнинг саволи «Неча ёшга бордингиз?» тарзида берилган. Аввалги нашрда Отабекнинг жавоби бироз тўмтоқроқ (балки, қўполроқ) туюлса ҳам, у саволнинг қўйилишига мос эди. Бундан қониқмаган адиб саволни ўзгача тартибда қўяди ва шунга мос жавоб олинади: «Йигирма тўрт ёшға...» Яъни, бу йўсин таҳрир Отабекнинг жавобини силлиқлаш, унинг характер мантиқига мувофиқлигини таъминлаш мақсадида амалга оширилади. Худди шундай ҳол қутидорнинг «эслай олмасға ҳақлисиз» деганини «эслай олмассиз» дея ўзгартирилганида ҳам кузатилади. Зеро, аввалги ҳолида «ҳақлисиз» дейилиши билан қутидор томонидан суҳбатдошига марҳамат қилинаётгандек, ҳақ берилаётгандек, кечириб қўйилаётгандек туюлса, кейингисида эслай олмасликнинг табиийлиги таъкидланади — ёши улуғ, кўпни кўрган одам сифатида қутидор ёш суҳбатдошини ҳижолатдан чиқаришга интилгани кўрилади. Яъни, бу билан адиб қутидор сийратига муҳим бир чизги тортишга эришади. Бундан ташқари, Қутидорнинг гапида йиллар ҳам таҳрир қилинган: «уч-тўрт ёшлиқ» ўрнига «беш-олти ёшлиқ», «йигирма йиллаб вақт» ўрнига «ўн беш йигирма йил» тарзида ўзгартириш киритилган. Бу билан адиб қаҳрамон нутқининг мантиқан тўғри ва ишонарли бўлишига эришади — вақтнинг тахминий доирага олингани ҳеч бир эътирозга ўрин қолдирмайди. Гапдаги «каби» кўмакчи сўзининг «дек» қўшимчасига алмаштирилгани эса қаҳрамон нутқини китобийлик қусуридан фориғ этади, уни жонли сўзлашувга мувофиқ этади. Шуниси диққатга моликки, ёзувчи таҳрирда майда тафсилотларни ҳам назардан қочирмасликка интилади. Масалан, Ҳасанали ҳақидаги гапда «қулоқ бериб» ўрнига «қулоқ солиб четда ўлтурған», «Ҳасанали Отабекка деди» ўрнига «Ҳасанали ҳам гапга аралашди» тарзида ўзгартириш бўлгани суҳбат жараёнининг ҳаёт ҳақиқатга мос тасвирланишини таъминлаган. Негаки, ўқувчи аввалги бобда Ҳасаналининг «қул» эканини билиб олган, бас, Фарғонанинг катта бойлари даврасида унинг тенг ҳуқуқли аъзо бўлиб ўтиришига ишонолмайди. Киритилган ўзгариш шу ҳолнинг олдини олади, Ҳасаналининг даврадаги ўрнини таъкидлаб ўтади. Келтирилган парчага диққат қилинса, унинг, айтилганлардан ташқари, тиниш белгиларининг ишлатилиши, матннинг техник шакллантирилиши (мас.: автор ва қаҳрамон нутқи) жиҳатларидан ҳам сезиларли таҳрирга учраганини яққол кўриш мумкин.

Юқорида А.Қодирий «Ўтган кунлар»ни таҳрир қиларкан унга беш йиллик тажриба юксаклигидан, муҳими, четдан қараганини бежиз таъкидламадик. Ҳа, илгари — Кумушнинг ўлимига куйиб йиғлаган пайтлари — адиб чин маънода асар ичида яшаган, орадан маълум вақт ўтгачгина унга четдан қарамоқда. Асарнинг ичида яшамоқ ва унга четдан қарай олмоқни бирлаштирган нигоҳ — том маънодаги профессионал нигоҳ: бу нигоҳ эгаси асарнинг маълум эпизодида яшагани ҳолда ўша эпизодни бутун ичида кўришга қобил бўлади. А.Қодирий амалга оширган айрим таҳрирлар кўздан кечирилса, бунга яна бир карра амин бўлиш мумкин.

Маълумки, А.Қодирий романда «сир тутиш» усулидан фойдаланган — бошдаёқ Отабекнинг ошиқлиги айтилса-да, унинг кимга ошиқлиги ошкор қилинмайди. Албатта, бу усул ўқувчи қизиқишини ошириши, уни фаол ва синчков ўқишга ундаши жиҳатидан жуда муҳим. Романнинг 1925 йил нашрида, таҳлилга олинган бобнинг бошларида «На учундир, Отабек билан қутидорнинг кўзлари бир-бирларига тез-тез учрашмакда эдилар» деган жумла борки, ундаги «на учундир» ўша «сир»га очиқ ишорадек бўлиб қолади — бу эса, табиий, қўлланган усулнинг бадиий-эстетик қимматини туширади. Зеро, мазкур усул қўлланганида ўқувчи гоҳ «сир»нинг тагига етгандай, гоҳ уни еча олмагандай тасаввурда бўлиб туриши муҳим. Шуни назарда тутган ҳолда — бутун талабидан келиб чиқиб, адиб 1926 йил нашрида жумлани «Таништиришдан сўнг Отабек билан қутидорнинг кўзлари бир-бирларига тез-тез учраша бошладилар» тарзида таҳрир қилиб беради. Таҳрир қилинган жумлада ҳеч бир ишора йўқ, муаллиф мавжуд фактни («кўзлари бир-бирларига тез-тез учраша бошла»ганини) қайд этиш билан кифояланади — шу ҳисобга қўлланган усулнинг эстетик қиммати сақлаб қолинади. Зеро, ўқувчи фактни мушоҳада этаркан, энди буни бир томони қутидорнинг Отабек билан суҳбатга мойиллиги сабабли деб билади — яна «сир»нинг тагига етган-етмаган ҳолича қолади.

Шунга ўхшаш ҳолга сал кейинроқ ҳам дуч келамиз. Отабек суҳбатдошларига Азизбек билан отаси муносабатини англатиш учун «шу яқин оралардағина бўлиб ўтган иш»ни ҳикоя қилиб беради-да, ўз сўзини «Мана кўрдингизми, отамнинг мушовирлик қадрини» деган хитоб билан якунлайди. 1926 йил нашрида бу хитоб «Мана кўрдингизми, отамнинг қадру қийматини» тарзида таҳрир қилиб берилган. Нега? Негаки, А.Қодирий гуманист санъаткор эди, ўз замонида уни ўйлатган, тинчлик бермай қийнаган муаммолардан бири — шахс эрки, қадр-қиммати масаласи эди. Шу боис ҳам гуманист санъаткор сифатида А.Қодирий эрк масаласини анчайин кенгроқ, кўламлироқ қўйди: ўз даврида урф бўлган миллат эрки масаласини адиб ҳар вақт шахс эрки масаласи билан боғлаб талқин қилди. Юқоридагича таҳрир ҳам бутун талаби — муаллифнинг ғоявий нияти, асарнинг концептцал бутунлиги билан боғлиқдир. Зеро, таҳрир натижасида маъно урғуси ҳукмдор қаршисида амалдор қадри-қиммати масаласидан умуман инсон қадри қиммати масаласига кўчирилди, асар тўқимасидан қизил ип бўлиб ўтган ғоявий лейтмотив яна бир карра таъкидланди.

Бошқа бир таҳрир концептуал бутунлик билан бирга характер бутунлигини таъминлашга хизмат қилади. Отабек Шамай хотиротини сўзлаб бергач, «ўриснинг идора усули» билан Туркистон идора усулини қиёсларкан: «Бизнинг идорамиз бу кунги тартибсизлиги билан кета берганида кофир қўлига маҳкум бўлувимизни ўйлаб(худо у кунни кўрсатмасун) бутун авқотимни қайғи билан ўткузмоққа мажбур бўлдим» дея эътироф этади. 1926 йил нашрида бу жумла қисқартирилиб, «Бизнинг идорамиз бу кунги тартибсизлиги билан кета берса ҳолимизнинг нима бўлишиға ақлим етмай қолди» тарзида берилади. Албатта, бугунги кунда бу қисқартиришни сиёсий сабаб билан изоҳлаш, адиб шунга мажбур бўлган, дейиш осонроқ кечади. Иккинчи томони, бу эҳтимолни мутлақо инкор қилиш фикридан ҳам йироқмиз. Бироқ шунда ҳам, бизнингча, қисқартириш том маънодаги бадиият нуқтаи назаридан амалга оширилган. Ҳартугул, таҳрирнинг бадиий самараси шундай ўйлашимизга асос беради. Гап шундаки, биринчидан, бу гап Отабек бунгача айтган гаплар руҳига тўла мувофиқ эмас. Зеро, Отабек руслардаги идора усули ҳақида ҳавас билан гапириб, улардан ўрнак олиш, ўз элини улар қаторида кўриш орзусини қиларкан, мабодо кўнгил тубида бўлганида ҳам, ҳеч йўқ бунгача айтганларининг сомеъларга таъсирини йўқотмаслик учун бу гапни айтмслиги жоиз. Иккинчидан, гапдаги ошкор публицистик руҳ, хусусан, қавс ичида берилган «худо у кунни кўрсатмасун» хитоби унинг Отабекка эмас, кўпроқ роман устида ишлаётган адибга тегишли эканлигини фош этиб туради. Учинчидан, худди шу фикр кейинроқ Юсуфбек ҳожи тилидан ҳам айтилади. Лекин айтишда ҳам айтиш бор. Ёзувчи бу гапни айтишга Юсуфбек ҳожини обдон тайёрлаб боради, шундайки, ўқувчи Юсуфбек ҳожи айни шу гапларни айтмаслиги мумкин эмаслигига ишонади, ҳожининг буни айтишга маънавий ҳаққи борлигини ҳис этади. Мабодо таҳрир қилинмай, бу фикрлар Отабек тилидан декларатив баён этилган бўйича қолганида, Юсуфбек ҳожи нутқининг таъсир кучига путур етган бўлур эди. Демак, санъаткор нигоҳи билан қараган А.Қодирий айни шу нарсани чуқур ҳис қилгани учун ҳам жумлани қисқартирган.

А.Қодирий 1925 йил нашрида таҳрир қилган қатор ўринлар кузатилса, уларнинг услубий равонликка эришиш, ортиқча такрорлар, кераксиз тафсилотлар ва ғализликларни бартараф этиш мақсадида амалга ошганини кўриш мумкин. Бу эса, 1925 йил нашри «Инқилоб» журналига асосан мос келиши эсга олинса, ўтган йиллар мобайнида адибнинг қалами қайралгани, маҳорати юксалганини яққол намойиш этади. Матнда бу хилдаги таҳрирларнинг ғоят кўплигини қайд этган ҳолда, биз айрим парчаларни қиёслаш билан кифояланамиз.

1925 йил нашрида Отабекнинг зиёфат чоғидаги ҳолатини тасвирловчи мана бу жумла бор: «Зиё шоҳичи билан ўғли Раҳматнинг сония сайин меҳмонларни дастурхондағи варақи сомсаларға, анор ва нокларга қистоқлари бошқаларнинг иштиҳоларини очмоққа сабаб бўлса ҳам аммо бизнинг Отабекка сира ҳам асар этмас, ул қандайдир бир хаёл ичида ўлтурмакда эди». Бадиий мулоқот нуқтаи назаридан қаралса, адибнинг мақсади Отабекнинг зиёфатда ҳамсуҳбатларидан ажралиброқ, «хилват дар анжуман» қабилида ўтирганини кўрсатиш ва шу орқали унинг руҳиятида кечаётган қандайдир ҳолатга ишора қилишдир. Яъни ёзувчи ўқувчининг қизиқишини кучайтириш, унинг хаёлида илгарироқ пайдо қилинган «нега?»га яна бир урғу беришга ҳаракат қилади. Жумлада бу мақсадларга эришиш учун зарур бўлмаган тафсилотлар мавжудлигини, нутқнинг ҳар вақт «тежаш»(экономия аринципи)га интилишини эътиборга олсак, муаллиф жумлани қуйидагича таҳрир қилгани асосли кўринади: «Зиё шоҳичи билан ўғли Раҳматнинг ҳар замон меҳмонларни дастурхонға қисташлари бошқаларнинг иштиҳоларини очишқа сабаб бўлса ҳам аммо бизнинг Отабекка сира ҳам асар қилмас, хаёлланиб ўлтурар эди». Эътибор қилинса, таҳрирда бошқа ўзгаришлар ҳам киритилгани, улар жумланинг услубий равон, мазмуний жиҳатдан аниқ бўлишига хизмат қилгани кўринади. Жумладан, мезбоннинг «сония сайин» дастурхонга қисташи иштаҳани очиш ўрнига бўғиши мумкинки, унинг «ҳар замон» деб ўзгартирилгани мақсадга мувофиқ. Ёки «ул қандайдир бир хаёл ичида ўлтурмакда эди» дейилганда яна мақсадга очиқ ишора («қандайдир») бор, боз устига, Отабек ўзининг ҳолатини имкон қадар сездирмаслик пайида, шунинг учун «хаёлланиб ўлтурар эди» дейилгани маъқул. Зеро, биринчи ҳолда хаёлга кўпроқ берилиб кетганлик маъноси мавжудки, бу қаҳрамон ҳолатини аниқ тасвирлашга монелик қилади.

Яхши маълумки, диалогларнинг жонли ва тўлақонли бўлиши замонавий насрда бадиийликни таъминловчи муҳим омиллардандир. «Ўтган кунлар»нинг аввалги нашрлари кузатилса, уларда диалогларни беришда ўтган аср бошларида яратилган насрий асарларга хос жиҳатларни кўриш мумкин. Жумладан, кўпинча диалогларни шакллантиришда драматик асарларга хос унсурлардан (ремаркалар, нутқ эгаси номини алоҳида сатрга чиқариш ва б.) фойдаланилгани кузатилади. Ҳолбуки, насрда диалог имкониятлари жуда кенг, у драмадаги каби ортиқча тафсилотларга, шарҳларга мухтож эмас — диалогни англаш контексти бениҳоя кенг. Албатта, ўтган йиллар давомида кўп ўқиб-ўрганган адиб буни жуда яхши билган, шундай экан, диалогларни аввалги ҳолича қолдириши мумкин эмас эди. Мисол учун аввалги нашрдаги қуйидаги диалогни олайлик:

« - Азизбек бу кунда ҳам Тошкандга ҳокимми?

- Ҳали ҳам ҳокимимиз ўша Азизбекдир.

Бу ўрунда сўзга Хомид аралашди:

- Сотқи бек кетсун, Азиз бачча денг.

Яқинғинада Мусулмончўлоқнинг базми Азиз бачча билан қизар эди!- дедида...»

Кейинги нашрда ушбу диалог қуйидагича таҳрирга учраган:

« - Азизбек бу кунда ҳам Тошкандга ҳокимдир?

- Шундоғ.

- Сотқи бек кетсун, Азиз бачча денг!- деди Хомид ва Акрам ҳожига қараб кулди,- Яқинғинада Мусулмончўлоқнинг базими шу Азиз бачча билан қизир эди!- деди...»

Аввало, бу ўринда репликаларнинг жонли, берилаётган савол ва жавобларнинг мантиқли бўлишига эътибор қаратилган. Жумладан, Акрам ҳожи саволни билмаганини билиб олиш мақсадида бераётгани йўқ, унинг учун бу суҳбатни бошқа мавзуга буриш воситаси, холос. Шу сабабли ҳам саволга «ҳокимми?» шаклидан кўра «ҳокимдир?» шакли кўпроқ мос келади. Негаки, саволнинг бу тарз қўйилишида ички тасдиқ маъноси ҳам бор. Иккинчидан, диалогда «тежаш» принципи, айниқса, изчил қўлланиши эътиборга олинса, Отабекнинг «Ҳали ҳам ҳокимимиз ўша Азизбекдир» тарзида муфассал жавоб бериши ҳам нотабиий кўринади. Учинчидан, «бу ўрунда сўзга Хомид аралашди» тарзидаги муаллиф шарҳи диалогнинг жонли чиқишига, суҳбат динамикасига путур етказмоқда. Чунки Хомиднинг луқмаси Акрам ҳожига қаратилган экан, унинг Отабекка гал бериб-бермай айтилгани равшан. Шуларга кўра, кейинги нашрдаги таҳрирлар диалогни суҳбат жараёнига мос шакллантирилишини таъмин этган, дея оламиз.

Диалогнинг қай тарзда қурилгани шаклга тааллуқли масала бўлса-да, у мазмунни ифода этишда, хусусан, суҳбат руҳини, суҳбатдошлар руҳий ҳолатини ифодалашда муҳим аҳамиятга моликдир. Шуни чуқур ҳис этган ҳолда А.Қодирий 1925 йил нашридаги диалогларнинг деярли барчасига муайян ўзгаришлар киритган.

Диалоглардаги таҳрирларни учта гуруҳга ажратиш мумкин. Уларнинг биринчиси давр ёзуви билан боғлиқдир. Гап шундаки, 20-йилларда ҳали диалогларни беришнинг умумий ва қатъий қоидалари ишлаб чиқилмаган, ўзбек тилидаги нашрларда бу масалада ҳам турличалик кузатилар эди. Масалан, 1925 йил нашрида Отабекнинг луқмаси қуйидагича берилган:

«- Ота қадрдонлари билан танишдиришингиз учун раҳмат амак деди, ва қутидор билан Акрам ҳожиға тавозуланиб, отам сизнинг каби яқин дўстлариға ғойибона салом айтишни менга амонат топширған эдилар!»

Кўриб турганимиздек, қаҳрамон ва муаллиф нутқларининг бир -биридан ажратилмагани, тиниш белгиларининг маълум тартибда ишлатилмагани диалогни жонлиликдан маҳрум этади — замонавий насрга хос «саҳнавийлик» эффектига путур етказади. Кейинги нашрда ушбу реплика қуйидагича таҳрир қилинган:

«- Ота қадрдонлари билан танишдирғанингиз учун раҳмат, амак! - деди ва Акрам ҳожи билан Мирзакарим акага тавозуланди,- Отам сизлардек яқин дўстларига салом айтишни менга амонат топширған эдилар!»

Албатта, таҳрир давомида услубий ғализликлар силлиқланиб, ортиқчаликлар бартараф этилган. Лекин диалог шаклининг тартибга солингани муҳимлиги жиҳатидан булардан асло кам эмас. Чунки кейинги шакл суҳбатни жараён сифатида қабул қилиш, ўқувчига бу жараённи «кўриш» ва «эшитиш» имконини беради.

Иккинчи хил таҳрирлар муаллиф гапининг ўрнини ўзгартириш, йўқ ўринларга киритиш каби амалларни ўз ичига олади. Масалан, Акрам ҳожи билан Отабек

«-Отангиз Азизбекнинг мушовири экан, на учун уни бир оз бўлса ҳам йўлға солмайдир?

Отабек енгилча илжайдида жавоб бера бошлади:

-Кечирингиз, амак. Сиз отамнинг мушовирлиғини бошқачароқ англағанға ўхшадингиз». 1925 йил нашрида келтирилган диалогда таҳрирнинг ҳар икки кўриниши амалга оширилган:

« -Отангиз Азизбекнинг мушовири экан - деди Акрам ҳожи,- нима учун уни бир оз бўлса ҳам йўлға солмайдир?

-Кечирингиз, амак - деб Отабек кулимсиради,- Сиз отамнинг мушовирлиғини бошқачароқ англағанға ўхшадингиз».

Биринчи жумлага муаллиф изоҳининг киритилгани гап эгасини танитишгагина хизмат қилиб қолмайди, у муҳим нуқтадаги паузани таъкидлайди ҳам. Яъни бу гапнинг оҳангини ёзувда ифодалашга хизмат қилувчи қўшимча восита бўлиб, ўқувчига ўша оҳангни «эшитиш»ни осонлаштиради. Эътибор қилинса, иккала вариантдаги қаҳрамонлар руҳий ҳолати, юз-кўз ифодалари, хусусан, Отабекнинг гап оҳанги бир-биридан жиддий фарқланади. Зеро, Акрам ҳожининг гапидан сўнг «Отабек енгилча илжайдида жавоб бера бошлади» дейилишидан Отабек суҳбатдоши устидан кулаётгандек, уни менсимагандек бўлиб кўринади. Аслида ёзувчи бундай демоқчи эмас, шунинг учун кейинги вариантда ўз шарҳини таҳрир қилиб қаҳрамон гапи орасига жойлайди: «Кечирингиз, амак - деб Отабек кулимсиради,- Сиз отамнинг мушовирлиғини бошқачароқ англағанға ўхшадингиз». Кўрамизки, кейинги вариантда ҳам Отабек Акрам ҳожининг фикрини инкор қилади, бироқ буни одоб, андиша доирасидан заррача чекинмаган ҳолда амалга оширади: энди унинг кулимсираши ҳам гўё узрхоҳликнинг давоми, шуни таъкидловчи воситага айланади.

«Хон қизига лойиқ йигит» бобининг 1926 ва 1933 йил нашрларидаги матнларида ҳам маълум фарқлар мавжуд. Айтиш керакки, бу фарқларнинг аксарияти, бизнингча, янги ёзув табиати билан боғлиқ бўлиб, кўпроқ сўз ва сўз шаклларининг ёзилиши, тиниш белгиларининг қўлланишида кузатилади. Шу билан бирга, 1933 йил нашрида жумладаги айрим сўзлар тушириб қолдирилган ёки бошқасига алмаштирилган ўринлар ҳам учрайди ва албатта, бу хил тафовутлар юзага келиш сабаблари жиҳатидан фарқланади.

1933 йил нашрида сўз тушириб қолдирилган ўринлар кузатилса, уларнинг кўпроқ техник ҳодиса эканлиги, яъни бунинг босмахона айби билан юз бергани кўринади. Масалан, 1926 йил нашрида қутидор «қора қош, қора кўз, <кўркам юз,> яхшиғина кийинган» дея таърифланса, кейинги нашрда «кўркам юз» сифати тушириб қолдирилган. Ҳолбуки, уни тушириб қолдиришга ҳеч бир зарурат йўқ, яъни бу мақсадли таҳрир натижаси эмас. Тўғри, бу ўринда сўзнинг тушириб қолдирилиши жумланинг услубий қурилишига зиён етказган эмас. Бироқ қаҳрамон портрети унга муаллиф муносабатини ифодалаш ва ўқувчида шунга мос муносабатни шакллантириш воситаси экани эътиборга олинса, конкрет чизгининг йўққа чиқарилиши зарарга ишлагани аён бўлади. Бундан фарқли равишда «Қутидор тағин <нимадир> айтмоқчи бўлганди» жумласида «нимадир», «бир-икки қайта <уларни> кўз остидан кечирди» жумласида «уларни» сўзларининг тушириб қолдирилгани жумла қурилишида ғализликларни юзага келтирган. Модомики, кўриб ўтилган ўзгаришлар озми-кўпми зарарли экан, уларнинг муаллиф томонидан киритилиши мумкин эмас, булар «мусаҳҳиҳларнинг мусоҳалалари орқасида» юзага келгандир.

Юқоридагилардан фарқ қилароқ, жумладаги сўзнинг бошқа сўз билан алмаштирилиши ёки жумлага янги сўз киритилиши билан боғлиқ тафовутлар мақсадли таҳрир натижасидир. Масалан, эл-юрт қайғусини чеккан Отабек нажотни ғаразгўйларни «иш бошидан қувлаш ва улар ўрнига яхши (оқил) ва холис одамларни ўтқизиш»да кўради. Чамаси, орадан йиллар ўтгач адиб юрт равнақи учун иш бошида турганлар «яхши ва холис» бўлишининг ўзи камлик қилишини ҳис қилган-да, жумлага «оқил» сифатини ҳам киритган. Шунга ўхшаш, 1926 йил нашрида мажлис аҳли «бекнинг оғзиға анқайишиб қолған»ини «Дарҳақиқат, ўз аро битмас низоларнинг асли маншаини ул яхши англаб таҳлил қилар ва дуруст қиймат берар эди» дея изоҳлаган эди. Табиийки, ўтган йиллар давомида адибнинг қарашларида маълум ўзгаришлар юз берган, табиийки, унинг Отабек айтган гапларга муносабатида ҳам муайян ўзгаришлар юз берган. Шундан бўлса эҳтимол, 1933 йил нашрида адиб жумлани «Дарҳақиқат, ўз аро битмас низоларнинг асли маншаини у бир қадар англаб таҳлил қилар ва замониға кўра дуруст қиймат берар эди» тарзида таҳрир қилади

1933 йил нашрида яна бир сўз ўзгариши борки, унга бирмунча кенгроқ тўхталиш жоиз. Мажлис аҳли Отабекни мақтаркан, Хомиднинг ғайирлиги тутади:

«- Балки бегингизнинг тамалари хон қизидадир!-деди истиҳзо билан Ҳомид,- бунақа йигитлар уйланганларида ҳам киши қизини умур бўйи азоб ичида ўтказадирлар!..

Сабабига тушуниш қийин бўлған бу истиҳзога қарши Ҳасанали сукут қилолмади»,- ва, маълумки, боплаб жавобини берди. 1933 йил нашрида кейинги жумладаги «истиҳзога қарши» ўрнига «аччиққа қарши» деб берилган. Сиртдан қараганда, бу ўзгариш фақат такрордан қочиш учундек кўриниши мумкин. Бироқ, бизнингча, сўзнинг ўзгариши Ҳасаналининг руҳий ҳолатига муайян аниқлик киритади. А.Қодирий Ҳомиднинг гапларини гўё Ҳасанали бўлиб «эшитиб кўрди» ва барчага оддий истиҳзо бўлиб кўринган гаплар замирида фарзандидек кўргани Отабекка нисбатан ғайирлик, душманликни сезди. Айни шунинг учун ҳам у «сукут қилолмади» — сукут қилолмас эди.

Юқоридагилардан кўринадики, 1933 йил нашри олдидан ёзувчи матнни томонидан бир сидра кўздан кечирган, зарур таҳрирлар киритган. Шунга кўра, 1933 йил нашри асос матн саналгани тўғрироқ бўлади.

 
 
Сайт создан в системе uCoz