Портретдаги мусаввир сийрати

Dilmurod Quronov

Танқидчиликдаги адабий портрет истилоҳи, тўғрироғи, унинг асоси тасвирий санъатдан ўзлашгани барчага маълум. Тасвирий санъатдаги портрет кишининг мусаввир тасаввуридаги акси — унда прототипнинг мусаввирга аён бўлган моҳияти оний лаҳзадаги қиёфасида қотириб қўйилган. Адабий портрет ҳам шундай, уни ўқиган ўқувчи ёзувчини шахс, ижодкор сифатидаги асосий чизгилари билан яхлит ҳолда тасаввур этади. Портретни томоша қилиш асноси таниш қиёфада нотаниш чизгиларни кўрган кишида прототипга қизиқиш ортгани каби, адабий портрет ўқувчиси ҳам ижодкорга ўзга нигоҳ билан қарайди: унинг шу чоққача нигоҳидан пинҳон қолиб келган чизгиларини илғайди, уни теранроқ тушунишга эҳтиёж сезади, теранроқ тушуна бошлайди. Шундай экан, адабиётни тарғиб этишга сафарбар танқидчилик учун адабий портрет жанрининг аҳамияти нечоғли катталигини айтиш шарт эмас. Адабиётни тарғиб этиш, унинг ривожига хизмат қилишни ҳаётининг бош мақсади деб билган устоз Озод Шарафиддиновнинг адабий портрет жанрига айрича эътибор билан қараши шундан. Домла ижодий фаолияти давомида ўнлаб адабий портретлар яратди. Табиийки, уларнинг баридан О.Шарафиддинов “иси келади”, лекин ҳар бирининг ифори ўзгача, десак, муболаға эмас.

Албатта, ҳар бир мусаввирнинг ўз портрет яратиш манераси бўлиши табиий. Мен фақат биттасинигина кузатганман: рассом қаршисида ўтирган танишимга бир муддат разм солиб турди-да, сўнг дадил ва тез ҳаракатлар билан асосий чизгиларни матога туширди. Матодаги, умуман олганда, ўша танишим эди, ҳартугул, уни бемалол таниб олса бўладигандек. Кузатганим шу, холос. Лекин тайёр портретни кўрганимда, ундаги ранглар жилоси, нур ва соя ўйини ўша асосий чизгиларни бўрттиргандек, қиёфага жон ато этгандек эди. Устоз О.Шарафиддиновнинг адабий портрет яратиш манераси ҳам, назаримда, шунга яқин. Бунга амин бўлиш учун “Халқ бахтининг оташин куйчиси” номли адабий портретни кўздан кечириш кифоя. О.Шарафиддинов ўқувчи оммага Ғафур Ғулом қиёфасини тақдим этишга киришаркан, худди мен кузатган рассом каби асосий чизгиларни белгилаб олади:

1) “Ғафур Ғулом ХХ аср бошларида туғилди...”

2) “Ғафур Ғулом поэзияси уч манбадан озиқланади...”

3) “... том маънодаги новатор шоир...”

4) “... зукко шоиргина эмас, моҳир прозаик ҳам....”

5) “... йирик адабиётшунос, моҳир таржимон, улкан болалар ёзувчиси...”

Асосий чизгиларни тортиб олгач, мунаққид уларга дид ва ҳафсала билан жило беришга киришади. Дейлик, Ғафур Ғулом шахс ва ижодкор сифатида шаклланган шароит ҳақида гап борганда, нур ва соя кескин ажратилади:

“У туғилган замонларда Туркистон осмонида ҳам, Россия осмонида ҳам оғир қора булутлар сузиб юрар, “ҳар ёқда минг инграш, минг йиғи, минг дод” ҳукмрон эди”. “... шундай бир жамиятни барпо этдики, унинг ҳар бир аъзоси ўз истеъдодини тўла намоён этиш ва камол топтириш учун ҳамма имкониятларга эга бўлди”

Албатта, бу талқинда бироз тенденциозлик, замона таъсирида юзага келган ва бизга бешак сохта кўринувчи шўроча пафос борлиги тайин гап. Эсингизда бўлса, ўн беш йиллар муқаддам шу хил талқинлар борлиги учун шўро даври танқидчилигида яратилган деярли барча асарлар “архив мулкига айланди” дея бонг урилганди. Эҳтимол, юқоридагича ўринлар ҳануз кўпчиликка эриш туюлар, ўша бонг ҳануз онгимизда акс садо бериб турар ҳам. Лекин вақт ўтиб, ўзгаришлар тўлқинида лойқаланган фикримиз тиниқлашгани сари тобора равшан бўлаётирки, Ғафур Ғулом ва у мансуб авлоднинг бахти ҳам, фожеаси ҳам ўша замон билан — инқилоб ва у юзага келтирган “социалистик воқелик” билан бевосита боғлиқ экан. Шундай экан, ижодкорни ўқувчи кўз олдида бор бўйи билан тўлақонли гавдалантиришга интилган мунаққиднинг бу шароитга урғу бермаслиги мумкин эмас. Зотан, илмий жиҳатдан тўғри ва холис ёндашув шуни тақозо этади ҳам. Энг муҳими, О.Шарафиддинов фикр-мулоҳазалари Ғафур Ғуломнинг ўз иқрорларига таянади, улардан келиб чиқади. Боз устига, О.Шарафиддинов адабиётшунос сифатида Ғафур Ғулом мансуб авлод ҳаёти ва ижодини чуқур ўрганган, уларнинг кўпчилиги билан мулоқот-муомалада бўлган. Яъни, бизга ҳозирда шўрони улуғлашга интилишгина бўлиб кўринган фикр-мулоҳазалар О.Шарафиддинов учун айни ҳақиқат эди. Албатта, олимнинг ҳақиқати бизнинг ҳақиқатимизга кўпда мос келмаслиги мумкин ва табиий. Лекин, ахир, бизнинг ихтиёримиздан ташқари объектив ҳақиқат ҳам бор. Унга кўра, Ғафур Ғуломнинг бир шахс, сизу биз таниган шоир сифатида шаклланишида давр воқелиги ҳал қилувчи роль ўйнагани шаксиздир. Демак, бу ўринда гап нур ва соя нисбатида холос, асосий чизги эса, бизнинг хоҳиш-истагимиздан қатъий назар, аслича қолаверади. Сираси, чинакам илмий фикр шундай бўлади: унга муносабат мудом эврилиб туриши, гоҳ эъзозла бошларимиз узра яловдек ҳилпираши, гоҳ эътирозу инкорларимиз довулига рўбарў бўлиши мумкин,– асл фикр қоя мисоли собит тураверади.

Олим одам сўзи — залворли, чунки у масала юзасидан тинимсиз ўйловларнинг қаймоғи бўлади. Халқ “кўп билган оз сўзлайди” нақлини бежиз тўқимаган. Зеро, у кўп билганнинг кам сўзи беҳад кўп нарсаларни ифодалай олиши, донишманд сўзининг мағзини қайта-қайта чақиб кўриш даркорлигини кўп бор тажрибадан ўтказган. Ҳеч бир иккиланмай, О.Шарафиддинов сўзи ҳам шундай, у том маънодаги донишманд эди, дегим келади. Фақат, бунинг устозга эҳтиромгина эмас, айни ҳақиқат эканини кўрсатишга қурбим етармикан, деган андиша қийнайди...

Ғафур Ғулом ижодини чуқур билган О.Шарафиддинов унинг уч азим дарёдан — Шарқ поэзияси, халқ ижоди ва рус шеъриятидан сув ичишини таъкидлайди, ҳар бирига биттадан абзацда мухтасаргина тўхталади. Жумладан, биринчи ўринга қўйилган Шарқ шеърияти таъсирини асослаш учун бир нечта муҳим далил келтириш билан кифояланади: 1) “араб ва форс тилларини, шунингдек, туркий тиллардан кўпчилигини яхши билган Ғафур Ғулом Шарқ классикларининг асарларини оригиналда ўқи”ган; 2) “бутун ҳаёти давомида Шарқ адабиётининг атоқли намояндалари ижодини тарғиб қилган”; 3) “мақолаларидаги таҳлил ва шарҳлар” билимнинг кенглиги билан бирга унинг “нозик дид эгаси”, “Шарқ шеъриятининг гўзаллигини ғоят теран ҳис қилишини ҳам кўрсатади”.

Мазкур далиллар қисқа ифода этилган бўлса-да, Ғафур Ғулом меросининг салмоқли қисми, адабиётшуносликка оид ишлари таҳлили асосида олинган. Олим сўзининг залворли бўлишини таъминланган нарса ҳам шу — кўп ўрганиб оз айтилгани. Яна бир жиҳати, О.Шарафиддинов ўрганилган материалда ўзи учун, айтмоқчи бўлган фикри исботи учун энг муҳим нуқталарни бехато топа билади. Ниҳоят, мунаққид Ғафур Ғулом ўз салафлари ижодини оригиналда ўқиганини айрича урғу билан таъкидлайди. Бу таржимонлик билан ҳам шуғулланган, шеър таржимаси оригинал билан бўйлаша олмаслигини жуда яхши билган одамнинг гапи эканлигини эътиборга олсак, “оригиналда ўқиган” деган таъкид бежиз эмаслиги, унинг маъно кўлами нечоғли кенглиги аён бўлади. Илмий мантиқнинг кучлилиги домланинг фикрларини “том устига том босиш” тарзида изчил қувватлаб боришида яққол кўринади. Дейлик, кўриб ўтганимиз “оригиналда ўқиган” таъкиди Ғафур Ғулом салафларидаги “ғоявий-бадиий бойликлардан тўла баҳраманд бўлган” деган таъкидни асослайди. Шу тариқа асосланган далиллардан келиб чиқибгина домла Ғафур Ғулом Шарқ поэзиясидан қандай баҳра олгани, ундан нималарни олганини санайди: “... ундаги теран инсонийликни, гуманизмни, фалсафий чуқурликни ўзлаштирди... Шарқ адабиётининг юксак нафосатини, поэтик мушоҳададаги теранликни, сўз ишлатишдаги санъаткорликни, муболағаларнинг ҳадсизлигини, ўхшатиш ва сифатлашларнинг аниқлигини ўзига сингдирди”. Айтиш керакки, мақоланинг даромадида айтилган бу гаплар, жумладан, шоирнинг халқ ижоди ва рус адабиётидан баҳра олгани ҳақидаги фикрлар ҳам кейинроқ қатор шеърлар таҳлилида амалий исботини топади. Фикрнинг изчиллиги, асарнинг шу изчилликни таъминлай оладиган оптимал шаклда қурилгани, фикримизча, О.Шарафиддиновнинг танқидчилик маҳоратига хос муҳим қирралардандир. Зеро, материални оптимал шаклга солиб, кўзланган мақсадга мос композиция ярата олиш илмий ва бадиий ижод кишиларининг иқтидор кучини кўрсатувчи асосий белгилардан саналади.

Мусаввир тасвирдаги пропорцияларни сақлаши муҳим бўлганидек, адабий портретда ҳам муайян пропорциялар сақланиши лозим, О.Шарафиддинов буни доим ёдда тутади, меъёр ва нисбатларни илмий жиҳатдан тўғри белгилай олади. Шу боис ҳам таъкидлайдики, Ғафур Ғулом ижоди сув ичган “уч азим дарё” нечоғли буюк бўлмасин, улар шоир учун “ўз мустақил йўлидан бориб, балоғат чўққиларига кўтарилишда пиллапоялик ролини ўйнайди, холос”. Мунаққид қарашларини ҳаётий тамсил билан ойдинлаштиради: “Қуш ҳаво оқимига таяниб учганидек, истеъдодли шоир ҳам адабий традицияларга таяниб маҳорат юксакликларига парвоз қилади”. Ўрнида ва топиб ишлатилган тамсил.

Дарвоқе, истеъдод. Домланинг адабий-эстетик қарашларида истеъдод тушунчаси марказий ўрин тутади, баҳо-муносабатида “истеъдодли — истеъдодсиз” мезонлари асос вазифасини ўтайди. Ғақур Ғуломни беназир истеъдод соҳиби деб биларкан, О.Шарафиддинов буни “адабий традициялар унинг ижодида бир-бирига боғланмаган уч мустақил куч бўлибгина қолмагани”, балки шоир “шахсиятида бир-бирлари билан чамбарчас боғланиб кетгани”да кўради. Олимнинг таъкидлашича, шоирнинг истеъдод кучи “уч азим дарёни”, улардаги бой анъаналарни синтезлаштириб, “улар асосида бутун ижоди давомида изчил амал қилган эстетик принципларни барпо эта” олганида намоён бўлади. Кўринадики, муаллифнинг бунга қадар юритган фикр-мулоҳазалари ягона мақсадга — Ғафур Ғулом ижоди мустаҳкам асосга қурилган, деган хулосани чиқариш ва асослашга қаратилгандир (... Ғафур Ғулом ва у мансуб авлодда шўро маддоҳларинигина кўрилган, улар адабиётга ҳеч нарса беролмади, ёзганлари бадииятдан ташқаридаги ҳодисадир қабилидаги даъвою айбловлар миямизни чулғаган пайтлар бўлди. Устознинг бу масаладаги баҳсларга аралашгани, жиддийроқ муносабат билдирганини эслай олмадим — файласуфона хотиржамлик билан кузатган, холос. Сираси, калта ўйлаганимиз сабаб бу ҳолни таслим бўлиш аломати деб ҳам тушунганмиз. Мана, ўша довуллар кечиб ўтди, Ғафур Ғулом ҳам, у мансуб авлод ижодкорлари ҳам адабиётимизда недир қолдирганини ич-ичдан ҳис этиб ҳам, тан олиб ҳам улгурдик. Энди ўйласам, домла бу масалада ўз фикрини аллақачон айтиб қўйган, мустаҳкам асосда кечган ижод намуналарининг бари бирдек “чиқит”га чиқиб кетиши асло мумкин эмас, деган ишончда собит турган экан... )

Талантли рассом прототипнинг ҳақиқий қиёфасидан маънию гўзаллик топса, сохтакори уни бежаб-нетиб маъқул қилдириш пайида бўлади. О.Шарафиддинов биринчи тоифага мансуб, у баҳода холис бўлишга, ҳақиқий қиёфани акс эттиришга интилади. Шу боис айтадики, Ғафур Ғулом қаламига мансуб ҳамма шеърларга “муқаррар тарзда бадиий камолот намунаси сифатида қараш тўғри бўлмайди”, унда “эҳтиросли илҳом қистови билан эмас, кундалик заруратлар туфайли туғилган асарлар ҳам учрайди”. Энг муҳими, домла учун бу табиий ҳол. Чунки яхши биладики, биринчидан, “беистисно доҳиёна асар ёзган ёзувчи тарихда бўлган эмас, бўлмайди ҳам”; иккинчидан, “Ғафур Ғулом ҳар қанча буюк истеъдод эгаси бўлмасин, айни чоқда, у инсон эди, инсоний заифликлар унга ҳам бегона эмас эди”. Ўйлаб қарасак, камчиликлар ҳақидаги мухтасар қайдлар замирида бизнинг авлод ўн беш-йигирма йиллар илгари бонг уриб айтган нуқсонларни кўрамиз. Биздан фарқли ўлароқ, домла уларни йўлакай қайд этади — нурнинг бир четига енгил соя тортади-да, асосий урғуни ютуқларга беради. Бу — муаллиф учун англанган принцип, шу сабабли “шоир яратган бетакрор, беқиёс поэтик олам ҳақида гапирар экан”, унинг “дурдона асарларидан бино бўлган оламни кўзда тутади”. Бу оламда эса шоир аҳлига ҳар вақт ўрнак бўлгулик фазилатлар бисёр, мунаққид уларнинг ҳар бирига алоҳида тўхталиб, ёрқин мисоллар орқали очиб беради. Жумладан, домла ҳаётийликни Ғафур Ғулом шеъриятининг муҳим фазилати деб билса, уни таъминлаган асосий омил сифатида миллийликни кўрсатади. Мунаққид таъкидлайдики, миллийлик Ғафур Ғулом шеъриятининг “либоси ёхуд безаги эмас, балки шеърнинг ички мазмунидан табиий равишда келиб чиқадиган хусусиятдир”. Бу даражадаги миллийликнинг асоси шоир “ўз халқининг бугунги ҳаётини ҳам, кўп асрлик тарихини ҳам жуда яхши билиши”, унинг “урф-одатлари, расм-русумлари, яшаш тарзи, хуллас, миллий ўзига хослигини вужудга келтирувчи психологияси” билан яхши танишлигидадир. Шу боис ҳам “шеърларида ўзбек ҳаётининг турли қирраларини қуюқ рангларда акс эттирувчи ажиб манзаралар вужудга келади”. Домла фикрини далиллаш учун шундай мисолларни топиб келтирадики, улар зиммасидаги вазифани ортиғи билан уддалайди:

Шодлик қўшини босди саодат кўчасини,

Гўдаклар жаранглатар ҳайитлик тангасини.

Келинчаклар ахтарар пардоз қутичасини,

Қирқ кокил бўлсин, дейди, қистайди янгасини,

Бугун чин арафадир.

Ушбу сатрларни келтиргач, мунаққид “беш мисрали бир парчада шунчалар тугал ва рангдор манзара яратиш” учун ўз халқи ҳаётини, руҳиятини мукаммал билиш лозимлигини яна бир карра таъкидлайди. Юқорида айтганимиз шоир аҳлига ҳар вақт ўрнак бўлгулик фазилатлардан бири шудир. Гарчи очиқ айтмаса-да, муаллиф қалам аҳлига Ғафур Ғуломни ўрнак қилиб кўрсатади, уларни халқ ҳаёти ва руҳиятини чуқур ўрганишга даъват этади. Мунаққид таянган принципнинг мақсад-моҳияти шунда мужассам: устоз ўқувчи оммага ҳам, қалам аҳлига ҳам фазилатлар орқали таъсир қилишга, қалбларини дурдона мисралар нури билан ёритишга интилади.

Ғафур Ғулом насрий меросига ҳам худди шу принцип асосида ёндашилган. О.Шарафиддинов адиб қаламига мансуб очерк, фельетон, ҳикояларнинг бир қисми “бугунги кун нуқтаи назаридан эскиргандек”, улар атом даври кишиларига “ҳаддан зиёд жўн кўриниши мумкин”лигини эътироф этади. Айни пайтда, домла улар буткул қимматини йўқотган, деган фикрдан йироқ. Бу оддийгина муроса ёки улуғ одамдаги нуқсонларни хаспўшлаб ўтишга уриниш ҳам эмас. Устознинг бу мавқеда туришига қатор асослари бор. Аввало, улар “бугунги китобхонга босиб ўтган тарихий йўлимизнинг нафасини етказади”. Иккинчи томони, уларда “ёзувчи нигоҳининг ўткирлиги, фикрининг олмосдек кескирлиги, тилининг ёрқинлиги, рангдорлиги билан бир қаторда, миллий характерни, миллий психологияни ич-ичидан жуда пухта билиш аниқ-равшан кўриниб туради”. Ниҳоят, айни шу хусусияти билан улар бугунги китобхонга ҳам эстетик завқ бағишлай олиш билан бирга, “ёш ёзувчилар учун катта тажриба мактаби бўлиб хизмат қилади”. Назаримда, чинакам илмий ёндашув, холис илмий баҳо бундан ортиқ бўлмайдигандек, бу устознинг биз чалароқ ўзлаштирган сабоғидек кўринади...

Ёзувчи умрининг адоғида ёзилган халқ латифалари асосидаги ҳикояларга тўхталиб, олим Ғафур Ғулом “китобхонни шунчаки бир кулдириб, унинг кўнглини очадиган эрмак яратиш учунгина қўлига қалам олмагани”ни айтади. Аксинча, у “латифалар замиридаги ижтимоий маънони янада салмоқлироқ, янади аниқроқ ифодалайди”, “тасвирланаётган воқеаларга ўзининг аниқ ғоявий позициясидан ёндашиб, китобхонга муайян ғояларни сингдиришга интилади”. Устоз таъкидлайдики, адиб “бу интилишини ошкора, яланғоч тарзда қилмайди, балки чинакам ҳаётбахш юморга буркаб беради”. Қизиғи шундаки, бу ўринда “аниқ ғоявий позиция” ҳам, юморга буркалган “муайян ғоялар” ҳам аниқлаштирилган эмас, “Ҳасан Кайфий” ҳикоясининг бошида подшоҳга берилган таърифни келтириш билан чекланилади. Ўйлашимча, бу — Ғафур Ғулом портретига муҳим бир чизги. Бошқаларга қандай билмадим-у, менга Ғафур Ғулом суратларидаги жиддият зимнида қувлик, кулги зимнида жиддият бордек туюлаверади. Хуллас, домла бу ўринда ғафур ғуломчасига иш тутган кўринади: қувлик қилиб, ўқувчи ўзи тушуниб олар дея тагдор ишора билан кифояланади...

Дарвоқе, бизга ҳамма вақт жиддий-салобатли кўринган устознинг қувлик қилганини Б.Назаровнинг “Ғафур Ғулом олами” рисоласини ўқиш асноси сезиб олгандим. Мақола устида ишларкан, Сувон Мели “Отсиз шум бола”, “Меҳр сеҳри” номли теран таҳлилий чиқишларида билдирган фикрларнинг куртакларига кўзим тушди; изланувчан талабаларга тавсия этиш учун қатор масалаларни қайд этиб қўйдим. Буларнинг бари устоз Ғафур Ғуломнинг адабий қиёфасини бор бўйи билан тўлақонли гавдалантира олганидан далолатдир.

 
 
Сайт создан в системе uCoz