Безавол ҳақиқатлар

Dilmurod Quronov

А.Қодирий

Менга қолса, буюк адибимиз Абдулла Қодирийни илҳомлантирган “мозийга қайтиб иш кўриш хайрли” нақлини жамики китоб жавонларига ёздириб қўйган бўлардим. Зеро, бошқа бир улуғ адибимиз Абдулла Қаҳҳор айтмоқчи, яхши асар қазига ўхшайди, “чайнаган сари мазаси чиқади”. Демак, вақти-вақти билан мозийга — илгари ўқилган китобларга қайтиб турмоқ жоиз экан. Дарҳақиқат, “Ўтган кунлар”ни ҳар гал варақлаганда ўзинг учун недир янги нарсани топгандек бўласан, киши...

Юсуфбек ҳожининг ўғли билан қудасини дор остидан қайтарган хатида “бизнинг халқнинг ҳолига йиғлашни ҳам билмайсан, кулишни ҳам” тарзидаги изтиробли таассуф бор. Таассуфнинг боиси шуки, халқ Азизбек “тиғи зулми билан қора қонига беланилған ўғлининг, отасининг, онасининг, оғасининг мазлум гавдаси тупроқ остида ҳали чириб битмай туриб... ўша қонхўрга ўз қони билан ямин этди”, уни “то ўзининг бир томчи қони қолғунчалиқ ҳимоя қилмоққа онд ичди”. Таҳсинга лойиқ жиҳати шуки, чексиз афсус ва шундан келувчи ачинишу изтиробга молик бу ўринлар Юсуфбек ҳожи нигоҳи билан, унинг қалбию онгидан ўтказиб берилади. Муҳими, донишманд инсон сифатида ҳожи таассуф изҳори билан чекланмайди, шу ҳолнинг юзага келишини теран таҳлил қилади, ўйлайди, ўқувчини ҳам ўйлашга ундайди: “Азизбекнинг буйруғи билан кеча ўрда тегига барча Тошканд халқи йиғилган, бу йиғинда уламолар ҳам бор, фузало ҳам бор; хулоса, шаҳарнинг ҳар бир синфидан ҳам ҳозир эди. Азизбек ўрда қоровулхонасидан туриб фуқароға салом қилди. Азизбекнинг саломига мушарраф бўлғучиларнинг кўзларидан ёшлар оқмоқда эди”. Сизга қандай, билмадим-у, мен шу ўринларни ўқиганда ярим асрлар сўнг учинчи Абдулламиз тилидан янграган “Ҳукмлар тўқилур сенинг номингдан!” ҳитобини эшитгандек бўламан, инсон табиатининг ўзгармаслигига имон келтираман. Қаранг-а, халқ номидан иш юритиш усули-да ўзгармас, ўзгартиришга зарурат йўқ даражада мукаммал!.. Демак, Азизбек буйруғи билан “барча Тошканд халқи йиғилган” экан. Аммо у шундоқ халқки, “ҳар бир синф” ичидан сайлаб олинган, Азизбек саломига мушарраф бўлганининг ўзиданоқ бахтиёр. Ха-да, бахтиёр бўлмасинми, ахир, кўп ичидан сайлаб олингани, ўзгалардан ортиқ кўрилгани — бахт эмасми? “Ўрда тегига”йиғилганларнинг ҳар бири манфаат кўрди — қониқиш туйди, бас, сиз нима истайсиз, шунга муносиб кўрилганидан кўнгли ўсмасинми, муносиб кўрганларни юракдан алқамасинми?.. Энди “Тошканд халқи” Азизбекни шу сурур, шу миннатдорлик туйғуси билан тинглайди... энди “Тошканд халқи” шу туйғулар гирдобида Азизбекнинг зулмини, ҳақсизлигу хунрезликни унутди, зеро, булар ўткинчи, муҳими, мақсад улуғ — Тошкент қипчоқлардан қутулса, олам гулистон... энди “Тошканд халқи” — пода мисоли етовга тайёр. Азизбек эса чўпон мисоли, энди у “Тошканд халқи”ни истаганидек манипуляция қила олади:

“Азизбек ўрда дарбозасиға осилған икки гавдани кўрсатиб сўради:

- Фуқаро! Кўрасизми бу икки гуноҳкорни, нима учун бу жазоға мустаҳиқ бўлдилар?

Халқ:

- Билмаймиз, тақсир!

Азизбекнинг ўзи жавоб берди:

- Булар Мусулмон чўлоқнинг саркардаларидан, қипчоқларнинг йўлбошчиларидан ва қора чопоннинг душманларидан бўлған икки тўнғизнинг гавдалари! Мен буларни сиз қора чопон фуқаром томонидан ўч учун ўлдирдим, сиз қора чопон оғайниларнинг қипчоқ қўлида шаҳид бўлған қариндошларингизнинг руҳларини шодландирмоқ учун ўлдирдим! Ёки бу ҳаракатим адолатдан эмасми, фуқаро?

Халқ жавоб берди:

- Адолат! Хўб қилғансиз, тақсир! Қипчоқларнинг жазолари шундай бўлмоғи керак!”

Юқорида таърифланган кайфият оғушида сарҳуш “Тошканд халқи” оломонга айланган, энди у оқ-қорани ажратишга ожиз (дарвоқе, худди шу эпизодни тасвирлаш олдидан Юсуфбек ҳожи “Ўғлим, сен бир қадар оқ билан қорани ажрата оласан, ёзғанларимни диққат билан ўқи” дея огоҳлантириб қўяди); вазиятни, сомеъларнинг айни дамдаги руҳиятини яхши билган Азизбек том устига том босиб боради: қилаётган ишини фақат “қора чопон фуқаро” манфаати учун дея тақдим қилади, бориб турган ҳақсизликни адолат дея фатво олишга эришади. Асли, аксар мустабидларга хос тутум шу — ҳар қандай ноъмақулни оммага маъқуллатиб амалга ошириш, гўё шу билан хотиржам бўлинади, масъуллигу жавобгарлик бўлиб юборилади-да, хотиржам тортилади. Ваҳолонки, халқ “ўрда теги”га йиғилганлардангина иборат эмас, тарих халқнинг барини беистисно қамрай оладиган “ўрда теги”ни ҳали кўрмаган. Шу боис мустабид ҳақидаги ҳақиқатнинг иккинчи ярми, одатда, ё у ҳокимиятни қўлдан бергач, ё боқий дунёга кетгач юзага чиқади. Зеро, ўрда томига чиқиб узрхоҳлик қилаётган Азизбекка қарата: “Энди эсинг кирдими, ўғри? Бурундан ўйлаб иш қилсанг бошингда бу балолар йўқ эди! Сен бизларга нима ишларни қилмадинг? Кун сайин неча гуноҳсизларни осдирған, кесдирған, болаларимизни ятим, оналаримизни қон йиғлатган сен эмасмисан? Ханжарингни хайф кўриб маҳалларга чаён солиғи солған, оғаларимизни чаён заҳри билан ўлдирган ким эди? Кет тўнғиз, кет, тавба қилиш замони ўтди, тақдирингга сен ҳам тан бер!”- деган ҳам шу “Тошканд халқи”, унинг “ўрда теги”га сиғмаган қисми...

Юсуфбек ҳожининг, адибнинг, умуман, соғлом фикр эгасининг кўзи билан қараганда, Азизбек — манфур кимса, чунки манфаати шахсиясига — мутлақ ҳокимиятга умум манфаатини байроқ қилган ҳолда интилади, бу мақсад йўлида ўзгалар манфаатини топташ, бегуноҳ қон тўкиш, минглаб оилаларни хонавайрон қилишдан тоймайди. Юзаки қаралса, “эсимни таниғанимдан бери амал демай, мансаб демай, фақат шу мусулмонлар манфаатини кўзлаб кел”дим, “бу соқол шу эл қайғусида оқарди” дегувчи Юсуфбек ҳожи Азизбекнинг мутлақ антиподи сифатида гавдалантирилгандек кўринади. Аслида бундай эмас, адиб инсон амалларининг “ички двигатели” бўлмиш шахсий манфаатни инкор қилиш фикридан йироқ, мабодо шундай қилганида, кейинча очиқ юз билан “айнан мен ёзганчадир” деёлмас эди. Ахир, Юсуфбек ҳожи Азизбекнинг мушовири, шу чоққача унинг ёнида юриб зулмкорлигию адолатсизлигига кўп гувоҳ бўлган — чидаб келган, исён қилмаган. Ҳожида исён қарорининг етилишини диққат билан кузатайлик: исёндан аввалги кун, кечга томон Ҳасанали унга ўғлининг қамалиш хабарини етказади. Юсуфбек ҳожи биладики, “иш жуда нозик, ғоят қўрқунч эди. Чунки Марғилон зиндонида ётғучи қипчоқ душмани бўлған Азизбек оталиғининг ўғли эди. Тошканднинг исён чиқарған бир замонида Отабекдек бир йигитнинг Марғилонда қандай гуноҳ билан бўлса-бўлсин ушланиши ҳар жиҳатдан ҳам мудҳиш эди”. Ҳожининг аҳволини тушуниш қийин эмас: “ўғлига ҳужум қилған бу фалокатнинг тадбиридан ақли ожиз қолди, мияси ишлашдан тўхтади ва шундан сўнг — “Парвардигоро, кексайган кунларимда доғини кўрсатма” деди ва кўз ёшлари билан соқолини ювди”. Ҳасаналига “зинҳор унинг қамалғанини онаси билмасин” деб тайинлаган Юсуфбек ҳожининг туни билан мижжа қоқмай, чорасизлидан тўлғаниб чиққани шундоқ ҳам аён, шу боис ёзувчи бунга тўхталиб ҳам ўтирмайди. Азизбек рухсат берарда “эртага чойни ўрдага келиб ичиш”ни тайинлаган, шунга мувофиқ ўрдага келганида ҳожи “эртадан бошлаб юртка ўттиз икки тангадан солиқ сочиш” амрини олади. Теран фикрли инсон сифатида Юсуфбек ҳожи бунга қаршилик қилишга уринади — бефойда. Эҳтимол, фарзандининг Марғилонда қамалиши ўртага тушмаганида, ҳожи илгаригидек сабрда бардавом бўлармиди?! Лекин вазият шундайки, хонлик фойдасига кўтарилган исён — Отабекни қутқаришнинг ягона йўли: Юсуфбек ҳожи халқни исёнга кўтаради...

... мазкур ҳол Юсуфбек ҳожининг “ижобий”лигига путур етказмайди. Зеро, уни фақат ўз манфаатини кўзлаб халқни қўзғади дейиш инсофдан эмас. Чунки бу ўринда, аввало, шахсий манфаат билан эл манфаати бир-бирига мос тушди, иккинчидан, солиқ солиниши сўнгги томчи, яъни исён учун объектив шароит етилган. Мабодо, шу шароит етилмагани ҳолда ҳожи халқни қўзғаганида, у ўз манфаатинигина кўзлаган, мақсадига эришиш учун элни восита қилган бўлур эдики, Азизбекдан ҳеч фарқи қолмасди...

Ўтган аср тонгида миллий адабиётимизда роман жанрини қарор топтириш йўлида кўп ижодкорлар изланган, бироқ бу тарихий-бадиий миссияни амалга ошириш Абдулла Қодирийга насиб этди. Негаки, унда оламу одам ҳақидаги яхлит концепция, роман жанрининг асоси бўлмиш бадиий фалсафа бошқаларга қараганда аввалроқ шаклланган. Адиб фалсафасига кўра, инсонни ҳаракатлантирувчи куч — манфаат, шахслар манфаатидан миллий манфаат таркиб топганидек, миллий манфаатлардан умумбашарий манфаат келиб чиқади — тизим юзага келади. Тизим унсурларининг бир-бири билан узвий боғлиқ ва айни чоқда маълум зиддиятда туриши табиийки, унинг учун нормал яшаш шарти — унсурларнинг уйғунликда, муросада яшаши. Яъни, шахсий манфаат бошқа шахслар манфаатидан ҳам, умум манфаатидан ҳам устун қўйилмаслиги (ва аксинча), мавжуд зиддиятлар муроса йўли билан оқилона ҳал қилиб борилиши лозим. Акс ҳолда... адиб худди шу нарсани Азизбекнинг шахсий манфатни устун қўйгани боис Тошкент аҳли бошига тушган шўришлар ёхуд бирда қора чопон, бирда қипчоқ манфаатининг устун қўйилганидан ҳар икки эл бошига келган кулфатлар тасвирида кўрсатадики, булар биз учун ИБРАТдир.

Элиан. Пестрые рассказы.- М.-Л.: Наука, 1963

Клавдий Элиан ҳақида ғоят кам маълумотга эгамиз: милоднинг II асри охири III асри биринчи ярмида яшаган Рим адиби, “янги софистлар” намояндаси, дунёдан тоқ ўтган; “Турфа ҳикоятлар”дан бошқа яна “Ҳайвонлар табиати ҳақида”, “Кентликларнинг мактублари”, “Илоҳий кучлар ҳақида” каби асарлар муаллифи...— вассалом.

Унинг ҳикоятлари ҳақиқатан ҳам турфа: жанр эътибори билан гоҳ латифа, гоҳ ривоят, гоҳ масал, гоҳ шунчаки қайдлар; уларда гоҳ машҳур тарихий шахслар — подшоҳлару алломалар, гоҳ фақат Элиан қалами туфайлигина номи тарихда қолган замондошлар зикр этилади. Шунга қарамай, уларни умумлаштирувчи битта жиҳат бор — ибратлилик. Шуниси ҳам борки, Элиан фақат ибрат намуналарига эмас, аксилибрат намуналарига ҳам диққатни тортади. Жумладан, бир очофат мечкай ҳақидаги қайдларидан сўнг ёзадики, “Бу каби ишларни ҳам зикр этмоқ лозим, токи тақлид қилиш учун эмас, тақлид қилмаслик учун ибрат бўлсин”.

Албатта, “қарийб икки минг йиллар илгари юз берган воқелар тафсилотлари, ундан-да аввал яшаган кишиларнинг амаллари биз учун ибрат бўла олармиди”, тарзидаги эътирозлар туғилиши табиий. Бироқ, чамаси, инсон табиатини ўзгармас деб билувчилар ҳақ: “Турфа ҳикоятлар” синчиклаб ўқилса, бизни ўйлатган муаммолар олис аждодларни ҳам ўйлатгани, бизнинг орзу-интилишларимиз уларга ҳам бегона бўлмаганини кўришимиз, тарих биз учун тажриба мактаби экани, инсоният тарихи одам боласининг ўз ўтмишидан сабоқ олишни истамаслигидан далолат беришига амин бўлишимиз мумкиндек кўринади. Қизиғи, “Турфа ҳикоятлар” муаллифи ҳам шу тарзда ўйлаган, ўзини қийнаган муаммоларни ўтмиш орқали англашга, фикр-хулосаларию муносабатини шу йўл билан ифодалашга интилган. Бежиз эмас. Ривоят қиладиларки, кунлардан бир кун Элианни учратиб қолган Филострат ундан нима билан машғуллигини суриштиради. Элиан римликлар бошига кўп шўришлар солган ва яқинда бешан ўлим топган мустабид Гиннидга қарши айблов нутқи ёзганини айтади. Жавобан Филострат айтадики: “Мабодо шу нутқингни унинг ҳаётлик пайти ёзганингда, ҳар не таҳсинимга лойиқ бўлардинг. Чин эран тирик мустабидни фош этмоғи керак, ўтганларни эса ҳар кас тепкилай олади”, — ҳақ гап, лекин начораки, айтишга осон, холос.

Дейлик, Элиан антик даврдаги шаҳар-давлатларда қонунларга юксак ҳурмат билан қаралгани, қонун ҳар недан устун билингани ҳақида ҳавас билан ёзадики, ўз даврида шу тамойилнинг бузилаётгани уни жиддий ташвишга солган ва... дарду армонларини юқоридагича йўсинда, кўпроқ антик юнон ҳаётидан олинган мисолларда ифода этган. Бир қайдида айтилишича, Исад исмли спарталик ўсмир қонунга кўра ҳали жанг қилишга ҳақли бўлмаса-да, гимнасиядан жанггоҳга қочиб боради ва мардона курашади. Спарталиклар уни жасорати учун гулчамбар билан тақдирлайдилар, айни чоқда қонунни бузгани учун жарима соладилар. Яна бир ўринда эса афиналиклар Аркадияга элчи қилиб юборган ҳайъат, вазифасини аъло даражада уддалаб келганига қарамай, аввалдан ўрнатилган тартибни бузгани учун қатл қилингани қайд этилади. Эҳтимол, қадим юнонларнинг бу ишлари ҳозирда оддийгина “ҳарфхўрлик” (буквоедство) ёки, хусусан, иккинчи ҳол ўта шафқатсизлик бўлиб кўринар. Балки, бунга асос ҳам бордир. Бироқ гап туб моҳиятда: қонуннинг ҳар недан устунлиги, ҳамманинг — насаби, давлати, кўрсатган хизмати, ... дан қатъий назар, — қонун олдида баробарлигида. Худди шу тамойил асосидаги жамият орзуси кишилик жамияти тонгида туғилган ва то ҳануз соғинч бўлиб яшайди, десак, муболаға эмаски, Элиан ўша соғинчни қонида судраб ўтиб бизга етказган ҳалқалардан биридир.

Элиан республика тузумини ёқлайди, республика анъаналарига путур етган замонда қадим Рим анъаналарини соғиниб яшайди. Бундай одам дилида, табиийки, мустабидликка қарши исён яшайди. Элиан ҳикоятлардан бирида Триз отлиғ тиран ҳақида сўз боради. У ҳокимиятига хавф туғилишидан қўрқиб, фуқароларига ўзаро гаплашишни таъкиқлайди — фуқаро юзу кўз ифодалари, имо-ишора билан мулоқот қилишга ўтади. Триз бундай мулоқотда ҳам ўзига нисбатан хавф кўради — таъқиқлайди. Шунда яккаҳоким истибдодига чидай олмаган бир фуқаро бозор майдонига келади-да, ҳўнг-ҳўнг йиғлайверади, зум ўтмай унинг ёнига бутун халқ келиб қўшилади, майдон ёш дарёсини оқизаверади. Тризга бунинг хабарини етказишгач, шунга-да чек қўйиш учун соқчилари билан майдонга шошади ва сабр косаси тўлган халқ қўлида ўлим топади. Асли, Триз — тўқима образ, тарихда бундай подшо ўтган эмас, у мустабидликка нафратини ифодалашни истаган адиб хаёлотининг маҳсули, холос. Бошқа бир қайдида Элиан муносабатини янада очиқрок ифодалайди, ёзадики: илоҳлар одамлар фойдасини кўзлаб мустабид ҳокимиятини иккинчи бўғиндан нари ўтмайдиган қилиб қўйган, ўтган даврлар мобайнида фақатгина учта мустабиднинг тахтига набиралари ворислик қила олган...

Элиан жамиятда фикрлар хилма-хиллиги бўлиши табиий ва зарур деб билади, бунинг исботи учун ибратли бир ҳикоят келтиради. Эмишки, Хиосда фуқаролар уруши натижасида анчагача бошбошдоқлик ҳукм суриб, энди бир томоннинг қўли баланд кела бошлаган пайтда мухолиф томон кишиларининг барини сургун қилиш масаласи ўртага қўйилади. Шунда ғолибларнинг давлат миқёсида фикрлай оладиган бир вакили: “Зинҳор бундай қилмаслигимиз лозим; ғалабадан сўнг ҳам маълум миқдор душманларни сақлаб қолмоқ керак, токи душман йўқлигидан ўзаро душманлашиб юрмайлик”,- дея огоҳлантиради. Албатта, хиослик, аввало, ўз фирқаси манфаатини кўзлайди, лекин айни шу нарса мувозанат гарови экани ҳам аён ҳақиқатдир. Мувозанатнинг яна бир омилини эса Элиан саховатда, ночорларга ёрдам беришда деб билади. Нақл қиладики: ҳамюртлари аянч аҳволда қолганини кўрган коринфлик бойлар — Теокл билан Трасонид, шунингдек, митилениялик Праксид уларга саховат кўрсатишга, қарзларидан кечишга чақирадилар. Гарчи бошқа бойларни кўндиролмасалар-да, ўз ҳақларидан кечдилар ва шу сабаблигина жонларини сақлаб қолдилар: қашшоқликдан тинкаси қуриган эл қўлга қурол олиб, бахил бойларни аёвсиз махв этди. Қизиқ эмасми, ахир, булар қадимдаёқ мағзи чақилган ҳикматлар, лекин, тарихнинг гувоҳлик беришича, авлодлар уларни қайта-қайтадан унутиб қўяверган: унутиш эвазига тўланган бадалнинг ҳисоби юритилганмикан?!..

Элиан инсонга хос қудрату ожизлик, фазилату иллатлардан нақл қилувчи кўплаб ибратли ҳикоятлар келтиради. У кишидаги камтарликни қадрлайди, кибру ҳаво, ҳадни билмаслик устидан кулади. Жумладан, сотиб олинган минг-минглаб сайроқи қушларга “Ганон — худо!” деган биргина калимани зўр бериб ўргатиб, уларни қўйиб юборсам шуҳратим дунёга ёйилади дея хомтама бўлган, пировардида аҳмоқ бўлиб қолаверган карфагенлик денгизчи; олам ҳукмдориман деб билган Искандар Демокритнинг асарларида минглаб оламлар бор деб ёзишини ўзига нисбатан ҳақорат санагани ҳақидаги нақлларда киноя, заҳарханда кулги барқ уриб туради. Қарангки, минглаб оламлардан биттасига-да тўлиқ эга бўлолмаган Искандар яна худолик даъвосини қилса?! Кулмай бўладими?! Элианнинг Искандарга хушламайроқ қараши шундан, чунки у — янги замон одами, яккахудолик қарор топаётган давр кишиси. Мана, яна шу мавзудаги ҳикоят мазмуни: Дорони енгиб Эронни фатҳ этгач, Искандар ортиқ ҳаволаниб кетди — инсон эмас, илоҳ эканлигига амин бўлиб қолди, — қўл остидаги халқлардан ўзини худо деб эълон қилишни талаб қилди. Албатта, бунга ҳар бир халқ ўзича муносабатда бўлди. Жумладан, лаконикаликлар бу талабга жавобан қарор чиқаришди: “Агарки Искандар худо бўлмоқни хоҳлаган экан, майли бўлақолсин!” Элианга кўра, лаконикаликлар бу қарори билан Искандарни мазаҳлаганлар. Тўғри-да, бандалар рухсати билан худо бўлиш кулгили эмасми?! Элиан инсон ақл-идрок билан тортилувчи ҳадни, инсонлигини ҳамиша ёдда тутмоғи лозим, деб билади. Ибрат учун энди Искандарнинг отаси — Филипп ҳаётидан нақл қилади. Эмишки, Херонея остонасида афиналикларни мағлуб этган Филипп ҳаддан ошиб кетиш хавфидан чўчиб қулларидан бирига алоҳида вазифа юклайди: қул ҳар куни эрталаб “Филипп, сен одамсан!” дея эслатиб турган. То қули шу калимани уч бора такрор айтмагунича, Филипп хос хонасидан чиқмаган ва кимсани яқинига йўлатмаган...

Ҳаққасти рост, ҳаддини, фоний дунёдаги ўрни, вазифасини тўғри идрок қилолган одам адашмайди. Албатта, Элиан бу гапларни бевосита айтмайди, лекин мазмун-моҳияти билан турфа ҳикоятларни келтириш орқали ўқувчисини шу хулосага бошлайди. Тўғри идрок этолганлардан бири ҳақидаги нақл мазмуни ҳам ғоят ибратли. Подшоҳ Антигон ўғлининг раият билан муносабатда ҳукмфармо ва жоҳиллигини сезиб қолди-да, насиҳат қилиб деди: “Наҳот билмасанг, болам, сен билан менга берилган ҳокимият — фахрли қуллик!” Яратган ва бандалари олдида ўз ўрни ва вазифасини тўғри англаш шудир...

... Элиан ҳикоятларини ўқиркан, улардаги сюжет мотивлари, образлар, ҳаётий ҳолатлар, ҳукм-хулосалар — бари Шарқни, халқ ижодию мумтоз адабиётни ёдга солаверади, илдизларнинг битта эканига, бари Одам сафий алайҳиссаломга боришига ич-ичингдан инониб бораверасан...

Эзоп. Басни. М.:Наука, 1964

Сўз санъатининг энг қадимги жанрларидан бири, шубҳасиз, масал бўлади. Масалнинг отаси саналмиш ярим афсонавий Эзопнинг милоддан аввалги VI асрда яшагани, мутахассисларнинг унга нисбат берилувчи айрим масаллар асли бундан-да қадимийроқ дея таъкидлашлари шундай дейиш учун етарли асос беради. Майли, буниси ўз йўлига, ҳайратланарлиси шуки, улар ҳамон аҳамиятини йўқотмаган. Ҳаётда — хоҳ уйда, хоҳ ишда ва хоҳ кўчада бот-бот шундай ҳолларга дуч келасанки, беихтиёр Эзоп масалларидан бири хаёлингга келади, уни айтиб бермоқ истаб қоласан...

... ҳаволаниш инсонга хос экан, начора. Иш билан бир идорага кирганимда, ёш бир бошлиқнинг шундоқ йўлакда отаси тенги одамга танбеҳ бераётгани устидан чиқдим: атрофдагилардан андиша қилиш қайда, аксинча, уларнинг борлиги қўшимча завқ бераётгандек, оқсоч бошнинг эгилиб туриши, йўқ, борган сари гўё кўксига сингиб бораётгандек бўлгани... унга нашъа қилаётган каби. Хаёлимга Эзопнинг масали келди:

“Бўри уйни ёнлаб ўтиб бораётганди, томда юрган эчки уни бўралаб сўкишга тушди. Бўри унга қараб деди: “Хомтама бўлма, биродар, мени сўкаётган сен эмас — турган жойинг!”

Эҳтимол, бу масал буткул бошқа ҳаётий ҳолат тақозоси билан тўқилгандир, лекин айни вазиятда хаёлимга келгани шу бўлди. Негаки, беихтиёр масал билан ҳолат орасидаги аналогиялар хаёлимдан чақиндай ўтди. Ва хаёлга эрк бердим: балки, ёш раҳбар ўзидан каттароқ раҳбарлардан гула кўтараётгандир, балки, ўзи ҳам каттароқ идоралар йўлакларида шўрлик “бўри”га айланар. Яна ким билади? Аниқ биладиганимиз шуки, эчки тоабад томда қололмайди. Қизиғи, буни ҳамма билади, тан олади, лекин амалга келганда... таассуфки, башарият минг йиллар давомида тўплаган билиму тажрибалар йўқдек, аксар, Ғаззолий ҳазратлари айтмоқчи, устига китоб юкланган эшак мисоли тутамиз ўзимизни. Сизга қандай билмайман-у, ўша оқсоч кишининг бош эгиб туриши инсониятга, демакки, менга ҳам ҳақоратдек туюлади. Лекин ўшанда ҳақоратни ичимга ютдим: кўп қатори кўникиб қолганимданми, ишнинг битишини ўйлабми, хуллас, “бўри” фалсафасига қўшилиб қўяқолдим. Кейин алам қилди: э-воҳ, “том”нинг сеҳри, қудрати шунчалар каттами? Шунчалар ожиз, шунчалар манфаатпарастманми? Нега шундай? Нега шунақамиз?.. — яна ҳафсаласизгина Эзопни варақлашга тушдим. Масаллардан бириси диққатимни тортди, ўзим излаган жавобни илғагандек бўлдим:

“Қўзичоқ бўридан қочиб ибодатхонага кириб олди. Бўри уни қайтиб чиқишга ундаб деди: “Ахир, коҳиннинг қўлига тушсанг худоларга қурбонлик бўлиб кетасан-а!” Қўзичоқ деди: “Оқибати бир экан, сенга ем бўлгандан худоларга ем бўлганим авло!”

Ҳа, бежиз “илғагандек бўлдим” демадим, аввалига ўзимга ҳам жавоб узоқдек, “қулоғидан тортиб”гина ҳолатга яқинлаштирса бўладигандек кўринди. Ахир, қўзичоқ қаршисида танлов зарурати аниқ бир ҳолатда юзага келган, бу тамом бошқа нарса эмасми?! Эҳтимол, бироқ қўзичоқ фалсафасининг мағзи бутун, уни чақсанг кўп нарса ойдинлашадигандек. Тўғри, ҳаммамиз ҳам “ўлим ҳақ” деймиз, балки, масалдаги каби икки хил ўлимдан бирини танлаш зарурати юзага келса, қўзичоқ йўлини тутармиз ҳам. Лекин гап бунда эмас. Инсонга хос бир хусусият шуки, “ўлим ҳақ” деганида аксар умуман ўлимни кўзда тутади — ўз ўлимини эмас. Акс ҳолда, дунёга келишимиз ўлим сари ташланган қадам экан, инсон умрини тўласича “қўзичоқ ҳолати” деб билмасмидик?! Агар ўлим ҳар сония “қошу қабоғимиз ўртасида” турганини шунчаки билиб эмас, ҳис қилиб яшаганимизда, инсонлик шаънини қадрлаб ўтган бўлмасмидик?! Инсон умрининг фонийлиги, ўлимнинг “неъмат” эканлиги шунда эмасми?!..

Эзоп масалларини ўқиганда, кундалик ҳаётда норозиланиб юрган нарсаларнинг кўпига ўзимиз сабаблигимиз, иллатларнинг илдизи ўзимизда экани ойдинлашиб қолаверади. Мана шундай масаллардан бири:

“Кунлардан бир кун бўри сурувдан олиб қочгани совлиқни ўнгариб уясига кетаётганди, шерга дуч келдию, ўлжасини олдириб қўйди. Бўри четроққа чиқиб хитоб қилди: “Ўлжамни тортиб олганинг адолатдан эмас!” Шер кулиб жавоб қилди: “Ўзинг-чи, ўзинг уни ҳалол қўлга киритибмидинг ё оғайнингдан совғага олганмидинг-а?!”

Қизиқ эмасми, биз адолатни кўпроқ ўзимиз адолатсизликка учраганда эслаймиз: ҳаққимизни талаб қиламиз, қонундан ҳимоя излаймиз, адолат ҳақида ҳаяжонга тўлиб сўз юритамиз. Ҳолбуки, ўзимиз адолатдан чекинган, қонунга унчалик расо келмайдиган иш тутган чоғимиз адолату қонунни суриштириб ҳам ўтирмаймиз. Натижа эса маълум: иллат иллатни чақиради, чўпдан хадик олиб, тилимиз қисиқ ҳолда яшайверамиз. Қанча ачинмайин, ҳалиги оқсоч кишининг бошини хам қилиб туриши шундан эмасмикан, деган андиша келади хаёлга. Бечора тирикчилик ташвишида ҳар нега кўз юмиб, ўзини топташ учун асос яратиб қўйган бўлса не ажаб?! Мабодо шундай бўлса, бечоранинг ҳоли қуённикидан аъло эмас:

“Қуённи қувиб етган овчи ити гоҳ уни тишлаб, гоҳ ялаб-юлқаб ўйнай бошлади. Жони ҳиқилдоғига келган қуён зорланди: “Азизим, сен ё тишлашингни, ё ялаб-юлқашингни қўй, — менга дўст ё душманлигингни билайин!..”

Кимнингки хадиги чўпдан экан — ихтиёри қўлдан кетган, шу қуён мисоли бировлар қўлидаги бир қўғирчоқ. Шунақа бўлса, “шер”нинг мантиғига мувофиқ ҳаракат қилаётган ёш раҳбардан гинамизнинг асоси бўшашиб қолмайдими?! Ахир, унинг қилмиши бор йўғи оқибат экан-ку?! Эҳтимол, лекин бу нарса унинг хатти-ҳаракатини тушунтиради, холос, асло оқламайди. Оқсоч одамнинг айби нима, қаерда адашди? Нима десам экан, унинг айбини ҳозирда айбга санамайдиган бўлиб қолганмиз ҳисоби. Чунки у ҳам кўп қатори бир одам, тирикчилигу бола-чақа ташвишида турмуш юкини енгиллатай деб йўл излади, худди Эзоп масалидаги эшак каби:

“Устига туз ортилган эшак дарё кечувидан ўтаётиб тойиб кетди — сувга йиқилди. Туз сувда эриб кетиб, юк анча енгиллади, эшак бениҳоя севинди. Кейинги гал яна ўша жойдан ўтаётиб, эшак “сувга йиқилсам, юким енгиллашади, кейин туриб кетавераман”, деб ўйлади-да, атайин йиқилди. Иттифоқо, бу гал эшакка ювғич ортилган эди. Ювғич сувни шимиб олиб, юки оғирлашиб кетган эшак эпланолмай қолдию, сувга чўкиб ўлди”.

Эътибор беринг-а, эшак топган йўлнинг бир жозиб томони бор: биров атай қилдинг деёлмайдиган даражада нозик. Дарвоқе, негалигини билмайман-у, ўша оқсоч киши менда яхши одам тасаввурини қолдирди, эҳтимол, ачинганим учундир?! Буниси муҳим эмас, чалғиб кетдик... Ҳа, ўша одам ҳам ташвишлардан ариш учун йўл излаган. Излаганда ҳам ҳамма “яхши одам”лар сингари виждонни ортиқ қийнамайдиган, ўзини “жудай-ла расво эмасман-ку” дея овутиб юрса бўладиган йўл излаган. Аввалига-ку шундай йўлни топган, лекин оқим кучли эмасми, эпланолмай қолиб измини тўла оқимга бериб қўйган. Шўрлик нафс йўлида нафсни — шахсини ўлдириб қўйиб, ҳозирги аҳволига тушиб турибди. Энди у шундай, тирикчилик ташвишида сиртдангина “яхши одам” бўлиб ўтаверади ва кун келиб умрини Эзоп масалидаги пашша мисоли тугатади:

“Пашша шўрва солинган косага тушиб қолди-ю, чўкаётиб ўз-ўзига сўзланди: “Нима қипти, едим, ичдим, чўмилдим — энди ўлсам-да армоним йўқ!”

Ўзини алдаб ўрганиб қолган эмасми, шўрлик, сўнгги дамда ҳам алдайди: ЯШАДИММИ деган саволни қўймайди, қўёлмайди...

... машҳур филолог олим А.Потебня маърузаларида адабиётнинг, бадиий образнинг моҳиятини соддароқ йўсинда тушунтириш учун масални танлаган. У айтадики, масалнинг мўъжаз воқеаси ҳаётда биз дуч келадиган муаммоларнинг соддагина ечими экан. Ногоҳ шоҳид бўлганимиз бир неча дақиқалик ҳаётий ҳолат баҳона шунча гапни тўкдикки, олим ҳаққа ўхшайди. Менга қолса, бошқа китоблар қатори Эзоп масаллари ҳам ҳар кимнинг иш столида турсин, деган бўлардим.

 
 
Сайт создан в системе uCoz