ПОСТМОДЕРНИЗМ

Sayt yangilandi yanvar , 2010

ПОСТМОДЕРНИЗМ (фр. postmodernisme – модернизмдан кейинги) – ўтган асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб адабиёт ва санъатда, умуман, ижтимоий-гуманитар соҳаларда кузатила бошлаган оқим, ижодий метод. Француз постструктурализмининг деконструкция (Ж.Деррида), постфрейдизмнинг “шизоанализ” ва “онгсизлик тили” (Лакан, Ж.Делёз, Ф.Гаттари) таълимотлари ҳамда семиотикадаги киноявийлик концепцияси (У.Эко) П.нинг фалсафий асосини ташкил қилади. П.нинг юзага келиш вақти, ўзига хослиги масаласида турлича фикрлар мавжуд. Айрим мутахассислар П. 40-йилларда, Ж.Жойснинг “Финнеган маъракаси” (1939) асари билан бошланган деса, бошқалари ўтган асрнинг ўрталарини, яна бир хиллари 70 – 80-йилларини кўрсатадилар. Ҳолбуки, П. термини анча аввал пайдо бўлган: илк бор П.Винницнинг “Европа маданияти инқирози”(1917) асарида ишлатилган бўлса, Тойнбининг “Тарихни ўрганиш”(1947) асарида термин культурологик маънода, жаҳон маданиятида европоцентризмнинг барҳам топиши маъносида қўлланади. Адабиётшуносликда ҳам П. термини ХХ асрнинг 20-йилларданоқ ишлатилган бўлиб, у адабий жараёндаги модернизмга акс таъсир ҳодисаларини, 60 – 70-йиллар америка адабий танқидчилигида эса ультрамодернистик ижодий тажрибаларни англатган. Терминнинг кенг оммалашиши Ч.Женкс номи билан боғлиқ: у ўзининг “Постмодернистик меъморлик тили”(1977) асарида П.ни неоавангардга хос экстремизм ва нигилизмдан чекиниш, қисман анъаналарга қайтиш маъносида қўллайди. Аслида, П. терминига турли вақтларда берилган таърифларнинг ҳар бири ўзида ҳодисанинг бир қиррасини мужассам этадики, бу маъно ўзгаришлари, маълум даражада, П.нинг шаклланиш жараёнини акс эттиради. Аввало шуни қайд этиш лозимки, модернизм билан П. муносабати масаласида ҳам фикрлар турлича: П.га модернизм тараққиётидаги бир босқич сифатида қараш ҳам, уни модернизмга акс таъсир сифатида майдонга чиққан янги ҳодиса деб билиш ҳам, эскирган бадиий шакллардан янгиларига ўтиш даври ҳодисаси деб ҳисоблаш ҳам бор. Шунга қарамай, ўтган асрнинг сўнгги чорагидан П.нинг модернизмдан жиддий фарқланувчи ҳодиса эканлиги тобора ошкор кўзга ташланиб, табиийки, у ҳақдаги шунга мос қарашлар ҳам устуворлик касб этиб борди. Ҳозирги адабиётшуносликда бу икки ҳодисанинг жиддий фарқланиши эътироф этиладики, фарқлардан айримларини кўрсатиб ўтиш мақсадга мувофиқ:

 

Модернизм						Постмодернизм
	
Янги адабиёт ва санъатни яратиш даъвоси, &  Анъаналарни ўзига сингдириш 
анъаналарни инкор қилиш				ва уларга киноявий муносабатда бўлиш 						
	 	     
Оламни хаос деб билиш, ундан қочиш &	Хаос деб билинган оламни қабул қилиш, 
Гўзалликни реалликдан ташқаридан излаш	   уни ўйин тариқасида ўзлаштириш  
						Гўзалликни реалликдан излаш 
												
Антропоцентрик гуманизм: инсонга муҳаббат & Универсал гуманизм, унинг объекти жами 
                                            тирик мавжудот, табиат, коинот – бутун ОЛАМ 

Маданиятда европоцентризм, Европа        &      Шарқ, Лотин Америкаси, Африка, Океания 
халқлари маданиятини умумбашарий маданият   халқлари маданиятига кучли қизиқиш,
асоси деб билиш            		барча маданиятларни қиммат жиҳатидан 
								тенг билиш
														          
 
Элитар санъат	 &         Элитар ва оммавий санъат орасида чегаранинг йўқолиши, 
					асарда элита ва оммага мўлжалланган 
					қатламлар мавжуд бўлиши – иккиёқлама кодлаштириш
    



Семантика, мазмун муҳим	& Риторика, мазмунни етказиш шакли муҳим

Жанрлар, улар орасида аниқ &   Жанрлар мутацияси 
чегаралар мавжуд	     


Ижодий жараённинг натижаси –  тугал &   Ижодий жараённинг ўзи муҳим 
асар муҳим 	          

Ижодни индивидуал ҳодиса      &       Ижодда индивид ролини инкор қилиш,
деб билиш, ижодкор фаоллигини               “муаллиф ўлими”  концепцияси
ва унинг мазмунни шакллантирувчи 
марказ эканини эътироф этиш 	          
ва бошқалар
	

П. назариётчиларига кўра, “П. асри” ҳисобланмиш 70 – 80-йиллардан олам манзараси тамом ўзгарган, аввалгилардан фарқли шарт-шароитлар юзага келган. Жумладан, электрон ахборот воситалари, хусусан, телевидение ва Интернет тармоғининг ривожланиши маданиятларнинг ажиб қоришувига олиб келдики, турмуш тарзи ва маданиятдаги эклектиклик санъат ва адабиётда ҳам шунга мос эклектикликни келтириб чиқаради. Хусусан, адабиёт ва санъатда европоцентризм, этноцентризмнинг емирилиши, турли санъат “тил”ларининг қоришиб кетиши айни шу ҳол натижаси деб қаралади. Мазкур ҳолнинг яна бир омили сифатида оммавий дидсизлашиш кўрсатилади. Яъни бадиий дид ўтмаслашган, бадиий асар қиммати унинг қанча фойда келтиргани билан ўлчанадиган шароит адабиёт ва санъатдаги турли, ҳатто бир-бирига зид тамойилу услубларнинг қоришувига изн беради. Бу эса анъанавий бадиият мезонларини емиради, ҳақиқий санъат билан оммавий санъат орасидаги фарқни йўқотиб, санъатнинг дизайнлашувига олиб келадики, бундай санъатнинг ўзи бадиий дидни ўтмаслаштиради. П. назариётчилари нафақат реализм, балки умуман анъанавий санъат оламни тушуниш ва тушунтиришга интилган, шу мақсадга қаратилган “метаривоятлар”ни яратган деб биладилар. Бундан фарқли ўлароқ, П. оламни тушунтириш, у ҳақда яхлит тасаввур ҳосил қилиш, инсоннинг олам ва ундаги ўз ўрнини англашга қаратилган ҳар қандай ҳаракатни бекор ҳисоблайди ва “метаривоятлар” ўрнига “кичик ҳикоятлар”ни, яъни олам ҳақида умумий эмас, балки фрагментлар тарзидаги узуқ-юлуқ “ривоя”ни тақдим этади. Зеро, П.га кўра, оламнинг мавжуд қиёфатида фақат фрагментларгагина ишониш мумкин. Айрим мутахассислар айни шу жиҳатни П.ни модернизмдан фарқловчи муҳим хусусият сифатида кўрсатишади. Уларнинг фикрича, воқеликни бадиий идрок этиш мумкинлигини инкор қилгани ҳолда, модернизм унинг бадиий моделини яратадики, ҳақиқатда бу модель анъанавий санъат яратувчи “метаривоят”нинг муқобилидир. Яъни модернист санъаткор барибир ўзи англаган ҳақиқатни ифода этишга интилади, демак, унинг асари муайян ижодий ният асосида шакллантирилган концепциядир. Аксинча, П. учун бадиий асар ижодий ният ижросининг натижаси, яъни олдиндан белгиланган ният асосидаги ижодий жараён маҳсули эмас, балки унинг ўзи жараёндир. Натижада мазмун энди асардан ташқаридаги воқелик билан боғлиқ “объектив миф” эмас, балки пароканда оламда иҳоталаниб яшаётган индивиднинг шахсий таассуротларигина бўлиб қолади. Шу тариқа П. анъанавий маданият асосида ётувчи “логоцентризм”ни инкор қилади. Модомики, асосда маъни (логос) турмас экан, демак, уни шакллантираётган субъект – муаллифнинг фаол мазмунни шакллантирувчилик роли ҳам аҳамиятини йўқотади. П.га кўра, муаллифлик масаласининг актуаллашуви янги давр – XVIII асрдан бошланган бўлиб, бу шахс мақомининг ўзгариши, рационализмга хос инсон дунёни ўзгартира олади деган ишонч натижаси эди. Эндиликда, бу ишончга путур етган бир шароитда, бетартиб ва пароканда оламда инсон ўз ўрнини йўқотгани каби, адабиётда субъектнинг роли ҳам йўқолиши муқаррардир. Бундай қараш, биринчидан, “муаллиф ўлими” концепциясини келтириб чиқаради, иккинчидан, ижодни шахснинг мақсадли йўналтирилган яратувчилик фаолияти эмас, моҳиятан коллектив ижод бўлган “интертекстуал ўйин” сифатида тушунишга олиб келади.

П. ўта мураккаб, серқирра ва зиддиятли, муҳими, фаол ҳаракатдаги ҳодисадирки, у ҳақдаги мавжуд фикрлар тўлиқлик ва тугаллик даъвосини қилолмайди. Юқоридагилар П. ҳақида мутахассислар билдирган турлича фикрларни умумлаштириб, мухтасар ифодалашга бир уриниш холос. Ҳозирги ўзбек адабиётида П.га хос айрим белгилар (мас., киноявий модус, интертекстуал ўйин) модернизмга хос хусусиятлар билан қоришиқ ҳолда зуҳур қилаётгани ҳам бор гап. Бироқ ўзбек адабиётшунослигида хали бу масалани тадқиқ этиш деярли бошланмади, уни атрофлича ўрганиш ҳануз эртанинг вазифаси бўлиб қолмоқда.

 
 
Сайт создан в системе uCoz