МОДЕРНИЗМ

Sayt yangilandi yanvar , 2010

МОДЕРНИЗМ (фр. moderne – энг янги, замонавий) – XIX аср охири – XX аср бошларида оммалашган термин, санъат ва адабиётда декадансдан кейин майдонга чиққан нореалистик оқимларнинг умумий номи сифатида тушунилади. Табиийки, адабиёт ва санъатда кенг тарқалган мазкур ҳодиса бўш жойда пайдо бўлган эмас, унинг куртаклари аввалдан мавжуд эди. Жумладан, илгарироқ вужудга келган “санъат восита эмас – мақсад”, “санъат – ўзни ифодалаш”, “соф санъат” қабилидаги назарий қарашлар, барокко доирасида саналувчи маньеризм, гонгоризм, прециоз адабиёт намояндаларининг ижод амалиётида М.га хос жиҳатларни кузатиш мумкин. Аслида, адабий жараёнда ҳаётни бадиий акс эттириш принциплари (реалистик ва нореалистик), адабиётнинг моҳияти, билиш имконлари, вазифаси ва ш.к. масалаларда зиддиятли қарашлар азалдан мавжуд бўлгани эътиборга олинса, М. куртакларини жуда қадим замонлардан ҳам топиш мумкин бўлади. Яъни М.га реалистик ва нореалистик йўналишлар орасидаги зиддиятнинг муайян ижтимоий-тарихий шароитда қуюқлашиб, кескин намоён бўлиши, янгиланган назарий асосларга эга бўлиши ва оммалашиши сифатида қараш мумкин. М. ўтган аср охирларидан бошлаб майдонга чиққан, ижодий дастурлари ва ижод амалиёти жиҳатидан турли-туман адабий мактаб ва йўналишлар (экспрессионизм, импрессионизм, символизм, акмеизм ва б.) ўзига асос билган эстетик тизим, ижодий метод сифатида тушунилади. М. доирасидаги мактаб ва оқимлар нечоғли турфа бўлмасин, уларни умумлаштирувчи қатор нуқталар мавжуд. Аввало, дунёқараш жиҳатидан улар нафақат ХIХ асрда оммалашган позитивизм, балки асрлар давомида шаклланган анъанавий христиан дунёқарашидан ҳам деярли узилиб, Ф.Ницше, З.Фрейд, А.Бергсон, У.Жеймс каби мутафаккирлар қарашларидан озиқланади. Шунга мос тарзда М. йўналишидаги мактаб ва оқимларнинг аксарияти адабий-маданий анъаналарни ҳам турли даражада инкор қилади ва янги даврга мос янги адабиёт яратиш даъвосини олға суради. Янги адабиёт воқеликни реалистик тасвирлашдан воз кечиб, уни идрок қилиш мумкин эмас деб билади, инсоннинг ҳиссий билиш имконидан ташқаридаги моҳиятга интуитив тарзда яқинлашишни кўзлайди (қ. символизм); воқеликда сабаб-натижа асосидаги тартибот мавжудлигини қабул қилмайди (қ. абсурд), унда воқелик гоҳ бирдан пайдо бўлган оний таассуротлар йиғиндиси (қ. импрессионизм), гоҳ таниб бўлмас даражада ўзгарган, тасодиф ва ғаройиботга тўла макон (қ. сюрреализм) сифатида аксланади. М.га хос умумий хусусиятлардан бири шуки, у объектив воқеликнинг тасвири ўрнига унинг ижодкор тасаввуридаги бадиий моделини яратишни мақсад қилади. Яъни бу ўринда воқеликни акс эттириш эмас, ижодкорнинг ўз-ўзини ифодалаши (қ. экспрессионизм) устувор аҳамият касб этади. Ижодда субъективликнинг олдинги ўринга чиқарилиши, мантиқий билишдан интиутив билишнинг юқори қўйилиши, инсон ички оламида кечувчи тизгинсиз эврилишларга айрича эътибор берилиши (қ. онг оқими), ижодкор шахс ижодий тахайюли ва у акс эттирган воқеликнинг бетакрор ҳодиса сифатида тушунилиши, ўз ўй-ҳисларини ҳеч қандай (маънавий, ахлоқий, сиёсий ва ҳ.) чекловларсиз ифодалаш ҳуқуқининг эътироф этилиши ҳам М.га хос хусусиятлардандир. Ижодий эркинлик нафақат ғоявий-мазмуний, балки шаклий изланишларда ҳам мутлақо дахлсиз. М. асрлар давомида шаклланган адабий канонларни инкор қилади ва ҳар қандай нормативликка қарши (қ. футуризм) туради. Бу ҳол М.даги бадиий образ структураси, асарнинг субъектив ва объектив ташкилланиши, баён тарзи, сюжет-композицион қурилиши, тил хусусиятлари – хуллас, адабий асарнинг барча сатҳларида шаклий ўзига хосликларни юзага келтиради.

М. ўз ичига санъатнинг моҳияти ва мавжудлиги ҳақида бир-биридан жиддий фарқланувчи қарашларга асосланган ва, айни чоғда, қатор муштарак жиҳатларга эга турфа оқим ва мактабларни бирлаштирган фалсафий-эстетик ҳодиса бўлиб, у ХХ аср адабиёти ва санъатида чуқур из қолдирди. У кўплаб улуғ адиблар (мас., Ф.Кафка, Ж.Жойс ва б.) таянган ижодий тамойилларни белгиладигина эмас, яхлит олганда реализм мавқеида турган қатор адиблар (М.Пруст, В.Вулф) ижодий йўсинига ҳам жиддий таъсир кўрсатди. Шу ўринда М.га берилган таърифларнинг фарқли экани, унинг юзага келиш вақти, даврлаштирилиши каби масалаларда билдирилган фикрларда жиддий тафовутлар борлиги, ниҳоят, унга муносабатнинг турлича эканлигини ҳам таъкидлаб ўтмоқ жоиз. Жумладан, шўро даври адабиётшунослигида М.га салбий ҳодиса деб қаралди, буржуа мафкурасининг хизматчиси, капиталистик турмуш тарзи, ахлоқсизлик, индивидуализм ва ш.к. иллатларни тарғиб қилувчи адабий ҳодиса сифатида баҳоланди. Албатта, бу хил айбловларни буткул асоссиз дейиш ҳам адолатдан эмас. Бироқ шўро империясидан ташқаридаги жуда катта ҳудудга ёйилган, кўплаб мутараққий халқларнинг энг ёрқин истеъдодларини ўзига жалб этиб, адабиёт ва санъатига кучли таъсир ўтказган ҳодисани бундай бирёқлама баҳолаш “мағзавага қўшиб чақалоқни ҳам тўкиб юбориш”нинг айни ўзи эди. Зеро, адабиёт тарихи реалистик ва нореалистик ижодий тамойиллар орасидаги кураш жараёни, айни чоғда, уларнинг бир-бирини тўлдириш, бойитиш жараёни ҳам бўлганини кўрсатади. Ҳатто, шўроларнинг мафкуравий иҳотаси ҳам бу табиий жараённинг кечишини батамом йўқ қилишга ожиз эди. Хусусан, рус адабиётида инқилобгача мавжуд бўлган М. адабиёти анъаналарининг таъсири шўро даврида ҳам қатор ижодкорлар асарларида сақланиб қолди; хориждаги рус адабиёти, шўро даври берган имкон даражасидаги Ғарб адабиётидаги янгиликлардан хабардорлик ҳам беиз кетмади. Бундан ташқари, шўро давлати таркибига 40-йилларда қўшилган Болтиқбўйи халқлари адабиёти, иккинчи жаҳон урушидан кейин социалистик лагерни ташкил қилган ва ўзида демократик тамойилларни бир қадар сақлаб қололган мамлакатлар адабиётлари билан алоқалар шўро адабиётининг М. адабиётидан буткул узилиб қолишига имкон бермади. Шу омиллар натижаси ўлароқ, 80-йилларга келиб ўзбек адабиётида М. га хос айрим хусусиятлар бавосита ижодий ўзлаштирила бошлангани (М.М.Дўст, А.Аъзам, О.Мухтор, Ғ.Ҳотам ва б.), 90-йиллардан кейин эса кўпроқ модерн йўналишида ижод қилувчи қатор ёшлар (Н.Эшонқул, Т.Рустам, Б.Рўзимуҳаммад, Фахриёр ва б.) майдонга чиққани кузатилади. Ҳозирча ўзбек адабиётшунослигида мазкур ҳодисани ўрганиш “маъқуллаш – инкор қилиш” тарзидаги баҳслар доирасидан чиққанича йўқ, уни фундаментал асосда тадқиқ этиш эртанинг вазифаси бўлиб қолмоқда.

 
 
Сайт создан в системе uCoz