Кулги зимнидаги жиддият
Сир эмас, ҳозирда Ғафур Ғулом номи тилга олинсаёқ хаёлимизга унинг шўро ёзувчиси эканлиги, шеърларида шўрони куйлагани келади — хафсаламиз совигандек бўлади. Бугун, юбилей баҳона адибнинг асарларини қайта варақларкан, беихтиёр “кейинги йилларда қарор топган бу хил муносабат адолатдан йироқроқ тушмайдими” деган андиша туғилади...
Ғафур Ғуломнинг кенг оммага маълум ва суюк қиссаси —“Шум бола”га ҳозирда кўпроқ саргузашт асар, кулги асари деб қараймиз. Ҳа, чиндан ҳам Шум боланинг турфа хангомаларга бой саргузашти, ундаги ичакузди ҳолатлар шундай ўйлашимизга асос берар. Бироқ, эътибор қилинса, адибнинг кулгиси, саргузаштли сюжет ботинида унинг замонаси ҳақидаги анчагина жиддий ўй-фикрлари, таҳлилий мулоҳазалари ётганини ҳам кўришимиз мумкин бўлади.
Маълумки, Шум бола ҳикоясини ўзи ўсган муҳит билан таништиришдан (шу ўринда бир шартни қабул қилайлик: бу, аслида, ўсмирлик пайтидаги ҳаётнинг адиб хотирасида тикланган энг муҳим нуқталаридир) бошлайди. Шум боланинг айтишича, унинг сингари “бозорда санқиб юрган дайди болалар учун қувончли эрмаклардан бири бозор, маҳалла, кўча-кўй жиннилари эди. Ўша йиллари Тошкентда шунақа ҳам жинни кўп эдики, санаб саноғига етолмайсиз”. Жинниларнинг феъл-атворидаги кулгили ҳолатларни ҳикоя қиларкан Шум бола уларнинг фоже тақдирига оид тафсилотларга ҳам тўхталади. Хусусан, шулардан бири — Карим жинни “илгари бўзчи ўтган экан, чит кўпайиб кетгандан кейин бўз ўтмай қолиб, бозори касодга учраб, бола-чақасини боқолмай, жинни бўлиб қолибди”. Ёки, шунга ўхшаш, эл ичида “Майрамхон” дея эркаланган Маматрайим “эскидан чилангар экан <...> Темир-терсак асбоблар заводдан чиқа бошлагандан кейин Майрамхон синиб, жинни бўлиб қолган экан”. Назаримизда, шу ўринда ўқувчи қисса воқелигига иккита нигоҳ орқали қараш имконига эга бўлади: кулгили тафсилотлар ўспирин ҳикоячига, шўрликларнинг фоже тақдири ҳақидаги маълумотлар адибга тегишлидек таассурот туғилади. Бошқача айтсак, Шум бола нигоҳи билан ўсмирлик даврини кузатаркан адиб унга таҳлилий назар ташлайди, фожеалар илдизини очиб беришга интилади.
Дарҳақиқат, Туркистон Чор Россиясининг бозорига айлангач, маҳаллий ҳунарманд-косибларнинг маҳсулотлари завод-фабрика маҳсулотлари билан рақобат қилолмай қолди. Табиийки, мустамлака шароитида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар манфаатларини ҳимоя қилиш имкониятлари мавжуд эмас, бу эса мазкур иқтисодий-ижтимоий тангликни янада кучайтиради. Натижада асрлар давомида шаклланган турмуш мароми издан чиқдики, бу нарса давр кишилари руҳиятида чуқур ва оғриқли из қолдириши муқаррар эди. Ғафур Ғулом талқинида Карим жинни, Майрамхонлар шу хил ижтимоий ҳолатнинг алайно-ошкор қурбонлари сифатида бўй кўрсатади.
Шуниси ҳам борки, адиб талқинида мавжуд шароитнинг таъсир доираси анчайин кенг бўлиб, у асло битта-иккита жинни билан чекланмайди. Жумладан, Шум бола ўзи ва ўртоқлари ҳақида айтади: “эртадан кеч кўча чангитиб, ҳамманинг жонига тегиб, кампирлардан қарғиш эшитиб, ўспиринлардан калтак еб, сандироқлаб юрадиган увин-тўда бекорчи болалармиз”. Кўрамизки, ҳадемай мустақил ҳаётга қадам қўйиши ва ҳозирдан шунга тайёрланиши лозим бўлган 14-17 ёшли ўсмирлар бекорчиликка маҳкум. Сабаби оталарининг “кўпчилиги майда косиблар <...> бўлганликлари учун уларнинг қўлидан ҳунарларини олиб ёки уларнинг ёнига кўмакчи бўлиб тушиш бизга тўғри келмас эди. Оталаримизнинг ўзига иш топилмаганда, бизга иш қаёқда дейсиз?” Яъни, Шум бола ва унинг тенг-тўшларига эртанги истиқбол кўринмайди. Эътиборли жиҳати шундаки, бу ўсмирлар асло дангаса эмас. Аксинча, уларнинг бари бирон ишнинг бошини тутиш, ҳалол меҳнат билан бир нима орттириш, оиласига кўмаклашиш — хуллас, ҳаётда ўз ўрнини топиш орзуси билан яшайди. Бироқ мавжуд шароит бунга имкон бермайди.
Яхши биласизки, ишсизликнинг кўпайиши — инсоннинг қадрини туширади, уни энг арзон товарга айлантиради. Натижада уларнинг топиш тутишларида муқимлик йўқ, топган ишлари тасодифий ва ё муваққат, ишлаб топганлари қоринларидан ортмайди. Қиссадаги айрим ўринларни эслаб кўрайлик: Шум бола Сарибойга ойига “хом пишиқ аралаш икки пуд ўн етти қадоқ олма” бадалига ёлланади. Бир ойу ўн тўққиз кун ишлагани эвазига олинган олмани олти ярим тангага пуллайди. Ёки Хожибобо такясидаги хизмати учун ойига бир сўмдан ҳақ олади. Омон Шум бола билан илк бора учрашганида мардикорчилик билан “мирикам икки танга” (ўттиз беш тийин) орттирган бўлса, кейин “бир йилга икки тўқлию бир эчки” бадалига чўпонликка ёлланадики, буни пулга айлантирса тахминан ўн беш сўмларни ташкил қилади. Кўрамизки, қуюқ-суюқ ёвғонини чиқариб ташланса, бир ойлик иш ҳақи ўртача бир сўм-бир сўм йигирма тийинни (кунига ўртача 4-5 тийин) ташкил қилади. Дарвоқе, қиссанинг қирқдан ортиқ ўрнида нарх-наво ҳақида маълумот берилгани ҳам бежиз эмасга ўхшайдики, улардан айримларини келтириб ўтамиз:
“иккита қовоқ солган зоғора” — бир пақир(икки тийин)
“битта оби нон” — бир пақир
“бир хурмача қатиқ” — бир пақир
“бир газ арзон чит” — саккиз ярим пақир
“бир кеча тунаш учун” — ярим танга (ўн тийин)
“ярим қадоқ пашмак ҳолва” — уч пақир
“бир товоқ уврали ош” — тўққиз пул (уч тийин)
“ярим қаймоқдон қаймоқ” — беш тийин
“бир қадоқ шам” — бир мири (беш тийин) ва ҳоказо.
Албатта, бу маълумотларни ҳужжатли аниқликка эга деёлмаймиз, бироқ ёзувчи иш ҳақи ва нарх-наво нисбатини келтириш орқали халқнинг иқтисодий жиҳатдан нечоғли ночор аҳволдалигини кўрсатмоқчи экани шубҳасиздир. Жумладан, Шум бола олти ярим танга(қарийб бир ойлик иш ҳақи!)га дўппи сотиб оларкан: “бозордаги шўрлик хотин-қизларга ачинган эдим. Ҳафталаб меҳнат, таг, ипак пули, бозор машаққати, инжу қадалгандай нозик санъат баҳоси эса олти ярим танга. Нимаям бера қоларди?” - дейди. Дўппидўз қиз эса ҳафтада онаси билан “каллаи саҳардан қора шомгача қатим отиб аранг иккита, учта дўппи тайёрлаш”ларини айтади. Агар таг билан ипак пули чиқариб ташланса, бозор бу оғир меҳнатни қандай баҳолаётгани кўринади. Тўғри, бу ҳол Шум болага бориб турган адолатсизлик бўлиб туюлади. Бироқ, начораки, бу нарх ўзида дўппидўз қизнинг бир ҳафталик меҳнати баҳосинигина эмас, харидорларнинг ожиз имкониятларини ҳам ифода этади. Зеро, бозор — иқтисодий ҳаёт барометри, унда халқнинг иқтисодий ҳолати кўзгудагидек акс этади. Шу боис ҳам қиссада бозор, ундаги савдо-сотиқ тасвирига қайта-қайта дуч келамиз (бизнингча, айни шу нуқталар тасвирида кўпроқ адибнинг таҳлилий нигоҳи сезилади). Шум боланинг фикрича, расталар ичида “таърифи етти иқлимга кетгани” — “Бит бозор” деб ном олган эски-туски бозори. Бу ерда истаган нарса топилади: “салдоти шим дейсизми, пойма-пой сағри кавуш дейсизми, бирор етти йилгина кийилган, асли матои нима эканлиги маълум бўлмаган гуппи дейсизми, Маллахон замонидан қолган мурсак дейсизми...” Модомики эски-туски бозори авжида экан, бу — халқнинг қашшоқлашаётганидан нишона: сабаби тирикчилик важҳидан бу матахларни бозорга чиқараётганлар ҳам, қўли қисқалигидан фақат шунда харид қилишга қодир кишилар ҳам етарли. Дарвоқе, Шум бола билан Омон айни шу “бит бозор”да “ота касбини ўзгартириб, лахтакфурушлик қилиб юрган” ўртоқлари Ҳуснибийни учратишади. Ҳуснибийнинг уларнинг олдида бироз мақтаниброқ айтишича, ишлари яхши кетаётир, чунки “лахтакларнинг харидори кўп”. Сабаби: “бир газ арзон чит саккиз ярим пақир бўлгани учун бош-оёқ кўйлак-иштонни нуқул читдан қилиш кўп камбағалларга муяссар бўлмас эди. Шунинг учун улар кўйлак-иштонни бўздан қилиб, кўйлакнинг енг учини, иштоннинг почаларини — кўринадиган жойларини читдан қилишар эди”. Кейинроқ, бозорда учрашиб қолган бошқа бир ўртоғи Туроббой Шум болага “Ҳуснибийнинг лахтакфурушликдан сингани” хабарини етказади. Эътибор беринг: қиссанинг бошида “чит кўпайиб кетгандан кейин бўз ўтмай қолгани”, кейинроқ чит ўрнига лахтакнинг бозори чаққон бўлгани, ниҳоят, Ҳуснибийнинг “лахтакфурушликдан сингани” айтилади. Яъни, энди кўпчиликнинг лахтак сотиб олишга-да ҳоли келмайди, лахтак бозори-да касодга учради. Бир лахтак бозори эмас, “жаҳон уруши кундун-кунга кучайиб борганлиги учун молларга харидор кам: ҳамма бозор деярли касод”. Бозорга кирган Шум болада “бу бозорда мендан бошқа жазман харидор ҳам йўқ, нақд пул ҳам йўқ” деган таассурот ҳосил бўлиши ҳам шундан. Истеъмолчи оммада пул йўқлигидан бозорлар касод, “ҳамма бозор касод”лиги эса иқтисодий ҳаёт тўхтаганидан далолат, бунинг бор оғирлиги яна меҳнаткаш, косиб-ҳунарманд бошига тушади. Кўрамизки, адиб талқинида халқнинг иқтисодий аҳволи тобора оғирлашиб боради, ортиқ чидаш қийин бўлган, “йўғон чўзилиб, ингичка узиладиган” шароит юзага келади...
Хожибобо такясидаги кўкнориларнинг бир суҳбати “замонанинг бузуқлигидан, подшоларнинг нотинчлигидан, фуқаронинг бузилиб беҳаё бўлиб кетганлигидан, ор-номус барбод бўлиб, хотинлар, ёш болалар қўлдан қўлга мол бўлиб сотилаётганидан, хуллас калом, шариати Мустафонинг оёқ ости бўлиб назардан қолаётганлигидан...” нолиш билан якунланади. Тўғри, буни Шум бола бироз киноя билан ҳикоя қилади, боз устига, бу гаплар кўкнорилар тилидан айтилаётир. Эҳтимол шундандир, бу шикоятларни жиддий қабул қилишга мойил эмасмиз: улар сархуш кўкнориларнинг навбатдаги алаҳсирашидек туюлади бизга. Ҳолбуки, Ғ.Ғулом “Сўзчи ҳолин боқма, боқ сўз ҳолини, Кўрма ким дер ани, кўргилким не дер”(А.Навоий) ақидасича иш тутган, қиссада шу хил шикоятларга асос бергулик ҳолатларни тасвирлаган. Зеро, мавжуд шароит нафақат халқнинг иқтисодий аҳволига, маънавиятга-да салбий таъсир кўрсатиши шубҳасиздир.
Маълумки, қиссада тасвирланган давр Туркистонда капиталистик иқтисодий муносабатлар қарор топа бошлаган пайтга тўғри келади. Бунақа шароитда эса, тарихдан яхши маълум, жамиятда табақаланиш кучаяди: эвини қилолганлар ўта бойиб, эплана олмаганлар қашшоқлашиб боради. Янгича шароитга тез мослашганлар “янги бойлар” қатламини ташкил қиладики, уларда зеб-ҳашамга, дабдабага ўчлик кўрилади. Халқимиз бу хил феъл-атворни оддийгина қилиб “пул қутуртирган”, “кўрмаганнинг кўргани қурсин” тарзида изоҳласа-да, бу оддий иборалар ўзида ҳодисанинг ижтимоий-психологик асосларини мужассам этади. Гап шундаки, “янги бойлар” қўлга кирган катта давлатни худонинг бергани деб эмас, аввало, ўзларининг оқиллигию абжирлиги маҳсули деб билади. Бу эса уларда ўзларининг ўзгалардан устунлиги туйғусини пайдо қиладики, улар беихтиёр буни барчага тан олдириш, намойиш этиш пайидан бўладилар. Табиийки, шу туйғу исканжасига тушган, боз устига давлати туфайли қўли ҳар ерга етиб турган одам жамиятда мавжуд анъаналар, маънавий-ахлоқий меёрлар билан ҳар вақт ҳам ҳисоблашиб ўтирмайди. Хусусан, гавжум бозор ўртасидаги чойхонада ўтирган “баъзи бойваччаларнинг дастурхонида қорнига қалдирғоч сурати солинган, устига похолдан тўр тўқилган коньяклар” кўриниши бунинг ёрқин далилидир. Равшанки, ичкилик ҳаром ҳисобланган юртда бойваччаларнинг бу тарз намойишкорона ўтиришлари муддао ичишнинг ўзигина эмаслигини кўрсатади. Ёки айни шу бойваччалар ким ўзарга баслашиб Ойша сатанг сингариларга пишак берадиларки, улар: “пешонаму икки бетим, энгагимга ёпиштирилаверган ўн сўмлик тиллоларга тўлиб кетади”, дея ғурурланиб, мақтаниб юрадилар. Маънавий таназзул шунчаларки, бир пайтлар гуноҳу ор ҳисобланган ишлар энди намойишга, ғурур манбаига айланган. Эҳ-ҳе, бойваччалар ҳашаму дабдаба, ичкилик, қимор, фаҳшга совурган пуллар қанча?! Уларнинг атрофида юрган на еяр-ичари, на киярида маза йўқ юртдошлари, диндошлари қанча?!.. Дарвоқе, халқ “қорни тўқнинг қорни оч билан нима иши бор” дея билиб айтади. Бунинг ёрқин мисоли — Сарибой. Унинг боғида “олмалар пиши тўкилиб кетаётибди, хўжайиндан рухсатсиз теришга ҳеч ким ботина олмайди. Отларга ем-хашак йўқ, хизматкорлар оч...” Бой ота эса бу вақтда Юсуф контордан қиморга ютиб олган боғида, “дўндиққина қирғиз хотин”га уйланиб олган, бир кетганича “ўн-ўн беш кунлаб келмайди”. Сарибойнинг қўлига қарам хизматкорлар ҳолига бефарқлиги на исломий ва на башарий низомларга тўғри келади. Зеро, хизматкорларгина унинг олдида эмас, у ҳам хизматкорлар олдида бурчли. Бироқ Сарибой бу аён ҳақиқатни англашдан ожиз, пулнинг кучи уни ўзидан кетказган, ўзи мансуб тоифа кишилари сингари у ҳам ўзига эп кўрганки ишни қилишга ҳақлиман деб билади... Энг ёмони шуки, буларни ҳақ йўлга бошлаши лозим бўлган, умуман, миллат маънавияти учун масъул тоифанинг ўзи айниган: кечаги киссавур бошига саллани қўндириб “мурид овлайди”, эшон хазратлари ўсмир Шум болани ўғирликка ундайди, кўса эшон гавжум бозор ўртасида зулмни адл деб талқин қилади, таркидунёчилик даъвосидаги қаландарларнинг ёлғиз илинжи — пул; ислом фарзларини тўла адо этганларнинг бири — Хожибобо афюнфуруш, Раҳмат хожи — хотинини бозорга солиб бойвачча бўлган даюс... Албатта, бу ўринда “Ғ.Ғулом шўро адиби, шу боис бою руҳонийлар тасвирида қора бўёқларни қуюқлаштирган”, қабилидаги эътироз туғилиши мумкин. Агар шундай бўлса, жадид нашрларини варақлаб боқинг: маърифатпарвар боболаримиз ҳам айни шу иллатлар ҳақида бонг урганига амин бўласиз. Эътиборли томони шуки, адиб маънавий таназзулни фақат бою руҳонийлардагина кўрмайди. Аксинча, бойваччалардан гула кўтарган косиб-ҳунармандлар сатанглар базмида ҳам, Хожибобо такясида ҳам гоҳ-гоҳ кўриниш берадилар. Боз устига, қаҳрамонимиз Шум боланинг “шумлик”лари замирида кишининг ҳақи ё омонатига хиёнат, қаллоблик, қўли эгрилик каби иллатлар ниш уриб турганини ҳам инкор этиб бўлмайди. Унинг узрига қулоқ тутинг-а: “баданда бир саркаш аъзо бор, у менинг ихтиёримдан ташқари, ўзбошимчароқ. <...> у аъзо камдан-кам одамларга вафо қилган — қорин. У бадан мулкининг ҳокимлигини баъзан қўлимдан олиб қўяди. Бошқа аъзолар ҳам унинг исёнчи талабларига қўшила бошлайди. Кўзим ношаръий, ҳаром луқмаларга туша бошлайди. Қўл қорин ҳукми билан баъзида энг паст кишиларга тама капгиридай чўзилади. Оёқ кутмаган жойларга олиб боради”. Кўрамизки, адиб талқинида маънавий таназзул барчани бою камбағал демай барчани комига тортган. Фақат шуниси борки, бирининг таназзули тўқликдан, иккинчисиники очликдан келиб чиқади, бас, бу ўринда аввалгиларини кўпроқ айблаш учун шўро ёзувчиси бўлиш шарт эмас...
Юқорида айтдикки, даврнинг жадидлар танқид қилган деярли барча иллатлари “Шум бола” бадиий воқелигида у ёки бу даражада ўз ифодасини топган. Қиссадаги ҳаёт тасвиридан “ортиқ бу тарзда яшаб бўлмайди, жамият ислоҳ қилиниши керак” деган хулоса келиб чиқадики, бу ҳам жадидлар қарашларига ҳамоҳанг. Ўртадаги фарқ эса, бизнингча, тасвир ракурсида холос: жадидлардан фарқ қилароқ, Ғ.Ғулом меҳнаткаш халқ ҳаётини “ичдан” тасвирлайди. Яъни, адиб бу ҳаётни яшаб ўтган, сиртдан кузатиб билган эмас. Бас, инқилобдан сўнг меҳнаткашлар ҳаётида озми-кўпми ижобий ўзгаришлар бўлган экан, уларга адибнинг муносабати ижобий бўлмаслиги мумкинми эди?! Ҳозирда бу нав муносабатга, айтайлик, жадидлар муносабати ёки бугунда шаклланган муносабатни қарама-қарши қўйиш тўғримикан?! Ўша ҳаётни яшаб кўрмаган авлод буларнинг бирини ҳақ, иккинчисини ноҳақ санашга ҳақлими?! Ўтмиш ҳаётини ҳам, ўз вақтидаги унга турлича муносабатларни ҳам ихтиёримиздан ташқаридаги мавжудлик, амалга ошиб бўлган факт сифатида борича, бутунисича қабул қилингани тўғрироқ бўлмайдими?!...— юқорида айтганимиз андиша шу каби саволлардан туртки олади.