Талабчанлик зарур, аммо...”

Dilmurod Quronov

Профессор Санжар Содиқ кейинги вақтда матбуотда жуда фаол қатнашиб, ўзининг кескин танқидий чиқишлари билан жамоатчилик эътиборини тортиб келмоқда. Албатта, адабий танқиддаги принципиаллик, талабчанлик, муросасизлик – бари зарур нарсалар. Бироқ “принципиал мунаққид” деган “имиж”ни ҳосил қилиш учун фақат камчиликлар, салбий жиҳатларга урғу бериш, ижобий томонларни кўролмаслик номақбул йўлдир. С.Содиқнинг сўнгги йилларда эълон қилинган О.Мухтор, У.Ҳамдам, Ҳ.Умуров асарлари ҳақидаги мақолаларида шу хил уриниш кузатилади. Назаримда, мунаққиднинг “Танқидчилигимизнинг машаққатли йўли” (“Шарқ Юлдузи”, 2006, №3) номли мақоласи ҳар қандай меъёрдан чиқиш, бироз сохталик билан яратилган “имиж”ни сақлаш йўлидаги яна бир уриниш бўлган кўринади. Биларсиз, тожик биродарларимизда яхши бир нақл бор: “Зўри беҳуда миён мешиканад”

Мақолада Б.Раҳмоновнинг “Ўзбек адабий танқидчилиги” номли қўлланмаси ҳақида сўз боради. Аввало, мутахассис сифатида муҳтарам домламизга ҳам яхши маълумки, ўзбек адабий танқидчилиги тарихи бўйича яқин ўртада бирон бир қўлланма чиқмаган эди. Вилоят университетларидан бирида ўн йиллар шу фанни ўқитиб келаётган бир мутахассис шу бўшлиқни қўлдан келганча тўлдирмоқчи бўлган экан, буни қутлаб қўйиш ўринли бўлур эди. Лекин С.Содиқ буни ўзига эп кўрмайди: “туя ҳаммомни орзулабди-да” дея мийиқда кулгандай, гапни тўғридан тўғри “уриш”дан бошлайди. Мунаққид олдиндан ўз олдига аниқ мақсад қўйган: мақола Б.Раҳмоновнинг “Ўзбек адабий танқидчилиги” номли қўлланмаси талабга жавоб бермайди, деган ҳукм билан якун топмоғи керак. Мақсад тайин этилгач, мақола муаллифи ўз “имиж”ига мос ҳолда фақат камчилик кўрсатиш йўлидан боради. Бу ҳам майли, С.Содиқ фикрларини асослаш кераклиги ҳақида кўпда қайғуриб ўтирмайди. Натижада сарлавҳага чиқарилган мақол ўз исботини топади: беҳуда зўр берилгани боис мақоланинг “бели чиқиб” кетади, белидан, асосидан маҳрум ҳар қандай нарса каби нотавон бир ҳолга келиб қолади.

С.Содиқнинг фикрича, Б.Раҳмонов “эскириб қолган китобларга таяниб, адабий танқиднинг қуйидаги таърифини тақдим этади: “Танқид” сўзининг истилоҳий маъносини “асарнинг мазмун моҳиятини очиш, ғоявий-бадиий қимматини белгилаш, ютуқ ва камчиликларини холис кўрсатган ҳолда баҳо бериш мақсадида муҳокама қилмоқ” тарзида тушунилгани тўғрироқ бўлади”. Келтирилган парчанинг қорайтирилган қисми қўлланмадан олингани эътиборга олинса, С.Содиқ очиқдан очиқ туҳмат йўлига ўтгани кўринади. Зеро, бу ўринда адабий танқидга таъриф берилаётгани йўқ, гап “танқид” сўзининг истилоҳий маъноси ҳақида бормоқда. Эҳтимол, кимгадир бу ҳол янглиш тушуниш оқибатигина бўлиб туюлар ва бизнинг “очиқдан очиқ туҳмат йўлига ўтади” деганимиз ошириб юборилгандек кўринар?! Афсуски, бундай эмас. Негаки, келтирилган парча қўлланманинг “Танқид” атамаси” номли фаслчасидан олинган, шунинг ўзиёқ “янглиш тушуниш”ни истисно қилади. Қўлланма муаллифи “тил амалиётида, айниқса, сўзлашув тилида мазкур сўз (яъни, “танқид” сўзи - Д.Қ) бирмунча тор маънода қўлланилиб, кўпроқ “бирор нарсанинг камчиликларини очиб бериш, фош этиш” маъносида (3-бет) тушунилиши, бу эса сўзнинг истилоҳий маъносидан тамом фарқли эканини таъкидлайди. Бизнингча, Б.Раҳмонов дидактик жиҳатдан тўғри йўл тутган: аввал атама маъносини аниқлаштириб олади, сўнг шу асосда предмет – адабий танқид моҳиятини тушунтиришга ўтади, яъни, соддадан мураккабга томон боради. Профессор С.Содиқ эса буни тушунишни истамайди, матндан юлиб олинган жумлани ўз истагича – кўзлаган мақсадига мослаб талқин қилаверади.

Хўп, Б.Раҳмонов берган таърифни эскирган ҳам дейлик, замонавийси қандай бўлади? С.Содиқнинг уқдиришича, “Танқидчиликка берилаётган энг замонавий таъриф эса қуйидагича жаранглайди: Танқид бадиий адабиётни таҳлил қилиш воситасидир”. Муҳтарам олимимиз таклиф этаётган таърифнинг қай даражада янгилигини билмайман-у, лекин мантиқдан анча йироқ тушаётганига имоним комил. Зеро, менинг тушунишимча, таҳлил(анализ)нинг ўзи танқиднинг воситаларидан бири бўлса-ю, қандоқ қилиб адабий танқид воситанинг (яна ўз воситасининг!) воситаси бўлади? Агар бу янгилик бўлса, ҳали вилоятларга етиб келмабди: биз ҳамон адабий танқид ўз мақсад ва вазифаларини кўпроқ таҳлил воситасида амалга оширади деб юрган эканмиз. С.Содиқ эса таҳлилни тамом бошқача тушунар экан: унга кўра, “таҳлил – асарнинг ғоявий-бадиий қимматини белгилаш”дир. Кўринадики, профессор С.Содиқ таҳлилни мутлақлаштиришга мойил ва, фикримизча, амални (таҳлил амал-да!) натижа, воситани мақсад билан чалкаштираётгани ҳам шундан.

Назаримда, С.Содиқ ё қўлланма муаллифини тамом саводсиз деб биладиганга ўхшайди, ё уни шундай кўрсатишга интилади. Йўқса, унинг талқинлари “адабий танқид юзасидан 1972 йилдан кейин нашр этилган қатор китоблардан, илмий асарлардан бехабарликнинг оқибати” деб ёзмаган бўлур эди. С.Содиқнинг назарида Б.Раҳмоновнинг “Адабий танқиднинг ўрганиш объекти адабий-бадиий асар бўлгани учун ҳам у бошқа илм соҳаларидаги сингари аниқлик, тугал исботланганлик даъвосини қилолмайди” дегани шундай кескин хулоса учун етарли. Негаки, бундан ўттиз йиллар илгари Москвада чоп этилган ўқув қўлланмасида адабий танқиднинг “ўрганиш манбалари қаторига фақат битта эмас, балки учта унсур, яъни бадиий асар, алоҳида ёзувчи ижоди ва замонавий адабий жараён кириши аниқ равшан қилиб ёзиб қўйилган” экан. Аввало, бу ўринда ҳам С.Содиқ юқорида кўрганимиз каби йўлдан боргани, яна жумлани матндан юлиб олиб талқин қилганини таъкидлаш керак. Жумла матнга нисбатан қисм экани, қисмнинг мазмун-моҳияти бутун таркибида ва бутундан келиб чиқиб англаниши барчага маълум. С.Содиқ эса гўё шу оддий қоидани билмайдигандек иш тутади, натижада тамом адолатсиз ҳукм-хулосаларга келади. Камина бежиз “гўё” демадим: С.Содиқнинг буни билмаслигига ишонмайман, билади. Фақат фикр-зикрини қўлланмани боплаб “уриш” мақсади чулғагани сабаб бўлса керак, муҳтарам олимимиз бутун бошли фаслчада бундан бошқа гап йўқдек фикр юритади. Акс ҳолда, биринчидан, шу фаслчанинг ўзида Б.Раҳмонов “адабий танқиднинг ўрганиш объекти (жорий адабий жараён ва унинг маҳсули бўлмиш адабий асар)” эканлигини қайд этганини назардан қочирмас эди. Иккинчидан, адабий танқиднинг асосий объекти адабий асар эканлиги инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқат, яъни, мабодо шундай даъво қилганида ҳам муаллиф адашмаган бўлур эди. Зеро, танқид адабий жараённи ҳам, алоҳида ёзувчи ижодини ҳам конкрет асарлар орқали ўрганади. Шундай экан, ўз-ўзидан кўнгилга бир андиша келади: ният холис бўлса, Москвада чоп этилган қўлланмани дастак қилиб биргина жумлага ёпишиб олиш шартмиди?! Йўқ. Бас, ният холис эмас. Шу сабабли ҳам С.Содиқ муаллиф мақсади билан ҳисоблашмайди, унинг нима деяётгани ва нима учун шундай деяётганини тушунишни истамайди. Масалан, Б.Раҳмонов адабий танқиднинг ўзига хослиги, унинг адабиётшунослик илми, адабий-бадиий ижод ва публицистикага хос жиҳатларни ўзида намоён этишини ёритаркан, шу асно у “бошқа илм соҳаларидаги сингари аниқлик, тугал исботланганлик даъвосини қилолмайди” деб ёзади. Муаллиф бу фикрни аниқ фанларга қиёсан айтади, танқиднинг объекти бадиий асар эканлиги, “биттагина бадиий асарнинг турли кишилар томонидан турлича тушунилиши ҳам, турли даврларда турлича тушунилиши ҳам мумкинлиги”дан (6-бет) келиб чиқади. Дарҳақиқат, шундай. Ахир, бирон бир асар ҳақида “икки карра икки — тўрт” мақомида фикр айтиб бўлмайди-ку! Мабодо шундай бўлганида, Абдулла Қаҳҳор ижодининг танқидчиликдаги талқини масаласи С.Содиққа бутун бошли докторлик иши учун мавзу берармиди?!

Афсуски, С.Содиқ бу оддий ҳақиқатни тан олгиси келмайди, қачондир айтилган фикрларни мутлақ ҳақиқат деб билади-да, уларга маҳкам ёпишиб олади. Масалан, Б.Раҳмоновнинг “адабий-танқидий жанрлар ҳали назарий жиҳатдан ҳам, амалий жиҳатдан ҳам етарлича фарқланган эмас”(10-бет) деган фикрини С.Содиқ “танқидчиликка оид энг сўнгги китоблар у ёқда турсин, анча илгари эълон қилинган асарлардан ҳам бехабарлик асорати” деб ҳисоблайди. Мазкур даъвонинг асоси сифатида мунаққид “Л.П.Гроссман деган адабиётшунос 1925 йилдаёқ танқидчиликнинг 17 хил жанр кўринишини санаб” берганини айтиб, эринмай уларнинг рўйхатини келтиради. Хўп, шундай бўлақолсин, Л.П.Гроссман 80 йиллар илгари шу рўйхатни тавсия этган бўлса, Б.Раҳмоновнинг унга эргашиши шартми? Иккинчи томондан, С.Содиқ ўзи келтирган рўйхатдаги импрессионистик этюд, публицистик ёки ташвиқий танқид, адабий шарҳ, пародия, академик мулоҳаза, танқидий ҳикоя кабиларни адабий танқиднинг мустақил жанри эканлигига чиндан ишонадимикан? Муҳтарам домламиз жанр тарихий категория экани, нафақат адабий-танқидий, балки адабий жанрларда ҳам мудом трансформация, синтезлашув ҳодисалари кечишини фаромуш қилган кўринади. Бизнингча, Б.Раҳмоновнинг айби — шуларни назарда тутган ҳолда фикрлагани, “адабий-танқидий жанрлар кўп ҳолларда бир-биридан аниқ фарқланмаслиги, бирига хос хусусиятларнинг иккинчисида намоён бўлиши”ни тўғри таъкидлагани, холос.

Б.Раҳмоновни шу тариқа салкам “саводсиз”га чиқарган С.Содиқ энди ошкор кулишга ўтади, ўзига иттифоқчиликка хаёлидаги талабани чақиради: “Фикрий маҳдудлик, айниқса, танқидчилик жанрларининг ўзига хос хусусиятларини белгилашда муаллифни кулгили саволлар бўронига гирифтор қилиб қўйган. Кўп ҳолларда у жиддий ўйлаб ўтирмай, танқидчилик жанрларининг деярли барчасига хос бўлган хусусиятларни уларнинг фақат биттасигагина тааллуқли деб эълон қилиб юбораверган. Масалан, тақризнинг ўзига хос томони тўғрисида муаллиф шундай деб ёзади: “Тақриз холислик билан, биринчи галда адабиётнинг фойдасини кўзлаган ҳолда ёзилиши керак”

Бу сўзларни ўқиган талаба онгида дарҳол : “Хўш, ундай бўлса, портрет ёки мақола нохолислик билан, адабиётнинг зарарини кўзлаган ҳолда ёзиладими?” деган қонуний савол туғилади. Хаёлан саволига жавоб излаган талаба тафаккурида ўша оннинг ўзида: “Бу сўзлар қип-қизил ёлғондир, чунки холислик ва адабиётнинг фойдасини кўзлаш танқидчиликнинг барча жанрларига хос муштарак фазилатдир”, деган хулоса шаклланади”.

Аввало, бунчалар узундан-узоқ кўчирма келтирганим эриш туюлмасин, айни вазиятда шунга мажбурман. Зеро, Б.Раҳмоновнинг қўлланмаси атиги 1000 нусхада чоп этилган, “Шарқ юлдузи”нинг аҳволи ҳам бундан жудай-ла яхши эмас. Энди ўқувчида С.Содиқнинг “уриш” усули ҳақида тасаввур ҳосил қилиш учун қўлланмадан ҳам кўчирма даркор. Б.Раҳмонов тақриз жанрининг ўзига хос хусусиятлари ҳақида тўхталгач, ёзади: “Агар бозор иқтисодиёти атамаларидан фойдалансак, тақриз асарнинг матбуотдаги илк тақдимоти (презентация), унинг рекламаси дейиш мумкин. Шу хусусияти туфайли ҳам, эҳтимол, тақриз ҳозирга келиб бирмунча эътибордан қолди. Сабаби шуки, кейинги пайтда таниш-билишчилик, ошна-оғайнигарчилик асосида, асарнинг бадиий-эстетик қимматидан кўра кўпроқ муаллифнинг кимлиги эътиборга олиниб ёзилган тақризлар кўпайди”. Айни пайтда, Б.Раҳмонов тақриз жанр сифатида аҳамиятини йўқотмагани, аксинча, бозор шароитида унинг аҳамияти ортгани ва мавжуд имкониятлари билан адабиётимизнинг равнақига хизмат қилиши мумкинлигини таъкидлаб, ёзади: “Бунинг учун эса биттагина шарт бажарилиши зарур: тақриз холислик билан, биринчи галда адабиётнинг фойдасини кўзлаган ҳолда ёзилиши керак” (11-бет). Кўриб турганимиздек, С.Содиқ қўлланмадан олинган жумлани (аниқроғи, яримта жумлани!) бутунлай бузиб талқин қилган. Наҳотки, ярим саҳифадаги жумлаларни бир-бирига боғлаш, матндан келиб чиқаётган мазмунни англаш шунчалар қийин бўлса?! Йўқ, қийин эмас, фақат бунинг учун ниятни холис қилмоқ керак. Афсуски, мақола муаллифига айни шу нарса етишмайди, шу боис ҳам у аввалдан белгиланган мақсаднинг қулига айланади, ҳар қандай йўл билан унга эришишга интилади. Шу ҳолида яна талабага “қайғургани”га, уни ўзига иттифоқчи санаб, унинг номидан ҳайронлар қолганига нима дейсиз?! Бизнингча, бунга асло ҳожат йўқ: талабанинг кўнгли ҳали турли манфаату муносабатлар ғуборидан фориғ, баски, у ярим саҳифадаги жумлаларни ўзаро боғлаш ва мазмунини тўғри илғашга қодир.

Манфаату муносабатлар ҳақида бежиз айтмадик. Зеро, ўзининг илмий қарашини ҳар қандай йўл билан маъқул қилишга, маъқул қилдиришга интилиш манфаатпарастликнинг илмдаги кўринишидир. С.Содиқ қўлланмада “адабиётимиз тарихига оид эски китоблардаги каби танқидчиликнинг тараққиёт йўлини даврлаштиришда, асосан, битта принципга, яъни, жамият ривожи хусусиятларини кўпроқ инобатга олиш тамойилига таянилган”ига қўшила олмайди. Тўғри, у мазкур принципни “ўринсиз деб бўлмаслиги”ни эътироф этади. Айни пайтда, муаллифнинг мазкур принципга таяниши сабабини “адабиётшунослик илмининг энг сўнгги янгиликларидан”, жумладан, сўнгги йилларда ўзбек танқидчилиги муаммолари бўйича ёқланган докторлик диссертацияларидан бехабарлик билан изоҳламоқчи бўлади. Агар мақола руҳидан келиб чиқилса, жўялидек кўринган мулоҳазалар замирида қўлланма муаллифининг С.Содиқ диссертациясидан фойдаланмаганидан ҳафаликни илғаб олиш мумкин. Шундан бўлса керак, С.Содиқ ўзбек танқидчилиги тарихини даврлаштириш бўйича янгича таклиф сифатида докторлик ишидаги қарашларини — қаҳҳоршунослик тарихини даврлаштириш масаласидаги фикрларини бироз ўзгартириб тақдим этади. Албатта, олим танқидчилик тарихини даврлаштиришда адабиёт ривожининг ўзига хослиги ва танқидчиликнинг ички тараққиёт қонуниятларини ҳам ҳисобга олиш кераклигини таъкидлаганида тўла ҳақ. Бироқ ХХ аср ўзбек адабиёти, жумладан, танқидчилиги ривожи жамият ҳаёти, яккаҳоким партиянинг бу борадаги сиёсати билан шу даражада боғлиққи, бизнингча, ҳозирча уни ўрганишда социологик ёндашув устувор бўлиши табиийдир. Боз устига, таклиф этилган бошқа даврлаштириш тамойиллари давр адабиёти ва танқидчилигида кечган ҳодисалар моҳиятини системали тарзда умумлаштириш имконини бермайди. Шундай экан, даврлаштириш масаласида Б.Раҳмонов эскича йўлдан борган дейиш ҳам етарли асосга эга эмас. Зеро, муайян асосга эга икки хил қараш тўқнашган ўринларда улардан бирини “эски”, бошқасини “янги” дейиш хронологик жиҳатдан балки асослидир, бироқ бу илмий жиҳатдан “янги”си албатта тўғри бўлади дегани эмас.

С.Содиқнинг мақоласини ўқиганда, А.Расулов асарларига муносабат билдирилган ўринлар гўё ортиқчадек, умумий контекстга ёпишмаётгандек таассурот қолади кишида. Бироқ бу — алдамчи тасаввур, зеро, диққат билан қаралса, мазкур қисмнинг бежиз киритилмаганини сезиб олиш қийин эмас: бунинг учун С.Содиқнинг муаллиф “Ўзбек танқидчилиги намояндалари” бўлимига “мунаққидларни танлаб, саралаб киритиш ўрнига пала-партишликка, шошма-шошарликка йўл қўйган” деган эътирозини эслаш кифоя. Тўғри, С.Содиқ очиқчасига А.Расулов ижоди ёритилган жажжигина портрет қўлланмага ўринсиз киритилган демайди, лекин шу фикрни баралла айтгандан-да аниқроқ ифодалайди. Тан олиш лозим, С.Содиқ битта масалада ҳақ: қўлланмага “мунаққиднинг ўзбек танқидчилиги тарихида тутган ўрни, шу соҳа ривожига қўшган ҳиссасининг қийматини инобатга олган ҳолда” киритиш лозим. Бироқ, аёнки, баҳо ҳар вақт субъектив бўлади, баски, кимни киритиш масаласида турлича қарашлар бўлиши табиий. Гап бунда ҳам эмас. Гап мақола муаллифининг шу ўринларда самимиятни буткул йўқотганида! Эътибор беринг-а, С.Содиқ ҳамкасбининг камчиликлари ҳақида сўз юритганида ҳузурланаётгандек туюлмаяптими?! Ахир, матбуот шахсий муносабатларни ойдинлаштириш майдони эмас! Яна қайтараман, баҳо ҳар вақт субъектив бўлади: халқимизда “ёнингдан оққан сувнинг қадри йўқ” нақли бўлганидек, билганлар тоғнинг бутун маҳобати узоқдан назар солгандагина кўринади, дейдилар. Шунга кўра, А.Расуловнинг танқидчилик “ривожига қўшган ҳиссасинининг қийматини” Б.Раҳмонов юксакроқ баҳолаган бўлса не ажаб?! Қўлланма муаллифи билан тенгдошмиз, эс таниб, “танқидчи” деганнинг маъносини англай бошлаганимиздан бери А.Расуловнинг пешма-пеш чиқиб турган мақолаларини ўқиб, радио-телевидение орқали берилган суҳбатларидан бахраманд бўлиб келамиз. Аминмизки, қарийб қирқ йил профессионал мунаққид сифатида фаолият юритаётган А.Расуловнинг хизматлари танқидчилик бўйича қўлланмаларда алоҳида ёритишга лойиқдир. Буни тан олиш учун арзимаган нарса — кўнгилни кенгроқ қилиш талаб қилинади, холос.

Биз Б.Раҳмоновнинг “Ўзбек адабий танқидчилиги” қўлланмаси ҳар жиҳатдан мукаммал деган даъводан йироқмиз: унда тўлдирилиши, чуқурлаштирилиши, таҳрир қилиниши лозим бўлган нуқталар талайгина. Лекин шу туришида ҳам у танқидчилигимиз тарихи, қатор мунаққидлар ижоди ҳақида мухтасар маълумот бериб, ўқиш-ўқитиш ишларида фойдали бўла олади. Китобга ёзган сўнг сўзида Б.Раҳмонов “мутахассислардан қўлланма ҳақидаги холис мулоҳазаларини кутиб, уларни кейинги нашрларда эътиборга олишни дилга тугиб қоламан” деб ёзади. Қўлланманинг яхшиланишига кўшиш қилиши мумкин бўлган мутахассислардан бирининг муносабати эса, таассуфки, юқорида кўрганимизча...

С.Содиқ — каминага устоз қатори. Ҳозирги ЎзМУнинг О.Шарафиддинов, У.Норматов, Н.Худойберганов, А.Расулов сингари забардаст танқидчиларни бирлаштирган кафедрасига олти йил аъзо бўлганим, шу устозлар, жумладан, Санжар акадан баҳра олганим учун чуқур миннатдорлик ҳиссини туяман, буни умрбод дилда сақлайман. Яхши биласиз, айни шу кафедра узоқ йиллар ўзбек танқидчилигининг маркази бўла олди, негаки, бу марказ адабиётга беғараз меҳр, принципиаллик, холислик, ҳалоллик сингари мустаҳкам асосларга қурилганди. Ўша кафедра анъаналарининг давомчиси сифатида, унинг маънавий раҳбари — “ўзи аблаҳ-у, чўрт побери, асари зўр-да!” ёки “ўзи яхши одам-у, асари бўш-да!” тарзида холис ва самимий фикрлашга ўргатган устоз О.Шарафиддинов хотираси ҳурмати — холис бўлайлик.

2006

 
 
Сайт создан в системе uCoz