“Илк аввал кўзимни ишқ билан очдим...”

Dilmurod Quronov

Сарлавҳага чиқарилган Чўлпон мисрасида “Анодин қай куни туғдим, сенинг ишқинг билан ёндим” дея фиғон чеккан хижронзада Машраб, умуман, Ҳақ ишқини куйлаб ўтган салафлар анъанасининг таъсири йўқ эмас. Бироқ мудом “кўнгли янгилик қидириб” яшаган Чўлпон салафлари фаол қўллаган “ишқ”, “ошиқ”, “ёр” образларига янгича маъно юклади: унинг талқинида “ёр” юрт озодлигию, “ошиқ” эркка ташна кўнгилдир...

***

Шоир-да, озроқ муболаға қилмаса бўлмайди, дерсиз?! Йўқ, унинг “илк аввал кўзимни ишқ билан очдим” дейиши муболаға эмас. Зеро, танглайи миллат дарди билан кўтарилган, Тараққий ва Истиқлол ишқи вужудига сут билан киргану юрак қонига айланган унинг. Муболағанинг дафъига муболаға келтиряпти, деманг, асли ўзи шундай...

... 1913 йилда Русия жадидлари раҳнамоси, “Таржимон” муҳаррири Исмоилбей Ғаспрали номига Туркистоннинг уезд шаҳарларидан бирида яшаб турган ўн олти ёшли йигитчадан мактуб боради. Унда, жумладан, бундай дейилади: “Андижоннинг баъзи буюклари менга дерлар: “Сен “Шалола”, “Турк юрди”, “Шаҳбал”, “Таржимон”, “Вақт” ва “Иқбол” ўқийсан, на учун Мирзо Бедил ва Хўжа Хофизларни ўқимайсан? Бу саволга жавоб беришга ожиз қолдим. Агар жавоб бор бўлса, “Таржимон”да чоп этилишини қайта-қайта илтимос қиламан. Агар жавоб йўқ бўлса, бу “янги адабиёт”ни сувга, оташга отиб, бор вақтимни Мирзо Бедил ва Хўжа Хофизлар мутолааси билан ўтказайин”. Бу — ўсмир ёшидаёқ жадид нашрлари билан яхшигина танишиб, улардаги ғояларни руҳига сингдирган, атрофидагилар уларнинг аҳамиятини англамаётгани, қабул қилолмаётгани, қарши турганларидан юраги зада Чўлпоннинг устоздан маънавий кўмак сўраб битган илтижоси. Мактуб оҳангидан сезиладики, муаллиф қайси йўлдан бориш масаласини ўзи учун ҳал этиб бўлган, фақат йўл бошида турган чоғи дилидаги иккиланишлар, шубҳа-гумонларни енгиш учун кичик бир далда, рағбат кутяпти, холос...

... ўзига тўқ савдогарнинг ёлғиз ўғли, таҳликали йўлга кириш ўрнига отасининг топганини еб ётса ёки бирини ўн қилай деб астойдил бел боғласа бўлмасмиди?! Йўқ, бўлмас эди. Чунки мурғак дилига инган ишқ қаршисида “дунёга нега келдинг? Яшашдан муддаоинг не?” тарзидаги саволларни кўндаланг қилиб қўйган эди. Ўсмир ёшидаёқ бу қадар мураккаб саволларга жавоб излашга жазм этгани, тақдим этилган йўллар ичидан ўзига тақдир этилгани — тирикчилик эмас, ТИРИКЛИК йўлини танлагани...

Бу-да бир ўрнак.

***

....қалблар туташ бўлса, мулоқот учун масофа аҳамиятсиз. Исмоилбей Боқчасаройда туриб ғойибона шогирдининг ҳолини фаҳм этди. Тасодифми, ё савқи табиийси билан мактуб эгасининг КИМлигини ҳис этганми, ҳартугул, Андижондан “олганимиз ажойиб бир мактуб чоп этиш ва диққатга лойиқдир. Соҳиби мактуб биздан анча гўзал сўйлаганидан ёзганларини айнан келтирамиз” дея мактубни “Таржимон”да эълон қилади. Устоз жавобида “янги адабиёт”ни сувга, оташга отаман” дея пўписа қилган шогирдни бироз койигач, Бедилу Хофизлар мутолааси ҳам зарур, айни чоқда, замона аҳволидан огоҳ бўлиш учун “янги адабиёт”ни ўқиш кераклигини уқдиради. Исмоилбейнинг жавоби, адабиётнинг аҳамияти ҳақидаги фикрлари Чўлпон муҳтожлик сезган далда бўлди, энди у ўйлаганлари, танлаган йўлининг тўғрилигига қаноат ҳосил қилди. Ярим йил мўлроқ ўтгач эълон қилинган “Адабиёт надир?” номли мақоласида у миллат тараққийси учун адабиётнинг нечоғли муҳимлиги, бунинг учун адабиёт масъуллигини имкони қадар асослади, “Адабиёт яшаса миллат яшар”деган хулосага келади. Бу ёш Чўлпоннинг англанган ижодий кредоси, ижоддаги дастуруламали бўлиб қолдики, илк қадамлариданоқ уни амалга оширишга киришди: “Қурбони жаҳолат”да юртининг забун ҳолатини Эшмурод кўзи билан кўриб эзилди, Муҳаммадиёрга қўшилиб бу ҳолнинг сабабларини қидирди, ундан чиқиш йўлларини мушоҳада қилди. Публицистик чиқишларида “бутун дунёда манбатликнинг (ҳосилдорлик – Д.Қ.) биринчиси Амриқо бўлса, бизнинг Туркистон ҳам иккинчи”-ю, нега халқимиз ночор кун кечиради? тарзидаги куннинг ўта муҳим муаммоларини ўртага ташлади, куйинчаклик билан ечим излади. Чўлпоннинг беҳато баҳолаш мезони — Тараққий, у мавжуд ҳолатни ватанининг эртаси, тараққийси нуқтаи назаридан баҳолайди, шунга мос муносабатда бўлади. У юртининг таназзулига боис ҳолларни кўриб қанча эзилса, истиқболи учун хайрли ҳолларни кўриб шунча қувонади. Мана, уни қувонтирган ҳоллардан бири: Андижон станцияси қурилишини “шундоғ катта муассасаларнинг фойдасини овруполилар кўруб, уларнинг қўлига ўтиб кетаётганига ичлари ачишган” маҳаллий ишбилармонлардан бири пудратчи сифатида олган. Чўлпон ақл ва тадбир билан иш юритадиган, ўз фойдаси билан бирга миллат манфаатини ҳам кўзлайдиган ишбилармонларнинг кўпайиши юртини обод, озод ва маъмур қилишига ишонади. Мақола якунидаги даъват ана шу ишончга йўғрилган: “Абдулла афандидек намуна кўрсатғучи фидокор савдогарларимиздан ибрат олуб, ватанимизнинг бойлигини, тижоратимизнинг фойдаларини четлар чўнтагига солмасдан ва бермасдан, ўз чўнтакимизда олиб юрмакимиз керакдур. Бизга шундоғ ишларга киришмоқға вақт!... Биз ҳам инсонмиз, инсондек яшайлук!..” Ахир, бу гаплар мустамлакачиликнинг жон жойига урмайдими?! Журъатни қаранг...

... ўн етти ёш — имкониятларинг беадад, қўл чўзсанг сервиқор чўққиларга ҳам етгудай, журъат одатий ҳол бўлиб туюладиган фасл. Бу паллада лоақал бир бор хаёлан оламни лол қилишга чоғланмаган ким бор?! Ёш Чўлпонга ҳам, табиий, бу нарса ёт эмасди, бироқ у бутун иқтидорини миллат тараққийси мақсадига бўйсундирди. Шунчаки, ёзувчи деган ном олиш, кўнгил хушлиги, нон ёки шон топиш учун қалам тебратмади...

Бу-да бир ўрнак.

***

... Чўлпон ўз йўлини англанган тарзда танлади, уни ўзининг қисмати билиб, собит қадам қўйди:

Узоқ... оғир йўлга чиққан йўлчимен,

Бу йўлларда қилоғузим юлдуздир.

Дарҳақиқат, йўл узоқ ва машаққатли; кўзланган мақсад — Юлдуз, у гоҳ булутлар ортида кўринмай қолади, гоҳ ожиз милтираса, гоҳ чарақлаб кўзни қамаштиради. Бу йўлда бекатлар талай, фақат уларни икки турлигина аташ мумкин — УМИД ё УМИДСИЗЛИК. Умид бекатлари — 1917 йил февраль инқилоби, Бухоро жумҳуриятининг ташкил топиши, “босмачилик” тамғасини олган миллий озодлик ҳаракатининг кучайиши... Умидсизлик бекатлари — Қўқон мухториятининг қонга ботирилиши, Бухоро жумҳуриятининг тугатилиши, миллий озодлик ҳаракатининг ягона кучга бирлашолмай пароканда бўлиши...

Жони-жаҳонини тикиб, бутун вужуди билан Юлдузга талпинган йўлчининг Умидсизлик бекатларидаги руҳий ҳолатини тасаввур қила оласизми? Бир бекатдан иккинчисига муттасил кўчиб юриш уни неча бор ўлдириб-тиргизганини-чи? Умрининг баҳори — йигитлик даврининг беш-олти йили мобайнида рўй берган эврилишлар, улардан келувчи изтироблар неча-неча умрни хазон қилишга етарлидек кўринмайдими?! Шунда-да “бор-е, жоним сабилми” демаса, йўлидан қайтмаса, уни йўлида собит қилган нимайкин?.. Чўлпон умидсизлик бекатларидан бирида, тушкунликнинг зўридан руҳи синаёзган паллада кўнглига хитоб этади:

Кўнгил, сен бунчалар нега

Кишанлар бирла дўстлашдинг...

Шоир эътиқодига кўра, кўнгилнинг “кишанлар билан дўстлашмоғи” мумкин бўлмаган ҳол, унинг ҳурлиги дахлсиздир. Чўлпон ўзига хитобан “Тириксен, ўлмағонсен, Сен-да одам, сен-да инсонсен” дейди. Зеро, унинг наздида инсон шаъни жуда баланд, тирик одам борки кўнгил ҳурлигини сақламоғи лозим, фақат шугина уни ИНСОН деган юксак мақомда тутиб туради. Шу эътиқодда мустақийм экани уни эзгу йўлда собитқадам қилди...

... инсонлик шаънини юксак қўйгани, ҳур туғилган инсон ҳур бўлмоғи лозим, ҲУРЛИК инсонликнинг жавҳари деб билгани...

Бу-да бир ўрнак.

***

... кўксига муштлаб “ватаним, халқим” дегувчилар, минбарлардан жўшиб-ёндириб сўзлагувчилар, варақ-варақ шеъру достон битгувчилар ҳамиша етарли бўлган. Бироқ масала ўша ватан, ўша халқ учун недандир — ҳаловатдан, молдан ё жондан кечишга бориб тақалса, — ғалвир сувдан кўтарилди, деяверинг... Чўлпон буларнинг баридан кеча олди. Зеро, у чинакам “ошиқ”, “ёр”га етишдан ўзга муддаоси йўқ. Юрт озодлигини “ёр”, унга интилувчини “ошиқ” деб билган шоир ёрга етишмоқ учун ошиқ дилининг бошқа ҳар недан фориғ бўлишини шарт қилиб қўяди. Бироқ, иложимиз қанча, манфаат деганлари ҳам бор нарса, биз кўп-да назарга илавермайдиган, аммо ҳар қандай эзгу ниятни ғорат, унинг теграсидаги ҳамжиҳатликни барбод қила оладиган кучдир у. Ахир, “босмачилик”нинг ягона кучга бирлашиб, кенг кўламли миллий озодлик ҳаракатига айлана олмагани, Бухоро ҳукуматининг раҳбарлари орасидаги келишмовчиликлару улардан ғанимларнинг усталик билан фойдаланиб қолганлари заминида шу нарса — манфаати шахсия ётмайдими?! Ўзини “юртимнинг пок истакли кучимен” дея фахр этган Чўлпон, афсуски, маслакдошларининг барида ҳам “пок истак”ни кўролмади, шунда қаламидан “Оқ деб, пок деб юрганларда дил бузуқ”, “Англадим: севгида ҳар кўнгил бузуқ!” деган изтиробу аламга тўлиқ сатрлар тўкилди...

... сўзи билан амали, дилидаги билан тилидагининг бирлиги, ватан ва миллат манфаатини ўзиникидан чандон баланд қўёлгани, том маънодаги ФИДОИЙ эканлиги...

Бу-да бир ўрнак.

***

... дарвоқе, Бухоро жумҳурияти. Чўлпоннинг унга боғлаган умидлари катта эди. Ҳукумат газетаси муҳаррири вазифасига таклиф этилгач, енг шимариб ишга киришди: Бухорода туриб Туркистон озодлиги учун курашни давом эттиришни кўзлади, уни бу курашдаги муҳим плацдарм деб билди, афсуски... Раҳбарлар орасидаги келишмовчиликлар ғанимларга қўл келгани айтилди. Натижада Бухоро жумҳурияти шўролар билан яқинлашди, сиёсий ҳаётда большевиклар таъсири устиворлик қила бошлади. Ўзи муҳаррирлик қилаётган газетанинг 1921 йил 3 ноябрь сонида эълон қилинган “Тарихдан” номли шеърида Чўлпон юз бераётган воқеаларга муносабатини ошкор этади:

Қоронғи кеч... Кўк юзида юлдузларми отилғон?

Йўқса элнинг бахтимидир “кўланка”га сотилғон?

Шоир наздида жумҳурият ҳукумати олиб бораётган сиёсат “эл бахтини сотмоқ”дан ўзга эмас, шу туфайли ҳам бу ерга келганидан бери хаёл кўкида порлаган юлдузи сўнган, бунда ҳам “қоронғи кеч” ҳукмронлиги бошланган. Худди шу ижтимоий-сиёсий шароитда Чўлпон касалхонага ётади ва шу кўйи газетадаги фаолиятини ҳам тўхтатадики, бунинг туб сабаблари шеърнинг якунида ўз ифодасини топади:

Бу ярамас! — дея оғзим очилмасдан бир буйруқ:

“Мундоғ аччиғ фиғонларга бу ўлкада лузум йўқ!”

Қоронғи кеч... Кўк юзида юлдузларми отилғон?

Йўқса маним “оҳларим”ми бўғизимда тутилғон.

Англаш мумкинки, Чўлпоннинг “Бухоро ахбори”дан кетишининг бош сабаби сўз эркинлигига тажовуз қилина бошлаганидир. Бундай сиқиқ шароитда газетага муҳаррир бўлишидан на истиқлол мақсадига ва на халқи учун бир наф кўрмаган шоир истеъфо берган...

... амал курсисини шунчаки эгаллаб туришни, виждонига хилоф-у юқорига мақбул иш олиб боришни ўзига эп кўрмагани, эзгу мақсадига бир одим бўлса-да яқинлаштирмай ўтган вақтини зое билгани, эркига тажовузни сингдира олмагани...

Бу-да бир ўрнак.

***

... 1928 йилда ёзилган бир шеърида шоир ўзини зўр денгиз қўйнидаги сомон парчага ўхшатади, “Муҳит кучлик экан, эгдим бўйнимни... Оқишнинг йўлига солдим ўзимни” дея эътироф этади. Унинг “бўйин эгиши” осон кечмаган, бунгача...

... энди ростмана оёққа туриб олган янги тузум Чўлпон тимсолида жон душманини кўриб янглишмади, зеро, шоирнинг кўз ёшларидан “чечаклар униши” муқаррарлигини англади. Йўқ, ҳуррият дея майдонга чиққан “ўртоқлар” шоирнинг хазин тортган овозини бўғишни ўзларига эп кўришмади, сопини ўзидан чиқариб, бу ишни ўзлари етиштирган маҳаллий кадрларга қўйиб бердилар. Чўлпонни “кўк шоири”, “зиёлилар шоири”, ўтмишга юз бурган “йиғлоқи шоир” дея турткилашлар, сондан чиқаришга ҳаракатлар бошланди. Шоир қалб туғёнларини юртдошлари тушунмаётгани, тушунишни истамаётганидан эзилди, “мен кўк шоири эмасман” дея шеърлар битди, бўлмади... Начора, ўн-ўн беш йиллар аввал ёшларнинг барини бирдек ёндирган ғоялар энди ўз ўрнини бошқа — ҳали сароб эканлиги билинмаган янги ғояларга бўшатиб бераётган, саробга алданганлар ОЛОМОНга айланаётган палла эди бу. Шиддатли ўзгаришлар авлодлар алмашинувини ғоят тезлаштирган, “буюк амал”ига содиқ Чўлпон эса ҳамон бир оёғи билан ўтмишда — истиқлол учун кураш жабҳасида қолган эди...

... ўзлигини сақлаган ШАХС оломонга сиғмайди: Чўлпон “йўқсил халқ шоири эмас” дедилар, ижодини халқ учун зарарли деб топдилар, шу халқнинг “зиёли” вакиллари уни маданият ходимлари қурултойидан қувиб солдилар. Қурултой фатвосини олган танқидчиликнинг Чўлпонга ҳуружлари кучайгандан кучайди, 30-йилларнинг ҳайбатли суд жараёнларида навбат унга келиб қолгани ишора қилинди... Хуллас, Чўлпон ночор бўйин эгди: Қурултой ҳайъатига “Эътизор” ёзиб, “тушунмаслик” орқасида йўл қўйган хатоларига, яъни шу эл, шу юрт қайғуси билан яшаганига тавба қилди, бутун куч-қувватини “хатоларни ишчи-деҳқон кўнглидан кетказиш”га сарфлашга ваъда берди. Қурултойдан кейин Чўлпон матбуотда кам кўринади, ўзи айтмоқчи, созини “бир неча йил қантариб” қўяди, чунки “кўнгил розини айтиб йиғламаган” шеърни шеърга санамайди. Фақат қаршисида “тузалаётгани”ни кўрсатиш мажбурияти турганидан, ора-чура шунга мос шеърларини эълон қилиб туриш билан чекланади...

... айни ижодий кучга тўлган Чўлпоннинг ўқувчисига айтари ҳали бисёр эди, у йўл излади: дардларини таржималари қатига жойлади, шеърларидаги нозик ишоралар ёрдамида имкон қадар бўшанишга интилди. Бироқ шунинг ўзи уни қониқтиролмас эди. Зеро, масаланинг туб моҳиятига қарагани учун у мавжуд воқелик билан тўла келиша олмас, шоирнинг тийран қалб кўзлари кундан-кун мустаҳкамланаётган тузумнинг кўпчиликка қоронғу чизгиларини илғар, бу чизгилар унга элининг саодатидан хайрли фол очишга йўл бермас эди. Чўлпонинг миллат қайғусида ўтказган салкам йигирма йиллик умри давомида кўрган-кечирганлари, изтиробли ўйлашларидан туғилган гаплари бўғзида қотиб турар, “айтсам ўлдирарлар, айтмасам ўлам” дейиладиган ҳолат юзага келганди. Шундай қалтис бир вазиятда у ўзининг “оққуш қўшиғи” — “Кеча” романига қўл урди ва... бошини кундага қўйди. Зеро, Чўлпон унда эрксиз қалами кашф этган имконларни тўла ишга солиб, яқин ўтмишнинг ўз наздида ҲАҚҚОНИЙ, лекин расмий нуқтаи назарга номувофиқ эпик манзарасини чизган, бу билан ўзининг замонга ҳақиқий муносабатини фош этган эди...

... оломон ичида ШАХСлигича қолгани, оқим бўйлаб оқимга қарши суза олгани, ажал қиличи остида ҳам эътиқодидан қайтмагани...

Бу-да бир ўрнак.

***

... шундай яшагани, шундай ўйлагани, шундай ижод қилгани — Чўлпоннинг фожиаси: ҳаётида ҳаловат кўрмагани, ҳассос қалби изтирбу аламлардан бир дам фориғ бўлмагани, қирчиллама қирқида қирчинидан қийилгани шундан.

... шундай яшагани, шундай ўйлагани, шундай ижод қилгани — Чўлпоннинг бахти: кўз ўнгимизда Қақнус қушдай кулдан бош кўтаргани, бугун барчанинг тилида экани, номини тилга олганимизда кўксимиз ғурурга тўлиб, кўкрагимиз бир кўтарилиб тушаётгани шундан.

Бу-да бир ўрнак.

 
 
Сайт создан в системе uCoz