Бадиий наср тили ҳақида мулоҳазалар

Dilmurod Quronov

Ўйлаб қарасам, дарс чоғи бадиий тил ҳақида гап кетса, кўпроқ шеърларга мурожаат қилар эканман. Чамамда, бошқалар ҳам шундай қилса керак. Балки, бу наср бадиий нутқ шакли сифатида кечроқ қарор топгани билан боғлиқдир? Эҳтимол. Лекин шунинг ўзигина эмас. Аввало, шеърий нутқдаги бадииятни очиб бериш осонроқ: минг йиллардан бери ишланиб келаётган қоидалар, тайёр қолиплар бор. Насрий асар тилининг бадиияти ўзгача, унга шеърият мезонлари билангина ёндашиб бўлмайди. Дейлик, насрий асар тилидаги кўчимлар, турли услубий фигуралар ҳақида гапириш билан чеклансак, у ҳақда деярли ҳеч нарса айтмаган бўлиб чиқамиз. Зеро, бадиий наср тилининг сеҳри, жозибаси чуқурроқ қатламларда ботиндир. Таассуфки, насрий асар тилини бадииятга дохил этувчи нутқий омиллар ва нутқдан ташқари ҳодисалар бизда етарлича ўрганилгани йўқ. Фикримча, бу насрий нутққа анчайин содда, кундалик мулоқот тилига яқин нутқ деб, бироз менсимасданроқ қараш оқибатидир. Ҳолбуки, бу — мутлақо хато тасаввур. Ахир, яхши насрий асарларни ўқиганимизда, уларда тасвирланаётган нарсаларни гўё “кўриб”, қаҳрамонларнинг гапларини гўё “эшитиб” тургандек бўлишимизнинг ўзи мўъжиза эмасми?! Ўқувчини беихтиёр ирреал оламга — бадиий воқеликка кўчирган, уни ўша олам қонунларига амал қилдириб яшатган нарса СЎЗ, аниқроғи, шу табаррук ашёдан таркиб топган матн эмасми?! Бас, шундай экан, адабиётшунослик шу мўъжиза сирларини очиб бермоғи, бадиий матнни когнитив аспектда — ҳам бадиий информациянинг ҳосил қилиниши ва ҳам қабул қилиниши нуқтаи назарларидан тадқиқ этишга киришмоғи зарурдир. Бадиий матн структураси, наср ритми ва унинг ривоя ритми ёхуд тасвир предмети билан узвий боғлиқлиги; жумла қурилишининг жараён тасвирида бир турли, нарса тавсифида бошқа бир турли эканлиги... каби қатор муҳим масалалар борки, улар атрофлича чуқур ўрганилиши лозим. Албатта, эътироз бўлиши мумкин: ахир, ҳеч ким бадиий асар ёзишни китоблардан ўқиб ўрганмайди-ку?! Бўлса бордир. Бироқ бу нарсалар биз — ўқувчилар оммаси ва аҳли қалам учун “икки карра икки — тўрт” тарзидаги оддий ҳақиқатга айлансагина шундай эътироз ўринли бўлади...

Масаланинг нечоғли долзарблигини ёзувчи У.Ҳамдамнинг “Мувозанат” романи хусусида матбуотда эълон қилинган мақолалар мисолида кўришимиз мумкин. Гап шундаки, романнинг қабул қилинишида адабиётшуносликда икки турли тенденция кузатилади: катта авлод вакилларининг аксарияти унга юксак баҳо берса, ёшларнинг аксарияти бу баҳога қўшилмайди. Аслида, мазкур ҳол турли ёш кишиларининг рецептив хусусиятлари билан боғлиқ бўлиб, бунинг сабаблари ҳозир бизни қизиқтирмайди. Буни ёшларнинг кўпроқ асар тилига эътироз қилаётганлари учун эслатдик. Жумладан, Ҳ.Карвонли бадиий наср тили масалаларига бағишланган “давра суҳбатини ўқигач, У.Ҳамдамнинг “Мувозанат” номли романи ёдимга тушди: асарни ўқишни бошлаб охирига етказолмаганим, роман негадир “тортиб кетмагани”ни эсладим ва бунинг сабаби асар тили билан боғлиқ эмасмикан, деган ўйда китобни қайта ўқидим. Афсуски бу тахмин ўқиш жараёнида тасдиқланди” ,- деб ёзади. Мунаққиднинг фикрича, роман тилининг яхши ишланмагани учун ҳам ўқишли эмас, ўқувчини ўзига жалб қилолмайди. Бироқ адабиётшунослик нуқтаи назаридан қаралса, бу фикрга қўшилиб бўлмайди, чунки матннинг эстетик объектга айланишини бундай тушуниш жўнлаштиришдан бошқа нарса эмас.

Романга ижобий баҳо берган профессор О.Шарафиддинов: “... яхлит олганда роман менда жуда катта таассурот қолдирди” . Мунаққиднинг “яхлит олганда” дейишида гап кўп: бу билан, бир томондан, романнинг камчиликлардан ҳоли эмаслиги, иккинчи томондан, “яхлит олинганда” ўша камчиликларни босиб тушадиган, уларга вақтинча кўз юмиб турса бўладиган нимадир борлиги таъкидланади. Ўз-ўзидан савол туғилади: нима экан ўша НИМАДИР? “Мувозанат” нега, нимаси билан катта авлод вакилларига – устоз мунаққидлару адибларга маъқул келди? Мазкур саволга жавоб излашни О.Шарафиддиновнинг: “Романни ўқиб чиқар эканман, бугунги кун одамини тасвирлашда хали реализмнинг очилмаган имкониятлари кўп эканига имон келтирдим”,- деган гапидан бошласак. Эҳтимол, кимдир бу гапдан романни катта авлодга маъқул қилган нарса – анъанавийлик, деган хулоса чиқарар ва бунда қисман ҳақ ҳам бўлар, лекин шунинг ўзи билангина изоҳлаш камлик қилади. Зеро, мунаққид “реализмнинг ҳали очилмаган имкониятлари”га урғу бермоқда. Маълумки, реализмда бадиий билиш функцияси устувор, реалистик роман жамиятнинг жорий ҳолатини таҳлил қилишу у ҳақдаги яхлит концепция – бадиий фалсафани ифодалашга интилади. “Мувозанат” эса мазкур рисолавий талаблар нуқтаи назаридан бинойидай асар.

Демак, инсофу адлга мувофиқ хулоса қилсак, “Мувозанат”нинг эстетик завқ бера олишини эътироф этишимизга тўғри келади. Эстетик завқ эса, биласиз, санъатнинг энг муҳим ҳосиласи, у инсонга бериши мумкин бўлган асосий неъмат. Фикримизча, “яхлит олганда” деганида О.Шарафиддинов “Мувозанат”га бадиий асар, санъат ҳодисаси сифатида қарашни назарда тутган. Табиий савол туғилади: хўш, “яхлит олиш”, бадиий асар, санъат ҳодисаси сифатида қараш қандай бўлади? Маълумки, санъат “образлар тили”да гапиради, жумладан, сўз санъати ҳам. Адабий асардаги образлар ҳам, худди гапдаги сўзлар мисоли ўзаро алоқа-муносабатга киришади ва асар бутунлиги – ГАПда муайян бир бадиий мазмунни ифодалайди. Яъни, бадиият ҳодисаси айни шу “иккиламчи тил” асосида воқе бўлади, “бирламчи тил” нечоғли муҳим бўлмасин, барибир, адабиётнинг образ яратиш воситаси, қуроли бўлиб қолаверади. Шунга кўра, бадиий асарга аввал “яхлит олиб” қарашимиз, “образлар тили” уни бадиият ҳодисасини юзага чиқаришга яроқли эстетик объектга айлантира олдими ё йўқми?” деган саволга жавоб беришимиз талаб этилади. Агар мазкур саволга тасдиқ жавоби берилса, демак, бошқа барча нуқсону камчиликларга жузъий, тузатса бўладиган деб қараш тўғрироқ бўлади.

Юқоридаги фикрларимиз насрий асарда тилнинг аҳамиятига менсимай қараш деб тушунилмаслиги керак. Аксинча, насрий асар тили ўқувчининг унда яратилаётган бадиий воқеликка кириши, қаҳрамонлар билан бирга яшаб, бирга ҳис қилиши, тасвир предметига турли “нигоҳ”лар орқали назар ташлаши, ғоявий-ҳиссий муносабат ва унинг тасвир предметига монанд ўзгариб бораётганини идрок этиши... каби жиҳатлардан ғоят муҳим. Бу ўринда айтмоқчи бўлганим шуки, бадиий наср тилига одатланилгандан кўра ўзгачароқ томонлардан ёндашиш, айтилганлар билан боғлиқ энг муҳим масалаларни ўрганишга устувор аҳамият бериш зарурдир.

 
 
Сайт создан в системе uCoz