ҲОЗИРГИ ШЕЪРИЯТНИНГ ТАСВИР ИМКОНИЯТЛАРИ ҲАҚИДА
Одатда ифодавийлик ва тасвирийлик санъат турларини фарқловчи хусусиятлар сифатида тилга олинади. Яъни тасвирий санъат турларида (рангтасвир, архитектура, ҳайкалтарошлик) бадиий образ яратишда тасвир етакчилик қилса, ифодавий санъат турларида воқеликни тасвирлашдан кўра инсоннинг ана шу воқеликдан олган таассуротлари ифодаси биринчи планга чиқади. Бу жиҳатдан бадиий адабиёт тасвирлаш ва ифодалаш имкониятига бирдек эга экани билан бошқа санъат турларидан ажралиб туради.
Махсус адабиётларда нопластик образ яратиш лириканинг специфик хусусияти экани айтилади. Яъни лирикада эпик турга мансуб асарлардаги каби тасвирийлик эмас, ифодавийлик кучлироқ. Бу хусусияти билан у мусиқага яқин туради. Аммо айни хусусият ундаги тасвирийлик имкониятларини чегараламайди. Тасвирийлик асосида образ яратишга интилиш, албатта, лириканинг инсон ҳис-кечинмаларини ифодалаш мақсадига хизмат қилади. Ҳозирги замон шеърияти лирикага кўриш орқали идрок этиладиган, тасвирий санъатга хос усулларни ҳам олиб кирди. Бу жиҳатдан шоир Хуршид Даврон шеърлари эътиборимизни тортади.
Х.Даврон табиатни рассомлардай ўзига хос тарзда кўра олади. У худди рассом каби кўрганини ўзи ҳис қилганидай тасвирлашга қодир ижодкор. Фикримизнинг далили сифатида шоир қаламига мансуб бир шеърни тўлалигича келтирамиз:
Булутлар юзади… Ой боқар ҳайрон… Булутлар оловда ёнган даланинг Ўртасида турган қадим қалъанинг Деворлари каби куюк ва вайрон. Деворларни олиб кетмоқда шамол, Ой – қалъа устида силкинган рўмол. Ой – оловларда ёнган, лекин манфур ёв Ололмаган қалъа устида ялов…Одатда табиат, воқелик тасвири лирик асарда метафорик, рамзий характерга эга бўлади. Масалан, А.Ориповнинг “Баҳор кунларида кузнинг ҳавоси”, Шавкат Раҳмоннинг “Тунги манзара” шеърларида табиат тасвири лирик қаҳрамон ҳис-кечинмаларини ифодаловчи тасвир сифатида намоён бўлади, тасвирийлик ифоданинг узвий бир қисми бўлиб келади. Бунда тасвирланаётган нарса муаллифнинг изоҳларисиз ҳам рамз вазифасини ўтайди. Х.Давроннинг юқоридаги шеърида эса бошқачароқ ҳолатга дуч келамиз. Шеърни ўқигач, кўз олдингизда ойдин кеча, булутлар намоён бўлади. Аввалига тасвир реал ҳаётдаги каби жонланади (Булутлар юзади… Ой боқар ҳайрон…, оловда ёнган дала ўртасида турган қадим қалъа). Аста-секин тасвир лирик қаҳрамон кечинмаларига уйғунлаша боради. Ўқувчи манзарани шоир тасвиридаги образлар (қалъа, девор, дала, рўмол, олов, ёв, ялов) кўриниши билан уйғун ҳолда кўраркан, энди у булутларни шоир тасаввур этганидай ҳис эта бошлайди. Яъни ўқувчи, аввало, реал манзарадаги булутни кўз олдига келтиради. Сўнг эса деворлари куюк ва вайрон қалъа тасвирини онгида реал булутлар тасвири билан қориштиради. Ўқувчи кўз олдида реал манзарадан бироз фарқланувчи, кўпроқ завқлантирувчи, ҳайратга солувчи тасвир пайдо бўлади. Эътибор қилсангиз, шоир келтирган образлар реал манзара таъсирида юзага келмоқда. Манзара қаршисидаги санъаткор онгида лаҳзалик таассурот(образ)нинг уйғониши ва айни таассуротнинг ўзини ифодалаш ХIХ аср охири - ХХ аср бошларида аввал тасвирий санъатда, кейинроқ бошқа санъат турларида урф бўлган импрессионизм йўналишини эслатади. А.Орипов ва Ш.Раҳмоннинг юқорида тилга олинган шеърларида тасвир бир пайтнинг ўзида лирик қаҳрамон ҳис-кечинмаларининг ифодаси, рамзий кўринишидир. Х.Даврон шеърларида эса тасвирдаги образ ва ифодадаги образлар аввалига алоҳида, кейин эса уйғун ҳолда берилади. Бошқача айтганда, А.Орипов ва Ш.Раҳмон шеърида тасвир лирик қаҳрамон кўзи билан кўрилган табиат тасвири бўлса, Х.Даврон шеърида кўриб-кузатилган воқелик тасвирини борича бериш билан бирга, ундан олинган таассуротлар, ҳис-кечинмалар ифодаланади. Х.Давронда тасвир рамзга айланмай турибоқ эстетик қиммат касб этади, ўқувчида худди кўриб тургандек таассурот уйғотади ва бу таассурот тасвирий санъат асарини томоша қилганда туғиладиган кечинмалардан кам бўлмайди. Ижодкорнинг лирикада бундай тасвир усулидан фойдаланиши тасодифий эмас. Бунда, энг аввало, воқеликни кўриш орқали эстетик идрок этиш қобилияти талаб қилинади. Шоир ўз ҳис-туйғуларини ифода этаркан, бу ифода ижодкорнинг эстетик қобилиятлари билан ҳамоҳанг тарзда кечади. Дейлик, шоирда мусиқани ҳис қилиш(музыкальний слух) қобилияти кучли. Бу ўз-ўзидан унинг шеъриятидаги мусиқийликни таъминлайди. Мусаввирларда ва бу соҳани тушунадиган, рангларни ҳис қила оладиган инсонларда эстетик кўриш (эстетическое видение) оддий одамларга қараганда бир неча бор устунроқ бўлади. Улар оддий кўз илғамаган нарсаларни “кўради”. Бундай одамлар табиатдаги ранглар уйғунлигини ҳис қиладилар. Ундаги табиий шаклларни бирор нарсага ўхшата оладилар. Осмондаги булутларни кемаларга, тоғу тошларни турли ҳайвонларга ўхшата олиш улардаги “кўриш”нинг ўзиёқ образлиликда кечишидан далолат беради
Шоир Хуршид Даврон ёшлигида тасвирий санъат билан жиддий шуғулланган. Бу борада анчагина қобилиятли бўлган ижодкор кейинчалик ҳам ушбу санъат билан яқинликни йўқотмади. Яъни, уни нафақат истеъдодли шоир, балки тасвирий санъат тарихи, назариясидан яхшигина хабардор бўлган мусаввир сифатида ҳам таниш мумкин. Алишер Мирзаев ва Шуҳрат Абдурашидов каби рассомлар билан бир қанча муддат ижодий мулоқотда бўлган Х.Даврон шоир сифатидаги ижодий жараёнда ҳам тасвирий санъат билан яқинликни ҳис этади. Шу сабабдан унинг шеърларидаги мусаввирона нигоҳни пайқаш қийин эмас. Х.Даврон шеърлари худди суратдай, шоирнинг ўзи эса мусаввирдай гўё:
Эриб кетар хира туманлар, капалакдек уйғонар ялпиз. Осмон дарё бўлиб туюлар, ўтлар узра чопқиллайди кўз.
У яратган образларнинг аксарияти визуаллик хусусиятига эга бўлиб, шеърларида тасвирийлик устуворлик қилади. Ижодкор табиатнинг маълум бир манзарасини тасвирлар(чизар) экан, бу реал манзаранинг айнан нусхаси бўлмайди. Манзара шоир ёки рассом қалб қўрида қайта “кўрилади”, ишлов берилади. Тасвир таъсирдор образлар билан бойитилар экан, уни “кўраётган” ўқувчи худди рассом чизган сурат қаршисидаги завқни туя бошлайди:
Ҳовузда чайганча кумуш сочларин, Қуш инида эримай ётган қордек Оқариб порлайди дарахт узра ой. Кейин дарахтлардан оқиб тушар у Жилдирай бошлайди сўқмоқлар бўйлаб, Қоронғи жарларга қулаб тушганча…
Х.Даврон ижодида фақат рангтасвирга хос хусусиятларнинг акс этишини кўриб қолмай, балки бу санъат тарихи, унинг намоёндалари, тасвирий санъат моҳиятига бағишлаб ёзилган шеърларни ҳам жуда кўп учратишимиз мумкин. Бундай шеърлар сирасига “Беҳзод”, “Мусаввир бўлмоқ эрсанг”, “Мусаввир усатахонаси”, “Мусаввир”, “Абулҳай сўзи” каби асарларни келтириш мумкин. Айнан шу шеърлар шоирнинг бу санъат борасида хақиқий билимдон эканлигини кўрсатади. Шоир етук мусаввирлардай рангни ҳис этади, унинг асл моҳиятини англай олади. Х.Даврон “Мусаввир бўлмоқ эрсанг” шеърида шундай ёзади:
Мусаввир бўлмоқ эрсанг, Тилингни суғуриб ол Ва ярадан тўкилган Қон рангига қулоқ сол.
Рангтасвирнинг асл моҳиятига олиб борувчи бу сўзлар мусаввир-шоир тилидангина айтилиши мумкин. Х.Давроннинг рангтасвир билан боғлиқ шеърларидаги эътиборли жиҳат ҳам шунда. Ижодкор шу мавзудаги деярли барча шеърларида рангтасвирнинг хос хусусиятларини теран мушоҳада этади:
Ранг таниш ? ҳаётни англамоқ, бўтам, Ранг таниш ? қўрқувдан бўлмоқдир озод.
Шоир учун чин рассомларгагина хос туйғулар, кечинмалар (“Санъат”, “Чюрлёнис”, “Биз шундай яшаймиз”) ҳам ёт эмас. Х.Даврон рассом ижодий жараёни ва илҳомланган санъаткор кечинмаларини мусаввирона ҳис эта олади. Бу эса унинг шеърларида ҳам ўз аксини топган:
Деразада муздан қатқалоқ, Рассом йиғлар, кўзлари хира. Уни қийнар олис хотира ? Мўйқаламда яшаган титроқ.
Х.Даврон шеъриятида тасвирийлик фақатгина рангтасвир билан уйғунликда содир бўлмайди. Унинг ижодида кино санъати хусусиятларини ўзида экс эттирувчи асарларини ҳам кўплаб учратишимиз мумкин.
Кино, албатта, инсониятнинг буюк кашфиёти. Бу санъатда бир неча санъат турларининг синтезлашув ҳолатини кузатиш мумкин. Кинемотография оламни эстетик кўрсатувчи, у ҳақда информацияларни бошқа тур санъатлардан кўра бир қадар кўпроқ етказиши билан инсониятнинг чин эҳтиёжидаги санъат бўлиб қолмоқда. Ҳозирда кино кўрмайдиган, унга қизиқмайдиган одамларни топиш мушкул. Кино аллақачон инсонлар ҳаётининг бир бўлагига айланиб улгурган. Х.Даврон кинонинг ана шу аҳамиятга молик ифода усулларидан фойдалана оладиган ижодкор. У объектни лаҳзалик, қотиб турган ҳолатинигина эмас, балки бир қанча муддат давомида, кетма-кетликда содир бўлувчи воқеа(кичик эпизод)ларни ҳам “тасвирга туширади”. Бундай шеърлар сирасига “Рўмол ўраб кўчага чиқди…”, “Жавзо туни…”, “Қуш ўғриси”, “Осмонда булут йўқ…”, “Эшик очилади...” каби шеърларни келтиришимиз мумкин:
Эшик очилади, Дайди ит каби Орқага чекинар нимқоронғулик… Бир эркак чиқади кўчага эснаб, Гўдак йиғисини яширар эшик. Эркак қора рангли ёмғирпўшининг Ёзилган ёқасин кўтариб олар, Эриниб излайди папиросини, Шошмасдан тутатар, ўйланиб қолар. Кейин деразага қарайди сўлғин, Оҳиста бош силкиб қўяди унсиз. Бир аёл ойнадан силкитади қўл Ва эркакни олиб кетади кундуз.
Шеърда оддий ишчининг бир кунлик юмушларига отланиш пайти тасвирланган. Кичик бир эпизодик тасвирда эркакнинг дардлари, бир зайлда давом этувчи кунларнинг азоби ва шунга маҳкум бўлган инсон тақдири ўзига хос тарзда ифодаланади. Шеър тўлалигича тасвир(ҳаракатдаги тасвир) асосида ёзилиб, унинг эстетик таъсири ҳам ана шу кинемотографик лавҳага сингдирилган. Бунда шоир ҳеч қандай изоҳ ва тавсифларсиз бир неча сониялик эпизодни келтиради. У айтмоқчи бўлган фикрларнинг бари ўқувчи кўз олдида жонланаётган ана шу тасвир воситасида етказилади.
Тасвирий санъатнинг вужудга келиши ва ривожланиши инсониятнинг кўриш асосида оладиган эстетик завқи қийматини ошириб келган. Ҳозирги ривожланган даврда одамларнинг информация олувчи асосий воситаси телевидение бўлиб турибди. Телевидение ва кино санъатининг ютуқлари эса инсондаги “кўриш”нинг аҳамияти янада ортишига сабаб бўлган. Кейинги давр ўқувчиси кўпроқ кўриш асосида эстетик завқ олишга мойил бўлиб қолган экан, бу, албатта, бошқа санъат турларига, шу жумладан, бадиий адабиётга ҳам таъсир этмай қолмади. Х.Даврон ана шу эҳтиёжни теран ҳис қилган ижодкордир. Алоҳида ажралиб турувчи қобилияти эса унинг шеъриятидаги тасвирийлик жозибасини таъминлайди. Бу эса, энг аввало, санъат турларининг ҳозирги тараққиёти қўяётган талабдан келиб чиқса, иккинчи томондан, санъаткор оламида шоир ва мусаввир қалбининг муштаракликда яшаши сабаблидир.