ШОИР МУСАВВИР БЎЛГАНДА...

Садулло Қуронов

Инсоннинг борлиқни англашида, у ҳақда тасаввур ва билимларнинг пайдо бўлишида кўриш (кўз) марказий ўринни эгаллайди. Зеро, дунё ҳақидаги тасаввурларимизнинг асосини кўриш орқали олинган информациялар ташкил этади. Бошқа сезгилар асосида олинганлари уни тўлдиради, сайқаллайди. Шу сабабдан ҳам маҳорат билан чизилган рангтасвир асари қаршисида нафақат уни кўриш, балки “ҳид билиш”, “эшитиш” мумкин.

Биз борлиқни кўрамиз, санъаткор эса кўрганини кўрсатади. Санъат бадиий акс эттириш экан, акс эттириш (ижод) жараёнида “кўриш”нинг ўрни беқиёс. Инсоният тарихида рангтасвирнинг вужудга келиши ва ривожланиши одамларнинг кўриш асосида оладиган ҳис-туйғулари ва маънавий озуқаси салмоғини оширади. Ифоданинг кўриш асосидаги салмоғи кучайган экан, бу ўз-ўзидан бошқа санъат турларига таъсир этмай қўймайди.

Мумтоз адабиётда асосан баён этиш, тавсифлашнинг устиворлик қилгани маълум. Кейинги давр ижодкорлари эса ифоданинг янада самарали, таъсирли ва ҳаққоний усулларидан фойдаланишга ҳаракат қилдилар. Шу жумладан, рангтасвир санъатига хос бўлган унсурларнинг шеъриятга кўчиши, ундаги тасвирий ифоданинг худди рассом чизганидай бера олишлик имкониятини яратди. Албатта, бунда ранглар эмас, сўзлар воситасида чизилган сурат ижодкор маҳорати эвазига хаёлларда гавдаланади.

Абдулла Ориповнинг “Баҳор” шеъри айнан шундай хусусиятга эга бўлган асарлар сирасидандир. Бу шеърда тасвир нафақат шоир ҳис-туйғулари ифодаси, балки композициянинг асоси даражасига кўтарилган.

Шеър баҳор фасли келганлигидан хабар берувчи мисралар билан бошланади:

Яна баҳор келди. Яна оламда

Ажиб бир гўзаллик, ажиб бир баёт...

Ушбу сатрларни ўқир экансиз, қалбингизга баҳорий жўшқинлик, баҳорий кайфият кириб келади. Аммо фақатгина шунинг ўзи сизга аслида баҳор уйғота олиши мумкин бўлган кўп туйғуларни бера олмайди. Шоир давом этади:

		Еллар ҳам уйғонди ишқалаб кафтин,
		Офтоб ҳам юксалди – тик келар қуёш.
		Тоғлар ҳам юк ташлаб кўтарди кифтин,
		Безавол майса ҳам силкитади бош.
		Тарновлар бўғзида лола ҳам кўркам,
		Терак учларида изғир мавжудот.
		Ҳаттоки туйғусиз, чирик хазон ҳам
		Яшил пўпанакдан боғлабди қанот.
		Ҳовлиқма жилғалар чопар беэга.
		Қушлар қий-чувига тўлмиш дала, боғ.

Бу илк тасвирий қисм бўлиб, уни иккига ажратган ҳолда таҳлил қилиш ҳам мумкин. Боиси, дастлабки тўрт мисрада тасвирдан кўра тавсиф устиворлик қилади. Яъни, бу мисраларда манзаранинг детализация асосидаги тасвири мавжуд эмас. Ушбу мисралар воситасида сиз баҳорнинг умумий тароватини ҳис қиласиз. Кейинги мисраларда эса маълум манзара элементларини келтириш воситасида чизилаётган тасвир яққолроқ кўринади.

Мусаввир пейзаж жанрида ижод қиларкан, унинг мақсади табиат тасвирини томошабинга айнан кўрсатишгина бўлмайди. Зеро, кўришнинг ўзигина завқланиш, эстетик таъсирланиш дегани эмас. Агар шундай бўлганида рассомнинг ижод этиши, шоирларнинг тасвирга мусаввирона ёндошуви фойдасиз бўлар эди. Юқорида келтирилган шеърий пейзажга эътибор қилсангиз, А. Орипов объектни шунчаки тасвирламаганини кўрасиз. Шоир манзарани бир нуқтадан кузатаётган инсон ҳолатини ярата олган ва бу билан у ўқувчига ҳам реал ҳаётдагидай кузата олиш имкониятини беради. Чизилаётган табиат тасвири онгда намоён бўлсада, у гўёки кўзлар ҳаракати асосида умумлашаётгандай таассурот уйғотади. Бунда ижодкор нафақат сўз маъноси билан ишлайди, балки табиатни кузатаётган инсон психологиясидан келиб чиқиб, уларни жойлаштиради. Бундай тасвир кўз ҳаракатининг муайян йўналишдаги (юқоридан пастга, узоқдан яқинга) кузатуви асосига қурилади: Баҳор... Баҳорий еллар... Кўкда эса қуёш, тўғрида сервиқор, ёрқин тоғлар. Сўнг нигоҳингиз пастроқдаги қирларга тушади ? ям-яшил майсалар. Кейин қишлоқ. Баланд-паст уйлар, атрофида эса тераклар (сиз ўзингиздан узоқдаги ва юқоридаги манзарани кузатдингиз). Эндиги нигоҳингиз ён-верингизга, ерга қаратилган: оёқ остида зах ер, чирик хазонлар. Нигоҳингиз билан заминни кузатаркансиз, ўйноқи жилғага кўзингиз тушади. Чопқир жилғалар адоғини излаган кўзларингиз сизни яна қаёққадир олиб кетади. Йўл-йўлакай кўрганингиз боғ ва далалар қушларнинг қий-чувига тўлган...

Шундай қилиб, шеърдаги бу қисм сизга баҳорни кўрсатади, ҳис эттиради. Кайфиятингиз кўтарилиб кетади. Фақат сиз эмас, шоир ҳам ажойиб туйғулар исканжасида ўзини йўқотган:

Сен келдинг, уйғонди яна шўх олқиш,
Йиғлаган кўзларга тушган каби нур.
Ҳа, мангу заволлик бўлмас оламда
То суйин сочаркан абри найсонлар.

Шеър аввалидаги жўшқинлик, баҳорий тасвир берган кайфиятдаги ўқувчи шоир фикрларига беихтиёр ишонади: “Шундай ? заволлик абадий эмас”. Бу фикр иккинчи бир фикрни уйғотади: “Абадий уйқуга кетганлар-чи?” Сўнгра шеър мавзусида кескин бурилиш содир бўлади. Шоир икки ижодкор (Ғафур Ғулом, Мақсуд Шайхзода) хотирасига аталган мисраларни битади:

Мен сизни эслайман, аммо шу дамда,
Мангуга кўз юмган азиз инсонлар...

Аввалига фасллар келинчагининг мадҳи билан бошланган шеър мавзуси хотира билан алмашади. Аммо матндан узиб олинса, номутаносиб келувчи икки мавзу, шеърда баҳорий тасвир уйғотаётган ҳис-туйғулар изчиллигига мос ҳолда жойлаштирилади. Умуман олганда, “Баҳор” шеърининг мавзулар таркиби турли: баҳор мадҳи, ўтганлар ёди, она хотираси, исён, итоат, ватан каби. Шундай бўлсада, аввало, у лирик асар, фарқли мавзуларга тез-тез бурилишига қарамай, шеърхон уни тутилмай ўқийди. Ҳажман катта бўлсада, бу шеърни ёддан билувчи кишиларнинг сони жуда кўп. Хўш, шеърнинг ютуғи нимада?

Ушбу лирик асардаги мавзулар мазмун мантиқи асосида боғлана олмасада, тасвир асосида табиий занжир ҳосил қилади. Яъни, шеърдаги пейзаж манзаралари асар структурасидаги мавзулар изчиллигини таъминлаб, композицияда ўзига хос қолип вазифасини бажаради. Мавзуларнинг уйғониш сабаби ҳам шеърий тасвир асосига сингдирилади.

Шеър бошланишидаги пейзаж қаҳрамонда ўзгача ҳис-туйғуларни уйғотади ва ана шу ҳис-туйғулар таъсиридаги шоир яна тасвирлашга, баҳорга қайтади. Энди у Чиғатой қабристони манзараларини чиза бошлайди:

Фақат билганидан қолмас тириклик,
Мана, гулга чўммиш Чиғатой бўйи.
Бу сокин элда ҳам ивирсир баҳор,
Ўчган хотиралар чироғин ёқиб.
Қарайман, қабрлар ястанмиш қатор,
Маъсум бинафшадан сирғалар тақиб.
Кимнингдир кўксига энгашганча гул,
Мармар сағанадан ўқиб турар байт.

Бу тасвир элементларида тушкунлик ифодаси ёрқин кўриниб турибди. “Ахир, баҳор ҳамма ерда бир хил бўй бермайдими?” ? деган савол туғилиши табиий. Йўқ, кўраётганингиз фотосурат эмас, у мусаввир чизгани каби маълум ҳис-туйғуга йўғрилган тасвир. Қаҳрамон тушкун ҳолатида табиатни бошқача кўра олмайди ҳам, шунинг учун ҳам у манзара қошида ўтганларни эсларкан, хаёлларида ўзга ҳислар, ўзга туйғулар уйғонади. Қабристон манзаралари эса шоир фикрларини бошқа ёққа – онаси, унинг қабри томон элтади:

Бугун атрофингда баҳордир балки,
Балки шабнам ичра ғарқдир хазин тош.
Майсалар тегрангда қатордир балки,
Лекин сен ётарсан кўтаролмай бош...

Шоир она қабрини кўраётгани йўқ. У қаҳрамондан анча олисда. Шу сабабдан қабр тасвирини фақат хаёлларидагина тиклашга қодир. Шу сабабдан ҳам қаҳрамон ўзидан олисдаги қабрни баҳор тасвири билан уйғунлаштирган ҳолда тасаввур этади. Бу эса унинг юрагидаги туғёнларни янада кучайтириб юборади. Чунки у хаёлан она қабри теграсидаги уйғонишни, гўзалликни кўрган эди. Аммо марҳума булардан бебаҳра, у баҳорни кўролмайди... Қаҳрамондаги тушкинлик кайфияти яанада ошади. Натижада ич-ичидан исён ёпирилиб кела бошлайди:

Бунчалар қаттолсан, о, сирли олам,	
Бунчалар бедилсан, бепоён хилқат.

Шоир қалбида исён уйғотган туғёнларнинг асл сабаби келтирилаётган хаёлий тасвирга бориб тақалади. У инсоннинг коинот олдидаги қадри, умр ҳақидаги саволларига жавоб излай кетади. Исёнкор фикрлар… Ўқувчининг хаёллари эса шоир мисраларига эргашган, қаёққа бошласа, шу ёққа кетаверади. Фикрлар кетидан фикрлар… Шоир тақдирга тан беради, итоат эта бошлайди:

Ҳаёт талвасаси тинмагай, аммо
Мангу боқий қолур Инсон ва Хаёл...

Кейинги сатрлардан эса ижодкор кайфияти кўтарила бошлагани сезилади. Итоаткор қаҳрамон кечинмалари қуйидаги тасвирда ўз ифодасини топади:

Бу кун шеъри чиққан шоирдай дунё
Жилмайиб қўяди барчага масрур.
Темурланг гумбазин қўйнини гўё,
Ёритгани каби бир лаҳзалик нур.
Дилбар келинчакнинг кўксида ғулу,
Зардоли шохига ташлар кўз қирин.
Барг аро шуълалар, кафтлармикан у,
Баҳор тетапоя гўдакдай ширин.

Баҳор ? уйғониш фасли, табиат қайта тирилади унда. Ўлим келтирган айрилиқнинг азобларига чидай олмаган шоир кўнгли энди таскин топаётгандай гўё: “Дилбар келинчакнинг кўксида ғулу, зардоли шохига ташлар кўз қирин”. Аввалги тасвирларда инсон ўлими билан боғлиқ ҳақиқатларни кузатган бўлсак, эндигисида туғилиш, янги авлодга ишора берилмоқда. Бу эса қаҳрамонни итоатга бошлайди. Лирик қаҳрамон яна шеър аввалидаги каби баҳорий кайфиятда, аммо унинг руҳи анчагина сокин ва масрур:

Юксак арғувоннинг учида ҳилол
Паҳмоқ булутларни этади нимта.
Қайдадир шоира куйлайди беҳол:
– Кўнглим ҳам бу кеча ойдай яримта...
Увада камзулда биллур тугмадай
Булутлар ортидан боқади юлдуз. 
Қайдадир юртини эслаб инграр най,
Қайдадир қўзигул ёради илдиз.
Қайдадир гулшандан ахтариб висол
Ел кезар ? тоғларнинг гўзал арвоҳи.
Шоирнинг дилрабо байтлари мисол
Оҳ тортиб тизилар турналар гоҳи.

Бу тасвир шеър аввалида келтирилган пейзажга тасвирлаш техникаси билан яқин турсада, аммо улар ўртасида тафовут катта. Биринчи тасвирда конкрет жой белгиларини кўрсатиш орқали маълум манзара яралган бўлса, кейинги тасвирий қисмда умумий баҳор тунининг баъзи элементлар асосидаги яхлитлашганини кузатишимиз мумкин. Яъни, аввалги қисмда манзара қаҳрамоннинг кўз ҳаракатлари асосида яратилиб, объект тавсифлаб ифодалашга эмас, чизиб кўрсатишга ҳаракат қилинган. Кейингисида ҳам шуни кузатиш мумкин, лекин сиз манзарани кўришда фақат кўзларингиздан эмас, балки қулоқларингиздан, ҳиссиётингиздан фойдаланишингизга тўғри келади.

Баҳоринг муборак бўлсин ушбу дам,
Менинг Ўзбекистон – дилбар Ватаним.

Ушбу мисралар билан шеър якунланади. Баҳорий манзаралар билан бошланган шеър сўнгида ҳам табиат гўзаликларини кўрамиз. Бу билан қаҳрамонининг кечинма ва ўйлари тасвирдан тасвиргача бўлган оралиқда берилиб, унинг таъсирида юзага келганлиги ойдинлашади. Бу худди манзара олдида турган таъсирчан инсоннинг бир лаҳзада содир бўлувчи ва ҳар ёққа тортиб кетувчи хаёллари эди.

Манзарани рассомлардай чизиб кўрсатиш, ўқувчига худди реал ҳаётда кўргандагидай туйғуларни беради. Ушбу шеърнинг ютуғи ҳам, бор гўзаллиги ҳам А. Ориповнинг ўз ижодига мусаввирона ёндошганлигида эди. Ҳажман катта бўлсада, бу шеър ихлосмандларининг кўп эканлигига сабаб асарнинг рассомчилик анъаналари билан уйғунлашуви, инсонга кўрсатиб ҳис эттира олишидадир.

 
 
Сайт создан в системе uCoz