Фахриёр шеъриятида фольклоризм
ХIХ аср охирларига келиб фалсафа ва санъатда борлиқни ўзга бир йўсинда англашга, ифодалашга уринишлар кучаяди. Ф.Нитсше, З. Фрейд, А.Бергсон, У.Жеймс каби мутафаккирларнинг қарашларидан таъсирланган ижодкорлар санъатга янги, модернизм йўналишини олиб кирдилар. Бу йўналишнинг устувор хусусиятлари реалликни рад этиш асосига қурила бошланди.
Ўтган асрнинг сўнгига келиб модернизм ўзбек адабиётига ҳам кучли таъсир кўрсата бошлади. Фахриёр, Назар Эшонқул, Баҳром Рўзимуҳаммад, Улуғбек Ҳамдам, Абдували Қутбиддин каби кўплаб ижодкорлар асарларида шу йўналишнинг хос хусусиятлари яққол кўзга ташланади.
Модернизмнинг илк даврлариданоқ бу йўналишда ижод этувчи санъаткорларда миф, қадимги афсона ва ривоятларга қизиқиш юқори бўлган. Айниқса, Ф.Кафка, Т.Манн, Б. Брехт каби ижодкорлар асарларида бу жиҳатнинг устуворлиги кўзга ташланади. Ўзбек модерн адабиётида ҳам фольклор намуналарига мурожаат кучли. Ҳозирча, бу жиҳатни шеъриятимизда кўпроқ кузатиш мумкин. Айниқса, Фахриёр ижодида мифик образлар, афсона ва ривоятлардаги сюжет, мотивларини кузатишимиз мумкин бўлади:
Онам болалигимда, бу ёмғирда тулки болалайди, дегучи эди. Офтобнинг чанг, тўғри чизиқ томирларидан тўралган (тулкичалар) каттарган сари — шаклини йўқотиб боради тобора.
Кўриниб турибдики, бу ўринда шеърий ифодадаги мифик образларнинг аҳамияти юқори(тулкилик – айёрлик рамзи, асарнинг кейинги қисмларида ушбу мифик образнинг аҳамияти янада ойдинлашади). Умуман олганда модернизм йўналишидаги намуналарда мифларнинг муҳим ўрин олиши табиий ҳодиса. Миф инсон ожизлигининг маҳсулидир. Миф ҳали одамлар тушунмаган, уларни ҳайратга солган, қўрқитган ва севинтирган олам силсилаларининг ўзига хос йўсиндаги англаниши демакдир. Кўринадики, миф – инсоннинг айқаш-уйқаш тасаввурлари меваси. Биз инсонлар хоҳласакда мифик тафаккурдан воз кеча олмаймиз. Миф гўдаклигизмиздан буён бизнинг онгимизга, қонимизга сингиб улгурган. Модернизмнинг устувор ифодавий хусусиятлари ҳам инсон онгининг туб-тубидаги пучмоқларни тасвирлашдан иборат. Бу ўринда мифик образ ифодавийликдаги бир восита холос. Яъни, бу каби образлар воситасида онг ости қатламларида яшириниб ётган ҳисларни қўзғатиб юбориш осон кечади.
Юқоридаги фикрларимизга янада аниқлик киритадиган бўлсак, модернизм учун асос бўлган фалсафий тушунчаларга муражат этишга эҳтиёж туғилади. ХIХ асрнинг охирларига келиб файласуфлар инсон фақатгина онги воситасида фикр юритмаслигини, балки у баъзан ҳиссиётга таянган ҳолда ҳам мушоҳада юритишини эътироф эта бошладилар. Зигмун Фрейд инсон ўз ҳислари кўмагида фикр юритсагина олам ҳодисаларини моҳиятан англаши мумкин эканлигини тасдиқлайди. Унинг издоши Карл Густав Юнг психология илмига “Жамоавий онгсизлик” тушунчасини киритади. “Юнг фикрича, психика ниманингдир ҳосиласи эмас, у бирламчи ва инсон борлиғини аниқлаб берувчи асосий принципдир. Жамоавий онгсизлик – инсон онгининг дастлабки ҳолати.” Юнгнинг назариясига кўра психикани англаш бутун тирик мавжудотларнинг уйғун жиҳатларини ҳис этиш билан амалга оширилади. Бундай ҳолат айнан ибтидоий одамларда яққол кузатилсада, барча ижтимоий даврлардаги инсон руҳиятига бирдай дахлдордир.
Кўриниб турибдики, модернизм йўналиши вакиллари инсон ибтидосидаги руҳиятни қидирганлар. Унинг онгсиз, табиат билан уйғун ҳолатидаги ички руҳият манзараларини ифодалашга уринганлар. Инсоннинг ибтидоий тафаккури эса ўз-ўзидан миф, асотир ва афсоналарга бориб тақалади…
Мифик образлар ўқувчи хаёлотида ўзига хос таассуротни уйғотишлиги билан аҳамиятлидир. Мисол учун Фахриёрнинг “Кузда” шеъридаги бир мисрани олиб қарайлик: “Сариқлик – тош ранги, ялмоғиз тошнинг”. Ушбу шеърда кузги манзаралар ва қаҳрамоннинг фалсафий мушоҳадалари уйғунлашиб кетган. Келтирилган мисрадаги тош образига икки хил сифат берилмоқда – сариқлик ва ялмоғизлик. Болаликда(баъзилар ҳар доим) фольклордаги Ялмоғизнинг борлигига ишонмаган, уни эслаб зир-зир титроқ босмаган инсоннинг ўзи бўлмаса керак. Шеърдаги тошни кузатарканмиз у – сариқ. Сариқ тош образи тасаввурда ялмоғизлик ва у уйғотган ҳислар билан уйғунлашиб кетаркан, кўз олдимизда ўзгача хусусиятларга эга “тош” гавдаланади. Айни шу “тош” ифодавийликдаги кейинги манзаралар учун айни муддаодир…
Фахриёр ижодининг фольклор намуналари билан уйғунлигини ўрганарканмиз, бу борада шоирнинг “Ёзиқ” ва “Аёлғу” достонлари жуда аҳамиятлидир. Ушбу асарлар бир қанча хусусиятларига кўра постмодернизм йўналишини ҳам ёдга солади. Чунки, бу асарларда халқ оғзаки ижоди, тарих лавҳалари, санъат асарлари, диний тушунча ва ривоятлар каби кўплаб соҳа намуналарига бевосита ва билвосита мурожаат, пародия, киноя яққол кузатилади. Постмодернизм методида бу ҳолат интертекстуал ўйин деб аталади:
Нилуфар кўйлагин бозорга солар, Тангасини санайди сув парилари… Нилуфарнинг кўйлагини сотиб олгани Ёсуманнинг нафақаси етмайди…
Бу ўринда Ёсуман ва сув парилари каби мифик образлар муайян бир тасвирий восита сифатидагина келтирилиб, улар билан алоқадор сюжет воқелигига ишора сезилмайди. Аммо қуйидаги парчага нисбатан бундай муносабат билдириб бўлмайди:
Кунгабоқар қулоқни тунда Ғор – қудуққа ташлаб юборар. Қамиш униб чиқар ундан, ё раб… Бозингар ютган қилич сингари Қудуқнинг бўғзига қамиш қадалар. Чўпон йўқ битта най ясаб олгани, қишлоққа қайтмади ҳали подалар.
Ха, бу болалигимизда кўп эшитган “Искандарнинг шохи бор” афсонасидаги сюжет мотиви. Аммо ижодкор мақсадига кўра бир мунча ўзгаришлар киритилган. Яъни қудуқ ичига сартарош бақирмай, кунгабоқар эшитилганлар(қулоқ)ни қудуққа ташлайди ва ҳ.к. Дастлабки парчалардан фарқли ўлароқ, бу ўринда ифодавий восита қаҳрамонлар эмас, балки сюжет мотиви. Икки ҳолда ҳам фольклор намуналари ижодкорнинг бадиий-ғоявий мақсади учун хизмат қилмоқда.
Шоирнинг онги ва қалбида чарх ураётган ғоя, ҳисларнинг образли ифодаси учун фольклор намуналари асос бўлаётган экан. Демак, ушбу намуналар шаклан ва ёҳуд мазмун жиҳатидан ифодавийликдаги мақсадга яқин туради. “Ёзиқ” шеърида халқ оғзаки ижоди намуналарининг асосан шаклий хусусиятлари эътиборга олиниб, маъно қайта яратилади. Дейлик сув париларига хос латофат, инсонларга ёрдам беришлик ёки аксинча жодулаб сувга ғарқ этишлик каби мазмун хусусиятлари тасвирда аҳамиятсиз. Аҳамиятли жиҳати уларнинг ташқи кўринишида. Уларнинг ярми аёл, ярми балиқ – тангали балиқ. Ёки Ёсуманнинг қаҳратон совуқ келтиришлиги эмас, балки қариялиги мухим. Қариялар эса нафақа оладилар… Искандар ҳақидаги афсонанинг сюжети ва мазмуни эса тубдан ўзгартирилади. Энди қудуқ, қамиш, най, чўпон каби образлар жар солувчи эмас, балки, айта олинмаётган, жар солинмаётган, бўгизда қолиб кетаётган ва шунга маҳкум бўлган дардларнинг рамзига айланиб қолади…
Шеърда яна дев – қурбақа ва фаришта, Жамшид, қалдирғоч, Хотамтой каби миф, эртак, ривоят қаҳрамонларини кўришимиз мумкин бўлади. Бу ўринда асардаги дев, қурбақа ва фаришталар билан боғлиқ сюжет чизиқлари ҳайратланарли даражада мазмундор ва таъсирли ифодаланади:
Гулнинг косасига қуйиб ичар Вақт мени лиммо-лим. Жоним қурбақага айланади: ВАҚҚ! Ким, девмикин, жонимни қирқ фариштага нимталаб нонушта ҳозирлаётган. “Карнай бўлсин иштаҳа”
Шоирнинг нақадар буюк истеъдод соҳиби эканлигидан дарак бериб турувчи бу мисралар мазмун ва шаклий жиҳатдан мукаммалдир… Бир қарашда парчадаги қурбақа кўчма маънодаги бадиий образдай таассурот уйғотади. Умуман. дев ва қирқ фаришта образларининг ҳам фольклор қаҳромонлари эканлиги ҳис қилиниб турилса-да муайян сюжет билан алоқадорлиги сезилмайди. Бу ҳақида ўқувчи кейинроқ, йирик ҳажмдаги шеърнинг ярмига бориб қолганда хабар топади:
Тарих – гуноҳлар – турнақатор. Ёзиққа термулар кўр(савод) сичқон. Девнинг ҳарамидан қочган қурбақа ҳам гўрга келиб битикларни ҳижжалар, не тонг!..
Англашиладики, шеърдаги сюжетда дев, унинг қирқ фариштадан иборат ҳарами ва унда тутқин қурбақа(лирик қаҳрамон) мавжуд. Мураккаб компазицион қурилиш ва сюжетга эга бўлган ушбу шеърдаги фольклор мотиви, биринчидан, бадиий-ғоявий мақсад учун ҳизмат қилса, иккинчидан, айқаш-уйқаш, тартибсиз таҳайюллар уйимидай таассурор бераётган сюжет чизиғини изчил, тартибли кетма-кетликдаги ҳодисотлар эканлигини ўқувчига эслатиб қўяди. Яъни асарнинг илк мисраларида қурбақа, дев, фаришта образлари асосида лирик туйғулар ифода этилиб, улар таъсирида тунги манзара ва таассуротлар (воқелик тунда содир бўлади) чизилади. Қурбақанинг ҳарамдан қочиши эса сюжетдаги иккинчи босқич ? “Тонг – чолдевор оқарар. Айрилиқ, айрилиқ, айрилиқ”. Эндиликдаги воқелик кундузга кўчади. Қурбақанинг ғорга бориши, ғорнинг тик туриб кетиши ва қудуққа айланиб қолиши воқеаларининг бари кундузда, кейинги бочқичда содир бўлади. Умуман олганда, асарни тушуниш, ҳис қилиш учун ҳар бир образга моҳиятан ёндашиш, компазицион қурилишни кузатиш ва асосийси ижодкорнинг тасаввур оқимига шўнғиш – сузиш талаб этилади.
Фахриёрнинг “Аёлғу” достонида ҳам жуда кўплаб миф, афсона, эртак қаҳрамонлари ва сюжет мотивлари келтирилади. Бу борада шоирнинг ўзи шундай дейди: “Достоннинг номи ҳам рамзий: унутилган тарих, миллат хотирасини асотирлар ёрдамида тиклашга бир уриниш бўлган эди бу”. Беш жуфт тахайюлдан иборат ушбу шеърнинг еттинчи таҳайюли тўлалигича халқ оғзаки ижодидаги образлар асосида қурилади:
бир кеча туш шернинг тирноғини бўйнига тумор қилиб таққан шоҳнинг хотини тумсо маликага инчи иқлимдан зангори олма келтириб берди олмани еди у русумга кўра… маликанинг кўзи ёриди ой кўрсаки малика шахзода ўрнига бўри туғибди кўмкўк бўривачча...
Турли халқлар оғзаки ижодида маликанинг бўри туғиши ҳақидаги сюжет мотивлари мавжуд. Лекин Фахриёр яратган воқеликка бир фольклор намунасига нисбатан интертекстуал ўйин деб хулоса чиқара олмаймиз. Бу воқеликда бир неча мифик образлар, достон мотивлари ҳам мавжуд. Яъни, ижодкор мақсади йўлида бирқанча фольклор намуналари синтезини ҳосил қилади:
сандиқларни тобут қилдилар шахзода оқмаган сандиқлар
Бу ерга “Тоҳир ва Зуҳра” достонидаги Тохирга ишора бор. Умуман, сандиқ образи асарнинг бошқа қисмларида ҳам айни шу ишора билан учрайди. Кейинги мисраларда биз яна бир мифик образни кўришимиз мумкин бўлади:
Орзуларин чумчуқ замон териб кетган шоҳ қафасдан учирди толе қушини тахтга ворис излаб учиб кетди қуш вилоятларга
Фахриёр бир неча сюжет мотивларини қориштирган ҳолда янги бир бутун воқеани яратади. Шоирнинг юқоридаги гапларига таянадиган бўлсак, кўк бўри образи қадимги туркий халқларни ёдга солади. Ривоятларда келтирилишича, турклар бўридан тарқалган эмиш. Уларни “Кўк турклар” деб ном қозонганлиги ҳам маълум ҳақиқатдир.
Мифологик мактаб вакиллари адабиёт ва санъатнинг вужудга келишига мифлар асос бўлган дея таъкидлайдилар. Бу мактабга кўра миф поэзиянинг жавҳаридир. Умуман олганда, ХIХ асрга келиб санъатнинг янги босқичдаги ривожи ҳам бевосита фольклор билан муштарак боғлиқдир. Бу ҳақида “Адабиётшунослик луғатида” шундай ёзилади: “Зеро, классицизм даври сиғинган антик эталонлардан, маърифатчилик топинган ақл культидан безган романтизм вакиллари халқ оғзаки ижодида чинакам экзотика, битмас-туганмас хазинани кўрдилар”. Демак, халқ оғзаки ижоди доимо ёзма адабиёт учун илҳом манбаи бўлиб келган. Унинг замиридаги чинакам бадиият, фалсафа ва умуминсоний қадриятлар ифодаси модерн санъаткорлар ижодида ҳам ўзига хос талқинда намоён бўлмоқда.