Ифода ва ифодавийлик

Саъдулло Қуронов

Яқинда Фахриёрнинг “Геометрик баҳор” шеъри устида изланиб, бир мақола ёзгандим. Уни ўқиб кўрган устозларимдан бири “Сиз Фахриёрдан қўшимча равишда фазилат қидирмаяпсизми?” деб қолди… Эътибор берсам, асар гўзалликлари кашф этиларкан, аксарият ўқувчи ва мунаққидлар “Буни ҳатто ижодкорнинг ўзи ҳам англаб етмаган бўлса керак” дея ундаги топилмани ўзиникидай ҳис этади ёки бу гўзалликни асардан зўрма-зўракисига чиқариб олинган деган хулосага келади.

Устозимиз Қ. Йўлдошев бир маърузасида Р. Парфи шеъриятининг гўзалликлари ҳақида сўз юритаркан, шундай мисол келтирди:

Ёмғир ёғар, шиғалаб ёғар,
Томчилар томчилар сочимга,
Ёмғир ёғар, шиғалаб ёғар,
Ҳам қайғумга, ҳам қувончимга.  

Қ. Йўлдошев бу парчадаги томчилар, томчилар, сочимга сўзларида жойлашган “ч” ҳарфига эътибор қаратиб, шеърнинг ўзига хос мусиқийлиги ҳақида гапириб берди. Дарс якунида савол ташланди: “Домла сиз асар гўзалликлари ҳақида сўз юритаяпсиз, аммо бу нарсаларнинг барини шоир ўзи ҳабардор ҳолда келтирган дея оласизми?” Домла ўйланиб ўтирмай “йўқ, албатта” дея жавоб берди. Фикрини асосларкан ўзи шу “ч” ҳарфлари борасида шоирга мурожаат этганлигини, шоирнинг ўзига ҳам бу топилма янгилик бўлганлигини сўзлаб берди. Устозимиз бунга оддий ҳол дея изоҳлаб ўтди.

Ҳақиқатдан, баъзан ижодкор асаридаги муайян хусусиятларни ўзи ҳам билмаслиги мумкин. Ёки муаллиф ўзи яратган асарни тушинтира олмаслиги, шу билан биргаликда ўқувчилар ҳам бу асардан айнан нимани олганини англолмаслиги мумкин.

Биз юқорида бежизга “гўзаллик” сўзини ишлатмадик. Айтмоқчи бўлганимиз “гўзаллик” асарнинг ифодавий хусусиятига тааллуқли ҳодиса. Асардан англашиниши мумкин бўлган ижтимоий, фалсафий, тарбиявий маъноларни қўя турайлик. Булар эътироф этилганидай сунъий равишда ҳам келтириб чиқарилиши мумкиндир. Аммо асарнинг ифодавийлиги, шаклий хусусияти ҳақида ҳам шундай фикр юритиб бўлармикан?

Умуман, санъаткорнинг ижод жараёнини тушга қиёслаш ҳам мумкин. Чунки баъзан тушда ҳаётда умуман, тасаввур ҳам этиб бўлмайдиган нарсаларни кўрамиз. Ҳаётда ечимини тополмаган жумбоқлар калитини топиб, англай олмаганларимизни англаймиз. Ўнгимизда ёд олмаган шеърлар, билмаган тиллар тушда реаллашиши мумкин... Тушда кечувчи ҳодисалар қачонлардир эшитилган, ҳис қилинган ва кўрилган нарсаларнинг инсон онги ва қалби тубида ётган акси эканлигини психолог олимлар кўп таъкидлашади. Сиз ўйламаган нарсалар ҳам қачонлардир сизнинг руҳингизга таъсир этган ва шу таъсирланиш сақланиб қолган бўлиши мумкин. Ижодий жараён ҳам айнан шу тушга ўхшаб кетади. Бунда санъаткор оламининг туб-тубида яшириниб ётган, ўзи учун ҳам номаълум саналган нарсаларни беихтиёр дунёга келтира бошлайди. Бунинг қандай юзага келганини тушунтира олмаса-да, жуда яхши ҳис эта билади. Яратилган асар ижодкорнинг ўзи учун ҳам янгилик бўлиб, ундан аввало санъаткорнинг ўзи завқланади:

Қор гулхани...
Биғиллаб қайнаётган човгун...
Бўғотларда ҳакалаб юрган қиш...
Қор чақмоғи...
Этаги куйган изғирин...
Қор бўрони...
Ўйин тушаётган аёл...
Чарх уриб... Чарх уриб...
Чарх уриб... 

Биз илмий асарларда интуиция терминини кўп учратганмиз. Бу инсон таффаккуридан ташқарида содир бўлувчи идрок, яъни ички бир туйғу ёрдамида сезиш, англаш дегани. Инсон қалби билан ҳис қилади, аммо баъзан қалби воситасида мушоҳада юритиши ҳам мумкин. Ижодий жараёнда ҳам шунга ўхшаш ҳодисалар рўй бериб, баъзан унинг гўзалликларини ақл кўзи билан кўриб бўлмайди...

Инсоннинг ҳаёлот олами чексиз, айниқса санъаткор бу борада оддий одамларга қараганда бир неча бор устун туради. Лекин, санъаткор(инсон) олам билан муносабатда тураркан, ҳар доим ҳам кўрганларини тафаккурида англашга ҳаракат қилавермайди, баъзан у “кўрган”ларини қалби билан ҳис этиб қўя қолади. Онгда эса шу олинган ҳиснинг ўзигина сақланиб қолаверади. У оламни англашга уринаркан, муайян бир жабҳани кўпроқ кузатишга, ҳис эта олишга мойиллиги бўлади. Аммо биз оламни кузатиш жараёнида туйган таъсирнинг муайян бир мойиллик натижасида юзага келганига аҳамият бериб ўтирмаймиз. Айни вақтда санъаткор ифода этаётган ҳодисалар ҳам ана шу мойиллик билан узвий боғлиқ. Яъни баъзан ижодкор “қон”и ҳали ўзи билмаган, англаб етмаган, аммо ҳис қилиб улгурган олам ҳодисаларига тортиб кетиши мумкин:

Булбуллар (айлана) сайрар баҳорда, 
табиат ҳукми шу,
 (сайроқ қирралари) ни 
эговлаб ташлайди гулнинг чиройи. 

Кўриб турганимиздай ижодий жараён санъаткор тафаккури билангина боғлиқ ҳодиса эмас. Асардаги баъзи жиҳатлар таффаккурдан ташқаридаги ва айни пайтда ақлга бўйсунмас бир руҳ билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин. Чинакам санъаткор оламида ана шу рух ҳукм суради. Агар бадиий асарлар структурал жиҳатдан таҳлил этиб кўрилса, бу руҳни пайқаш бир мунча онсон кечади. Чунки, ҳақиқий санъат намуналарида, дейлик йирик ҳажмдаги насрий асарлар структурасида шу қадар гўзал ва ҳайратга солувчи ифодавийликни кўриш мумкинки, буни таффаккур маҳсули ўлароқ юзага келганига ишониш қийин. Мисол учун, Абдулла Қаҳҳорнинг “Ўтмишдан эртаклар” қиссасини олиб қарайлик. Аср ўн саккизта боб(ҳикоя)дан ташкил топган бўлиб, унинг струкрураси жудаям мураккаб тузилишга эга. Чунки асардаги ҳар бир ҳикоя нисбий мустақилликка эга. Ҳар қайсиси бошқа-бошқа шахс образларига бағишланган. Ҳар бир ҳикояда тугун, воқеалар ривожи, кулминация ва ечим каби композиция унсурлари мавжуд. Аммо умумий планда олиб қаралса, ҳикоялар занжир каби боғланиб, яхлит бир асарни юзага келтиради. Ҳикоялар шу қадар маҳорат билан жойлаштириладики, улар тартибидаги бир ҳикоя олиб ташланса, ёки бошқа жойга кўчирилса, уларнинг занжир каби узвий боғлиқлиги ва асарнинг яхлитлиги бузилиб кетади. Эътиборлиси шундаки, у қадар аҳамиятсиздай туюлувчи “Тешиктош” ҳикояси, асар композициясининг кулминацион босқичи вазифасини бажариши билан бирга, ўзигача ва ўзидан кейин келувчи ҳикояларни боғловчи асос даражасига кўтарилади. Боиси, “Тешиктош”гача бўлган ҳикоялар мазмун-моҳияти билан бир нарса, бу мазмун “Тешиктош”да ўзининг энг юқори чўққисига кўтариларкан, кейинги ҳикоялар мазмунида ёзувчи бошқа бир мақсадни кўзлайди. Айни пайтда кейинги ҳикоялар композицияда ечим вазифасини ўтайди... Бу худди шеър мисралари ёки насрий асар матнига ритм – мусиқийлик каби хусусиятнинг ички бир сезги ёрдамида жойлаштирилишига ўхшаб кетади.

Кейинги давр адабиётшунослиги бадиий асарни баҳолашда таянаётган бир қанча методларга эътибор бериб кўрайлик. Хусусан, структурализмда баддий асар алоҳида ҳодиса сифатида ўрганилиб, ижодий жараён ва санъаткор оламининг аҳамияти йўқотилади. Умуман, асардан ташқарида турувчи ҳар қандай жиҳат бу методнинг тадқиқот объекти саналмайди. Структурализм мантиқий-математик тадқиқ усулларига таяниб, психоанализдаги онгсизлик категориясини ўзлаштиради. Постструкрурализм эса бир мунча такомиллашган ва айни давр санъатидаги энг илғор методлардан саналади: “Постструктурализмга кўра, матнни тушуниш “деконструксия” орқали амалга ошади: аввалига матн элементар узвларга ажратилади (“деструксия”), кейин қайта йиғилади (“реконструксия”) ва шу асно матнга ижод онлари контекстида муаллиф ихтиёридан ташқари, англанмаган (таъкид бизники – С. Қ) тарзда ёки ўзи яширишни хоҳлаганига зид ўлароқ кириб қолган маъноларни очишга интилади. Яъни постструктурализм матнда контекст қолдирган “из”ларни қидирадики, бу излар ғайришуурий (онгсизлик) тарзда акс этгани учун уларни интуитив тарздагина фарқлаш мумкин” . Асар матнига таянувчи герменевтика ҳам моҳиятан юқоридаги методларга ўхшаб кетади. Унинг асосида матнни грамматик таҳлил қилиш ва шу аснода унинг ортида турган бетакрор субъектни англаш(“психологик” талқин) туради. Айтмоқчи бўлганимиз асарнинг шундай бир гўзалликлари ҳам борки, бу олам сир-синоатларини санъаткор тафаккури, таъбир жоиз бўлса бадиий маҳорати билангина изоҳлаш қийин.

Кейинги давр тасвирий санъатда рамкаларга олиб қўйилган турли мато ва фигураларни, ҳар хил шаклдаги “лаш-луш”ларнинг уюми, хуллас, ақл бовар қилмайдиган ўзига хос кўринишдаги “нимарса”ларни кўп кузатадиган бўлиб қолдик. Албатта, булар ўз муаллифлари таъкид этаётганидай САНЪАТ асари. Демак, улар ҳам образли ҳодисадир. Аммо бу образлиликни ҳам биз ҳар доим бадиийликни тушунишда таяниб келаётган нуқтаи назар билан ҳис этиб бўлармикан?..

Биз бекорга тасвирий санъат ҳақида сўз очганимиз йўқ. Бу санъатнинг ифода усуллари ва образ яратишдаги хос хусусиятларини бадиий адабиётда ҳам кузатишимиз мумкин. Боиси ижодкорларнинг образли тафаккури (у қайси санъат турда ижод этишидан қатъи назар) бадиий ҳодисада умумийликни касб этади. Айтмоқчимизки, бошқа санъатларда кузатилаётган янгиликлар бадиий адабиётда ҳам ўз аксини топмоқда:

  (Тўртбурчак ва шип-шийдам) боғларга
қайтади баҳор
 (учта бурчаги) билан. 

Бадиий образ – санъаткорнинг ҳиссий олами билан йўғрилган ташбеҳ. Демак, образ аввало инсонга ҳиссий (эстетик) таъсир ўтказмоғи шарт. Бадиий образнинг яралиши муайян бир таъсирланишнинг сабаби ўлароқ юзага келиб, бу таъсирланиш олам билан муносабатда турган санъаткор(инсон)нинг шу дунёни кузатиб бориши мобайнида юзага келади. Санъаткор оламнинг маълум бир жабҳасини образли ифода этишга киришаркан, бу жараён замирида метафора (ўхшатиш) ётади. Демак, образ оламга (ёки унинг бир бўлаги санъаткорга) хос бирор жиҳатнинг бадиий шаклидир. Борлиқдан олинаётган таъсир маълум маънода шу оламдан ташқарида туради. Агар бу таъсирланишнинг ифода этилишига эҳтиёж туғилса, яратилган образ ана шу таъсирланишни акс эттириши керак бўлади. Аммо санъаткор олам моҳиятида шундай бир ҳисларни туйиши мумкинки, буни биз айтаётган, асосида метафориклик хусусияти ётувчи образлилик билан ифодалаш жуда мушкул. Чунки, санъаткор оламнинг ташқи кўриниши билан ўз кечинмалари ўртасида ҳеч қандай ўхшашликни тополмай қолиши ҳам мумкин. Шунда у кечинмаларини ўз тасаввуридаги олам моҳияти кўринишлари билан ифода этишга уринади. Айни дамда юзага келган образлилик ҳам ўзида метафориклик хусиятини сақлаб қолган бўлсада, ўхшатилишга асос бўлган ва ўхшатилаётган нарса субъекнинг ўзига тегишли ҳодисага айланиб қолади. Бундай образлиликда метафоранинг ифодавийликдаги аҳамияти ўзгариб, олинган таъсир ва ҳиснинг (кечинманинг ўзига тегишлигина) “кўриниш”и асосий планга чиқарилади. Бунда ўрганганимиз гўзал ташбеҳлар унутилиб, шеърдаги эмоция ҳам бир мунча сўниши мумкин. Аммо, ифодавийликнинг таъсир аҳамияти ва ҳайратлантирувчи қудрати ошиб кетади:

			
Қўғирчоқ муштининг сояси
халал бермасмикан
тундан ажралиб чиқяпкан тонгга
садафи ҳам тушиб қолибди
мана ялтироқ шабнам
типратикан жимлик шаклида эди
устига олма қуламасидан аввал

Айтиб ўтганимиз тасвирий санъатдаги ифода ва келтирилган шеърий мисоллардаги бадиийликни образ яралишидаги мана шу силсилалар асносида тушуниш керак деб ўйлаймиз. Ва яна шуни айтиб ўтиш жоизки, образли тафаккурнинг бу жиҳатлари англанадиган ижодий жараёнга тегишли ходиса бўлиши жуда қийин масаладир.

Ижодий жараён жудаям мураккаб ҳодиса. Шу билан бирга унинг натижаси ҳам англаб бўлмас даражада сирли. Бу сирлиликда баъзан санъаткорнинг ўзи учун ҳам нотанишдай туйилган, уни “ўзим ҳам билмайман” дейишга мажбур этган жиҳатлар, аслида, унинг ўзига тегишли бўлади. Боиси санъаткор борлиқ билан муносабатда тураркан, ўзганинг сезимлари воситасида эмас, ўз руҳи ва онги билан таъсир туяди. Унинг оламида яралувчи бадиий ҳодисалар ана шу таъсирланишга дахлдор экан, келтириб ўтган, аммо ўзи ҳам англаб етолмаган бўлсада, у яратган гўзалликлар ўқувчи ёки танқидчига эмас, балки санъаткорга тегишли бўлади.

 
 
Сайт создан в системе uCoz