«Анор» ҳикоясида образ яратиш маҳорати
Ўз ижод маҳсулини ҳақиқий санъат даражасига кўтариш, қўлига қалам олган ва улуғ чўққилар сари интилган ҳар бир ёзувчининг мақсадидир. Бу мақсадга эришиш эса адибдан юксак маҳоратни талаб қилади. Маҳоратнинг муҳим қирраларидан бири эса образ яратиш санъатидир.
Ўзбек ҳикоячилигининг чўққиларидан бири ҳисобланадиган «Анор» ҳикоясида, Абдулла Қаҳҳорнинг образ яратиш барасидаги юксак маҳорати яққол кўзга ташланади. Ўтмиш воқеаларидан ҳабар берувчу бу асарда бошқоронғи хотинига икки дона анор топиб бера олмаган Туробжон ва «бирдан бир орзуси-анор» бўлиб қолган аёл образлари санъаткорона яратилган.
Асарнинг бошланғич нуқтасида қуйидаги ҳолатни кузатамиз: «Туробжон эшикдан ҳовлиқиб кирар экан, қалами яктагининг енги зулфинга илиниб тирсаккача йиртилди... Жўхори туяётган хотини унинг қўлидаги тугунчани кўриб, келисопини келининг устига қўя чопди... чала туйилган жўхори ерга тўкилди». Бир томонда, Туробжоннинг «янгигина» яктаги тирсаккача йиртилганига, иккинчи томонда, аёлининг не машаққатлар билан туяётган асосий емиши ҳисобланган жўхорининг тўкилганига эътибор бермаганлиги рўй берадиган ҳодисанинг улар учун жуда муҳим эканлигидан хабар беради. Ёзувчи қаҳрамонлардаги бу ҳолатни ўқувчига яна ҳам кучлироқ сингдириш учун персонажлар нутқидан унумли фойдаланади.
-Акажон, дегин!
-Акажон! Жо-он ака!..
-Нима берасан?
-Умримнинг ярмини бераман!..
Эри «Акажон» дейишинигина сўраса ҳам, хотин «Акажон!» дейди-да, камлик қилди шекилли «Жо-он ака!»ни қўшади. Биринчи «Акажон» эрининг талаби билан айтилган бўлса, иккинчи «Жо-он ака» кўпроқ ялиниш оҳангида «Мени кўпам куттирма» дегани бўлади. Демак у ниманидир илҳақ бўлиб кутмоқда. Эрининг «Нима берасан?» деган саволига биз учун одатий, оддий ҳолатларга қарата ҳам айтишимиз мумкин бўлган «Умримни бераман» деб эмас, «Умримнинг ярмини бераман!» деб жавоб қилади. Аёл бу сўзларни чин дилдан айтаётганлиги сабаб, «Умримни бераман!» дея олмагандай туюлади бизга.
Тугундаги нарсанинг нима эканлигини билган ва кўзига жиққа ёш келган хотинини кўраркан, «нима эканини билдингми? Асаларининг уяси» дейди Туробжон. У бозорда фолон пул, пиёда юрганлар тугул отда юрганларга ҳам йўқ АСАЛни топиб келса-ю, хотини бунинг асал эканлигига «ишонмаса», у «Ё, қудратингдан, ишонмайди-я!» деб юборади. Туробжон бу ҳолатга тушунмади, тушунишни истамаганлиги учунмас, тушуна олмаганлиги учун тушунмади.
Асар бошидаги хурсандчилик сўнди. Туробжоннинг эсига йиртилган яктаги-ю, тўкилган жўхори келди. Эр-хотин орасига сувуқчилик тушди.
Абдулла Қаҳҳор камбағал инсонлар образини яратар экан, қаҳрамонларнинг ҳаракати, гап-сўзлари, ўй-хаёлларидаги ҳар бир икир-чикирга, ҳар бир деталга маъно юклайди: Туробжон дўпписини бошидан олди... кўзи йиртиқ енгига тушди, юраги ачиди: энди уч-тўрт сув ювилган янгигина яктак эди!» Туробжондайлар учун яктак ҳали янги, балки ўқувчи учун ҳам у янгидайдир? Лекин ўша давр камбағалининг кийим тутишидан келиб чиқиб фикрласак, кийим у қадар янги эмас. Яна бир мисол: «Овқат пишди. Қозоннинг занги чиқиб қорайган гўжага қатиқ ҳам ранг киргизолмади». Қозоннинг занлаши, хатто овқатни қорайтириб юбориши, яна бу қораликни қатиқ ҳам кеса олмаслиги учун бу қозон неча ҳафта, неча ой ёғ кўрмаслиги керак?
Ёзувчининг маҳотати шундаки, қаҳрамонларидаги ҳолатни тасвирларкан, ўқувчи шубҳаланмаслиги учун асар давомида уни воқеликка тайёрлаб боради. Абдулла Қаҳҳор қаҳрамонларини шу қадар ночор, шу қадар қашшоқ тасвирлайдики, Туробжоннинг бошқоронғи хотинига икки дона анор топиб беролмаслиги мумкинлигига шубҳа қилмайсан киши.
Муҳтожлик Туробжонни ҳомиладор аёлига «Ажаб қилдим, жигарларинг эзилиб кетсин!» дейиш даражасигача олиб борди. Бу жумла бошқоронғи аёлига анор топиб беролмаётган, не-не қийинчилик билан асал топиб келганда хотини уни рад этган, йиртилган яктаг-у, тўкилган жўхорига юраги ачиган Туробжоннинг аламини енгиллаштириши мумкин бўлган охирги нажоти эди.
Адиб ўз ёғига ўзи қоврилаётган Туробжоннинг кўкка, ундаги қизғиш ўтга термулиб: «Мушак, Муллажон қозининг боғида. Муллажон қози бешик тўйи қилган», дейиши ва отилаётган мушакларнинг баҳоси, сонини хом чўт қила бошлаши лавҳаларини ёзади. Шу топда туғилмаган норасидасига Муллажон қозининг тантанасига сабабчи бўлаётган гўдакни солиштираётган, боласининг қисмати ҳақида қайғураётган ота сиймоси моҳирона яратилади.
Асардаги бошқоронғи аёл образи ҳам юксак маҳорат билан тасвирланган. Абдулла Қаҳҳор ҳикояни ёзишидан бир-неча йиллар олдин ён дафтарига бошқоронғи аёл ҳақида шундай ёзиб қўйган: «Eр хотинига жаннатнинг таърифини қилади. Хотиннинг кўзига ҳовзикавсар ва унда сузиб юрган балиқдан бошқа ҳеч нарса кўринмайди. Хотин балиққа бошқоронғи». Адибнинг бу қайдлари, Туробжон Муллажон қози ва унинг боғи ҳақида гапираётган пайитидаги хотиннинг ҳолатига жудаям ўхшайди: «У Муллажон қозининг боғини кўрган эмас, аммо таърифини эшитган... боғ эмас анорзор».
Бошқоронғи хотиннинг ҳолатини фақатгина бошқўронғи хотин тушиниши мумкинлиги ҳақида ёзувчининг ўзи айтиб ўтган. Лекин асарни ўқиш давомида ўқувчи ҳам бу ҳолатни тушуна бошлайди. Муаллиф шундай ёзади: «Оламда унинг суянгани эри, бирдан бир орзуси-анор эди». Кўриб турганингиздак аёлнинг оламдаги бор буди эри ва анор орзуси бўлиб қолган. Бу тушунчалар торозининг икки палласига тенг муносабатда қўйилмоқда. Демакки, аёл бошиқоронғи бўларкан, у ўзи истаган нарсани оламдаги барча нарсалардан устун қўйиши мумкинлигига ўқувчи шубҳа қилмайди.
Аёл анор кўйида шу даражада ёнябдики, фиғони фалакка чиққан эрининг даҳшатидан ҳам чўчимай қолган. У эрининг «Ўтган бозор куни еган анорингни ўйнашинг олиб келганмиди?!» деган саволига ўйлаб ўтирмай «Ўйнашим олиб келган эди!» дея жавоб қилади.
Аёлдаги ҳолатни янада чуқурроқ англаш учун мана бу диалогни таҳлил қилайлик:
«-Ҳар нарсага рўзғор аччиқ бўла берса... қийинроқ бўлар,-деди Туробжон яктагини кияётиб,-камбағалчилик...
-Камбағалчилак ўлсин!»
Ҳа, хотин бу сўзларни шикоят тарзида айтди. Атиги шу икки сўзнинг замирига тунларини тунга, кунларини кунга улаб эрининг анор олиб келишини интизорлик билан кутаётган, қалби ҳасратга тўла аёлнинг бор дарди яширинган. Шу икки сўз замирида ўша давр камбағалларининг аянчли қисмати, асарнинг бор мазмуни гавдаланган.
Асар бошланишидаги бир-икки чизги билан адиб китобхонда эр-у хотиннинг бир-бирига нақадар меҳр-муҳаббатли эканликларига шубҳа қолдирмайди. Бундай кишилар камбағалчилик, ночорликнинг ҳар қандай синовига биргаликда сабр қилиши, бир-бирларининг кўнглини авайлашлари аниқ. Шунга кўра, хикояда анор Туробжоннинг меҳр-муҳаббатини синовдан ўтказиш учун аёл ўйлаб топган шунчаки инжиқлик эмас, балки қаҳрамоннинг ихтиёридан ташқари табиий зарурат сифатида асосланади. Шу билан бирга, «Анор» ҳикоясида бор йўғи иккитагина инсон образини маҳорат билан яратиш орқали маиший ҳаётнинг бир парчасини жонлантираркан, ёзувчи катта ижтимоий умумлашмалар чиқаришга эришади.