Шеъриятда шаклий изланишлар
Шеър насрий асардан кўра кучлироқ эстетик таъсир этиб, ўзига хос завқ бера олиши билан ажралиб туради. Албатта, бу, бир тарафи, шеърда ҳис-туйғунинг мос ритм, мусиқий оҳангда ифодаланиши билан ҳам боғлиқ, шу нарса шеърнинг таъсирдорлигини оширади. Бироқ шеърнинг таъсир кучи оҳангдорликнинг ўзи билангина таъминланмайди. Шеър ҳис-туйғу ифодаси экан, унинг таъсири кўп жиҳатдан шу ҳис-туйғунинг қандай ифода этилишига ҳам боғлиқ бўлади. Шеърий ифода образ асосида амалга ошиб, образда шоир ўз ҳис-туйғуларини тавсифлаб ёки худди мусаввирдай тасвирлаб ифодалаши мумкин.
Янги давр адабиёти шеърнинг ташқи қурилиши, унинг график шакли ҳам аҳамиятли ифода воситаси эканлигини кўрсатди. Жумладан, ХХ аср ўзбек шеъриятида зинапоя шаклидаги мисралар, сўзларни алоҳида мисрага чиқариш, турли усулларда товуш товланишларини беришга интилиш, бош ҳарфлар билан ёзиш каби қатор усулларнинг кенг оммалашгани бунинг далилидир. Ўтган асрнинг охирги чорагидан бошлаб шеъриятимизда кузатилган ижодий изланишлар бу жабҳани ҳам четлаб ўтмади. Аммо шундай асарлар ҳам учраб турадики, бир қарашда бунинг нима эканлигини англаб олиш жуда мушкул туюлади:
(Тўртбурчак ва шип-шийдам) боғларга қайтади баҳор (учта бурчаги) билан. Боғ аслида (икки баҳор) дан иборатдир, — бири қайтиб келган, — бири қор остида қишлаган баҳор.
Фахриёр қаламига мансуб “Геометрик баҳор” шеъри адабиётимиз учун янги ҳодиса саналади. Боиси шеър шакл жиҳатидан, аниқроғи, ифода жиҳатидан ўзига хос бўлиб, унинг матнида турли график белгилардан муҳим ифода воситаси сифатида фойдаланилган. Янги ҳодисага муносабат ҳам турлича: айримларгина уни маъқуллайди, баъзилар шаклбозликка мойиллик дейди, бошқалар эса “ўта кетган бемаънилик” деб қўл силтаб қўя қолади. Аслида ҳам шундаймикан? Наҳотки шеърдаги геометрик шакл, белги ва суратларнинг лирик ифодага тааллуқли жиҳати йўқ бўлса?..
Фахриёрнинг шеъри мутлақо янги ҳодисадай кўринса ҳам, унинг илдизлари ўтмиш адабий анъаналаридан озиқланади. Масалан, хаттотлик санъатида араб ёзувидаги сўзларни турли шаклга солиб, кўз олдимизда бирор нарса суратланадиган тарзда ёзиш эскидан бор нарса. Ёзувни санъат даражасига кўтарган хаттотлар мазмундан аввал шакл, яъни аввал “кўриш” орқали таъсирлантириш ва маълум таассурот уйғотиш мақсадини кўзлаганлар. Ғарбда бу санъат каллиграфия деб аталиб, унинг тарихи жуда қадим ўтмишга бориб тақалади. Юқорида келтирилган “Геометрик баҳор” каби асарларга ҳам, аввало, хаттотлик ёки каллиграфия санъати анъаналарининг давоми, унинг ривожидаги янги бир босқич деб қараш мумкин. Зеро, Ғарбда ўтган аср бошларидан кенг оммалаша бошлаган фигурали шеърлар, график шеърлар ва каллиграммалар нинг ҳам илдизи каллиграфия санъатига бориб туташади. Чунки бундай асарларда ҳам ўқувчига аввало нигоҳ орқали таъсир ўтказиш мақсад қилинади. Хуллас, бу турдаги шеърлар ўзининг икки минг йиллик тарихига эга бўлиб, ўтмиш адабиёти ва ҳозирда бундай асарларни жуда кўп учратишимиз мумкин бўлади. Ф.Рабле, С.Полоцкий, Г.Державин, Л.Кэрролл ва бошқа кўплаб шоирлар бу жанрда сермаҳсул ижод этишган. Аммо график шеърларнинг янги босқичдаги ўзига хос кўринишини яратган ижодкор сифатида франсуз шоири Гийом Аполлинер эътироф этилади.
ХХ асрга келиб шоирлар шеър шакли устида кўплаб изланишлар олиб боришади. Бунга ўша давр санъатида содир бўлган ўзига хос ўзгаришларни сабаб қилиб кўрсатиш мумкин. Санъатдаги ифода усули тубдан ўзгариб, илк йўналишлардаёқ (кубизм, фовизм) шаклнинг қиймати ва аҳамияти ортади. Шу даврда ижод қилган модерн шоирлар мавжуд шаклий ифодани ривожлантира бошладилар. Хусусан, франсуз шоири Г.Аполлинер шеър шаклида кескин бурилиш ясайди. Аполлинер маълум бир шаклни ёдга солувчи кўринишда (Эйфель минораси, автомобиль, фаввора ҳ.к.) шеърлар битади. Унинг шеърлари турлича бўлиб, шоир баъзан белгилар ва суратлардан ҳам фойдаланган:
Аполлинер ўзи яратган фугурали шеърларни каллиграмма деб атайди. Шоир 1918 йили “Каллиграммалар” номли китобини ҳам эълон қилган. Аммо у яратган каллиграммалар назмнинг асл табиатига хос эмасди. Улар шеъриятнинг бошқа санъат турлари билан синтезлашуви маҳсули бўлиб, ўзининг каллиграмалари ҳақида сўз юритган Аполлинер: “Бу санъатнинг имкониятлари жуда катта, биз унда рангтасвир ва мусиқанинг синтезини кўришимиз мумкин бўлади”, - деб ёзади.
ХХ аср бўсағасида санъаткорларнинг оламни ўзгача йўсинда ифодалашга интилиши ғоят кучайган эди. Янгича ифода йўсини, аввало, тасвирий санъатда кузатилади. Агар модернизмга қадар тасвирий санъатда натурани реал акс эттириш устуворлик қилган бўлса, модернизмнинг илк йўналишларидаёқ реаллик бутунлай рад этилади. Шу тариқа фовизм, кубизм, футуризм, абстрактизм каби бир қанча йўналишлар юзага келади. Аполлинер шеъриятига рангтасвирдаги ана шу ўзгаришлар, айниқса, кубизм йўналишининг таъсири катта бўлган. Шоир Пабло Пикассо, Жорж Брак ва яна бир қанча кубист рассомлар билан яқиндан дўст эди. Аполлинернинг айтишича, бу даврда рассом ва шоирлар ўзаро ҳамфикр эдилар. А.Салмон, М.Жакобс, Б.Сандрар, Ж. Кокто каби шоирлар доимий равишда кубизмни қўллаб турганлар, ўзлари ҳам бу йўналишнинг ҳақиқий шайдоларидан бўлишган.
Хуллас, икки минг йиллик тарихга эга график шеъриятнинг янги босқичдаги шакли рангтасвирнинг модерн йўналишлари билан ўзаро уйғунликда вужудга келади. Бизнингча, рангтасвир ва шеъриятнинг ўзаро синтези асосида яратилган “Геометрик баҳор” номли асар ҳам график шеърият намунаси сифатида тасвирий санъатнинг ана шу йўналишлари, хусусан, кубизм билан муқояса қилиб ўрганилиши керак.
“Геометрик баҳор” ўн бир қисмдан ташкилланган бўлиб, уларнинг ҳар бири мазмунан нисбий мустақилликка эга. Зеро, қисмларнининг ҳар бирида баҳорга хос манзара, ҳолат ё кайфиятнинг тасвирланиши билан шеър бир бутун лирик ҳодисага айланади. Устоз У.Норматов “Геометрик баҳор” ҳақида сўз юритаркан, шундай ёзади: “Ижтимоийликдан ҳоли”, “соф лирика” намуналари ҳам теран инсоний, умумбашарий фалсафий руҳ билан йўғрилган. Бундай руҳ эса анъанавий шеъриятдагидан фарқли ўлароқ, кўп ҳолларда янгича йўлларда намоён этилган... Туркумнинг қолган ўн фасли ҳам шу тариқа турли-туман шакллар-рамзлар симфонияси ва фалсафасидан иборат. Майсанинг игнадай ўткир тили “кўрсатиш чизиғидай фақат олдинга” юради, бинобарин баҳор ҳаракатини тўхтатиб бўлмайди” . Дарҳақиқат, ҳажман йирик бўлган асарда бир-бирининг таъсирида юзага келувчи турли-туман мавзулар, фалсафий мушоҳадага чорловчи фикрларни кўришимиз мумкин. Устоз У.Норматов асарнинг фалсафий-мазмуний жиҳатларига урғу бераркан, бунинг янгича йўлларда намоён бўлишини таъкидлайди. Шу сабабдан ҳам биз асарнинг ўзига хос ифода хусусиятларини ўрганишга жазм этамиз.
Ёзувчи Назар Эшонқул шундай ёзади: “ХХ аср бошида кубистлар (Пикассо ва бошқалар) турли шакллар орқали инсон руҳиятининг манзараларини акс эттиришга уриниб кўришган эди. Фахриёр эса буни асосий қуроли сўз бўлган шеъриятда синаб кўряпти.” Ҳақиқатан ҳам “Геометрик баҳор” тасвирлаш тамойили жиҳатидан кубизм йўналишига жуда ўхшаб кетади. Маълумки, Уйғониш давридаёқ “поэзия – гапирувчи рангтасвир”, “рангтасвир – соқов поэзия” деб билганлар. Чунки рассомлик асари гунг ҳолича ҳис-туйғуларни ифодаласа, шеърдаги ҳис-туйғуга йўғрилган сўз тасаввуримизда сурат чизади. Яъни, аслида бу икки санъат – эгизак. Фахриёр шу қардошликни яна ҳам мустаҳкамлашга интилади: турли шаклларни (уларга маълум даражада рассомликка хос унсурлар деб қараса бўлади) сўзга кўмакчи этиб сайлайди. Шакллар СЎЗнинг имконларини тўлатади, сезгиларимизга таъсир этади ва пировардида тасаввуримизда рангин ва ҳассос сурат жонланади:
…улар бир-бирига қовушганида кўкаради боғ Баҳор боққа майсанинг тили билан кирар билдирмай (илон) нинг оғзида жаннатга кирган шайтон сингари.
Кубизм йўналишидаги сурат маълум геометрик фигураларни ёдга солиб, мусаввир оламни шу шакллар воситасида англашга уринади. Бу йўналишнинг ифода йўсинлари бениҳоя чексиз, аммо рассомлар учун картинада борлиқнинг реал хусусиятларини акс еттириш чегаралаб қўйилган эди. Шу боис кубистлар тасвиридаги шакл аниқ эстетик предмет сифатида кўрилмайди. Бу билан ташқи кўринишдан олинадиган таъсир аҳамияти йўқолиб, тасвирий ифодада нарсанинг моҳияти асосий ўринни егаллайди. Ички структура – моҳият эса чексиз, керак бўлса тўрт ўлчамли фазога ҳам сиғмайди. Борлиқнинг таниш манзаралари акс этган сурат тахайюлга ўз рамкаси доирасидаги эркинликни берса, аниқ эстетик предмет сифатида кўрилмайдиган ажабтовур шакллар тасаввуру хаёлга мутлақ эркинликни тақдим этади. Айни чоқда, тахайюлгина чексизликни изма-из қувиб боришга қодир.
Фахриёр “чизган” тасвирда ҳам кубизмга хос ана шу жиҳатларни сезиш қийин эмас. Шеърни ўқиркансиз, тасвирни нафақат онгингизда шакллантирасиз, балки бевосита кўзингиз билан хаёлингиздаги манзарага таъсир этасиз. Яъни, сўз билан чизилаётган тасвир маълум белги билан параллел келтириларкан, тасаввур этилган манзара ва кўрилаётган белги онгингизда беихтиёр қоришиб кетади. Ўз-ўзидан нореал, кубизмдаги каби геометрик фугураларни эслатувчи тасвир вужудга келади.
Булбуллар (айлана) сайрар баҳорда, табиат ҳукми шу, (сайроқ қирралари) ни эговлаб ташлайди гулнинг чиройи.
Шеърдаги белгиларга муайян бир маънони англатувчи унсур сифатидагина қарамаслик керак. Чунки шеър матнидаги сўзларнинг ўзиёқ муайян бир манзарани яратишга муваффақ бўлмоқда. Бу ўринда фигураларга таассуротга таъсир этувчи восита сифатида қараш ўринлидир. Айни пайтда, ушбу шаклларнинг бадиий образ эканлигини ҳам инкор этиб бўлмайди. Одатда, образ ҳақида сўз борганда шакл ва мазмун бирлиги, мазмунсиз шакл ва шаклсиз мазмун бўлмаслиги кўп таъкидланади. Бироқ нега шакл бирор аниқ маъно юкини ташимагани ҳолда ҳам сезгиларимизга таъсир қилиши ва муайян ҳислар орқали тасаввур уйғотиши мумкин бўлмас экан?! Ахир, мазмунсиздек кўринган шу шакллар ижодкор англаган моҳиятни ҳисларига йўғириб ифодалаяпти-ку. Шеър аввалида келтирилган (тўртбурчак) ва (учбурчак)ларни ёдга олайлик. Уларни ҳар бир ўқувчи турлича талқин этиши мумкин. Лекин белгиларнинг эстетик қиймати ва улар ифодалаётган мазмунни тугал тушунтириб бера оладиган бирор кимса борми? Йўқ, зеро уларнинг бирдан бир вазифаси ҳеч бир аниқ мазмунни англатмаган ҳолда таъсир қилиш бўлиб, бу таъсирдан ҳар ким ҳар хил самара олади. Яъни, бу ўринда аксарият кишилар қалби ва онгида бирдай гавдаланувчи, эстетик ядроси – жавҳарига эга бўлган анъанавий образдан фарқли ўзгача типдаги образга дуч келамиз.
Ҳовуз — ойсираган (бақа) нинг (тўртбурчак) қуриллаши.
Хўш, бақанинг қуриллаши ва (тўртбурчак) шакли ўртасида алоқа борми? Ёки бақанинг “тўртбурчак қуриллаш”и билан ҳовузнинг ўхшаш жиҳати бўлиши мумкинми? Мумкин эмас, албатта. Аммо, сиз бадиий образни ҳис қилган(кўрган)ингиз каби тасаввурда ниманингдир жонланганини инкор эта олмайсиз-ку...
Юқоридаги мисралар таъсирида воқеланувчи мантиқсиз, нореал тасвир шеърни бошдан ўқиб келаётган ўқувчи тасаввурида қийинчиликсиз суратланиши мумкин. Боиси бунга қадар шеърда келтирилган бошқа шаклларга эътибор қилинса, ўзига хос ташбеҳнинг сабаблари кўрингандай бўлади:
Чанг баробарида шамол ойни осмондан ҳовузга туширади учириб, — сув теккан ой ўчиб қолар ҳовуз тубида —
Олам ойсиз қолган, ҳовуз юзасида жилоланувчи ой ( ) энди йўқ( )... Эътибор қилинса, шоир тасаввуридаги ҳовуз (квадрат) шаклида намоён бўлмоқда. Ойнинг сувга тегиши ва ўчиб қолиш ҳолатлари (тасаввур қилинса) бу суратларга ўхшаб кетади. Кейиги мисраларда бақанинг қуриллаши жонзотга эмас, балки (тўртбурчак) кўринишидаги ҳовузга хос хусусият сифатида кўрсатилади. Гўё бақа эмас, ойни қўмсамётган тўртбурчак ҳовуз қурилламоқда. Қарангки, аввалига бемаъниликдай туйилган тасвирнинг–да ҳаётий манзарадаги прототипи мавжуд. Эсга олиб кўринг-чи, сиз қоронғу тунда(базан кун ёруғида) кўлмак ёки ҳовуз четида қурбақанинг қуриллашига эътибор берганмикансиз? Қуриллаган овоз келади-ю, бақанинг ўзи кўринмайди... Кўриб турганингиздай, шоирнинг тасаввур олами чексиз. Аввалига маълум ўхшашлик асосида келтирилган шакллар умуман мантиқсиз образларни юзага келтирмоқда. Лекин тасаввурга эрк берилса, бу образлар воситасида ҳам эстетик таъсирланиш мумкин бўларкан.
“Геометрик баҳор”ни “кўриш” ва ҳис қилиш ўз-ўзидан содир бўлавермайди. Чунки асардаги тасвир шоир тасаввуридаги олам асосида “чизилиб”, унинг илк таассуроти муайян тасвирни, ўз навбатида, бу тасвир кейинги таассуротни келтириб чиқаради. Шу силсила асосида эстетик завқ яхлитлик касб этиб, тасвир эса тобора абстраклашиб боради. Шу сабаб шеърни англашда шоир тасаввуридаги тасвирнинг кетма-кетлиги ва изчил давомийлиги назардан қочирилмаслиги керак. Агар ўқувчи шеърдаги ана шу тасвирий оқимга туша билса, шоирнинг мантиққа асосланмаган айқаш-уйқаш оламини кўра бошлайди. Балки, ўқувчи бунда ҳеч қандай мазмун топа билмас, аммо у ҳайратлана бошлайди, олаётган таассуротлари эстетик завқ бағишлайди.
“Геометрик баҳор”даги барча шакллар ҳам моҳиятан тенг қийматли эмас. Баъзан белгилар “чизилаётган” тасвирдаги бирор элементнинг кўринувчи сурати сифатидагина келтирилади:
Шамол ҳукм юргизар тунда, (ой)ни учирган шамол, юлдузли осмонни, ойсиз осмонни пуфлаб шиширар. — (Қавариқ осмон). (Осмон) (елкани)ни кўтарган борлиқ тунбўйи ҳовузда сузиб чиқади, ва етиб олади тонгга амаллаб...
Тун манзараларининг гўзал ва ҳайратга солувчи тасвири туширилган ушбу парчага эътибор қаратайлик. Бунда келтирилган белги ва суратлар ўзига хос эстетик завқ бера олишлиги билан шеърдаги бошқа қисмлардан ажралиб туради. Шамолнинг кучли эсиши, увиллашлари чексиз осмонни пуфлаб шишираётгандай бўлади. Осмон шишади – . Энди унинг шишкан шакли вертикал ҳолатда келтирилади. Бу худди кеманинг елканларига ўхшаб кетади. Кучли шамол туннинг қора пардаларини елкандай учиради–ю, борлиқ тун бўйи сузиб юради... Ўқувчи гўзал ташбеҳлар(суратлар) воситасида реал ҳаётда кузатган тун манзараларини онгида тикларкан, эндиликда кўраётгани унинг учун анча таъсирли ва ҳайратга солувчи бўлиши табиийдир.
Негадир бу турдаги асарни мутолаа қилган ўқувчиларнинг аксарияти етарлича эстетик таъсир сезмаганини такидлайдилар.
Унинг учи игнадай ўткир учбурчакнинг таянч тўғри чизиғи ортга йўл бермас, учбурчак (кўрсатиш чизиғи)дай фақат олдинга юрар.
Ҳақиқатдан ҳам, эътибор қилинса, шеърнинг эмоционал хусусиятлари кўринмаётгандай бўлади. Бу ХХ аср бошларида вужудга келган янгича эстетик ифода, дунёни узуқ-юлуқ линиялар, тартибсиз шакллар воситасида кўрсатишга уриниш сабаблари билан боғлиқ бўлса керак. Боиси мазмундан кўра шаклнинг устувор қўйилиши асардаги эмоцияни муайян даражада кучсизлантиради. Кубист рассомлар ҳам ўз ишларида эмоционалликдан қочиб, туйғу ўрнини шакл билан тўлдиришга уринадилар. Улар бу каби тартибсиз тасвир дунёнинг нисбий моҳиятини кўпроқ ифодалай олишини таъкидлайдилар.
Шеър матнида бу каби белгиларнинг келтирилиши ўқувчини шоир тасаввуридаги тасвирга яқинлаштиради. Боиси бу фигуралар сўз воситасида ифодаланмай, уларнинг айнан сурати келтирилмоқда. Ўқувчи онгида белги ёки суратнинг айнан шакли намоён бўлиб, истайдими йўқми у шоир кўрган тартибсиз шакллардаги оламни кўра бошлайди.
Сўқмоклар четидан юради тоққа ўрлаган баҳор, харсангларни айланиб ўтар. (Зовлардан ўтолмай қолганда баҳор) сўфитўрғай бўғзида уни олиб ўтар тоғнинг ортига...
Ушбу парчага эътибор қилинса, ундаги матн табиатни тасвирламай, кўпроқ тавсифлаб ифода этаётганини кўриш мумкин. Яъни манзара ифодасида детализация асосида чизилган тасвир мавжуд эмас. Аммо матн билан параллел равишда келтирилган шакллар тасаввур этилаётган манзара кўринишини тўлдиради. Матннинг ўзи бир мунча мавҳум таассурот уйғотса, геометрик шакллар баҳорнинг зовлардан қандай ўта олмаслигини изоҳлаб беради. Ўз-ўзидан шакллар билан қоришган таассурот ҳам матн уйғотган тасвирдан сезиларли фарқ қилади.
Санъатда эстетик нигоҳ (эстетическое видение) деган тушунча мавжуд. Шундай одамлар борки, улар оддий “кўз” илғамаган нарсаларни “кўради”. Бу хусусият, кўпроқ, мусаввирлар ёки шу соҳани тушунадиган, рангларни ҳис қила оладиган инсонларда мавжуд. Эстетик нигоҳи ўткир одамлар табиатдаги ранглар уйғунлигини ҳам, шаклларнинг бошқалар кўзидан пинҳон мазмунини ҳам ҳис қила оладилар. Бундай одамларда таассурот олиш ва тасаввур қилиш хусусиятлари ҳам ўзгаларга ўхшамаган тарзда кечади. Инсонга хос шу жиҳатдан келиб чиққан ҳолда Фахриёрнинг “Геометрик баҳор” шеъри барча ўқувчиларни таъсирлантиришга қодир дейишдан йироқмиз. Аммо биз истаймизми, йўқми олам ҳақидаги асосий информацияни кўз воситасида қабул қиламиз. Шу жумладан, эстетик таъсирланишимизда ҳам нигоҳ энг муҳим омил саналади. Шу сабаб тасвирий санъат, кинематография, фотография каби санъатлар бизнинг эстетик озиқланишимизда асосий соҳалардан ҳисобланади. Шеъриятнинг бу санъатлар билан ўзаро синтезга киришиши эса, албатта, унинг ифода имконлари ва таъсир кучини оширади. Шоир шу эҳтиёж билан шеър шакли устида изланишлар қилади. У манзарани худди мусаввирлардай чизишга, воқеликни кино эпизодларидай ҳаракатдаги тасвирда жонлантиришга уринади. Шоир ўз тасаввуридаги олам тасвирига мос ифода усулини излайди ва ўзича топади. Тасаввуридаги ўзини чексиз ҳайратлантирган оламни тасвирлашга анъанавий йўл ожиз, шу боис ўқувчига “кўрсатиб” таъсир ўтказишга интилади, уни тасаввуридаги пала-партиш, сирли ва ўзига хос дунёга йўналтиради.