“Фусули арбаа” қасида бадиий синтез масаласи

Саъдулло Қуронов, Дилнавоз Юсупова

Санъат турлари ўзининг ифода хусусиятларига кўра бир-биридан фарқланади. Рассомчилик, ҳайкалтарошлик, меъморчилик каби санъат турларида тасвирийлик етакчилик қилса, бадиий адабиёт, мусиқа, рақсда ифодавийликнинг устувор эканлигини кўрамиз. Лекин шу билан бирга муайян санъат асари ўзида бир қанча санъатларга хос хусусиятларни умумлаштириши ҳам мумкин. Яъни бир санъат асарида ифодавийлик ва тасвирийликнинг уйғун ҳолда қўлланилганлигини кузатиш мумкин бўлади. Рус адабиётшуноси К.Пигарев ўзининг “Русская литература и изобразительное исскуство” асарида “Ҳозирги кун адабиётшунослиги ва санъатшунослиги олдида турган энг муҳим масалалардан бири бу санъатдаги синтез масаласини ўрганишдир” деб ёзади ва бу жараёнда санъатнинг бадиий адабиёт, кино, театр ва мусиқа каби турлари тасвирий санъат, ҳайкалтарошлик ва меъморчилик билан боғлиқ ҳолда ўрганилиши зарурлигини таъкидлайди.

Мумтоз адабиётимиз намуналарини кузатаркан эканмиз, уларда инсон тасвиридаги айрим деталлар (кўз, қош, лаб, соч ва ҳ.к.)нинг алоҳида ажратилиб таърифланганлигини кўрамиз. Тасвирий санъатнинг мумтоз намунаси бўлган миниатюраларда ҳам инсон ва табиат тасвири реал тарзда эмас, балки ўта шартли тарзда талқин қилинганлигини кўриш мумкин бўлади.

Албатта, классицизм санъатидан реализмга хос хусусиятлар излаш, бир қарашда ғайритабиийдай туюлади. Лекин ҳар бир даврнинг ўз эстетик идеали бўлгани ҳолда, этетик нигоҳи ҳам бўлишини унутмаслик лозим. Чунки ижодкор оламни айни шу “нигоҳ”дан келиб чиққан ҳолда кўради, тасвирлайди. Инсон олам ҳақидаги асосий ахборотни кўз воситасида қабул қиларкан, ижодкор қайси даврда бўлмасин бадиий ифодада оламга муайян даражадаги объектив муносабатини зуҳур этади. Шундай экан, чинакам санъаткор ўқувчига объектив муносабат асосида таъсир ўтказиш тамойилларини ҳеч қачон унутмайди.

Алишер Навоий асарлари билан танишар эканмиз, шоир ижодида ана шу нигоҳга монанд объектив тасвирларнинг мавжудлигини кўрамиз. Унинг шундай асарларидан бири форсий тилда битилган “Фусули арбаа” қасидалар мажмуасидир. Мажмуа тўрт қисм (қасида)дан иборат бўлиб, йил фаслларининг гўзал манзараси тасвирига бағишланган. “Шоир ҳар бир фаслнинг ўзига хос манзараси, жозибаси ва ҳатто рутубатини ҳам юксак поэтик талант, самимий шавқ билан чизади. Нозик кузатувчанлик, чуқур мулоҳазакорлик, кучли поэтик ассоциация қудратига эга бўлган шоирнинг қуюқ эмоционал тасвири натижасида ҳар бир фаслнинг ёрқин реалистик картинаси ўқувчи кўз олдида жонли манзара сифатида бутун нозик деталлари билан намоён бўлади”.

Мажмуанинг биринчи қасидаси “Саратон”да табиатдаги жазирама манзараси шундай тасвирланади:

Гулрез, нигар, ҳар тараф аз хатти шуъоаш,
Оташбозй карда ҳама сирату сонро. 

(Мазмуни: Қуёшнинг шуълали чизиқларидан ҳар томон сочилган анвойи “гуллар”ни қара – гўё ҳамма нарсани ўт билан ўйнаётгандек кўринади).

Шоир ўқувчига манзарани тавсифлаб бермайди, балки унинг нигоҳларини бевосита ўзи илгари кўрган манзара томон йўналтиради. Бунда шоир ўқувчига ўз ҳис-туйғулари воситасида эмас, табиатни бадиий тасвирлаш асосида таъсир ўтказишни мақсад қилади:

Анжум қатароти қалай омада ҳар сў,
Дар тоси фалак тофта аз хур завбонро

(Мазмуни:

Юлдузлар ҳар томонда қалай томчилари каби кўринади –фалак гумбазида қуёшдан эриган нарсалар чўғланган каби).

Албатта, бу фототасвир эмас, ижодкор қалбида қайта ишланган, у кўрган тасвир. Шу боис ўқувчи ҳам энди табиатга шоирнинг кўзлари билан қарайди. У кўраётган манзара реал оламга монанд, аммо аслиятидан кўра гўзал ва мафтункор.

Мажмуадан яна “Баҳор”, “Куз”, “Қиш” каби қасидалар ҳам ўрин олган бўлиб, ҳар бир қасида фасл манзараларини тасвирлаш ва шунинг билан Султон Ҳусайн Бойқаро сиймосига таъриф бериш асосига қурилади. Навоий табиат манзарасини чизаркан, бунда тавсифийлик устувор бўлган байтларнинг салмоғи бирмунча кўпроқ:

Ба шўхони шажар бингар, ки аз бемории муфрит,
Аён гарданд ҳар сў заъфарони ранги бўстонро.

(Мазмуни:

Дарахт шўхлари (шохлари)га қара, ҳаддан зиёд хасталикдан, қайси тарафга қарама, ҳамма ёқдан дарахтзорнинг заъфарон (сариқ) ранги кўзга ташланади.

Бу манзара ифодасида детализация асосидаги тасвирни кузатмаймиз. Шоир табиатни тасвирламайди, балки таърифлаб беради. Бу лириканинг асл хусусиятларига хос жиҳат. Аммо қуйидаги бандда шоирнинг табиатни чин мусаввирона ифода этишга бўлган ҳаракатини, лириканинг рангтасвир санъати имкониятлари билан бойитилганини ва бу икки санъатнинг ўзаро синтезини кўришимиз мумкин бўлади:

Ба жўи об чун гул хўрад он зардй бубин ё худ,
Фалак дар об афкандаст акси барги ағсонро.

(Мазмуни:

Ариқ сувини кўргил, гул ютганидан сариқлиги кучаяди, 
ё фалак  хазон бўлган шохлар баргининг аксини солганми?

Навоий ушбу мисраларда шеъриятдаги тажоҳули ориф (билиб билмасликка олиш) санъатини қўлламоқда. Шоир аслида сариқ либосга бурканган дов-дархтларнинг сувга ранг берганлигини, унда дарахт кўриниши аксланганини яхши билади. Шунинг баробарида ўқувчига “картина”ни бир вақтнинг ўзида бир неча хил “кўриш” имкониятини беради: Мусаффо осмон. Кичик бир кўл. Ундаги сув тип-тиниқ. Сувнинг туби ва юзасидаги сариқ ҳазон (“гул”) яққол кўриниб турибди. Атрофдаги дарахтлар сап-сариқ тусга кирган. Гўё еру осмон сариқ либосда…

Мажмуадаги “Баҳор” қасидаси баҳорга хос табиат манзараларининг мафтункор тасвири билан ажралиб туради:

Даҳони ғунчаро дандону тожи лоларо зевар,
Чу меёбад аз-он дурпош созанд абри найсонро.

(Мазмуни:

Ғунчанинг оғзи тиш билан, лола эса тож билан гўзал, 
улар бунга эришгач, баҳор булутлардан дур ёғдиради) .

Кўз олдингизда баҳорга хос асосий унсурлар: ғунча, лола, булут, ёмғир ўзига хос қиёфада гавдаланади. Ва еру осмонни қамраб олувчи бу унсурлар воситасида сиз бутун баҳорий манзарани кўришингиз мумкин бўлади.

Мажмуанинг бутун тароватини кўрсатиб берувчи “Қиш” қасидаси бошқаларидан тасвирий қисмларнинг кўплиги ва янада ҳайратланарлилиги билан ажралиб туради:

Намуна баҳри мушаммаъ намуд қавси қузаҳ,
Пайи лифофаи хиргоҳи осмон зи саҳоб.

(Мазмуни:

		Фалакда кўринган камалак ҳар қандай соябонга 
		ўрнак бўлади, осмон чодири эса булутлардан ўзга 
		ёпинчиқ ясаш пайига тушади.
	

Ёки:

Агар на абр лифоф аст баҳри хиргаҳи чарх, 
Зи тори қатра чаро ҳар тараф кашид таноб?

(Мазмуни:

Агар чарх чодири булутлардан ёпинчиқ –жилдини олмаганда эди, нега қатралар торидан (томчилардан) ҳар тарафга иплар тортади?)

Шоир кўраётган реал манзара унга ниманидир эслатган. У тасаввурларига эрк бераркан, камалакни соябонга, осмонни чодирга ўхшатади. Ва у ўз таассуротлари асосидаги манзарани чизади. Табиат манзаралари берган таассуротнинг ўзини келтириш тасвирнинг таъсир кучини янада ошириб юборади. Аслида манзаранинг реал кўринишини бера олишлик ҳам бир маҳорат. Аммо кўрсатишнинг ўзи ҳали завқ бериш дегани эмас-ку! (Шу боисдан ҳам шоир изланади, мусаввир ижод этади) Бу каби тасвир ўқувчига ўзи илгари кўрган аммо, гўзаллигини ҳис қила билмаган манзарадан қайта баҳра олиш имкониятини беради:

Ба сўйи мағриб н-орад шудан зи машриқ меҳр,
		Агар наяфканад аз абр пул ба рўи халоб.

(Мазмуни:

Қуёшнинг шарқдан ғарбга мўътадил ҳаракати, булутдан ботқоқлик юзига (нурдан) кўприк солинмагунча кўзга ташланади).

Қуюқ булутли осмон. Булутларни ёриб ўтган қуёш нури ботқоқликка тушган. Ботқоқликдаги кичик кўлмак сувлари юзасида ястаниб ётган қуёш нурлари қайқчалардек жилоланади. Бу худди уфқда ботаётган қуёшнинг уммонда узун йўлак ҳосил қилишига ўхшаб кетади… Ўқувчи шеърни ўқиркан, аввало реал манзарани кўз олдига келтиради. Сўнг у онгидаги реал кўринишни ижодкорнинг таассуротлари билан қориштириб юборади, ўз-ўзидан реал кўринишдан озроқ фарқланувчи, кўпроқ таъсирлантирувчи манзарани кўра бошлайди.

“Фусули арбаа” қасидалар мажмуасида мусиқа санъати билан уйғунлашув ҳолати ҳам кўзга ташланади. Бу қасидалар мажмуаси юқорида айтганимиздек, аслида бир бутунлик, яхлитлик касб этади, сўнгги қасида “Дай”(“Қиш”)да Фоний тахаллусининг қўлланилганлиги ҳам бу фикрни исботлайди. Навоий ҳар бир фасл ва ундаги тасвир усулларини эътиборга олган ҳолда уларда турли вазнларни қўллайди. Хусусан, ёз фаслига бағишланган “Саратон” деб номланган қасида шундай бошланади:

Боз оташи хўр сохт самандар саратонро
Афрўхт чу оташкада гулзори жаҳонро.

(Мазмуни:

		Қуёш оташи саратонни яна самандарга айлантирди,
		Жаҳон гулзорини оташкада каби ловиллатди).

Қасида ҳазаж баҳрининг энг ўйноқи вазни ҳисобланган ҳазажи мусаммани ахраби макфуфи маҳзуф вазни (рукнлари ва тақтиъи: мафъулу мафоийлу мафоийлу фаувлун – – V V – – V V – – V V – –)да ёзилган. Бу вазн руҳият тасвири баёнидан кўра кўпроқ жисмоний: енгил ва шахдам ҳаракат, шўхчан кайфият баёнига мос келади. Ҳар икки чўзиқ бўғиндан кейин икки қисқа бўғиннинг ёнма-ён келиши ритмга ўйноқилик бағишлайди. Ва шунга мос ҳолда мазкур қасидада ёзнинг инсонга кўпроқ жисмоний таъсири кўрсатилганлигини, ҳар бир байтда саратон жазирамаси айнан инсон аъзои баданига (руҳиятига эмас) таъсир қилаётганлигини кузатиш мумкин :

Бар хок агар пўя заннад кас, натвон ёфт,
Аз пошна ёхуд сарангушт нишонро...

Билқиллаган тупроққа шиддат билан қадам босган киши – 
Бошмалдоғу товонидан нишон ҳам тополмайди).

... Гармову арақ сохта чун мокиси ҳаммом,
Аз чини бадан пир ҳама шахси жавонро.

(Мазмуни:

Иссиқ ва терлар ҳаммом томчиларига ўхшайди,
Ажиндан барча ёш баданлар кексага айланди).  

Қасидада 27-байтдан Султон Ҳусайн Бойқаро таърифи бошланади ва унинг таърифу тавсифи билан боғлиқ ўринларда ҳам кўпроқ замон ҳукмдорининг шахсиятига хос ҳолатлар: жангчилик қобилияти, адолатпарварлиги, саховатлилиги кўрсатилади.

Мажмуада “Хазон” фасли таърифи бошланиши билан ундаги шеърий ўлчов ҳам ўзгаради:

Дигар шуд баҳри санжидан баробар адли давронро,
Зи кофўри зи мушк рўзу шаб ду палла мезонро

(Мазмуни:

Даврон адолатини ўлчаш мезонлари ўзгарди,
трозунинг бир палласида (кундузнинг рамзи) кофур,    
иккинчисида (кечанинг тимсоли) мушк тортиладиган бўлди).

“Саратон”да қўлланилган ўйноқи вазннинг ўрнини энди салобатли ва сокин оҳангга эга бўлган ҳазажи мусаммани солим вазни (рукнлари ва тақтиъи: мафоийлун мафоийлун мафоийлун мафоийлун V– – – V– – – V– – – V– – – ) эгаллайди. Чўзиқ бўғинлар нисбатининг қисқа бўғинлардан 3 баравар кўплиги оҳангнинг вазмин чиқишини таъминлайди. Айнан шунга мос ҳолда 33 байтдан иборат бу қасидада руҳият тасвири, таъбир жоиз бўлса, кузга хос ўйчанлик, маҳзунлик етакчилик қилади.

Ба барги заъфаронй обкаш хатхои шингарфй,
Нишони хуни ашк афтад руҳи ушшоқи гирёнро.

(Mazmuni:

(Мазмуни:
Ўзига сув тортган заъфарон барглардаги қизил чизиқлар – 
(ҳижронда) кўзларидан ёшу қон оқизган гирён ошиқларнинг 
руҳини эслатади).

Мажмуага “Баҳор” кириб келиши билан унга хос яратувчанлик, янгиланиш кайфияти ҳам кириб келади:

Вазад боди баҳор иҳъёи амвоти гулистонро,
Зи анфоси Масеҳо тоза созад олами жонро.

(Мазмуни:

Баҳор шамолининг эсиши, гулистон гулларига янгидан ҳаёт
бағишлайди, гўё Масиҳо нафасидан жонлар оламини янгилайди).

Қасидада баҳорнинг яратувчанлик хусусияти энди бевосита замон ҳукмдори Ҳусайн Бойқаро таърифи келтирилган ўринларга кўчади:

Агар хоҳй баҳори бехазон бинй, варо бингар,
Баҳористони халқи хусрави Эрону Туронро...

(Мазмуни:

Агар бехазон баҳорни кўришни истасанг, уни кўргил –
Эрону Турон подшоҳи халқининг баҳористонини).


...Чу андар ҳикмати асрори хилқат фикр бигморад,
Биёбад ончи, махфй монда Афлотуну Юнонро…

(Мазмуни:

Яратилиш сирру асрори ҳикмати ҳақида фикрлаганда, 
Юнон Афлотуни учун ҳам махфий қолган сирларни топади).

Навбатдаги байтда баҳорда кучли момақалдироқдан сўнг ёмғир ёғиши билан боғлиқ ҳолат Ҳусайн Бойқаро табиати тасвири билан уйғунлик касб этганлигини кўрамиз:

Туро бо он тавоноиву зарби теғи оламгир,
Диҳад рў олами дигар, ки резй ашки ғалтонро.

(Мазмуни:

Шунчалар қудратингу оламни олишга қодир тиғ зарбанг билан,
Ажиб юмшоқлигинг ҳам борки, бундай пайтларда кўз ёш тўкасан)

Ниҳоят мажмуа йил фаслларининг охири бўлган “Дай” (“Қиш”) тасвири билан якун топади. Навоий таъбири билан инсон умрининг поёнига ўхшатилган бу фасл “кишининг хам қад била адам йўлиға кириб, замон аҳли билан хайирбод қилиш”(“Хазойину-л-маоний”даги таъбир) даври бўлиб, қасидада Фоний тахаллусининг қўлланилиши шунга ишорадир:

Ба бўи васл ниҳад рў ба даргаҳат, Фонй,
Чунон ки аҳли ибодат ба гўшаи меҳроб.

(Мазмуни:

Васлинг бўйи умидида, Фоний даргоҳингга юзини қўяди, 
бу   ибодат аҳлининг меҳроб гўшасига бош қўйишидекдир).

Қиш, ундаги қор ранги адабиётда поклик, мусаффоликка қиёс қилинади. Навоий ижодида бу фасл донишмандлик рамзи сифатида ҳам келади. Қасидада фалсафий мушоҳадакорлик билан боғлиқ туйғуларни беришга ниҳоятда мос бўлган мужтасс баҳрининг қўлланилганлиги шоирнинг юксак бадиий салоҳиятини кўрсатувчи яна бир омилдир. Мазкур баҳр 4 та ритмик вариациялар тизимидан иборат бўлиб, уларнинг бир шеърий асарда ўзаро алмашиниб қўлланилиши ритмик хилма-хилликни, мусиқийликни таъминлайди. Қасида мужтасси мусаммани махбуни мақсур (рукнлари ва тақтиъи: мафоилун фаилотун мафоилун фаилон V – V – V V – – V – V – V V ~ ) вазни истифодаси билан бошланади:

Зи даргаҳи фалак оташ нуҳуфт дуди саҳоб,
Даро ба хиргаҳу оташ фурўз аз маи ноб.

(Мазмуни:

Фалак чодиридан кўринаётган оташни булутлар пардаси тўсди,
чодирга киргину тиниқ, қизил майдон оташга зўр бер).

Шу тарзда қасидада қишнинг аста-секин кириб келиши тасвирланар экан, дастлабки уч байтда юқоридаги вазн етакчилиқ қилади. Тўртинчи байтдан бошлаб тасвир ўзгаради: ер қор рангидан бутунлай симобий (оппоқ) тусга киради ва энди юқоридаги вазн иккинчи ритмик вариация: мужтасси мусаммани махбуни мақтуъи мусаббағ (рукнлари ва тақтиъи: мафоилун фаилотун мафоилун фаълон V – V – V V – – V – V – – ~) билан алмашади:

Зи баски симфишон гашт абри симоби,
Зи сими барф замин шуд чу Қулзум симоб.

(Мазмуни:

Симобий булутлар кумушранг заррачаларни кўп сочганидан,
Ер қорнинг кумуш рангидан денгиз сатҳидай симобий тусга кирди).

Шу тариқа қасида байтларда ушбу тўрт ритмик вариациянинг ўзаро алмашиниб қўлланилиши тарзида давом этади.

Юқоридагилардан маълум бўляптики, Навоийнинг “Фусули арбаа” қасидалар мажмуаси бадиий адабиёт, рангтасвир ва мусиқа санъатларининг ўзаро синтезлашуви асосида яратилган санъат намунаси бўлиб, шоир табиатни тасвирлаш орқали асл мақсадига эришади: замона султони Ҳусайн Бойқарони мадҳ этади. Навоий ҳар бир қасидада фасл руҳиятидан келиб чиққан ҳолда Бойқаро сиймосини турли тасвир ва ритмик товланишларда акс эттирар экан, ўқувчини анна шу руҳиятга тўла тушириб олади ва ўз бағишловининг таъсирини янада оширади. “Фусули арбаа”нинг инсонни лол қолдирадиган даражадаги юксак санъат асари сифатида эътироф этилишига ҳам биз юқорида кўриб ўтган уйғунлик сабабдир эҳтимол.

 
 
Сайт создан в системе uCoz