Чўлпон ҳақида сўз
Чўлпон номи қайтарила бошланганидан сўнг у ҳақдаги илк мақола 1987 йилда эълон қилинган эди. Шунга ҳам, мана, 20 йилдан ошди. Ўтган йиллар мобайнида Чўлпон ҳақида юзлаб мақолалар, ўнлаб китоблар эълон қилинди. Ҳозирда ўзбек адабиёти ҳақида гап кетсаки, даромадида Чўлпон номи албатта тилга олинади. Мана, бугун Сиз билан биз ҳам Чўлпонни ёд этиш учун эрталабдан унинг номидаги боққа йиғилдик, ҳайкали пойига гуллар қўйдик, руҳига дуолар қилдик. Бир пайтлари шивирлаб, ён-верига олазарак қараб тилга олинган шоир номи бугун ҳамманинг тилида, шу даражадаки, унинг номини билмаган одамнинг ўзи йўқ.
Нега шундай? Нима учун биз Чўлпонни улуғлаймиз? Шахси ёки ижодининг қайси жиҳатлари уни шундайин улуғ шарафга муяссар этди? Чўлпон ижоди бўйича шуғулланган бир мутахассис сифатида шу саволга жавоб изладим ва ўзимча топган асосий сабабларни санаб ўтмоқчиман.
Биринчиси. Чўлпон танглайи миллат дарди билан кўтарилган шоир эди. Унинг ҳаётдаги амаллари ҳам, ижоддаги изанишлари ҳам миллатнинг эртаси ҳақидаги ташвиш, миллат тараққийси, миллат озодлиги каби улуғ ниятлар билан чамбарчас боғлиқ эди. Ўн етти ёшида жадидлар раҳнамоси Исмоил Ғаспралига ёзган мактуби, “Бизни халқ” номли шеъри, “Қурбони жаҳолат”, “Дўхтур Муҳаммадиёр” номли ҳикоялари, “Ватанимиз Туркистонда темир йўллар”, “Ватанимиз Туркистонда зироат ва деҳқончилик” сингари мақолаларидан бошлаб то сўнгги асарларигача гоҳ ошкор, гоҳ сатрлар орасидан шу дард — миллат дарди силқиб туради. Чўлпоннинг ўн етти ёшида эски шаҳарда “Шўрои ислом” жамияти очган қироатхонага мудирлик қилгани, февраль инқилобидан сўнг юртим демократик йўл билан озод бўлади деган ишонч билан шаҳарма-шаҳар, қишлоқма-қишлоқ кезиб сайловга ташвиқот олиб боргани; 20 ёшида Фарғона музофотидан Кавказ турклари билан алоқа боғлаш учун юборилган делегация таркибига киритилгани, 21 ёшида Бошқирдистон ҳукумати раисига котиблик қилгани — буларнинг бари Чўлпоннинг ҳаётдаги амаллари ҳам миллат дарди билан чамбарчас боғлиқ бўлганидан далолат беради. Яъни, Чўлпон элим деб, юртим деб ёниб яшаган, ёниб ижод қилган — бугунги эҳтиромнинг бош омили шунда.
Иккинчиси. Шоир юрагида юртига, Ватанига нисбатан буюк муҳаббат бор эди. Муҳими, бу муҳаббат юзаки, ҳавойи эмас, балки чин маънода англанган муҳаббат эди. Чўлпон Ватанни бутун гўзаллигу хунукликлари, улуғлигию тубанлиги, қудратию ожизлиги билан — яхлит ҳолда, улгурчасига севар эди. Чўлпон учун Ватан жуғрофий тушунчагина эмас, балки ҳис қилишга қодир жонли мавжудот. У Ватанни онадек, ёрдек, сингилдек севади. Бу бежиз эмас. Зеро, Чўлпон ҳақиқий эркак, ҳақиқий эркак эса она олдида, ёр олдида, сингил олдида ҳамиша масъул, уларнинг бугуни ва эртаси учун жавобгар саналади. Чўлпоннинг машҳур “Бузилган ўлкага” номли шеърида Ватанга ҳитобан “Кел, кўзингнинг ёшларини сўриб олай...” дейилиши ҳам шундан далолатдир. Чўлпон шу масъулиятни сўнгги дамгача ҳис қилиб, Ватан-Онанинг “кўз ёшларини сўриб олиш” истаги билан яшаган.
Учинчиси. Чўлпон инсонни буюк муҳаббат билан севган, инсон қадри, шаъни, эркини баланд қўйган ижодкор — том маънодаги гуманист санъаткор эди. Чўлпоннинг “Кишан кийма, бўйин эгма, Ки сен ҳам ҳур туғилғонсен” деган машҳур сатрлари унинг ижодий ва ҳаётий кредоси, дастуруламали эди. Чўлпон ўз асарларида эрксизлик фожиаларини, ҳар қандай кўринишдаги мутеликнинг миллат таназзулига омил бўлишини кўрсатди, эркин фикрлай оладиган, ўзининг муқим ҳаётий позициясига эга ва уни ҳимоя қилишга қобил одамларни соғиниб яшади. Эркка ташна яшагани, ўзга инсоннинг шаъни, қадри, эркини юксак қўйгани, фикр эркинлигини тан олгани учун ҳам Чўлпон 30-йиллар машъум қатағон машинаси домида туриб ҳам бировга нисбатан сохта кўрсатма бермади — ўзига, ўзлигига ҳиёнат қилмади.
Тўртинчиси. Чўлпон янгиликка ўч одам эди. Ижодда ҳам, ҳаётда ҳам ҳамиша янгиликка интилиб яшади. Тўғри, янгиликка ўч, янгиликка ташна одамлар ҳам кўп бўлган. Бироқ Чўлпонни улардан фарқловчи муҳим бир жиҳат борки, бу ҳам бўлса, унда янгиликка нисбатан муносабатни белгилайдиган бехато мезон борлиги. У ҳар қандай янгиликка “бу миллат учун, унинг равнақи учун фойдалими?” деган мавқедан ёндашган, маъқулларини қабул қилган, номаъқулларини инкор қилган, қаттиқ танқид остига олган. Бугун, юртимиз дунёга юз тутган, дунё ҳамжамиятида муносиб ўрнини эгаллаётган шароитда Чўлпоннинг шу принципини ўзимизга олиш жуда зарур бўлиб тургани ойдек равшан.
Бешинчиси. Чўлпонда рост сўзни, ҳақ сўзни айтишга журъат, жасорат бор эди. Адиб дардни ошкор айтиб бўлмай қолган бир пайтда халқ қизиқларига ҳавас қилиб: “Подшоҳлар, султонлар, хонлар ва бекларнинг қамчиларидан қон томган замонларда, халқ кўпчилиги ўз дардини бир юлғун бачкисига ҳам айта олмаган даврларда, халқнинг оғир аҳволини, мамлакатнинг қора кунларини, кўпчилик фуқаронинг дард ва ҳасратини биронта халқ ёки сарой қизиғи чиқиб ҳазил йўли билан едириб юборар эди”,— деб ёзган эди. Ўша даҳшатли замонда номи “қора рўйхат”лар бошида турган Чўлпон қизиқлар сингари дардини “йўли билан” бўлса-да айтди. Бунинг учун ўтмишдаги қизиқлар каби “оқ уйлик” қилиниши ёки боши кетиши мумкинлигини жуда яхши билган — шунда ҳам айтган. Негаки, у ҲАҚ СЎЗгина боқийлигини, қизиқларнинг “оғизларидан чиққан буюк ҳақиқатлар” сингари “ҳақиқатгўй шоирларнинг ўлмас асарларигина” халқ кўнглига ёзилиб қолишини, мучаллардан мучалларга кўчишини яхши биларди. Шу эътиқод билан қалам тебратгани учун ҳам Чўлпон асарлари ҳануз қимматини йўқотгани йўқ, умид қиламизки, йўқотмайди ҳам.
Бугун Чўлпонни ёд этарканмиз, унинг руҳини шод этмоқчи бўламиз. Ҳолбуки, Чўлпонни ёд этиш кўпроқ ўзимизга, сизу бизга керак. Зеро, бир томони, агар Чўлпон руҳини, умуман, буюкларимиз руҳини ўзимизга сингдирсакгина, миллатнинг истиқболи порлоқ бўлади; иккинчи томони, миллатнинг, юртнинг истиқболини порлоқ этиш билангина Чўлпоннинг, умуман, барча буюкларимизнинг руҳини шод этишимиз мумкин бўлади.
Аждодлар руҳини шод этиб яшаш барчамизга насиб бўлсин.