РОМАННИНГ ЯНГИ УМРИ

Dilmurod Quronov

Д.Қуронов: - Ҳурматли домла, мана, ХХ аср ҳам поёнига етди. Ниҳояланаётган аср адабиётимиз учун улкан бурилишлар, ўзгариш, янгиланиш даври бўлганлиги шубҳасиз. Миллий адабиётимиз ХХ асрда янгиланиш йўлига, жаҳон адабиёти тараққиётининг бош ўзанига ўтиб олганлиги маълум. Аср сарҳисоби бошланган экан, адабиётшунослик олдида миллий адабиётимизнинг тарққиёт йўлини тадқиқ этиш, ундаги бурилишлар, ривожланиш ва депсанишларнинг илдизларини очиб бериш вазифаси турибдики, назарий асосда умумлаштирилган ютуқлар адабиётимизнинг янги асрдаги тараққиётга асос, йўқотишлар сабоқ бўлмоғи лозимдир. Албатта, бу мақсадга эришиш учун йирик фундаментал тадқиқотларни амалга ошириш зарур бўлади. Биз даъвони кичикроқ олиб, масаланинг муҳим бир қисми - миллий романчилигимиз, хусусан, унинг истиқлол йилларидаги тараққиёти ҳусусиятлари ҳақида фикрлашсак. Домла, сизнингча бу давр ўзбек романчилигидаги энг муҳим хусусиятлар, ўзгаришлар, тамойиллар нималарда кўринади?

У.Норматов: - 80-йиллар ўрталаридан юз берган жамият ижтимоий-сиёсий ҳаёти, маънавиятидаги кескин ўзгариш, эврилишлар туфайли аср давомида шаклланган янги ўзбек адабиёти ривожида, барча адабий тур, жанрларда туб янгиланиш жараёни бошланди. Истиқлол йилларида эса бу жараён изчил тус олди. Энг асосийси, бу даврга келиб чинакам фикр эркинлиги, хилма-хил мафкуравий, ижодий-эстетик оқимлар, адабий мактабларнинг шаклланиши учун замин ҳозирланди. Биласиз, мустабид тузум даврида ҳам адабиётнинг бойлиги, ундаги хилма-хиллик ҳақида кўп гапирилар эди. Бироқ ранг-баранглик, хилма-хилликни марксизм-ленинизм мафкураси, социалистик реализм доирасида тушунилар, бундай дунёқараш, методдан салгина четга чиқиш катта гуноҳ саналарди. Ранг-баранглик, хилма-хиллик деганда асосан шакл, услуб, нари борса услубий оқимлар хилма-хиллиги тушунилар, социалистик ақидалар қолипига тушмайдиган жамики қараш, талқинлар марксизмга зид тамойиллар сифатида қатъиян рад этилар эди. Етмиш йил давомида ижтимоий-сиёсий, маънавий ҳаётнинг ҳамма жабҳаларини, миллат онгини забт этиб ўз йўриғига юришга мажбур этган ҳукмрон мафкура емирилгач, бизнинг миллий адабиётимизда ҳам фалсафий-эстетик жиҳатдан ранг-баранг, хилма-хил йўналишга мансуб асарлар, жумладан романлар пайдо бўла бошлади. Чунончи, 90-йиллари моддий дунё қонуниятларига, тарихийлик, ижтимоий таҳлил мезонларига қатъий амал қиладиган анъанавий реализм билан баробар диний-исломий талқин устивор қатор асарлар майдонга келди. Шахсни фақат ижтимоий муносабатлар маҳсули эмас, кўпроқ илоҳий, туғма-табиий, сирли-сеҳрли мавжудот тарзида кўрсатувчи, унинг ижтимоий-тарихий шароит — тузум, давлат, сиёсат, мафкурага бўйсунмайдиган ғаройиб туйғу, хислатларини бадиий тадқиқ этувчи, экзистенциализм фалсафасига таянувчи, аниқроғи, шундай талқинларни ўз ичига олувчи романлар ҳам яратила бошлади. Бу фоний дунёнинг омонат, таги пуч ғояларига алданган шахс умрининг, меҳнатининг бемаънилигини қабариқ тарзда, кўпинча рамзий–мажозий тимсоллар воситасида бутун кескинлиги, фожиаси билан очиб берувчи абсурд асарлар, абсурд қаҳрамонлар хийла кўпайди. 90-йиллари деярли барча тур, жанрларда бўлгани каби ўзбек романчилигида модернизмнинг қарор топиши, муайян миллий адабий анъана тусини олиши даври бўлди. Аср поёнига келиб ўзбек танқидчилиги ва адабиётшунослигида модернизм ва анъанавийлик теварагида қизғин мунозаралар бошланиши тасодифий эмас. Бу ҳол адабий жараённинг ўзида юз берган туб янгиланишларнинг адабий жамоатчилик руҳиятидаги, кайфиятидаги акс¬¬–садосидир.

60-80-йиллар давомида миллий романчилигимизда аср кишисининг машаққатли умр йўли, тақдири ҳақида ҳикоя қилиш, қисмати, ҳаётий тажрибаларидан сабоқ чиқаришга интилишдан иборат бир анъана шаклланган эди. А.Мухторнинг «Давр менинг тақдиримда», «Чинор», Мирмухсиннинг «Дегрез ўғли», Шуҳратнинг «Олтин зангламас», О.Ёқубовнинг «Диёнат», «Оққушлар, оппоқ қушлар», Ў.Ҳошимовнинг «Икки эшик ораси» романлари айни шу муштарак жиҳатлари билан ўзига хос туркумни ташкил этади. Бу асарлар шўро даври ҳаётининг салбий жиҳатларини, ички зиддиятларини, адолатсизлик ва шафқатсизликларини дадил кўтариб чиққанлиги билан ўз даврида жамоатчилик эътиборини тортган, катта қизиқиш уйғотган эди. Бироқ бу асарларда ҳали бутун бошли ижтимоий тузумнинг, шу тузум учун ҳаётини тиккан шахс фаолиятининг фожиали илдизларини таг–туги билан очиб бериш етишмайди. Бизнинг шароитимизда улардан буни кутиш ўринсиз. 80-йиллар охирларига келиб аср одамлари умри ва фаолиятининг бемаънилигини ўзига хос тарзда дадил ва яққол акс эттирувчи бир роман дунё юзини кўрди. Бу Мурод Муҳаммад Дўстнинг «Лолазор»идир. «Лолазор» орқали ўзбек романчилиги, қолаверса миллий адабиётимизга абсурд туйғуси ва ғояси кириб келди. Роман бутун умри пуч ғоялар асосида юртни лолазорга — бўстонга айлантириш орзусида ўтган одамнинг, адашган, алданган кишиларнинг аянчли қисмати ҳақида баҳс этади. Истиқлолдан анча бурун роман муаллифи ўз қаҳрамонлари таянган ақидалар абсурд — маънисиз, ўлимга маҳкум эканини фавқулодда бир маҳорат билан очади; бутун бошли йирик роман саҳифаларида мавж уриб турган ажиб бир поэтик оҳанг — киноя-кесатиқлар орқали ўзининг бадиий ҳукмини ўқийди.

«Лолазор»да намоён бўлган абсурд туйғуси ва ғояси 90-йиллар бошларида бирин-кетин эълон этилган эпик асарлар — Ў.Ҳошимовнинг «Тушда кечган умрлар», Ш.Холмирзаевнинг «Олабўжи», Т.Муроднинг «Отамдан қолган далалар», О.Ёқубовнинг «Адолат манзили» ва, ниҳоят, О.Мухторнинг «Минг бир қиёфа»дан бошланган янги туркум романларида турли-туман кўринишларда изчил давом этди...

Д.Қуронов: - Домла, кечирасиз, фикрингизни бўламан. Адабиётимиздаги, хусусан, ёшлар ижодидаги изланишларга хайрихоҳлигингиз кўпчиликка маълум, ишонаманки, бу нарса ёшлар томонидан тегишлича қадраланади ҳам. Айни пайтда, буни «модерн услубида ёзилган асарлар ҳақида сўз юритганда асл моҳиятига етмай маҳлиё бўлиш» сифатида баҳоловчилар ҳам йўқ эмас. Албатта, мазкур масала юзасидан кескин баҳслар кечаётган бир пайтда шундай бўлиши табиий ҳам. Нима бўлганда ҳам, кейинги вақтдаги чиқишларингизда, суҳбатларингизда «абсурд туйғуси», «абсурд асар» каби тушунчаларни бот-бот ишлатасиз. Шу масалага мавзумиз доирасида кенгроқ тўхталсангиз

У.Норматов: Албатта, юқоридаги романларнинг фазилати, аҳамияти фақат тоталитар режим танқиди, адашган, алданган шахслар умрининг бемаъни — абсурддан иборат эканини очиб берганлиги билангина чекланмайди. Ҳозирги жаҳон адабиётшунослигида бадиий асар қиммати, даражаси биринчи галда унда ҳаёт ва шахснинг янгича концепцияси ҳамда бадиий талқини, ифодасига қараб белигланади. Шу юксак умумбашарий адабий-бадиий мезонлар асосида ёндашиладиган бўлса, Ў.Ҳошимовнинг «Тушда кечган умрлар» романи 90-йиллар ўзбек адабиётидаги жиддий воқеа, муҳим янгиликдир. Бир қарашда роман янги ўзбек адабиётида муайян анъанага айланиб қолган мавзу-муаммолар — мустабид тузум танқиди, афғон уруши, «ўзбеклар иши» қурбонлари ҳақида баҳс этади. Бироқ бадиий асарда, хусусан, романда ёзувчининг янги сўзи у яратган жонли ва кўламли шахслар тимсоли орқали гавдаланади. «Тушда кечган умрлар» романидаги талай персонажлар, хусусан, икки ёрқин қаҳрамон — Рустам ва Комиссар образларини ёзувчининг бугунги адабиётимиздаги янги сўзи, бадиий кашфиёти деса бўлади.

Рустам — фожеий шахс. Катта ҳаётга эндигина кириб келаётган, она юртнинг етук бир фарзанди, содиқ фуқароси бўлиши, эл-юрт учун кўп ишлар қилиши, севгилиси васлига эришиб бахтли ҳаёт кечириши мумкин бўлган бу навқирон ўғлон умри ўн гулидан бири ҳам очилмай туриб хазонга айланади. Унинг ҳаётини мустабид тузум, тоталитар режим сиёсатини юргизганлар, афғон урушини бошлаганлар, «ўзбеклар иши», «пахта иши» можаросини ўйлаб топган ғаламислар завол этади. Рустам ҳалокати мана шу мудҳиш сиёсатга зўр бир айбнома каби янграйди.

Биламизки, ҳар қандай салмоқдор, эзгу ғоя санъаткорона ифодасини топган тақдирдагина қудратли куч касб этади, асар ғояси эса ўқувчи қалбини асир этадиган яхлит сирли-сеҳрли тасвир оҳанги орқали пафосга айланади. «Тушда кечган умрлар» романи «Куз ўлим тўшагида ётган беморга ўхшайди» сўзлари билан бошланади. Илк жумладаги мана шу маъюс, мунгли оҳанг асар давомида товланиб, гоҳ сокин, гоҳ шиддатли тус олиб вужуд-вужудингизни қамраб олади. Асар қаҳрамони қисмати бошдаги ўша мунгли сўзлар билан интиҳосига етади. «Куз ўлим тўшагида ётган беморга ўхшайди» жумласи фақат қаҳрамон қисматидагина эмас, асарда акс этган давр, муҳит, жамиятга ҳам дахлдор — дарҳақиқат, ўша йиллари жамият бамисоли ўлим тўшагида ётган бемордек талвасада. Ўзбек адабиётида бу қадар маъюс, мунгли романни ҳозиргача ўқимаган эдик. Роман бу жиҳатдан Ҳазат Навоийнинг энг хазин, мунгли достони «Лайли ва Мажнун»ни ёдга солади. Достонни ўқиётиб сиз Лайли билан Мажнун бу фоний дунёдан бахт тополмаслигини, чексиз ғам-андуҳлардан фақат ўлиб қутулишлари мумкинлигини ҳис этиб турасиз. «Тушда кечган умрлар» романида ўзгача давр, ўзгача вазият, муаммо, можаролар. Бироқ бош қаҳрамон бошига тушган савдолардан қутулиш йўли ўша — Рустам типидаги ориятли, виждонли йигитни бу мудҳиш кўргуликлардан ўлимгина мосуво этади. Менимча, чуқурроқ карасак, Рустам образи талқинида экзистенциализм фалсафасининг таъсири сезилади...

Д.Қуронов: - Дарҳақиқат, агар «Тушда кечган умрлар» романини экзистенциализм нуқтаи назаридан тушунмоқчи бўлсак, Рустам образи талқинида ўзига тамомила «бегона дунё»да, ўзига «душман дунё»да яшаган шахс фожиасини кўрамиз. Рустам ўзи яшаётган дунёда ўзини мутлақ «бегона» ҳис қилади, ўз дунёсидан мантиқ, ҳаётидан маъни тополмай қолдики, айни шу шароитда унинг қаршисида «ҳаёт яшаб ўтишга арзийдими?» қабилидаги абсурдга хос савол кўндаланг бўлди. Абсурд фалсафасининг отаси Камю: «Инсон онгидан ташқарида абсурд мавжуд эмас. Унинг ўлими билан, бошқа барча нарсалар каби, абсурд ҳам йўқ бўлади»,- деб ёзади. Айни пайтда, Камю инсоннинг ихтиёрий ҳаётдан кетишини ҳам ёқламайди, аксинча, унинг талқинида «исён ўлим эмас, ҳаёт манбаидир. Унинг туб моҳияти — вайронкорлик эмас, бунёдкорлик мантиқидир». Яъни, инсоннинг исёни воқеликни ўзгартиришга, тартибсизликни (хаос) уйғун тартибга (гармония) келтиришга қаратилиши лозим. Шу билан бирга, Камю — пессисмист, дунёни муайян тартибга, бир пайтлар маърифатчилар ўйлагандек инсон уни «ақлга мувофиқ ҳолга келтира олишига» ишонмайди (аслида, модернизм дунёқараш сифатида маърифатчиликнинг тўла инкори бўлиб майдонга келган). Демак, Камю талқинидаги инсон мавжудлигининг шарти бўлмиш «исён» ҳам аввалбошдан абсурд — сизиф машаққатидан ўзга эмас, у инсоннинг ўзи учунгина керак, унинг ўз ҳаётида маъни бор деб ўйлаши учун алдов, холос. Айни шу ўринда «Тушда кечган умрлар»даги ва Камю талқинидаги «абсурд» орасида улкан фарқ мавжудлиги кўзга ташланади. Ў.Ҳошимов умидворлик ҳиссидан мосуво эмас, унинг учун «абсурд воқелик» жамият тараққиётидаги бир босқич, «абсурд туйғуси» шу босқичда йўлсизликдан қийналаётган шахс дунёқараши, кайфиятидаги муваққат ҳолат. Камю учун эса, маълумки, абсурд — универсал ҳодиса, у абсурд тушунчасини инсониятнинг тонгидан шомига қадар, азалдан абадга қадар тадбиқ этади...

Домла, ҳозир мавриди келиб қолди, шу ўринда адабиётшунослигимиздаги модернизм масаласидаги сўнгги баҳсни эслагим келади. Хусусан, унда адабиётшунос С.Мели: «модерний йўл ... инсоният бадиий тафаккурини чуқурлаштиришда, инсон руҳияти пучмоқларига кириб боришда муайян ютуқларга эришди» деркан, Ғарбнинг қатор адиблари «модернизмнинг талай ютуқларини реалистик тасвир доирасига олиб кириб, катта бадиий кашфиётларга эришган»лигини таъкидлайди. Назаримда, Ў.Ҳошимов ҳам айни шу йўлдан борди, у ғарб адабиётига хос жиҳатларни ижодий ўзлаштирди. Модернизмга хос хусусиятлар миллий-адабий анъаналар заминида ижодий ўзлашгани учун ҳам «Тушда кечган умрлар» ҳақида сўз борганда муаллифни «ғарбга тақлид қилиш»да айблаш (ёки алқаш) бировнинг хаёлига келмайди. Дарвоқе, биз осонгина «тақлид» деб атайдиган ва кўпроқ сўзнинг луғавий маъносидан келиб чиқибоқ аввалдан бирмунча салбийроқ муносабатда бўладиган ҳодиса аслида жуда мураккаб, адабий-бадиий жараёнда қонуният мақомидаги ҳодисадир. Айтмоқчиманки, баъзан баҳс қизиғида «адабий таъсир»ни ҳам «тақлид» тушунчасига қўшиб юборамиз, иккисига-да бир кўз билан қараймиз. Ҳолбуки, миллий адабиётимизга ғарб адабиётига хос қандайдир жиҳат кириб келаётган экан, демак, шунга эҳтиёж етилган. Айтайлик, «Лолазор» романида «абсурд туйғуси» энг кучли ифодасини топгани бежиздан эмас: асар ёзилган пайтга келиб ижтимоий ҳаётни ислоҳ қилиш борасидаги ғояларга бот-бот алданган жамиятимизнинг ўзида шу туйғу етилган эди. Қизиғи шундаки, экзистенциализм (жумладан, абсурд) фалсафаси 50-60-йилларда ғарб зиёлисининг маънавий-руҳий қиёфасини кўп жиҳатдан белгилаган бўлса, 80-йилларга келиб унинг таъсири сусайган (аниқроғи, бу вақтга келиб мазкур фалсафанинг мақбул жиҳатлари ғарб маънавиятига сингишиб кетди, номақбуллари инкор қилинди) эди. Бизда эса, масалан, абсурд туйғуси айни шу вақтдагина, яъни, уни тақозо этадиган ва у сингишадиган шароит етишгандагина пайдо бўлди. Иккинчи томондан, экзистенциализм (жумладан абсурд) фалсафаси адабиётимизга бевосита биринчи манбалар орқали эмас, адабиёт ва санъат асарлари орқали кириб келган эди. Шу боис ҳам ўзини «модернчи» деб билмаган (танқидчиликдан ҳам бу хил «ёрлиқ» олмаган) адибларнинг асарларида ҳаётнинг, шахснинг бадиий талқинида мазкур фалсафанинг таъсирини сезишимиз мумкин бўлади...

У.Норматов: Инсон, шахс жумбоғи, бу жумбоқни ечишга интилиш, инсон ҳаёти моҳиятини англашга, шахс табиати ва руҳиятини тафтиш ва таҳлил қилишга интилиш —романнинг, умуман, бадиий адабиётнинг бош вазифаси. ХХ аср давомида роман шакли, ифода усуллари жуда кўп ўзгаришларга дуч келса-да, инсон талқини узоқ вақт ўзгаришсиз қолиб келди. Фақат аср сўнгига келибгина ижодкор инсонни англаш бобида якка ҳоким дунёқараш, мафкура тазйиқларидан қутулди, шахсни турли фалсафий-эстетик қарашлар нуқтаи назаридан бадиий талқин қилиш имконига эга бўлди. Назаримда, сўнгги йиллар ўзбек романчилигидаги ўсишни — ўсиш эса, шубҳасиз, мавжуд — таъмин этган энг муҳим омил шу бўлса ажаб эмас. Бир қарашда кейинги ўн йил мобайнида яратилган романларнинг аксарияти истиқлол арафасидаги, мустабид тузум давридаги ҳаётни бадиий таҳлил этишга қаратилгани тематик жиҳатдан торликдай, бир хилликдек таассурот қолириши мумкин, эҳтимол. Бироқ, менимча, бунда ҳам табиий, қонуний ҳолни кўрганимиз тўғрироқ бўлади. Негаки, кечаги кунимиз мана энди-энди ижодкорларимиз учун чинакам эстетик объектга айланиб бормоқда Зеро, ижодкор(жумладан, бошқалар ҳам) эндигина у давр ҳаётидан ростмана узилиб, унга тугал бир босқич сифатида четдан қараш, холис ва атрофлича чуқур мушоҳада қилиш имконига эга бўлди. Даврдан узоқлашганимиз баробари, асардан асарга унинг бадиий талқини чуқурлашиб бораётгани бунинг ёрқин далили бўлганидек, ҳали бу мавзунинг «ёпилмаган»идан ҳам далолатдир. Иккинчи томондан, тематик жиҳатдан яқин, юзаки қараганда бир-бирига ўхшаш асарларда талқинлар турфалиги, ижодкор шахсий нуқтаи назарининг тобора бўртиб бораётгани адабиётимизнинг эртасидан хайрли фолдир. Айтайлик, ўша давр ижтимоий ҳаёти жараёнларининг, абсурд воқеликнинг шахс табиати, руҳиятига таъсирини ўрганган адиблар ижодида бир қарашда ўхшаш, аслида бир-биридан жиддий фарқланувчи образлар(типлар) яратилди. Мен бу ўринда «Тушда кечган умрлар»даги Комиссар, «Олабўжи»даги Тўқлибой Қўчқоров, «Отамдан қолган далалар» романидаги Деҳқонқул образларини назарда тутмоқдаман.

Биринчи қаҳрамон — Комиссарнинг Соат Ғаниевич деган бинойидай исми шарифи бор. Бироқ исми шарифидан кўра Комиссар деган лақаби унга кўпроқ муносиб (буни муаллифнинг жажжи топилмаси деса ҳам бўлади). У шахс эмас, касб, мансаб-мартаба, мафкура одами; бу одам бутун умри давомида мустабид тузум, тоталитар режим мафкураси, сиёсати қалқони ва қиличи сифатида иш кўрди, неча минглаб одамларнинг ҳаётини, дилини жароҳатлади, ёстиғини қуритди.

Шуниси ҳам борки, бу одам ҳаётининг кузи аллақачон бошланган, у ҳам ўлим тўшагида ётган беморни эслатади. Бироқ у буни тан олгиси келмайди, аллақачон отдан тушган бўлса-да, эгардан тушмаган. Муштипар аёли оламдан ўтди, фарзандлари, келинлари ўзгача йўл танлаб ундан юз ўгирди, иккинчи умр йўлдоши унга хиёнат қилди; ҳаётда биронта дўсти, таянчи қолмади; у суянган жамият, эътиқод қўйган мафкура нуради, қулади... Ўзини билган, англаган одам учун булар нақадар катта фожиа! Бу кимсанинг фожиаси шундаки, у мана шундай фожиани ҳис этишдан маҳрум, шу ҳолда ҳам инсон қиёфасидаги маҳлуқ ҳеч нарса кўрмагандек яшашда давом этади... Ҳаётининг ҳар қандай маънидан мосуволигини бир лаҳза бўлсин ўйлаб кўрмаган, ўйлашдан ожиз Комиссарни «яшади» деб бўладими?! Қарангки, мустабид тузум Комиссарнинг ҳаётини абсурдга айлантирган, айни пайтда, у ўша мустабид тузумнинг «винтчаси» ҳам ва шундайлигича қолди — абсурд шунчалик бўлади-да!

Комиссардан фарқли ўлароқ, Тўқлибой Қўчқоров мавжуд воқеликни анча теран идрок қилади ва айни шу идрок этилган воқелик унинг руҳиятидаги эврилишларга олиб келади. Тўқлибой Қўчқоров ҳақиқий арбоб, у районда партия сиёсатини изчиллик билан ўтказади, котиблик вазифасини қойил қилиб адо этади, яхши, истеъдодли одамлар ҳисобига партия сафини мустаҳкамлаш пайида бўлади. Аслида у зиёли-ўқитувчидан чиққан раҳбар ходим, у янгичадан ҳам, эскичадан ҳам дурустгина хабардор; «рўзи машҳар»ни ҳам эслаб туради; ўз соҳаси — халқ тарихини дуруст билади, кўпгина тарихий воқеа-ҳодисалар хусусида ўзининг мустақил-изчил қарашлари бор. Айни пайтда у шеърият шайдоси, шоир, журналистларни ҳурмат қилади, ўзи ҳам шеърлар ёзиб туради. Қизиғи шундаки, район миқёсида партия сиёсатини изчил ўтказиши лозим бўлган, амалда юқоридан белгиланган буйруқларни сўзсиз бажарадиган, бажартирадиган бу раҳбар ходим ичдан партия сиёсатини, эътиқодини қабул қилмайди, қилолмайди; хийла ақлли, фикрлайдиган бу одам мавжуд тузумнинг турган битгани бюрократияга, қоғозбозликка асосланганини, мустабид давлату тузумнинг таги бўш эканини, уни зулм ва қўрқитиш қуролларигина ушлаб турганлигини яхши англайди; у босмачи деб бадном этилган миллий озодлик курашчиларининг, «пантуркист» деб номланган истиқлол фидойиларининг тарихдаги асл ўрнини, хизматини руҳан қадрлайди, катта қурбонлар эвазига бўлса-да истиқлол амалга ошишини истайди; Тараканов типидаги мараз одамларнинг кирдикорларини миридан сиригача билади; давлат, партия ҳозир ўтказаётган сиёсат — маданий-диний қадриятларнинг оёқ ости қилиниши, юрт бойликларининг таланиши, она табиатнинг топталиши, мактаб ўқувчиларининг ёш умри оғир меҳнатда хазон этилаётгани каби нохуш ишлардан куюнади, куюнади-ю, барибир ижрочи арбоб сифатида бу хато, адолатсиз сиёсатни изчил давом эттираверади, чунки у ўзини мустақил арбоб эмас, шунчаки бир қўғирчоқ, итоаткор, қарам, шу ҳокимиятнинг қули эканини, фақат эгарда ўтирганини асло унутмайди, унутолмайди. Бир район худудида расман ҳокиму мутлоқ саналган бу шахс — ожиз нотавон бир кимса, ўзи кўриб билиб турган қабоҳатларга, хато сиёсатга қарши боролмайди, ҳатто унда қабоҳатларга қарши исён учқуни ҳам йўқ. Демак, у аросатдаги одам, унда мустаҳкам иймон-эътиқод, юксак мақсад йўқ. «Бу дунёнинг ишларини ўйлайверсанг, жинни бўласан» дейди у. «Йўлсизлик»ка мубтало иймон-эътиқодсиз бу одам энди ўзини айш-ишратга уради, яшаб қолишга ҳаракат қилади, шу тариқа ўзини овутади. «Ҳа, унинг асл ғояси — яхши яшаш». Бу каби иймон-эътиқодсиз, субутсиз кимсалар олдида гуноҳу жиноятлар учун ҳеч қанақа тўсиқ — инсоф, андиша, шарм-ҳаё, оллоҳ ва бандаси олдида ҳадик-қўрқув, масъулият ҳисси бўлмайди. Буни қарангки, Комиссар билан Тўқлибой Қўчқоров моҳиятан бирдек, зеро, улар мустабид жамиятнинг икки турли сифат кўриниши (бири қатағонлик, иккинчиси турғунлик) маҳсулларидек таассурот қолдиради. Шунга кўра уларнинг иккисини истаганча қиёсласа, улардан қай бири мудҳишроқ, аянчроқ, фожероқ эканлигини мулоҳаза қилаверса бўлади...

Д.Қуронов: Домла, бу гапларингиз мени юқорида айтганим ўзини «модернчи» деб билмаган адиблар ижодида ҳам модернизм хусусиятлари борлиги ҳақидаги фикрда собит қилади. Гап шундаки, мен айтмоқчи бўлган таъсир асарнинг шаклий хусусиятларида эмас, аввало мазмунда — дейлик, шахс муаммосининг қай тарзда қўйилгани, инсоннинг қай тарзда талқин қилинганида кўрилади. Юқорида кўрганимиз ҳар икки қаҳрамон талқинида ҳам масала «у яшадими?», «унинг ҳаётида маъни борми?» қабилида қўйилганки, «яшамоқ» ва «бор бўлмоқ» тушунчаларини фарқлаш экзистенциализм фалсафасида марказий масалалардан бири саналади. Масалан, экзистенциалистлар, хусусан Сартр талқинича, эрксиз одам инсон сифатида фаолиятда бўлолмайди, у — «бор», лекин «яшамайди». Яъни, эрксиз одам бир буюм сингари мавжуд холос. Шунга ўхшаш, Комиссар ҳам яшамайди, у — «бор», холос. Нега? Инсон ўзи мансуб муҳит таъсиридан холи бўлолмаслиги табиий. Экзистенциалистлар (хусусан, Хайдегер) инсоннинг «дунёда мавжудлиги» ўзида, бир томондан, унинг «ўзгалар билан мавжудлиги»ни, иккинчи томондан, «ўз ўзининг мавжудлиги»ни тақозо қилишини таъкидлайдилар. Гап шундаки, инсоннинг ўзлиги (Dasein) «ўзгалар билан мавжудлик»дагина намоён бўлади, зеро, ўзига хослик, ўзлик ўзгалардан фарқлиликдагина кўринади. Фақат эркин одамгина «ўзгалар билан мавжудлик»да ўзига хослигини сақлаши, ўз ҳолича қолиши мумкин. Эрксиз одам эса ўзлигини намоён қилолмайди, уни муҳофаза қилишдан ожиз ва шу боис ҳамма қатори одамга (Man) айланади — ўзлигини, қиёфасини йўқотади. Тоталитар тузум шароитида — эркинликнинг ҳар қандай кўринишлари бўғилган, барчанинг бирдек бўлиши рағбатлантирилган бир замонда — неча минглаб Соат Ғаниевичларнинг комиссарларга айланиши табиий эмасмиди?! Шунингдек, мавжуд тузумнинг туб моҳиятини дурустгина англаган ва, айни пайтда, бу тузум ўзидан нимани талаб этишини жуда яхши билган минглаб Тўқлибой Қўчқоровларнинг ўзлигига-да хиёнат қилишию худбин кимсаларга айланиши ҳам табиий кўринади. Дарвоқе, менимча, Тўқлибой Қўчқоров асло йўлсизликка мубтало одам эмас. Аксинча, ўз вақтида унинг қаршисида ҳам танлов имконияти бўлган: у ё ўзлигига содиқ қолиб камсуқум-камтар умргузаронлик қилиши ва ё ўзлигига хиёнат қилиб арбобга айланиши мумкин эди. У кейингисини танлади ва бунинг эвазига эркини, ўзлигини қурбон қилди, зеро, инсон «ё ҳар вақт ва тўла эркин, ё эркин эмас» (Сартр) - қисман эркин бўлиши мумкин эмас.

Табиийки, шуларга ўхшаш кишилар, шуларга ўхшаш тақдирлар воқелигимизда мавжудлиги учун ҳам улар реалистик йўналишдаги адабиётимизда ўз аксини топаётир. Демак, юқоридагича талқинлар фақат «тақлид», «адабий таъсир» билангина эмас, аввало ўша асарлар яратилган (ўша асарларда акс эттирилган) давр ижтимоий-тарихий шароити ва бир пайтлар Ғарбда шу нав фалсафани вужудга келтирган ижтимоий-тарихий шароит орасидаги муштарак, ўхшаш нуқталар билан ҳам изоҳланиши зарур кўринади. Шу маънода, менимча, модернизм масаласидаги баҳсда С.Мелининг адабиётимиздаги янгича изланишларни кўпроқ «тақлид» сифатида баҳолаши анчайин кескин ва баҳслидир. Мунаққиднинг «модернизм Ғарб ҳодисаси сифатида ўзбек маънавий муҳитида нашъу намо топа олмайди» деган ҳукми яна эскича мафкуравий таъқиқ йўлини ёдига солганми, кейинги пайтларда ўзининг жиддий танқидий чиқишлари билан диққатни тортган Б.Рўзимуҳаммад ҳам шунга яқин оҳангда жавоб қилмоқчи бўлади. Ҳолбуки, бу руҳдаги «баҳсда ҳақиқат кўмилади» — асло «туғилмайди». Аввало, С.Мели — зукко, билимдон адабиётшунос, у модернизм ичида салбий — инсонийликка зид ҳодисалар ҳам мавжудлигини яхши билади. Шунинг учун ҳам у «бу йўл фақат услубгина эмас. У ўзига хос мафкура ҳам» деб куюнадики, буни билмайдиганлар, билса ҳам «шўро даврида шундай уктириларди» қабилида ўйлаб ишончсиз, эътиборсиз қарайдиганлар ҳам йўқ эмас. Бунинг зидди сифатида Б.Рўзимуҳаммад модернизмда асосан бадиият ҳодисасини кўришга мойил. Хуллас, баҳсда қутбий мавқени эгаллаган икки киши аслида битта нарса ҳақида гаплашишади-ю, бироқ ҳар бири ўша нарсанинг битта томонигагина ёпишиб олади. Тамсил қилмоқчи бўлсак, гўё уларнинг бири «қуёш — иссиқлик манбаи» деса, иккинчиси «қуёш — ёруғлик манбаи» дея эътироз билдиради. Хабарингиз бор, домла, ҳозирда «ер юзининг глобал исиш» жараёни кузатилаётганидан огоҳ этиб ташвишли бонг чалаётирлар. Бироқ шуни деб «қуёш керакми, йўқми?» қабилида баҳслашиш бировнинг хаёлига келмайди — қуёш бизнинг истагимиздан қатъий назар мавжуд: ҳар куни чиқаверади, ботаверади... Шунга ўхшаш, модернизмни адабиётимизга «киритмаймиз» дейиш ҳам, уни «олиб кирамиз» дейиш ҳам пуч — бадиий тафаккурнинг табиий тадрижи бизнинг ихтиёримиздан қатъий назар уни пайдо қилади.

Энди масаланинг анчагина нозик иккинчи томони — Б.Рўзимуҳаммаднинг эътирозини қўзғаган С.Мелининг ташвиши — модернизмнинг «ўзбек маънавий муҳити» билан муносабати ҳақида. Биз илдизлари мингйилликлар қаъридан озиқланувчи маънавият эгаси бўлмиш халқмиз. Яъни, биздаги маънавият яхлит бир тизим ҳолидаги бутунликка эга. Бас шундай экан, бутун сифатида маънавиятимиз ўзига уйғун сингишиб кетадиган қисм (яъни, ўзгаларга хос қадрият)ларнигина қабул қилади, айримларини мослаштириб ўзига олса, бошқаларини инкор қилади. Ўйлашимча, маънавиятимизни ёпиқ система сифатида тушуниш, уни ўринсиз иҳоталашга уриниш эса ортиқча зўриқиш бўлиши билан бирга, махдудликка ва унинг ортидан келувчи маънавий қашшоқланишга олиб боради. Шу ўринда фикримни ойдинлаштириш учун экзистенциалистлар формуласидан фойдалангим келади: бизнинг халқ сифатида «дунёда мавжудлигимиз» ҳам «ўзга(халқ)лар билан мавжудлик» ва «ўз ўзидек мавжудлик» дан иборатдир. Назаримда, С.Мелининг бирмунча кескин фикрлари ботинида юртимиз дунёга юз тутган, хориж билан ҳар турли алоқалар кучаяётган, коммуникация воситалари беҳад ривожланаётган бир шароитда «ўзгаларга сингиб кетмаймизми, миллий қиёфамизни йўқотиб қўймаймизми» деган ташвиш ётади. Тўғри, ёмонини ўйламасанг яхшилик бўлмайди, деган нақл бор. Шундай бўлса-да, бу хил ташвишга етарли асос йўқдай. Зеро, салкам бир ярим аср тутқунликда яшаб ўзлигини сақлай олган халқ, иншоолло, озод, эркин бўлган ҳолатида уни йўқотмас. Сабаби — озод, эркин халқнинг «ўзга(халқ)лар билан мавжудлик»да ўзлигини намоён қилишга, «ўз ўзидек мавжуд» бўла олишга имкони бўлади, бу эса дунёда муносиб ўрин эгаллашнинг шартидир. Баски, биз ташқи дунёдан ихоталанишимиз эмас, аксинча, ўзлигимизни яхши таниб олган ҳолда унга дадил кириб боришимиз зарурдир.

Модернизм борасидаги баҳсда гоҳ ботиний ва гоҳ ошкора тарзда «реализм эскирдими?» деган савол ҳам турди, ҳар ким унга ўзича жавоб берди. Адабиёт тарихига бир қур назар солинса, унда бадиий тафаккурнинг реалистик ва нореалистик шакллари қадимдан бақамти яшаб келаётгани, улар орасидаги зидлик ҳар бирининг кучли томонларини намоён этишию ҳар иккисининг ожиз томонларини тўлдириб келишига гувоҳ бўлиш мумкин. Баски, реалистик йўлни қотиб қолган нарса сифатида тушунмаслик керак: юқоридаги романлар реализм адабий жараёндаги янгиликларни ўзига сингдириб, вазмин-хотиржам одимлаётганидан далолат беради. Демак, «эндиликда ... «модернча» асарларга монанд бадиий дид шаклланаётгани» (Б.Рўзимуҳаммад) ҳам мутлақо тасодифий эмас, балки юқоридагича жараёнларнинг табиий ҳосиласидир.

У.Норматов: Дарҳақиқат, ҳали бизда анъанавий реализмнинг имкониятлари, очилмаган қирралари кўп. Шахсни жамият, ижтимоиёт, сиёсат, мафкура билан алоқадор ҳолда бадиий тадқиқ этиш йўллари эскирмаганини, реалистик адабиёт ўзига кўп янгиликларни сингдириб улгурганини «Адолат манзили», «Отамдан қолган далалар» романлари мисолида ҳам кўриш мумкин. Хусусан, кейинги романда эрксиз одамнинг бора-бора ўзлигини йўқотиши, бир буюмдек мавжуд бўладиган ҳолга келиши муқаррар эканлиги ўзининг санъаткорона ифода этилган. Романда аср кишиси босиб ўтган йўлнинг ифода қамрови кенг, персонажлар қисматидан чиқадиган хулоса-сабоқлар эса хийла кескин — тенденциоз руҳда. Асар воқеалари ҳаёти, тақдир-қисмати, руҳий дунёси она ер, киндик қони тўкилган тупроқ билан мустаҳкам боғлиқ, ўзбекнинг рамзи дегулик меҳнаткаш, заҳматкаш инсон — бош қаҳрамон Деҳқонқул тилидан сўзлаб берилади. Деҳқонқул ҳикоясини ўз саргузаштларидан эмас, балки бобоси Жамолиддин, отаси Сурхони Ақраб тарихидан бошлайди. Чунки Бобо ва Ота тарихини эсламай ва сўзламай туриб Деҳқонқул қисмати, характери маъносини англаш, англатиш қийин. Бобо — мустамлакачиларга исён сифатида юртини ташлаб, уларнинг оёғи етмаган жойларга кетди; Ота юртнинг мустақиллиги деб Қизил офатга қарши курашда шаҳид кетди... Хўш, шўро даврининг одами Деҳқонқул Ота ва Бобосидан нималарни мерос қилиб олди? «Социалистик ҳаёт тарзи» шароитида у нималарга эришди-ю, нималарни бой берди? Деҳқонқулга Ота ва Бобосидан фақат меҳнаткашлик хислатигина ўтган, холос. Ота-боболарга хос юртсеварлик, инсоний ғурур, ўзликни англаш ҳисси унда бутунлай барҳам топган. Дадил айтиш мумкинки, Деҳқонқул образи — ўзбек адабиётида жиддий бадиий кашфиёт. Деҳқонқул совет даври адабиётида завқ-шавқ билан қаламга олинган меҳнат қаҳрамонларига пародия тарзида яратилган. У — тоталитар тузум, қизил империя сиёсати тарбиялаб етиштирган «меҳнат кишиси», «янги инсон» тимсоли; мустабид ҳокимият мунофиқона мафкурасининг тирик қурбони. Деҳқонқул шўролар тузумининг деярли тенгдоши. Ёзувчи адабиётимизда урф бўлган йўлдан бормайди, қаҳрамон тақдири орқали даврни, «социалистик жамият тарихини ифодалаш»ни ўз олдига мақсад қилиб қўймайди. Совет ҳокимияти йилларининг «муҳим паллалари» атайин четлаб ўтилади, фуқаролар уруши йилларида ақлини таниган болакай 60-йилларда ҳам болакайлигича қолаверади. Бу ҳол ўқувчига асло «мантиқсизлик» бўлиб туюлмайди. Ёзувчини биринчи галда Деҳқонқулни қул, муте қилиб шакллантирган ҳаётий омиллар қизиқтиради.

Деҳқонқулни аввало Ленин ишига, партияга, шўролар ҳукуматига, улуғ оғага ҳурмат, садоқат руҳида тарбиялашган, унга Ленинни ота, Крупскаяни она деб ўргатишган; ўлан-лапарларни эмас, «партия-совет қўшиқлари»ни тинглаб, айтиб тили чиққан, уйқудан турганда ҳам, уйқуга ётиш олдидан ҳам, тўю маъракаларда ҳам партия, доҳий, улуғ оғага таъзим, салом билан йўғрилган мадҳиялар қулоғига қуйилган; юрти дунёда энг озод, ҳур, тўқ-фаровон эканига, 80-йилларга бориб коммунизмда яшашига чиппа-чин ишонтиришган... У бора-бора сўз билан амал орасидаги зиддиятни сезган, кўрган; тенгдошлари қатори ўқишни қўйиб пахта далаларидаги, захарли химикатлар ёмғири остидаги «ҳур меҳнат» гашти нима эканини гўдаклигидаёқ татиган, бу «шонли меҳнат»га меҳр-муҳаббат руҳида вояга етган. Салгина бўлсин бу машаққатлардан ўзини четга олганида босмачининг, совет тузуми душманининг ўғли деб ҳақорат қилинган, бу хилдаги дағдағалар кўнглидаги қаршилик кўрсатиш туйғусини бутунлай сўндирган... Шу тариқа Деҳқонқул ўзига хос манқурт бир кимса бўлиб етишади. Бу одам фақат садоқат билан меҳнат қилишнигина билади. У деҳқончилик илмини миридан сиригача эгаллаган. Ўзи ўтқазган ҳар бир ниҳолнинг ҳоли, дарди унга аён. У ўзини ҳам, аёлини ҳам, болаларини ҳам ўйламай, аямай бетиним тер тўкади; табиат билан туташиб, табиий офатлар билан олишиб, енгиб йилма-йил мўл ҳосил етиштиради, машъал бригадирга айланади.

Аслида бунинг нимаси ёмон? Меҳнат инсонни улуғлайди, деймиз-ку! Шунчалар фидойи меҳнаткаш инсон Деҳқонқул нега кўзимизга қаҳрамон эмас, аянчли бир кимса бўлиб кўринади, ўқувчида фаҳр-ифтиҳор эмас, ўкинч-надомат, ачиниш туйғусини қўзғотади? Бутун гап мана шунда. У ким учун, нима учун бетиним тер тўкаётганини, ҳоли не кечаётганини ўйлаб ҳам кўрмайди. У карахт бир ҳолга тушиб қолган. Теварак-атрофида, ҳаётда нималар бўлаётганлигини, ҳақ ва ноҳақ ишлар, адолатсизликлар, яқин кишилари, аёли, фарзандлари ҳол-аҳволи уни мутлақо қизиқтирмайди. Идеологиянинг қип-қизил мунофиқона ёлғонларига асло парво қилмайди, бемаъни кўрсатмаларига қаршилик кўрсатмайди, кўрсатолмайди; мунофиқ қаламкашларнинг дала шунқорлари ҳақидаги мунофиқона очерки ҳам, москвалик киночиларнинг машъал бригада ҳаётига бағишланган бошдан-оёқ ёлғонга қурилган картинаси ҳам уни ажаблантирмайди, аксинча, картинадаги сохта ролни киночилар айтгандай қилиб ҳеч қийналмай ижро этиб беради. Ўзининг, ҳамқишлоқларининг ўта ночор, аянч турмушини кўриб, билиб туриб «Мунча ширин экан бу Совет даврони, Мамнун яшар ҳар инсон — йўқдир армони» сингари тутруқсиз қўшиқларни бепарво тинглайверади. Машъал бригадир бўлиб туриб қўли қисқалигидан, мотоцикл олишга қурби етмаганидан, аёлининг оддий сўровларини бажо келтиролмаётганлигидан, бугина эмас, қозони гўшт кўрмаётгани, болалари тўйиб овқат емаётганидан изтиробга тушмайди. Марказга, кўрик-кенгашга ижарага олинган кийимларни кийиб боришдан ор қилмайди. Кенгашдаги иштироки ҳам маълум — тўрига қараб ўтиради, тўридагилар чапак чалса, у ҳам чапак чалади, тўридагилар оёққа турса, у ҳам оёққа туради...

Тўғри, унда ҳам гоҳо ота-бободан қолган ғурур андак уч беради, бироқ у шаҳарга бориб тўр шляпа билан бахмал сўзана сотиб олишу телбаларча бахмал сўзанани шартта йиртиб оёғига пайтава қилиб ўраш, телеэкранда кўринган Америка президентига бошдаги шляпасини олиб силташдан нарига ўтмайди. Бу қўли очиқ, меҳмондўст, танти ўзбек емай, ичмай топганини меҳмони олдига қўяди, меҳмони оёғи остига қўй сўйиб керилади, аммо меҳмонлар учун бозордан олиб келган икки дона хурмони деб етим ўғилчасини уриб оғзи-бурнини қонга белайди.

Хўш, бу хилдаги телбаларча тантилик, саҳоват, қулларча эрксиз меҳнат, шўроларга садоқат, маънавий карахтлик, қарамлик, мутелик туфайли у нималарга эришди?! Оддий орзулари ушалмай вафодор аёли турмуш ситамлари, машаққатларидан тўйиб жонига қасд қилади, тўйиб овқат емай оёққа турган ўғлонлари (ўғлонларидан бирининг исми Қулмат) очопат, муте, ногирон-дардман бўлиб етишмоқда; ўзи эса ҳалол, фақирона меҳнатлари эвазига юлғич, порахўр деб айбланиб қамоққа олинади, айтиб адо бўлмас, тилга олиб бўлмас қийноқ, хўрликларга гирифтор этилади, уни ўз тезагини ейишга мажбур этадилар, эркаклик шаънини топтайдилар... Бу шўрлик банда шу даражага бориб етганки, уни қамоққа олиб кетаётганларида ҳам даладаги ишни, пахта теримини ўйлайди; қамоқдаги азоб-уқубатлар пайтида ҳам «ленинча авлод»га умид боғлайди, шунча хўрликлардан кейин ҳам даласига, меҳнат қучоғига қайтиш хаёли билан нафас олади.

Қисқаси, Деҳқонқул қисмати, карахт ҳолати, муте табиати тасвири — империя сиёсати, «социалистик ҳаёт тарзи» миллатни, миллий туйғу, қадриятларни топташга қаратилган, чиройли шиорларга ўралган, аслида геноциддан иборат мунофиқона коммунистик мафкура устидан чиқарилган зўр айбномадир. Мустақиллигини йўқотган ўзлигидан, қадриятларидан узоқлашган халқнинг, фикрлашдан тўхтаган муте, итоаткор кимсанинг охир оқибат келадиган манзили — шу! Ёзувчи Деҳқонқул қисмати орқали шу фикр-ғояни ўқувчини ларзага солар бир тарзда ифода этган. Шу тариқа бу асари, аниқроғи, Деҳқонқул образи орқали ёзувчи, ўзи ният қилганидай, ўзбек халқининг, ўзбек деҳқонининг ўзига хос ҳайкалини яратди. Романнинг бетакрор ифода тарзи, тили, тасвир оҳанги, образлари хали кўп жиддий тадқиқотлар учун озуқ беради.

Д.Қуронов: Домла, янглишмасам, гапларингиздан «Отамдан қолган далалар» нафақат долзарб мавзуси, балки бадиий жиҳатлари билан-да адабиётимизда жиддий воқеа бўлди, деган хулоса келиб чиқади. Ҳақиқатан ҳам асарнинг ўзига хос қурилиши, бетакрор ифода йўсини, тилдаги жозиб оҳанг, самимият — буларнинг бари унинг муваффақиятини таъминлаган асосий омиллардир. Бироқ суҳбатимиз роман хусусида бўлганидан мен бошқа масалани ўртага қўймоқчиман: «Отамдан қолган далалар» жанр эътибори билан романми? Маълумки, роман марказида инсон тақдири тургани ҳолда у тугал мақсад эмас, романий қаҳрамон дунёни бадиий идрок этиш, дунё ҳақидаги, унинг жорий ҳолати ҳақидаги яхлит бадиий концепцияни шакллантириш ва ифодалаш воситаси. Шунга кўра, одатда романий қаҳрамон — ўз муҳитига сиғмаётган, муҳит билан зиддиятга киришган, изланаётган шахс сифатида намоён бўлади. Шу жиҳатдан қаралса, Деҳқонқул рисоладаги романий қаҳрамон талабларига жавоб бермайдигандек. Назаримда, бунга — Деҳқонқулнинг тўлақонли романий қаҳрамон сифатида бўй кўрсатишига — ривоянинг биринчи шахс тилидан берилгани монелик қилган (Шу ўринда аниқлик киритиб қўймоқчиман: бу гапим афсус маъносида тушунилмаслиги керак, зеро, «Отамдан қолган далалар»нинг жанрини роман деймизми, бошқами — у яхши ва бетакрор асарлигича қолаверади.). Бироқ айни шу нарса — ривоянинг биринчи шахсдан берилгани — асарда лирик ибтидони кучайтиргани ҳам яққол кўринади. Боз устига, асарнинг кўп ўринларида воқеани тасвирлаш (ёки нарса-ҳодиса, ҳолатни тавсифлаш) эмас, уларга муносабат билдириш мақсади етакчилик қилади. Буларнинг натижаси ўлароқ, асарда лирик ибтидо салмоқли, бадиий жиҳатдан белгиловчи ўрин тутадики, «Отамдан қолган далалар» насрда битилган романик характердаги «поэма»дек, «достон»дек таассурот қолдиради. Асардаги ифода йўсини ҳамда воқеликни бадиий идрок этиш усулининг халқ достонларига эшлиги унинг муваффақиятини таъминлаган қўшимча омил эмасмикин?!

Иккинчи томондан, «Отамдан қолган далалар»ни реалистик асар сифатида баҳолаганимиз ҳолда, унда реалистик шартлилик даражасининг юқорилиги ва бу нарса қатъий реализм талабларидан жиддий чекинишларга олиб келганлигини эътиборда тутиш лозим. Бу нималарда кўрилади? Аввало, юқорида эслатганингиз вақтнинг шартлилиги: 20-йилларда эс таниган болакай 60-йилларда ҳам болалигича қолади. Бугина эмас, умуман асарда тасвирланган (ёки эслатилган, ишора қилинган) воқеалар, тафсилотлар реал хронологияга доим ҳам мувофиқ келавермайди. Ундаги қатор образлар (мас., Идеология, киночилар, мустамлакичилар ва б.) реалистик образлар сифатида эмас, кўпроқ шартли, рамзий «маска» сифатида бўй кўрсатади. Шунга ўхшаш, асарда ҳақиқий фамилиялари остида ҳаракатланувчи шўро ҳукуматининг таниқли арбоблари (Полторцкий, Колесов, Успенский ва б.), хийла мураккаб тақдир эгаси полковник Чанишевларнинг битта ҳаётий ҳолат — Ақраб қўрбошининг қўлга олиниши доирасида тасвирлангани ҳам шартлиликдан ўзга эмас. Булардан кўринадики, асарда мустабид тузумнинг том маънодаги реалистик образи эмас, унинг шартли образи яратилади: ўқувчи кўз олдида инсонийликдан буткул маҳрум ёвузлик тимсоли гавдаланади. Асарнинг умумий руҳини, Сиз айтгандек «хийла кескин - тенденциоз» руҳини белгилаган бу каби усул ( ёвузлик лагерининг ўта шартлилигию эзгулик лагерининг ҳаётий тасвирланиши) ҳам аслида халқ оғзаки ижодига хосдир.

Хуллас, ҳозирча мазкур асар танқидчиликда кўпроқ ғоявий-мазмуний жиҳатларидан келиб чиқиб баҳоланган бўлса, эндиликда унинг поэтик хусусиятлари, бадиий ўзига хослигини очиб бериш вазифаси турибди.

У.Норматов: Суҳбатимизда анъанавий реалистик йўлдаги асарларнинг ҳам якранг эмаслиги, реализмнинг ўзига кўп янгиликларни сингдиришга, демакки, яшаш ва равнақ топишга қодирлиги яна бир карра тасдиғини топаётир. Энди реалистик бўлмаган романлар ҳақида фикрлашсак. Мен яна абсурд туйғуси устивор, бу туйғу-ғоя ўзига хос тарзда намоён бўлган романлар, аниқроғи, О.Мухторнинг янги туркум романлари ҳақидаги мулоҳазаларим билан ўртоқлашмоқчиман.

Омон Мухторнинг 90-йиллари яратган «Минг бир қиёфа», «Кўзгу олдидаги одам», «Тепаликдаги хароба», «Аёллар мамлакати ва салтанати», «Афлотун», «Майдон» каби мўъжаз ва оригинал романлари миллий романчилигимиз ривожида жиддий янгилик бўлди. Бу романлар аввало мазмун-мундарижа, шакл-шамойили, ифода тарзининг ўзига хослиги билан ажралиб туради. Ўзбек романи 90-йилларга қадар асосан анъанавий реализм йўлидан борди. Жумладан, Омон Мухторнинг 70-80-йиллари яратган «Йиллар шамоли», «Эгилган бош» романлари шу йўналишга мансуб эди. Маълумки, жаҳон адабиёти, жумладан романчилиги аср бошидаёқ анъанавий реализм билан баробар модернизм, постмодернизм йўлига ўтиб жанрнинг ифода доирасини бениҳоя кенгайтирган, хилма-хил фалсафий-эстетик оқимларга таянувчи романчилик мактаблари шакллана бошлаган эди. Айниқса, абсурд, экзистенциализм, мифологик ва диний тафаккур асосида ҳаётни, шахсни бадиий тадқиқ этиш, онг оқимини кузатиш, ифодалаш бобида катта тажрибалар тўпланди. Бизда ҳам айрим адибларимиз ўша жараёналарга оҳангдош изланишлар қилишга уринса-да, истибдод йилларидаги адабий сиёсат, муҳит бу хил уринишларнинг тўлароқ рўёбга чиқишига имкон бермади. Ниҳоят, 90-йилларга келиб бунинг учун йўл очилди.

Омон Мухтор янги романларида замонавий жаҳон романчилиги тажрибаларини ёдга туширувчи хусусиятлар талайгина — уларда анъанавий реализмга хос аниқ замон, аниқ макон тушунчаси йўқ, ҳодиса-воқеаларни айни ҳаётдагидек гавдалантириш, изчил баён этиш, қаҳрамонлар руҳиятини урф бўлган реализм мантиқи асосида очиш, ифодалаш ҳам йўқ: реаллик билан хаёлот, ўнг билан туш айқаш-уйқаш ҳолда келади, аниқроғи, воқеа-ҳодисалар реал ҳаётда эмас, хаёлпараст қаҳрамоннинг хаёлида, онгида кечади; қаҳрамон онгида реаллик билан хаёлотнинг қўшилиб-чатишувидан иборат ғаройиб дунё, ҳаётнинг ўзига хос бадиий модели яратилади; у дунё билан бу дунё орасидаги чегара йўқолади, тириклар ўликка айланади, руҳ тандан ажралиб бир-бирини тафтиш этишади, ўликлар тирилиб тириклар билан мулоқотга киришади, турли аср одамлари бир-бири билан рўбарў келади...

Бир қарашда тартибсиз, мантиқсиз, айқаш-уйқаш туюлган воқеа-ҳодисалар замирига синчиклаб назар ташланса, масалан, Пушкин айтмоқчи, асарнинг ўз ички қонуниятлари асосида ёндашилса, уларда теран маъно, ботиний тартиб, мантиқ борлиги ўз-ўзидан аён бўлади. Фақат буни англаб етиш учун китобхондан муайян адабий тайёргарлик, кўникма талаб этилади. Аслида бу хилдаги «бебош» ифода инсон тафаккури тарзига асло зид эмас, балки айнан унга мос. Ўйлаб кўринг: рўпарангизда сиз билан гаплашиб ўтирган суҳбатдошингиз, гарчи кўзи сизда, қулоғи гапингизда бўлса-да, хаёли қаёқларда эканини қаердан биласиз?! Эхтимол, айни дамда у бир вақтлар кўнгил берган севгилиси билан учрашар, оламдан ўтиб кетган бобоси пандини тинглар ёки ўз тасаввурида гавдаланган марҳум бир улуғ сиймо билан мулоқотга киришар... Омон Мухтор романларидаги «бебош» ифода инсон руҳиятининг айни шу реал ғаройиботи асосига қурилган.

Адиб романлари аниқ макон ва замон тушунчасидан ҳоли дедим. Бу мазкур романлар реал ҳаётдан, ижтимоий мазмундан ҳоли «соф санъат» намунаси дегани эмас. Асарлар мутолаасида сиз бугунги кунда кўпчиликни қийнаётган, ўйга толдираётган ўткир масалаларга дуч келасиз. Қолаверса бу романлар ҳаммадан бурун ҳозирги куннинг маънавий-эстетик эҳтиёжи оқибатида майдонга келган; бу хил асарлар фақат 90-йиллар шароитидагина яратилиши мумкин. Уларни ўқир экансиз, даҳшатли туш кўраётгандай бўласиз: кечаги кунингиз, етмиш йиллик ҳукмронлиги давомида миллионлаб кишиларни йўлдан оздирган, одамлар қисмати, руҳиятида ададсиз нохуш, фожеий асоратлар қолдирган, ҳалокатга маҳкум мустабид тузум қиёфаси жамики ваҳшатлари билан кўз олдингизда гавдаланади. Энг ёмони, бу тузум одамларни кўнгил гавҳари — имон-эътиқоддан маҳрум этди, уларни вазиятга қараб товланадиган минг бир қиёфали оддий ижрочи жонзотга айлантирди, майдалаштирди. Эътибор берсангиз, Омон романларидаги ўнлаб персонажлар тирик одамдай гавдалансалар-да, улар аслида бетайин, қиёфасиз кимсалардир. Имонсизлик, қиёфасизлик туфайли гоҳо улар ёвуз маҳлуқотга айланадилар. Хатто ёзувчининг нисбатан «ижобий» қаҳрамонлари ҳам бир қадар майда, гуноҳкор, йўлдан адашган, озган бандалардир. Улар ҳақиқат кўзгусига рўпара келишдан чўчийди, нажот қидириб «катта йўлга» чиқолмай тўқайзорда тентирайди...

Омон Мухтор романларида жаҳон замонавий адабиёти тажрибаларига эш жиҳатлар кўп, бироқ айтарли уларга тақлид йўқ. Бу романларда шарқона миллий руҳ уфириб туради. «Услуб — ёзувчининг ўзи» деган нақл бор; янги романларида Омон Мухторнинг ўзлиги, фикрлаш тарзи аввалги асарларига қараганда ёрқинроқ намоён бўлган. Романларда бадиий кашфиёт деса арзигулик рамзий, мажозий образлар, лавҳалар кўп. Одамнинг турфа қиёфасини, ботиний бисотини ўзига айнан кўрсатадиган кўзгу билан боғлиқ воқеалар ёки мажруҳ оломон издиҳомининг бамисоли бурлаклардай сафга тизилиб «Ё ҳаким, ё ҳоким» дея хитоб қилиб тўқайдан чиқиб, тўқайга кириб йўлсиз кезишлари лавҳаси теран маънодор, таъсирчан чиққан. «Тепаликдаги хароба» романида мавлоно Лутфийнинг салкам бир асрлик ҳаёт йўлини, сиймосини, севги саргузаштларини муаллиф бетакрор бир йўсинда — шоир шеърий сатрлари ва уларнинг шарҳи орқали гавдалантиради. Улкан шеърий бисотдаги сатрлар қатига жо шахсий кечинма, ишоралардан мароқли сюжет, бутун бошли саргузашт қисса яратиш — ҳали бизда кўрилмаган тажриба. Буни ўзига хос бадиий тадқиқот деб аташ ҳам мумкин.

«Аёллар мамлакати ва салтанати» тасвирнинг сержилолиги билан ажралиб туради. Романда ҳар хил вазиятларда, реаллик ва хаёлот маҳсули бўлган саҳналарда, онгдаги жараёнлар ифодасида персонажлар ҳаёти ва шахсиятига хилма-хил томондан ёндашиш устивор. Бу роман матни муаллифнинг бошқа романларига қараганда пухтароқ ишланган: аввало роман муайян доира бўйлаб айланувчи, бетиним такрорланиб турувчи ўзига хос сирли-сеҳрли мусиқий оҳанг билан йўғрилган, насрий ифода ва шеърий сатрлар омухталиги, насрдан шеърга, шеърдан насрга эркин кўчиш, ўзга шоирлар шеърий сатрларидан эркин фойдаланиш, тарихий ҳужжатларга мурожаат, халқ оғзаки ижоди намуналари — ривоят ва эртаклар сюжетининг қайта ҳикояси, хусусан, «Уч ёлғонда қирқ ёлғон» эртаги баёни — булар асар матнига ажиб файз, кўпоҳанглилик бахш этган. Бу роман асосида яратилган фильм миллий киночилигимизда муҳим янгилик бўлди.

Д.Қуронов: Домла, Омон Мухтор романларининг «соф санъат» намунаси эмаслиги, уларда ҳам реал ҳаётимиздаги кўпчиликни ўйлантираётган ўткир масалалар бадиий тадқиқ этилганлигини хўб айттингиз. Мен шу ўринда бир савол қўймоқчиман. Тасаввур қилингки, «Кўзгу олдидаги одам» инглиз тилига таржима қилинди-ю, уни дунёнинг бошқа бир бурчидаги одам ўқиди. У ҳам сизу биз каби ўйлайдими, унга ҳам ёзувчи биздаги реал ҳаёт муаммоларини идрок этишга интилаётгани билинадими? Менимча, йўқ. Айтмоқчиманки, реал заминидан узилгач, романнинг «соф санъат» ҳодисаси сифатида тушунилиши, ундаги бадиий модель (яъни, бизнинг воқелигимизнинг бадиий модели) воситасида ўша ўқувчи ўзига таниш воқеликнинг (яъни, ўз реал воқелигининг) муаммоларини кўриши, уларнинг бадиий ечимини топиши эҳтимоли кўпроқ. Шунга ўхшаш, ғарб модерн адабиёти намуналари ҳам бизда кўпроқ бадиий модель сифатидагина мавжуд — биз бу моделни вужудга келтирган заминдан узилганмиз, баски, муаллиф асарга юклаган мазмундан анча йироқ бўлганимиз ҳолда модель воситасида ўз мазмунимизни шакллантирамиз. Ўз-ўзидан савол туғилади: биз кўпроқ моделга шайдомизми ё ўша модель воситасида ўзимиз кашф этган ҳақиқатларга — ўз ижодимиз (бадиий асарни ўқиш — ижодий жараён) маҳсулигами?.. Нима бўлганда ҳам, талабалар билан ишлаш тажрибаси ҳозирда «Кўзгу олдидаги одам» ғарб модерн адабиёти намуналарига нисбатан яхши қабул қилинишини кўрсатаётир. Бу, аввало, асарнинг миллий заминдан узилмаганлиги, ундаги рамзу ишоралар замиридаги дард ўқувчиларга бегона эмаслиги билан изоҳланади. Иккинчи томони, афсуски, айни шу нарса ҳали кўпчиликнинг бадиий асарни чинакам ижодий ўқишга тайёр эмаслигини ҳам кўрсатади...

Биз юқорида тўхталган романлар — «Тушда кечган умрлар», «Олабўжи», «Кўзгу олдидаги одам» — тематик жиҳатдан бир-бирига яқин, Сиз айтмоқчи, уларда абсурд туйғусининг устиворлиги бу яқинликни янада кучайтиради. Бироқ улар ифода усули жиҳатидан жиддий фарқланади. Айтайлик, Ў.Ҳошимов билан Ш.Холмирзаев кечаги кунимизни бадиий идрок этаркан, уни реалликка монанд бир тарзда акс эттирадилар («акс эттиради» деганимиз шартли, зеро, бу ижодий қайта ишланган акс, яъни — бадиий образ) ва бу «акс»да улар кашф этган ҳақиқатлар суратланади. О.Мухтор эса ўзи кашф этган ҳақиқатларни ифодалаш учун реалликдагига кўпда мос келмайдиган қаҳрамонлар, ҳолатлар, рамзлар яратади. Албатта, мутахассислар Ў.Ҳошимов билан Ш.Холмирзаевни реалист, О.Мухторни сюрреалист деб фарқлашлари мумкин. Бироқ бунинг оддий ўқувчига, ҳозирда бу асарларнинг барини бирдек яхши қабул қилаётган, мириқиб ўқиётган одамга қандай аҳамияти бор?! Ахир, у асарнинг ўзинигина танийди, тан олади. Баски, ўша ўқувчига «бу йўлларнинг қай бири яхши» қабилида савол бериш гўдакка «отанг яхшими ё онангми» тарзида савол бериш билан баробар бўлур эди. Маълумки, аксарият ҳолларда гўдак бу саволга жавоб беролмайди, чунки у ўйидагини айтишнигина билади. Бироқ бу ҳолат узоқ эмас — гўдак униси ё бунисини аниқ қилиб айтса манфаат кўришини англагунича давом этади, холос... Назаримда, адабий жараёндаги ҳодисалар ҳақидаги фикрларимизда баъзан шу хил болаларча беғуборлик етишмаётгандек кўринади.

Бадиий тафаккур шакли турлича — реалистик («Тушда кечган умрлар», «Олабўжи»), шартлилик даражаси юқори бўлган реалистик («Отамдан қолган далалар») ва сюрреалистик («Кўзгу олдидаги одам») — асарларда абсурд туйғусининг устиворлиги, менимча, унинг бадиият билан эмас, аввало, дунёқараш билан боғлиқ ҳодиса эканлигидан далолатдир. Айни шу ҳодисанинг миллий маънавиятимиз билан муносабати ҳақидаги фикрларни О.Мухтор асарлари баҳона давом эттириш мумкин. Аввало, О.Мухтор ижодий изланишларидаги энг мақбул жиҳат шуки, унинг модерн адабиётига хос усул ва қарашларни ўзлаштиришида юксак даражадаги ижодийлик кузатилади. Хусусан, адиб миллий фольклор, диний ривоятлар ва Шарқ мумтоз адабиётига хос нореалистик усулларни асос қилиб олади-да, уларни модерн усуллари билан бойитади, натижада улар миллий адабий заминнинг ўзидан ўсиб чиққандек, соф миллий эстетик ҳодисадек таассурот қолдиради. «Кўзгу олдидаги одам»да ҳам абсурд воқелик қаламга олинган, бироқ унинг қаҳрамони — бу ҳолат билан келишолмаётган, изланаётган йигит. Мавжуд ҳолатнинг сабабларини ташқаридан излаб тополмаган, руҳан эзилиб маънавий инқирозга юз тутган Валини Аллоҳга бўлган чала-ярим эътиқодигина тутиб қолади. У энди ўзига, ҳазрат Навоий айтмоқчи, «ўз вужудига тафаккур айлаб» ўзини қийнаган саволларга жавоб топади: бутун иллатлар илдизини эътиқодсизликда кўради, ўзни таниш орқали Ҳақни танигачгина кўнгли осойиш топади. Романда абсурд воқелик бор — тушкунлик йўқ, Валининг ўғлини Умид атагани ҳам шундан. Бу — абсурднинг шарқона, «ноумид шайтон» ақидаси билан яшайдиган халқ вакилига хос талқини. Албатта, бу хил талқин экзистенциалистлардан К.Ясперс қарашларига ўхшаш, бироқ унинг миллий асосда юзага келгани кўпроқ ҳақиқатга яқин — асарнинг умумий руҳи шунга далолат қилади. Бу миллий адабиётимиз ғарб адабиётидан керагини олишга, нокерагини инкор қилишу зарур ўринларда у билан баҳслашишга қодир эканлигининг ёрқин далилидир. Фикримча, О.Мухтор романлари поэтикасини атрофлича чуқур тадқиқ этиш орқали адабиётшунослигимиз, адабий танқидчилигимиз олдидаги кўплаб чигал масалаларни ойдинлаштириш мумкиндек кўринади.

У.Норматов: Фикрингизга қўшилган ҳолда, уларни «Бозор» романига нисбатан-да айтиш мумкин деб биламан. Хуршид Дўстмуҳаммаднинг «Бозор» романи «Ўткан кунлар» билан бошланган ХХ аср ўзбек романчилигининг муносиб якуни дегим келади. Йўқ, гап роман асрнинг охирги йили дунё юзини кўрганидагина эмас. Асрнинг илк романи билан сўнгги романи «Бозор» орасида муайян муштаракликлар бор. «Бозор» қаҳрамони «Ўткан кунлар» қаҳрамони Отабек исмига оҳангдош тарзда Фозилбек деб аталган. Фозилбек ҳам Отабек сингари бозор-тижорат одами. Отабек миллат тарихининг энг қалтис бурилиш палласида, Чор Россияси босқини — истибдоди арафасида нажот йўлини излайди; Фозилбек эса салкам бир ярим аср давом этган истибдоддан сўнг истиқлолнинг дастлабки йилларида, миллий тикланиш палласида, янги ижтимоий муносабатларга ўтиш жараёнида йўл қидиради. Ҳа, худди «Ўткан кунлар»да бўлгани каби бу роман муаллифини ҳам тижорат одами бўлмиш қаҳрамоннинг касби кори билан боғлиқ муаммо-можаролар эмас, биринчи галда эл-юрт ғами, равнақи, маънавияти масаллари қизиқтиради. Бу ерда ҳам «Ўтган кунлар»даги каби оила, маиший ҳаётга оид таомиллар, орзу-ҳаваслар, икки ёшнинг эркин севги-муҳаббати...

Яна кўп жиҳатлари билан «Ўткан кунлар»ни ёдга туширувчи бу роман мавзу муаммолар талқини, сюжет тузилиши, воқеа-ҳодисаларни ифодалаш тарзи, персонажлар тақдири, характери, руҳияти тасвири, бадиий таҳлили жиҳатидан бутунлай янгичадир. «Ўткан кунлар»да воқеалар содир бўлган макон қамрови хийла кенг — буёғи Тошкент, у ёғи Марғилон, Қўқон; Отабек қисмати Авлиё отада интиҳосига етади. «Бозор»да эса воқеалар асосан бир бозор ва унга туташ қироатхонада юз беради. Романда бозор — метафора, рамз, тимсол, ҳаётнинг ўзига хос бадиий модели. Муаллиф ибораси билан айтганда, «бозорнинг ўзи — дунё», одамларнинг ичини кўриш, томоша қилиш борасида бозордан қулайроқ жой йўқ дунёда, «бозор — одамларнинг ич-ичини ағдариб кўз-кўз қиладиган ажойибхона», бунда ҳар бир банданинг феълидаги зўравонлик, соддалигу муғомбирлик, лақмалигу устомонлик — ҳаммаси бозорда ё пинхона, ё ошкора кўзга ташланади. Энг муҳими, бозор — романда муаллиф учун жамият маънавиятидаги бугунги оғриқли жараёнларни бадиий тафтиш ва таҳлил этишнинг самарали воситаси.

Романда бозор билан ёндош ҳолда қироатхона тасвири ҳам бор. Бозор ҳамиша гавжум, жамики тумонат бозорда; бозордагиларнинг фикри-хаёли тирикчилик, олиш, нафсни қондириш илинжида, бу ерда пулнинг қудрати худога тенг. Нафс балоси туфайли гўё бозор ёнмоқда, чўкмоқда. Бозор ёнидаги қироатхона эса кимсасиз, хароб, хувиллаб, тўкилай деб турибди. Бозорда ҳисобсиз одамлар қўлида айланаётган ҳисобсиз пуллардан-да қимматроқ, ноёброқ ақл-идрок мевалари — фикрлар бир меҳрибонини топмай увол кетяпти; бу ерда мил-мил китоб заҳ, моғор босиб ётибди... Ҳаёт ҳеч қачон ақли расолардан, фидойилардан ҳоли қолган эмас. Ҳамма ўзини бозорга ураётган, балои нафс кўйига мубтало бўлиб қолган замонда, қарангки, қоқ бозорнинг ичидан, бозор одамлари орасидан, оиласидан бир маънавият, маърифат фидойиси Фозилбек отилиб чиқади, илоҳий тақдир уни кимсасиз ҳувиллаб ётган маскандаги яна бир маънавият фидойиси Қадрияга рўбарў қилади. Ахир, ёзувчи айтмоқчи, бу ёруғ дунё учун пул ҳасратида яшамайдиган бир далли-девона ҳам керак-ку!

«Бозор»да «Ўткан кунлар»даги каби машаққатли севги саргузаштлари, оилавий можаролар йўқ. Яқин кишиларининг орзу-ҳаваслари, куткуси икки ёшнинг севги ва висол йўлига тўғаноқ бўлолмайди. Ҳатто Қадриянинг «қиз эмас»лиги ҳам ҳали уйланмаган йигит Фозилбек кўнгил майлига асло монелик кўрсата олмайди. Романда талқин этилишича, маънавий яқинлик, руҳий юксаклик қудратли куч, унинг қаршисида турмушнинг турли-туман тўсиқлари, одат, икир-чикирлар арзимас нарса бўлиб қолади. Бу икки ёш нафс балоси туфайли бозор ёнаётган, чўкаётган, нафс бандаларини олов қаърига тортиб кетаётган бир замонда нажот йўлини қидирадилар. Улар бозорни ҳалокатдан қутқариш йўли маънавиятда деб биладилар. Тўғри, бозорсиз ҳаёт, тараққиёт йўқ. Шўро даврининг аччиқ сабоқлари буни тўла тасдиқлади. Бироқ «бозорнинг гуллаб яшнаши учун хаёл ҳам керак, ўйлов ҳам керак». Бозор кишилари хаёлдан кўра ҳаётга яқинроқ. Бу, бир жиҳатдан яхши, аммо хаёлсиз, ўйловсиз, яъни маънавиятсиз ҳаётнинг охири зулмат. Бундай ҳаёт охир-оқибат ҳалокатга маҳкум. Фозилбек — ўз ҳамкасбларидан фарқли ўлароқ, хаёлга мойил — романтик табиатли шахс. Севгилиси — маслакдоши Қадрия билан бирга у бозор ўзгаришларини тушуниш, унинг тилини, ҳикматини ўрганиш, зулмат қаърига чўкаётган бозорни маънавият, маърифат ёғдуси билан нурлантириш устида астойдил ўй суради.

Романда сиз бевосита бозорнинг ички зиддиятлари, бозор муносабатларига оид можаролар тасвирини кўрмайсиз; унда интригага ишқибоз китобхонларга хуш келадиган қизиқарли саргузаштлар йўқ ҳисоб. Ёзувчининг диққат эътибори бозор можароларининг бевосита ўзини эмас, персонаж онги, руҳиятидаги акс-садосини ифодалаш, бадиий таҳлил этишга қаратилади. Муаллиф ХХ аср жаҳон тараққийпарвар модернистик адабиётида синовлардан ўтган онг оқими мактаби тажрибаларидан ижодий фойдаланган. Асар тили бошдан оёқ рамзлар, метафоралар, имо-ишоралар асосига қурилган. Бу тилни ўқимай, уқмай туриб романни тушуниш, унинг туб моҳиятини англаш маҳол.

Д.Қуронов: Домла, «Бозор» романини «Ўткан кунлар»га менгзаганингиз, эҳтимол, кимгадир орттириб баҳолашдек эриш туюлар, бироқ иккисининг талай муштарак нуқталари борлиги тайин. Ҳар икки романда ҳам, Сиз айтмоқчи, миллий тарихимизнинг бурилиш нуқталари, шу паллада йўл излаётган қаҳрамонлар қаламга олинган. Бироқ бурилиш нуқталарининг ўзи турлича, шу боис ҳам улар қаҳрамонлар, муаллифлар онгида турлича аксланади. Абдулла Қодирий талқинидаги дунё ишларига «этак силккан» Юсуфбек ҳожи «одам бўлишимиздан тамом умидимни кесиб қўйдим» деркан, унинг сўзларида умидсизлик барқ урадики, бу — истиқлол орзусида яшаган ва асарни ёзаётган палла орзусининг тобора қўл етмас бўлиб бораётганини чуқур ҳис этган муаллифнинг дарди, армони эди. Юсуфбек ҳожи мисоли Қосимбек оқсоқол ҳам бозорни «обод қиламан деган кўйда умрини совурган»-да, энди «кўмиб юбораман деган қарорини кўтаролмай» руҳан синган одам. Бироқ, ўзи руҳан синган бўлса-да, Қосимбекнинг эртадан умиди бор: мулоҳазакор ўғли Фозилбекка, бозорнинг «кунпаякун бўлиб кетмаслик учун ўзи инсофийларни топишга, кўпайтиришга» мажбур бўлишига, ўшанда «иллатларга қарши инсофийлар бозор посангисини сақлаши»га ишонади. Атрофидагиларнинг бефаҳм бефарқлигидан зада бўлиб «шу бозор-шу одамларнинг корига ярайдиган болани ўзи туғиб беришга» жазм этган кампирнинг Фозилбек билан Қадрияга қарата «Сан билан манави арзандангга ишонаман, йигит!» дейиши, икки ёшнинг ҳаётга қарашидаги беғубор теранлик — булар бари умидворликдан даракдир. Бир қарашдаёқ Х.Дўстмуҳаммад талқинидаги «Бозор»нинг абсурддан бошқа нарса эмаслиги кўзга ташланади. Бироқ отаси умрини совуриш эвазига англаган ҳақиқатни фозил Фозилбек эрта илғади: у бозорни тамомила изга солиш ҳам, тамомила бозор измида яшаш ҳам мумкин эмаслигига инонган — йўлни оралиқдан излаш кераклигини теран англаган одам. Сирасини айтсак, бу абсурднинг шарқона, ўзбекона талқини эмасми?!..

«Бозор»нинг бадиий фалсафасини учта асосий образ: бозор, чойхона ва қироатхона тутиб туради, бошқа барча образлар уларнинг атрофида уюшади. Романда қаламга олинган давр фожиаси шуки, ундаги «барча йўллар бозорга олиб боради», «бозор майдони пастлик... салгина хушёрликни бой берган одам пастликка қараб тарвуздек думалаб тушаверади». Дарҳақиқат, ўн йиллар илгариги воқелигимизда шу ҳол кузатилмадими?! Минглаб одамлар ўзларининг идеаллари, орзу-интилишлари, касб-кори, қўйинг-чи — ўзлигига хиёнат қилиб бозор аталмиш «сувсиз ҳовуз»га ғарқ бўлмадиларми?! Нажот йўли эса битта: аввало, «ғарқ бўлаётганини англаш», сўнг тармашиб тепага интилиш керакки, бунда «қироатхона пойидан чиқилади» — маънавиятгина инсонни, жамиятни ҳалокатдан сақлаши мумкин.

Х.Дўстмуҳаммад «Жажман»даги маҳлуқни романга-да кўчиради. Хўш, бу маҳлуқ, Ножинс қайдан бинога келди? Бозор аҳлининг аксарияти Ножинс ё «аллақайси юртдан ер қазиб келган», ё «ҳибсхонадаги аристонлар битидан урчиган», ё «атрофидаги одамлар иллатидан вужудга келган» деб билади; биргина Зар бобо унинг одамлар вужудидаги ҳибсхонадан қочганини тан ола билади, Қадрия эса маҳлуқнинг «омборга айлантирилган масжиддан чиққан»лигини айтади. Қаранг-а, офат қаршисида турган жамиятда кўпчиликнинг айбни ўзидан сокит қилиши, айримларнинггина уни зиммасига ола билишию фақат чинакам фозил, хос кишиларгина моҳиятга қарай билиши нақадар ҳаққоний ифодасини топган! Бу жамиятнинг мўъжаз макети эмасми?! Масжидларини омборхонага айлантирган, иймондан тойган одамлар кўксидаги ҳибсхонадан қочган маҳлуқ энди уларни ўз измига солган. Чойхонани эсланг: тиланчидан тортиб ажабзотларгача — бари Ножинснинг измида гўё; бозор эса энди номигагина Қосимбек измида, аслида унинг жилови-да Чойхона қўлига ўтиб бўлган...

Домла, «Бозор»нинг ўзига хос ифода тарзи, унинг рамз ва ишораларга бойлиги, «бу тилни ўқимай, уқмай туриб романни тушуниш, унинг туб моҳиятини англаш маҳол»лигини жуда тўғри таъкидладингиз. Мен романни икки бора ўқидим, бироқ ҳамон унда тишим ўтмаган нуқталар қолгандек, яна қайта ўқиганимда унинг тамомила янги қирралари очиладигандек туюлаверади, шунга ишонгим келади. Хуллас, истиқлол йиллари миллий адабиётимизда қайта-қайта ўқишга арзийдиган романлар пайдо бўлдики, уларни ўқиш ва уқишимиз бизни маънан юксалтиришига ишончим комил.

У.Норматов: Гапингиздан бугунги суҳбатимизни якунлаш, айтилганларни хулосалаш фурсати етган кўринади. Албатта, бир суҳбат доирасида ўн йил мобайнида адабиётимизда яратилган романларнинг барини қамраб олиш мушкул. Йўқса, О.Ёқубовнинг «Адолат манзили», Ш.Холмирзаевнинг «Динозавр» романлари; Аббос Саиднинг «Беш кунлик дунё», Ш.Бўтаевнинг «Қўрғонланган ой» каби романчилик бобидаги илк изланишлари; халқимизнинг чинакам тарихини яратишга бел боғлаган адибларимиздан П.Қодировнинг «Она лочин видоси», Эркин Самандарнинг «Тангри қудуғи», С.Сиёевнинг «Яссавийнинг сўнгги сафари», Хайриддин Бегматнинг «Меҳрибоним, қайдасан», Асад Дилмуроднинг «Маҳмуд Торобий» сингари романлари

хусусида тўхталишимиз, холис муҳокама қилишимиз мумкин бўлур эди. Шунга қарамай, умид қиламизки, биз тўхталиб улгурган асарлар бугунги романчилигимиздаги асосий тамойиллар ҳақида сўзлаш имконини беради.

Хуллас, ҳозирги романчилигимиз жиддий маънавий, шаклий-услубий изланишлар жараёнини бошдан кечиряпти, ХХ аср давомида шаклланган муайян анъаналар интиҳосига етиб, бутунлай янги тамойиллар таркиб топмоқда. Энг муҳими, романнависларимиз инсон шахсияти, шахс жумбоғи томон юз ўгираётирлар, бу борада айрича янги тамойиллар пайдо бўлмоқда. Бироқ бу борадаги буюк кашфиётлар хали олдинда. Биз янгилик, «кашфиёт» деб санаган персонажлар ҳам ҳозирча умумбашарий миқёсларга кўтарила олгани йўқ. Эндигина бошланаётган янги аср ўзбек романчилиги учун буюк ихтиролар асри бўлса ажабмас.

 
 
Сайт создан в системе uCoz