“Жон қуши” тўплами ҳақида
Абдулла Орипов бундан 30-35 йиллар аввал ёзилган “Некрасов ҳасрати” номли шеърида:
Пушкин шеъри ҳали янграрди мағрур, Лермонтов чарақлар назм осмонида. Шоир бўлиш қийин, Шоир бўлиш оғир Бундай буюкларнинг каҳкашонида, -
деб ёзган эди. Гарчи бу сўзлар Некрасов тилидан айтилган бўлса-да, аслида шоирнинг ўз дил изҳори. Негаки, кўҳна Шарқ, хусусан, Туркистон замини ҳар вақт истеъдодларга бой, унинг назм осмони юлдузларга тўлиқ бўлган. Аввало, шунча шоир салобати босиб турган бир чоғда қўлга қалам олиб, шоирлик даъвоси билан чиқишнинг ўзи — жасорат. Масаланинг бошқа бир томони ҳам бор: кўпчилигимиз, хусусан, адабиётшунослар шеърият ҳақида сўз борганда ҳар доим маълум бир даврда пешқадамлик қилган шоирлар ижодига таянамиз. Ҳолбуки, агар уларнинг атрофида бошқа шоирлар, яъни, баъзан қисқа ўйлаганимиз боис сал пастроқ назар билан қараладиган шоирлар бўлмаса, мақолда айтилганидек, ёлғиз отнинг донғи чиқмаслиги ҳам тайин гап. Шу маънода бир ҳақиқатни такрор айтиш керак: шеъриятнинг, бадиий тафаккурнинг ривожини машҳур номлар, унвонлар эмас, биринчи галда яхши ШЕЪРлар белгилайди. Яъни, ижодкор жилд-жилд китоблар чиқармаган, унвонларга сазовор бўлмаган, борингки, у қадар танилмаган ҳам бўлсин, — агар у ижоди давомида биргина гўзал сатр, биргина бетакрор байт, биргина дилбар шеър яратган бўлса, билингки, шеъриятнинг муҳташам кошонасини тиклашда унинг ҳам муносиб улуши бор, у ҳам эъзозга лойиқдир.
Чўзилиброқ кетган даромаддан мурод — бугун тақдим этилаётган “Жон қуши” тўпламида айни шундай сатрлар, байтлар, шеърлар борлигини айтиб қўйиш, холос. Фарид Усмон — даъвони катта қилмагани ҳолда, ўзи айтмоқчи, “эзгуликка олиб борар кўча” — шеъриятга қадам қўйган, қарийб бир навқирон йигит умрича вақтдан бери эзгулик уруғини сочиб келаётган шоирлардан. Фарид ака, мана, олтмишни қоралаб келяпти, шунданми, шеърларида фалсафий мушоҳадага мойиллик кучайибди. Шоир инсоннинг ўрни, умрнинг мазмун-моҳияти ҳақида ўйларкан, умрни баҳору кузда “шивир-шивир ёққан тоза ёмғир”га қиёслайди ва айтадики:
Гўёки ермиз биз, гўёки гиёҳ, Аслида мен ҳам бир шивир-шивирман. Қайтиб келмагувчи ёруғ дунёга, Балки ғалат кўринмаган тасвирман
Инсон умрининг фонийлигини чуқур ҳис этишдан келган ғусса қатида ҳаётнинг давомийлигини, “шивир-шивир” ёмғир ҳаётининг гиёҳларда давом этишини англаш ётади, шу боис ҳам шеър кўнглимизда нурли маҳзунлик пайдо қилади. Ёки бошқа бир шеърда “Изғирин еб тўкилган барглар”нинг оёқ остидаги фарёдини тингларкан, шоир бундан ҳам фожиа ясамайди, уни “Ҳаёт ҳукми — аччиқ ҳақиқат!” сифатида қабул қилади. Ҳаётга бу хил ёндашув эса шоирнинг исломий фитратига хос умидворлик билан белгиланган:
Қўлимизда сара лочин, Дил деган бургут билан. Бизлар умид аҳлидурмиз, Яшаймиз умид билан
Шу ўринда яна бир жиҳатни таъкидлаб айтгим келади. Фарид ака атрофимизни қуршаб турган оддий нарсаларда ҳикмат қидиради, муҳими, уларда бошқалар нигоҳига илинмаган жиҳатларни, қиёсларни топади. Увайсий момомизнинг анорда тўрт девор ичида сиқилган аёл фожеасини кўргани эсингизда, албатта. Ф.Усмонга кўра, “анор донасининг юзидаги парда алвон рангга ҳарир ҳаё”, яратган уни бизга ибрат қилган гўё, шеърий ҳукм ҳам шунга ҳамоҳанг: “Одоб — дунёдаги энг етук ҳосил”. Тўпламни варақларкан, Ф.Усмон кўп машҳур шоирлар билан баҳслашгандек, улар қаламга олган мавзуларни бошқа жиҳатлардан талқин қилишга ҳаракат қилгандек кўринади. Жумладан, Э.Воҳидовнинг “Арслон ўйнатувчи”, “Камтарлик ҳақида” номли машҳур шеърлари билан мубоҳаса тарзида ёзилган шеърларни олайлик. “Арслон ўйнатувчи”ни эслатувчи шеърида йўлбарсларни икки қулоч қамчини билан ҳар кўйга солаётган аёлни кўрамиз. Қамчин қаршисида ўзининг қудратини, ўзлигини тамом унутган йўлбарсларга қараркан шоир эрк наърасини соғинади, “қамчин силтовига жойланган ғалаён”ни қўмсайди. Ёки Э.Воҳидовда кеккайганлик тимсоли бўлган чойнак Ф.Усмонда камтарлик тимсоли сифатида талқин қилинади:
Чойнаккинам, билсам буюк Камтарликка эгасан. Шунинг учун доим бошни Пиёлага эгасан.
Албатта, бу ўринда мумтоз шеъриятимизга хос шеърий мусобақалар изи сезилади, Ф.Усмон эса, маълумки, мумтоз шеърият анъанасини давом эттираётган ғазалнавис шоирлардан бири сифатида танилган. Тўпламдан шоирнинг қатор ғазаллари жой олган. Бироқ мен бошқа нарсага эътиборни тортмоқчиман. Бармоқда ёзилган бир қатор шеърлари ичида Ф.Усмон мумтоз шоирларнинг машҳур байтларини, рубоийларини келтиради. Энг муҳими, бунинг натижасида қуроқлик юзага келмайди — иқтибослар узукка кўз қўйгандек жойига тушган. Жумладан, бир шеърида Навоийнинг
“Аблаҳ улдурким, бу оламдин бақо қилғай таъма, Аҳмоқ улким, олам аҳлидан вафо қилғай таъма”
байти тарже сифатида келтирилса, “Жон қуши” шеърида лирик қаҳрамоннинг ҳолатини ҳазратнинг “/урбатда ғариб...” деб бошланувчи рубоийси ёрдамида очиб беришга ҳаракат қилинади. Албатта, бу каби усул шеъриятимизда илгари ҳам қўлланган, бироқ шоир усулнинг янги имкониятларни излаётгани, тажрибадан чўчимагани кишини қувонтиради, бу изланишлар яхши бадиий самаралар беришига умидлантиради. Дарвоқе, шоирнинг салафларига тазмин ёки муҳаммас боғлашга интилгани ҳам, бир томони уларга ҳурматдан нишона бўлса, иккинчи томони, улардан мусобақалашиш асносида ўрганиш мақсадидан юзага келади. Муҳаммас боғлаш осон кўринса-да, аслида жуда қийин машғулот. Негаки, муҳаммас боғламоқ учун ўша ғазал мазмуни, руҳи, оҳангини сақламоқ, ғазал муаллифи даражасига яқинлашмоқ лозим. Айниқса, одатда мухаммас элга манзур бўлган машҳур ғазалларга боғланадики, бу мухаммас боғлашга жазм этган шоир масъулиятини чандон оширади. Масалан, Фузулийнинг ғазалхонлар дилидан чуқур ўрин олган:
Сабо, ағёрдин пинхон ғамим дилдора изҳор эт, Хабарсиз ёрими холи харобимдин хабардор эт.
матлаъли жуда машҳур ғазалига Ф.Усмон бундай муҳаммас боғлайди:
Саҳарлар сарсари елгил, менингдек сайри гулзор эт, Юз очсин ғунча, тонг булбулларин ошуфта гуфтор эт, Юрак дардимни булбуллар тилида ёра ошкор эт, Сабо, ағёрдин пинхон ғамим дилдора изҳор эт, Хабарсиз ёрими холи харобимдин хабардор эт.
Кўриб турибмизки, шоир ғазалнинг руҳи, мазмуни, оҳангини тўла сақлаган, мухаммас боғлаш қоидаларига тўла амал қилган.
“Жон қуши”ни варақларкан, ундан аксар ишқий шеърлар жой олганини кўрамиз. Бу шоиримизнинг кўнгли навқиронлигидан далолат, бас, ҳали Фарид Усмондан кўп гўзал шеърлар кутишга умид қила оламиз. Ҳозирча эса Фарид акани, шеърхонларни яхши бир китоб билан қутлаб, сўзни қисқа қиламиз.