“Агар ёзсанг...”

D.Quronov

Taqriz

Одат бўлиб қолган, Ҳалим Каримга кўпроқ “шоир” дея мурожаат қиламан. Эҳтимол, бу гоҳи ҳазил-мутойиба, гоҳи кулгандек ҳам кўринар, бироқ дилда ҳамиша унинг чин шоирлигини иқрор қилиб келганман. Менга қолса, шоир – давраларни сел қилиб шеър айтган ё матбуотда пайдар-пай шеър чиқариб, ялтироқ муқовали китоблар чоп эттириб турган одам эмас, балки, аввало, атрофида юз бераётган воқеаларни ўз кўнглида кечираётган, атрофидаги хушбахтлар сурурию бахтсизлар дард-адамини кўнглида яшатаётган одам – ШОИР... Чинакам шоир кўнгли қандай бўлишини тасаввур қилолдингизми? Ҳалимжонда шундай кўнгил бор. Унинг мен билган энг яхши шеъри – Муҳаммад Юсуфга бағишланган шеъри кўз ўнгимда туғилган... радиодан эл суйган шоир ўлими хабари эшиттирилганда бирга эдик. Ҳалимжон сўзсиз стулга чўкди... ранги докадай оқарганча бир муддат карахт ўтирди, сўнг... сўнг ёш боладай ҳўнграб йиғлашга тушди. Эҳтимол, кимларгадир бу ҳол бироз ғалати ҳам туюлар. Лекин... билгичлар айтсин: нафақат шоирлар, балки жамики яхши одамлар шоир юрагида ўлади. Ҳалимжонда шундай юрак борлигини аллақачон ичдан иқрор қилганман. Яқинда босмадан чиққан “Юрак билан сўзлашув” тўпламига кирган шеърлар эса шу иқрорни мустаҳкамлайди, холос.

Ҳ.Карим – шоирлик даъвосидан йироқ, лекин бу шунчаки камтарликдангина эмас, балки шеъриятга юксак талаб билан ёндашганидан, қаламнинг “Ёзсанг агар тоза қўл-ла ёз!” деган хитоби кўнгил қулоғида ҳамиша жаранглаб турганидан. Ўзига айрича иқтидор берилганини дилдан ҳис қилган шоир тирикчилик уммонига шўнғиб кетиб, бу неъматни етарли қадрлай олмаганидан изтироб чекади. Шу боис Юрак билан юзма-юз келганида “бир-бировга қаролмадик биз” дея ўкинади, Юрак билан ҳамқадам, фақат унинг измига бўйсуниб яшашни соғинади. Начораки:

Субҳидамнинг еллари билан,
Уйғонади ташвишларим ҳам.
Ишхона-ю қоғозлар юки,
Зилдай эза бошлайди елкам...

Ҳа, тўпламдаги шеърлар “икки қути сигарет билан эснаб тугайдиган кунлар”да, аниқроғи, уларнинг ишхонаю рўзғор ташвишлари аро ниҳоят “ўзи билан ўзи қолиш” имкони туғилган лаҳзаларида туғилган. Яъники, улар юқорида айтганимиз оғриқли СОҒИНЧ меваларидир. Шунданми, улар ўқувчини бефарқ қолдирмайди, у билан шоир юраги орасидаги кўприкка айланади...

Ҳозирги ёшларга қандай, билмадим-у, лекин “Шўролар босмаган шеърлар” туркуми бизни – ўрта ёшлиларни кечаги кунимизга қайтаради, ортимизга ўгирилиб, ўша кунларимизни қайта яшаш, ўша пайтлари кўнглимизда жўш урган журъату жасорат, қувончу изтироб, армону умидларни қайта кўнгилдан кечириш имконини беради...

Шу гапларни ёзяпман-у, ич-ичимда бир эътироз кучайиб бормоқда: “Хе-й, шеърни шарҳлашга нима бор... ахир, шеърдаги ҳисларни ўзга йўсинда суратлантириш мумкин бўлганида, шоир шеър ёзиб ўтирармиди, нодон”. Наилож, ёзиш истаги нечоғли кучли бўлса-да, бу эътирозга жўяли жавоб топишга ожизлигимни ҳам тан олишга мажбурман. Шу боис гапни мухтасар қилиб, шеър мухлисларига ҳали матбаа иси кетмаган “Юрак билан сўзлашув” тўпламини илиниб қоламан...

Дарвоқе, шу кунларда элликни қоралаётган шоир дилида “Юрак билан сўзлашув” эҳтиёжи тобора кучайиб бораётганини айтишни фаромуш қилибман. Тўпламнинг охиридан ўрин олган “Қайтиш” номли шеърни ўқиб кўринг-а, ўзингиз ҳам бунга амин бўласиз. Демак, етуклик палласига кирган шоирдан самимий ҳисларга йўғрилган гўзал шеърлар кутиб қолишга асосимиз бор...

 
 
Сайт создан в системе uCoz