Шабнамда кулган қуёш

D.Quronov

Taqriz

Бадиий асарни ўқиш — ижодий жараён, уни уқиш учун ўқувчи ижодий тасаввурини тўла ишга солиши лозим. Бироқ шеърни уқиш, ундан чинакам завқ олиш учун ижодий тасаввурнинг ўзи кам. Негаки, шеър — мудом воқе бўлаётган нутқ, у сўзларнинг оддийгина тизмаси эмас. Зеро, ундаги сўзлар шоир дил торларидан таралган оҳангга йўғрилган. Бас, шеър ўқилмайди — тингланади, тинланганда ҳам «ички қулоқ» билан, «қалб қулоғи» билан тингланади. Ўшанда... бир бошдан айтай: недир бир нарса, борингки, ДАРД шоир дил торларини титратди — ДАРД ОҲАНГГА дўнди; оҳанг сўзларни ўзига эргаштирди — икки ёрти бир бутун: иккиси бирликда шеърни бунёд этди. Шеър «қалб қулоғи»ла тингланганда шоир дилида оҳангга дўнган дард ўқувчи дил торларини титратади, энди аксинча — ОҲАНГ ДАРДга дўнади. Яъни, оҳанг шоир ва шеърхон дилларини туташтиради, шу жўровозлик сабаб шеърдаги сўз СЎЗга айланади. «Қалб қулоғи» битган ўқувчи сўзни билади, СЎЗни танимайди; «қалб қулоғи»ла тинглаган ўқувчи учун СЎЗнинг маъно сиғими бениҳоя кенг — У айтмасдан айтади, тасвирламай тасвирлайди, ифодаламай ифода этади...

Дейлик, шоира ёзади:

Сезармисиз, мен бир гул, майса, 
Шабнамимда кулган қуёш бор...

Жўн қарасак, «кўнгил қулоғи»миз битган бўлса, «ҳа, энди, шоира ўзини гулга менгзабди-да» деб қўя қоламиз. Кимдир «сийқаси чиққан қиёс» деб кош керса, бошқаси «камтарлик ҳам омон бўлсин» дея мийиқда кулар ҳам... буларнинг бари сўзни кўриб-билиб туриб СЎЗни танимаганликдан. Ҳолбуки, ўша сийқаси чиққан қиёс ҳам шеърий матн ичида турибди. Шеър ичидаги сўз эса бошқа сўзлар билан мустаҳкам алоқада — у бошқа сўзга ё тенгланади, ё зидланади, ё тобеланади, ё... Яъни, маъно сўз сўзга уриштирилганда воқе бўлади. Зеро, сўзнинг сўзга урилиши — бамисоли бонг, унинг жаранги тасаввуримизда недир тушунчалар, нарсалар, манзаралар, қиёсларни уйғотади, дил сокинлигини бузади. Қаранг, шоира «мен бир гул» дейди-да, ортиданоқ шошиб буни инкор қилади — ўзини майсага қиёслайди. Яъни, қулоқларимиз ўрганиб кетган «аёл — гул» қиёси «аёл — майса» қиёси учун кўприк мисоли. Майса тасаввуримизда майинлик, беозорлик, заифлик, синиқлик сингари аёлга хос тушунчаларни уйғотади, ҳайратланамиз: «нега шу чоққача аёл майсага ўхшатилмаган?!». Шу тушунчалар билан боғлиқ ҳолда «шабнам» аёл қалбини — ҳар не гарду ғубордан фориғ, ўзига олам ташвишини сиғдира олган митти-улкан маконни суратлантиради. Софлик эталони бўлмиш қатрада эса «кулган қуёш» бор. Аждодларимиз қуёшни «меҳр» деб атаганлари хотирга олинса, аён бўладики, узукка кўз қўйилган экан — бу чизги аёл қалби тасвирини жуда очиб юборди. «Кўнгил қулоғи»ла эшитолган ўқувчи беихтиёр иқрор қилади: меҳрга тўлиқ, уни «вайрону обод устина» тенг сочишга ҳар дам ҳозир аёл қалби сурати шунчалик бўлар-да?!.. Шоиранинг кашфига шерик бўлолган ўқувчи ўйлаб ҳам қолар: аёлни гулга менгзаш асоси — гўзаллик, гўзаллик эса ўткинчи. Бас, шоира топган қиёс «гул»дан кўра сиғимли, у аёл зоти учун умумийроқ ва умрзоқроқ хусусиятни мужассам этмаяптими?! Шеър руҳида яшаган онлари ўқувчи буни дилдан иқрор қилади. Демакки, энди у майсада аёлни, шабнамда аёл қалбини кўради, демакки, энди у кўм-кўк майсани депсишга ботинмайди, аёлга-да майсадек авайлаб муносабатда бўлиш кераклигини ҳис қилади...

Наздимизда ақллидай кўринган бу фикрлар Замира Рўзиеванинг ҳали матбаа буёғи қуриб улгурмаган «Сарчашма» номли янги тўпламини варақлаш асноси хотирга келди. Тўплам ҳақида муфассалроқ фикр айтиш шеършунослар ҳаққи деб билган ҳолда, яхши нарсани бошқалар билан баҳам кўриш лозимлигини ёдга олиб, уни Сизга ҳам илиниб қоламиз.

 
 
Сайт создан в системе uCoz