Ўйлашга ундайдига роман

“Боқий дарбадар” романига сўз боши

Dilmurod Quronov

“Боқий дарбадар”нинг жанрини муаллиф роман деб белгилабди. Эҳтимол, айни ҳол диди анъанавий романлар руҳида тарбият топган ўқувчида эътироз уйғотар ҳам. Ахир, бунда яхлит бир воқеа бўлмаса, кўп планли сюжет асосида воқеликнинг кенг эпик манзараси тасвирланмаган бўлса, марказида қаҳрамон турмаса... – нимаси роман?!.. Жаҳон адабиёти тажрибаларидан, хусусан, Ғарбда ярим асрлар илгари бошланган “янги роман” бобидаги изланишлардан озми-кўпми хабардор ўқувчида эътироз туғилмасаям керак. Зеро, “Боқий дарбадар”да анъанавий эпосга хос воқеабанд сюжет ўрнида сиртдан бир-бирига боғланмай турли макон ва замонда, гоҳ реаллик гоҳи хаёлотда кечувчи воқеалар тасвирланган, марказида рисоладагидек қаҳрамон турмаган бўлса-да, уларни бир нарса – ҳаётнинг маънисию башарият тақдири ҳақида ўйга толган муаллиф шахси бирлаштиради, яхлит бутунликка – романга айлантиради...

Исажоннинг битиги анъанавий йўлда ёзилмагани ақлга тайин, лекин уни модернизм ё постмодернизмга тааллуқли этишга-да қийналади киши. Модернистик асар дейин деса, унда ҳам турфа услублар – кўхна диний ривоятлардан тортиб ҳозирги “интернет тили”гача, ҳам турфа жанрлар – қадим диний дидактикадан тортиб урфдаги “боевик”кача... қуроқ-қоришиқ бирбутунлик касб этаётибди. Ҳай, постмодернистик асар деб қўя қолай деса, муаллиф оламу одам ҳақидаги ўй-ташвишларини ифода этмоқ учун бадиий модель – постмодернистлар инкор қилган метаривоят яратиб қўйибди... Ҳолатдан чиқишга уриниш деманг-у, назаримда Исажон ўзи билган биздагию хориждаги ижодий тажрибаларнинг барини ичдан ўтказибди – бугун ўзини қийнаб турган муамммоларнинг бадиий идрокию ифодаси учун мақбул шакл излапти, изланишлари синтезга олиб келибди.

Дарвоқе, ғарбда урф бўлган “изм”лар маънавиятимиз учун зарарли дегувчиларнинг ташвишлари, албатта, асоссиз эмас. Марғуб томони шуки, Исажон ўша “изм”лардан мақбул шаклни олгани ҳолда ўзи миллий заминда собит турибди. Жиллақурса бир жиҳатни олайлик: постмодерн кайфият дегани миллатлару миллий маданиятлар қоришувини кўзда тутади, шундай заминдан униб чиқади. Ёзувчимиз эса бу руҳ-кайфиятни бутун вужуди билан инкор қилади, профессор Зиёнинг ўғли каби “ўзи севган, амалларидан Ўзи рози бўладиган халқ орасида” яралганига шукрона келтиради, рўзи маҳшарда “ўз жонажон тупроғида, ўз жонажон миллати билан бирга бўлишни орзу қилади”; Ватанни “иймонининг қўрғони” деб билади, “дилининг илдизлари шу ер ости булоқларига боғлаб қўйилгандай, узилса қурийдигандек” ҳис қилади ўзини. Ҳа, асл ижод, агар у миллий-маданий заминда воқе бўлса, асло кўр-кўрона тақлид бўлмайди. Зеро, ижодий синтез дегани бир жиҳатдан алхимияга монанд: кимёгар турли моддаларни қориштириб сар олтин олишга интиларкан, сингишмаган моддалар чўкинди бўлиб шишада қолаверади.

Ёзувчи ҳаётнинг маънисию башарият тақдири ҳақида ўйга толган, дедик. Ахир, инсон ҳаётидан маъни излаш сўнгги икки аср мобайнида адабиётнинг марказий муаммосига айланмадими? Ҳа, ҳатто модернизмнинг айрим оқимлари инсон ҳаётини ҳар қандай маънидан айро тушади деб даъво қилди ҳам, озми-кўпми шу кайфиятга тушдик ҳам. Хайриятки, ислом нури билан ёришган диллар бу кайфиятни ўзига сиғдиролмади, сиғдирмади. Жумладан, Исажон ҳам. Ёзувчи муаммонинг илдизига назар солади ва кўрадики, Яратганидан узоқлашиши баробари инсон ҳаётининг мазмуни йўқолиб бораётганини теранроқ ҳис қилган, бу ҳис муттасил кучайиб борган. Ва бу ниҳоясиз жараён. Шунинг учун ҳам романда яралмиш – инсон “тангрининг иродасига исён ўлароқ” яратган энг олий мавжудот – клон ҳам оламнинг нечоғли мукаммал яратилганини идрок этгач, “мазкур силсила аро ўз ўрнини топишга ҳаракат қилади”. Аммо хайҳот... топмайди, тополмайди.

Шу боис ҳам дунёларга сиғмайди, оламни бунчалар мукаммал яратган Зотни “излаб топиш ва бутун олам яратилишининг сабабларини Ўзидан сўраш учун” бош олиб чиқиб кетади. У кўзлаган манзил белгили: излагани – “Унинг иродасига ва менинг яратилишимдан мақсадига мос... келадиган макон ва замон”. Бироқ, хайҳот... у тушган йўл қаён элтади, кўзлаган манзилига етадими ва ё ўша мангу дарабадарга қисматдош бўлиб қоладими?.. Ким билади, “бутун олам илгарилаб бораётган турли-туман йўллар”нинг қай бири ҳақ йўл? Собит ишонч билан “қисматимиз шу саҳрода яшаб Парвардигорга ибодат қилиш ва ажалимиз етганида жонимизни Ўзига топширишдир” дея кундалик юмушларига машғул бадавийларми? Ва ё ёруғ оламга этак силкиб, бутун борлиғи – қалбию ақли билан Яратганга юзланган авлиёнинг йўлими?..

Асарда саволлар қўйилган, жавоб эса имкондан ташқарида, зеро, учинчи парвона мисоли “аланга ичига кириб оташ ичра ғойиб бўлган”гина – БИЛАДИ ва... ўзи “эришган билим ҳақида гапира олиш имкониятидан маҳрум бўлади”...

Аслида, профессор Зиёнинг ўғли айтмоқчи, “теварагимиз румузларга ва тимсолларга тўладир”. Ва шу румузу тимсоллар “ақл қулоғига баланд овоз билан хитоб қилиб турибди”. Бироқ биз, биз эшитяпмизми шу хитобларни?! Мабодо, довонга кўтарилган сари қулоқлар битгани каби, башарият сафида юксалишимиз баробари “ақл қулоғи”миз ҳам битиб бормаяптими?!..

Қадимгилар адабиётни табиатга тақлид деганлар. Чамаси, Исажонга ҳам шу йўлдан бориш маъқул кўринибди – романни румузу тимсолларга тўлдирибди. Бу рамзу тимсоллар тафаккуримизга қаратилган – фикр билан уларни чақишимиз тафаккуримизни чарҳлашига имоним комил. Асарни ўқиганда бир-биридан мураккаб саволлар кетма-кет қалқиб чиқаверса ҳам, эҳтимол. Лекин улар ичида энг муҳими, бугунги тараққий даражасию эртанги имконлари уфқининг чамасидан масруру мағрур турган ХХI аср кишиси учун энг жўн ва энг мураккаби мана булардир, балки:

“Мен кимман?”

“Отим нима?”

 
 
Сайт создан в системе uCoz