ЭҲ Т И Р О М

Dilmurod Quronov

U. Normatovning 75 yillik yubleyiga

Устоз Умарали Норматов ҳақида сўз бораркан гапни у киши қарийб чорак аср бошқарган ЎзМУнинг ҳозирги ўзбек адабиёти кафедрасидан, унга нисбатан чуқур миннатдорлик ва эҳтиромим изхоридан бошлагим келади. Зеро, бир кун туз ичган жойга қирқ кун салом лозим. Мен эса бундан ўн йил илгари илмий иш қилиш нияти-ла пойтахтга бориб, олти йил шу даргоҳ тузини тотдим...- ҳар қанча эҳтиромим бўлса оздек кўринади. Бир шогирд сифатида шу даргоҳдан - лаборант Мастура опадан тортиб мудиригача - барчаларидан умрбод миннатдорман...

Аспирантлик давримни эсласам, кафедра алоҳида бир олам бўлгандек, алоҳида олам сифатида яшагандек туюлади менга. Зеро, адабиёт ҳақида гапирувчилар озая бошлаган пайтларда ҳам кафедра кунлари салом-аликдан сўнг адабиётдан бошланган гап яна адабиёт билан тугалланар эди. Тасаввур қилинг: Умарали домла ўзи янги ўқиган асари ҳақида ҳаяжонланиб хайратини изҳор қилса, Норбой ака зумда уни "ҳеч нарсага арзимайди"га чиқаради, Озод домла вазминлик билан мантиқли хулоса ясайди... алалхусус, ҳар учаласининг гапларини оғзини очиб эшитган шогирдларнинг "хомак" фикрлари етилади, масалани турли нуқталардан мулоҳаза қилади - кафедранинг бегим кунларидаёқ пишиб боради... Конкрет масалада турлича, ҳатто баъзан бир-бирига зид фикрда бўлувчи бу кишиларни бир нарса - сўз санъатига чексиз муҳаббат бирлаштиргандики, назаримда, хотирамдаги кафедра бир ШАХС мисоли шакллангандек, ўзининг муқим мавқеи, ўз қиёфасига эга эди. Яхшироқ разм солган киши бу ҚИЁФАдаги принципиаллик ва мулоҳазакорлик Озод Шарафиддиновдан, шиддат ва жангарилик Норбой акадан, ҳайрат ва самимият Умарали акадан эканлигини сезиб олиши қийин эмас эди...

Камина шу кафедранинг аъзоси, О.Шарофиддиновнинг невара шогирдию Умарали аканинг ўз шогирди эканлигим билан фаҳр этаркан, айни шу нарса менга кўп эшикларни очгани, кўпинча ўзгаларнинг менга муносабатини белгилагани ва белгилаб келаётганини миннатдорлик билан айтгим келади...

Ҳа, шундоқ кафедранинг қиёфасини, ундаги илмий-ижодий ҳавони белгилаган зотлардан бири устозим Умарали Норматов бўладилар.

Умарали Норматов - катта олим. Бироқ катта олимларнинг бари ҳам у кишидек катта одам эмас, катта одамларнинг бари ҳам устоздек кичиккўнгил бўлолмайди. Улуғ инсонларга хос бағрикенгликни домланинг шогирдларига муносабатида кўраман.

Сир эмаски, шогирднинг илмдаги одими қандай бўлиши кўп жиҳатдан устозга боғлиқ. Аспирантлар уйида яшагач, бошқа толибул илмлар билан гаплашасан: устоз шогирдлар орасида киноларда кўрсатилгандек, романларда ёзилгандек нораво муносабатлар мавжудлигини ҳис этасан. Аспирантларнинг маҳзунлик билан: "Ишнинг қораламасини домламга берганман, беш ой бўлди ҳали ўқиб бермади..." деганларига гувоҳман. Катта олим - Катта одамга эмас, катта олимгагина шогирд бўлган йигитга дилдан ачинаман, тақдир олим Умарали акага рўбарў қилганига шукроналар айтаман. Айтмай бўладими, ахир... Мақолами, бошқами тайёрласам, душанбани (кафедра куни) мўлжаллаб бораман - домланинг қўлига бераман. Чоршанба куни қораламамни (хажмидан қатъий назар) келтириб қўлимга беради. •ораламани варақласангиз, четларида қатор тузатишлар, изоҳлар - домла астойдил ўқиганидан дарак беради. Ана энди холис айтинг, аспирантурани ҳам, докторантурани ҳам муддатидан олдин тугатганим менинг хизматимми ё домламнинг?!

Умарали ака адабиёт ҳақида гапирганимда бефарқ, лоақал хотиржам бўлолмайди - адабиёт аллақачон устознинг шахсий ишига, ҳаёти мазмунига айланиб бўлган. Домла бениҳоя саҳий одам. У киши ўзи завқ олган асар ҳақидаги таассуротини тезроқ улашишга интилади, лоақал асарда ўзи инкишоф этган нозик нукталарни-да сир сақламайди. Умарали ака суҳбати гўзал инсон, чунки у кишининг суҳбати асосан адабиёт ҳақида бўлади. Домла ўқиган асари ҳақида " Вой бўй-й... буни қаранг энди..." деб гап бошлайди-ю, у кишидаги хайрат сездирмайгина сизга кўчади - ўша асарни ўқиш ё қайта ўқиш истаги туғилади...

Умарали акада мени ҳар вақт лол қолдириб келадиган нарса - мутолага ўчлик. Домла адабиётимизда пайдо бўлган янгиликларни қолдирмай кузатади. Адабиёт ҳақида сухбатимиз кўпинча "фалон асарни ўқидингизми?" сўроғидан бошланади ("йўқ" дейиш уят, ўқимаган бўлсам ҳам тасдиқ ишорасини қиламан, кейин албатта ўқиб чиқаман). Домланинг асар ҳақидаги таасуротларини эшитарканман, шундай улуғ ёшида ҳам бадииятдан шу даражада хайратлана олаётган, ёшлардан-да қуюқ эҳтироc-ла гапираётган инсонга ҳавасим келади... - домлага ўхшагим келиб кетади...

Мен ҳурматли устозимга, устозни эслаганда кўзимдан ўтувчи кафедрага чуқур эхтиромимни изҳор қиларканман, худбинлигим тутади-ю, домладан ўтинаман: "Ибодатларингизда бизни ҳам дуо қилинг, устоз, бизга ҳам сизнинг йўлингизни берсин, илоҳим..."

Дилмурод Қуронов

 
 
Сайт создан в системе uCoz