Ҳамид Олимжонни биламизми?

Dilmurod Quronov

Тарих - инсонни шахс сифатида шакллантирувчи муҳим омиллардан бири. Тарихни ўрганган сари, кечмиш воқеа-ҳодисалар моҳиятини англаган сари кишининг дунёга назари теранлашиб, атрофида юз бераётган воқеа-ҳодисалар моҳиятига яқинлашиб боради. Табиийки, бундай одам кимнингдир етовида бўлиши мумкин эмас, чунки у ўз қарашига, ўзининг англанган ижтимоий мақоми ва мавқеига эга бўлади. Унинг жисми эркин бўлмаслиги мумкин, лекин руҳи ҳар вақт эркин бўлади. Шундан бўлса, эҳтимол, фотиҳларнинг деярли барчаси ўзлари забт этган юртларда халқ хотирасидан ўтмишни ўчиришга интилган. Бироқ фотиҳлар бу мақсадларига айрим юртларда анчайин осон эришган бўлсалар, бошқаларида исталган натижага эришолмаганлар. Негаки, халқнинг тарихи нечоғли бой бўлса, унинг миллат хотирасидан ўчиши-да шунчалик қийин бўлади. Зеро, асрлар давомида «суяк суриб» авлоддан авлодга ўтиб келаётган бой тарихий хотира мудраши мумкин — мутлақо ўчиб кетиши душвор.

Ўзини фотиҳ эмас, аксинча, «озод қилувчи» деган даъво билан чиққан Шўро ҳам сиёсатда фотиҳлардан гула кўтарган эди. Шўро ўтмишни қора рангда кўрсатиш, шу асосда ўз сиёсатини мутлақ тўғрилигига ишонтириш йўлидан борди ва 15 йиллар ичида бу мақсадига қисман эришди. Негаки, бу вақт мобайнида шўро шароитида тарбияланган, «шўрочасига» кўрадиган янги авлод етишди. Оталар ва болалар орасидаги зиддият кучайди, энг ёмони, жамият тараққиётининг ҳосиласи ва ривожланишнинг муҳим омилларидан бўлмиш мазкур табиий зиддият сифат жиҳатидан ўзгариб, кўпроқ мафкуравий асосдаги зиддият мақомини ола бошлади. Янги авлод нигоҳини фақат келажакка қаратиш, ўтмишни тамомила нигилистик инкор қилдиришга интилиш шўронинг онгдаги бузғунчилиги эдики, бу — тоталитар жамиятни барпо этишнинг зарур шарти. Зеро, «ердаги жаннат»ни қуриш хаёлига андармон «манқурт»лар жамиятидагина шахс тушунчасини емириш, барчани бирдек ўйлайдиган «винтча»ларга айлантириш мумкин бўлади. Онгдаги бузғунчилик натижаси ўлароқ, 20-30-йилларда ўзининг жамиятдаги ўрни ва мақомини белгилашга фаол киришган ёш бўғин башарият тарихини октябрь тўнтаришидан ҳисоблашга мойиллашган, Шўронинг ўз мудҳиш мақсадига етиши аниқдай бўлиб қолган эди... Шукрки, миллатимизнинг тарихи мингйилликлар билан ўлчанади, бой тарихий хотира мудради - ўчиб кетмади, унинг уйғониши, ўзига келиши учун эса кичкина бир туртки кифоя...

Иккинчи жаҳон уруши даврида, фашистлар Германияси қизил империя остонасига келиб қолган паллада бу офатни миллионлаб жонларни қурбон қилишнинг ўзи билангина даф этиш душворлиги аён бўлиб қолди. Зеро, қуллик асоратига тушиб қолмаслик, қулликдан ҳазар қила билиш учун жоннинг ўзи кифоя эмас, руҳ ҳам керак! Руҳки, ўзининг кимлигини билган, теран томирлардан озиқланган ҳолда «олий ирқ» даъвосига қарши тура оладиган руҳ керак эди. Дўппи тор келган айни шу паллада шўро ҳукумати адабиёт ва санъатнинг тарихга мурожаатига рағбат билдирди: шўро адабиёти ва санъатида ўнлаб тарихий асарлар дунёга келдики, улар халққа руҳий мадад бўлди, унинг ғалабага ишончини мустаҳкамлади, курашга руҳлантирди. Орадан маълум вақт ўтгач эса музаффар шўронинг адабий сиёсатига шошилинч таҳрирлар киритилди: бу асарлар сассизгина эътибордан қолдирилди, саҳналардан олинди, киноленталар архивларнинг узоқроқ токчаларига тиқилди. Уларни имкон қадар эсламай қўйилди, эслаганда ҳам умумий саноқда айтиб ўтиш билан чекланила бошланди... Қизиқ ҳолат, сирли ҳолат... Биз бу хил адабий сиёсатнинг моҳиятини англаш учун ўша даврда яратилган Ҳ.Олимжоннинг «Муқанна» драмасини кўздан кечиришни ният қилдик...

Кейинги йилларда Ҳ.Олимжон шахси, ижодий меросига муносабат бироз совиброқ қолгани сир эмас. Сабаби, биз узоқ йиллар давомида Ҳ.Олимжон тимсолида шўро тузумининг маддоҳинигина кўриб ўргандик. Аниқроғи, бизга шундай уқдирилди: шоирнинг дилбар шеърларини бир ён қўйиб, айни шу қиёфани гавдалантирадиган асарлари ўргатилди, зўр бериб ташвиқ қилинди. Ҳолбуки, Ҳ.Олимжон ХХ аср ўзбек миллий маданий заминида етишган энг ёрқин истеъдодлардан бири эди. Афсуски, бу истеъдод кўпроқ нокерак нарсаларга сарф бўлди... Начора, аслида бу ҳам шоирнинг қисмати: мурғак ёшиданоқ шўро таъсирида шаклланган, ўзига сингдиргани ёлғон ҳақиқатларга чин ҳақиқат дея юракдан ишонган ва ўсмирларга хос ўжар фидойилик билан даврнинг зиддиятли ғоявий курашлар майдонига кирган фаол шахс ҳаёти, ижоди, фаолияти тенденциоз бўлмаслиги маҳол эди. Зеро, истеъдоднинг чинакам санъат асарига дўниши учун ижодкор ҳаётни гўё «четдан» эстетик мушоҳада (эстетическое созерцание) қила олиши, бошқача айтсак, руҳан «узлат» ҳолатида бўлиши даркор. Қайноқ фаолият кишиси бўлмиш Ҳ.Олимжонда бундай имконият кам бўлган, натижада аксар асарлари шу хил ҳолат маҳсули эмас, кўпроқ ижтимоий фаолиятининг инъикоси тарзида дунёга келган. Эҳтимол, не-не ақлларни лойқалаган ғоявий курашлар суръатининг сусайишию ҳаётий тажрибанинг ортиши баробари улкан истеъдодини тўла намоён қилиш имконияти ҳам ортган бўлармиди, афсуски, тақдир Ҳ.Олимжонга бундай имконият қолдирмади. Тақдирнинг ўйинини қарангки, шўро замонида «бахт ва шодлик куйчиси» дея алқанган шоир кейинча «шўро замонида бахт ва шодлик куйчиси» бўлгани учун-да эътибордан қолди...

Йўқ, тақдирдан нолиб бўлмайди, унга тан бермоқдан ўзга чора йўқ. Сираси, тақдир Ҳ.Олимжонга қисқа ижодий умри давомида бир бора руҳан «узлат» ҳолатида бўлиш учун катта имконият яратди ҳам. Биз шоирнинг тарихга мурожаат этиб, «Муқанна»га қўл урганини назарда тутмоқдамиз. Албатта, бунга эътироз бўлиши мумкин: «Муқанна»нинг яратилишида ҳам «ижтимоий заказ» бор эди-ку?!» Ҳа, бироқ, бизнингча, «Муқанна»ни шоирнинг уруш давридаги бошқа асарлари сирасидагина кўриш хато бўлур эди. Зеро, асарга мавзунинг ўтмишдан олинганиёқ ижод жараёнига муайян ўзгаришлар киритади. Биринчиси: агар бунга қадар Ҳ.Олимжон ўзи ичида қайнаб ётгани ҳаёт ҳақида ундан узилолмаган ҳолда ёзган бўлса, «Муқанна»даги тасвир предмети — ўтмишдан автоматик тарзда узилган, яъни, ўтмиш унинг учун биринчи галда эстетик мушоҳада объекти. Иккинчиси: биз одатланган «тарихга мурожаат қилди» деган жумла аслида моҳиятга унчалик мос келмайди. Негаки, тарих жонсиз фактлар мажмуигина эмас. Шахс онги тарих билан тўқинганда ўша фактлар жонланади. Шуниси ҳам борки, бир томондан, фактлар шахс орқали, яъни, унинг кайфияти, ҳолати, қарашларига боғлиқ ва уларга мос ҳолда жонланади; иккинчи томондан, жонланган тарих шахснинг ҳолати, кайфияти, қарашларига зарур таҳрирлар киритади. Демак, шахснинг тарихга «мурожаат»и моҳиятан иккиёқлама жараён — мулоқот экан. Шахс онгида жонланган фактлар фаоллашгач, унинг ўзини руҳий фаолликка — ўхшашлик асосида (метафорик тарзда) замонасини мушоҳада қилишга ундайди, ўз даврини теранроқ англашига асос бўлади. Бизнингча, «Муқанна»ни ёзиш давомида Ҳ.Олимжон руҳиятида ҳам худди шундай жараён кечганки, эндиги муддаомиз буни имконимиз доирасида асослаш бўлади.

Маълумки, драматик асарда муаллиф шахси билвосита намоён бўлади — персонажларга, драматик холатларга сингдириб юборилади. Шу жиҳатдан қаралса, «Муқанна»да, айниқса унинг дастлабки саҳналарида муаллиф шахси, фикримизча, Гулойин образида ўз аксини топади. Асарнинг илк кўринишида Гулойин ҳақида ота-онасининг қисқагина гап алмашишидан унинг баҳорни, гулларни, умуман, гўзалликни севувчи ҳассос қалб эгаси эканлиги англашилади. Гулойин саҳнада илк бор «соатлаб дала айлангач», энди «гулга ботиб келаётган» ҳолда пайдо бўлади. Онаси Гулобод наздида қизи — бахтиёр, хушвақт; негаки, гўзалликка ошуфта кўнгил учун бошқача бўлиши ҳам мумкин эмасдек. Бироқ она бола орасидаги диалог бу тасаввурни йўққа чиқаради:

Гулобод
Ёлғизим,
Лола каби очилибсан ўзинг ҳам.	
Гулойин
Лола каби юзим қизил, ичим ғам.

Шу ўринда иккита муҳим нуқтага эътиборни тортгимиз келади: биринчиси — Гулойин ўзи истаган нарсага эришгандек-у, ундан қониқмайди, кўнгли таскин топган эмас; иккинчиси — атрофидагилар, ҳатто туққан онаси унинг ичидагидан бехабар, уни бахтли деб тасаввур этишади. Она қизини бахтиёр кўришни, лоақал шундай инончида қолишни истайди, ўзини ҳам қизини шунга ишонтиргиси келади:

Гулобод
Нега даркор, қизим, ахир шу гаплар,
Хурсандсан-ку, қўлларингда чечаклар.
Гулойин
Чечак билан хурсанд бўлса гар одам,
Ер юзида бўлмас эди қайғу-ғам. 
Ҳамма унда ёлғиз бир гул терарди, 
На хоҳиши, на озори, на дарди...

Сиртдан қараганда бахтли кўринган Гулойиннинг ичи тўла ғам, кўнглида «хоҳиш, озор, дард» борлиги бежиз эмас. Бу, бизнингча, «шодлик ва бахт куйчиси» сифатида танилган Ҳ.Олимжоннинг, тарих билан тўқинганида у орқали замонасини ва замонадаги ўзини «четдан» мушоҳада қилаётган шоирнинг «Муқанна»ни яратиш жараёнидаги ҳолати. Айтмоқчимизки, «Муқанна»га қадар кечган ҳаёти, ўзи шоҳиди ёки иштирокчиси бўлган воқеаларни тарих кўзгусига солиб кўраётган, унинг тош-тарозусида тортиб кўраётган ижодкор ҳолати, руҳияти Гулойинда ифода топгандек кўринади. Шу эҳтимолни назарга олайлик-да, асарнинг кейинги сатрларини ўзгачароқ, яъни, шунга мувофиқ тарзда талқин қилиб кўрайлик. Гулойин юқоридаги фикрини давом эттириб айтади:

Мана баҳор, бутун атроф лола, гул,
Ҳамма одам терганда ҳам ётар мўл.
Гул очилган қояларнинг бошида, 
Лолалар бор булоқларнинг тошида.
Аммо ҳеч ким шоду ҳуррам эмас-ку?
(Лолани кўрсатиб)
Бахтиёрлик аломати эмас бу,
Баҳор ўзи яхши нарса шубҳасиз...
Оташ
Ичинг тўла маъно сенинг доно қиз.

Келтирилган парчада ҳам диққатга молик иккита нуқта мавжуд: бири муаллиф ремаркаси бўлса, иккинчиси Оташнинг репликаси. Бизнингча, бу ўринда ҳар иккиси ҳам муаллиф кўзлаган тублик маънога ишора сифатида муҳим. Энди шу ишораларга таяниб, парчани қайта бошдан кўриб чиқайлик. Фикримизча, парчада тублик маънони тутиб турган қуйидаги таянч нуқталар мавжуд:

Мана баҳор...
... ҳеч ким шоду ҳуррам эмас...
Баҳор ўзи яхши нарса шубҳасиз...

Парчани 20-30-йиллар адабиёти контекстида олиб қарайлик. Хусусан, Чўлпоннинг «Баҳорни соғиндим» шеърида «ижтимоий баҳор» соғинчи ифодаланган эдики, ундан кейинги авлод вакили бўлмиш Ҳ.Олимжон «ижтимоий баҳор»ни ўзгача тушунгани шубҳасиз. Энди айни шу одам теранроқ мушоҳада қилади-да: «Мана баҳор...(биз ўзимиз орзулаган нарсага эришдик -Д.Қ.) аммо ҳеч ким шоду ҳуррам эмас», нега шундай, дея ўйга толади. Йўқ, ҳали у тузумни, социалистик ғояни инкор этаётганича йўқ: «Баҳор ўзи яхши нарса, шубҳасиз...» дея ишонади, фақат унинг мавжуд амалиётидан қониқмайди. Нега? Буни тушунишга муаллиф ремаркаси ёрдам беради:

(Лолани кўрсатиб)
Бахтиёрлик аломати эмас бу
Баҳор ўзи яхши нарса, шубҳасиз...

Кўрамизки, парчадаги сатрлар ўзаро зидлик ҳосил қилади: «баҳор ўзи яхши нарса», лекин «лола бахтиёрлик аломати эмас». Парча сўнгидаги кўпнуқта ҳам, Оташнинг қизига қарата «ичинг тўла маъно сенинг» дегани ҳам сатрлар орасидан ўқиш лозимлигига ишора қилади. Ўқишга уриниб кўрамиз: бу ўринда «лола» — рамз, жамиятни, жамият аъзолари онгини чулғаган қизиллик рамзи. Биргина лоланинг ўзи баҳор бўлмаганидек, «қизиллик»нинг ўзи Ҳ.Олимжон орзулаган нарса эмас. Яъни, Гулойиннинг айни пайтдаги ҳолатида социалистик инқилоб ғоясига юракдан ишонган, эндиликда унинг натижаларидан қониқмай турган муаллиф руҳияти суратланади.

Эътиборли жиҳати шуки, Гулойин руҳиятини чулғаган мавжуд ҳолатдан қониқмаслик туйғуси унинг юрт ўтмиши ҳақидаги ўйловлари ҳосиласидир:

Юртимизда ҳатто яқин замонда
Кўп байрамлар бўлар экан баҳорда.
Жуда ҳуррам ўтар экан у дамлар.
Ўйнар экан, кулар экан одамлар.
Қани ўша байрамлардан бир нишон?

Кўриб турганимиздек, Гулойиннинг ўтмиш ҳақидаги ўйлари уни беихтиёр замонасига қайтаради, — қиёслашга, фикрлашга ундайди; иккинчи томондан, қизнинг гапларида барқ уриб турган ўтмиш соғинчи замонасидан қониқмаслик натижасидирки, бу туйғу ўтмишнинг қиз тасаввурида айни шу тарзда (идиллически) «жонланиши»ни таъминлайди. Сираси, бу умуман инсон руҳияти, тафаккур тарзига хос ҳодисадир. Зеро, инсон ўтмиш ҳақида «шунчаки», абстракт фикрлай олмайди: у ўтмишни замона орқали кўради, замонани ўтмиш орқали баҳолайди.

Ўтмиш соғинчи инсонни фаолликка, биринчи галда, руҳий фаолликка ундайди. Гулойин айни дамда руҳий фаолликда яшаётган шахс, шу боис ҳам у: «Далаларда лола териб юраркан, Кўп ажойиб фикрларга тушдим ман»,- дея эътироф этади. Унинг ақлий-руҳий фаоллиги муайян хулосаларга олиб келганки, онасига:

Ўзинг айтган эртакларни эсладим
		(Пауза)
Эртак бошқа, ҳаёт бошқа... қолдим жим, -

дейди. Бизнингча, келтирилган парча Гулойин билан «Болалик кунларимда, Уйқусиз тунларимда, Кўп эртак эшитгандим, Сўйлаб берарди бувим» деган машҳур сатрлар муаллифи Ҳ.Олимжон орасидаги руҳий яқинликни очиқроқ намоён этади. Ўсмир ёшидаёқ кураш майдонига кирган Ҳ.Олимжон «романтик» эди, зеро, у бувиси айтган эртаклар оламидан «большевистик эртаклар» оламига кўчиб улгурганди, холос. Энди, — маълум вақт ҳаёт қозонида қайнаб, замонасини ва ўзини четдан мушоҳада қилиш имконига эга бўлгач, — амин бўлаётирки, «эртак бошқа, ҳаёт бошқа» экан. Бу атрофида содир бўлаётган ижтимоий ҳодисалар большевикларнинг ваъдаю даъволарига мувофиқ келмаётганини, тил бошқаю дил бошқалигини кўрган, англаган одам хулосаси, ҳукмидир. Модомики «Муқанна»ни ёзиш жараёнида муаллиф шундай руҳий ҳолатда экан, асар персонажларининг ўз замонаси ҳақидаги фикрларини айни чоқда Ҳ.Олимжоннинг ўз даври ҳақидаги фикрлари деб тушунишга ҳақлидекмиз. Зеро, персонажларнинг тарихий нуқтаи назардан асарда тасвирланган даврга тааллуқли гаплари метафорик тарзда асар ёзилган даврга тааллуқли бўла олади, бунга адабиёт тарихидан кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Ўзимизни шунга ишонтирган ҳолда асарни ўқишда давом қиламиз:

Гулойин
...Ҳозир агар сен бўлмасанг мусулмон
Душман бермас емоқ учун парча нон.
(Гулларни кўрсатиб)
Бу кўрганинг лола эмас, ёлғиз қул.
Оташ
Биз қул эдик, ҳозир бутун ўлка қул
Ҳозир гап шул: ким мусулмон, ким кофир.

Ўйлаймизки, асар персонажларининг юртдаги мавжуд аҳвол ҳақидаги фикрлари муаллиф мансуб воқеликка нечоғли мослигини илғаб олиш қийин эмас. Аввало, араб фотиҳлари сингари большевиклар ҳам юртга янги мафкура олиб келдилар, барчани унга топинтиришга интилдилар ва ички сиёсатда «ё биз билан, ё бизга душман» ақидасига таяндилар. Шу сиёсатнинг натижаси ўлароқ қоқ бўлинган юртнинг большевиклар томонида турган, шу сиёсат тегирмонига сув бўлиб қуйилган «Ўлим ёвга» сингари шеърий айбномалар ёзган Ҳ.Олимжон энди ўша сиёсатни ҳам, ундаги ўз иштирокини ҳам ўзгача тушунади, ўзгача баҳолайди. Хўш, қандай тушунадию қандай баҳолайди? Бизнингча, муаллифнинг тубдан ўзгарган қарашлари Оташнинг «Биз қул эдик, энди бутун ўлка қул» деган гапида ўз ифодасини топади. Маълумки, большевиклар «эзилувчиларни озод қилиш» даъвоси билан майдонга чиқди, эзилганларни гўё озод қилди-ю, бутун ўлкани «қизил империя» мустамлакаси — қулига айлантирди. Ҳаётий тажрибаси ортган, бу тажрибасини ўтмиш тажрибаси билан бойитган Ҳ.Олимжон ўзи учун муҳим бир ҳақиқатни кашф этди: озод бўлмаган юртда шахс озод бўлолмайди, шахс озод бўлмаган юрт озод бўлолмайди. Шу маънода Гулойиннинг: «(Гулларни кўрсатиб) Бу кўрганинг лола эмас, ёлғиз қул» дейиши ҳам бежиз эмас. Юқоридаги парчага диққат қилинса, Гулойиннинг охирги гапи олдингиларига унчалик боғлиқ эмасдек кўринади. Боз устига, сиртдан қараганда гапнинг ички мантиқий-мазмуний боғланиши ҳам дуруст эмас: «лола — қул». Шундай эса-да, муаллиф уни ремарка ёрдамида алоҳида ажратади, таъкидлайди гўё. Шуни эътиборга олсак, «лола»нинг бу ўринда ҳам рамзий маънода қўллангани ва шу маъно муаллиф учун муҳимроқ эканлиги ҳақиқатга яқинроқ. Бизнингча, рамзни драматик ҳолатнинг умумий руҳида тушунсак, ҳатто шўро томонида турганлар («лолалар» — «қизиллар») ҳам моҳиятан қулдир, деган маъно англашилади. Гулойиннинг даври ҳақидаги изтироб тўла мулоҳазаларини якунловчи тубандаги сўзлари ҳам шу фикрни кучлаб тушади:

Эркак-аёл ўз юртида мусофир.
Мана сенга керак бўлса гулбаҳор,
Баҳор эмас, устимизга ёғар қор.

Гулойин тилидан юртида мусофир мақомида яшаётган, юртига эгалик ҳуқуқидан тамомила маҳрум одамларни қул деб атаркан, муаллиф ўзини, замондошларини ҳам назарда тутади. Тан олиш керакки, замонаси ва замонасидаги ўзини идрок қилишга интилаётган Ҳ.Олимжон баҳода охиригача холис бўлишга, ўйидагиларни тўла иқрор қилишга ўзида журъат топади. Шу боис ҳам шўронинг энг оташин шеърий тарғиботчиларидан бўлмиш Ҳ.Олимжон ўзи ёниб куйлаган «баҳор» аслида баҳор эмаслигини тан олади, модомики «устимизга қор ёғар»кан — қиш давом этаётир, дея огоҳлантирмоқчидай бўлади. Булардан кўринадики, у шўро сиёсатининг мунофиқона табиатини ҳам, «эзилувчиларни озод қилиш» ғоясидаги мантиқий заифликни ҳам чуқур англаб етади, буни ўқувчисига етказишга интилади.

Гулойин — аввалги эътиқодидан кўнгли тамомила совиган, изланишдаги шахс ва шу жиҳати билан муаллиф руҳиятига яқин. Қиз эътироф этадики: «Оташ десанг кўнглим тушар бир ғашга». Ўзи топинган эътиқодни тафтиш этиб қониқмаган қизнинг бу иқрорида муаллиф руҳияти ўзининг ёрқи ифодасини топади. Табиийки, кишининг эътиқодидан кечиши муайян руҳий изтироблар билан эш бўлади, зеро, эътиқод шиппак эмаски, эскисини ташлаб янгисини кийиб кетаверсанг. Эътиқодида алданган шахс қаршисида «нега мен бу эътиқодни қабул қилдиму энди ундан кечаётирман? нега унга шунчалар ишонгандим? шунча вақт унга топиниб келдим?» қабилидаги ўртовчи саволлар кўндаланг бўлиши тайин. Шу сингари саволлар Ҳ.Олимжонни ҳам ўртаган бўлиши, уларга жавоб излаши табиий эди. Муаллифнинг айни шу изланишлари натижаси, бизнингча, тубандаги парчада акс этади:

Оташ 
Биз ҳали ҳам топинамиз оташга.
Сен-чи, қизим?
Гулойин
Нима қила олар эдим мен ўзим?
Қанча баланд учса ҳамки чумчуқ қуш
Уясида ўрганганни ўқирмиш.
Ёш чоғимдан ўтга томон сен тортдинг, 
Сен оташга топинмоқни ўргатдинг.
Нима қилай. Мен нимани билардим?
Ёш болани йўлга бошлар аввал ким?
Ота-она. Шундаймасми? Ўзинг айт!
Оташ
Ёшлик ўзи бўлар экан қизиқ пайт,
Бола ёлғиз ўрганишни биларкан.

Ҳа, Ҳ.Олимжон — улкан истеъдод соҳиби, парвози нечоғли баланд бўлмасин, «уясида кўрганини ўқиди». Сираси, болалик чоғларидан шўро таъсирида, шўро муҳити ва ғоявий курашлар майдонида шаклланган шоирда ўзгача эътиқод бўлиши ҳам маҳол эди. Энди, — ортига ўгирилиб, кечаги кунларини обдон мулоҳаза қилгач,— муаллиф Оташнинг «бола ёлғиз ўрганишни биларкан» деган гаплари орқали ўзининг эътиқоди англанмаган, кўр-кўрона, оддийгина тақлиддан иборат бўлганини эътироф этади. Гулойиннинг «Шунча йиллар оташгоҳга топиндим, ва билмадим илоҳим ким, тангрим ким?» деган гапида эса бу эътироф янада қатъийроқ, очиқроқ ифода этилади. Гулойин, муаллиф сингари, айрилишда турган, онгли равишда ўз йўлини танлаш эҳтиёжини туйган одам. Мавжуд йўллардан биттасигина қизнинг кўнглига яқин, эркка ташна қалб шунгагина мойил: Ихтиёрни берсанг агар менга сан, Озодликка топинардим ёлғиз ман.

Гулойиннинг бу хитобида эрксизликдан зада бўлган, юрти ва ўзининг қуллигини тамом англаган муаллифнинг қалб исёни зуҳур қилади. Холислик ҳаққи тан олиш керакки, йигит ёшидаёқ (асар 1942-43 йилларда ёзилган) ўз руҳиятида, дунёқарашида бу қадар кескин бурилиш ясаш учун теран ақл-идрокнинг ўзи камлик қилади — улкан жасорат ҳам керак. Ҳ.Олимжон ўзида шундай жасорат топа билди: ўзини алдаб овутиш ва хотиржам яшаш йўлини эмас, ўзини бешафқат тафтиш этиш орқали ҳақиқатга яқинлашиш йўлини танлади. Бу эса унинг чинакам истеъдод, — қолипларга сиғмайдиган истеъдод эгаси эканлигидан, том маънодаги САНЪАТКОР ва ШАХС эканлигидан далолатдир. Гоҳо ўйлаб қоласан киши: агар шу сатрлар муаллифи бир йил кейин фоже ўлим топмаганида қатағоннинг кейинги тўлқинидан омон қолармиди?! Дарвоқе, ўтмиш ҳақида шарт майлида фикрлаш нораво... — уни бор ҳолича қабул қилган тўғрироқ.

«Муқанна»нинг бадиий воқелиги, унда гавдаланувчи ҳаётий ҳолатлар кўпинча асар яратилган давр воқелигини ёдга солади. Бу бежиз эмас, албатта. Юқорида айтдики, тарихий мавзуга қўл урган ижодкор замонасини ўтмиш орқали идрок этади. Бироқ — бу танганинг бир томони, холос; иккинчи томони шуки, ижодкор ўтмишни замонаси орқали идрок этади, ўтмиш замона призмаси орқали гавдаланади. Модомики бадиий образнинг материали реаллик ва ижодкор шахсияти экан, бундан ўзгача бўлиши ҳам мумкин эмас. Бундан ўзгача йўл, айтайлик, — тайёр ғоявий қолиплар асосидаги талқин ижод эмас. Демак, чинакам ижодий-руҳий жараён маҳсули бўлмиш тарихий мавзудаги асарда образнинг метафориклик хусусияти юксак даражада намоён бўлиши қонуният мақомидадир. Зеро, бу нарса аввалбошдан, яъни, ижодий ниятдаёқ таъмин этилган бўлади. Табиийки, замона призмаси орқали гавдаланган ўтмиш асарни ўқиш(томоша қилиш) жараёнида ўқувчи(томошабин)ни яна замонасига қайтаради: ўқувчи (томошабин) онгида «ўтмиш —ҳозир» параллели мунтазам мавжуд бўлади. Демак, тарихий асар воқелигининг асар ёзилган давр воқелигини ёдга солиб туриши ҳам қонуният мақомидаги ҳодиса экан.

Шу жиҳатдан қарасак, Оташ араб фотиҳларининг юртга кириб келиши ҳақида айтган гаплар:

Бу ерларга улар янги келганда,
Зўр қаршилик кўрган экан Пайкандда.
Босқинчига қарши чиқиб бутун халқ, 
Барчасини қилган экан қонга ғарқ.
Минган оти тизза бўйи қон кечиб,
Сўнг Қутойба келган экан қон ичиб.
Саройларни оловларга у тутган,
Қилич тутган ҳар бир жонни қуритган... — 

ўша давр ўқувчиси(томошабини) тасаввурида ўзига яқин ўтмишни, Россиянинг Туркистонни забт этиш тарихини жонлантириши табиий кўринади. Зеро, қадим ўтмишдагига монанд, муаллиф ва ўқувчига яқин ўтмишда ҳам юртимиз иккита қонли босқин кўрган: чор ва шўро босқинини. Боз устига, буларнинг биринчисини давр ўқувчиларининг ёши улуғлари болалик хотираларида сақлаган, ёшроқлари эса улардан эшитиб билган; шўро босқини, хусусан, Куйбишев ва Фрунзенинг қонли хатти-ҳаракатлари етказган жароҳатлардан эса ҳали қон силқиб турган пайт эди унда.

Болалик хотираларида Жиззах қўзғолони ва унинг даҳшатли оқибатлари муҳрланган Ҳ.Олимжон йигит ёшида «қулоқлаштириш» сиёсати, мудҳиш 30-йиллар қатағонини кўрганида бу ҳодисалар орасида мантиқий алоқа борлигини ҳис этади. Тарихни мушоҳада қилиб, унинг тажрибаларини ўзлаштиргач эса қўрқув ва қўрқитишга таянган шўро сиёсати моҳият эътибори билан мустамлакачилик сиёсати эканлигига имон келтиради. Шу боис ҳам, бизнингча, «Муқанна»да персонажлар араб фотиҳлари юритаётган сиёсатни муҳокама этувчи саҳналар яратилган. Бу, бир томондан, муаллиф ўз замонаси ҳақида юритаётган мушоҳадаларнинг метафорик ифодаси бўлса, иккинчи томондан, ўқувчининг замонаси ҳақида ўхшашлик асосида фикрлашига турткидир. Масалан, халифаликдан келган Пайкандни ер билан яксон қилиш ҳақидаги фармоннинг мақсад-моҳиятини қизи Гулойинга тушунтираркан, Оташ айтади:

Сен билмайсан, бунда катта ҳикмат бор.
Халқ янгидан қўзғалмоқда. Душманлар
Кўрсатмоқчи шунинг учун бир ҳунар:
Одамларнинг юрагини олмоқчи,
Бўғизларга яна чангал солмоқчи...

Табиийки, юртимиздаги истиқлолчилик ҳаракати, Туркистон мухториятининг қонга ботирилгани, истиқлол курашчиларининг бадном этилганию 30-йиллар адоғига етмасданоқ битта-битта «териб ташлангани»дан хабардор давр китобхони Оташнинг гапларини фақат араб фотихларигагина тегишли деб билмайди. Боз устига, шўро «чўпчак»ларига инониб яшаётган ёш бўғин вакилларининг ҳам кўз олдиларида гавдаланган ўтмиш таъсирида Гулойин мисоли «эртак бошқа — ҳаёт бошқа» қабилидаги хулосага келиб қолишлари ҳам эҳтимолдан йироқ эмас. Ёки, шўро ўзининг мудҳиш сиёсати билан «одамларнинг юрагини олиб» бўлган, «бўғизларига чангал солиб» турган бир пайтда:

Ер юзидан бир шаҳарни йўқотмоқ
Билан улар халқнинг кўзин қўрқитмоқ
Фикридалар. Мудҳиш бир иш. Ҳам исён
Қўзғалмасмиш шундай қилса бегумон...-

деган сатрлар қўрқув салтанати фуқароларига араб фотиҳлари юритган сиёсат билан шўро сиёсати моҳиятан бир нарса эканлигини англатмаслиги мумкинми?! Бизнингча, йўқ. Зеро, асарни ўқиш(томоша қилиш) давомида хоҳ онгли ва хоҳ англанмаган тарзда шу хил фикр туғилиши ҳақиқатга яқинроқ. Албатта, англанмаган тарзда деганимиз шўро таъсирида шаклланган, уни башарият тарихидаги энг адолатли тузум дея инониб яшаётган авлодга мансуб ўқувчи(томошабин)га тааллуқли. Эртами-кеч унинг-да ҳаётий тажрибаси ортиб, воқеликни ўзгача мушоҳада қила бошлар — бунда «Муқанна»нинг ҳиссаси, шубҳасиз, бўлади. Шу ўринда Чўлпон «Кеча ва кундуз»га эпиграф қилиб олган М.Горький сўзларини эслатгим келади: «Маърифат чоғиштириб кўриш билан ҳосил бўлади, бизнинг ёшлар эса ўз кўрганларини ҳеч нима билан чоғиштиролмайдилар, улар кечмишни билмайдилар ва шунинг учун ҳозирги замоннинг нималигини етарли даражада очиқ англаёлмайдилар». Ўйлашимизча, «Муқанна»га қўл урган Ҳ.Олимжоннинг ижодий нияти романга қўл урган Чўлпон ижодий ниятига монанд эди. Яъни, ўзи кечмишни билиш орқали замонаси моҳиятини «етарли даражада очиқ англаган» Ҳ.Олимжон ўтмишни гавдалантириш воситасида ўқувчига (хусусан, ёшларга) «чоғиштириш орқали маърифат ҳосил қилиш», «ҳозирги замоннинг нималигини» англаш имконини яратади.

«Муқанна»нинг иккинчи кўриниши бугунги ўқувчига бирмунча эриш туюлса, ундан дахрийлик нафасини сезиб ўнғайсизланса, эҳтимол. Бироқ биз масаланинг бу жиҳатини бир ён қўйиб, ундаги саҳналарга бадиий образ — муаллифнинг воқеликни англаш ва англатиш воситаси сифатидагина қарамоқчимиз. Маҳаллий зодагон Ферўз томонидан қурдирилган масжиднинг очилиш маросимида араб руҳонийси Жалойир Оташнинг оиласини, хусусан, Гулойинни исломга даъват қилади. Гулойин ўзидан нимага эътиқод қилиш талаб этилаётганини билгиси, англагиси келади. Бунга жавобан Жалойир «Қуръон сўзин туркча айтиш мумкинмас» дея эътироз қилганида, Гулойин айтадики:

Эса бизни қийнамоқни қилғил бас.

Тушунмаган йўлга бизни бошлайсан,
Жабрлайсан, бағримизни ёшлайсан.
Қийнаш нега одамларнинг виждонин?
Дарё-дарё тўкиш нечун эл қонин?..

Бу — ўз руҳиятига ёт, ўзи кўп-да тушунмаган шўро мафкурасини зуғум остида қабул қилаётган, бу йўлда неча минглаб қурбонлар берган халқ вакили, фақат бир тарзда ўйлашга мажбурлигидан «виждони қийналаётган» муаллиф хитобидир аслида... Ноилож қолган Жалойир Қуръон сўзларини туркча айтиб тушунтиргач, Гулойинда бир қадар иккиланиш кўрилади: «Қайга борай, раҳбар қилай мен кимни?» Қиз «Нима қилай?» дея ота-онасига мурожаат қилганида Оташнинг берган жавоби диққатга молик:

Имон келтир, ўз виждонинг бўлсин соф,
Хурсанд бўлсин шу Жалойир ноинсоф.
Имон келтир, эҳтийт бўл, сен шошма,
Ўзинг севган ҳурриятдан адашма.

Кўрамизки, Оташ ҳамон ўз эътиқодида собит, фақат Жалойирдан қутулиш учунгина қизини имон келтиришга ундаркан, ўзи севган ҳурриятдан адашмаслигини сўрайди. Бироқ ташвиқотнинг гипнотик таъсиридаги Гулойинда иккиланиш шу даражадаки, у энди имон келтириш арафасида... Албатта, Жалойирнинг кўпроқ Гулойинни ташвиқ этиши бежиз эмас: ҳар қандай мафкура, аввало, ёшлар онгию қалбини эгаллашга интилади, бу — унинг учун яшаб қолиш, яшовчан бўлиш шартидир. Айни пайтда, шу нуқтада Жалойир мустамлакачилик сиёсатининг асоси бўлмиш «бўлиб ташла-да ҳукмронлик қил» ақидасича иш тутаётгани, авлодларни мафкуравий асосда бир-биридан ажратаётгани ҳам равшан. Табиийки, Ҳ.Олимжон бу саҳнани яратишда ҳам ўзининг ҳаётий тажрибасига таянган, ўз даври воқелигидан андоза олган. Зеро, миллатни «эзувчи ва эзилувчи»ларга ажратиш ҳисобига ҳокимиятни қўлга олган шўро бу даврга келиб жамиятни «бизники - бизники эмас» тарзидаги тоифаларга ажратди, гўё халқнинг истиқболдаги саодати дея «ёт унсур»ларни қирғинбарот қилди — ҳақиқатда эса ўз мавқеини мустаҳкамлашга интилди ва бунга эришди. Иш шу даражага етдики, ота билан бола, ака билан ука, эр билан хотин бошқа-бошқа жабҳаларда туриб қолди. Оталаридан тонганини митингларда баралла эълон қилган фарзандларни, бир-бирини душман тутган жигарларни, ғоявий асосдагина барбод бўлган гулдек оилаларни кўрган Ҳ.Олимжон бу аянч ҳодисанинг илдизига назар солади, унда мустамлакачилик сиёсатининг машъум мақсадлари ётганига амин бўлади...

Шўро мафкурасининг омма онгига сингиши — англанганликдан эмас, кўпроқ уни ташувчиларнинг мутаассибларча эътиқоди, шу эътиқодини ўзгаларга юқтира олганларида бўлса, эҳтимол. Сираси, шўро адабиёти ўзи дуруст англаб етмаган эътиқодни беадад ишончи билангина ташвиқ этолган «фанат»ларнинг кўплаб тимсолларини яратган: Фурмановнинг Чапаеви, Шолоховнинг Давидови ва уларнинг ўзбек, қирғиз, қозоқ... эгизлари. Жалойир тимсолида ҳам шу нав ташвиқотчини кўрамиз. Гулойиндаги иккиланишни сезган Жалойир ташвиқни янада кучайтиради: аллоҳ оламни олти кунда яратганини ёниб баён қилади, араблар унга жўр бўлиб қувватлаб туришади. Табиийки, Жалойирдаги беадад ишонч ўз ишини қилади, Гулойин руҳан синиш даражасига етади: «Нима қилдим, энди бошим ҳам қотди?» Ва айни шу дамда саҳнага Муқанна чиқади, унинг:

Тушунмадим, менга англат улуғ зот,
У қайси кун қулликни қилди ижод?-

деган савол билан якунланувчи ўтли хитоби янграйди. Жалойир — жўнгина мутаассиб, унинг наздида фақат битта ҳақ ва тўкис ғоя мавжуд. Бундай одам мафкуравий баҳс юритишга қодир эмас, шу боис ҳам у Муқанна билан баҳслашмайди, овозини ўчиришга ҳаракат қилади, холос. Бизнингча, мазкур эпизод ортига ҳам замона соя ташлаб турганини сезиб олиш қийин эмас. Зеро, Муқанна сингари Ҳ,Олимжон ҳам «ҳуррият», «эрк», «тенглик», «биродарлик» каби шиорларни байроқ қилиб кўтарган шўронинг амалдаги сиёсати моҳиятини англагач, «У қайси кун қулликни қилди ижод?» дея қалбида исён кўтариши, ўқувчисини-да уйғотишга интилиши табиий. Муқаннанинг Жалойирга айтган мустамлака сиёсатига айбнома сифатида янгровчи қуйидаги сўзлари ҳам, бизнингча, бу фикримизни, қувватлайди:

Юз йилларким сўзлайсан лоиллоҳдан.
Жуда оддий бир нарсага ҳайронман:
Нима учун юрт чиқмайди оловдан?
Нима учун эл қутулмас таловдан?
Нима учун элни босган ҳашарот?
Дин, ҳирож деб ўз-ўзига қўйди от?
Нега қилди элни бунча гадой , хор?
Нега бўлди ҳамма сенга отбоқар?
Қиз онадан, хотин эрдан ажралди,
Косиб уйдан, деҳқон ердан ажралди?
Нима учун?

Кўрамизки, Муқанна араб фотиҳлари юритаётган сиёсат билан ислом ақидалари мос эмаслигини, Аллоҳ номи билан қилинаётган ишлар аксар унинг буюрганларига зидлигини таъкидлайди. Умид қиламизки, зукко ўқувчи «нима учун» билан бошланувчи ҳар бир сатр ортида аксланувчи муаллиф замонаси, унга яқин ўтмишни шарҳсиз ҳам фаҳмлаб олади. Боз устига, ушбу сатрларни ўқиганда у беихтиёр Чўлпоннинг машҳур «Бузилган ўлкага» шеърини эслайди, унинг дардию оҳангини ҳис қилади. Табиий бир савол туғилади: хўш, нима учун Ҳ.Олимжон — яқиндагина «адабиётимиздаги миллатчилик кўринишлари»га қарши курашган, «Бузилган ўлкага»га қарши ўлароқ «Тузалган ўлкага»ни ёзган авлод вакили — «Муқанна»да Чўлпон оҳангларини тиклади? Тасодифми, миллий-адабий анъаналарнинг ғайришуурий таъсирими? Бизнингча, бугина эмас. Модомики, Ҳ.Олимжон «Муқанна»ни яратиш онларида Чўлпонга руҳан яқинлигини яширмай ифода этибди, демак, бундан аниқ бир мақсадни кўзлаган — ўқувчисини-да шу руҳга ошно этишни ният қилган...

Халқининг, шу халқ вакили сифатида ўзининг қуллигини англаган инсон вужудида миллий ғурур жунбушга келиши, қалбида аламли изтироб қўзғаши табиий. Бунақа пайтда киши мустамлакачиларнинг, мустамлакачи халқ вакилларининг ўз халқига, ўзига қандай муносабатда эканини мушоҳада этишга мойил бўлади ва, айтиш керакки, изтироблари янада кучаяди. Чўлпон, Фитрат, А.Қодирий... лар асарларида кузатилган бу нав кайфият «Муқанна» устида ишлаётган палла Ҳ.Олимжонга ҳам ёт эмас эди. Муқанна тилидан айтилган тубандаги сўзлар, бизнингча, фикримизни далиллай олади:

Душманларинг, ожиз бўлсанг сен агар,
Меҳмон бўлиб келиб сенинг уйингга,
Кўкрагингга тепиб кирар тўйингга.
Ҳақоратга кўмар сени у тоза... 

Равшанки, бу сўзлар юртга энди босиб келиши мумкин бўлганлар(дейлик, немис фашистлари) ҳақида бўлолмайди, улар кўпроқ юртга ростмана эгалик қилиб турганлар ҳақидар. Бу — миллатининг ўзлигига тажовуз бошлангани, миллий қадриятларининг топталаётганига амин бўлган муаллифнинг қалб исёни, «йўлини қилиб» урган бонгидир. Араб саркардаси Баттолнинг Гулойинга қарата айтган «Сен асирсан, қайдан сенга бахт бўлсин, Шодликка ҳам керак ахир — уй, ватан» деган ҳақоратли таънаси (ўзингда мавжуд камчиликни юзга солиб қилинган ҳақоратдан оғирроқ ҳақорат бўлиши мумкинми?!) ҳам, аввало, ўз юртида сиғинди, ватанида беватан бўлган муаллифнинг ўзига, юртдошларига қаратилган. Қурол кучи билан ўзга бир халқни бўйсундирган Баттол «Қилич билан кирдим мен бу тупроққа, Яна қилич чиқаради қирғоққа» дея ишонади, бу ишонч уни ҳаволантирган, ўзидан кетказган. Шунинг натижаси ўлароқ, Баттол ўзини бу ўлкада истаган нарсасини қилишга ҳақли деб билади. Ёлғиз кучга ишонган, унгагина топинган бу одам, табиийки, юртнинг асл эгаларига беписанд муносабатда бўлади:

Шуни билки, халқ мисоли бир пода, 
Хоҳи отда, хоҳи бўлсанг пиёда
Ҳайдай олиш келса агар қўлингдан
Пода юрар сен бошлаган йўлингдан...

Албатта, бу ҳақоратомуз гаплар ўқилганда ва ё саҳнадан янграганда ўқувчининг, томошабиннинг миллий ғурурига тегиши, «наҳотки пода бўлсак?» тарзидаги ўйга толдириши табиий. Муаллифни ҳам шу ўй қийнаганки, бунинг зидди сифатида «тиз чўкиб яшагандан тик туриб ўлмоқ»ни афзал билган қаҳрамонларни, шу хулоса бўртиб турадиган саҳналарни яратади. Хусусан, Гулойин ўлар чоғи «Бир неча кун ҳавас билан яшадим, Ҳатто эркин нафас билан яшадим» деркан, фақат шу эркинликдаги «бир неча кун»нигина яшаш деб билади. Зеро, унинг учун қулликда кечган умр — ҳаёт эмас. Сўзнинг, санъатнинг соҳир кучи таъсирида ҳаёт билан видолашаётган қизнинг: «Армоним шу: кўролмадим элни шод, Кўролмадим ватанни ёвдан озод» деган армони ўқувчига, томошабинга мерос бўлиб қолади...

Юқорида айтганимиздек, «Муқанна»да бевосита ўзи яратилган пайт — уруш даврининг ижтимоий-сиёсий ҳолатига қаратилган актуал мазмун юзадаёқ қалқиб туради. Бу ҳақда кўп фикр билдирилгани, иккинчи томони, мақсадимизга кирмагани боис бунга тўхталмадик. Аксинча, биз уни фикран олиб ташлаб, асарнинг чуқурроқ қатламларига назар солишга, шу орқали муаллифининг ижод онларидаги руҳиятини тасаввур қилишга, ўй-фикрларини уқиш, ҳис-туйғуларини кўнгилдан кечириб кўришга интилдик. Маълумки, конкрет ижодкор томонидан яратилган асарларнинг бари бир текис яхши, бари ҳам санъат ҳодисаси бўлолмайди. Фақат яратилишига шахсий ёки ростмана шахсийланган ижтимоий дарднинг ҳосиласи бўлмиш маънавий-руҳий эҳтиёж туртки бўлган, чинакам ижодий-руҳий фаолият маҳсули ўлароқ дунёга келган асарларгина санъат ҳодисаси саналиши мумкин. Бундай асарларнинг ҳар бири — ижодкорнинг идеалга(Ҳаққа, ҳақиқатга) яқинлашувидаги тугал бир босқич. Демакки, «Муқанна»ни ёзган Ҳ.Олимжон «Муқанна»гача бўлган Ҳ.Олимжон эмас. Зеро, ўтмиш орқали замонаси ва замонасидаги ўзини англаган Ҳ.Олимжон қарашларини янгидан тизим сифатида бутунлаб олган, энди шунга мос мақом тутиши мумкин бўлган шахсдир. Яъни, энди у «бахт ва шодлик куйчиси» бўлолмайди, аксинча, узоқ ва ўзига яқин ўтмишдан келаётган эрк куйига қўшилиб ҳиргойи қилиши табиийроқ. «Муқанна» билан Ҳ.Олимжон миллатнинг асл фарзандлари куйлаган эрк куйига жўр бўла олдики, тўла асос билан «Мен элимнинг юрагида яшайман, Эрк деганнинг тилагида яшайман» дейишга ҳақли эди.

Дилмурод Қуронов

 
 
Сайт создан в системе uCoz