Замонга ўтмишдан бир нигоҳ...

Dilmurod Quronov

Маълумки, урушнинг дастлабки ойларидаёқ Ойбек “Маҳмуд Торобий” драматик достонини ёзган, шу асар асосидаги либретто нисбатан тез фурсатда саҳналаштирилган эди. Шунга қарамай, Ойбек бу мавзуга яна қайтади: Ҳамза театри учун “Ғалвирчи” номли пьесани, рус адиби А.Дейч билан ҳамкорликда “Щит народа” пьесасини ёза бошлаган. Адабий давраларда адиб Торобий мавзусида йирикроқ асар, эҳтимолки, роман ёзишни ният қилган, деган гаплар ҳам эшитилиб туради. Сираси, бу фикрда жон борга ўхшайди. Негаки, тугалланмай қолган ҳар икки пьеса, уларнинг турли режалари, сценарийлари кузатилса, мавзунинг бадиий талқинида эпик кўламнинг тобора кенгайиб борганига амин бўламиз. Қўлёзмаларга бир қур қиёсий назар солинсаёқ, мавзу талқинида ижодкорнинг тинимсиз изланишда эканлиги кўринади: асарга янги сюжет мотивлари, драматик ҳолатлар, персонажлар қўшиб борилади; айрим нуқталар бўрттирилса, бошқалари бирмунча сусайтирилади. Яъни, материал билан жонли мулоқот давом этади: гўё Ойбек ҳамон тасвир объекти моҳиятига чуқурлашиб бораётгандек, материал ижодкорга, ижодкор материалга сингиб бораётгандек туюлади. Хўш, Торобий мавзуси нимаси билан Ойбекни бунчалар мафтун этди? Нима учун адиб бу мавзуга қайта-қайта мурожаат қилади? Муддао етакчи театримиз учун асарнинг насрий вариантини ёзишгина эдими?..

Бизнингча, Ойбек Торобий тимсолини Ҳамза театри саҳнасида жонлантиришни ният қилганидангина эмас, кўпроқ, қониқмаганликдан яна мавзуга қайтади. Яъни, фикримизча, адиб драматик достондан ҳам, либреттодан ҳам етарли қониқиш туймаган, туя олмай қолган. Нега?

Кейинроқ, 1945 йил кузида, Ўзбекистон ёзувчилар союзида М.Шайхзоданинг “Жалолиддин Мангуберди” трагедияси бўйича ўтказилган мунозарада сўзлаган нутқида Ойбек либретто ёзилган пайтни эслаб: “... шароит, ҳатто тасвирланган воқеалар тарихий фактларга мувофиқ келмаса-да, халқни Ватан учун фидокорона курашга руҳлантирувчи асарлар ёзишни талаб қиларди. 1941 йил охирида, гитлер қўшинлари Москва ёнига келиб қолган бир пайтда, кишиларимиз юрагига янги куч, ғалабага ишонч бағишлайдиган асар керак эди ”,- деган эди. Дарҳақиқат, либретто — уруш даврининг “ижтимоий буюртма”сига (айтиш зарурки, бу “ижтимоий буюртма” адибнинг қалб амрига тўла мувофиқ келарди) “лаббай” тарзида ёзилган асар.

А.Потебня фикрича, агар ижодкор муайян бир фикрни ифодалаш, исботлаш ёки сингдириш учун ҳаётдан мисол олса-ю, шу аниқ мақсадга интилса, у — олим, воиз, валий, асло санъаткор эмас. Агар у, мисолни олгач, уни тасвирлашнинг ўзидан завқ олса, шу завқ кучи билан унга ҳаётийлик, аниқлик бахш этолса, ўша мисол мақсад қилинганидан-да кўпроқ (ҳатто, мақсад қилинмаган) нарсалардан сўйлаши муқаррар . Шунга ўхшаш, Ойбек аввалдан белгиланган мақсад билан либреттога қўл урганки, тарихий материал унинг учун бир восита эди, холос. Шу боис ҳам асарда публицистик руҳ устивор, тарихий материал тамомила мақсадга бўйсундирилган — асар бир зарбда ёзиб тугатилган, мақсадга эришилган. Бироқ асар устидаги иш жараёнида тарихий материал жонланиб улгурган, у билан ижодкор орасида диалогик муносабат (М.Бахтин) вужудга келган, демакки, энди материал ижодкор измидаги воситагина бўлмай қолди — адиб уни тасвирлашнинг ўзиданоқ завқ туя бошлади. Айни шу нарса Ойбекни яна мавзуга қайтаради, аниқроғи, мавзудан чиқишига изн бермайди — тарихий материалга чуқурроқ шўнғиш, уни чинакам эстетик мушоҳада қилишга ундайди. Таъкидлаш жоизки, шу хил завқнинг мавжудлиги — ижоддан қониқиш ҳосил қилишнинг асоси, муҳим шартидир.

Аввалги фаслда айтдикки, ижодкор ўтмишни замонаси орқали идрок этади, ўтмиш замона призмаси орқали гавдаланади. Бошқача айтсак, ижодкор тарихий воқеликни замонасидан андоза олган ҳолдагина бадиий гавдалантира олади. Негаки, у ўтмишда яшаб кўрган эмас, унинг ҳаёт ҳақидаги, инсон, инсонлараро муносабатлар (кенгроқ олсак, умуман, ижтимоий муносабатлар) ҳақидаги тасаввурлари замонасида шаклланган. Яъни, фактлар ўтмишдан олингани ҳолда характерлар талқини, ҳаётий ҳолатлар тасвирида ижодкор ўзининг ҳаётий тажрибасига таянади. Демак, ижодкор тасвирда замонасидан нечоғли узоқлаб кетмасин, бадиий талқинда ундан тамоман узилиб кетиши мумкин эмас. Шунга кўра, тарихий мавзудаги асар айни пайтда замонавий асардир. Бу фикримизни ўзгачароқ йўсинда асослашга ҳаракат қиламиз. Маълумки, адабиётшунослигимизда “мавзу асарда тасвирланган ҳаёт материали билан унда қўйилган муаммолар жамини ташкил қилади” тарзидаги фикр устиворроқ. Ҳолбуки, мавзу ва проблема бир-бирига узвий боғлиқ, бироқ бошқа-бошқа тушунчалар. Шу боис ҳам адабиётшуносликда асарда қўйилган муаммоларни проблема, қаламга олинган ҳаёт материалини мавзу деб ажратиш анъанаси ҳам мавжуд ва бу, бизнингча, тўғрироқ ҳам. Табиийки, ижод жараёни нуқтаи назаридан проблема бирламчи: санъаткор ўз ҳаёт йўлида муайян муаммоларга дуч келади, уларни ўзи учун ҳал қилишдек ўткир эҳтиёжни туяди. Сираси, айни шу эҳтиёж бадиий ижодга туртки берувчи бирламчи омилдирки, бадиий асарни “эҳтиёж фарзанди” (А.Орипов) дейилиши бежиз эмас. Проблема мавзуни белгилайди, негаки, ижодкор ўзини қийнаган муаммоларни бадиий идрок этишга энг қулай имконият бера оладиган ҳаёт материалини қаламга олади. Тарихий мавзудаги асарнинг замонавийлиги ҳам айни шу нарса билан — проблеманинг ҳар вақт замонавий (ёки замон тушунчасидан юқори — мангу муаммо) бўлиши билан белгиланади. Жумладан, Ойбек ўзининг урушга, фашист босқинчиларига муносабатини ифодалаш учун жуда қулай материални — Торобий бошчилигидаги мўғул босқинчиларига қарши кураш воқеаларини танлади. Мақсад аниқ белгиланган эди, бироқ, юқорида айтдикки, либреттони ёзиш жараёнида муаллиф билан тарихий материал орасида диалогик муносабат вужудга келди — материал мақсад қилинганидан кўпроқ нарсаларни сўйлай бошлади. Дейлик, Ойбек реалист санъаткор сифатида асарда қўзғолон сабабларини, халқда босқинчиларга нафрат уйғотган омилларни кўрсатиши лозим эди. Кўрсатди. Табиийки, асарда жонлантирилган омиллар, аслида, адибнинг ўз замонасида у ёки бу тарзда кўрган, гувоҳи бўлган ҳаётий ҳолатларнинг ўтмишга проекцияси эди. Жонланган тарих энди адибга ўзини қийнаб келаётган муаммоларни бадиий идрок этиш, замонасини англаш ва унга муносабат билдириш имконини тақдим қилаётир. Шу боис ҳам Ойбек конкрет мақсадга қаратилган либреттони ёзишнинг ўзи билан қаноат қилолмай қолади — яна ва яна мавзуга қайтади. Сираси, биз бу ўринда Ойбек истеъдоди табиатига хос ҳолатни ҳам кўришимиз мумкин. Маълумки, Ойбек ўзида ҳассос лирик ва теран эпик тафаккур соҳибини мужассам этган санъаткор эди. Унинг ижодий тадрижида дилбар шеърлару достонлардан романга ўтилгани, конкрет материални (мас.: Навоий мавзуси) аввалига лирик мушоҳада этиб, сўнг эпик талқинга киришгани бунинг ёрқин дилилидир.

Эпик кўламнинг кенгайгани “Ғалвирчи”нинг илк саҳналарини драматик достон ва либреттонинг илк кўринишларига қиёлансаёқ яққол кўзга ташланади. Драматик достон билан либреттонинг илк кўринишлари бир-бирига деярли ўхшаш: ҳар иккисида ҳам баҳор фасли, булоқ бошига келган қизларнинг ишқ-муҳаббат ҳақида сўзлашишлари, Жамила билан Ёдгорнинг учрашуви...— хуллас, нисбатан осойишта қишлоқ ҳаёти тасвиридан бошланади. Бундан фарқ қилароқ, “Ғалвирчи”нинг илк саҳнаси Торобийнинг: “Ажаб замон! Ўйласанг тарс ёрилиб кетасан. Ўйламасликка илож йўқ: фикр келаверади, қайнайверади. Ҳар бир ўтган кун юракнинг бир парчасини оғулаб кетади...” қабилидаги мушоҳадаларидан бошланганки, қаҳрамоннинг замон, ҳаёт, инсон ва унинг тақдири ҳақидаги ўйлари ўқувчи(томошабин)ни ғоявий-ҳиссий жиҳатдан асарни қабул қилишга тайёрланишга ундовчи дарак, олдиндаги жиддий таҳлилдан ўқувчи(томошабин)га берилган аванс гўё.

Қўзғолонга туртки берган воқеа либретто ва достонда деярли ўхшаш: биринчисида мўғуллар қишлоқ аҳлидан ўлган улуғларининг қабрига қўшиб кўмиш учун ёш қизларни талаб қилишса, иккинчисида Чиғатой учун “савғо” (“беш-ўн ҳунарманд” ва яна “хонга бир неча қиз, Сулув бўлсин, ёлғиз сулув”) талаб қиладилар. Ҳар икки асарда ҳам нисбатан осойишта қишлоқ ҳаёти тасвирининг бу саҳналарга алмашиниши кескин контрастлиликни юзага келтирадики, бу нарса уларнинг публицистик руҳи, аппелятив мақсад (яъни, ўқувчига таъсир ўтказиш) етакчилиги билан изоҳланади. Яъни, бу ўринда ўқувчи(томошабин)нинг жонланган ўтмиш билан замонаси орасида аналогиялар топиши, мўғулларга нисбатан нафратини осойишта ҳаётига раҳна солган фашистларга кўчириши кўзда тутилади. Тўғри, бунгача ҳар икки асарда ҳам мўғул истилоси оқибатлари персонаж тилидан (бирида дарвеш, иккинчисида гадо), унинг фоже тақдирини сўйлаши орқали кўрсатилади. Бироқ драматик сюжет бундан ортиғига йўл бермайди — воқеаларнинг шиддатли ривожи зарур. Жумладан, саҳналаштирилган либреттода Жамила Торобийнинг қизи қилиб (бу ўзгариш сўнгги вариантда киритилган) берилганки, бу ҳам драматик конфликтни кескинлаштириш, воқеалар шиддатини кучайтиришга хизмат қилади. Бошқа бир томони, эҳтимол, илк саҳналардаги қаршилантиришнинг ўзи қўзғолон бошланишини асослашга камдек кўрингандирки, бунга Торобийнинг шахсий мотиви ҳам қўшилади.

“Ғалвирчи”да, юқорида айтгилганидек, нисбатан осойишта қишлоқ ҳаёти ҳам, икки ёшнинг муҳаббати ҳам тушириб қолдирилади, тўғридан тўғри асосий масалага — мустамлака шароитидаги халқнинг забун аҳволини кўрсатишга ўтилади. Торобий устахонасига келган Ўрмон, кейинроқ келиб қўшилган Маржонлар билан суҳбатлашаркан, ўқувчи(томошабин) кўз олдида истило даҳшатлари ҳам, мустамлака хорликлари ҳам намоён бўлади. Ва шу асно устахонага Оташ чол кириб келади: унинг ўғлини “оқар сувда чўмилгани” учун ҳибсга олганлар. Шунинг муҳокамаси бўлиб турган маҳал ўз наздида “қут хабар” билан мўғуллар хизматидаги мансабдор қайтиб келади-да, Оташга ўғлининг озод қилиниши эвазига набираси Бодомни ҳокимга тортиқ қилишни таклиф этади. Мансабдор наздида хайрият бўлмиш бу таклиф Оташ учун — ҳақорат, чолнинг виждони қайнайди: “Қани инсоф, қани адолат? Ўзоқ йиллари икки ўғлим қўйдек бўғизланди. Бир заргар иним тириклайин Ўқтой хоннинг юртига қул қилиниб ҳайдалди, у ҳам ўлгандан баттарроқ бўлди. У вақтлар бошқа вақт эди. Биз ёв эдик, талон-босқинчилик замони эди, ит эгасини танимас, ҳар ким бошига келган номаъқулчиликни қилар эди. Шаҳарлар куйди, қишлоқлар яксон бўлди, далада экинлар тупроққа қоришди. Энди-чи? Биз Чиғатойхоннинг раиятимиз, хонимизга ҳафта ўтмай, ҳар хил солиқларни тўлаб турибмиз. Энди бу қолибдими? Отасининг йўқ гуноҳи бадалига унинг қизини — набирамни қўлингизга тутқизайми?”

Юқорида айтдикки, ижодкор ўтмишни ўз ҳаётий тажрибасига таяниб жонлантиради, тарихий мавзудаги асар проблемаси ҳар вақт замонавий, деб. Шундан келиб чиққан ҳолда Оташнинг гапларига разм солинса, булар, аслида, Ойбекни қийнаган саволлар эканлигини англаш қийин эмас. Оташнинг эътирофича, “талон-босқинчилик замони” ўтиб, халқ “Чиғатойхон раияти” бўлгач ҳам зулм, зўравонлик тугамаган. Агар бу ҳолни Ойбек замонига кўчирсак, инқилоб ва гражданлар уруши давридаги қирғин-баротлар тугагач ҳам ҳамон зулм, зўравонлик ҳукм сураётган 30-йиллар назарда тутилгани англашилади. Айниқса, “отасининг йўқ гуноҳи” бадалига қизини олиб кетишлари истасак-истамасак яна машъум қатағон сиёсатини ёдга солади. Ахир, Ойбек ўйлаб топилган айбловлар билан жувонмарг қилинган оталарнинг кўпини шахсан таниган, болалиги қамоқ ва сургунда кечаётган “халқ душманлари”нинг сағирларини билган; “отасининг йўқ гуноҳи” учун зуғумлар кўрган Зарифахоним билан бир умр ёстиқдош бўлган. Буларнинг барини кўрган, қатағон захмини қалби ва вужудидан ўтказиб кўрган Ойбекнинг замонасига қарата “Қани инсоф, қани адолат?” дейиши табиийдек кўринади бизга. Албатта, “отасининг йўқ гуноҳи” қабилидаги талқин ўша давр учун улкан жасорат эди. Бироқ, бизнингча, Ойбек ижод онларида асарнинг шу ҳолича эълон қилиниши ёки саҳналаштирилиши мумкинлиги ҳақида ўйламайди ҳам — у ўзини қийнаган муаммоларни идрок қилиш, дардини қоғозга тўкиш билангина машғул — чинакам ижод қўйнида.

Қўзғолонга туртки берган воқеа “Ғалвирчи”да ўзгачароқ талқин қилинади, дедик. Тўғри, сиртдан қараганда ҳар учала асарда ҳам воқеанинг моҳияти ўхшашдек. Фарқ шуки, достонда қизларнинг олиб кетилиши хоннинг кўнгил хуши учунгина, либреттода мўғулларнинг жоҳилона дафн маросимлари учун, “Ғалвирчи”да эса “отасининг йўқ гуноҳи” баҳона ҳокимга тортиқ қилиш учун. Юзаки қараганда арзимасдек кўринган бу фарқ талқинда жиддий ўзгаришларни келтириб чиқаради. Аввалги ҳар икки асарда мўғуллар ўн чоғли қизларни олиб кетадиларки, бу ўринда кулфат кўпчилик бошига ёғилганини таъкидлаш муҳим, зеро, айни шу нарса “ижтимоий буюртма”дан келиб чиқувчи муаллиф мақсадига мос. Кейингисида эса офат биргина Оташ хонадонига ёғиладики, муаллифни қийнаган муаммоларни бадиий идрок этишга шуниси қулайроқ:

     “Мансабдор.    Қиз учун эртага келамиз!
       Маҳмуд.         Кўрамиз
       Мансабдор.    Сенинг ишинг эмас!

Маҳмуд. Юрт иши — ҳаммамизнинг ишимиз. Оташ отанинг бошига тушга қора кун эртага менинг ё бошқа камбағалнинг бошига тушуви аниқ.(Халққа мурожаат қилароқ, қўл кўтариб) Яктан бўлларинг, ҳақ — бизники”.

Сир эмаски, қатағон сиёсатининг амалга ошишида “томошабин” бўлиб туришгагина яраган шалқнинг-да хизмати бор. Машъум 30-йилларда сохта, кўпинча ҳатто куракда турмайдиган айбловлар билан не-не одамларнинг ёстиғи қуритилмади. Халқимизнинг сара фарзандлари омманинг “бетараф кузатувчи” бўлиб туриши орқасида битта-битта териб кетилди. Ўзганинг бошига тушган кулфатнинг гувоҳи бўлганларнинг аксарияти, очиқ-ошкор ноҳақликдан виждони ўртаса-да, нари борса ичида ачиниб қўйди, шунинг ортиданоқ ёқасига туфлаб “алҳазар! ўзидан келиб ўзидан кетсин” дея қўрқув-ла ният қилолди, холос... Ойбек буларнинг барини кўрган, бундан изтироб чеккан. Ва кўрганларига зид ўлароқ, асарда у қандай бўлиши кераклигини кўрсатмоқчи бўлади гўё: Оташнинг бошига тушган кулфатни аритиш учун халқ қўзғалади. Зеро, Ойбек ҳам Оташ сингари “Элдан кучли нима бор жаҳонда? Хон ҳам, ҳоким ҳам, бек ҳам эл олдида чумчуқдай бўлиб қолади, агар эл расо ёвқурлик қилса...” деб ишонади. Бежиз элнинг қудрати “расо ёвқурлик қилса” шартига боғланмайди — айни шарт Ойбек замонида бажарилмаган, фожиаларнинг бир илдизини адиб шунда кўради. Элнинг бу машъум даврдаги ҳоли Бодом тилидан баён қилинади: “Ундай бўлса, улус нега бунча хўрликка чидаб ётади? Улуғлар эл оғзидан ошини юлиб олади, киссасидан тангасини қоқади, уради, ўлдиради, осади... Яна ҳамма ўз бошига, ўз ўтига ўзи қоврилиб юраверади...”

Шу ўринда яна бир фарқли нуқтага эътиборни тортгимиз келади: достон ва либреттода қизларни бевосита мўғуллар олиб кетсалар, “Ғалвирчи”да бунга мўғуллар хизматидаги маҳаллий мансабдор чоғланади. Қизиғи шундаки, пьесанинг қатор ўринларида айни шу масалага урғу бериб ўтилган. Илк бор Оташ ўғлининг ҳибсга қилинганини айтганида, Маржон шошиб савол беради: “Мўғулларми, ўзимизникиларми?” Оташ эса бунга жавобан куйиниб айтадики: “Ўзимизникиклар... Э... ҳаммаси бир гўр эмасми?...” Маълумки, мустамлака шароитида халқ ичида золимларни “ўзимизникилар — ўзгалар” тарзида ажратиш бор нарса. Айни шу хил бўлинишнинг (яъни, нафси учун халқининг душманларига хизмат қилувчиларнинг) мавжудлиги мустамлакани бардавом этувчи муҳим омиллардан эканлиги ҳам аён. Шуни ўткир ҳис қилганидан бўлса эҳтимол, халққа ўзиникидан келган зулм оғирроқ ботади: нима бўлганда ҳам уларни ўзиники деб билади, ахир, уларнинг-да бир кун келиб эсини таниб олишига, инсофга келишига умид қилади. Маржоннинг сўраш пайтидаги ҳаяжони (“Мўғуллар бўлсин-да!” дегандек гўё), Оташнинг ҳафалиги ҳам шундан. Торобийнинг ўзи ҳам, гарчи у синфий хушёрроқ (бу ҳақда қуйироқда тўхталамиз) кўринса-да, шу хил ҳисдан холи эмас:

“Маҳмуд. (мансабдорга томон икки қадам ташлаб). Бек! Андак сабр қилинг. Арзим бор... (Мансабдор ижирғаниб, кибрли вазият олади. Маҳмуд давом қилади сўзида). Биласизми, сиз ҳам шу қишлоқликсиз, ҳаммамиз бир элат — бир уруғданмиз. Бу алғов-далғов замонда сиз кўтарилиб қолдингиз. Толе ёр бўлсин! Лекин улус билан, раият билан яхши муомалада бўлишингиз керак.

Мансабдор. Мана ҳали айтдим-ку, мен ҳар вақт ёсо ва шариат йўлида юраман...”

Табиийки, бу эпизод ҳам Ойбек жуда яхши билган 30-40-йиллар воқелигидан андоза олиб яратилган. Зеро, Ойбек “алғов-далғов замонда кўтарилиб қолган”, ихтиёрига берилган ваколатдан ўзинию ўзлигини унутган, “дўпписини деса калласини келтиришга” ҳар вақт ҳозир ўнлаб, юзлаб амалдорларни кўрган, улардан зада бўлган. Шу боис ҳам шўронинг бюрократик тизимида етишган, маъмурий-қўмондонликдан ўзга бошқарув усулини билмаган ўрта ва қуйи бўғин амалдорларига хос хусусиятлар Мансабдор қиёфасида ўз аксини топади. Жумладан, бу нав амалдорларга хос ҳадеганда ҳукуматни пеша қилиш, ҳукумат номи билан дағдаға қилиш Мансабдорнинг хатти-ҳаракатларида ҳам кузатилади. У ғурур билан айтадики: “...биз ҳоқон ибн ҳоқон Чиғатойхон ҳазратларининг малайларимиз. Биз улуғ Чингиз қурган азамат давлатда адолат, осойишталик, фаровонлик ўрнатиб, салтанатнинг равнақига жонбозлик қиламиз”. Беихтиёр ҳоқонлар исми ўрнига “Ленин”, “Сталин” сўзларини қўйиб, ҳайратдан ёқа ушлайсан киши . Қаранг, Мансабдор ўзининг “улуғ Чингиз (Ленин) қурган азамат давлат” равнақига хизмат қилиши лозимлигини, айни пайтда, “Чиғатойхон (Сталин) ҳазратларининг малайи” эканлигини эътироф этаётир. Ижод онларида тарих тақдим этаётган сўз айтиш имкониятининг бениҳоя кенглиги, ўтмиш билан замонаси орасидаги муштаракликларни кашф этган Ойбек ҳайрати бизникидан чандон ортиқ бўлган эса, эҳтимол. Албатта, бу хил муштаракликлар асарда англанган ҳолда кўрсатилиши ҳам, ғайришуурий тарзда юзага чиқиб қолиши ҳам мумкин. Бироқ, агар бадиий асар эҳтиёж маҳсули ўлароқ яратилади, десак, у ҳолда англанганлик моменти кўпроқ эканлигини тан олишимизга тўғри келади. Тўғри, Ойбек айни шу хил фикрни ифодалашни кўзда тутмаган, ҳатто, ижод онларига қадар бу фикр хаёлига келмаган бўлиши ҳам мумкин. Бироқ, модомики у тарихий материал воситасида замонасини, ундаги ўзини қийнаган муаммоларни бадиий идрок этаётган экан, бу жараёнда янги фикрлар, қарашларнинг туғилиши, эскиларининг таҳрир қилиниши табиий. Зеро, эпик характердаги бадиий ижод — воқеликни бадиий идрок этиш орқали у ҳақдаги яхлит концепцияни шакллантириш ва ифодалаш жараёнидир.

Юқоридагига ўхшаш, мўғулларнинг юртимизда олиб борган мустамлакачилик сиёсати тасвири билан шўро ҳукуматининг 30-йиллардаги ички сиёсати ўртасида ҳам муштаракликлар кўзга ташланади. Жумладан, Бухоро ҳокими Маҳмуд Ялавоч Торобий бошчилигидаги қўзғолоннинг авж олиб кетишида маҳаллий амалдорларнинг ўзларини айблаб дейдики: “Айб ўзларингизда. Ярани кесиб ташламагансизлар. Маҳмуд қўлингизга тушдими, усталик билан уни жаҳаннамга юбориш керак эди. Бошлиқсиз қолган халқ бир подага ўхшаб, ўз-ўзидан тарқалиб кетар эди. Сиз сиёсатнинг бу чуқур дастурини қўллай билмагансиз...” Маълумки, Ялавоч айтаётган “сиёсатнинг чуқур дастури”ни қатағонни амалга оширган шўро сиёсатчилари тўкис қўллаганлар: халқнинг етук вакилларини маҳв этишдан мурод уни истаган томонга бошлаш мумкин бўлган подага айлантириш, қиёматгача ўз измида ушлаб туришдан бошқа эмас эди. Ялавоч таъкидлайдики, “сиёсатнинг чуқур дастури”ни амалга оширишга ҳали ҳам кеч эмас. Шу боис ҳам мажлисда қатор тадбирлар ишлаб чиқилади. Жумладан, Ялавоч Шайхулисломга “элга ваъз-насиҳат қилинг, “Торобий — дажжол, иблис лаин”, денг. Унга мурид бўлганларни кофирликка чиқаринг...” дея топшириқ беради. Табиийки, агар Маҳмудни — дажжол, унга эргашганларни кофир деб эълон қилинса, авомнинг аксариятида унга бўлган ишонч, ихлос сўнади, ҳеч йўқ шубҳа, иккиланиш пайдо бўлади. Маълумки, шўро сиёсатчилари ҳам шунга ўхшаш йўл тутганлар. Улар ёпиштирган “халқ душмани”, “чет эл жосуси” каби қатор тамғалар, матбуотдаги чиқишлар, махсус уюштирилган митингларда сўзланган “оташин” нутқлар оммага таъсирсиз қолмагани, шубҳасиз. Кўпчиликнинг бу хил найрангаларга учгани, сохта айбловларга дилдан ишонганлари боис қатағонни маъқуллаганлари ҳам сир эмас. Ялавоч қўллаган тадбирлардан яна бири шуки, у Торобий лагерига ўзининг одамларини — хуфяларни қўйган, мақтаниб айтадики: “бизнинг кўзларимиз у ерда овини қидириб юради”. Табиийки, бундан ҳам хуфиялик, чақимчилик авж олган, учинчи одам қўшилган жойда оғиз очишга чўчиб қолинган давр, муҳит саси келади. Ниҳоят, белгиланган тадбирларнинг охиргиси — энг даҳшатлиси Торобийнинг синглисидан фойдаланиш бўладики, ака-сингил орасига нифоқ солинади. Ғоявий асосда қардошлик ришталарини узиб, жигарларни-да ажратиб юборишга интилиш амалиёти эса, маълумки, қатағон даврида кенг кузатилган ҳодиса эди... Албатта, умуман мустамлакачилик сиёсатига хос универсал хусусиятлар мавжудлиги ҳам бор гап. Шундай бўлса-да, Ойбек асардаги деталлар, ҳолатларни ўзи билган, кўрган ижтимоий муҳитдан олганига кўпроқ ишонгимиз келади. Негаки, юқорида кўрганимиздек, пьесанинг кўп нуқталари бизга истасак-истамасак юртимизнинг яқин ўтмишидаги ҳодисаларни эслатаверади.

Юқорида айтдикки, Оташнинг ўғлини “оқар сувда чўмилгани учун” ҳибсга олдилар. Оташ бу хабарни етказган чоқдаги Ўрмоннинг реакцияси эътиборга лойиқ: “Бу қандай чиркин қонун! “Оқар сувда чўмилма!” Дининг, йўл-йўриғинг билан ер қаърига кир, аҳ, мўғул!” Ҳар қандай мустамлакачи сингари, мўғуллар ҳам ўзлари забт этган юртларда ўзларининг тартиб қоидаларини ўрнатмоқчи бўладилар. Табиийки, бу тартибларни қабул қилиш мустамлака халқи учун энг оғири, сабаби, унинг аждодларидан қолган ўз анъаналари, удумлари мавжуд. Маданияти, эътиқоди, турмуш тарзи каби муҳим нуқталарда бир-биридан тамом фарқли икки халқнинг тенг бўлмаган муносабати ассимиляцияга (яъни, улардан бирининг иккинчисига сингиб кетиши, иккинчисига ўхшаб қолиши) олиб келиши тайин. Бас, мағлуб халқнинг янги тартибларга қаршилиги — англанган ё англанмаган тарздаги ўзининг халқ сифатидаги ўзлигини сақлаб қолишга интилишдирки, бу ҳам табиий, ҳам зарурий ва ҳам қонуний ҳодисадир. Оташ “отасининг йўқ гуноҳи учун” деганида ўзича тўла ҳақ эди. Негаки, “оқар сувда чўмилиш” саҳройи мўғулларга нечоғли ёт бўлса, икки дарё оралиғида яшаган халқимиз учун шунчалик табиий эди. Яъни Оташнинг ўғли бор йўғи аждодлари минг йиллар давомида қилиб келган ишни қилди — шунинг учунгина гуноҳкор саналди: Ўрмоннинг юқоридагича кескин реакцияси шундан. Ойбек қалб кўзи тийран, нигоҳини моҳиятга қаратган мутафаккир ижодкор эди. Унинг тийран нигоҳи “янги турмуш қуриш” шиори остида миллатнинг ўзлигига тажовуз қилинаётганини илғай олди, тарих билан мулоқот уни шу қарашда мустақим этдики, “Ғалвирчи”да айни шу масалани бўрттириброқ ўртага қўйди.

Мустамлака юртда манфаати шахсияни ҳар недан устун қўйгани ёки миллий ғурурдан буткул мосуво эканлиги боис ўзгаларнинг тартиботини бир неъмат сифатида қабул қиладиган, ўзгаларнинг кепатасига осонгина кирадиганлар ҳам ҳар вақт топилган. Ойбек шундайлардан бирини Тўсинбой тимсолида гавдалантиради. Оташ Тўсинбойдан ҳокимлар қошида ўғлининг гуноҳини сўраб беришни ўтинганида у: “ўғлинг улуғ Чингизхон ёсосини бузди, ёсонинг амрини шариатдан ҳам юқори, эзгу тутиш керак...”- дея рад этади. Ойбек ўз замонида янги мафкурани сингдириш йўлида миллий қадриятларнинг топталаётганини, энг ёмони, унга сидқидилдан берилиб манқуртга айланаётганларни кўради, ҳодисадан жиддий ташвишланади — унга нафратини ифодалайди.

Мазкур масала Ойбекни чуқур ташвишга солганини шундан ҳам билса бўладики, “Щит народа” пьесасида бу муаммо янада бўрттириб қўйилади. Жумладан, Шамсиддин Маҳбубий билан Чиғатойхон тўқнашувининг асосида шу масала ётади:

“Чагатай. Ты видишь не то, что нужно, мусульманин. В сборнике наших законов Ясе сказано: нет правды иной, кроме правды монгольской. Монголы одни владыки мира. И нет выше народа монгольского.

Махбуби. А у нас есть свой закон. До того, как вы пришли к нам, мы жили по-своему и знали свою правду и свою справедливость”.

Олимнинг мантиқли гапларига муносиб жавоб тополмаган, унинг ҳақиқати олдида ожиз қолган мўғулларга биргина йўл қолади — зиндонбанд этиш. Махбубийнинг гапи асосида “ҳар бир халқнинг ўз ҳақиқати, ўз адолати бор, бас, у шулар асосида яшашга ҳақли” деган табиий бир мантиқ ётади. Албатта, мазкур саҳнада “олий ирқ” даъвосидаги фашистларга ишора қилингани шубҳасиз . Айни пайтда, агар юқоридаги мулоҳазаларимиз контекстида қаралса, яна Ойбек яшаган ижтимоий муҳит билан боғлиқлик бор дейишга ҳақлидекмиз. Зеро, “нет правдў иной, кроме правдў монгольской” қабилидаги даъво “Правда”да эълон қилинган ҳақиқатгина ягона ва олий ҳақиқат” деб билган тузумга ҳам хос эди.

Тўғри, асарнинг ҳамкорликда ёзилгани бу фикрга нисбатан андак шубҳа уйғотиши, унга “Ғалвирчи”га каби ёндашмаслик лозим, деган эътироз туғдириши табиий. Бироқ шу йўсин ўйлашимизга изн берувчи бир қатор асосларимиз ҳам йўқ эмас. Аввало, Ойбек ҳамкорликка қадар бу мавзуда иккита асар яратган ва учинчиси устида ишлаётган эди, бас, унинг ижодий тажрибаси ҳамкорликда етакчи бўлиши табиийроқ. Иккинчидан, А.Дейчнинг тақдир тақозоси билан бир муддат Тошкентда яшаб турганининг ўзи ижодий ҳамкорликка омил бўлолмайди, бунинг учун икки адиб орасида маънавий-руҳий, фикрий яқинлик, қарашлар муштараклиги ҳам зарур. Иккала адиб томонидан пьесани ёзиш ҳақида шартнома тузишни сўраб берилган аризада, жумладан, шундай дейилади: “... когда славнўе сўнў узбекского народа плечом к плечу с другими народами Советской странў сражаются против фашистских варваров, - задача писателей всех видов поэтического оружия внушать своему народу чувства гордости, достоинства и чести” . Аризада “ўзбек халқининг қаҳрамонона ўтмишига мурожааат қилиб, шўро томошабинининг қалбини тўлқинлантира оладиган” (яъни, вазифани уддалашга имкон берадиган) образ топилгани таъкидланади. Эътибор қилинг: муаллифлар тарихга мурожаат қилишдан мурод халққа “ғурур-ифтихор, қадр-қиммат, ор-номус” туйғуларини сингдиришдан иборатлигини таъкидлайдилар. Бу туйғулар эса, маълумки, миллий ўзликни таниш, танитишнинг асоси. Асарнинг ёзиб тугалланган илк кўриниши кўздан кечирилса, ҳақиқатан қам шу мақсаднинг устивор эканлигига амин бўламиз.

Илк саҳнада Бухоро ҳокимининг хазиначиси Кичик Қурбоннинг ўз ўғли — Самарқандда мадраса таҳсилини олиб эндигина уйига қайтган Бургут билан суҳбати берилади. Ота билан ўғил — бошқа-бошқа олам. Отасининг мўғуллар хизматида экани, уларга қўшилиб ўз халқига зулм қилиш ҳисобига давлат орттираётганидан ўғил эзилади; ота эса буни ўзининг оқиллиги, уддабуронлигига йўйиб фаҳрланади. Шалқнинг аянч аҳволи ҳақида гапирган ўғлига ота насиҳат қиладики, “ҳар нарсага эътибор беравериш ножоиз, баъзан атрофга кўз юмиш фойдали”. Ўғил эса, аксинча, “қалб сўқирлиги кўз сўқирлигидан баттар” деб билади. Ота ўғлини Чиғатойни кутиб олиш тараддудидаги ҳоким саройига бошлаб келаркан, уни саройга яқинлаштиришни, ўзларининг қаторига қўшишни ният қилган. У ўғлининг гапларини ёшликка хос ўткинчи кайфиятга йўяди, уни “йўлга солиб” олишига ишонади. Ота янглиш ўйлайди: Ялавоч билан суҳбат давомида Бургутнинг дунёқараши тўла шаклланиб улгурган шахс эканлиги кўрилади. Табиийки, Ялавоч Бургутни “ўз одами” деб билади, шу боис уни хизматга тайин этмоқчи, бироқ у таклифни рад этади:

Буркут. Я не гожусь вам, несравненный правитель. Книга и калам, кусок сыра и свежая вода — все, что мне нужно. Я не могу служить поработителям народа.

Махмуд (смеется сочным, деланнўм смехом). Хорош джигит, нечего сказать. Ну, что ж, говори всю правду. Ты и меня называешь поработителем? Ведь я служу монголам.

Кичик Курбан. Молчи, сын мой. Не забывай, что справедливый Махмуд Ялавач...

Буркут (перебивая). Справедливый Махмуд Ялавач знает, что лучше быть пастухом у своего народа, чем правителем у чужого...”

Эътибор берилса, Бургут биринчи гапида “поработителям народа” (яъни, сўзма сўз “халқни қул қилувчилар”, асар ёзилган давр контекстида “эксплуататорлар”) дейди, гўё умуман эзувчилар ҳақида гапиради. Ялавоч йигитнинг нима демоқчилигини билди, шу боис ясама кулги билан гапиради. Ҳокимдаги ўзгаришни сезган ота вазиятни юмшатишга интилади, бироқ Бургут унинг гапини бўлиб, мустамлакачиларга хизмат қилишни ўзига ор деб билишини очиқроқ англатади. Равшанки, Бургутнинг бу хил қарашлари мадраса таҳсили давомида шаклланган, демак, мадрасада Маҳбубийга ҳаммаслак, фикри озод кишилар оз эмас. Бургутнинг Маҳбубийга эътимоди баландлиги, уни “буюк инсон”, “нури дониш”, “башар виждони” дея улуғлаши бежиз эмас. Дарвоқе, Чиғатой ҳузурида Маҳбубий ғойибона шогирдининг юксак ихлосига ҳар жиҳатдан муносиб тутади ўзини. Олимнинг тафаккур қуввати, мантиқ кучи олдида ожиз Чиғатой банди қилдириш билан қўрқитмоқчи бўлганида, у “сен менинг жисмимни кишанлай оласан, фикримни (руҳимни) кишанлай олмайсан” дея жавоб беради. Шубҳа йўқки, бу — халққа “ғурур-ифтихор, қадр-қиммат, ор-номус” туйғуларини сингдиришга хизмат қиладиган образлардан бири. Бироқ у ижтимоий буюртмагагина хизмат қилиб қолмайди, негаки, у — инсон шаъни, эрки, ҳақ-ҳуқуқи дахлсиз юксаклигини таъкидловчи образ. Бу эса тоталитар тузум айни кучга кирган, шахс эрки ва ҳақ-ҳуқуқи топталган замонда ўқувчининг ўзини баҳолаши учун бир мезон, эҳтимолки, муаллифлар соғинган идеал эди.

Тугатилмаган пьесанинг қатор ўринлари муаллифлар замонасида юз бермиш ижтимоий ҳодисаларга муносабат масаласида якдиллар, дейишга имкон беради. Масалан, Кичик Қурбон ўғлини саройга бошлаб келаркан, унга насиҳат қилиб, “ҳақиқат-ку” дея ҳар хил гапни гапирмасликни тайинлайди: “Остерегайся, мой сын, лишнего слова в Бухаре. Здесь стены, двери и потолки имеют уши. Не расчитывай на знатность рода, на высокое положение отца. Знаешь, как говорится в народе: несчастного собака достанет и на верблюде”. Эътиборли жиҳати шундаки, 30-йиллардаги “чақимчилик” авж олган муҳит акс этганидан ташқари, парчада атайинлик (яъни, онгли равишда замонга муносабат билдириш) моменти ҳам яққол кўзга ташланади. Аввало, “камбағални туянинг устида ҳам ит қопар” мақоли “бахтсизни туяни устида ҳам ит қопар” тарзида берилганки, бу билан қатағон юҳоси одамни кимлигига (эгаллаган мансаби, насаби, кўрсатган хизматлари, партияга мансублиги ва ҳ.) қарамасдан домига тортгани таъкидланади. Иккинчидан, қатағон сиёсатини оқлаш учун “социализмнинг қарор топиши баробари синфий кураш ҳам кучайиб боради” деган даъво олдинга сурилгандики, “камбағал”нинг “бахтсиз”га алмаштирилгани бу даъвони пучга чиқаради. Зеро, “бахтсиз” аниқловчиси синф танламайди, синфий моҳиятни таъкидлаш учун мақолнинг аслича қолгани маъқул бўларди. Шундай экан, бу ўзгариш муаллифлар фикри расмий нуқтаи назардан фарқли эканлиги боис киритилган. Шунга ўхшаш, “чақимчилик” авж олган муҳитга муносабат билдиришга “деворнинг қулоғи бор”лигининг ўзи кам кўрингандирки, “девор, эшик ва шифтларнинг қулоғи бор” дея кучайтириб, таъкидлаб айтилади. Бундай муносабат эса, ўйлашимизча, кўпроқ шу муҳитдан юраги зада одам руҳиятига кўпроқ хосдир.

“Ғалвирчи”да яратилган мўғул хонлари образлари билан шўро доҳийлари орасида муштараклик кузатилиши ҳақида юқорида айтиб ўтдик. Шунга ўхшаш ҳол “Щит народа” пьесасида ҳам бўртиб кўзга ташланади. Чиғатойнинг Бухородаги аҳвол ҳақида Илдиз нўён билан суҳбатига диққат қилинса, бунга амин бўлиш мумкин:

“Чагатай. Так. А много ли этих врагов здесь у меня?

Илдиз-Нойон. Тебе, царь народов, не страшны никакие враги. Сильны твои войска, и никто не может одолеть их.

Чагатай. Так. А много ли у меня здесь друзей?

Илдиз-Нойон. Друзей и тысячи мало, а врагов и одного много.

Чагатай. Если есть один враг — отруби ему голову. Если их много, то и деревьев много для виселиц.”

Энди биз кўрган муштаракликларга келсак. Биринчиси: нўённинг Чиғатойга “царь народов”(“халқлар шоҳи”) дея мурожаат қилиши Сталинга нисбатан кўп ишлатилган “отец народов” (“халқлар отаси”) иборасини ёдга солади. Айни шу мурожаатнинг образни англашга йўналтирувчи сигнал вазифасини ўташи кўзда тутилган бўлиши ҳам, эҳтимол. Иккинчиси: кейинги йилларда Сталинга хос бўлган “ўз ҳаёти учун мудом хавфсираш”дек руҳий хасталик ҳақида жуда кўп ёзилгани маълум. Айрим мутахассислар “халқлар отаси”нинг ҳар ердан душман қидириши, душман деб билганларини аёвсиз қирғин қилишини шу хасталик билан изоҳлайдилар ҳам. Бундай одамнинг ҳеч кимга ишонмаслиги, ҳар кимда, аввало, душманни кўриши ҳам табиий, албатта. Пьесадаги Чиғатой айтадики: “Я никому не верю. Все лгут: богатўе и беднўе, бек, водовоз...” Бундай одамдан ўз ноибига душманларни битта қўймай (“Агар душман битта бўлса — калласини ол. Агар улар кўп бўлса, уларни осишга дор солиш учун дарахтлар ҳам бисёр”) қириш ҳақида кўрсатма берилиши ҳеч ажабланарли эмас. Мудҳиш қатағон сабабларини таҳлил қилган муаллифлар юқоридагича ташхисни ўшандаёқ қўйиб қўйган бўлсалар, не ажаб?! Ниҳоят, учинчиси: уруш арафасида “совет қўшинларининг енгилмаслиги-ю ҳеч бир душман унга чўт эмаслиги” ҳақида чўпчак тўқилган, ҳаммани шу чўпчакка ишотиришга ҳаракат қилинган эди. Шўро ташвиқотининг шу чўпчагига ишониб ғафлатда қолган халқ урушнинг бошидаёқ зўр талафот кўрди. Уруш аввалидаги зўр муваффақиятсизликлар, халқ бошига тушган шўришлар сабабларини обдон мушоҳада қилган калласи бутун одамлар — муаллифлар буни назардан қочиришлари мумкинми эди?!..

Асардаги яна бир нуқтага айрича эътибор зарур. Бургут Ялавочга дилидагини айтгач, у ўзи бажараётган вазифанинг муҳимлиги, шу вазифани бажариш асноси у ўз халқини озми-кўпми ҳимоя қилишини айтади. Ҳақиқатан ҳам у Илдиз нўённи инсофга чақиради, Чиғатойни йўлга солишга ҳаракат қилади. Шуниси муҳимки, пьесада истилочиларнинг нафақат мустамлака халқига, балки, ўзларига сидқ ила хизмат қилаётган маҳаллий амалдорларга ҳам паст назар билан қараши, ҳақоратомуз муносабатда бўлишлари таъкидланади. Масалан, маҳаллий амалдорлардан бири Илдиз нўёнга мурожаат қилади-да, хизмат вазифасига кўра юрт кезиши лозимлигини айтиб, дурустроқ от беришларини сўрайди. Бунга жавобан илдиз нўён масхаралаб айтадики: “А по-моему, для тюркского баскака довольно и серого ишака”. Шунинг ортиданоқ муаллиф ремаркаси берилади: “Среди бухарских чиновников гул протеста”. Ялавоч мўғулни инсофга чақирганида, у: “Хозяева — мы. Вў должны исполнять нашу волю”,- дея манманлик билан жавоб беради. Ёки, саройга келиши биланоқ Чиғатой нўённи йўқлаб, сўрайди:

“Чагатай. Рассказывай, что знаешь. Как живется моим людям в Бухаре.

Махмуд (выступая вперед). Великий хан, под твоим мудрым правлением благоденствует наша страна.

Чагатай. Я не спрашиваю тебя, Махмуд Ялавач. Я говорю о монголах, а не о мусульманах. Пусть ваш бог, если он есть, думает о вас”.

Кўрамизки, мўғуллар зулми остида эзилган меҳнаткаш омма ҳам, уларнинг хизматидаги амалдорлар ҳам, аслида, қисматдош. Яъни, бундан кун тартибидаги биринчи масала “эзувчи — эзилувчи” тарзида эмас, “истилочилар — мустамлака халқ” тарзида қўйилиши керак, деган фикр келиб чиқади. Шуниси борки, бу хил талқин аввалдан режалаштирилган. Пьеса сценарийсига кўра, иккинчи кўринишда Торобийнинг собиқ шаҳзода Ўрхонбек билан учрашиб дўст тутинишлари айтилади-да: “От царевича до ситовҳика — все должнў объединиться для борьбў с подлўми захватчиками”,- дейилади. Ойбек ижодида Торобий мавзуси талқинидаги тадриж кузатилса, бошдаги ўта кескин синфийликнинг аста сусайиб боришига амин бўламиз. Достон ва либреттода меҳнаткашларнинг бари — ватан озодлиги учун курашчилар, маҳаллий бойлар, амалдорлар, руҳонийлар — бари мўғулларнинг иттифоқчилари қилиб кўрсатилган эди. Эпик кўлам кенгайган “Ғалвирчи”га Хонботир образи киритилган. Маҳбубий томонидан юборилган бу собиқ шаҳзодага Торобий ўзини кўп ҳам яқин олмаганидек, бошқа қўзғолончилар ҳам ундан бироз ётсираб турадилар. Хонботир — исмига монанд ботир, жасур йигит, унинг юраги мўғулларга нисбатан ўч, интиқом ҳисси билан тўлиқ. Бироқ у Торобийнинг кейинги сиёсатига — бойлар, савдогарлар, амалдорлар мулкининг мусодара, ўзларининг қувғин қилинишларига қўшилмайди. Гарчи Хонботирнинг қўшилмаслик сабабини унинг тахт илинжида эканлиги билан изоҳлайдиган ўринлар бўлса-да, талқиннинг қандай якун топиши бизга қоронғу. “Щит народа”да эса талқин ўзгачароқ: Ўрхонбек билан Торобий тасодифан учрашадилар, уларни мўғулларга нисбатан нафрат, мустамлакачиларга қарши курашиш мақсади бирлаштиради, дўст қилади. Ўрхонбек курашда мардлигу жасорат, дўстликда садоқат кўрсатади. Бироқ Торобийнинг кейинги сиёсатига қўшилолмайди, у билан видолашиб, яна дарбадар ҳаётига қайтади.

Фикримизча, замонаси ва замонадаги ўзини англаш эҳтиёжи билан Торобий мавзусига қайтган Ойбек руҳиятидаги ички зиддият “синфийлик” масаласи билан чамбарчас боғлиқ эди. Адиб тарих билан жонли мулоқот жараёнида ўзи ишонган ғояни ҳам, инғқилобга муносабатини ҳам қайта кўриб чиқиш имконига эга бўлди. Юқорида кўрдикки, у синфийлик масаласига-да ўзгача ёндашишга интилди, лекин адиб бу масалада тугал фикр, хулосага келишга, ички зиддиятни бир тараф ҳал қилишга ҳали тайёр эмас эди. Асарнинг тугалланмай қолгани ҳам шундан, — муаллифнинг ўзак масалада тугал фикрга келолмагани, ўзининг замонаси ҳақидаги яхлит концепциясини тўла шакллантира олмаганида бўлса, эҳтимол. Бу фикримизни “Қутлуғ қон” мисолида ҳам қувватлашимиз мумкиндек кўринади бизга. 30-йиллар адоғида, жамият ҳаётидаги мудҳиш ҳодисалар шоҳиди бўлган, қатағоннинг мудҳиш нафасини ҳар лаҳза туйиб турган Ойбекнинг социализм ғояларига ишончи дарз кетиши табиий эди. Айни шу хил руҳий ҳолатда у инқилоб арафасидаги Туркистон воқелигини қаламга олиб, юртининг яқин ўтмишдаги тараққиёт йўлини бадиий таҳлил қилди: ўзи қаламга олган даврда ҳақиқатан ҳам тублик ўзгариш зарур бўлганига, бу ўзгаришни меҳнаткаш халқ амалга ошириши мумкин бўлганига қайтадан имон келтирди. Бироқ Ойбек инқилобнинг натижаларидан, 30-йилларда шўро олиб борган сиёсатдан қониқолмас эди. Шу зиддият боис ҳам у “Қутлуғ қон”га 1916 йил воқеалари билан нуқта қўйди, инқилобни тасвирламади, унга муносабатини ифодаламади. Фақат 1957 йилга келиб, борки иллатларни Сталин шахсига ағдариш орқали ўлаёзган ғояга сунъий нафас берилгач, Ойбек романнинг мантиқий давоми — “Улуғ йўл”ни ёзишга жазм эта олди...

Ҳа, Торобий мавзусидаги ҳар икки асар ҳам тугалланмай қолди. Албатта, Ойбекдек улкан истеъдод учун муфассал режалари-да тузиб қўйилган пьесани тугаллаш чўт эмас эди. Асарнинг тугалланмай қолиш сабабини юқорида ички зиддият билан изоҳладик. Борингки, бунга кўриб ўтганимиздек талқинлар имкони мавжуд асарнинг дунё юзини кўриши маҳоллигини ҳам қўшайлик. Шунда ҳам, бунинг асосий сабаби, бизнингча, Ойбекнинг ўта ҳалол адиблиги — ижодкор ўзи ростмана англаган ҳислари-ю қалб қозонида обдон қайнаган фикрларини, ўзи илдиз моҳиятига етиб борган ҳақиқатларнигина ифодалаши лозим, деган эътиқодда яшагани билан изоҳланади.

 
 
Сайт создан в системе uCoz