“Мен не дейдирман...” (Устоз Н.Каримовга жавоб хати)

Dilmurod Quronov

Ҳурматли домла! Аввало, каминанинг илмий изланишлари ҳақида айтганингиз илиқ гаплар, мақолам ҳақидаги фикрларингизни ўртоқлашишга фурсат топганингиз учун Сизга беҳад ташаккур. Домла, мақолам нима учун Сизда эътироз уйғотганини хўб ўйладим ва шундай тўхтамга келдимки, бу иккимизнинг масалага ёндашишимизда қатор фарқли нуқталар борлиги билан изоҳланар экан. Муайян бадиий асар ҳақида турли нуқталардан туриб чиқарилган фикрларнинг ҳар бири ўзича ҳақ бўлиши мумкинлигини тан олганим ҳолда, хатни жавобсиз қолдириш одобдан эмас, деган андиша билан ёзишга жазм қилдим...

Модомики, сарлавҳага чиқарганингиз “Ҳамид Олимжонни биласизми?” саволи менга қаратилган экан, аввал шунга жавоб қилсам. Тўғри, камина Ҳ.Олимжон ҳаёти ва ижоди билан Сиз каби махсус шуғулланган эмас, бироқ бу нарса бир ўқувчи, бир адабиётшунос сифатида унинг тасаввурида ҳам ўзи билган, ўзи таниган Ҳ.Олимжон яшай олишига халал бермас. Хатингизни ўқиб амин бўлдимки, Сиз билган Ҳ.Олимжон билан менинг тасаввуримдаги Ҳ.Олимжон суратан бир-бирига ўхшаш, сийратан бошқа-бошқа кўринади. Негаки, Сиз билган “Ҳ.Олимжон фақат 1937 йили эмас, ҳатто уруш йилларида ҳам заррача ўзгармаган эди”. Кечирасиз-у, бунақа гапни шоир ижодини чуқур билган Сиздек олим эмас, мабодо Ҳ.Олимжоннинг ўзи ўз оғзи билан айтганида ҳам ишонмасликка ҳаққим бор. Зеро, тирик одам муттасил ўзгаришда бўлади: ҳаётда босгани ҳар бир одим, нигоҳи тушган ҳар бир нарса, қулоғига кирган ҳар бир товуш, қўйингчи, умрнинг ҳар лаҳзаси унинг онгию қалбида ўзига сездириб ё сездирмай из қолдиради, қарашлари, тасаввурларига таҳрирлар киритади. Менинг тасаввуримдаги Ҳ.Олимжон — тирик одам, боз устига, истеъдодли одам. Шунга кўра, гарчи у 1935 йилда “Абулфайзхон”да совет давлатига қарши илмоқли гаплар борлиги учун” Фитратга маломат ёғдирган бўлса-да, “Муқанна”гача ўтган даврда мутлақо ўзгаришсиз қолиши мумкин эмас. Аксинча, ўзингиз айтмоқчи, “1937 йилдан аранг омон қолган” экан, Ҳ.Олимжон учун замонасини, замонасидаги ўзини қайта идрок қилиш заруратининг чинакам маънавий-руҳий эҳтиёжга айланиши муқаррар эмасми?! Назаримда, шоир ҳақида аввалдан шаклланган қатъий фикрингиз борлиги учун ҳам “Мазкур асар (“Муқанна”-Д.Қ.) орқали собиқ совет мамлакатида рўй берган қатлиом ҳақида сўзлаш зарурати, адолатсизликлар, зулм ва зўравонликларга муносабат билдириш эҳтиёжи Ҳамид Олимжоннинг ҳатто тушига ҳам кирмаган”, дея кескин ҳукм чиқарасиз. Мазкур ҳукмингизни Сиз Ҳ.Олимжон 30-йилларда, хусусан, уруш даврида яратган асарлар руҳидан келиб чиқиб асослайсиз. Каминанинг бу масалада фикри ўзгачароқ бўлгани учун ҳам мақолада “Муқанна”ни шоирнинг уруш давридаги бошқа асарлари сирасидагина кўриш хато бўлур эди” деб ёзгандим. Негаки, мақолада айтилганидек, “истеъдоднинг чинакам санъат асарига дўниши учун ижодкор ҳаётни гўё “четдан” эстетик мушоҳада қила олиши, бошқача айтсак, руҳан “узлат” ҳолатида бўлиши даркор” ва, фикримча, “Муқанна”ни яратиш онларида ўтмиш билан мулоқотга киришган Ҳ.Олимжон айни шундай ҳолатда эди. Ваҳоланки, шоир меросидаги кўплаб асарларда бу ҳол кузатилмайди. Сабаби: “мурғак ёшиданоқ шўро таъсирида шаклланган, ўзига сингдиргани ёлғон ҳақиқатларга чин ҳақиқат дея юракдан ишонган ва ўсмирларга хос ўжар фидойилик билан даврнинг зиддиятли ғоявий курашлари майдонига кирган фаол шахс ҳаёти, ижоди, фаолияти тенденциоз бўлмаслиги маҳол эди”. Айтмоқчиманки, булар ижодкор ўзи ичида қайнаб тургани ҳаёт ҳақида, ундан узилмаган ва чинакам эстетик мушоҳада қилмаган ҳолда яратган асарлар эди. Яъни, бу асарлар чинакам ижод маҳсули бўлмиш санъат ҳодисаси сифатида эмас, кўпроқ муаллиф реал ижтимоий-сиёсий фаолиятининг бевосита давоми ўлароқ майдонга келган. Шуларга кўра, юқоридагича икки турли ҳодисага бир хил мезон билан ёндашиш бизга мақбул кўринмайди.

Шу ўринда қарашларимиздаги яна бир муҳим фарққа тўхталсак. Эсингизда бўлса, мақоламнинг адоғида: “Муқанна”да бевосита ўзи яратилган пайт — уруш даврининг ижтимоий-сиёсий ҳолатига қаратилган акутал мазмун юзадаёқ қалқиб туради. Бу ҳақда кўп фикр билдирилгани, иккинчи томони, мақсадимизга кирмагани боис биз бунга тўхталмадик. Аксинча, биз уни фикран олиб ташлаб, асарнинг чуқурроқ қатламларига назар солишга, шу орқали муаллифининг ижод онларидаги руҳиятини тасаввур қилишга, ўй-фикрларини уқиш, ҳис-туйғуларини кўнгилдан кечириб кўришга интилдик”, дейилган. Сабаби, камина конкрет бадиий асарда реал ҳаётдаги санъаткор эмас, балки кўпроқ ижод онларидаги санъаткор аксланади деб биламан. Шуниси ҳам борки, бу иккисининг орасига асло тенглик аломати қўйиб бўлмайди. Зеро, ижоднинг илоҳий онларида санъаткор Идеал қўйнида яшайди, у энди бошқа бир маънавий-руҳий бутунликни ташкил қилади. Санъаткорнинг бунгача кечган ҳаёти, бамисоли зикр сўфийни жазба ҳолатига келтирувчи восита бўлгани каби, айни шу маънавий-руҳий бутунликни етилтирадиган восита, холос. Ижод онларидаги санъаткор воқеликни Идеал орқали идрок қилади, Идеал асосида унга ҳиссий муносабат билдиради, Идеал мезони ила баҳолайди. Сираси, чинакам маънавий-руҳий эҳтиёж ҳосиласи ўлароқ вужудга келган ижод онларида Идеал санъаткорга, санъаткор Идеалга сингиб кетадики, айни шу ҳолат маънавий-руҳий бутунликдир. Модомики, бадиий асарда ижод жараёни моддийлашар экан, санъаткорнинг бунгача кечган ҳаёти унга генетик жиҳатдангина алоқадор. Яъни, санъаткорнинг ҳаётига оид тафсилотлар бизга унинг ижод онларидаги руҳий ҳолатини тасаввур (ҳис) қила олишимиз учунгина керак. Айтмоқчиманки, асарнинг мазмун-моҳиятини айни шу тасаввур (ҳис) очишга ёрдам беради, тафсилотларнинг ўзи эмас. Назаримда, Сиз муаллиф ҳаётига оид тафсилотларнинг ўзини “Муқанна”га очқич қилаётирсизки, шу нуқтада йўлимиз айро тушаётир...

Қарашларимиздаги яна бир фарқли нуқта шуки, Сиз “тарихий мавзуда ёзилган асар персонажларининг гаплари ҳар доим ҳам асар ёзилган даврга тааллуқли бўлавермайди. Бу ҳол муаллифнинг ғоявий мақсади билангина боғлиқ”, деб ҳисоблайсиз. Тўғри, фикрингизнинг биринчи қисми аён ҳақиқат (чунки “ҳар доим ҳам ... бўлавермайди” деганингизнинг ўзи “шунақа ҳам бўлади” дегани), камина ҳам бу хил даъводан йироқ. Бироқ “бу ҳол муаллифнинг ғоявий мақсади билангина боғлиқ” дейишингиз, фикримча, хато. Негаки, бу хил ёндашувда тарихни муаллиф ғоявий мақсадидан келиб чиққани ҳолда хоҳлаган кўйга солиши мумкин бўлган жонсиз материал деб тушунган бўламиз. Ҳолбуки, адабиёт тарихи тасвир учун танланган ҳаёт материали ёзувчига бўйсунмай қўйиши мумкинлигига кўплаб ёрқин мисоллар беради. Шуни кўзда тутиб мақолада “биз одатланган тарихга мурожаат қилди” деган жумла аслида моҳиятга унчалик мос келмайди. Негаки, тарих жонсиз фактлар мажмуигина эмас. Шахс онги тарих билан тўқинганида ўша фактлар жонланади. Шуниси ҳам борки, бир томондан, фактлар шахс орқали, яъни, унинг кайфияти, ҳолати, қарашларига боғлиқ ва уларга мос ҳолда жонланади; иккинчи томондан, жонланган тарих шахснинг ҳолати, кайфияти, қарашларига зарур таҳрирлар киритади. Демак, шахснинг тарихга “мурожаат”и моҳиятан иккиёқлама жараён — мулоқот экан”, деб ёзгандим. Агар тарихий асарнинг даврга алоқадорлиги, Сиз айтмоқчи, “муаллифнинг ғоявий мақсади билангина боғлиқ” бўлиб қолса, ўтмиш билан мулоқот, демакки, ижоднинг ўзи мавжуд эмас. Чунки ўтмишни тайёр ғоявий қолиплар асосида талқин қилиш бадиий ижоддан йироқ тушади: бу жараён ижодга хос “яратмоқ” феъли билан эмас, кўпроқ ҳунарга хос “ясамоқ” сўзи билан ифодаланади. Камина қалбан аминманки, “Муқанна” чинакам маънавий-руҳий эҳтиёж маҳсули (жиллақурса ижод жараёнида тарихий материал билан мулоқот уни шу мақомга кўтарган) ўлароқ дунёга келган, бас, унинг устида ишлаётган пайти Ҳ.Олимжон ўзини санъаткор сифатида намоён этган, косиб сифатида эмас. ..

Хатингизда ёзасизки, “Агар шундай (яъни, шўроларга қарши маъно топиш —Д.Қ.) мақсад билан тарихий мавзудаги қайси бир асарга назар ташламайлик, ундан совет воқелигида рўй берган ҳодисаларни эслатувчи ва гўё улар устидан ёзилган айбномалардек садо берувчи сатрларни истаганча топамиз”. Ҳақиқатан ҳам шундай, бу масалада фикримиз бир жойдан чиқади, бироқ нега шундайлиги масаласида қарашларимиз яна фарқланади. Сиз бу хил маънони ўқувчи (ёки мунаққид) мақсади билангина боғлайсиз, мен эса ижод жараёни хусусиятлари билан изоҳламоқчи бўламан. Бунга мақолада мухтасаргина тўхталган ҳам эдим: “тарихий мавзуга қўл урган ижодкор замонасини ўтмиш орқали идрок этади. Бироқ бу танганинг бир томони, холос; иккинчи томони шуки, ижодкор ўтмишни замонаси орқали идрок этади, ўтмиш замона призмаси орқали гавдаланади”. Бошқача айтсак, ижодкор тарихий воқеликни замонасидан андоза олган ҳолдагина бадиий гавдалантира олади. Негаки, у ўтмишда яшаб кўрган эмас, унинг ҳаёт ҳақидаги, инсон, инсонлараро муносабатлар ҳақидаги тасаввурлари замонасида шаклланган. Яъни, ижодкор тасвирда замонасидан нечоғли узоқлаб кетмасин, бадиий талқинда ундан тамом узилиб қолиши мумкин эмас. Шунга кўра, тарихий мавзудаги асар айни пайтда замонавий мавзудаги асар ҳамдир. Шу боис ҳам мақолада “чинакам ижодий-руҳий жараён маҳсули бўлмиш тарихий мавзудаги асарда образнинг метафориклик хусусияти юксак даражада намоён бўлиши қонуният мақомидаги ҳодисадир. <...> Демак, тарихий асар воқелигининг асар ёзилган давр воқелигини ёдга солиб туриши ҳам қонуният мақомидаги ҳодиса экан”, дея таъкидлаганман.

Домла, эътибор берган бўлсангиз, жавобимда журналдаги мақоладан қатор кўчирмалар келтиришга, ундаги айрим ўринларни қайта баён қилишга зарурат сездим. Негаки, Сиз мени асардаги айрим парчани контекстдан узиб олиб талқин қилишда айблайсиз-да, ўзингиз билибми-билмай айни шу йўлдан борасиз: мақолада келтирилган асосларни умуман эътиборга олмаган ҳолда хулосаларни танқид қилаётгандексиз. Ахир, бу жанжал эмас, — баҳс, баҳсда эса ҳадеб ўзиникини маъқул қилавермасдан мухолиф томонга ҳам қулоқ тутилади, у нима деяётгани ва нечун шунақа деяётгани мушоҳада қилинади. Афсуски, хатингизда айни шу нарсани кўролмадим, уни ўқирканман, хаёлимга бот-бот сарлавҳага чиқарганим матал келаверди: “Мен не дейдирман-у, қўбизим не дер”. Чамаси, айни шу хил ёндашув хатингизнинг умумий руҳини белгилаган, ундаги оҳангни самимиятдан бироз йироқ туширган кўринади. Йўқса, каминанинг таҳлил йўсини ҳақида “хасга ёпишган чўкувчидек, маҳкам ёпишиб олиб, оламшумул кашфиёт қилган Архимеддек хитоб этасиз”; “ўзгача либос кийдирмоқчи бўласиз”; “усталик билан Ҳ.Олимжонга боғлайсиз”; “контекстдан шартта узиб оласиз-да, унинг нима муносабат билан айтилганини ўйлаб ҳам ўтирмай, бундай катта хулосани чиқармоқчи бўласиз” каби ибораларда, бироз кесатиқли, мазаҳли оҳангда ёзмаган бўлур эдингиз.

Хатингиз ниҳоясида каминанинг илгариги айбларини ҳам эслатиб, “Чўлпонга бағишланган китобингизда ҳам ўзингиз орзулаган айрим ҳолатларни ҳақиқат сифатида тақдим этган эдингиз” дейсиз. Хабарим бор, ундаги “Гўзал” шеърининг “янгича” талқинини эскидан қабул қилолмайсиз: Сиз унда конкрет аёл куйланган дейсиз, мен гўзал образида шоирнинг идеали акс этган деб ҳисоблайман. Бу ўринда гап каминанинг /айратий хотираси билан таниш эмаслигида ҳам эмас, гап кўпроқ масалага ёндашишда. Ривоят қиладиларки, Мажнунга “Лайли деганинг қоп-қора бир нарса экан, уни деб шунчалар куйиб ёнасанми?” қабилида савол берганларида, у “Менинг кўзим билан қаранг” дея жавоб берган экан. Бас, Мажнун улар кўриб турган конкрет Лайлини эмас, ўзидаги тасаввурни севади, Лайлини шу тасаввури орқали кўради. Сираси, бу барча инсонларга хос хусусият ва агар шундай бўлмаганда, эҳтимол, севги ҳақида бунчалар кўп шеър битилмаган бўлармиди?! Айтмоқчиманки, Сиз назарда тутаётган аёл ҳам Чўлпон учун бир туртки, холос, шоир унинг тимсолида идеалини куйлайди. Ўзингиз топиб айтгандек, “истиқлолни уйғотган шоир” идеалининг асосини эса истиқлол ташкил қилиши, фикримча, асло ажабланарли эмас. Иккинчи томони, нега энди Ҳазрат Навоий кўплаб асарларидаги “ёр” тимсолида Ҳақни (яъни, ўз идеалини) куйлаган, деган фикрни қабул қилиш мумкин-у, Чўлпон “ёр” тимсолида Истиқлолни (яъни, ўз идеалини) куйлаган, деган фикрни қабул қилиш мумкин эмас экан? Ахир, янгиликка нечоғли ўч бўлмасин, Чўлпон ҳам шу миллий адабий анъаналар заминида етишган шоир, боз устига, ўтган давр мобайнида бадиий ижод табиати тубдан ўзгариб кетган ҳам эмас...

Ҳурматли домла! Сизга яхши маълумки, ҳозирги замон талқин илми бадиий асар талқини адоқсиз жараён деб уқдиради. Бу эса конкрет асарнинг турли даврларда турлича тушунилиши ҳам, ҳар бир ўқувчининг уни ўзича тушуниши ҳам табиий деганидир. Бағрикенглик қилиб, ўзингизникидан фарқли талқинларнинг яшашига-да изн берсангиз, фикримча, адабиётшунослик илми бундан фақат ютади — асло ютқазмайди.

Сизга самимий ҳурмат билан

Дилмурод Қуронов

 
 
Сайт создан в системе uCoz