Адабий таълим ҳақида айрим мулоҳазалар

Dilmurod Quronov

Адабиёт инсоннинг маънавий камолотида, руҳоний юксалишида ғоят катта ўрин тутиши - аксиома, яъни исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир. Хусусан, жамиятимиз олдида турган энг муҳим вазифа – баркамол авлод тарбиясида унинг беқиёс хизматни ўтай олишига ҳам ҳеч бир шубҳа йўқ. Бироқ бу имконнинг тўла рўёбга чиқиши учун айрим шартлар кўндаланг келадики, улар бажарилмаса, ҳануз бу беқиёс кучни “ўтин ёришга сарфлаб” юрган бўлиб чиқамиз. Шу шартлардан биринчиси ва барининг асосида ётгани адабий таълимдир.

Истиқлол йилларида адабий таълим соҳасида ҳам кўплаб ўзгаришлар содир бўлди: янги давлат таълим стандартлари қабул қилинди, шу асосда ўқув дастур ва режалари ишлаб чиқилди, уларга мос дарслик ва қўлланмалар чоп этилди. Албатта, буларнинг бари адабий таълимни яхшилаш мақсадига қаратилган. Лекин ҳануз улардан кутилган натижага эришилмоқда, деб баралла айта олмаймиз. Зеро, китобхонлик маданияти кундан-кун тушиб бораётгани, бир пайтлар жуда кўп ўқийдиган халқлардан бири саналиш даъвосида бўлган халқ адабиётининг кўзгуси - “Шарқ юлдузи”дек журнал тиражининг 1000 дан ошмаётгани; матбаа жиҳати юксак савияда чоп этилган китобларнинг дўконларда чанг босиб ётгани; янги яратилаётган асарлар қизғин муҳокамаю мунозаралар уйғотмай, акс садо туратурсин, ҳеч бир сассиз беадад информация уммонига ғарқ бўлиб кетаётгани... бунга имкон бермайди. Ўз-ўзидан савол туғилади: нега? Ахир, қарийб йигирма йилдан бери шўро даври адабий таълими анъаналаридан воз кечишга, адабиётни, аввало, бадиият, санъат ҳодисаси сифатида ўқитишга интилмаяпмизми? Соҳадаги юқорида зикр қилинган ўзгаришлар асосида асли шу концепция ётган эмасмиди?! Шундайку-я, лекин... Шу биргина лекинни мушоҳада қиларкан, негадир, фикр-мулоҳазалар айланиб-ўргилиб бир нуқтага келаверади, қайта-қайта муҳокама қилинса-да, лоп этиб яна биттагина хулоса келиб чиқаверади: мақсадни тўғри белгилаганимиз ҳолда унга етишнинг маъқул йўлини танлай билмадик. Ҳақиқатан ҳам шундайми? Мақсад чинданам тўғри белгиланганми?.. Эҳтимол, тўғридир. Лекин бир нарсани, адабиётни бадиият, санъат ҳодисаси сифатида ўқитиш дегани нима эканлигини ўзимиз учун ҳали аниқлаштириб олганимизча йўқ кўринади. Яъни, айни шу нуқтада қарашларимизда умумийлик йўқ, буни ҳар ким ўзича тушунаётганга ўхшайди. Назаримда, ҳозирча биз бир қутбдан иккинчисига сакрашга тараддудланяпмиз, холос: шўро даври таълим тизимидаги адабиётни восита сифатида ўқитишдан – санъат сифатида ўқитишга, пировардида эса, очиғи, на унисини ва на бунисини рисоладагидек амалга оширолмай турибмиз.

Албатта, мутахассисларга мактаб таълимидан, адабиёт ўқитиш муаммолари билан шуғулланишдан йироқ бир кишининг бу даъвоси эриш кўриниши мумкин. Сираси, бу гапларни натижадан – қисман юқорида айтганларим ва, асосан, филология факультетига ўқишга кирган биринчи курс талабаларининг тайёргарлик даражасидан келиб чиқиб айтаман. Бир қарасанг, биринчи курс талабаларида адабиёт ҳақидаги информация доираси анча кенг кўринади. Ахир, у “трагедия – эчки қўшиғи” эканлигини, Навоийнинг “фалон байтида фалон санъат ишлатилган”и, “унинг “Ҳазойинул маоний”си фалонча байтдан ташкил топган”и... га ўхшаш беҳисоб маълумотларни жуда яхши билади-да! Лекин шўрлик “эчки қўшиғи”нинг трагедияга қандай алоқаси бор ёки трагедия ўзи нималигини билмайди, Навоий ишлатган худди ўша санъатни бошқа бир байтдан топишга ожиз, “Хазойинул маонийни” лоақал қўлига ушлаб кўрмаган... Яъни, олий даргоҳга энди қадам босган талаба мияси “адабиёт ҳақидаги информация”га тўла, лекин унинг ўзи АДАБИЁТдан йироқ. Тўғри, буни кириш тестларининг “шарофати”га йўйиб осонгина қутулиш ҳам мумкиндир. Лекин, тан олиш керак, аслида сабаб шундагина эмас, асл сабаб таълим тизимида адабиёт қандай ўқитилаётганида.

Мазкур даъвони асослаш учун Халқ таълими вазирлиги қошидаги РТМ томонидан тайёрланган “Адабиёт фанидан мажбурий стандарт назорат ишларини ўтказиш юзасидан тавсиялар”(Т.,2006)га эътиборни қаратмоқчиман. “Тавсиялар”да ҳар чорак якунида тест ўтказиш кўзда тутилган бўлиб, унинг мақсади сифатида “ўқувчининг билим, кўникма ва малакаларини синовдан ўтказиш” кўрсатилган ва БКМ элементлари саналган. Масалан, биринчи чорак учун 20 пунктдан иборат қилиб тузилган БКМ элементларини таҳлил қилсак, қуйидаги ҳолатни (рақамлаш “Тавсиялар”даги тартибга мувофиқ) кўрамиз:

1. Асар ва унинг муаллифини билиш;

2. Асар ва унинг муаллифини билиш; (?)

6. Асар ва унинг қаҳрамонларини билиш;

7. Асар ҳақидаги маълумотни билиш;

8. Ижодкор ҳақидаги матнни билиш;

10. Ижодкор ҳақидаги маълумотни билиш;

14. Ижодкор ҳақидаги маълумотни билиш; (?)

15. Шеърий санъатларни ажрата олиш;

16. Адабиёт назарияси бўйича билим;

17. Ижодкор фаолияти ҳақидаги билим;

19. Қаҳрамонни билиш;

Кўриб турганимиздек, жами 20 та БКМ элементларидан 11 таси адабиёт ҳақидаги информацияни билишга қаратилган. Табиийки, намуна сифатида тавсия этилган тест саволларини тузишда ҳам худди шу тамойилга амал қилинган: 16 та намунавий тестнинг 8 таси ўқувчиларнинг асар(ёки таржима) кимга тегишли эканини, 6 таси адабий-назарий тушунчаларни қай даражада билишини аниқлашга қаратилган. Эътироз қилиш мумкин: “Хўш, бунинг нимаси ёмон? Ахир, асар (ёки парча) кимники эканини аниқлаш учун ўқувчи матнни билиши керак эмасми?” Бир қарашда эътироз асослидек, шу тестлар ёрдамида ўқувчилар билимини холис баҳолаш мумкиндек кўринади. Аслида бундай эмас, бундай ўйлаш ўз-ўзини алдаш бўлади. Агар 7-синф боласининг сажияси эътиборга олинса, тан олиш керакки, бу каби фактларни синфдаги 30 нафар ўқувчидан биттасининг билиши кифоя, демак, БМКларни аниқлаш, ўқувчини баҳолаш холис бўлолмайди. Бундан ташқари, мабодо шуни билган тақдирда ҳам ўқувчи адабиётга яқинлашиб қолмайди, ахир. Худди шу гапни “Ҳамзатов қайси халқ шоири?”, “Туркий Гулистон” қандай асар?”, “Чор атрофга ёйганда гилам” деганда шоир қайси фаслни назарда тутган?”, “Мардлик афсонаси” қайси жанрга мансуб?” тарзидаги намунавий тестлар ҳақида ҳам бемалол айтиш мумкин. Хуллас, уларнинг аксариятини умумлаштирадиган жиҳат – адабиёт ҳақидаги информацияни шакллантиришга қаратилганидир. Албатта, танқид қилиш осон, жўяли бир таклиф бер-чи, дейишингиз мумкин. Бу ўринда Сиз ҳақсиз, аниқ бир таклиф беришга ожизман, лекин бир нарсага имоним комил: ўқувчининг адабиётдан билимини баҳолашнинг энг номақбул йўли – тест. Энди бир савол туғилади: бунақа тестлар БМК элементлари, яъни, ўқувчилар адабиётдан олиши лозим билим, малака ва кўникмаларнинг амалий кўринишидан келиб чиқяптими ё ўша БМКларнинг ўзини тестлар белгилаяптими? Менимча, кейинги ҳол ҳақиқатга яқинроқ, яъни БМКлар тестга мослашган. Энг ёмони, аслида ўқув дастур ва режалар ҳам шундай. Йўқса, масалан, 7-синф учун адабиётдан 1-чоракка ажратилган 18 соатнинг МСНИлардан ортган 14 соати давомида 7 та ижодкор ҳаёти ва ижодини, яна 5 та адабий назарий тушунчани ўрганиш кўзда тутилармиди? Яъни, қолган 14 соат ҳам ўқувчилар миясини кўпроқ адабиёт ҳақидаги информация билан тўлдиришга қаратилганки, бу информациядан келиб чиқиб исталганча (!) тест тузиш мумкин. Ахир, бу аҳволда матннинг ўзига - асарни ўқиш, уқиш, унинг бадиий воқелигида яшаб кўриш, ҳис қилиш ва ҳис қилганларини бошқалар билан ўртоқлашиш, ... кабиларга нима қолади? Назаримда, адабий таълимдаги ҳолат шундайки, у сездириб-сездирмай ТЕСТга – битирувчилар ҳаётидаги гўё энг муҳим ҳодисага мослашмоқда. Ҳолбуки, бир кунлик тест ўтади-кетади, адабиёт эса ҳаётнинг ўзидек мангу...

Юқоридаги масалага, адабиёт ўқитиш мақсадига қайтсак. Агарки адабиётни санъат, бадиият ҳодисаси сифатида ўқитмоқчи эканмиз, аввало, мақсаднинг ўзини аниқлаштириб олиш лозим. Маълумки, “бадиият икки онг тўқнашган нуқтада”(М.Бахтин), яъни асарни ўқиш жараёнидагина мавжуддир. Шундай экан, адабий таълимнинг мазмун-мундарижаси ўқувчиларни бадиий асарни ўқишга ўргатишдан иборат бўлмоғи лозим. Агар шундай йўл тутилса, адабиётни восита ёки санъат сифатида ўқитиш масаласи кун тартибидан тушиб қолади. Негаки, булар асосий мақсаднинг ҳосиласи ўлароқ табиий равишда, ўз-ўзидан ўсиб чиқаверади. Мақсад билан боғлиқ яна бир масала кўндаланг бўлади, бу - адабий таълимнинг пировард натижаси, яъни ўқувчига қўйиладиган БМК масаласи. Бизнингча, пировард натижани ҳам лўнда қилиб қуйидагича ифодалаш мумкин: ўқувчи таълим муассасасини адабий асарни ўқиш, уқиш, ҳис қилиш, ундан завқлана билиш малакаларини эгаллаган, адабиёт ўқишни ўзи учун зарурат мақомидаги табиий эҳтиёжга айлантирган ҳолда тарк этмоғи керак. Бу эса адабий таълимни шулардан келиб чиққан ҳолда ислоҳ қилиш, шуларни назарда тутиб ўқув дастур ва режалари тузиш, дарсликлар, методик ишланмалар яратиш ва, муҳими, ҳар бир машғулотни шу мақсадларга мос ҳолда ташкил этишни талаб қилади.

 
 
Сайт создан в системе uCoz