Илҳом билан ёзилган асар

Dilmurod Quronov

Ёзувчи Й.Шамшаров Абдулла Қаҳҳор ҳақидаги хотираларида поезддаги ҳамроҳининг “Даҳшат” ҳикояси тўғрисидаги қуйидаги фикрларини келтиради: “Ўтмишда аёл зоти бошидаги ҳамма хўрлик, мусибат гўё шу кичик ҳикояга жойлаб қўйилган. Ўқийсизу агар кўнглингиздаги ғазаб, нафрат ҳисси заррадай бўлса, тўп ўқидай гумбурлаб отилади: ўша Олимбек додҳога, барча додҳою бой, муллаларга қарши, уларни туғиб вояга етказган эски тузумга қарши ўқ отилади” . Бу — мактабда ўттиз беш йил адабиётдан сабоқ берган кишининг гапи. Бошқа бир китобхон, “сиёсий етук”лигини намойиш этиб бўлса керак, ёзувчига “... ўтмишда шундоқ бўлса, эҳтимол, бўлгандир, лекин ўзбек хотин-қизлари тарихининг шундай маломатли саҳифаларини ҳозир, бугунги кунда тирилтириш шартмиди? Сиз ўтмишни қаламга олганингизда, баъзан уйдирмачиликка берилиб кетасиз...” дея эътироз билдиради. Ушбу мисоллар шўро даврида “Даҳшат” ҳикоясини китобхон омманинг аксарияти қандай тушунганини ёрқин намойиш этади. Албатта, ҳикоянинг бу йўсин тушунилиши кўплаб омилларга, жумладан, мактабда адабиёт ўқитишнинг мақсади билан ҳам боғлиқ эди. Масалан, 70-йилларда чоп қилинган адабиёт ўқитувчилари учун қўлланмада “Ўғри” мисолида адибнинг ўтмиш мавзусидаги ҳикояларини ўқитишдан кўзланган мақсад қуйидагича ифодаланган: “Ёзувчининг “Ўғри” ҳикояси ўтмишдаги камбағал деҳқон Қобил бобо каби кишиларнинг эзилганлиги, таланганлиги, хўрланганлигини билишга ёрдам беради, ўқувчида эксплуатацияга асосланган тузумга ғазаб-нафрат, ўшандай даҳшатлардан абадий озод қилган Коммунистик партия ва Совет ҳукуматига чексиз муҳаббат уйғотади. Ҳикоянинг аҳамияти ҳам мана шунда” . Айтиш керак, ўқитувчиларга берилаётган тавсиялар ҳаводан олинган эмас, улар адабиётшунослик илмига таянган ҳолда ишлаб чиқилган, яъни, адабиётшуносликда ҳам ҳикоя шу руҳда тушунилган. Мисол учун қаҳҳоршунос М.Султонованинг 60-йилларнинг ўрталарида билдирган фикрини келтирамиз: “Ёзувчи “Даҳшат”да ўтмиш темасини ишлар экан, асосан бир мақсадни — ўтмишда инсоннинг эзилиши, инсонлик ҳуқуқларининг поймол этилишини кўрсатишни; эзувчи синфларга нисбатан чексиз нафрат ва шу билан эркин замонамизни янада қадрлаш ҳиссини уйғотишни кузатади” .

Албатта, бу ўринда на китобхон ва на муаллим, на методист ва на адабиётшунос айбли эмас, зеро, бадиий асар конкрет даврнинг маънавий-руҳий, ижтимоий-сиёсий эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда ва шуларга мувофиқ идрок этилади. Яъни, чинакам бадиий асарнинг мазмуни серқатлам, конкрет бир даврнинг маънавий-руҳий, ижтимоий-сиёсий эҳтиёжларига боғлиқ ҳолда ўша қатламлардан бири актуаллашаверади. Шунинг учун ҳам чинакам бадиий асар давр чегараларини тан олмайди, мангуликка дахлдорлик даъвосида қолаверади. Зеро, агар ўтмишда яратилган асар китобхоннинг бугунги кундаги эҳтиёжларига жавоб бермаса, у мутлақо истеъмолдан чиқиши, бамисоли газета хабаридек унутилиши керак бўлур эди. Бундан келиб чиқадики, бадиий асарнинг талқинлари шу эҳтиёжларга мос равишда ўзгариб, янгиланиб туриши табиий ва айни шу нарса унинг умрзоқлигини таъминловчи асосий омилдир. Афсуски, ҳар жабҳада бўлганидек, адабиётшуносликда ҳам «инерция кучи»нинг таъсири амал қилади: эскича талқинлар таъсиридан қутулиш анча қийин кечади. Профессор Ҳ.Каримовнинг 1998 (!) йилда билдирган қуйидаги фикри бунинг ёрқин далилидир: «собиқ шўролар даврида ёзилган талай асарларда давлат сиёсати илгари сурган ғояни, яъни ўтмишни қоралаш воситасида социалистик жамият элга эрк ва бахт берувчи тузум эканлигини тасдиқлаш оқибатида миллий шароит билан ҳисоблашмаслик, ҳаёт ҳақиқати ҳамда мантиқига беписанд қараш ҳоллари рўй берди. Айниқса, бу борада Абдулла Қаҳҳорнинг ўтмиш ҳақидаги айрим ҳикоялари етакчилик қилади. Бунга биргина «Даҳшат» ҳикояси мисол бўла олади» . Олимнинг фикрича, ҳикоя ёзилган «йилларда кўп нарса ойдинлаша бошлаганига қарамай, ёзувчи ўзининг ўтмишни қоралаш принципига содиқ қолган». Қарашларининг асосида шу фикр ётгани учун ҳам Ҳ.Каримов ҳикояда ўтмиш қандай тасвирланганига урғу беради, асарда «якка давлат сиёсати таъсирида ўтмишни қоралаш борасида ... ҳаёт ҳақиқати ва тарихга, миллий урф-одат ҳамда қадриятларга зид йўл тутилган»ини асослашга интилиб, «Даҳшат» эндиликда «маҳорат мактаби бўлолмайди» деган хулосага келади. Аввало, ўз вақтида ҳурматли домламиз С.Содиқ мақола муаллифининг мазкур фикрларини асосли инкор қилгани , иккинчидан, бизни бошқа масала қизиқтиргани учун бунга тўхталиб ўтирмаймиз.

“Даҳшат” ҳақидаги юқорида келтирилган фикрларни умумлаштирувчи жиҳат шуки, уларнинг бари ҳикоя ўтмиш ҳақида ёзилган деган асосга таянади. Дарҳақиқат, ҳикояга ўтмишдан материал олинган, унинг мазмун қатламларидан бирини ўтмиш ташкил қилиши ҳам шубҳасиз. Боз устига, адибнинг ўзи «1960 йилда ўзбек аёлининг ўтмишига оид “Даҳшат” деган бир ҳикоя ёзган эдим» дея эътироф этганки, ҳеч бир иккиланишга, ўзгача талқинларга ўрин қолмайдигандек. Бироқ, яхши маълумки, ижодкор қайси даврга мурожаат қилмасин, уни ёзишга ундаган нарса ўз замони, ўз замонида етилган дард бўлиб қолаверади. Зеро, бадиий образнинг материали воқелик ва ижодкор шахси экан, бундан бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас. Яъни, Абдулла Қаҳҳор “ўтмишда инсоннинг эзилиши, инсонлик ҳуқуқларининг поймол этилишини кўрсатишни” мақсад қилибгина ҳикояни ёзишга киришган эмас. Модомики, мазкур даъвомиз адибнинг эътирофига-да зид келаётган экан, асослашнинг ягона йўли унинг ўзига мурожаат қилиш бўлади.

«Ёшлар семинарида сўзлаган нутқ»ида ўзининг ижодий тажрибаси билан ўртоқлашаркан, Абдулла Қаҳҳор: “Мен шу кунгача битта-иккита дуруст нарса ёзган бўлсам биронтасининг ҳам ғоясини олдин белгилаб олганим йўқ” ,- деб айтади. Абдулла Қаҳҳорга кўра, “ёзувчи ҳеч вақт “Нима тўғрида ёзсам экан?” деб ўйлаб, кейин бирданига бирон тўғрида ёзишни ихтиёр қилмайди. Аксинча, ҳодисага маълум муносабати, қаноатидан келиб чиққан розилик ёки норозилик уни ёзишга мажбур қилади, уни ўз ихтиёрига қўймайди”. Адибнинг уқдиришича, “ёзишга мажбур қилади”ган ҳолат ижтимоий ҳодисаларни таҳлил қилиш асосида юзага келади, “ижтимоий ҳодисаларни таҳлил қилиш, унинг яхши ёмон эканини билиш учун ёзувчининг савияси жуда-жуда баланд бўлиши керак” .

Албатта, ҳозирда Абдулла Қаҳҳорнинг ўзи қўяётган талабга тўла жавоб бериши, ижтимоий ҳодисалар моҳиятини теран англай олиш даражасидаги савияга эга санъаткор бўлгани кўпчиликда шубҳа уйғотмаса керак. Айни чоқда, ўтган асрнинг 80-йиллари адоғидан 90-йиллар ўрталаригача кўпчилигимизда бунга шубҳа уйғонгани ҳам сир эмас. Жумладан, профессор Ҳ.Каримовнинг «бу йилларда (яъни, «Даҳшат» ёзилган 60-йилларда – Д.Қ.) кўп нарса ойдинлаша бошлаганига қарамай, ёзувчи ўзининг ўтмишни қоралаш принципига содиқ қолган» деб ёзиши шундан далолатдир. Ҳа, Ҳ.Каримов бир жиҳатдан ҳақ: 60-йилларга келиб Сталин истибдоди даврига оид кўп сирлар ошкор бўлган, илғор фикрли кишилар онгида жамиятнинг яқин ўтмиши ҳақида тўғри тасаввур шаклланиши учун етарли имкон туғилган эди. Агарки Ҳ.Каримов ёзувчи шундай шароитда ҳам эски принципларига содиқ қолган деб билар экан, бундан ёзувчининг “ижтимоий ҳодисаларни таҳлил қилиш, унинг яхши ёмон эканини» идрок қила олишига, умумий савиясига шубҳа билан қарагани аён бўлади. Албатта, бу ўринда Ҳ.Каримовнигина айблаш инсофдан бўлмас эди. Зеро, 80-йиллар охири — 90-йилларда Абдулла Қаҳҳор ва у мансуб авлод ҳақида муайян стереотип шаклланган, уларда шўро сиёсатининг маддоҳлари, ўз вазифасини адабиёт воситасида шўро сиёсатини халққа сингдириш деб билган ижодкорларни кўришга мойиллик кучайган эди. Тўғри, уларнинг ижодида, ҳаётида шундай ўйлашга асос берувчи жиҳатлар йўқ эмас. Бироқ, назаримда, стереотипни мутлақ ҳақиқат деб билганимиз уларни бир инсон, Абдулла Қаҳҳор айтмоқчи, «ҳодиса ва воқеаларнинг мағзи»ни чақиш, уларга «меҳр ёки ғазаб» билан муносабатда бўлиб муайян қаноат (буни концепция маъносида тушуниш мумкин кўринади – Д.Қ.) ҳосил қилиш имконини берган ички эркинликка эга бўлган, жиллақурса, ижоднинг илоҳий онларида шу имконга эришолган санъаткор сифатида кўришимизга ҳалал бераётир. Фикримизча, айни шу ҳол уларнинг асарларини янгича тушуниш, янгича талқин қилиш йўлидаги ҳаракатларни қабул қилолмаслик, уларни ғайриилмий ҳодиса, «замонага мослашга уриниш» деб тушунилишига сабаб бўлмоқда. Бировга малол келмаса деб қўрқаман, лекин бу нав муносабатда, назаримда, янги авлоднинг бироз кибрга берилгани, Абдулла Қаҳҳор мансуб авлоднинг савиясини ўзиникидан пастроқ деб ҳисоблашга мойиллиги бўй бериб тургандек туюлади. Наҳотки, яқин ўтмишимизда юз берган ижтимоий ҳодисаларнинг биз ҳужжатларга таяниб ёки эшитиб билганларимиз асосида англаган «мағзи»-моҳиятини ўша даврда яшаган, ўша даврни қалбида яшаб ўтган талантли инсонлар англамаган бўлса?! Бунга ишониш, бу фикрни қабул қилиш қийин...

Устоз О.Шарафиддинов гувоҳлик беришича, “Даҳшат” ҳикоясини “ёзиш нияти адиб юрагига 50-йилларнинг бошида тушган эди. Деярли ўн йил мобайнида у ҳикояни ўйлади, пишитди, хаёлида обдон ишлади” . Бизнингча, адиб ижодда амал қилган принциплардан келиб чиқилса, унинг айни етуклик палласида “Даҳшат”дек кичкина бир ҳикоя устида нега ўн йиллаб ишлаганини англаш мумкиндек кўринади.

О.Шарафиддинов “Даҳшат”нинг ёзилишига халқ ўртасида анча кенг тарқалган бир ривоят туртки бўлган”ини айтади. Ривоятда келишича, бир йигит “ўзининг довюраклигини исбот қилиш учун кечаси гўристонга бориб, тобутга пичоқ санчиб келмоқчи бўлади. Бироқ у ўрнидан туриб қайтаётганда арвоҳ унинг этагидан тортқилаб, кетишига йўл қўймайди. Йигит қўрқиб кетиб, жон таслим қилади” . Бундай қараганда, ҳикоянинг схемаси тайёр: деталлаштириб, муайян ҳаётий ҳолатлар, диалоглар яратилса, схемага жон берилса бас, дурустгина ҳикоя бўлади. Бироқ, негадир, А.Қаҳҳор ривоятни ҳикояга айлантиришга шошилмайди, ёзиб қўя қолмайди. Нега? Чунки хали бу ривоят адиб учун бадиий-эстетик қиммат, ижтимоий аҳамиятли мазмун касб этмаган, яъни, унинг воситасида ўқувчисига айтмоқчи бўлган, айтмаса бўлмайдиган гапи йўқ, бошқача айтсак, ҳали илҳом келмаган эди. А.Қаҳҳорга кўра, «яхши асар, ўқувчини мафтун этадиган асар фақат илҳом билан ёзилган асар»дир. Илҳом келиши учун эса «ёзувчининг ҳис қилиши шарт»: «Ҳис, ички дард кишининг қалбини тошириб юборади. Бундай вақтда киши ўзини қаерга қўйишини билмайди. Ўзининг дардига бошқаларни шерик қилиш, юрагини бўшатиш, кишига азоб бериш даражасига етади. Шу вақтда қўл қаламга боради. Кишининг кўзига ҳеч нарса кўринмайди. Ёзиш учун ҳеч нарса ҳалал бермайди. Фикр тўкила боради. Ёзиб улгуриб бўлмайди.

Кишидаги мана шундай ҳолатни одатда илҳом дейишади» . Ўз навбатида, кишининг қалбини тошириб юборадиган ҳис, ички дарднинг юзага келиши учун “ижтимоий ҳодисаларни таҳлил қилиш, унинг яхши ёмон эканини билиш» талаб қилинади: «Ёзувчи турмуш ҳодисасини таҳлил қилганидан сўнг унга маълум бир муносабатда бўлади. Бу муносабати унинг қаноати бўлади. Унинг бирон ҳодисани ҳис қилиши мана шу қаноати асосида бўлади» . Хўш, қайси ижтимоий ҳодисалар таҳлили асосида пайдо бўлган қаноат Абдулла Қаҳҳорнинг қалбини тошириб, «Даҳшат»ни ёзишга ундади?

Асос учун ҳикояни ёзиш нияти 50-йилларнинг бошларида туғилган деган маълумотни оларканмиз, аввало, ўша даврни ва ундаги адибни тасаввур қилиб олишимиз лозим. Бу даврнинг хусусиятлари эса, маълумки, Сталин вафоти ва ундан кейин шахсга сиғиниш оқибатларининг қораланиши билан боғлиқ ҳолда характерланади. Абдулла Қаҳҳорнинг 1953 йилдан кейин ёзилган публицистик асарларига эътибор берилса, уларда эртанги кунга ишонч, кўтаринки руҳ барқ уриб турганини кўриш мумкин. Бироқ 60-йиллардан бошлаб ундаги бу ишонч анча сусайгани, аксинча, танқидий муносабат мутаносиб равишда кучая боргани кўрилади. Мазкур ҳолнинг сабабини адибнинг ён дафтаридаги қуйидаги қайддан сезиб олиш қийин эмас: «Мамлакатимизда Сталиндан сўнг узундан-узун момақалдироқ бўлдию ўтди. Бу момақалдироқнинг биринчи садоси халқлар кўнглида жуда катта орзу-умидлар уйғотди, халқлар бунинг кетидан келадиган обираҳматни кутди, бироқ момақалдироқ шамол, тўполон қилди-ю, обираҳматдан бир томчи ҳам томмади» .

Ҳа, Абдулла Қаҳҳор ҳам кўп қатори обираҳматни кутган, энди жамият тўғри асосларга қурилади деб ишонган, шу боис мақолаларида ишонч, умидворлик барқ урган. Адиб партиянинг «кейинги учта съезди, партия марказқўмининг талай тадбирлари ҳаётимизнинг ҳавосини тозартир»ди деб билади, энди партия сиёсати тўғри ўзанга тушди, бас, коммунистик жамият тантанаси муқаррар дея ишонади. Унинг қатор мақолалари шу ишонч руҳи билан йўғрилган: адиб кишилар турмушининг яхшиланиб бораётганидан қувонади, буюк мақсад йўлида ҳалал бераётган ҳолатларни танқид қилади. Бироқ вақт ўтгани сари ғоя билан ҳаёт, мақсад билан амал, сўз билан иш орасидаги зиддият кўзга аниқ ташланиб, жамият ҳаёти моҳиятан ўзгаришсиз қолаётгани равшанлашадики, бу ҳол адибнинг ишончи, умидларига раҳна солмаслиги мумкин эмас эди. Хусусан ва биринчи галда, уни кишилар руҳияти ўзгаришсиз қолаётгани ташвишга солади. Зеро, гуманист санъаткор сифатида Абдулла Қаҳҳор инсонни ўзгартирмасдан туриб жамиятни ўзгартириб бўлмайди деб билади: унинг ўша йиллари қабул қилинган «коммунизм қурувчисининг ахлоқ кодексини» чин юракдан маъқуллагани, «культ оқибатларини одамларнинг дилидан, ақлидан қувиб чиқариш» адабиётнинг кун тартибидаги асосий вазифаси деб ҳисоблагани ҳам шундан. Албатта, А.Қаҳҳор қўйилган вазифанинг нечоғли оғирлигини жуда яхши тасаввур қилади, чунки у «илон чаққан киши ола арқондан қўрқади» дегандай, ўша замонда азият тортган ёки азият тортганларни кўрган кўп одамлар ҳануз ўзига келолмаётгани»га шоҳид эди. Адиб 200 йил темир қозиққа занжирбанд этилган филнинг занжир чириб адо бўлгач ҳам яна юз йил қозиғи атрофида айлангани ҳақидаги ривоятни эслатиб, «Фил жонивор, ақл идроки йўқ, биз нега культ даври қоқиб кетган қозиқ атрофидан йироқ кетолмаймиз?»- дея мурожаат қилади. Ёзувчи қатағон даврининг кишилар дилига солган даҳшати ҳамон кетмагани, унинг кетиши осон кечмаслигини чуқур ҳис қилади. Боз устига, «тухумдан тук қидирадиган шубҳа бандалари»нинг илгаригидек фаолиятда экани «жамиятнинг буткул тозара олиши» борасидаги ишончини йўққа чиқаради. Худди шу нарса, ижтимоий ҳаётдаги шу ҳолат адиб учун ҳис этилган шахсий дардга айланади, «дардига бошқаларни шерик қилиш, юрагини бўшатиш» эҳтиёжини туғдириб, ёзишга мажбур қилади. Ҳаётининг айни шу палласида адиб қачонлардир эшитган ривоят унинг учун бадиий-эстетик қиммат, ижтимоий аҳамиятли мазмун касб этади. Зеро, адиб унинг «мағзи»да ўзини ўртаган дард билан ўхшашликни, шаклида ўша дардни ифодалашга имкон берувчи энг мақбул шаклни кўрди, кўра олди.

Шу ўринда «қачонлардир» деганимизга ҳам изоҳ бериб ўтиш керак кўринадики, бунга ҳам адибнинг ўзидан жавоб топамиз. А.Қаҳҳор ёшлар семинарида сўзлаган нутқида ёзувчи учун ҳаётда кўрганлари, эшитганлари жуда муҳим эканлигини айтиб, буларни ён дафтарга қайд этиб боришни маслаҳат беради. Унга кўра, «ёзувчининг хотира дафтари – мушоҳадалар хазинаси”. Адиб айтадики: «Бундан олти йил бурун дафтарга шуни ёзиб қўйган эканман: «Ажойиб ит, ўғри кирганда олқишласанг, ётиб думини ялайди». Бу нарса олти йилдан бери керак бўлгани йўқ, эҳтимол ҳеч қачон керак бўлмас» . Шунга ўхшаш, юқоридаги ривоят кундаликларда қайд этилмаган бўлса-да, адиб хотирасида мавжуд бўлган. Агар биз юқорида тавсиф этган шароит юзага келмаганида, эҳтимол, бу ривоят ҳам адибга ҳеч қачон керак бўлмас, ҳикояга айланмас эди. Шу маънода, «Даҳшат» ўтмиш ҳақидаги, аниқроғи, ўтмиш ҳақидагигина ҳикоя эмас .

«Даҳшат»даги Олимхон додҳоҳ хонадони — даҳшат салтанати, Сталин давридаги жамиятнинг жажжи макети. Энг қизиғи, бу салтанатни даҳшат воситасида бошқараётган додхоҳнинг ўзи ҳам даҳшат ҳиссидан фориғ эмас, у ҳам қўрқувда яшайди (Сталин ҳаёти ҳам шундай эмасми?!). Айни пайтда, унинг учун даҳшатни сақлаб қолиш, уни қувватлантириб туриш муҳим, бусиз салтанат завол топади (Сталин сиёсати ҳам моҳиятан шундай эмасмиди?!). Унсиннинг исёни даҳшатга эмас, додҳоҳнинг ўзига қаратилди: шўрлик ўз вужудидаги қўрқувни енга олмади, шу қўрқув туфайли нобуд бўлди. Яъни, Сталиндан сўнг «обираҳмат» ёғмаганининг сабабини адиб кишилар вужудида даҳшат яшаб қолаверганида кўрди ва буни бадиий образларда муҳрлади. Албатта, Унсиннинг исёни бежиз кетмади, йўқ, у Нодирмоҳбегим руҳиятида, тақдирида кескин ўзгариш ясади: аёл «яна калтакланишдан ҳайиқмай» жон бераётган Унсинга парвона бўлди, рухсат сўраб ўтирмай «Ганжиравонга бир хизматкорини юборди». Шу жиҳатдан қаралса, ҳикоянинг финали жуда характерли: «Шамол ҳамон гувиллар, яйдоқ дарахтларнинг шоҳида чийиллар, ғувиллар эди.

Дарвозадан бошида паранжи ва қўлида оқ тугунча Нодирмоҳбегим чиқди. У дарвозага юзини ўгириб, чўнқайди, икки қўлини фотиҳага очиб, бир нималар деди. Додҳонинг ўзи билан бирга бу даргоҳни ернинг қаърига юборгандай иккала муштини уч марта ерга қадади, кейин «бу даргоҳни энди елкамнинг чуқури кўрсин» дегандай бир ҳаракат билан кескин бурилиб аравага чиқди, марҳуманинг бош томонига ўтирди». Нодирмоҳбегим энди тамом бошқа одам, вужудидаги қўрқувни енга олган, «додҳонинг ўзи билан бирга бу даргоҳни ернинг қаърига юбора» олган одам. Шу маънода, ҳикоянинг қаҳрамони иккита: адабий-эстетик нуқтаи назардан ҳикоя қаҳрамони Унсин бўлса, ижтимоий-маънавий нуқтаи назардан, шубҳасиз, қаҳрамон Нодирмоҳбегимдир. Энг муҳими, ҳар икки қаҳрамон ҳам адибга ёт эмас, ҳар иккисига ҳам унинг шахсий ҳаёти проекцияланган. Яъни, «Даҳшат» ёзилгунига қадар Абдулла Қаҳҳор Унсин ҳаётини яшаб ўтган бўлса, «Даҳшат»дан сўнг Нодирмоҳбегим йўлини тутдики, шу туфайлигина у 60-йиллар ўзбек зиёлиларининг «виждони»га айлана олди. Демак, «Даҳшат» адиб ҳаётидаги бурилиш палласини, унинг шу даврдаги руҳиятини ўзида акс эттирган асардир. Шу маънода, «Даҳшат» том маънодаги ижод маҳсули — муаллифнинг маънавий-руҳий изланишлари натижаси сифатида, ростмана шахсийланган ижтимоий дард «ёзишга мажбур қилган», ёзмаса бўлмайдиган ҳолатга келтирганда дунёга келган, чинакам илҳом билан ёзилган асардир. Сўз ХХ аср ўзбек адабиёти ҳақида борадими, миллий насримиз тараққиёти ҳақидами, ҳикоя жанри ё маҳорат масалалари ҳақидами, қатъий назар, «Дашҳат»нинг албатта тилга олиниши, унинг турфа талқинларга дош ва имкон бериб келаётганининг сири ҳам шунда — илҳом билан ёзилганидадир.

2007

 
 
Сайт создан в системе uCoz