Истиқлол дарди

DILMUROD QURONOV

.... рисола устида ишларканман бот-бот раҳматли бобомни эсладим: у киши «босмачи» ўтган, сургунларда бўлган... Бобомнинг ўтмиши туфайли мен — совет пионерининг кўнглида не-не изтиробу аламлар кечгани ўзимгагина аён. Бизга «қора» бўлиб кўринган ўтмиш орамизда тубсиз жар бўлиб ётарди гўё... Раҳматли ўтмишидан мутлақо гап очмас, энди ўйласам, бизнинг тушунишдан ожизлигимизни англарди, чамаси... Бугун, Чўлпон руҳиятини англашга интилиш асноси бобомни-да тушунгандек бўламан, кўнгилда оғриқли бир армон чўнглашиб боради...

Ушбу рисолани эҳтиром ила бобом Мулла Ўринбой Азизбек ўғли хотирасига бағишлайман...

Ҳозирда миллий уйғониш даври деб атаётганимиз ўтган аср бошидаги Туркистон ижтимоий ҳаётини йиллар давомида мустаҳкам тўғон-ла тушовланган асов дарёнинг ўша тўғонни қўпориб, шиддат-ла оқувига менгзагимиз келади. Зеро, ботиндаги қудратнинг зоҳирий кўриниши бўлмиш бу шиддат элнинг қалб кўзи тийрак ўғлонлари дилидаги асрий умидларни қувватлантириб, уларни буюк мақсадлар сари илҳомлантирган эди. Миллатнинг тарихий тақдирини белгиловчи даврларнинг ҳар куни асрларга татигуликдирки, виждонли кишиларнинг бундай пайтда шиддатли ҳаёт оқимидан четда туришлари асло мумкин бўлмаган ҳодиса. Бу нарса, айниқса, ижод аҳлига тегишдир. Бундай даврларда яшаган ижодкорлар учун шахсийлик ва ижтимоийлик чегаралари мавжуд эмасдек, уларнинг қалби жамият ҳаётидаги ўзгаришларга ҳамоҳанг ураётгандек. Айтиш мумкинки, ижодкор давр ижтимоий ҳаётининг барометрига айланади: замондошларни эртанги кун ҳавосидан, изғирину қуёшли кунлардан огоҳ этиб туришликни ўзининг вазифаси деб билади. Албатта, бугунги кун юксаклигидан туриб уларнинг ижодига турлича баҳо беришимиз мумкин. Айримларимиз «шу туфайли ҳам уларнинг аксар асарлари вақт синовига дош беролмади», десак-да мумкин. Бироқ, мулоҳаза қилайлик, ўзимизни уларнинг ўрнига қўйиб кўрайлик. Ўша ижодкорлар қаршисида икки турли йўл мавжуд эди: ё мангу мавзуларга қўл уриб боқийликка бўйловчи асарлар яратиш ва ё куннинг долзарб муаммоларига муносабат билдириш орқали миллат, Ватан келажагига таъсир этиш. Шу хил танлов имконияти юзага келганида кўплаб ижодкорларимиз, ҳатто буюк истеъдод соҳиблари-да, бутун кучу иқтидорларини иккинчи мақсадга йўналтирдилар. Ана шундай фидойи ижодкорлардан бири, шубҳасиз, Абдулҳамид Чўлпондир.

Замона зайлини яхши тушунган, илм-маърифатни қадрлаган бўлғуси шоирнинг отаси, анчагина тараққийпарвар инсон, мадраса кўрган шоиртаъб савдогар Сулаймонқул Юнус ўғли фарзандининг «замона иқтизосинча» билим олишига айрича эътибор билан қарайди. Шунинг натижаси ўлароқ, ёш Абдулҳамид оила муҳитидаёқ нафақат Туркистон, балки Ички Русия ва Туркияда чоп этилган жадид нашрларига муштарий бўлиш, уларни мунтазам кузатиб бориш имконига эга бўлади. Ёш Чўлпоннинг дунёқараши ўша газеталар таъсирида, аниқроғи, жадидчилик ғоялари таъсирида шаклланади, у ўзини қуршаган ижтимоий муҳит ҳаётини, ўзи гувоҳ бўлаётган воқеа-ҳодисалар моҳиятини жадидчилик руҳидан келиб чиқиб тушунади ва баҳолайди. Шу боис ҳам отасидаги шеъриятга муҳаббатни юқтирган Чўлпон ижодининг аввалидаёқ ўзининг ижодий кредосини аниқ белгилаб олган, бутун куч-ғайратини «миллатни уйғотиш» мақсадига сарф этиш, бу йўлда бадиий сўзни восита қилишга қарор берганди. Чўлпоннинг матбуотдаги илк чиқишлари қаторида саналувчи «Адабиёт надир?» ва «Муҳтарам ёзғучиларимизга» номли мўъжазгина мақолалари айни шундан далолат беради. Чўлпон «Адабиёт надир?» номли мақоласида бадиий сўз санъатининг хоссаларидан сўз очаркан, асосий эътиборни унинг ижтимоий ҳаётдаги ўрни, вазифаларига қаратади. Ёш адибнинг фикрича, «Адабиёт яшаса миллат яшар. Адабиёти ўлмағон ва адабиётининг тараққийсига чалишмағон ва адиблар етиштирмағон миллат охири бир кун ҳиссиётдан, ўйдан, фикрдан маҳрум қолуб, секин-секин инқироз бўлур».

Кўринадики, Чўлпон тушунчасидаги адабиёт миллатни инқироздан сақлаши, унинг тараққий этишига хизмат қилиши даркор. Муаллиф омманинг адабиётга бефарқлигидан, ҳатто ўтмишда яратилган «таърих умумийларни ўқуб англамоқдин» йироқлигидан ташвиш чекади. Чўлпон Оврўпо халқларидаги адабиётга тамомила ўзгача муносабат ҳақида ҳавас билан ёзади, уларнинг ижтимоий-тарихий тараққиёт масаласида илгарилаб кетиши омилларидан бирини айни шунда кўради. Муаллиф ҳавасли нигоҳини Оврўподан юртига ўгириб кўрадики, бунда уламою эшонлар «тўн киймак», авом «чойхоналарга чиқуб чой ичмак», зиёлилар эса «Оврўпо кийимликларию қийматлик папирўслар»дан завқ олаётирлар. Айни шу маънавий қашшоқланиш туфайли «кундан кунга руҳимиз тушуб, келадирғон истиқболимизга умидсиз қараймиз», деб ҳисоблайди Чўлпон. Мақолада адабиётнинг «ўткур юрак кирларини ювадурғон тоза маърифат суви» сифатида зарурлиги уқтирилади, пировардида «Адабиёт ўқуйлук, адиблар етиштурайлук!» деган чақириқ янграйди. Эьтиборли жиҳати шундаки, Чўлпон айни пайтда «агарда «баёз» ва бемаъни бир-иккита китоблар билан қолсак» инқирозга учраймиз, дея огоҳлантиради. Англаш мумкинки, Чўлпон мақоласида назарда тутилган адабиёт — янгича адабиёт, шу боис ҳам «адиблар етиштурайлук!» чақириғига алоҳида урғу берилади, адиблар етиштириш масаласининг долзарблиги қайта-қайта такрорланади. Хўш, муаллиф бу ўринда қандай адабиётни назарда тутади? Бу саволга қисман «Мухтарам ёзғучиларимизға» номли мақоладан жавоб топишимиз мумкин.

Мазкур мақоласида Чўлпон аҳли қаламга мурожаат қилиб, уларни «миллатнинг энг танқид қилинатурғон ўринларида аралашуб юрмак”ка чақиради. Чунки «аралашуб юрулса, андағи сўзларни, одамларни ўрганмоққа бўладирки, китоб бетларига кўчириб ёзмоққа материёлларнинг энг асллари халқ орасидан олинадур». Бу гапларни, ўзининг эътироф этишича, Чўлпон Оврўпо ёзувчиларининг тажрибаларига таяниб айтади: улар «ўзларининг яхши ёмон одатлари орасида юрубдулар, сўнгра қўллариға қалам олуб, яхшисини яхши, ёмонини ёмон кўрсатуб ёзубдурлар». Англаш мумкинки, адибларни ҳаётга чуқурроқ кириб боришга ундашдан кўзланган мақсад миллий турмушни теран таҳлил этиб, «яхшисини яхши, ёмонини ёмон кўрсатуб» берувчи ҳаққоний адабиётни юзага келтириш экан. Ёзувчининг бу хил адабий-эстетик қарашлари «Доктор Муҳаммадиёр» ҳикоясида ҳам ўз аксини топган. Ҳикоя қаҳрамони Муҳаммадиёр Петроградда эканида «Туркистоннинг мадраса шогирдлари ҳаётидан олуб «Умрлик шогирдлар» номли бир рўмон ёзди. Рўмон ўн икки жузъ бўлуб, Туркистонда хануз шундоғ миллий маишатдан олинғон катта рўмон чиқмағон эди... Бу рўмон шундай моҳирона ёзилғон эдики, мадрасада қирқ-эллик йил турганда ҳам шундоғ яхши ва шогирдларнинг мадрасада ўқумай самоварларда давр сураётганларини ёзмоқ мумкин эмас эди». Муҳаммадиёр Чўлпон хаёлидаги адиб идеали, шу боис ҳам у ижодда ўз «яратувчиси»нинг адабий-эстетик қарашларига мувофиқ ҳаракат қилади. Ёш адиб ўз қарашларини қаҳрамони воситасида ифодалашнинг ўзи билан қаноатланмайди чоғи, сатр остида изоҳ бериб, фикрини очиқроқ англатишга жазм этади: «Ушбу рўмон (яъни, «Умрлик шогирдлар»— Д.Қ) хаёлий ва йўқдир. Фақат 12 жузъ бўлмасун ва 6 жузъ бўлмасун, 3 жузъ қилуб бўлса ҳам шул исмда юқорида таъриф қилинғон руҳда бир рўмон ёзмакларини муҳаррирлардан ўтинаман.

Худо муҳаррирларимизга ғайрат берсун!»

Юқорида юритган мулоҳазаларимиз ёш Чўлпон аср бошидаги Туркистон ижтимоий шароитида адабиётнинг беқиёс катта аҳамият касб этишини таъкидларкан, тамомила янги — реалистик адабиётни назарда тутган, деган тўхтамга етаклайди. Рус ва Европа адабиёти намуналари билан яхшигина танишган ёш адиб реалистик адабиётнинг жозибасини, унинг ижтимоий ҳаёт муаммоларини англаш ва англатиш имкониятларини теран ҳис қилади, айни шундай адабиёт яратиш, унинг воситасида миллатни маърифатли қилиш ниятларини дилига тугади . Чўлпонни адабиёт майдонига етаклаган айни шу некбин ниятлар унинг бутун ижодий фаолиятини юргизган «мотор», буюк адиб «ижодининг қалби» бўлиб қолди.

Чўлпоннинг матбуотда эълон қилинган илк асарларидаёқ миллатнинг маънавий қашшоқланишию юртининг тутқунлигидан юраги пора бўлган, ўзининг буюк армонларию дардларини оммага юқтириб, уни мавжуд ҳолатдан чиқишга даъват қилаётган безовта қалб эгаси бор бўйини кўрсатиб туради. Унинг матбуот юзини кўрган илк асари «Туркистонли қардошларимизга» деб номланувчи шеърдир. Агар бадиият нуқтаи назаридан қаралса, шеър анчагина заиф, услубий ғализликлару вазндаги сакталиклар яққол кўзга ташланади. Албатта, бошловчи шоир учун бу нав камчиликлар табиий ҳам. Бироқ биз кўпроқ бошқа жиҳатни ўйлаб, мақсадимиз Чўлпон қарашларидаги ўзгаришларни, унинг дилию онгида кечган зиддиятларни кузатиш орқали руҳиятини тушунишга интилиш бўлганлиги важҳидан бадиият масалаларини имкон қадар четлаб ўтишга ҳаракат қиламиз. Алалхусус, мазкур шеърда Чўлпон, ўзи айтмоқчи, «миллатнинг энг танқид қилинатурғон ўринлари»ни кўришга интилади, уларни тасвирлаш орқали омма қаршисига улкан кўзгу қўймоқчи бўлади гўё. Шеърнинг бошидаёқ:

Илму маърифат ҳам хунардан қолди маҳрум бизни халқ,

Маърифатсизлик балосига йўлиққон бизни халқ,—

дея ўзининг асосий хулосасини беради-да, энди шу даъвонинг исботи, шарҳига ўтади. Шоирнинг фикрларида ҳали ярқ этиб кўзга ташланувчи оригиналлик кўрилмайди, у аксарият жадидлар каби ўйлайди, мавжуд аҳволни умуман жадидчилик нуқтаи назаридан баҳолайди. Хусусан, аҳилликнинг йўқлигидан, миллатнинг «бошига шунча кулфатлар келса ҳам ибрат олмаслиги»дан, фарзандига илм беришдан кўра кўпроқ тўй-ҳашамга эътибор берувчи оталардан зорланишлар ўша давр жадид нашрларида бот-бот такрор этилувчи гаплар эди. Бироқ, эътибор берилса, шу шеърнинг ўзидаёқ Чўлпон учун ижтимоий дарднинг шахсийланиб улгурганини сезиш мумкин. Унинг «бир киши миллатпараст ўлса деюрлар даҳри деб», «тўғри йўлга бошласанг эгри хоҳлар бизни халқ» деган сатрларида том маънодаги шахсий кечинмалар ботиндай туюлади бизга. Зеро, Чўлпондек ҳиссиёт кишиси жадидчилик ғоялари билан ўзи гуриллаб ёнгани ҳолда ён-веридагиларнинг мудроқ қалбларида ҳам шу оловни ёқмоқни ният қилгани, ўзи учун кутилмаган ҳолда лоқайдлик, бефарқликка тўқнаш келган бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Балки шунинг учундир, шеърда бироз хафалик аралаш алам, умидсизланиш кайфияти зуҳур қилади. Бундай ҳолатда ўз фойдасини ўзи англамаган кишилардан зада қалбнинг:

Кес сўзингни, эй қалам, бас мунча фарёдинг етар,

Кўп бақирсанг оғзингга тошларни отгай бизни халқ,—

дея ўзига хитоб этиши, аламли фиғонига бироз аразлаганнамоликка ўхшаш оҳангларнинг-да илакишиб келиши табиийдек кўринади. Ўйлашимизча, шеърда кузатилган кайфият бирмунча вақт ёш Чўлпон дилида устувор бўлган. Шу боис ҳам орадан бир ойлар ўтар-ўтмас чоп этилган «Қурбони жаҳолат» ҳикоясида ҳам шу хил кайфият сезилиб туради.

Аввало шуни айтиш керакки, Чўлпоннинг илк ҳикоялари қаҳрамонлари ҳали тўла объективлашиб улгурмаган, яъни улар билан муаллиф орасидаги масофа доим ҳам сақланмайди, адиб кўпинча ўзининг ўй-фикрларини уларнинг тилидан айтишга ҳаракат қилади. Чўлпоннинг ўзи каби, ҳикоя қаҳрамони Эшмуроднинг қарашлари ҳам газеталар таъсирида шаклланган: ўзи яшаётган муҳит шароити билан келишолмаётган, бу тарзда яшаб бўлмаслигини чуқур ҳис этган йигитни на отаси, на тенгдоши Мўминжон ва на бошқалар тушунади, у ўзини яккаланган, шу боис ҳам муҳит қаршисида жуда ожиз сезади. Айни шу ожизлик ҳисси Эшмуроднинг умидларини сўлдиради, руҳига тушкунлик солади: «Ғазитанинг қай ерига қараса туркистонли бечораларнинг илмсиз ва ҳунарсиз ҳолда маишат қилганларига таассуф қилиб ёзадур. Яна диққат... Яна ҳафалик... Бу бизнинг Туркистонимиз ғафлатдан уйғонурму? Йўқми? Биз бундай ҳолда бўлсак битамиз... инқироз топамиз... Ўқуғанларимизни кофирга ҳукм қиламиз. Аммо ўз болаларимизнинг одати ваҳшиёналарига деяр сўзимиз йўқдир. Биз бу ҳолда бўлсак киши қаторига санамайлар. Оврўполилардан одати қабихаларини касб қилурмиз. Аммо маданият, фунун ва саноиъларига кўз юмуб турурмиз. Биз одам бўлмаймиз... битамиз... инқироз бўламиз... Оҳ, жаҳолат!!! Битдук, битдук... Ўлдук, тирилмаймиз». Эътибор беринг-а, Эшмуроднинг ўйларидаги кўп ўринлар «Туркистонли қардошларимизга» шеъридаги қарашлар билан муштарак. Бироқ шеърнинг лирик қаҳрамони билан ҳикоя қаҳрамони кайфияти руҳиясида яқинлик бўлгани ҳолда, уларнинг мутлоқ мослиги ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Нега? Эшмуроднинг руҳий изтироблари ёлғизланиб қолгани, ўзига ҳаммаслаклар тополмаганию фаолиятсизлиги туфайли чуқурлашади. Қаҳрамонидан фарқ қилароқ, Чўлпон фаол ижтимоий ҳаракатга киришган, ўзи билан ҳаммаслак кишилар-ла яқин алоқада эди2. Бундан англашиладики, тушкунлик кайфияти Чўлпон руҳияти учун, гарчи бот-бот такрорланиб турса-да, эпизодик ҳодиса бўлгани ҳолда, Эшмурод руҳиятининг турғун сифатига айланиб қолган.

Кўринадики, Чўлпон Эшмурод образига қисман «ўзини» сингдиради: вақти-вақти билан дилини чулғовчи тушкунлик кайфиятини қаҳрамон руҳиятига ўтказиб, бу ҳолатни ижодий ривожлантиради — фаолиятсизлик, ҳам ундан ўсиб чиқувчи ёлғизлик фожиасини кўрсатишга интилади. Бу эса, бир томондан, муаллифнинг қаҳрамонларидан узилишга интилаётганини, иккинчи томондан, унда катта ижодий қувват мавжудлигини кўришга имкон беради.

Чўлпоннинг иккинчи ҳикояси «Доктор Муҳаммадиёр»нинг бошланишида «Туркистоннинг қоронғу гўшасида, ... номлик уездни шаҳарда» деган сўзларга дуч келамиз. Айни пайтда, сарлавҳа остидаёқ муаллиф ҳикояга «хаёлий» деб таъриф беради. Асарнинг бошланишидаёқ кўзга ташланувчи бу хил зиддият унинг табиатини очиб беради: Чўлпон ўзи билган реал муҳит фонида идеал қаҳрамонни — ўқувчи омма ибрат олиши лозим бўлган фаол шахсни ҳаракатлантиради. Яъни, ҳикоя воқеалари кечаётган ижтимоий муҳит «Қурбони жаҳолат»даги муҳитга монанд, қаҳрамони эса Эшмуроднинг тамом акси. Умуман, Чўлпон ўзи тасвирлаётган муҳитга муносабатини ифодалаш учун қаршилантириш усулидан унумли фойдаланади. Бироқ, шуниси борки, қаршилантирилаётган томонларнинг ҳар иккиси доим ҳам матнда зуҳур қилмайди: улардан бири «текст»да кўрилса, иккинчиси «контекст» (давр муҳити, адибнинг шу даврда ёзган бошқа асарлари) дан англашилади. Дейлик, ўғлини илмли қилишга астойдил бел боғлаган Хожи Аҳмад аввалги ҳикояда кўрганимиз Эшмуроднинг «нодон ва жоҳил» отасига қарши қўйилади. Ёки Муҳаммадиёрнинг биринчи устозини олиб кўрайлик. Ҳикоядаги кўп ўринлар муаллимнинг жадидчилардан эканига ишора қилади: Уфа мадрасаи Олиясини битиргани, кийинишию ташқи қиёфаси («баъзи бойлар муаллимнинг қиёфасини кўрган ҳамон эшигидан кирғузмасдан ҳайдамакда»), зиё тарқатиш йўлидаги фидоийлиги. Фидоийлиги шунчаларки, илмга чанқоқ шогирдининг ўқишини давом эттиришига ёрдам беришларини сўраб «шаҳар мўьтабарони ҳузурларига» бош уриб боради. Жадид зиёлисининг бу фазилатларини Чўлпон ҳаётда ўзи гувоҳ бўлган ва матбуотда танқид қилгани мударрисларнинг манфаатпарастлиги («Баҳор авваллари»), ахлоқий тубанлиги («Мадрасаларимиз аҳволи»)га қарши қўяди. Айни пайтда, адиб ўқитишнинг самарасидан сўз юритиб, муаллимнинг бир йилдаёқ шогирдини «бутун аҳкоми ислом, тарих ва жўғрофиёларни мукаммал билади»ган даражага етказганини ёзадики, бу билан усули жадиданинг усули қадим қаршисида афзаллигини таъкидлаб ўтади.

Чўлпон эл ичида Муҳаммадиёрдек иқтидорли ёшларнинг кўплигига ишонади, уларнинг рўёбга чиқишига моддий қийинчиликлару жамиятдаги маданий-маърифий савиянинг пастлиги — жоҳиллик имкон бермаётир, деб ҳисоблайди. Кенг юртда Муҳаммадиёрнинг ўқишини давом эттиришига ёрдам берувчи бирор киши топилмаётган бир пайтда «шаҳарда катта тўйлар бўлмакда, қиморбозлар, мастлар бир-бирларини пичоқлашуб, инсон қонлари «жаҳолат!!! жаҳолат!!!» деб оқмақда эди!... Бирдан-бир бўлғон шогирдларга ёрдам жамияти ақчасизликдан тўхтаған эди!» Ёш адиб ўз юртида кўраётгани бу аҳволни Бокудаги аҳвол билан чоғиштириб кўришга ундайди ўқувчисини. Муҳаммадиёр Бокуга келиб, «Жамияти хайрия»га мурожаат қилгач, «бироз аъзолар маслаҳат қилғонларидан кейин Муҳаммадиёрни олий таҳсилигача жамият ўз ҳисобидан ўқутмоққа қарор берди». Чўлпон шу ўринда «ўз ватанидан ва ўз ватандошларидан ёрдам кўрмаган Муҳаммадиёр Боку ёшларининг ҳимматлари ила умидига етушди» деб ёзаркан, гапларида ҳавас ва ўкинч оҳанглари зуҳур қилади. Бироқ бу кайфият аламзадаликка етакламайди, чунки Чўлпон ҳам, қаҳрамони Муҳаммадиёр ҳам аввало «ватан менга нима берди?» деб ўйлайдиган худбинлардан эмаслар. Шу боис ҳам Чўлпон ўқишини давом эттира бошлаган Муҳаммадиёр ҳақида «энг муқаддас амалига етди. Энди оз бўлса ҳам ўзини хор қилган ватан ва ватандошларига хизмат қилажак эди» деб ёзади. Ватан равнақи учун хизмат қилишликни муқаддас бурч санаган адиб қаҳрамонини ҳам шунга мувофиқ талқин қилади. Муҳаммадиёр қаерда бўлмасин, мана шу муқаддас бурчни унутмайди, шу боис ҳам ўзи катта обрў-эътибор топган Бокуни-да қўйиб, ватанига «қўлдан келган қадар хизмат қилмоқ» учун Туркистонга қайтади. Узоқ йиллик айрилиқдан сўнг юртига қайтаётган Муҳаммадиёр ўзи кўрган мутараққий мамлакатлар — Италия, Франция, Швейцариядаги ҳаёт тарзи билан Туркистон ҳаётини қиёслаб изтироб чекади. Энди у кўникиб қолган манзаралар ўрнида «пастгина ҳашак ва лойдан ясалган бинолар ва онларда сафил бир ҳолда яшаган мусулмонлар! Топганин бачча, улоқ, ичкиликка ҳам домла-эшон ва бойларга шалдиратуб тўн ва зарбоблар берган, бойлар қўлида бир қул ҳукмида бўлиб юрган ўзбеклар, қозоқлар, туркманлар» намоён бўладилар. Чоғиштириш унинг дилида умидсизлик ҳосил қилади, чунки «кўбни билган, кўбни кўрган» Муҳаммадиёрга «разолат ва сафолат» қўйнида яшаётган халқининг «тараққий ва тамаддунларини кўрмак» нечоғли оғир масала эканлиги аён эди. Муҳаммадиёр яхши биладики, она юртининг «буюк-буюк, яшил-яшил тоғлари Исвейчарадан кам эмас эди. Наҳр-наҳр оқиб турғон сувлари ва нима экса шуни олса бўладурғон маҳсулдор тупроқлари ила Амриқодан ҳеч камлиги йўқ эди». Бироқ айни пайтда бу юрт «илмсиз бойлари, жоҳил «олим»лари, ёлғон эшонлари ва исрофнинг кони бўлув ила ҳеч нарсага ўхшамас эди». Кўрамизки, Муҳаммадиёрнинг фикрича, Туркистоннинг тараққий этиши учун барча табиий имкониятлар муҳайё, бироқ шу имкониятларни рўёбга чиқариши мумкин ва лозим бўлган омма жаҳолат қўйнида, шу боис ҳам ўз фойдасини ўзи англаганича йўқ. Агар «халқ ўз фойдасини англаса», яъни, маорифга жиддий эътибор берса, Европа дорилфунунларида болаларини ўқитиб зарур мутахассислар етиштирсаю уларнинг «ҳар бири ўз вазифаларинда туриб ишларин тартиби ила юргузсалар ва халқимизнинг фойдасини кузатсалар, нақадар олий ва нақадар гўзал бўлур эди!» Муҳаммадиёрнинг мазкур нурли хаёлларига-да умидсизлик соя солади, чунки «бунларнинг бўлишига кўзи етмайди» унинг. Кўриб турганимиздек, муаллиф қаҳрамони онгидаги умид ва умидсизлик курашини бир томонга ҳал қилмайди — масалани очиқ қолдиради. Бунинг сабаби, фикримизча, ҳикоя устида ишлаётган Чўлпоннинг ўзида шу хил зиддиятнинг мавжуд бўлганлигидадир. Даъвомизни асослаш учун Чўлпоннинг «Доктор Муҳаммадиёр»дан салгина илгари ёзилган «Ватанимиз Туркистонда зироат ва деҳқончилик» номли мақоласига мурожаат этамиз. Мақоланинг илк жумлаларидаёқ юқорида кўрганимиз Муҳаммадиёрнинг ўйларига ҳамоҳанг ўринлар кўзга ташланади: «Бутун Русияда манбатлик (ҳосилдорлик Д.Қ.) жиҳатидан ватанимиз Туркистоннинг илғорда эканлиги ҳаммага маълумдир. Ва ҳатто бутун дунёда манбатликнинг биринчиси Амриқо бўлса, бизнинг Туркистон ҳам иккинчи саналадур». Мақолани ёзиш пайтида Чўлпонни шунчалар унумдор ерларни макон тутган халқнинг нечун бунчалар ҳароб яшаши ўйга толдирган эдики, кейинча худди шу нарса Муҳаммадиёрнинг ўйларига кўчади. Туркистон деҳқонларининг аянчли аҳволи, муаллифнинг фикрича, «экин машиналари»нинг ишлатилмаслиги ва шу боис меҳнат самарадорлигининг камлиги билан изоҳланади. Жамиятдаги жамики иллатлар илдизини жоҳилликда деб тушунган Чўлпон деҳқонларнинг «экин машиналари» ишлатмаслигининг сабабини ҳам шунда деб билади. Шу боис ҳам муаммонинг ечими осон кўринади унга: газета-журналлар, ёшлар деҳқонларга «шундоғ фойдалик нарсаларни билдирсалар ва тушунтирсалар, халқ турмушини енгиллик тарафиға неча одум отлатқон бўлур эдилар». Чамаси, Чўлпон аввалига мақолани давом эттиришни мақсад қилмаган кўринади, зеро, унинг давомлилигидан далолат берувчи бирон бир ишора ҳам йўқ. Бироқ орадан бирмунча вақт ўтгач, адиб шу номда яна бир чиқиш қиладики, унга алоҳида эътибор бериш мақсадга мувофиқдир: «Ўтган мақоламда,- деб ёзади Чўлпон,- деҳқон қардошларимиздан ҳеч бирларининг зирорат машиналари ишлатмаганликларини ёзган эдим. Мақолани ёзгандан сўнгра қишлоқларда юруб, ўзум деҳқонлар билан кўрушуб фикр олишдим. Энди аларнинг фикрларини ўйлағон миллатпарвар киши кўзларидан қонлик ёшларини оқузмай мумкин эмас». Мақоланинг бошланишиёқ муаллиф қарашларида жиддий ўзгаришлар юз берганидан далолат беради. Деҳқонлар билан учрашиб, уларнинг дардлари билан яқиндан танишган адиб масалага кенгроқ ёндашиш зарурлигини чуқур ҳис қилади. Бу учрашувлар илгари техникадан фойдаланмасликни жоҳилликдангина деб билган Чўлпонга бунинг бошқа, тубда ётувчи анчагина жиддий сабабларини очиб беради: «дуруст, зироат машиналари фойдалик экан, аммо пул керак, бизнинг қўлимизда бўлса нақд тайёр пул йўқдур», дея эътироз билдирадилар унга. Чўлпон қишлоқларда юриб кўрган, билган муаммоларни, деҳқонларнинг дардларини газета саҳифаларига олиб чиқади: «Пахта эксак ғўза-поясигача, буғдой эксак сомонигача қарзимиз бадалига хўжайинларимиз бойларга олуб боруб берамиз. Яна иккинчи экинга берадурғон бўлуб бойлардан пул олуб, қиш ичи бола-чақаларимиз ила авқот ўткарамиз... Чигитга пул деб борсак, хўжайинлар сўкуб, ҳар турли ҳақоратлар ила йиғим-терим вақтида 100 сўм қилуб беришга ўртача 40-50 сўм пул берадурлар...» Қишлоқда юриб кўрганлари, деҳқонлардан эшитганлари Чўлпонни ўзини анчадан бери қийнаб келаётган муаммоларнинг ҳал этилиши осон бўлмаслигига амин қилади. Яъни ҳаёт билан чуқурроқ танишиши баробари адиб ўзининг кўпроқ газета-журналлар таъсирида шаклланган қарашларини конкретлаштириш, аниқлаштириш эҳтиёжини сеза бошлайди. Айни шу нарсага уриниш мақоланинг учинчи қисми (яъни, шу ном остидаги учинчи чиқиш)да ҳам яққол кўзга ташланади. Чўлпон мазкур чиқишида «Туркистонга тараққий даври киргандан бери» газеталарда «Илм керак! Ўқимоқ керак!» дея қичқириб келингани, шу қичқириш натижаси ўлароқ «Ўқумоқ ва ўқутмоқ ишлари секин бўлса ҳам олдинга босгани», газета-журналлар чоп этилиб турганию «ҳамма шаҳарларда «янги усул» мактаблар очилганини» таъкидлайди.

Бироқ, адибнинг фикрича, бошқа бир муҳим масала ҳам борки, у ҳақда «ёзғучи ҳам, ўқуғучи ҳам йўқ». Чўлпон ўқувчилар эътиборини, хусусан, маслакдошлари эътиборини мана шу муҳим масалага қаратмоқчи бўлади: «ҳайхот, зироат ишларимиз тамом ҳароб! ҳароб! ҳароб!.. Олдинга бир одум отулгани ҳеч кўрулгани йўқ. Бир таноб ер қишлоқда минг сўмга чиқди. Аммо ер деҳқонда эмас, миллатга, халқға иона бермай тек сақлаб ётадурғон бойларда. Оҳ, шул бизни тамом куйдурадур». Чўлпон ўз фикрларини асослаш учун ўн-ўн беш йил илгариги маориф ва зироат ишларидаги аҳволни қиёслайди: бирида оз бўлса-да олдинга силжиш, иккинчисида орқага кетиш бўлганини кўрсатишга ҳаракат қилади. Чўлпон ўз мулоҳазаларини одатдагидек мурожаат билан якунлайди: «Ёзайлук, қариндошлар, зироатдан! Ёзайлук, қариндошлар, иқтисоддан! Алар бўлса, мактаб ҳам бўлур, илм ҳам бўлур. Деҳқонлар бойлар қўлидан, қуллик, асирликдан қутулса, ҳаммаси бўлур. Ёзайлук, қариндошлар!..» Кўринадики, Чўлпон жадид маърифатчилиги мавқеида тургани ҳолда миллатни тараққий эттириш учун илму ирфоннинг ўзи кифоя эмаслигини, бунинг учун жиддий иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларни амалга ошириш зарурлигини англай бошлаган. Айни пайтда, Чўлпон маърифат ва иқтисод муносабатини ўзгачароқ («алар бўлса мактаб ҳам бўлур, илм ҳам бўлур») тушуна бошлайди. Иқтисодиётни ривожлантириш учун эса ижтимоий муносабатлар («деҳқонларни қуллик, асирлиқдан қутқариш»)ни ўзгартириш, ислоҳ қилиш даркор.

Энг муҳим нуқта — ислоҳни қай йўсин амалга ошириш масаласида Чўлпон ҳали тугал бир фикрга эга эмаски, бу нарса унинг онгида зиддиятли ўйлар кураши, изланиш жараёни кечаётганидан далолатдир. Юқорида айтганимиздек, айни шу жараён Муҳаммадиёрнинг ўйларида ўз аксини топган. Шу боис ҳам Муҳаммадиёр «халқ ўз фойдасини англаса» дея сурган хаёлларининг-да амалга ошишга ишонолмайди. Чўлпон қаҳрамони руҳиятидаги умидсизликни изоҳлаб ёзади: «Чунки борган сари орқага кетмакдамиз... тараққий асари кўрулмасдан, бир тараққийга ўн таданний тайёр турадир». Чўлпон қаҳрамонининг нима учун «кўзи етмаслиги»ни изоҳламоқчи бўлгани ҳолда нима учун ўзининг кўзи етмаётганини изҳор қилади. Шу ўринда адиб қаҳрамони руҳий ҳолатини изоҳлаётганини, баски, жумлалар шунга мувофиқ бўлиши лозимлигини унутиб қўяди гўё. Айтмоқчимизки, юқоридаги гап мазмун жиҳатидан узоқ вақт юртидан айро яшаган одамга эмас, кўпроқ шу юрт қозонида қайнаётган кишига — Чўлпоннинг ўзига тааллуқлидир.

Вужудини кемириб ётган умидсизлигу онгидаги кескин зиддиятларга қарамай, Муҳаммадиёр юртига қайтиб маърифатчилик ҳаракатига астойдил киришади, ўзининг кичкинагина шаҳарчасида улкан ишларни амалга оширади. Кўрамизки, Чўлпон ибрат учун яратаётган қаҳрамонини ўзгача талқин қилолмайди, чунки унинг ўзида кечаётган зиддиятли изланишлар ҳали ечимини топгани, қарашлари яхлит тизим ҳолига келганича йўқ. Яъни, қарашлари бирмунча «сўл»лашгани ҳолда Чўлпон жадид маърифатчилиги мавқеида қолади.

Жадидчилик ҳаракати миллатни маърифатли қилиш, тараққий эттириш орқали эришишни кўзлаган бош мақсад юрт озодлиги, ИСТИҚЛОЛ бўлганлиги аён. Бироқ ўша давр шароитида бу мақсадни ошкор этиш, хусусан, чор цензураси кўригидан ўтувчи нашрларда истиқлол ғояларини очиқ-ошкор ифодалаш мумкин бўлмаган ҳодиса эди. Шунга қарамай, газета-журнал саҳифаларидан бот-бот шу ғоянинг учқунлари сачраб турардики, бу учқунлар омма юрагида шу буюк ғоя оловини ёқишга қаратилганди. Бу ўринда биз, аввало, кейинча миллатчилик деб қораланган миллатпарварлик руҳини назарда тутмоқдамиз.

Чўлпоннинг илк асарларидаёқ ўз миллатининг қуллик асоратида қолганидан, забун ва абгор аҳволидан эзилиб, изтироблари чидаб бўлмас оғриқ даражасига етаёзган безовта қалб кўзга ташланади. Адибни ўртаган дард унинг миллат ҳақидаги мулоҳазаларида, қаҳрамонларнинг ўйларию воқеа-ҳодисалар тасвирида жигар қонидек силқиб туради. Қаҳрамони Муҳаммадиёр «илм ва маърифат ила дунёга ном чиқарғон Туркистоннинг» аянч аҳволини кўриб «ҳафачиликдан сил касалига йўлуқ»қани каби, Чўлпон ҳам ёш чоғидаёқ миллат дарди билан оғригандики, давоси топилмаган бу дард уни умрбод азоблаб, айни кучга тўлган пайтида маҳв этилишига сабаб бўлганди.

Маърифат нуридан қалб кўзи очилган, кўп нарсани англаган Чўлпон учун ҳар қадамда миллатдошларининг камситилишини, таҳқирланишини кўриб туришлик, уларни ҳимоя қилишга ожизлигини туюб яшашлик бағоят оғир эди. «Доктор Муҳаммадиёр»нинг қатор ўринларида айни шу нарсанинг акс эттирилиши ҳам фикримизни далиллайди: «қўрқинч манзаралар бунда андин ҳам зиёда ҳукм сурмоқда эди: бир мусулмон бириси билан урушуб бурни қонағон, бир мусулмонни пўезд маъмурлари тутиб олуб урадирлар... Муҳаммадиёр чидаёлмади. Пўезднинг ташқарисига чиқуб» кетди. Ўйлашимизча, Чўлпоннинг бир-бири билан муштлашаётган ва айни пайтда ўзгалар тарафидан калтакланаётган мусулмонлар ҳақида бир жойнинг ўзида ёзиши бежиз эмас кўринади. Кейинроқ адиб Муҳаммадиёр яратган рўмонда «илмсиз бойларнинг пойтахт нўмирларинда тил билмай, илм билмай ва ажнабийлар тарафиндан ўзларига қилинғон ҳақоратлар ғоят моҳирона суратда кўрсатилғон»лигини ёзади. Эътибор беринг-а, Чўлпон оддий кишиларнинг калтакланишидан қанчалик изтироб чекса, бойларнинг ҳақоратланишидан ҳам шунчалик изтиробга тушади. Нега шундай? Ахир «миллатга иона бермай босиб ётадиган», кони исроф тўйлар қилгани ҳолда маърифатга қайишай демайдиган, деҳқонларни хонавайрон қилаётган бойларни нафрат-ла танқид қилган ҳам Чўлпон эди-ку? Ҳа, шундай. Лекин гап миллат масаласига бориб тақалганида, Чўлпон бою камбағал, яхшию ёмонга ажратиб ўтирмайди, бундай қилишликка дил тубида ардоқлагани — миллий истиқлол ғояси имкон бермайди. Боз устига, унинг бирмунча «сўл»лашгани ҳам аслида миллий истиқлол ва тараққий йўлларини излаш натижаси, уларга етишни тезлатиш орзусининг маҳсули сифатида юзага келганди. Миллатдошларига етган зиён-заҳмат адибнинг юрагига наштардай ботади: «шаҳарда катта бир ўт чиқуб, мусулмон маҳаллаларидан 6-7 маҳалла куюб, мусулмонлар соҳиблари кўчаларида оч-яланғоч қолдилар. Ўртада бир армани магазини куйган бўлса ҳам, армани магазинини истрахавайт қилдирганидан зарар оз эди. Оҳ, бизнинг мусулмонлар-чи? Бизнинг мусулмонлар истрахавайтнинг нималигини билмайдурлар эди. Билганлари ҳаром, деб қилдурмаган эдилар... Бу ҳолларни кўрганда одам қандоғ чидаб туролсун? Қайси виждон бунга тахмил этсун?..» Муҳаммадиёр кўзи билан кўрилган бу ҳол ҳам, аслида, Чўлпоннинг армонлари, изтиробларини қаршимизда намоён қилади. Адиб бошпанасиз қолган мусулмонлар қисматига дилдан ачингани ҳолда, уларнинг ислом аҳкомларини мутаассибларча тушунишларига куяди. Аксарият юртдошларининг янгича иқтисодий муносабатлар шароитига кўникиб кетолмаётганлари, бундан ўзгалар усталик билан фойдаланаётганларини кўриб ўртанади. Ахир, «бир армани, Қофқознинг қоронғу гўшаларидан келуб, истансада дўкон очуб, бой бўлуб, икки ўғлини ҳукумат мактабларида» ўқитса-ю, шу юрт эгалари мавжуд имкониятлардан фойдалана олмасалар! Янгича иқтисодий муносабатлар шароитида ақл ва тадбир билан иш юритиш лозимлигини яхши билган Чўлпон мақолаларидан бирида: «Ҳар куни газеталарда «фалоний синди», «фалонийни вексели протест бўлди, дўкони печатланди» деганга ўхшаш қўрқинчли хабарларни ўқиб эшитмоқда ва кўриб билмоқда бўлсак ҳам, аммо ибратланмаймиз. Сабабини ҳеч текширмаймиз. Ёлғуз «бозор касод» деб ўтаберамиз. Аммо бозорни касодлиғига нима сабаб эканлигини текширмаймиз»,- деб ёзади. Чўлпон миллатдошларининг иқтисодий билимларни эгаллашларини, ажнабий корчалонлар билан ростмана рақобат қила оладиган тадбиркору тужжорлар етишишини орзулайди.

Бироқ ҳаётда бунинг аксини кўраётгани, янгича шароитда ҳамон эскича иш юритаётган, билимларини ошириш тугул элементар иқтисодий билимларга ҳам эга бўлмаган юртошларининг тез-тез синишлари, ажнабий корчалонларга, катта фирмаларга «ем» бўлиб кетаётганлари уни чинакам ташвишга солади. Шу боис ҳам адиб мазкур масалага айрича эътибор беради, юқорида кўчирма келтирганимиз «Ватанимиз Туркистонда зироат ва деҳқончилик», «Ватанимиз Туркистонда темир йўллар» номли мақолалари билан омманинг эътиборини унга жалб этмоқчи бўлади. Янги темир йўллар қурилиши муносабати билан ёзилган кейинги мақоласида Чўлпон дастлаб ер масаласига тўхталади. У ўқувчиларни «темир йўлнинг бормоғи ила таноби 100 сўмлик ерлар албатта 1000 сўмга чиқиши»дан огоҳ этади, пулга қизиқиб ер сотиш ножоизлигини таъкидлайди. Чунки «замонамиз шундоғ замондурки, тирикчилик билан рақобат қилмоқға, маишат зулмидан қутулмоқға қўлда ер бўлмоқ керакдур». Ерсиз қолган деҳқонлар фожиаси билан яхши таниш бўлган Чўлпон уларнинг сафи кенгаймаслигини истайди. Содда деҳқонлар масаланинг иқтисодий жиҳатларини тушунишларига кўзи етмаганми, ҳар тугул, адиб ўзгачароқ йўл билан-да фикрини сингдиришга интилади: «Ўзимиз дунёга яланғоч кўйинча келиб, онамиз — ватанимиз, тупроғимиз бизни боқар, ризқ берар, катта қилар, дунёда яшатар. Ул онани сотганлар, албатта, неъматнинг қадрини билмаган, куфрони неъмат қилғон бўлурларки, кўб ёмон гуноҳга ботарлар».

Темир йўлларнинг ўтказилиши юртни обод қилиши, чекка жойлардаги ҳаётни жонлантириши, «қишлоқларга ҳам маданият» олиб киришини ўйлаб қувонгани ҳолда Чўлпон қишлоқлилардан «Оврупо мўдаси»га учмасликни ўтинади: «Оврупонинг мўдаси ва бузуқ ахлоқи сизларни хонавайрон, беватан, асир-қул қиладур. Бундан сақланингиз!» Айни пайтда адиб: «Оврупонинг мактаб, мадраса, илм-фан, санъат, ҳунарга ўхшаш маданиятлари сизларни озод, маъмур, олим қилуб, жоҳилликдан, асорат-қуллиқдан қутултурадур», -дея таъкидлайди. Иқтисодиётни ривожлантириш масалаларига айрича эътибор бера бошлаган Чўлпон ўзлаштирилиши лозим бўлган маданиятлар сирасига «ҳунар»ни киритаркан, бу сўзга кўп маъно юклаётгандек, уни кенг маънода тушунаётгандек кўринади бизга. Фикримизча, адиб бу ўринда Европанинг тараққиётда илгарилаб кетишига имкон берган қатор омиллар: ишлаб чиқаришу иш юритиш маданияти, хўжаликни бошқариш усуллари, қишлоқ хўжалигию саноат техникаси ва технологияси кабиларни назарда тутади.

«Фарғона темир йўлида бир суюнадурғон иш» борки, у ҳақдаги гапни Чўлпон атайин мақоланинг охирги қисмига қолдиради. Адибни қувонтирган нарса Андижон станцияси қурилишини пудратчи сифатида маҳаллий ишбилармонларимиздан Абдулла Ҳамидуллаевнинг олганидир. Чўлпон билан суҳбат чоғида пудратчининг укаси «шундоғ катта муассасаларнинг фойдасини овруполилар кўруб, уларнинг қўлига ўтиб кетаётганига ичлари ачишган»идан қурилишни олишга жазм қилганларини айтади. Ёш адиб ўзи орзулагандек ажнабий корчалонлар билан рақобатлаша оладиган, муҳими, миллат ҳақида қайғурадиган ўзига маслакдош одамни топади. Уларнинг суҳбатида яна бир муҳим масала кўтарилади: «истансаларга армани ва руслар келуб ўтурмоқдадур. Бечора мусулмонлар бўлса ерларини ойлик қилуб бермоқдалар. Ҳозирда ижарага берсалар, бора-бора оз пул билан сотуб ҳам қўярлар. Вагзалга яқин ерларда, истанса атрофида энди ғайримиллат кўрунмоққа бошлади». Суҳбатдошларни миллатдошларининг энг обод ва гавжум, демакки, тижорат ишларини юргизишга, тадбиркорлик билан шуғулланишга кенг имкониятлар берувчи жойлардан четлашиб қолаётганлари, турли йўллар билан четлаштирилаётгани ташвишга солади. Эътибор беринг: на жадид маърифатчиси бўлмиш Чўлпонда ва на каттагина сармоядор бўлмиш суҳбатдошида масалага тор «синфий манфаат» нуқтаи назаридан ёндашиш кузатилмайди. Чунки уларнинг ҳар иккиси ҳам асоратда қолган миллат вакиллари сифатида бир мақсадни — миллий истиқлолни кўзлайдилар.

Албатта, миллий истиқлол эндигина шаклланаётган миллий буржуазия учун кенг имкониятлар очиши тайин эди. Бироқ буни коммунистик мафкура тарафдорлари каби «тор синфий манфаат» сифатида талқин қилишлик ҳақиқатга хиёнат қилишликдан бошқа нарса эмас эди. Сабабки, шаклланаётган миллий буржуазия манфаатлари Туркистон шароитида умумхалқ манфаатларига кўп жиҳатдан муштарак эди. Чўлпон Абдулла афандидек ақл ва тадбир билан иш юритадиган, ўз фойдаси билан бирга миллат манфаатини ҳам кўзлайдиган ишбилармонларнинг кўпайиши юртини обод, озод ва маъмур қилишига ишонади. Шу боис ҳам мақола охирида ўша ишонч руҳи билан йўғрилган даъват янграйди: «Абдулла афандидек намуна кўрсатғучи фидокор савдогарларимиздан ибрат олуб, ватанимизнинг бойлигини, тижоратимизнинг фойдаларини четлар чўнтагига солмасдан ва бермасдан, ўз чўнтагимизда олуб юрмакимиз керакдур.

Бизга шундоғ ишларга киришмоқға вақт!.. Биз ҳам инсонмиз, инсондек яшайлук!..» Чўлпоннинг даъватида изҳор этилган ният — «ватан бойлигини четларга бермаслик» мустамлака шароитида тўла амалга ошиши асло мумкин эмас. Акс ҳолда мустамлака қилишдан не наф? Албатта, буни Чўлпон ҳам яхши билади, лекин чор цензураси имкон берган даражада бўлса-да дилидаги ардоқли орзусини ифодалаш пайидан бўлади. Шу маънода, «биз ҳам инсонмиз, инсондек яшайлук!» дея янграган адиб нидосини «биз ҳам миллатмиз, миллатдек яшайлук!» тарзида тушуниш тўғрироқ бўлади назаримизда. Кўрамизки, Чўлпон йўли билан озодлик, ҳурлик, миллий истиқлол ғоясини илгари суради, зеро, «инсондек яшаш» унинг учун аввало озод ва ҳур яшашликдир.

Юритган мулоҳазаларимиз Чўлпоннинг адабий-ижтимоий фаолияти аввалидаги қарашлари ҳақида муайян тасаввур ҳосил қилиш имконини берадики, тасаввуримизни лўндароқ ифодалашга ҳаракат қиламиз. Танглайи Истиқлол ва Тараққий дея кўтарилган Чўлпоннинг манглайига шу икки сўз юрак қони билан битилгандики, булар унинг бутун ҳаёти давомидаги изланишларию алданишлари, қувончларию армонлари, жозибасию фожиасини, қўйинг-чи, ҳаётининг мазмунини белгилайди. Шунга кўра, кейинги мулоҳазаларимиз, кузатишларимиз асосида ҳам адибнинг армонига айланган шу икки тушунча ётади, зеро, уларсиз Чўлпон руҳиятини тушуниш ҳам душвордир.

Маълумки, 1915 йил ўрталарига келиб Чўлпон фаол қатнашиб турган жадид нашрлари, хусусан, «Садои Туркистон» ва «Садои Фарғона» газеталари тўхтаб қолган эди. Шу боис ҳам, таасуфки, адибнинг то 1917 йил ўрталаригача ёзган нарсалари қўлимизда йўқки, орада ўтган икки йил мобайнидаги қарашлар тадрижини изчил кузатиш имкониятидан маҳруммиз. Чўлпоннинг мазкур танаффусдан кейин матбуотдаги илк чиқишларидан бири сифатида 1917 йил 10 августда «Ҳуррият» газетасида эълон қилинган «Қофқозияга кетган Фарғона ҳайъатидан» номли очиқ хатни кўрсатиш мумкин. Хат остига уч киши имзо чеккан бўлса-да, чамаси, унинг асосий муаллифи Чўлпон: услуб шунга ишора қилади. Хатнинг мазмунидан адибнинг февраль инқилобидан сўнг қайноқ ижтимоий-сиёсий фаолиятга шўнғигани сезилади. Февраль инқилобидан кейинги ижтимоий-сиёсий вазият жадидлар кўзлаган мақсадларни амалга ошириш учун бирмунча қулай имкониятларни вужудга келтирган эди. Буни теран англаган жадидларнинг ижтимоий фаоллиги ортган, хусусан, Фарғона водийсида Туркистон мухториятини таъсис этиш йўлидаги ҳаракатлар авж олган эди. Чўлпоннинг кавказ турклари билан алоқа боғлаш учун жўнаган делегация таркибида бўлиши унинг мазкур ҳаракат фаолларидан бўлганлигини кўрсатади. Муаллифнинг айтишича, «поезднинг лип-лип қимиллаши, тақ-тақ тақиллаши орасинда» ёзилган хатнинг бошланишида: «Эл қурултойи ила шаҳар идоралари сайлови яқин, балки шаҳар идоралари сайлови бўлуб турадир.

Бахтимиз, тақдиримиз, ёзиш-ёзмишимиз қартага қўйиладир. Ё ютуб, дунёда тинч ва ҳур яшаш учун асослар қурурмиз, ё ютқазуб, дунёда яна илгаригидай сиқилуб-эзилишга маҳкум бўлурмиз» дейилади. Кўринадики, Чўлпон маслакдошлари каби бўлажак қурултой ва сайловларга катта умид боғлайди. Демократик сайлов йўли билан мустақилликка эришиш имкониятининг юзага келгани адибни бениҳоя руҳлантирганидан бўлса керак, хатнинг ҳар сатрида ҳаяжон барқ уриб тургандек. Чўлпон сайловчилар диққатини бўлажак қурултой ва сайловларга жалб этаркан1, уларнинг юрт, миллат тақдирида нечоғли муҳимлигини алоҳида туртиб кўрсатади. Чўлпоннинг инқилобгача ёзган асарларида туркчилик ғояси очиқ-ошкор ифодаланмаган бўлса, энди бу ғоя мақсадга етишнинг бирламчи шартларидан бири сифатида талқин этилади: «Бундай бир замонда сўнгисидан (яъни, мустамлакадан — Д.Қ.) қутулиш учун ҳар тарафда тарқалғон туркларнинг, Турон болаларининг бирлашмаклари лозим». Албатта, туркчилик ғояларининг бу қадар актуаллашуви замон талаби билан юзага келади: жадидчилар Русия империяси таркибидаги туркий халқларнинг бирликда мустақиллик учун ҳаракат бошлаши қарши томон шаштини сусайтиришини яхши билганлар. Яъни, мазкур ғоянинг актуаллиги икки-уч йил илгариги ҳолатга нисбатан беқиёс ортган эди. Эьтиборли жиҳати шуки, Чўлпон қарашларида муайян шароитдан келиб чиққан ҳолда етакчи масаланинг ўзгариб туриши кузатилади: маърифат ёйиш — иқтисодни ривожлантириш — туркчилик ғояси. Гарчи хатда «мақсад — бирлашишлик, турклик!» деган шиор олдинга ташланса-да, аслида гап кўпроқ ҳамкорлик ҳақида боради: «Қофқозда биздан, Туркистонда Қофқоздан, Волга бўйидан бизда, биздан Волга бўйидан ҳайъатлар, вакиллар бўлушга керак. Бошқа тарафдан келурға ҳозир вақт номуносибдур». Сўнгги жумла диққатни тортади: уни қандай тушунмоқ лозим? Муаллифлар Россия билан уруш ҳолатида турган Туркияни назарда тутадиларми? Эҳтимол. Бироқ бу ўринда бошқа масала назарда тутилган бўлиши ҳам мумкин. Маълумки, 1917 йилдаги ҳар икки инқилобдан кейин ҳам Туркистоннинг бошқарув органларида ғайри миллат кишиларининг салмоғи ортиқ бўлиб қолаверган эди. Ўйлашимизча, бу ўринда кўпроқ шу масала қўйилади: ўз юртимизни ўзимиз бошқаришимиз лозим, бошқаларнинг келиши номуносибдир.

Ниҳоят, юқоридаги хат муаллифлари катта умид боғлаган эл қурултойи — IV Туркистон умуммусулмон съезди 1917 йилнинг 26-29 ноябрида Қўқонда тўпланиб, Туркистон мухториятини эълон қилди. Чўлпон мухториятни қувонч билан қаршилади, зеро, бу унинг ўзига-да бот-бот ушалиши душвор туюлганидан дилига армон кукунларини сепиб келаётган орзунинг рўёбга чиқиши эди. Мухторият гимни дейишга арзигулик «Озод турк байрами» шеърида муаллифнинг ўша кунлардаги кўтаринки руҳи, ғурурию ифтихор туйғулари барқ уриб туради:

Кўз очинг, боқинг ҳар ён!

Қардошлар қандай замон!

Шодликка тўлди жаҳон!

Фидо бу кунларга жон!

Чўлпон энди эзилган, хўрланган халқ ҳақида эмас, озодликка эришган, ўзлигини таний бошлаган миллат ҳақида куйлайди. Шу боис ҳам баралла «Номусли, виждонлимиз!» дея олади, зеро, унинг тасаввурида эрк дея чиқолган, ўз ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоясига яраган миллатгина номусли ва виждонли саналиши мумкин, холос. Чўлпонни қувонтирган нарса мухторият эълон қилинганининг ўзигина эмас, кўпроқ у очаётган истиқбол: эндиликда «Тараққийга йўл очуқ! Жаҳолатга йўл ёпуқ!» бўлиши, «юракдан доғларнинг, ватан боғидан зоғларнинг кетиши», бу юртда «ҳурриятнинг байроғу адолатнинг ўртоқ» бўлиши. Демак, Чўлпон юртининг буюк келажагини, адолат тамойиллари асосга қурилган жамиятда озод ва ҳур яшаётган мутараққий халқни тасаввур қилади, мухторият эълон қилинишини эса ўша келажак томон қўйилган илк қадам деб билади.

Шеърнинг номланишидаёқ кўзга ташланувчи туркчилик ғояси нақорат воситасида қайта-қайта таъкидлаб ифода этилади:

Туркистонли шонимиз, туронли унвонимиз,

Ватан бизим жонимиз, фидо ўлсун қонимиз!

Чўлпон талқинида Туркистон мухториятининг эълон қилиниши нафақат шу заминда яшаётган, балки бутун дунёга тарқаб кетган «Турон болалари»нинг умумий байрами. Зеро, «Турк бешиги Туркистон»да вужудга келган мухторият туркий оламни, умуман, мазлум Шарқни уйғотувчи бонг, барча эзилган миллатларни истиқлол учун курашга чорловчи маёқ, деб тушунади муаллиф.

Аҳмад Закий Валидийнинг маьлумот беришича, Чўлпон 1917-18 йилларда бир гуруҳ туркистонликлар билан Оренбургга бориб, у ерда Бошқирдистон ҳукумати раисининг котиби вазифасида ишлаган1. Албатта, Чўлпон ва бир гуруҳ маслакдошларининг Бошқирдистонда ишлаши туркчилик ғояларининг, хусусан, юқоридаги хатда кузатганимиз қарашларнинг амалдаги тадбиқи эди. Таассуфки, адиб фаолиятининг айни шу босқичи ҳали яхши ўрганилган эмас, бу даврда ёзилган асарлари ҳам топилганича йўқ. Чамаси, Чўлпон Бошқирдистонга 1917 йилнинг охирларида, мухторият эълон килинганидан кейинроқ жўнагану, у ерда бир йилдан мўлроқ турган кўринади. Ҳар ҳолда, унинг Туркистон матбуотида фаоллашуви 1919 йилнинг ўрталарига тўғри келади. Чўлпон фаолиятининг Бошқирдистон даврига мансуб асарлардан бири сифатида «Қизил байроқ» шеърини кўрсатишимиз мумкин. Мазкур шеър Октябрь инқилобининг бир йиллиги арафасида «Иштирокиюн» газетасида эълон қилинган эди. Тўғри, бу шеър 1917 йилнинг апрелида ёзилган, деган маълумотлар ҳам бор2. Бироқ, ўйлашимизча, шеърнинг мазмун-моҳияти февраль инқилобидан кейинги дастлабки ойлар руҳига, хусусан, шу пайтдаги Чўлпон руҳиятига мос эмасдек кўринади бизга. Чунки шеърда буржуа-демократик инқилоби табиатидан кўра кўпроқ октябрь тўнтариши руҳига мос сатрлар битилгандир:

Сиз, буржуйлар, кибор синфлар, яқин келманг байроққа,

Сиз эмасми илгаридан унинг қонхўр душмани?!..

Қизил байроқ қип-қизил қон, у қон ишчилар қони,

Кибор синфлар у қонларни тўккан золим жаллодлар...

Айтмоқчимизки, гарчи инқилобдан илгариёқ Чўлпон қарашларида бирмунча «сўллашув» кузатилган бўлса-да, 1917 йилнинг апрел ойларида адиб ҳали бу қадар «қизиллашмаган» эди. Нега? Маълумки, февраль инқилобидан сўнг беқиёс даражада жонланиб кетган Туркистон ижтимоий-сиёсий ҳаётида қарашлар ранг-баранглигию кескин ғоявий кураш ҳукм сурганди. Ҳатто, умумий мақсадлари битта — Истиқлол ва Тараққий бўлган жадидлар орасида ҳам шу мақсадга қай йўсин эришиш керак, қайси сиёсий кучлар билан иттифоқда ҳаракат қилиш мумкин, ҳозирги шароитда қай типдаги давлатчилик қурилиши мақсадга мувофиқ... каби қатор тактик ва стратегик масалаларда турличалик яққол кўзга ташланади . Чўлпон бу даврда мухториятни ёқлаб чиққан Мунаввар қори, Беҳбудий, Обиджон Маҳмудов, Убайдулла Хўжаев каби жадидлар билан ҳамфикр бўлган. Аҳмад Закий Валидий хотираларида маълумот берилишича, «бир қанча шаҳарларга бориб» тарғибот ишлари олиб борган фаол мухториятчилар орасида «ёш ўзбек шоири Чўлпон» ҳам бўлган , у «сайлов қонуни масалалари бўйича курашимизни жуда чиройли бир достон қилиб ёз»ган. Кўрамизки, хотиранависнинг бу гаплари юқоридаги хатда ифода этилган фикрларга ҳамоҳанг келади.

Бу мулоҳазаларимиз Чўлпон октябрь инқилоби юз берган пайтда бутунлай бошқа ғояларга ошуфта бўлиб яшаганини кўрсатади. Шунга кўра, бизнингча, «Қизил байроқ»нинг кейинроқ 1918 йилда ёзилгани ҳақиқатга яқинроқ келади. Агар шеърни Оренбург даври маҳсули деб қарасак, у ҳолда айни шу даврда Чўлпон қарашларида жиддий ўзгаришлар юз берганини сезишимиз мумкин бўлади. Айтмоқчимизки, Бошқирдистонда эканида Чўлпоннинг октябрь инқилобига муносабати ўзгарган. Хўш, бундай дейишимизга асос борми? Албатта, буни ҳужжат билан далиллашдан кўпинча ожиз қоламиз, бироқ тасаввуримизни ишга солишимиз мумкин. Аввало, Чўлпон Оренбургда эканида катта умид боғлагани Туркистон мухторияти маҳв этилди. Машъум 1918 йил февралидаги Қўқон воқеаларининг бевосита шоҳиди бўлмаган Чўлпон мухториятнинг мағлубиятга учраши сабабларини ҳиссиётга берилмасдан, холис мушоҳада қилиш имконига эга эди. Эҳтимол, мухторият ғоясига қўшилмаган, уни амалга ошириш мумкин бўлмаган ҳодиса деб ҳисоблаганларнинг даъволарини идрок тарозусига солиб кўргандир? Эҳтимол, мухториятнинг кучга киролмаганию мағлубиятида ўзи яхши билган ички зиддиятлару ўзаро келишмовчиликлар оқибатини мулоҳаза қилгандир?.. Хуллас, нима бўлганда ҳам Чўлпон — ҳаётини муайян мақсадга бағишлаган одам, шу мақсад сари интилишлик унинг учун ҳаёт мазмунига айланган. Шундай экан, у тариху тақдирнинг оғир зарбасидан тезроқ ўнгланиши, ўша мақсадга етишишнинг бошқа йўлларини қидириши лозим, бу унинг учун ички зарурият. Чўлпоннинг шу даврда яратилган «Шарқ нури» номли шеъри унинг изланишлари қай томон бошлаганини тасаввур қилиш имконини беради.

Шеър машҳур татар инқилобчиларидан бири, исломни коммунизм ғоялари билан келиштиришга интилган Мулланур Воҳидовнинг ўлими муносабати билан ёзилган. Шеърнинг қуйидаги сатрларига диққат қилайлик:

Инсонликка саодатнинг бирдан-бир

Тўғри йўлин кўрсатувчи Марксди.

Бироқ Шарққа қутулишнинг йўлини

Кўрсатувчи улуғ доҳий сен эдинг,

Сендек киши Шарқ элига тансиқди...

Аввало шуни ёдда тутиш лозимки, Чўлпон бу шеърни қандайдир мажбурият орқасида ёзган эмас: нимаики деяётган бўлса чин дилдан айтади. Дастлабки сатрларданоқ муаллифнинг марксизмга муносабати яққол кўзга ташланиб турибди: Чўлпон башариятни «саодатга етакловчи бирдан-бир тўғри йўл» дея уқдирилаётган марксизмга тайёр рецепт, қотиб қолган догма деб қарамайди, унга ижодий ёндашиш зарурлигини чуқур ҳис қилади. Шоирнинг тушунишича, марксизм Шарқда кўр-кўрона қўлланмаслиги керак, аксинча, бунда Шарқнинг ўзига хос хусусиятлари, шарқ мамлакатларининг ижтимоий тараққиёт даражаси албатта эътиборда тутилиши лозимдирки, бунинг учун таълимотнинг ўзи шунга мосланиши даркор. Чўлпоннинг мусулмон социалистлари раҳнамоси Мулланур Воҳидовни «Шарққа қутулишнинг йўлини кўрсатувчи улуғ доҳий» деб аташи ҳам шундан далолат беради. Кўринадики, қарашларида илгаридан бирмунча «сўл»лик мавжуд бўлгани, иккинчи томондан, юртини озод кўриш истаги Чўлпоннинг Оренбургда эканида социалистик ғояларни ўзига хос тарзда қабул қилишига асос бўлади. Ўзига йўргакда теккан Истиқлол ва Тараққий дардига давони шоир энди шу таълимотдан топмоқчи бўлади, табиийки, шу ғоя учун амалга оширилган Октябрь инқилобига муносабати ҳам ўзгаради.

«Шарқ нури»да Чўлпоннинг 20-йиллар шеърияти, публицистик чиқишларида марказий ўрин тутган Шарқ мавзуси илк бор қаламга олинган эди. Шоир билган «Шарқнинг тарихи бир бет бўлсин оқ сатрни кўрмаган»; унинг қай бурчига қаралса «йўқлик, ўлим, зулм, қарғиш» тўлиб тошгани кўрилади. Чўлпон «четлар панжасида кўзи ёшли» Шарқ ҳақида куйларкан, табиийки, ватани Туркистонни ундан истисно қилмайди. Шеърдан олинган айрим сатрларнинг мазмунига эътибор қилсак: «Шарқнинг қайси бурчагини (яъни, истисносиз — Д.Қ.) қарасанг», «Шарқни бошдан-оёққача юрардинг», «У душманлар бутун Шарқнинг душмани»... фикримизнинг тўғрилигига қаноат ҳосил қилиш мумкин бўлади. Эътиборли жиҳати шундаки, Чўлпон қайғураётган замин ҳудуди тобора кенгайиб боради: Туркистон — Турон болалари — мазлум Шарқ. Албатта, бу аввало шоирнинг ҳаётий тажрибаси ортгани, дунёда юз бераётган ҳодисалар моҳиятини чуқурроқ англай бошлагани билан боғлиқдир. Бироқ, бу ўринда масаланинг иккинчи муҳим жиҳатини асло назардан қочириб бўлмайди. Гап шундаки, Чўлпон Шарқ дардини ёниб куйлаган инқилобдан кейинги дастлабки йиллардаёқ туркчилик ғояларининг истибдодга қарши кураш руҳидан яралганини инкор қилиб, уни миллатчиликнинг бир кўриниши сифатида баҳолашлар, «пантуркизм» аталмиш сохта, ҳодиса моҳиятига мутлақо номувофиқ истилоҳларни ўйлаб топишлар бошланиб бўлган эди. Кўрамизки, Шарқ мавзуси, бир томондан, масаланинг кенгроқ қўйилаётганидан далолат бўлса, иккинчи томондан, ватан озодлиги ғоясини ифодалашнинг мумкин бўлган ягона воситаси ҳам эди. Фикримизни далиллаш мақсадида Ҳ.Олимжонга мурожаат қиламиз: «Ҳинд ихтилолчилари» ва «Чин севиш»нинг ёзилиш вақти 1920 йилларга, Туркистонда Советларнинг маҳкамлана бошлаган вақтига тўғри келади. Бу вақтда Фитрат ўзининг қарашларини инқилобнинг биринчи-иккинчи йилларида ёзилган «Темур сағанаси»да ифода қилганидай очиқ ва яланғоч ифода қила олмайди, чунки ортиқ миллатчилик аксил инқилобининг қанотлари қирқила бошлаган ва миллатчилар Советларга қарши очиқдан-очиқ курашдан ниқобланишларга ўтган ва ўта бошлаган эдилар».1 Аввало, Ҳ.Олимжоннинг фикрларига кичкинагина аниқлик киритиш лозим: Фитратнинг тилга олинган асарлари аслида «инқилобнинг биринчи-иккинчи йилларида» ёзилган эди. Буни «Чин севиш»нинг 1920 йилда саҳналаштирилганию «Ҳинд ихтилолчилари»нинг худди шу йил Берлинда нашр этилганидан ҳам билса бўлади. Кўринадики, ўша вақтдаёқ «мавзуда Ҳиндистон ҳаётига кетса ҳам, мазмунда тамом Туркистонда қолади»ган асарни ёзган Фитрат фикрларини ифодалаш учун, Ҳ.Олимжон айтмоқчи, ниқобланишга мажбур эди. Мазкур мулоҳазаларимиз, бизнингча, Чўлпоннинг Шарқ мавзусида ёзилган шеърларию публицистик чиқишларини матндан кенгроқ тушуниш ва талқин қилиш лозимлигини кўрсатади.

Февраль инқилобидан кейинги қарийб икки йил вақт давомида ижтимоий-сиёсий фаолият қозонида обдон қайнаб, ҳаётий тажрибаси ортган, қарашларида юқоридагича ўзгаришлар юз берган Чўлпон 1919 йил бошларида Туркистонга қайтиб келади. Адибнинг маслакдошлари — жадидларнинг шу йиллардаги фаолияти ҳақида яна Ҳ.Олимжондан ўқиймиз: «Сиёсат бобидан сурилиб чиққан, февраль инқилоби давридаги жонсарак уринишлари хаёлга айланган ўзбек буржуа зиёлилари бутун кучни маданий адабий майдонга ташлади. Улар, тахминан, бутун газета ва журналларга ўринлашиб олдилар.

Мактаб-маорифнинг асосий шаҳобчалари уларнинг қўлида қолди. Адабий майдон ва адабий ташкилотларга ўз чангалларини солиб, уларни миллатчилик мафкурасига хизмат қилдирдилар»2. Муаллиф муносабатини эътибордан соқит қилсак, бу ўринда биз учун муҳим маълумотлар борлиги аён бўлади. Кўрамизки, жадидларнинг сўл қаноти юзага келган ижтимоий-сиёсий шароитда кураш тактикасини ўзгартирган: улар социалистик ғоялару социалистик инқилоб юзага келтирган жамики имкониятларни «хаёлга айланган уринишлари»ни рўёбга чиқариш — Истиқлол ва Тараққий мақсадига хизмат қилдириш пайида бўлганлар.

Ўзининг терговга берган маълумотига кўра, Чўлпон 1919 йил бошларида Тошкентда Фитрат билан учрашади. Бу пайтда Фитрат бошчилик қилган «Чиғатой гурунги» фаолияти бошланган бўлиб, Чўлпон ҳам унда иштирок қилади. Кейинроқ, 1927 йилда Фитрат «Чиғатой гурунги» бевосита сиёсат билан машғул бўлмоқни истамади, ёлғиз тил, имло, адабиёт билан шуғулланди»1 деб ёзса-да, ҳақиқатда маслакдошларни бирлаштирган бу гурунг бошқа муҳим масалаларга кўз юмиб турмаганлиги ақлга тайин, албатта.

Айтмоқчимизки, ўнгу сўллигидан қатьи назар, барча жадидлар учун умумий бўлган миллий истиқлол ва тараққий масалаларини гурунг иштирокчилари ҳеч йўқ тор доирада муҳокама қилганлар, фикр алмашишганлар. Юқорида айтганимизча, кураш тактикаси айни шу уюшма бағрида етилган бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Ҳар ҳолда, Чўлпоннинг «Чиғатой гурунги»да иштирок этишию беш йилга яқин умрини — ижоди гуркирай бошлаган, «Гўзал»га ўхшаган шеърлар яратилган даврни муттасил журналистлик ишига бағишлаши орасида алоқа бордек кўринади бизга.

«Иштирокиюн» газетасининг 1919 йил 6 март сонида «Қизил байналминал» номли шеър эълон қилиндики, буни ватанига қайтган Чўлпоннинг матбуотдаги илк чиқиши сифатида кўрсатиш мумкин. Аслида илгарироқ, 1918 йил охирларида ёзилган шеър руҳи Чўлпоннинг уни эълон қилган вақтдаги руҳияти ва қарашларига мос эди, албатта. Бир қарашда номланишининг ўзиёқ шеърнинг «қизил»лигидан дарак бериб, у ҳақда муайян хулоса чиқариш имконини бераётгандек. Бироқ хулосага шошилмасдан, шеър мазмунига дурустроқ эътибор қилинса, ўзгачароқ манзарага дуч келамиз. Худди «Шарқ нури»да кўрганимиздек, бунда ҳам Шарқ мавзуси ишланади, бироқ, аввалги шеърдан фарқ қилароқ, «Қизил байналмилал»да Шарқу Ғарб зиддияти очиқчасига ифода этилади: «Кўмир каби булутлари ёт эллар, Ул элларнинг қуллигида эзилган Шарқ эллари...». Эътибор беринг-а, шоир социалистик таълимотга мувофиқ «Шарқни Ғарб буржуазияси эзмоқда» деяётгани йўқ, унинг талқинида эзилган Шарқ ва эзувчи Ғарб бор, холос. Бир қарашда бу фикримизни қуйидаги сатрлар инкор қилаётгандек туюлиши ҳам мумкин:

Шарқ эллари асир каби ишлайлар

Бир ҳовуч ҳам келмайдиган халқ учун...

Шарқли киши қатиқ еса нон топмас

Бир ҳовучлар емагига ном топмас...

Кўринадики, «бир ҳовучлар» дейилганда айнан эксплуататор синфлар назарда тутилади, дея эттироз қилиниши мумкин. Хўш, унда нима сабабдан шоир «шарқ эллари бир ҳовуч ҳам келмайдиган халқ учун» эзилиб ишлайди, деб ёзади? Бу жўнгина услубий ғализликмикан? Ўйлашимизча, йўқ. Чўлпон, аввал ҳам айтганимиздек, социализм ғояларига хайрихоҳ бўлгани ҳолда унинг қарашлари большевизмдан жиддий фарқланади. Табиийки, большевикларнинг нашр афкори бўлмиш «Иштирокиюн»да эълон қилинадиган асарда асл ниятнинг бирмунча пардаланиши, Ҳ.Олимжон айтмоқчи, ниқобланиш зарур эди. Кўринадики, шоир, бир томондан, большевикларда урф бўлган иборалар (эзилган, эзилувчи, «бир ҳовучлар»)ни ишлатишга мажбур, иккинчи томондан, уларга янгича маъно юклагани ҳолда Шарқ озодлиги, миллий озодлик ғояларига хизмат қилдиришга интилади.

Чўлпон Шарқнинг аянч аҳволидан сўзларкан, «наҳот унинг қутулишига йўл йўқ бўлса?» деган савол қўяди-да, ўзи жавоб беради унга:

Илгарида бўлмаса ҳам энди бор,

Ғарб устида бош кўтарган улуғ куч.

Ул кучдир ким, мазлумларга йўл очар,

Золимларга наъра тортар:

- Ўч, ўч, ўч!.

Табиийки, шоир «улуғ куч» деганида октябрь инқилобини назарда тутади. Бироқ, шеърнинг умумий руҳидан келиб чиқилса, «мазлумлар» ва «золимлар»нинг контекстуал маъноси кенгаяди. Яъни, бу ўринда «меҳнаткашлар» ва «эксплуататорлар»гина эмас, кўпроқ Шарқ ва Ғарб назарда тутилгани англашилади. Айниқса, шеърнинг якунловчи банди Чўлпоннинг октябрь инқилобига муносабатини, қарашларидаги ўзига хосликни ёрқинроқ тасаввур қилишимизга имкон беради:

Бир йилдирким, кўк юзида туғилди,

Қизил қонлар орасидан «қизил ой»,

Бир тарафдан қаҳр, зулмат қувилди,

Шарқни яна ул қизил ой қутқаргай!..

Ортиқ етар эзилганинг, эй Шарқ!

Қанот қоқиб ойга қараб юксал,

Асирликдан қутулмоққа зўр шарт:

Қўлда яроғ, тилда «Байналмилал»!

Чўлпон октябрь инқилоби ўз юртидаги «қаҳр, зулмат»ни қувиши, Шарқни асоратдан қутултиришига ишонади. Лекин бу ўринда муаллиф «инқилобни экспорт қилиш» ёхуд ўша пайтда большевикларнинг бутун хаёлини эгаллаган «жаҳон революцияси»ни назарда тутмайди, йўқ. Октябрь инқилоби шоир назарида мудроқ Шарқни уйғотиши, уни курашга чорлаши лозим, холос. Чин маънодаги озодликка эса Шарқ, жумладан Туркистон халқлари «қанот қоқиб ойга қараб юксал»салар, «қўлда яроғу тилда «байналмилал» билан курашга кирсаларгина эришишлари мумкин. Бир қарашда бу фикримизда ички зиддият мавжуддек: ахир, Туркистон халқларининг «ой»га қараб интилишларига на ҳожат? Ахир шоирнинг ўзи Туркистон кўкида «ой» порлаганига бир йил бўлди, деб турибди-ку? Бу хил эътирозларда жон бўлиши мумкинлигини инкор қилмаган ҳолда шеърни юқоридагича талқин қилишга мойилмиз. Албатта, бунинг учун шеърнинг ўзидан асос топишимиз лозим, акс ҳолда талқинда субъективизмга юз тутган бўламиз. Ҳўш, шеърни бизчасига талқин қилишга имкон берувчи унсурлар, ишоралар борми? Бизнингча, бор. Аввало, шоир «Ғарб устида бош кўтарган улуғ куч» ҳақида ёзадики, буни Туркистон кўкида порлаган ой сифатида тушунишга шошилмай турайлик. Иккинчидан, қаршимизга бир савол қўяйлик: нима учун «қизил ой»? Хўш, ойга қизил деб сифат берилгани фақат унинг «қизил қонлар орасидан» балқиб чиққани учунми? Унда нега шоир «Шарқни яна ул қизил ой қутқаргай» дея таъкидлаб қайтаради? Шу ўринда шеърнинг бошига қайтишимиз мақсадга мувофиқ кўринади. Шоир ҳавонинг бузуқлигидан, кўк юзидаги «кўмир каби қоп-қора. булутлар»дан бошлайди гапни. Кейин эса:

Ҳаво бузуқ... Тўғри, Шарқнинг ҳавоси

Неча йилдир жуда ёмон бузулган...

Кўк юзида қатор-қатор чизилган

Кўмир каби булутлари ёт эллар...—

деб ёзади. Бизнингча, Чўлпоннинг шеър бошланишидаёқ рамзни қандай тушуниш лозимлигига ишора қилиши бежиз эмас: у ўқувчисини сергак торттиришга, кейин ҳам рамзий тимсоллар келишидан огоҳ этишга ҳаракат қилади гўё. Агар «Қизил ой»ни ҳам рамзий тимсол деб қарасак, унинг маьно диапазони, шубҳасиз, анча кенгаяди. Аввало, шоир инқилобни қуёшга (бу нарса кўпроқ расм эди) эмас, ойга менгзамоқда. Ой эса, маълумки, мусулмон дунёси рамзларидан биридир. Ойнинг сифатловчиси бўлмиш «қизил» эса, ўз навбатида, социалистик ғоялар рамзи бўлиб чиқади. Демак, айтиш мумкинки, Чўлпоннинг юқорида кўрганимизча қарашлари — социалистик ғояларни Шарқда ўзига хос тарзда татбиқ этишу уларни исломий қадриятларга мувофиқлаштириш мана шу рамз воситасида ифодаланади. Чўлпоннинг 1919 йил санаси қўйилган яна бир асари «Темирчи» деб номланади. Шеърий йўлда ёзилган мўъжазгина драматик кўринишда муаллиф оддий меҳнат кишиси — темирчи ҳаётидан фоже бир лавҳани жонлантиради. Темирчининг яратганга илтижосидаёқ:

Қабул қилгин тилагимни, тангрим,

Бақувват қил билагимни, раббим!

Шу билакнинг кучи билан ўн жон

Топиб ейдур кечунгундай ош-нон...—

Чўлпон билак кучию пешана тери билан машаққатли кун кечираётган минг-минглаб юртдошлари тақдирини умумлаштиради. Чўлпон ўқувчи кўз олдида оғир меҳнатдан толиққан, оч қолган болакайнинг зорланишларию дилбандининг қийналганини кўриб юраги ачишгани ҳолда кеч бўлганига-да қарамай ишга ундашга мажбур отанинг изтиробларини жонли гавдалантиради. Шу ҳолатда боланинг қўли куйиб, ёрдамчисиз қолган ғамбода ота қўлини майиб қилиб олади. Шоир темирчи тилидан ўзини доим ўйлатиб келган саволни ўртага ташлайди:

Нега мунча эзадурсан қулингни?..

Шундай бойлар бўларким,...

бир неча йил ишламас, оч қолмас.

Мен бечора ишламасам, топмасам,

Уй ичимда ўн жон бордур...

Бир бурда нон топилмас...

Муаллиф конкрет ҳаётий лавҳада ижтимоий турмушдаги адолатсизликни тасвирлаш орқали уни адолат асосига қайта қуриш заруратини таъкидлаб кўрсатади. Чўлпон халқнинг яшаш шароитини яхшиламасдан, уни «маишат қуллиги»дан қутқармасдан туриб чин маънодаги тараққийга эришиб бўлмаслигини жуда яхши билади, зеро, ижодининг аввалидаёқ деҳқонлар ҳаёти билан танишиб бу заруратни теран англаганди ҳам. Асарнинг «меҳнаткаш инқилобининг икки сана даври муносабати-ла» деган бағишлов билан чоп этилиши ҳам муаллифнинг инқилобга хайрихоҳ муносабатидан далолатдир, албатта. Бироқ, унутмаслик лозимки, таҳлилга тортганимиз иккала шеър Чўлпоннинг октябрь инқилобига муносабати ғоят зиддиятли бўлганидан дарак беради. Бир томондан, инқилобнинг меҳнаткашларни озод қилиш шиори билан чиққани унинг қарашларига, тараққий мақсадига мувофиқдай, иккинчи томондан, янги советлар ҳукумати Туркистонга чин маънодаги мустақиллик бериш ниятидан йироқлигини мухториятни қонга ботирганидаёқ ошкор қилиб қўйган эди. Чўлпон Бошқирдистонда ҳукумат раисига котиблик қилганида ҳам, юртига қайтиб Туркистон ҳукумати бошқаруви ҳамон мустамлакачилар қўлида қолаётганини кўрганида ҳам, кундалик турмушда ҳам, қўйинг-чи, ҳар қадамда кейинги фикрни қувватловчи далилларга дуч келади. Қарашлари нечоғли зиддиятли бўлмасин, бу даврда адиб учун истиқлол мақсади бирламчи бўлиб қолаверди. Айни пайтда, Чўлпон юртининг тақдири ҳал бўлаётган вақтда бир четга чиқиб туришликни ўзига эп билмади. У ўзининг миллатга энг кўп фойдаси тегиши мумкин бўлган журналистика соҳасида ишлаб, мавжуд имкониятлар доирасида эзгу мақсадларининг амалга ошишини яқинлаштириш йўлида хизмат қилди. Чўлпоннинг янги ҳукумат маориф, маданият соҳаларида олиб бораётган ишларни қувватлаб, гоҳо уларни ривожлантириш умиди билан танқид қилиб ёзган «Қизил Шарқ поезди келди», «Шўролар ҳукумати ва саное нафиса», «Гимназисткалар», «Фарёд» каби мақолалари фикримиз далилидир. Адиб халқнинг маърифатли бўлиши келгусидаги истиқлол учун курашда, ижтимоий ҳаётни ислоҳ қилишда нечоғли муҳимлигини билгани сабабли ҳам «қизил» шиорлару гаплардан, «қизил» мушоҳадалардан чўчиб ёхуд ҳазар қилиб ўтирмади, ишга фойдаси тегса бас, деган ақидадан келиб чиқди. Таьбир жоиз бўлса, Чўлпонни узоқ манзилни кўзлаб йўлга чиққан йўловчига менгзаш мумкиндек: йўловчи ўзига озроқ бўлса-да йўлдош бўлган аравага чиқди, «аравасига чиққандан кейин ашуласини ҳам айтди»-ю, лекин йўлини яқинлаштиргани фойдага қолди. Ўйлашимизча, Чўлпоннинг 1920 йилларда ёзилган айрим мақолаларию шеърларини шу йўсин тушунилсагина қарашлар тадрижидаги мантиқий изчиллик кузатилиши мумкин бўлади.

Чўлпоннинг вақтли матбуотда эълон қилинган шеърларининг аксарият қисми унинг шеърий тўпламларига киритилган эмас. Эътибор берилса, шоир 1926 йилгача учта шеърий тўплам чоп эттиргани ҳолда, улардан «қизил» руҳдаги шеърлар камдан-кам ўрин олганлигини кўриш мумкин бўлади. Нега? Биз буни икки асосий сабаб билан изоҳламоқчи бўламиз: биринчидан, Чўлпон шеър ва шеърий йўлда ёзилган публицистикани фарқлаган, шеъриятга анча юксак талаблар қўйган; иккинчидан, вақтли матбуотда эълон қилинган шеърларининг аксариятида «аравакаш» ашуласига «хиргойи»си қўшилиб турган холос. Бунга амин бўлиш учун шоирнинг 20-йиллар аввалида ёзилиб тўпламларига киритилган шеърлари билан тўпламлардан жой олмаган айрим шеърларини қиёслаб қўйиш кифоя.

Чўлпоннинг бу даврда яратган шеърларида фикру туйғуларни рамзлар воситасида ифодалашга мойиллик кучайдики, бунинг илдизларини юқорида кўрсатиб ўтдик. Айтиш мумкинки, «ниқобланиш» зарурати Чўлпон шеъриятининг ўзига хос ифода йўсини, бетакрор услубию поэтик тафаккур тарзининг шаклланишига туртки берган кўринади. Ифода йўсинининг рамзийлиги «Тортишув тонги» (1920) номли шеърда ҳам яққол кўзга ташланади:

Енгган қўшин бошлиғидек гердайиб

Ботган қуёш булутларнинг остидан

Бош кўтариб чиқмоқ учун тириша:

Шунинг учун бери ёқда иржайиб

кулишурлар,

Унга қарши қаршидан

Йиғлов, сиқтов, товуш, ғавғо, хархаша.

Табиийки, шеър руҳидан келиб чиқилса, «қуёш» бу ўринда истиқлол, миллий озодлик рамзи эканлиги англашилади. Шоир «ботган қуёш» деганида истиқлол учун курашдаги мағлубиятни, хусусан, мухториятнинг маҳв этилишини назарда тутади. Муаллиф ишонадики, қуёш мангуга ботмаганидек, истиқлол учун кураш ҳам тўхтамайди: эндиликда ўша «ботган қуёш» қайтадан бош кўтариб чиқмоқ учун тиришаётир — «тортишув тонги» бошланаётир. Кейинги сатрларда Чўлпон кўтарила бошлаган «қуёш»га турлича муносабатни тасвирлайди: «бери ёқда иржайиб кулишурлар». Кимлар улар? Муаллиф гапнинг эгасини атайин тушириб (эллипсис) қолдирса-да, мустамлакачиларни, истиқлол душманларини назарда тутаётгани аён, зеро, танланган сўзларнинг услубий бўёқлари («иржайиб») ҳам шунга ишора қилади. Шоир «кўпдан бери зиндонда қуёш кўрмай захлаб ётган кўнгиллар»ни ўзи билан қувонишга ундайди. Айни пайтда, «кишанларни ясовчи усталар», «бошқаларни «тубанлар» деб атовчи хўжалар» қайғурсинлар, чунки уларнинг «ёз бошининг қоридек» эрийдиган, йўқ бўлиб кетадиган кунлари яқинлигига ишонади, ишонтиради. Шоирнинг бу ишончи:

Чиқадирган қуёшни сиз беҳуда

Этак билан тўсмоқ учун тиришманг,—

деган хитобида яна бир парда юқорироқ жаранг топади. Истиқлолнинг муқаррар ғалабасига қатьий ишонч руҳи нимадан озиқланади? Ўйлашимизча, уни озиқлантирувчи бир неча илдиз бўлган. Аввало, Чўлпон шу йилларда, айниқса, Фарғона водийсида жонлана бошлаган миллий озодлик ҳаракати — босмачиликнинг илк босқичига катта умид боғлаган кўринади. Ҳартугул, кейинроқ шоирни босмачиларга хайрихоҳликда, миллатчиларнинг йиғинларида «Фарғона водийсида гуллар очилмай, булбуллар сайрамай қўйган»лиги ҳақида ғамбода шеърлар ўқиганликда айблаганлари1 буткул асоссиз дейишимиз ҳам унчалик тўғри бўлмаса керак. Зеро, бу даврда Чўлпон ҳам бошқа маслакдошлари каби халқни мана шу ҳаракат теварагида жипслаштириш, кучларни жамлаган ҳолда бош мақсадга сафарбар этиш пайида бўлганлиги эҳтимолдан холи эмас. Шу боис ҳам Чўлпон «Улуғ йўлда» (1920) номли шеърида:

Йўлимизда чўллар, сувлар, денгизлар,

Босгувчисин таниб бўлмаслик излар.

Шул изларни босиб, денгизлар кечиб,

Буюк амал билан борамиз бизлар, —

деб ёзадики, бу сатрларда юқоридаги фикрнинг тўғрилигига далолат бордек кўринади бизга. Чўлпон эркка элтувчи «улуғ йўл»га кирганлар дилига жо қилиб бораётган «буюк амал» — истиқлол мақсади «йўллардаги денгизлардан улуғроқ» эканини, баски, бу йўлдан қайтиш бўлмаслигини таъкидлайди. Шоир ишонадики, энди «Эзилганлар тилак тилар бу йўли (бу сафар,—Д.Қ.) бурунгидан тўлуғроқ», яъни «эзилган(халқлар,—Д.Қ.)лар» ниятида анча қатъийлашганлар. Шу боис ҳам:

Маҳкам қилиб боғланилган камарлар!..

Тезроқ!

Қанот!

Қушлар янглиғ учайлик,

Кенг чўллардан, денгизлардан кечайлик

Шарқнинг эски чигалини ечайлик!.—

дея даъват қилади шоир. Чўлпон Шарқнинг «эски чигали»ни ечиш учун улуғ йўлга чиққан, бу «буюк амал» йўлида белни маҳкам боғлаганлар орасида ўзининг ҳам борлигидан, «биз» дея олганидан ҳақли равишда фахр этади. Албатта, «биз» деганида у аввало ўзига эскидан ҳаммаслак бўлган жадид миллатпарварларини назарда тутади, зеро, бу пайтларда шоир ўзини улардан айри тасаввур ҳам этмаган. Чўлпон айни шу 1920 йилда ёзилган «Маҳмудхўжа Беҳбудий хотирасига» номли шеърида маънавий ота руҳига мурожаат этиб «чизган йўлингдан йироқ кетмай, қимирламай юраман» дейдики, бу ҳам юқоридаги фикрнинг далилидир. Истиқлол йўлида курашнинг турли йўлларидан фойдаланаётган жадидлар эса бу вақтда босмачилик ҳаракатини марказлаштириш, шарқ халқлари, хусусан, туркий халқларнинг миллий озодлик ҳаракатларини мувофиқлаштириш учун интилаётган эдилар. Жадидлар совет ҳукумати томонидан ташкил этилиб, 1920 йилнинг 1-5 сентябрь кунларида Бокуда ўтказилган Шарқ халқлари конгрессидан ҳам ўз мақсадлари йўлида фойдаланишни ният қилганлар, албатта. Қизиғи шундаки, Чўлпоннинг тўпламларидан жой олган 1920 йилга мансуб шеърларининг айримлари Бокуда ёзилганлиги қайд этиб қўйилган. Чўлпоннинг Бокуда бўлиши конгресс ишига қай даражада алоқадорлиги (ҳар ҳолда, шоирнинг битта шеъри остига 1920 йил августида Бокуда ёзилгани қайд этилган) ҳақида маълумотга эга эмасмиз, бироқ ундан кўп нарса кутгани равшан. Ҳазар эсдалиги тарзида ёзилган «Ёруғ юлдузга» шеърининг лирик қаҳрамони юртнинг тутқунликда эканидан эзилган, бунинг сабабларини англашга интилаётган одам. Чўлпон шеъриятида «юлдуз» қўпинча мақсад рамзи сифатида келишини эътиборга олсак, шоирнинг «ёруғ юлдуз» билан сирлашиши бежиз эмаслиги сезилади. Яъни, «сирлашиш» аслида шоирнинг ўз қалбига мурожаати, изтиробли изланишларининг бир парчаси сифатида намоён бўлади. Шоир турли «Фалокатлар кўрган боболарнинг истиқлолнинг қимматини билмаган»идан, сўнг замондаги хонлар «эл ва юртни сақлаш учун тузуккина чора-тадбир кўрмаган»идан ўкинади, натижада ҳозирги авлод асоратда яшайди, деб ҳисоблайди:

Биз йўқсиллар бошқаларга қул бўлиб,

Чет оёқлар товонида эзилдик.

Ҳар ярамас, ҳар бузуқнинг тагида

Алам тортган, жабр тортган биз эдик.

Лирик қаҳрамон кайфиятида кўтаринкилик, даъваткорлик сезилмаса-да, эътиборга молик бир жиҳат яққол кўзга ташланади. У юлдуздан қанча «аччиқ бўлса ҳам тўғри сўзни яширмасдан» айтишини ўтинади. Зеро, у ўзига юпанч излаётган одам эмас, аксинча, ўтмишдаги хатоларни англашга интилаётган одам. Хатоларни англашлик унга ўтмишни қоралаш ёхуд боболарни яниш учун эмас, балки уларнинг эндиликда такрорланмаслиги учун зарур. Бу эса қаҳрамоннинг келажак олдидаги жавобгарликни теран идрок этишидан, кўнглидаги алдамчи сокинлик остида қудратли пўртана яширинганидан далолатдир. Дарвоқе, «Пўртана»(1920) шеъри ҳам Боку туркумининг мантиқий давоми деб қаралиши мумкин. Зеро, гарчи шеър Тошкентда ёзилган бўлса-да, унда Баҳри Ҳазар таассуротлари акс этади. Чўлпон бу шеърда ҳам рамзий ифода йўсинига содиқ қолади:

Пўртана қўзғолди, пўртана юрди,

Пўртана ўзини қирғоққа урди.

Пўртана олдида бир кема кўрди

Ичида зич одам... ўйнатди, сурди.

Аввалига денгиз манзараси тасвирланаётгандек туюлса-да, шеърни ўқиган сари зоҳирий манзара замиридаги рамзий маъно очилиб бораверади. Дунёни остин-устин қилаёзган инқилоб, эрк дея қўзғалган омма қудратини шоир пўртана тимсолида тажассум топтираётгандек. Шу асно шеърда яна бир муҳим тимсол — «кўзлари кийикни кўр қилган», «юзлари ойларни ботирган» гўзал майдонга чиқади. Пўртананинг ўзида суюб «оқ кўпик ичида оқаётган» гўзални:

Дам кўкка ирғитиб, дам тортар кўксига

Шу йўлда ўйнатур қизни,

Кулдириб ул нурлик юзни,

Суйдириб ул оху кўзни,

Қул қилиб сизни ҳам бизни...

Барчани, аввало шоирнинг ўзини мафтун этаётган, шу боис ҳам бир-биридан латиф сифатларла алқанаётган гўзал эрк, озодлик рамзидир. Мафтункор гўзалнинг пайдо бўлиши денгиз пўртанаси тасвирининг рамзий маъносини ўзгартиради: энди у «ошиқ» қалбининг ифодасига айланади. Эрксевар қалб қудрати шунчаларки, «Кўтарса бошини кўкларга тегадир. Булутлар, чақмоқлар даҳшатда». Бироқ шунчалар қудрати-ла пўртана жимжит, ўйида «қўзғалиш деган сўз» бўлмагани ҳолда «қиёмат ухлайдир». Нега? Чунки:

Бу маҳшар, қиёмат, пўртана, тўлқинлар —

Ҳаммаси йўқсилнинг кўнглида.

Бир дамда дунёни куйдирур вулқонлар

Ожизнинг у ўтлик дилида...

Чўлпон «йўқсил» деганида, юқорида ҳам айтилганидек, камбағал бечораларнигина эмас, барча мустамлака зулми остида эзилган элларни назарда тутади. Пўртананинг қўзғалиш деган ўй хаёлида бўлмагани ҳолда уйқуда (агар «қизил» маънода тушунилса, мантиққа ҳам ҳақиқатга зид ҳол юзага келади, чунки «қизил пўртана» шеър ёзилган пайтда асло уйқуда эмас эди) эканлиги ҳам шундан далолат беради. Шеър ниҳоясига яқин шоир ўз ниятини ошкор этади, пўртана «менинг кўнглим, ғалвани, жанжални, тўполон, қўзғалиш, чувалаш, исённи суядир» дея тан олади. Кўрамизки, Чўлпон ўқувчисига, аввало, эрксевар қалблар қўзғалиши — пўртананинг нечоғли буюк қудратга эгалигини кўрсатади, сўнгра ўзидаги курашга ташналикни унга юқтирмоқчи бўлади, шундан кейингина хитоб қилади:

Ўйна, эй пўртана, тўхтама, қувват ол,

Чоғ келгач, эриниб ётма, ухлама,

бўлмасин йўқлама.

Кўп эзган душмандан,

паст жондан

Ўчни ол, ўчни ол, ўч ол!

Хитобдан яққол сезиладики, Чўлпон шеър ёзилган 1920 йилда истиқлол учун курашга фурсат етган, бунинг учун зарур шароит етилган деб ҳисоблайди. У бугунми-эрта Туркистондаги мазлум халқларнинг пўртанадек бош кўтаришига, эзувчиларини улоқтириб ташлашига ишонч билан яшайди. Табиийки, бу ишонч шоирнинг жадидчилар бу йўлда олиб бораётган саъй-ҳаракатлардан яхши хабардор бўлгани, кучга кира бошлаган миллий озодлик ҳаракатига катта умид боғлаганидан туғилгандир. Чўлпоннинг кўпчиликка таниш бўлган «Кураш» шеъри ўзининг мазмунию руҳи жиҳатидан «Пўртана»га яқин туради. Шеърнинг остига унинг 1921 йилда Тошкентда ёзилгани қайд этилган. Агар Чўлпоннинг 1921 йил май ойининг охирида Бухорога жўнагани ҳамда у ерда бир йил зиёдроқ ишлагани эътиборга олинса, «Кураш»нинг тахминан шу йилнинг бошларида ёзилгани англашилади. «Пўртана»да кузатилган ишонч руҳи «Кураш»нинг илк сатрларидаёқ бўртиб туради:

Чақиргувчи, ўкиргувчи бир товуш

Ботирларнинг жон сўраган товшидир.

Йиқитгувчи, ағдаргувчи қўзғалиш

Яқиндаги зўр курашнинг бошидир.

Чўлпон бу курашдан четда турганни душман атайди, «йўқсилдаги имон тошиб кетган»и учун ҳам унинг бағоят кескин кечишига, муроса бўлиши мумкин эмаслигига ишонади. Шу боис ҳам шоир масалани ўта кескин, ҳамлетчасига қўяди:

Улуғ, қаттиқ ағдаргувчи бу кураш.

Ё бор бўлиш, ё йўқ бўлиш:

— Йўқ яраш!..

Чўлпоннинг масалани бунчалар кескин қўйиши юртига етказилаётган заҳматнинг озурда дилида чидаб бўлмас оғриққа айланганидандир. Шоир она шаҳри Андижон томонларга борганида гуллаган водийнинг хароб этилгани, юртдошлари меҳнати-ла обод қилинган қишлоқларни бойқушлар макон тутганини ўз кўзи билан кўради; тул қолган жувонлар, етим-есир болалар, фарзанд доғида юраги пора бўлган ота-оналарнинг фарёдларини ўз қулоғи билан эшитади; босмачиликка қарши кураш баҳонасида қатли ом қилинган қишлоқлар, қизил қўшин содир этган хунрезликлар ҳақида эшитиб билади... Буларнинг бари шоир қалбини ларзага солади, юрак қони билан ёзгани «Бузилган ўлкага» шеъри дунёга келади.

Чўлпон талқинидаги юрт маконий тушунчагина эмас, йўқ, у — ҳис қила биладиган мавжудлик, азоб, қувонч, нафрат ҳислари унга асло ёт эмас. Бу юртнинг ёвлардан безганлиги шунчаларки, тоғлардан тушаётган сувлари «йиғлар каби инглайлар», «Ёв... борми? деб тўрт тарафни тинглайлар». Бу юртнинг ёвларига нафрати шунчаларки, зилол булоқлари шифобахш сувларини чақирилмаган «қўноқлар»дан қизғонарлар. Чўлпон яратган юрт тимсолида мушфиқ оналар — борлиғини фарзандларига беғараз бағишлай оладиган, яхшию ёмон кунларни фарзанд орқасидан кўрадиган, азобию қувончи фарзандлари туфайлидан келадиган... — тажассум этилгандек. Шу маънода шоирнинг беададдек туюлувчи «нега, нима учун»лари юрт — онанинг «ярали танларини кўрмаётган», «кўзининг ёшларини сўриб олиш»га ярамаётган фарзандларга қаратилгандир. Эътибор қилинса, шоирнинг ўтли нафрату аламларида бирозгина тушкунлик асарлари ҳам зуҳур қилаётгандек кўринади:

Нима учун ағдарилган, йиқилган,

Оғир тожнииг заҳар ўқи кўксингда?

Нима учун ёвларингни бир замон

Йўқ қилгудек темирли ўч йўқ сенда?

Мустамлака сиёсати давом этгани ҳолда унга қарши чинакам кучнинг йўқлиги шоир дилини ўртайди. Бунда энди «Пўртана» ёхуд «Кураш» даги руҳ сезиларли даражада сусайган. Нега? Чунки илгари Чўлпон «ёруғ юлдуз» билан сирлашган бўлса, энди она юрт билан дардлашади: унинг хаёлидаги ва ҳаётдаги мавжуд ҳол орасида улкан фарқлар кўзга ташланади. Шоир ўзи «Пўртана»да орзу қилган қудратни, омманинг эрк дея бир ёқадан бош чиқаришини, «йўқсилдаги имоннинг тошиб кетиши»ни аксарият юртдошларида кўрмайди. Орзу умидларининг саробга айланаёзгани Чўлпонни изтиробга солади, бунинг натижаси ўлароқ 1921 йил ўрталарига қадар ёзган шеърларида маҳзун оҳанглар, тушкунлик кайфияти устунлик қилади. Шоирнинг шу вақтда ёзилган «Ёнғин» номли шеърида «кўнглим каби йиқиқ уйлар, қишлоқлар» дейиши ҳам фикримизни далиллайди. «Ёнғин» шеърига газета хабаридан «Таланмаган, йиқилмаган ер йўқ. Гўдаклар найза бошида...» деган парчанинг эпиграф қилиб олиниши юртдаги вайроналигу хунрезликлар шоир руҳиятига нечоғли қаттиқ таъсир этганини кўрсатади:

Шундай катта бир ўлкада ёнмаган,

Йиқилмаган, таланмаган уй йўқми?

Бир кўз йўқми қонли ёшин тўкмаган,

Бутун кўнгил умидсизми, сўндими?

Шоир алам билан қайд этаётган ҳақиқатлар замирида энди аввалгидек курашга, қўзғалишга ундаш эмас, ўзининг ҳам юртининг ожизлигидан ўкиниш оҳанглари кучлироқ келади. Ўзи орзулаган оммавий қўзғалишни кўрмаган Чўлпон «Мўминларнинг оқ виждони, имони, шам сўнгандай тинсизгина сўндими?» дея ўкинч-ла ўйга толади. Зеро, унинг эътиқодида имон тушунчаси ватанга муҳаббат тушунчаси билан эш келади, «ҳифзул ватан минал имон» — ватанни ҳимоя қилмоқ иймондандур, деб билади. Чўлпон «Пўртана», «Кураш» шеърларида кўрганимиздек қўзғалиш шиддатига нечоғли мафтун, эрк учун курашга нечоғли ташна бўлмасин, аввало, шоир, ҳассос қалб соҳиби эди. Бегуноҳ тўкилган қонлар эса, ҳар вақт бўлганидек, энг аввал шоир қалбини сўроққа тутади:

Қиличларнинг тилларида қизил қон

Булоқларинг суви янглиғ тошдими?

Яланг бола, яланг гўдак, маъсум жон

Найзаларнинг бошларидан ошдими?

Айни шу даврда Чўлпон «бегуноҳ тўкилаётган қонлардан бирор натижа бўлармикан? Кўзлаган мақсадимиз тўкилган қонларга арзирмикан?» деган андишаларга борган кўринади. Ҳар ҳолда, худди шу вақтларда ёзилган «Ёрқиной» пьесасининг қаҳрамони исёнкор Пўлатнинг кураш ниҳоялангач ҳам кўп нарса ўзгаришсиз қолаёгганини кўриб, «Мунча қон тўкишнинг нима кераги бор эди?» дея ўйга толиши ҳам бежиз эмас эди. Айтмоқчимизки, бу пайт Чўлпоннинг ҳаёт йўлини ёритиб турган «ёруғ юлдуз» анчагина хира тортганди. Шоир кўнгли миллий озодлик ҳаракатининг кенг қулоч ёйишига, оммавий тус ола билишига ишонолмай қолганди. Чўлпон дилидаги умидсизлик авж пардасига кўтарилган давр маҳсули сифатида «Амалнинг ўлими» шеърини кўрсата оламиз. Шеърнинг:

Кенглик хаёллари учдими кўкка?

Бутун умидларни ёвларми кўмди?

Мангу тутқунликка кирдими ўлка?

Хаёлда порлаган шамларми сўнди?—

деган сатрлари юқоридагича ўйлашимизга асос беради. Шоирнинг изтироблари юрт қайғусида чеккан оҳлари «ўтидан чиққан шуълалар» юртдошлари «кўкрагидан бир жой топмаган»и, аксариятининг қалблари ҳамон ухлаётганлиги сабабли ҳам кучаяди. У ўзи ардоқлаган «эрклик юлдузи»нинг нуридан ҳар бир мазлум дилида бир «из» қолишига ишонарди, бироқ ҳақиқатда бундай бўлиб чиқмади. Шу боис ҳам шоир:

У бир из, кўзимнинг нурларидан ҳам

Юксакдир, мен уни ўпмак истайман,

Агар топилмаса бу юртлардан ҳам

Кўчиб йироқларга кетмак истайман,—

деб ёзади. Айтиш керакки, бу шунчаки иддао эмас эди. Чўлпоннинг «Йўл эсдалиги» сафарномаси шундай дейишимизга асос берадики, уни адибнинг бунгача кўриб ўтганимиз асарлари, унинг ҳаёт йўли ҳақида айтилган фикрлар контекстида талқин этсак, бунга амин бўлишимиз мумкин кўринади...

Аввалдан айтиш жоизки, «Йўл эсдалигини» фақат шартли равишдагина сафарнома деб аташимиз мумкин. Зеро, унинг одатдаги сафарномалардан жиддий бир фарқи бор: бунда эрксевар руҳнинг кўнгил тор кўчалари бўйлаб машаққатли сафари қаламга олинади — реал йўл ва реал манзил бадиий ният ижросида муҳим бўлмагани учун ҳам адиб уларни конкретлаштирмайди. Асарни шартли равишда бўлса-да сафарнома жанрига мансуб дейишга асос берувчи жиҳатлари ҳам йўқ эмас: конкретлаштирилмаган бўлса-да, «йўл» образининг мавжудлиги, унинг марказида сайёҳ-муаллиф образининг туриши. Хўш, нима учун адиб сафарнома жанрини танлади? Мазкур саволга жавоб бериш учун Чўлпон ижодий меросига яна бир қургина назар солишимизга тўғри келади.

Айтиш мумкинки, ҳеч ким маконий ва даврий ўзгаришларни йўлга чиққан кишичалик ўткир ҳис қилмаса керак. Табиийки, маконий ва даврий ўзгаришлар йўлчи руҳиятига-да муайян таъсир ўтказади, дунёқарашида муайян ўзгаришлар ясайди. Доно халқимизнинг «юрган дарё, ўтирган бўйро» деган пурҳикмат мақоли ҳам бежиз тўқилмаган. Эҳтимол шундандир, оғзаки ва ёзма адабиётда ўсиш-ўзгаришда кўрсатилаётган қаҳрамонлар кўпинча йўлга чиқадилар. Чўлпон ижодиётида ҳам йўл образи кўпинча шу хил ботиний параллеллар ўтказишга хизмат қилади. Адибнинг илк ижодидаёқ «йўлсизлик»дан қийналаётган ва «йўлга чиққан» қаҳрамонлар тақдири қаламга олинган эди. «Қурбони жаҳолат»даги сиқиқ муҳитда бўғилган Эшмурод ижтимоий-маънавий эҳтиёжларини қондириш йўлини тополмаганидек, сафарга ҳам отланмаган эди. Унинг зидди ўлароқ, изланаётган Муҳаммадиёр сафарга чиқади ва шунинг муқобилида ўзгаради. Шунга ўхшаш ҳолни «Кеча» романида ҳам кузатамиз: ўз оиласининг биқиқ муҳитида эзилган Зеби ҳам сафарга чиқади. Бироқ Зебининг сафари «бир ёзилиб келиш» мақсадидагина бўлганидан, сафар чоғида руҳиятида бошланган ўзгаришлар мантиқий ниҳоясига етмайди. Зебидан фарқ қилароқ, Мирёқуб чиққан йўл олдинга қараб юради — у ҳаётини ўзгартиришни ният қилган. Эҳтимол шунинг учундир, «Кеча»да у ортига, яъни, ўз муҳитга қайтмайди, Чўлпон унинг йўли муайян манзилга етишига ишора қилади гўё. Ўйлаймизки, шу мулоҳазаларимизнинг ўзиёқ Чўлпон насрий ижодида «йўл» образи қаҳрамонлардаги маънавий-руҳий ўсиш-ўзгаришнинг ботиний муқобили(параллели) экани ҳақидаги даъвомизни далиллайди. Шуниси ҳам борки, Чўлпоннинг «Юрт йўли», «Ишқ йўли», «Меним йўлларимда», «Уч-тўртта юлдуз», «Созим» каби қатор шеърларида ҳам йўл мотиви ҳозир. Уларнинг барини умумлаштирувчи жиҳат шуки, йўлга чиққан йўлчи — лирик қаҳрамоннинг кўзлаган аниқ манзили бор: у ё ёрни истаб, ё ёруғ бир юлдузни кўзлаб йўлга чиққан; ёрга етиш умиди кесилганида ёки юлдуз хира тортганида йўлчи ўртанади ва аксинча. Айтиш мумкинки, Чўлпон шеъриятида «йўл» образи мақсад — миллий озодлик ва тараққий йўлидаги кураш рамзи сифатида талқин этилади. Бундан англашиладики, Чўлпон ўз руҳиятидаги зиддиятли кураш, ўзгариш жараёнини ифодалаш учун сафарнома жанрини танлагани бежиз эмас: у хос ўқувчисининг «йўл» образидаги юқоридагича маънолар билан яхши танишлигини, баски, бу нарса унинг асардаги ботиний маъноларни англашига асос бўлишини яхши билади.

Чўлпон мазкур сафарномасини «Билим ўчоғи» журналида эълон қиларкан, сарлавҳа остида «1921 йил 27 май» санасини қайд этадики, бундан айни шу куни йўлга чиққани англашилади. Сафарноманинг биринчи қисми «Кўнгилсиз чиқиш» деб номланган бўлиб, унинг бошланишидаёқ «бу кезувимнинг қандай тотли умидлар орқасида бўлғонини билганим ҳолда...» деган сўзларга дуч келамиз. Хўш, гап қандай «тотли умидлар» ҳақида бораётир? Бу саволга жавоб бериш учун адиб биографиясига мурожаат қилишимиз даркор. Маълумки, 1921 йилнинг июнидан Чўлпон «Бухоро ахбори» газетаси муҳаррири вазифасида ишлай бошлаган эди. Сафарномада йўл конкретлаштирилмаган бўлса-да, унинг Зарафшондан ўтганлиги англашилади. Шунга кўра асарда адибнинг Бухоро сафари акс эттирилган, деган фикрга келиш мумкин. Айтиш керакки, амирлик тугатилгандан кейин жадидлар Туркистон мустақиллиги учун курашда янги ташкил топган Бухоро Халқ Республикаси катта имкониятлар туғдириши мумкин, деб ҳисоблаганлар. Шу боис ҳам кўп ўтмай Бухорога жадидчилик ҳаракатининг кўзга кўринган вакиллари тўплана бошлайдилар ва бир томондан, янги жумҳуриятни мустаҳкамлаш, иккинчи томондан, Туркистон мустақиллигига эришиш йўлида астойдил ҳаракат бошлайдилар. Жумладан, Бухоро ҳукуматининг раҳбарларидан бири бўлмиш Фитрат томонидан «Бухоро ахбори» газетасига муҳаррирлик қилиш учун таклиф қилинган Чўлпон ҳам қалами билан шу йўлда хизмат қилиши лозим эди. Чамаси, адиб маслакдошларининг узоқни кўзлаган мақсадларидан ҳали йўлга чиқмасиданоқ воқиф бўлгану, кўнглидаги сўнишга келган умид яна пориллаб ёнган кўринади. Шу боис ҳам адиб «тотли умидлар»ни дилига жо айлаб Бухоро сафарига отланади. «Йўл эсдалиги»да адиб руҳиятидаги тушкунликнинг умидворликка айланиши рамзлар воситасида ифода этилади. Йўлга чиққанидан сўнг сайёҳ-Чўлпон хаёл ҳақида ўй суриб, у ҳақда илгарироқ ёзган шеърини эслайди:

Хаёл...хаёл... ёлгиз хаёл гўзалдир,

Ҳақиқатнинг кўзларидан қўрқаман...

Адиб ўзининг «Йўл эсдалиги»ни ёзиш арафасидаги руҳий ҳолатини шу сатрларда ёрқин ифодалайдики, буни тасаввур этиш учун яна контекстга мурожаат этиш зарур.

Юқорида айтганимиздек, Чўлпон руҳиягидаги тушкунлик хаёл ва ҳақиқат орасидаги улкан тафовутдан юзага келганди, шу боис ҳам у «ҳақиқатнинг кўзларидан қўрқади»: кўраётганларини «ҳақиқат» дея тан олишга кўнгли чопмайди, кўнглида «эрклик юлдузи» қолдирган «из» орзуларидан воз кечишга йўл қўймайди.

Кўнгли умид ва умидсизлик орасида талош бўлиб турган дамларда уни хаёл қутқаради: «Ул меним энг умидсиз, энг қийналғон, энг эзилғон чоқларимда келиб бошимдан силар, сийпар, юпатар, эркалатар эди». Кўрамизки, яқин ўтмишида хаёлот олами Чўлпонни «ҳақиқатнинг кўзлари»дан яширадиган, унинг ўксик кўнглини овутадиган ягона бир гўша эди. Энди эса Чўлпон-сайёҳ учун хаёлнинг аҳамияти ўзгаргандек: «Қоронғилик меним умид билан порлағон кўнглимни ўзининг қўрқинч қучоғлари орасига олиб ўчурмакчи бўладир, кўнглум эса хаёлнинг кўкидан тушкуси келмайдир». Айтиш керакки, бу ўринда «қоронғилик» ҳам рамзий маънога эга. Чўлпон маслакдошларининг Бухоро билан боғлиқ бўлган ниятларию бу йўлдаги саъй-ҳаракатларидан воқиф бўлгач, «кўнгли умид билан порлаган»и аён. Бироқ бир бора алданган кўнгил энди эҳтиёткор бўлиб қолган — унга шубҳаю гумонлар-да ёт эмас. Адиб кўнглидаги умид билан шубҳаю гумонлар курашини рамзлар (дарахтлар «бир тўп хаёл-ваҳм», «ёғдусиз хира чироғлар», «қоронғидан қўрқуб, ғужум бўлуб, беркиниб ётқон дарахтлар») воситасида ифодалайди. Шубҳаю гумонлар кучайиб боргани сари кўнгил «қоронғилиққа саноқсиз қарғишлар юборади», бироқ улар «қоронғилиқнинг «ваҳм»ларини тағин-да кучайтириб, унинг азаматини тағин-да орттирар эди». Қоронғилик қуюқлашиб боргани сари сайёҳ дилидаги умидни бор кучи билан қувватлантиришга интилади. Бироқ у қанча зўр бермасин, қоронғилик қуюқлашаверади, борлиқдаги табиий жараённи ўзгартиришга қодир бўлмаганидек, кўнглига ҳам буйруқ беришга ожиз қолади. Шу аснода сафарномада яна бир муҳим образ пайдо бўлади: «Мўъминлар ётар чоқларида, ўзларини уйқуга берар чоқларида Аллоҳ номини айтиб ёталар, ўзларини уйқунинг кучли қўллари орасига кўмар эдилар.

Мен-да бутун истагим, бутун тилакларим билан севганимнинг исмини айтдим ва қоронғиликнинг чуқур қаърига отилдим...»

Кўрамизки, Чўлпон учун Бухорога боғлаган умидлари ҳамон «қоронғилик» — уларнинг амалга ошиш-ошмаслигини билмайди, шундай бўлса-да, маъшуқаси — юрт озодлиги орзусини дилига туккан ҳолда дадил қоронғилик қучоғига кириб боради. Бунгача юритган мулоҳазаларимиз сафарнома контекстида «маъшуқа» — юрт озодлиги рамзи сифатида келаётганига ишонтира олади, деб ўйлаймиз. Боз устига, Чўлпоннинг бир қатор шеърларида ҳам «маъшуқа» — айни шу маънода талқин этилгани яққол кўзга ташланади.

Биз Чўлпонни хақли равишда новатор ижодкор деб атаймиз. Сираси, шоирнинг «ўзбек адабиётига янги тўн кийгизган»и1 ўз замондошлари томонидан-да эътироф этилган. Айни пайтда, ҳеч бир ижодкор, ҳатто энг буюк истеъдод соҳиблари-да, ўзини вояга етказган халқ маданияти таъсиридан буткул узилиб кетолмайди. Табиийки, Чўлпон ижодиёти ҳам қуруқ жойда юзага келгани йўқ, минг йиллар билан ўлчанувчи мумтоз адабиётимизнинг энг яхши анъаналари унга асос бўлиб хизмат қилди. Буни, хусусан, Чўлпон шеъриятида «ошиқ» ва «ёр» образлари талқинида ҳам кузатилади. Мумтоз шеъриятимизда фаол қўлланилган мазкур рамзларга Чўлпон янги маъно юклади: унинг талқинида «ёр» — юрт озодлигию «ошиқ» — эркка ташна кўнгил. Яъни, мутасаввуф шоирлар интилган маънавий-эстетик идеал ҲАҚ бўлса, Чўлпон интилиб яшаган ижтимоий-эстетик идеал ЮРТ ОЗОДЛИГИ бўлиб қолди. Бундан англашиладики, Чўлпон ижодиётидаги рамзлар, асарлари қатидаги ботиний мазмун мумтоз шеъриятимиздан туртки олган ҳолда тушунилиши лозим. Зеро, Чўлпон тасаввуф шеъриятидан нафақат қуруқ шаклни, руҳни-да ўзлаштиргандек. Шу боис ҳам шоир талқинидаги ёрга муҳаббат «илоҳий бир муҳаббат, ишқ»(«Алданиш»)дирки, вужудига сут билан киргану юрак қонига айланган:

Илк аввал кўзимни ишқ билан очдим,

Ишқнинг майдонина қоними сочдим... («Ишқ»)

Албатта, бу сатрларда «анодин қай куни туғдим, сенинг ишқинг билан ёндим» дея хитоб этган Машраб руҳини туймаслик мумкин эмас. Айни пайтда, бу эсини танибоқ маъшуқасига кўнгил берган, «зуннори ишқ»(«Ишқ»)ни боғлаган онидан маъшуқасига элтадиган йўлнигина «ҳақ йўл» («Созим») деб билган Чўлпоннинг ўз изҳоридир. Маъшуқаси ҳажрида яшаётган Чўлпон-ошиқ учун унинг васлига интилмак ҳаёт мазмунидирки, ўзини шу йўлдаги бир дарвеш, қаландар(«Ишқ йўли», «Қаландар ишқи») ҳис қилади. Чўлпон ёр васлини «пок истакли куч» («Юрт йўли») билангина исташ мумкин, бу йўлга кирган киши «нажотни ўзлигини унутишу ёрга сингиб кетиш»(«Ишқ йўли»)да кўрмоғи керак, деб ҳисоблайди. Шу боис ҳам ўзининг айрим йўлдошларида «дил бузуқ»(«Ётоқдан»)лигини кўриб ўртанади. Эътиборли жиҳати шундаки, қалбида шу буюк ишқ билан яшаган шоир унинг зарраларини сатрлар қатига жойларкан:

Сўйларкан тилларим на ёмон сўзлар,

Ёзаркан қаламим на ҳазин оғлар,

Соддадил бунлардан не маъни онглар,

Билмаз-ку ўлдуғин изҳор ишқи,—

деб ёзган эди. Кўринадики, Чўлпон ўзининг «ишқ изҳори»ни ҳар ким ҳам англай олмаслигини билади, ҳаммага дардини тўккани ҳолда чинакам ҳамдард бўла биладиганларнинг озлигини теран идрок қилади. Шу мулоҳазаларга таянган ҳолда биз Чўлпоннинг аксар шеърларида хос ўқувчига мўжалланган рамзий қатлам мавжуд ва унда юрт озодлиги мавзуси поэтик талқин этилади, деб ҳисоблаймиз.

Демак, Чўлпон ижодиёти контекстидан келиб чиққан ҳолда «Йўл эсдалиги»да пайдо бўлган маъшуқа образи юрт озодлиги рамзи эканлигига яна бир карра ишонч ҳосил қилишимиз мумкин. Маъшуқа образининг пайдо бўлиши билан «қоронғилиқ» чекинади: илгари маъшуқасига етиш умиди тамом кесилган, унга ҳатто хаёлот оламида-да жой топилмай қолган дамларда чўкиб қолган руҳ эрк эпкинидан ҳаволаниб тирилади гўё. Маъшуқасига етиш учун курашдан тўхтамаслик зарурлигини қайтадан идрок этиб, бутун борлиғини севгисига бахшида этишга чоғлангач, «қоронғилиқнинг қучоғидаги эсириклик, хушсизлигимдан энди ўзимга келдим» дея эътироф этади. Эндигина ўзига келган сайёҳ кўзи тушган манзара ҳам, табиийки, унинг айни пайтдаги кайфиятига мос: «Қиздирғучи қуёш йўқ, қора-заҳар булутлар ҳам йўқ. Кўк аллақандай чучмал бир тусда турар эди». Аввало, бир руҳий ҳолатдан иккинчисига ўтаётган сайёҳ руҳиятида шу хил оралиқ, бироз чучмал вазиятнинг бўлиши табиий кўринади. Иккинчи томондан, ўйлашимизча, парчага юкланган рамзий маъно ҳам сайёҳ руҳиятини тушунишда муҳим аҳамият касб этади. Маълумки, Чўлпон ижодиётида «қора булут» кўпроқ мустамлакачилар, юртининг эркини бўғиб ётганлар рамзи сифатида талқин қилинади. Юқоридаги парчада «қора булут»га «заҳар» сифатловчиси қўшилганки, бу, бизнингча, ифоданинг маъно доирасини анча кенгайтиради. Зеро, муаллиф муносабатини яққол ифодалаб турган бу сифатлаш фақат «қора булут»лардан зада кишигагина тааллуқли бўлиши мумкин. Шундай тасаввур туғиладики, гўё сайёҳ «қора булут»ларнинг йўқлигидан хурсанд, шу туфайлигина эркин нафас олаётгандек. Ҳолбуки, гап фақат баҳорнинг ўзгарувчан ҳавоси ҳақида борганида, бу хил муносабат ортиқчадек туюлиши мумкин эди. Шу ўринда давр контекстига мурожаат қилиб, Бухоро Халқ Жумҳурияти мустақил давлат тузилмаси сифатида дунёга келганини, ҳартугул, ўзининг илк босқичида мустақил бўлганини эслаш жоиз. Чўлпон бу ўринда «қора булут»лардан фориғ юрт томон бораётганини, шу боис ҳам умидлари тобора юксалаётганини айтмоқчи эмасмикан?.. Фикримизча, парчадаги «қиздиргучи қуёш» бирикмаси ҳам шу хил андишани бирмунча қувватлайди. Маълумки, инқилобдан кейинги дастлабки йиллардаёқ октябрни қуёшга менгзашлик адабиётда русум бўлиб улгурганди. Эътиборли жиҳати шундаки, Чўлпон шеъриятида октябрга нисбатан шу хил ташбеҳ қўлланилмаган. Фақат биттагина шеърида, машҳур «Қаландар ишқи» ғазалининг мақтаъсида шоир шу рамзга мурожаат қилади:

Муҳаббат осмонида гўзал Чўлпон эдим, дўстлар,

Қуёшнинг нурига тоқат қилолмай ерга ботдим-ку.

Чўлпоннинг қатор шеърлари («Юрт йўли», «Мен қочмадим», «Уч-тўртта юлдуз» ва бошқ.)да эрк, озодлик, миллий истиқлол рамзи сифатида ЮЛДУЗ олинган. Яъни, мақтаънинг рамзий мазмуни шоир тахаллусининг асл маъноси — «юлдуз» билан боғлиқ. Ғазалнинг рамзий маъносини англаш учун шоирнинг у ёзилган пайтдаги руҳий ҳолатини тасаввуримизда тиклашга (юқорида бу пайтни бир қур тасаввур қилганмиз) уриниб кўриш даркор. Биламизки, февраль инқилобидан сўнг Чўлпоннинг ижтимоий фаоллиги бениҳоя ортганди. Сабабки, шоир юзага келган шароитда юртининг демократик йўл билан озод бўлиш имконияти мавжудлигига чин дилдан ишонди, мухториятчилик ҳаракатига катта умид боғлади. Чўлпон фаол мухториятчилар билан бирга Туркистоннинг турли шаҳарларига бориб ташвиқот ишларини олиб борди ёниб ва ёндириб яшади. Мавжуд шароитда Русия империяси таркибидаги туркий халқларнинг мустақиллик йўлида бақамти ҳаракатигина дурустроқ натижа бериши мумкин, деб ҳисоблагани туфайли шоир туркчилик ғояларини ҳаракат дастури деб билди. Чўлпоннинг Кавказ турклари билан алоқа боғлаш учун жўнаган Фарғона ҳайъати таркибида бўлиши, Қўқонда мухторият эълон қилиниши биланоқ Оренбургга жўнашию Бошқирдистон жумҳуриятини мустаҳкамлаш орқали ўз юрти озодлигига кўшиш қилишни ният этгани ҳам шундан далолатдир.

Бироқ, таассуфки, шоирнинг осмон қадар умидлари ерпарчин бўлди: большевиклар ҳукумати Қўқон мухториятини қонга ботирдилар. Бошқирдистондаги саъй-ҳаракатларидан ҳам натижа чиқмагач, шоир 1919 йил бошларида юртига қайтдики, «Қаландардек юриб дунёни кездим топмайин ёрни, Яна кулбамга қайғулар, аламлар бирла қайтдим-ку», дея нола чекиши шундандир. «Қаландар ишқи» ғазалини шоир айни шу хил руҳий ҳолатда ёзган эдики, мақтаънинг маъноси шу контекстда конкретлашади. Яъни, бу ўринда шоирнинг «муҳаббат осмони» — юрт озодлиги учун кураш йўлини ёритиб турган юлдузни ерга ботирган «қуёш» — октябрь инқилобига муносабати ўз ифодасини топган. Фикримизни қувватлантириш учун Чўлпоннинг «Мен қочмадим» номли шеърига тўхталиб ўтиш жоиз. Муҳими шундаки, мазкур шеър «Йўл эсдалиги» билан деярли бир вақтда ёзилгандир. Иккинчи томондан, «Мен қочмадим» шеъри нома(послание) жанрига мансуб бўлиб, унда шоир ўзининг Бухорога жўнашини қайноқ ижтимоий ҳаётдан қочиш деб баҳолаган «Тошкентдаги ўртоқларига» мурожаат қилади. Табиийки, бу ўринда эскидан алоқада бўлган кишилар орасида «мулоқот контексти» мавжудлигини назарда тутмоқ лозим бўлади. Яъни, бу ўринда шоирнинг фикрини ишора билангина ифодалаш имконияти кенгаяди. Шу жиҳатдан қуйидаги сатрларга эътиборни тортамиз:

Мен янгилар ўлкасидан синмаган

Бир қанотни тақиб олиб қўзғалдим:

Шу йўлимда япроқлари сўлмаган

«Ёш ёғоч»нинг соясида тўхталдим.

Албатта, Чўлпон «янгилар ўлкаси» деганида қизил Туркистонни назарда тутгани яққол англашиладики, у ерда шоирнинг бир қаноти синган. Шу боис ҳам «тилакни излаётган» шоир яна «йўл»га чиқиб, «ёш ёғоч» Бухоро жумҳурияти соясида тўхталган. Эътиборли жиҳати шуки, Чўлпон «ёш ёғоч»нинг япроқлари сўлмаганлигини айрича таъкидлайди. Яъни, «ёш ёғоч» билан «янгилар ўлкаси» қарши қўйилаёттани эътиборга олинса, кейингисининг япроқлари сўлган, уни «қиздирғучи қуёш» сўлдирган деган маъно келиб чиқади. Баски, шоир у дарахт соясида қиздиргучи қуёш тафтидан омон тополмайди, ундан қутулиш учун «ёш ёғоч»нинг соясига келган. Демак, «Йўл эсдалиги»да кўрганимиз «қиздиргучи қуёш» рамзини ҳам шу йўсин тушунилгани тўғрироқ бўлади. Зеро, ҳукумат газетаси муҳаррири вазифасида ишлаган Чўлпоннинг Бухоро ҳукумати большевикларга яқинлашиб, кейингиларнинг мавқеи кучая бошлаганида муҳаррирликни тарк этгани ҳам шу фикрни қувватлайди. «Қиздиргучи қуёш» ва «қора булут»ларнинг йўқлиги сайёҳ умидини кучайтиради, сафарноманинг ҳиссий тоналлиги ўзгаради. Энди унинг марказида сайёҳ-ошиқ турадики, унинг хаёлини маъшуқа васлигина банд этган. Теварак-атрофига ошиқона боққани учун ҳам у ҳар неда «ёр» аксини кўради, ҳар не унга «ёр»ни эслатади. Айтиш керакки, бу ўринда ҳам тасаввуф шеъриятининг муайян таъсири сезилади. Сайёҳ руҳиятида умидворлик кучайиши сабабли ҳам «отсиз ароба»лари учиб бораётгандек туюлади унга, кўз олдида «учмоҳ манзараси» намоён бўлади:

«Қизил лолалардан бириккан тенгиз кенг эди.

Бутун борлиғимни ўзига ўраб, чулғаб тортар эди.

Қизил тенгиз — севги.

Унинг меним севги йўлимда учраши севгимнинг

умидли, соф, оппоқ эканлигини кўрсатар эди».

Кўрамизки, бу ўринда Чўлпон рамзнинг маъносига ўзиёқ ишора қилади: унинг учун «қизил тенгиз — севги». Айтиш керакки, Чўлпон ижодиётида денгиз гоҳ ўзида беадад қудратни жам этган исёнкор қалб, гоҳ эса эрк учун кураш («Пўртана», «Ўтли сув») рамзи сифатида талқин қилинади. Адибнинг денгизни севги деб аташи бежиз эмас: унинг тушунишича, ёрга етиш учун курашнинг ўзи севги, адиб ўтли оҳлардан нари ўтмайдиган севгини тан олмайди, унинг тасаввуридаги севги фаолликни тақозо қилади. Кураш — севгининг жозиб бир ўти борки, у яна сайёҳнинг бутун борлиғини чулғамоқчи бўлади. Яна дейишимизнинг боиси шуки, бундан ярим йиллар илгари у «Карашма денгизин кўрдим, на нозлик тўлқуни бордир, Ҳалокат бўлғусин билмай, қулочни катта отдим-ку», дея нола чекканди. Яъни, курашда ҳалокат топиб «йўлни йўқотган» чоғлари курашчанлик руҳидан айрилган бўлса, энди яна ўша руҳ унга қайтаётир. Сайёҳ дилида севги ўти кучая бошлаганидан «бир булбул бўлса эди-да, гул тенгизининг қизил тўлқунларига қўнуб, ишқимнинг оғир бир нағмасини сайраса эди» деб орзулайди. Илгари, «Қаландар ишқи»да шоир «унинг гулзорида булбул ўқиб қон айлади бағрим» дея кўзидан ёшлар тўккан бўлса, энди булбул нағмаси кураш руҳини ишққа тўйинтириш, уни қувватлантириш учун зарур. Кўрамизки, Чўлпон ижодиёти контекстида «Йўл эсдалиги»нинг бу қисми «Қаландар ишқи» билан контрастли муносабатга киришади.

Қалби ишқ билан тўлган Чўлпон-сайёҳнинг кўзи тушганки нарса унинг юрти, маъшуқаси ҳақидаги ўйларини чуқурлаштиради. Зеро, кўраётганларининг моҳияти виждонли кишини шунга ундамаслиги ҳам мумкин эмасдек. Сайёҳ «вафо кўрмаган ошиқнинг кўнглидай бузғунликка учраган Жиззах шаҳри»дан чиқиб, тоғ томон йўл солганларини айтади. Шу қисқагина жумла билан Чўлпон хос ўқувчисини яқин ўтмишга, 1916 йил воқеаларига қайтаради. Эрк учун курашнинг аввалги сафида турган Жиззахнинг чор қўшинлари томонидан вайрон этилганию эркнинг ҳануз орзулигича қолаётгани адибга юқоридагича рамзий ташбеҳ қўллаш имконини беради. Чўлпон талқинидаги юрт маконий тушунчагина эмас, балки ҳис қила биладиган мавжудлик эканлигини («Бузилган ўлкага») юқорида таъкидладик. Шу боис ҳам адиб Жиззах тимсолида вафосиз севгидан юраги садпора ошиқни кўради, унга ўзини ҳамдард, дардига малҳам излашликни бурчи деб билади, ўқувчисининг-да шу хил ўйлашини истайди. Юқоридаги рамзий ташбеҳнинг яна бир муҳим функцияси шуки, у сайёҳ руҳиятидаги яна бир бурилишни асослашга хизмат қилади. Вайрона шаҳар манзаралари қалбида оғриқ уйғотган сайёҳ Жиззахдан чиққач-да ундан фориғ бўлолмайди: у юртининг ўтмиши, тарихий қисмати ҳақида ўйлайди: «Бир шарқ шоири «Тоғлар, гўзал юртимни сақлағучи деворлар каби», деган эди, мен эсам:

Юксак тоғлар меним баъзан алдағон

Хаёлимдай юксакларга ўсмишлар.

Хаёлимни ҳақиқатлар тўсмишди,

Бироқ тоғнинг юксалишини қандай

кучлар тўсмишлар?- дедим...»

Кўрамизки, Чўлпонни тоғларнинг нега юксала олмаганию юртини асоратдан сақлаб қололмагани ўйлатади. Сираси, адиб ҳануз на кўнглидан ва на табиатдан жавоб ололмаётган бу саволларни илк ижодидаёқ ўртага ташлаганди. Юртидан чиқиб кетаётган Муҳаммадиёрнинг «Эй, Чингиз ва Темур аскарларини кўрган қоп-қора тоғлар! Эй, ватаним Туркистоннинг эски даврини кўрган тоғ боболар!» дея хитоб қилиши, кейинроқ шеърларидан бирида лирик қаҳрамоннинг «ёвларнинг эл кўксида ишрат суриши»га олиб келган «оталарнинг тарихдаги хатосин» суриштириб суҳбатдоши ёруғ юлдузни саволларга кўмиб ташлаши («Ёруғ юлдузга») ҳам юқоридагича саволлар Чўлпонни анчадан бери ўйлатишидан далолатдир. Мазкур бобнинг «Тоғлар ва уларнинг гўзаллик ва ҳунукликлари» деб номланишида ҳам чуқур маъно ботиндир. Сайёҳ эътироф этадики, «йироқдан чиройлик бўлиб кўринган ва кичкинагина деб ўйланган тоғлар яқин етгач дев гавдасидай кенгайган, ваҳмимдай ўсган эди». Чўлпон юртининг ўтмишига мардона назар ташлагани учун ҳам уни бутун гўзаллигию буюклиги, даҳшату хунукликлари билан кўра олади. Яъни, адиб ҳар вақт тарих ҳақида ўйларкан, юртининг буюк ўтмиши билан фахрлангани ҳолда («Шарқ нури»), унинг «сўнг даври» шон-шавкатдан нечоғли мосуво(«Ёруғ юлдузга») эканлигини ҳам теран идрок эта оладиган даражада холис тура билади. Шу туфайли ҳам у кўрган буюк чўққилар тепасида «олбости»лар ўтиргандек туюлади; ҳар лаҳза қурбон истаб учиб юрган «қора лочин, узиқара сор ва йиртқич чўзахот»ларни кўриб юраги сесканади унинг, даҳшатга тушади. Бироқ шуниси маълумки, ўтмишга бу хил муносабат келажак олдидаги улкан масъулият ҳиссини туғдиради: сайёҳ-ошиқнинг муҳаббати ҳавас ёхуд мутаассибларча берилиш эмас — англанган ижтимоий-шахсий заруратдир. Масъулликни теран ҳис қилгани учун ҳам сайёҳ-ошиқ алданишдан келган изтиробларни, оғир ўйлару лаҳзалик қўрқувни енгиб, яна маъшуқа хаёлига берилаверади. Чўлпон-сайёҳ руҳиятидаги шу хил бурилиш капалак образи воситасида ифодаланади. Эрк ошиғи сайёҳ билан гул ошиғи капалакни бир хил дард бирлаштиради, иккиси ошиқлар тилида сўзлашадиларки, бунда қалблар туташади. Капалак сўйлаган ишқ эртаги сайёҳ дилида васл иштиёқини янада кучайтирадики, у ҳам ўзининг «қизил лола»сини ўйлайди. Албатта, сайёҳ учун капалак висол бахтининг мужассам ифодаси. Бироқ, ўйлашимизча, капалак образининг мазмун-моҳияти шу билангина чекланмайдики, бунга қуйироқда яна қайтамиз.

Вужуди ишққа тўлган сайёҳ Зарафшонни қуёшга ошиқ тоғ кўз ёшларидан яралган, деб таърифлайди. Айни пайтда, кўз ёшларининг ўзлари ҳам зўр денгизга ошиқлар, бироқ фақат «улардан бахтли бўлғонлари тенгизнинг қучоғига тушалар, бахтсизлари далаларда ерга сингиб йўқ бўлуб кетарлар». Зарафшон ҳақидаги бу нав ўйлар Чўлпон-сайёҳ мушоҳадаларини яна бир муҳим масалага тақайдилар:

«Мен-да қочқон маъшуқамни қувиб бораман, етайинми, қучоғига кирайинми ё ерга, йўқлиқға сингиб битайинми?

Кўкдаги булут, оқ булут парчалари устида қизил лолалар очилғон эди.

Қизил лолаларнинг қизил туслари кун ботиш ёқда кўк юзига сочилғонлар эди».

Бир қарашдаёқ сайёҳ қаршисида танлов имконияти пайдо булгани англашиладики, аввало, унинг қандай шароитда юзага келганига диққат қилиш лозим. Илгарироқ юритган мулоҳазаларимиздан келиб чиқилса, сафарнома контекстида «қизил лола» маъшуқа, «қизиллик» кураш рамзи сифатида келаётгани равшан. Сайёҳ қизил лолаларнинг «қизил туслари» кун ботиш томонда ёйилганини айтади. Агар сафар йўналишини, сайёҳнинг айни патда Зарафшондан эндигина ўтганини эътиборга олсак, кун ботиш томонда Бухоро жойлашгани ҳам аниқ бўлади. Демак, танлов имконияти сайёҳ Бухорога яқинлашганида пайдо бўладики, бу бевосита уни Бухорога чорлаган мақсад билан боғлиқдир. Эътибор берилса, шу ўринда сайёҳ дилига яна озми-кўпми умидсизлик соя солганини сезиш қийин эмас. Бироқ, ўйлашимизча, бу умидсизлик аввалгиларидан бирмунча фарқ қилади, чунки у сайёҳ дилида инсонга хос ожизликнинг вақтинча устунлиги маҳсулидир. Зеро, бутун борлиғини курашга бағишлаган сайёҳни айни дамда «курашнинг натижасини МЕН кўра оламанми, йўқми? Ўзим учун ҳам яшашим керак-ку!» қабидаги андишалар чулғайди. Яъни, «ўзлик»дан кўпдан бери узилиб, «кўплик» ичра ботиб кетган»(«Мен қочмадим») Чўлпон руҳиятида бу лаҳзаларда «ўзлик» бош кўтаради. Инсон боласининг, айниқса, Чўлпондек бир неча йиллик орзу-интилишларида «ёлғиз алданишни кўрган бир банда»(«Юпанмоқ истаги»)нинг яна қайноқ фаолиятга шўнғиш арафасида шу хил ўйларга берилиши табиий кўринади бизга. Иккинчи томондан, айни шу хил ўз қалбини тафтиш этиш, медитатив мушоҳадага берилишлик лирик турнинг хос хусусиятлариданки, бу нарса «Йўл эсдалиги»нинг жанр хусусиятлари ҳақида илгари айтган фикрларимизни тасдиқлайди.

Чўлпон-сайёҳ дилидаги чигалликлар ечимини яна табиатдан излайди, унинг руҳида кечган зиддиятли олишувда умиднинг узил-кесил ғалаба қилгани ботаётган қуёшга боқиб сурган ўйларида ўз ифодасини топади:

«Меним умидим ҳам шу қуёш кабими ботар?

Мени севгим ҳам шу қуёш кабими битар?

Қўрқамен...

Йўқ, бу қуёш бугун ботар, яна эртага бош кўтариб чиқар.

Бироқ дунё шу дунё, табиат шу табиат,

борлиқ шу борлиқдир.

Меним умидим ҳам шу чоғда қуёш билан биргами ботар?

Йўқ, ул баъзан ботар, унинг ҳам шундай кечи бор,

яна тонги келгач бош кўтариб чиқар.

Бироқ севги ўшал севги, ишқ шул ишқ,

муҳаббат шул муҳаббат, ул мангуга ботмас!»

Ўзининг ҳаётий тажрибасига таяниб, қалб туғёнларига қулоқ тутган ҳолда лирик-фалсафий мушоҳадага берилган Чўлпон дил тубида ботин бешак ҳақиқатни инкишоф этади: умид машъаладек пориллаб ёниши ёхуд сўниши мумкин, лекин «севги» — юрт озодлиги, эркинлик истаги боқийдир. Шу боис ҳам у юртининг қачондир бир кун озод бўлишига ишонади, ўзгаларни-да шунга ишонтиришга интилади. Айни шу ишонч туфайли ҳам сайёҳ: «Меним севгим ҳам қалбимда қизғалдоқ лола бўлуб очилмиш, танамга қизғиш тусларини тарқата бошламиш эди»,- дея эътироф этади. Шу ўринда сайёҳ яна «капалак билан лоланинг бирлашгани»ни эсга соладики, мазкур образнинг мазмун-моҳияти ойдинлашади. Капалак қисқагина умри ҳали замон тугашини билгани ҳолда гул ишқи билан яшайди, унинг учун ошиқликнинг ўзи бахт, зеро, севги унинг учун ҳаёт мазмуни, унинг учун гул ишқида ёниб яшашгина ҳаётдир. Сайёҳ дилидаги чигалликларни ёзишда шу жажжи махлуқдан ибрат олганидек, уни ўзгалар учун-да ибрат қилиб кўрсатмоқчи бўлади.

Эътиборли жиҳати шундаки, сафарноманинг сўнгги боби «Чин бирлик» деб номланади: маъшуқа васлини излаб йулга чиққан ошиқ унга етишади, иккиси чин маънодаги бирликни ҳис этадилар. Курамизки, «Йўл эсдалиги»ни яратишда Чўлпоннинг тасаввуф адабиётидан таъсирланиши нафақат унда ишлатилаётган рамзлар, балки асарнинг композицион қурилишида ҳам яққол кўзга ташланади. Бироқ, юқорида айтдикки, Чўлпон-сайёҳ учун реал йўл эмас, эрксевар руҳнинг руҳият манзилларида турли синовларга дош бериб, ҳар не ўзга ташвишлардан фориғ бўлиши, тозариши муҳимроқдир. Яъни, сайёҳ ошиқнинг «чин бирлик»ка эришуви, «севги»сига тамом сингиб кетгани адибнинг руҳиятини кемирган тушкунликни енгиб Бухорога келишию бутун куч-қувватини маъшуқаси — юрт озодлиги учун курашга сафарбар этишнинг рамзидир.

Чўлпоннинг Бухородаги ҳаракатларга катта умид боғлагани «Мен қочмадим» номли шеърида, унинг «тилак юлдузи»дан кўз узмайман деган эътирофида янада яққол кўзга ташланади. Тўғри, бу юлдузни гоҳ-гоҳ «қора булут» қоплайди, шундай бўлса-да «яна унинг юзи кўриниб, кўзларимни қамаштириб қўядир» деб ёзади шоир. Кўринадики, Бухорога келганидан кейинги дастлабки вақтларда Чўлпондаги умидворлик ҳисси анча юксалган. Шеърнинг якунидаги «Мен тилакни излайман, Қанот кучлик, борган сари тезлайман!» деган сўзлар ҳам шундан дарак беради.

Табиийки, Чўлпон ўзи шунчалар катта умид боғлаган Бухоро жумҳуриятининг асосларини мустаҳкамлаш йўлида ҳам муҳаррир, ҳам публицист сифатида астойдил ҳаракат қилди. Унинг мақолалари кўпроқ оддий халқнинг сиёсий онгини ўстириш, жумҳуриятнинг моҳиятию афзалликларини унга англатиш, давлатни бошқаришда халқнинг роли ва таъсирини ошириш мақсадларига қаратилди. Жумладан, «Ҳукумат қурултойи» номли мақолани олиб кўрайлик. Чўлпон ёзади: «Ёш жумҳуриятимизнинг исми «Халқ Шўролар Жумҳурияти»дир. Бу исм уч муҳим ва улуғ сўздан мураккабдир: «халқ», «шўро», «жумҳурият»! Мана шу уч улуғ сўзни бизга тафсир этгувчи нарса олдимиздаги қурултойдир. Бу қурултойда «халқ»(масса)нинг «жумҳур»и, яъни аксарияти тарафидан юборилғон вакиллар «шўро», яъни машварат қилиб мамлакатимизнинг асосий қонунларини, шакл идорасини музокара ва ҳал қилурлар».

Келтирилган парчанинг ўзиёқ Чўлпон содда тилда ёзишга, ҳар бир масалани икир-чикиригача муфассал тушунтиришга интилганини кўрсатадики, бу нарса юқоридагича мақсадлар билан изоҳланиши мумкин. Муаллиф халқни қурултой вакилларини сайлашга жиддий аҳамият билан қарашга чақиради, чунки: «Халқнинг тинчлиги билан тинчсизлиги, Ватаннинг саодати билан фалокати, ҳукуматнинг интизоми билан бузуқлиги шул қурултой натижасида муқаррар бўлур». Айтиш керакки, Чўлпон бу гапларни мавҳум «жумҳурият» тушунчасининг мазмун-моҳиятидан келиб чиқибгина айтмади, йўқ. У халқнинг фаоллашуви, ёш жумҳурият атрофида жипслашиши нечоғли муҳимлигини ўзининг ҳаётий тажрибасида кўриб англаган эди. Туркистондаги миллий озодлик ҳаракати оммавий тус олмагани учун ҳам авж ололмаётганини билган, Бухоро жумҳуриятини кенг омма астойдил қўлламаса, зарур бўлса уни қўлда қурол билан ҳимоя қилишга шай турмаса, узоққа боролмаслигига кўзи етган Чўлпон ўзининг энг машҳур асарларидан саналмиш «Халқ» шеърини шу ерда ёзгани ҳам бежиз эмас. Шеърнинг сўнгги бандида муаллиф ҳукуматдаги вакилларга, ўзининг маслакдошларига хитобан:

Бутун кучни халқ ичидан олайлик,

Қучоқ очиб халқ ичига борайлик!—

деб ёзади. Шеърнинг қурилиши — аввалига халқнинг беқиёс қудрати таъриф этилишию охирида юқоридагича чақириқнинг янграши Чўлпоннинг мақсади халқ шаънига мадҳия айтиш бўлмаганини кўрсатади. Шоир таърифлаган куч-қудратга эга бўлиши учун халқнинг қўзғалиши («Халқ қўзғалса куч йўқдурким, тўхтатсун...») тақозо қилинади. Шу боис ҳам муаллиф халқ ичига боришга, унинг қудратини ўзига англатиб, унга таянишга чақиради. Чўлпон ҳиссиёт кишиси, шу боис ҳам осмон қадар орзу-умидлар қўйнида яшайди, уларга етиш учун мавжуд имкониятларни қўпинча ҳиссий мушоҳада этади, уларга жуда катта умид боғлайди. Бироқ қатор-қатор алданишлар натижасида у мақсадга етишиш осон эмаслигини, бу йўлда ҳали кўп машаққатли довонлар борлигини тобора теран идрок этиб боради.

Шоирнинг 1921 йил охирларида ёзилган «Юрт йўли» шеърида шунга далолат қилувчи сатрлар бор:

Узоқ... оғир йўлга чиққан йўлчимен,

Бу йўлларда қилоғузим юлдуздир.

Мен юртимнинг пок истакли кучимен,

У юлдузнинг тугалиши кундуздир.

Кўрамизки, «узоқ» сўзидан кейин ишлатилаётган кўп нуқта сифатнинг даражасини оширишга хизмат қилади. Айни пайтда, лирик қаҳрамон йўлнинг узоқ ва оғирлигини англагани ҳолда ундан қайтиш фикридан йироқ, чунки йўл ниҳоясида ёруғ кунлар келишига имони комил. Ўзини «юртнинг пок истакли кучи» деб ҳисоблаган шоир томирларида кечмишларнинг қони гупураётганию билакларига куч тўлиб бораётганини ҳис қилади, айни пайтда, «оёқлари толгани»ни ҳам йўлакай эътироф этади. Қизиқ, нега энди шеър ниҳоясида ҳам йўлдан қайтмаслигини яна қайта таъкидлаётган Чўлпон «оёқлари толгани»ни айтади? Ўйлашимизча, мазкур саволга шу даврда ёзилган шеърлар қатидан жавоб топишимиз мумкин. Бутун вужуди билан ишга шўнғиган Чўлпон 1921 йил охирларида хасталаниб, янги йилнинг бошларини касалхонада ўтказган. Тўпламлардан жой олган тўртта шеърнинг касалхонада ёзилгани қайд этилганки, уларнинг саналарига диққат қилинса, шоирнинг 1922 йил январь ойи бошларидан февралнинг ўрталаригача даволангани англашилади. Айтиш керакки, хасталик даврида ёзилган шеърларда бироз тушкунлик асарлари зуҳур қилади. Албатта, бунда касалликнинг ҳам маълум таъсири бор, бироқ тушкунликни шунинг ўзи билангина изоҳлаш камлик қиладигандек кўринади. Тушкунлик кайфияти, айниқса:

Оғриқ олди, қайғи олди, зор олди,

Сўник кўзли, бағри эзик ёр қолди,—

сатрлари билан бошланувчи «Ётоқдан» номли шеърда бўртиброқ кўзга ташланади. Шеърдаги «Оқ деб, пок деб юрганларда дил бузуқ» деган сатр, фикримизча, айрича эътиборга молиқдир. Юрт озодлигини «ёр», унга интилувчини «ошиқ» деб билган шоир ёрга етишмоқ учун ошиқ дилининг бошқа ҳар нарсадан фориғ бўлишини, ошиқ керак бўлса ўзлигидан-да кечиши лозимлигини шарт қилиб қўяди. Эҳтимол шунинг учундирки, шоир «мен юртимнинг пок истакли кучимен» дея фахр этади. Шу хил эътиқод билан яшаган Чўлпон, бахтга қарши, Бухоро ҳукуматидаги шахсларда, ўзининг жадид биродарларининг барида ҳам ҳамма вақт пок ниятни кўролмай қолади. Ўша пайтда Бухорода бўлган А.З.Валидий ҳукуматдаги етакчи шахслар ҳақида тўхталиб: «Ораларида қарама-қаршиликлар бўлди. Аввало Файзулла билан Абдулқодир орасидаги зиддият миллионерлар орасидаги эски ўзаро келишмовчилик асорати бўлса керак. Кейинроқ бу келишмовчилик кучайиб, кенгайиб кетди. Бундан қизиллар фойдаланди»1,- деб ёзган эди. Табиийки, ҳукумат газетаси муҳаррири бўлиб турган Чўлпон бу келишмовчиликлардан бевосита ёки билвосита хабардор бўлиб турган. Шоир улуғ мақсад йулида шахсий манфаатнинг, шахсиятпарастлигу эски гина-кудуратларнинг нечоғли катта ғов бўлиши мумкинлигини чуқур ҳис қилиб ўртанган, «дили бузуқ» биродарларидан нолиган. Бу келишмовчиликларнинг шоир руҳиятига қаттиқ таъсир қилгани шеърнинг сўнгги сатрларида очиқроқ кўзга ташланади:

Алам олди, фироқ олди, қон олди,

Амал қолди... Кўзи ёшли жон қолди.

Эътибор қилинса, «амал қолди...» дея кўп нуқта қўяётган шоир дили бузуқлар туфайли эски мақсаднинг аро йўлда қолаётганини изтироб билан таъкидлаётганини, шу боис ҳам кўзи ёшли эканини англаш қийин эмас.

Чўлпоннинг «Бухоро ахбори»да атиги олти ойгина муҳаррирлик қилгани ҳам, аввало, унинг ёш жумҳуриятга боғлаган умидлари юқоридагича сабабларга кўра сусайгани билан изоҳланиши мумкин. Бироқ, фикримизча, бунинг бирмунча жиддийроқ сабаблари ҳам бўлган. Чўлпон газетанинг 1921 йил 3 ноябрь сонида «Тарихдан» номли шеърини эълон қилганки, бу шеър шундай ўйлашимизга асос беради. Шеърнинг илк сатрлариёқ Чўлпоннинг юз бераётган воқеаларга муносабатини ошкор этади:

Қоронғи кеч... Кўк юзида юлдузларми отилғон?

Йўқса элнинг бахтимидир «кўланка»га сотилғон?

Чўлпон Бухоро жумхуриятининг советларга яқинлашувини, коммунистлар фирқаси олиб бораётган сиёсатни «эл бахтини сотмоқ» дея баҳолайдики, шу туфайли ҳам бу ерга келганидан бери хаёл кўкида порлаган юлдузи сўнган, бунда ҳам «қоронғи кеч» ҳукмронлиги бошланган. Руҳияти яқинлигидан бўлса керак, мазкур шеър кўп жиҳатдан «Бузилган ўлкага»ни ёдга солади:

Узоқ йўлнинг озғин, кучсиз йўловчиси дараксиз,

Нима учун бу йўлларда ой ёғдуси кераксиз?

Нима учун тўфонларни қонатғучи олов йўқ?

Нима учун эл сопқони топа олмас кучли ўқ?

Нима учун шунча жонлар ҳур ўлкада «озод» қул?

Нима учун йўлчиларга кўрсатилмас тўғри йўл?...

Қизиғи шундаки, Чўлпон «Халқ» шеърини ёзганига тўрт ой тўлмай туриб «ҳур ўлкада «озод» қул» бўлиб яшаётган, сопқонига «кучли ўқ» топишдан ожиз эл ҳақида ёзади. Ўз қарашларига мувофиқ ҳолда, шоир буни халқ бошида турганларнинг тўғри йўл кўрсатишга ожизлиги билан изоҳлайди. Бухоро жумҳурияти мустақиллигининг номигагина бўлиб қолгани, «узоқ йўл» — Туркистон мустақиллиги йўловчиларининг дараксиз кетгани Чўлпонни ҳаммасидан ортиқ ачинтиради. Худди шу ижтимоий-сиёсий шароитда, бир ой мўлроқ ўтгач, Чўлпон касалхонага ётади ва шу кўйи газетадаги фаолиятини ҳам тўхтатадики, бунинг туб сабаблари шеърнинг сўнгги мисраларида ўз ифодасини топган:

Бу ярамас!— дея оғзим очилмасдан бир буйруқ:

«Мундоғ аччиқ фиғонларга бу ўлкада лузум йўқ!»

Қоронги кеч... Кўк юзида юлдузларми отилғон?

Йўқса меним «оҳларим»ми бўғизимда тутилғон.

Кўрамизки, Чўлпоннинг «Бухоро ахбори»дан кетиши, биринчи навбатда, сўз эркинлигига тажовуз қилина бошлагани билан боғлиқдир. Бундай сиқиқ шароитда газетада ишлашидан на истиқлол мақсадига ва на халқи учун бирор наф кўрмаган шоир муҳаррирликдан кетган кўринадики, унинг фидойилигидан яна бир бора шоҳидлик бераёттан мазкур факт кўпчилик учун маънавий сабоқ бўлса арзигуликдир.

Чўлпон 1922 йил март ойида Тошкентга келиб, бир-икки Бухоро сафарида бўлганини айтмасак, бир йилдан зиёдроқ шу ерда ишлади. Аввалига, табиийки, шоир руҳиятида Бухоро таассуротларининг таъсири кучли бўлиб туради. Унинг март ойида Тошкентда ёзилган «Шу кунда» номли шеърида:

Истагингга етар экан қанотларинг синдими,

эй кўнглимнинг булбули?

Сенга қарши кулиб турган гўзал чечак тиндими,

ташладими бир йўли?—

деган сатрларининг учраши ҳам шундан. Бироқ Чўлпон руҳий фаолият кишиси бўлганлигидан ўзининг орзу-умидларидан айро яшай олмайди. Зеро, у ўзи кўнгил берган «ёр» — юрт озодлигини «унутмоқ учун севмаган»: «Кўнгилга ёшликдан ўзлашган қайғи то гўрга киргунча ташлая олмас»,- деб ёзади шоир «Жавоб» номли шеърида. Шоирнинг ғамбода кўнгли ўзига юпанч излайди, бироқ бу юпанч унинг орзу-умидларини унуттириши эмас, аксинча, умид юлдузини янада чароғон этиши лозим. Шу боис ҳам «Юпанмоқ истаги» шеъридаги:

Турмушда, хаёлда... ҳар бир нарсада

Ёлғиз алданишни кўрган бу банда

Борлиққа қарғишлар ёғдирган банда,

Балки юпатгуси у аччиқ сўзлар?—

қабилидаги изтиробли ўйлар адоғида Чўлпон:

Ўйлаган ўйларга кўнгил юпанмас

Кўнгилнинг истаги ўй билан қонмас,

Айтарлар бу тунда ёруғ шам ёнмас,

Чақмаса гугуртни асл ўғиллар... —

деган хулосага келади. Шоир ҳамон юрт озодлиги учун зўр курашнинг қўзғалишига, Туронзаминда «асл ўғиллар» йитиб кетмаганига ишонади, ишонгиси келади. Шоир руҳиятидаги шу хил ишонч «Қўзғалиш» шеърининг бутун мазмун-мундарижасига сингдириб юборилган. Шеърнинг лирик қаҳрамони ўзини ва миллатини ҳақир кўрган, то қиёматга қадар ўз қўлида қулликда ушлаб туришни истаган «хўжалар»га қарата «Кишанларинг занг босгандур, сергак бўлким узилур!» дея хитоб қилади, чунки «боғлиқ қулнинг бош кўтарган куч» эканига ишонади. Шеърдаги қатъият, кескинлик «Кураш»дагидан асло кам эмас: «Ё битарман ёки сенинг салтанатинг бузилур!»

Тошкентда эканида Чўлпон журналистика соҳасида, айниқса, баракали ижод қилди. У ўзининг эски ақидаларига содиқ қолган ҳолда янги ҳукумат маориф, маданият соҳасида олиб бораётган ишларни қўллаб-қувватлади, бу борадаги камчиликларга муросасиз муносабатда бўлди. Шунга қарамай, Чўлпоннинг бу даврдаги журналистик ижодида Шарқ мавзуси етакчи ўрин тутди. Адиб Шарқ мамлакатларидаги миллий озодлик ҳаракатларини, Ғарб фотиҳларининг уларни даф этиш йўлидаги хунрезликларию сиёсий ҳийла-найрангларини ёритиш орқали ўқувчи омма онгига таъсир қилишни кўзлаган эди, десак муболаға бўлмайди. Шу ўринда фикримизни асослаш учун бирмунча орқага қайтишимиз жоиз. 1920 йилда Чўлпон Фитратнинг Ҳиндистон ҳаётидан олингани ҳолда Туркистон дардларидан баҳс этувчи «Чин севиш» пьесасининг саҳна талқини ҳақидаги мақоласида: «Халқимиз буюк армонли, соф адабий нарсаларга ҳам тушуниб келадир. Бу ўзбек саҳнасининг зўр енгиши, бундан фойдаланув керак»,— деган хулосага келган эди. Айтмоқчимизки, адиб Шарқ мавзуси ҳақида ёзаркан, зийрак газетхоннинг сатрлар орасидаги «буюк армон»ни илғай олишига умид қилган.

«Юнонистондаги ўзгариш» номли мақоласида Чўлпон бу мамлакатда содир этилмиш сарой тўнтаришининг моҳиятини очиб беради: «масала Ванадилус билан Константиннинг ўртасида эмас, Англия билан Франция ўртасидадир». Катта сиёсат майдонидаги бу хил ҳийла-найрангларга яхши тушуниб қолган муаллиф ўзларининг мақсадлари йўлида ўзга халқлару мамлакатлар манфаатларини менсимайдиган давлатларга, «буюк давлатчилик» сиёсатига нафратини ифодалайди. Чўлпоннинг шу йилларда ёзилган қатор мақолаларида Юнонистонни восита қилган ҳолда Туркиянинг мустақиллигига таҳдид бўлаётганидан хавотирланиш ҳисси сезилиб туради. Табиийки, мазкур шароитда муаллиф Юнонистонга хайрихоҳ бўлолмайди, айни пайтда, бунинг чуқурроқ сабаблари ҳам бор: «Юнонистонда қандай ҳукумат бўлмасин, кимгина иш бошига келмасин, «Улуғ Юнонистон» мафкураси буткул кўмилмас. Бунинг учун тублик ўзгариш — мия ўзгариши керакдир. Бошқа элларга ҳам ўз эрклари билан ўз тупроқларида тинч яшамоқ ҳуқуқини эътироф қила олатурғон ҳукумат лозимдир». Аминмизки, Чўлпон бу ўринда советлар Россиясида ҳамон давом этаётган «буюк давлатчилик» сиёсатини назарда тутган. Зеро, Туркистон мухториятининг тугатилиши, Бухоро жумҳурияти мустақиллигига раҳна солинаётганига гувоҳ бўлган Чўлпон ўзгача ўйлаши ҳам мумкин эмасдек. Ўқувчи эса узоқ Юнонистон тафсилотларини юртида бўлаётган ҳодисалар билан бемалол қиёслаш имконига эга, чунки у ҳам инқилобдан кейинги Туркистон шароитида «буюк давлатчилик» иллатларининг «қандай ҳукумат бўлмасин буткул қўмилмас»лиги, бунинг учун «мия ўзгариши» зарурлигига амин бўлган.

«Октябрь инқилоби ва Шарқ дунёси» номли мақоласида Чўлпон бутун Шарқ оламида бошланган миллий озодлик ҳаракатлари ҳақида жўшиб ёзади. Муаллиф Шарқ дунёсининг ўтмишдаги забун аҳволидан сўзлагач, октябрь инқилобининг курашга, уйғонишга чорловчи бонг бўлганини, мазлумлар дилидаги қутулиш умиди ортганини эътироф этади: «Октябрь инқилобидан бурун Шарқ дунёси асир эди, қул эди. Ҳам бу қулликдан қутулиш умидини юздан тўқсон тўққуз йўқотган эди.

Октябрь инқилобидан кейин Шарқ дунёси уйғонди. Қутулиш йўлларига киришди, ҳам бир қисми билфеъл қутулди. Қолғон қисми ҳам қутулиш йўлига югурмакдадир. Қутулишнинг ёриси бўлғон қутулиш умиди юзда тўқсон тўкқиз ортди.

Яшасун Октябрь инқилоби! Яшасун Шарқ озодлиги!»

Кўрамизки, Чўлпон октябрь инқилоби ва Шарқ озодлигини бир-бирига алоқадорликда кўради, сираси, унинг инқилобга илиқ муносабатда бўлиши ҳам шундан. Бироқ киши дилига андиша соладиган ўрни «бир қисми билфеъл қутулди» дейилаётганидир. Наҳотки Чўлпон ўша бир қисм ичига Туркистонни ҳам қўшаётган бўлса? Ўйлашимизча, йўқ. Чўлпон «бир қисм»ни атайин конкретлаштирмаган, акс ҳолда, Туркистонни ҳам шу қаторда санашига тўғри келур эди. Мақола ёзилган пайтда эса хорижий Шарқ мамлакатларидан Афғонистонгина мустақиллик эълон қилганди. Демак, «бир қисм»ни шўро ўқувчиси ўзича, Чўлпон назарда тутган ўқувчи ўзича англашига имкон бор эди. Фикримизни далиллаш учун Чўлпоннинг шу мақола билан деярли бир вақтда ёзилган «Кишан» шеърига мурожаат қилишимиз мумкин. Шеър ниҳоясида шоир ёзади:

Кишан, гавдамдаги доғинг ҳануз ҳам битгани йўқдир,

Фақат буткул қутулмоққа умидим энди ортиқдир!..

Модомики, Чўлпон «буткул қутулиш» умидида яшаётган экан, демак, у юртини озод деб ҳисоблай олмайди, бу фикрдан йироқ бўлгани ҳолда шўро матбуотида ўз қарашларини йўли билан ифодалайди.

Илгари айтганимиздек, Чўлпоннинг 20-йиллар ижодида шеърий йўлда ёзилган публицистик асарлар ҳам талайгина. Шулардан биттаси, 1922 йил охирида ёзилган «Истиқлол» шеъри Чўлпон шўро матбуотида эълон қилган асарлар кўп ҳолларда тагмаъно касб этиши ҳақидаги фикрларимизни янада мустаҳкамлайди: Ўзининг кескин танқидий руҳи билан мазкур шеър, дадил айтишимиз мумкинки, ўткир сиёсий памфлет даражасига кўтарилади. Шоир шеърга инглиз сиёсатчиси Керзоннинг «Туркияга биз истиқлол берамиз» деган гапини эпиграф қилиб олади-да, бошданоқ ушбу сиёсий иккиюзламачилик, найрангни фош этишга киришади:

Кирзўн тўра истиқлолни тарқатадур бемалол,

Шунинг учун билмоқ керак: у қандоғи истиқлол.

Дастлабки сатрлардаёқ ўқувчи кўз олдида Кирзўн тўранинг гўё сочқи сочаётгандек «истиқлол» тарқатаётган ҳолатини тасвирларкан, Чўлпон ўзи учун муқаддас тушунчани сийқалаштираётганларга, замона зўрларига муносабатини яширмайди. Туркияга инъом этилмиш истиқлолни тасвирларкан, шоир ўқувчи кўз олдида садақа этилган истиқлол карикатурасини чизиб беради:

У шундоқ бир истиқлолким, Туркияга берилмиш,

Уни олган Туркияни кўрамизким, ҳур бўлмиш:

Пойтахти Истамбулга тўлиб олган ангилиз,

Турк халқидан у ерларда на бир асар, на бир из.

Султонини қурчоқ қилиб ўлтурғизиб қўйганлар,

Қанотини синдирганлар, патларини юлганлар.

Ҳар ҳаракат қилиғига қоровуллар қўйганлар,

Бироз эркин тушунганнинг кўзларини ўйганлар...

Эътибор беринг-а, Чўлпон ўзини худди воқеа-ҳодисаларнинг жонли гувоҳидек тутмаяптими? Шунақага ўхшайди, бироқ бунинг ҳеч бир ажабланарли жойи йўқ. Зеро, юрт бошидаги «султон»нинг пати юлинганию ҳар бир ҳаракатига қоровул қўйилгани, эркин фикрловчиларнинг қувғин қилиниши, энг муқаддас жойларнинг топталиши — булар бари Туркиянинггина эмас, айни пайтда Туркистоннинг ҳам дардларидир. Бу хил умумийлик, айниқса, тубандаги сатрларда янада яққолроқ кўзга ташланади:

Анатўли бошдан оёқ куйдирилган, таланган,

Турк юртида турклар учун ҳеч бир нарса қолмаган.

Турк юртини туркдан сақлаш ангилизлар қўлида,

Пулемётлар, замбараклар истиқлолнинг йўлида...

Олис Туркия ҳақида ёзаётган Чўлпон «йиқилмаган, таланмаган уй»и қолмаган юртини, уни ҳақиқий эгаларидан «ҳимоя» қилиш учун ўзга ҳудудлардан жалб этилган қизил қўшинни, истиқлол дея чиққанлар йўлида ғов бўлиб турган пулемёту замбаракларни бир лаҳза бўлсин хаёлидан нари этмайди. Инъом этилаётган «истиқлол»нинг нелигини обдон англатгач, Чўлпон шеърини яна хитоб билан якунлайди:

Кирзўн тўрам, биз биламиз у қандоғи истиқлол,

Оладиган аҳмоқ бўлса, бераберинг бемалол!..

Эътибор берилса, шоирнннг «биз» деяётгани шеърнинг умумий контекстига номувофиқлигини сезишимиз мумкин. Зеро, бунга қадар, гарчи Чўлпон ўзини гўё воқеаларнинг жонли гувоҳидай тутса-да, тил унсурлари четдан кузатувчига мос тарзда шакллантирилган эди («пойтахти», яъни, унинг пойтахти; «султонини» — унинг султонини, «бошларида» — унинг бошларида ва бошқ.). Фикримизча, Чўлпон шеър ниҳоясида «биз» тилидан гапирар экан, бир томондан, чин маънодаги истиқлол учун курашаётган турк ватанпарварларини, иккинчи томондан, ҳамон «буткул қутулиш» умидидан воз кечмаган ўзи ва маслакдошларини назарда тутади.

Чўлпон дилидаги умидворликни нечоғли қувватлантиришга интилмасин, руҳиятига илгарироқ инган умидсизлик кайфияти 1922 йилда ҳам бот-бот бош кўтариб, кўнглида изтироб қўзғаб турган кўринади. Шоир атрофида юз бераётган воқеа-ҳодисаларни мушоҳада қилиб, одамлардаги умумий кайфиятни ўрганиб, ўзи кўзлаган мақсаднинг тобора узоқлашиб бораётганини ҳис қилган, чоғи. Зеро, бу вақтда уч-тўрт йил давом этаётган уруш ҳаракатларидан силласи қуриган аксарият кишиларда «нима бўлса бўлсину, тинчлик қарор топса бас» деган фикр муқимлашиб қолаёзган эди. Чўлпон шу хил умидсизлик, аввало, ўз дилида ғимирлаган умидсизлик билан олишиб яшагандек:

Кўнгил сен бунчалар нега

Кишанлар бирла дўстлашдинг?

На фарёдинг, на додинг бор,

Нечун сен бунча сустлашдинг?

Фикримизча, борган сари авжланаётган умидсизлик ҳуружларига зўр билан дош бериб турган шоирнинг «Кишан кийма, бўйин эгма, Ки сен ҳам ҳур туғилғонсен» деган ҳайқириғи нафақат ўзгаларга, балки энг аввал унинг ўзига, ўз кўнглига қаратилгандир. Зеро, умидсизликка бўй бергиси келмаётган шоир бешак ҳақиқатни такрорлаш билан ўксик кўнглини овутишни, унга руҳий мадад беришни истаса не ажаб?! Шу ўринда Чўлпон руҳиятидаги умидсизликни қувватлантирувчи яна бир омил ҳақида тўхталиб ўтиш жоиз. Шоирнинг ўз вақтида эълон қилинмаса-да, замондошлари хотирасида бизгача етиб келган шеърларидан бири Анвар пошшонинг ўлими муносабати билан ёзилган, деб ҳисобланади. Бизга бу шеърдан тубандаги парчагина маълум:

Энг сўнгги умидни қонга бўяган,

Оҳ, қандай хайрсиз замонлар келган?

Фарёдим дунёни бўғиб ўлдирсин,

Қоп-қора бахтимга шайтонлар кулсин...

Агар мазкур сатрлар чиндан ҳам Анвар пошшо ўлими муносабати билан ёзилган, десак, у ҳолда Чўлпон руҳиятидаги умидсизланиш илдизлари бироз очилгандек бўлади. Гап шундаки, юқорида айтганимдек, Чўлпоннинг умидларини яшнатган омиллардан бири миллий озодлик ҳаракати — босмачиликнинг авж ола бошлагани эди. Айни пайтда, маслакдошлари каби Чўлпон ҳам бу ҳаракатни марказлаштириб, ҳар бири ўз бошича иш кўраётган гуруҳларнинг кучларини жамлаган ҳолда ягона мақсадга йўналтирилсагина ундан наф тегиши мумкинлигини теран идрок этган. Чамаси Анвар пошшо тимсолида Чўлпон Туркистондаги миллий озодлик ҳаракатини бирлаштириш йўлидаги интилишларга катта умид боғлаган. Таассуфки, шоирнинг бу умидлари «қонга бўялган»идек, буюк саркардалар етишган Туронзаминда ўша пайтда мавжуд кучларни бирлаштира олгудек бошқа бир кучли шахс ҳам майдонга чиқмади. Табиийки, бу нарса шоир дилидаги умидсизлик кайфиятини кучайтирди. Шунга таяниб, Чўлпоннинг энг маҳзун асарларидан бири бўлмиш «Алданиш» шеъри ҳам, гарчи ёзилган санаси аниқ кўрсатилмаган бўлса-да, 1922 йилнинг августидан кейин ёзилган, дейишимиз мумкин. Эътиборли жиҳати шундаки, шеър сарлавҳасини муаллиф русча «разочарование» сўзи билан изоҳлаган, яъни, уни умидлару ишончнинг барбод бўлиши маъносида тушуниш кераклигига ишора қилган. Лирик қаҳрамон «беш йиллик ёниш»лари ниҳоясида ортига ўгирилиб, «Кўзимга кўринган саробми эди, Мен шунга алданиб тоғларми ошдим» дея ўйга толади. Чўлпон гўё ўзининг беш йиллик умрини — 1917 йилдан то шеър ёзилган давргача бўлган ҳаётини сарҳисоб этади. Йўқ, шоир кўнгли ўзи бор куч-қувватини бағишлаган, етишиладиган кунлари яқин деб ўйлаган мақсадни сароб дейишликка осонликча кўнмайди:

Қўлимни тегиздим... Одам эди-ку,

Кўзимда ўйнаган бир нур эди-ку,

Сезгим-да соғ, тетик, бардам эди-ку,

Бўйнимга қўл солган бир ҳур эди-ку.

Дарҳақиқат, Чўлпон февраль инқилобидан кейинги йилларда тарих Туркистоннинг озод бўлиши учун қулай имкониятлар яратганига дилдан ишонган, шу боис ҳам йигит ёшидаёқ кўнгил бергани бўлмиш «ёр»ни — юрт озодлигини «илоҳий муҳаббат, ишқ билан севган»ди. Бироқ беш йиллик саъй-ҳаракатлар, «ёниш-куйишлар» зоега кетганида шоир:

Оҳ, энди билдимким, барчаси хаёл,

Барчаси бир тотли, роҳат туш экан.

Кет, йўқол кўзимдан, ҳақиқат, йўқол,

Бағримга ботмоқда оғули тикан,—

дея нола чекади. Кўрамизки, сарлавҳа остида берилган изоҳнинг моҳияти айни шу сатрларда очилади. Шоир шу чоққача кўнглида ардоқлаб келган ишончу умидларининг бор йўғи хаёл, роҳат туш бўлиб чиққанини эътироф этишга мажбур. Шу боис ҳам мавжуд ҳақиқатни кўришни, уни тан олишни истамайди. Аёнки, ҳақиқатни тан олишни истамаслик кўнгилнинг «севги»ю умидларни буткул сўнишдан сақлаш илинжидаги ожиз исёнидир. Бироқ илгарилари бу нарса шоир учун бирмунча осон кечган бўлса, энди кўз олдида турган ҳақиқатни «қувиш» тобора қийинлашиб борадики, шоирнинг:

Чиндан-да кўнглимда севги ўтлари,

Чўғсиз ўчиб қолган шамдек сўндими?

Чиндан-да мен бу кун севмасми бўлдим?

Чиндан-да муҳаббат ўтими сўнди?—

дейиши ҳам шундандир. Чўлпоннинг «Алданиш»дан кейинги шеърларида энди ўзликдан кечиб «улуғ йўл»га кирган қалбнинг даъваткор наъраси, комил ишонч руҳи билан йўғрилган курашга чорлов деярли кўрилмайди. Энди уларда кўпроқ умидлари чилпарчин бўлган қалб изтироблари аксланади, дарз кетган кўнгил шишасининг ҳар вақт ҳам уйғунлаша олмайдиган турфа жаранглари эшитилади. Ҳатто, бир қарашдан исён руҳининг айни ўзи бўлиб кўринувчи «Бас энди» шеърида ҳам, тан олиш керак, ёвларга нафрат ва ожизлик ҳислари бақамти келади. Зеро, нафрат ва қатъиятлилик тажассуми бўлиб янграган «Етар, бас, чекдан ошқондур. Бу қарғиш, бу ҳақоратлар!» ҳайқириғидан сўнг:

Қўлимда сўнгги тош қолди,

Кўнгилда сўнгги интилмак,

Кўзимда сўнгги ёш қолди,

Кучимда сўнгги талпинмак! —

деган сатрларнинг келиши ҳам ўша ноуйғунликнинг ёрқин ифодасидир. Моҳиятан, кўнглининг бутун талпинишлари умиднинг буткул сўниб битишига йўл қўймаслик илинжидан юзага келади. Тўғри, шоир «Қўлимда сўнгги тош қолди, Ёвимга отмоқ истайман! Кўзимда сўнгги ёш қолди, Амалга етмоқ истайман!» ҳам дейди. Бироқ энди бу истак аввалгидек ишонч билан йўғрилмагани учун ҳам «истак»лигича қолади. Сезиладики, Чўлпон ўзи интилган мақсадга етиш имкониятлари қўлдан бой берилганини теран идроқ қилади, лекин буни осонликча тан олишни истамайди — эркка ташна қалб бунга кўнақолмайди.

Табиийки, шоир қалби нечоғли саркаш бўлмасин, мавжуд ҳақиқатни буткул тан олмай ўтиши ҳам мумкин эмас. Чўлпон руҳиятидаги айни шу бурилиш унинг «Мен ҳам севаман» номли шеърида ўз ифодасини топади. Айтиш мумкинки, мазкур шеър «Алданиш»га жавоб тариқасида ёзилгандир. Зеро, «Алданиш»да ўз кўнглини саволларга кўмиб ташлаган шоир уларга, хусусан, уларнинг энг муҳими «Чиндан-да мен букун севмасми бўлдим?» деган саволга жавоб ололмаганди. Чўлпон ўзининг ўтган кунлари «йигитлик кўкариб яшнаган» дамларини, «ёруғ юлдуз»лардан «севги кутиб» ўтказган, бутун борлиғини ўша севгига қурбон қилган пайтларини мушоҳада этаркан, руҳиятида файласуфона хотиржамлик бордай, илгариги ҳаяжонли ҳаприқишлар, кўтаринкилигу тушкун кайфиятлар унга тамомила ётдай туюлади:

Энди у кунларим ўтиб кетдилар...

Энди турмушимда ойдин кечлар йўқ.

Вафосиз севгилар учиб битдилар...

Англадим: севгида ҳар кўнгил бузуқ!

Аёнки, биринчи ва учинчи мисралар охиридаги кўп нуқталар ортида шоирнинг «Алданиш» ёзилган пайтдан буён кечирган ҳолати, изтиробу армонлари ётади. Чўлпон рўёбга чиқмаган орзуларию бесамар кетган интилишларини ўйлаб ачинади, айни пайтда, буларни амалга ошиб бўлган факт сифатида қабул қилишга ҳаракат қилади. Негаки, у ҳаётнинг давом этаётганлигини, инсон ўтмиши билангина яшай олмаслигини теран идрок қилади. Шоир эндиликда турмушида «ойдин кечлар» йўқлигига бефарқ эмас, албатта, лекин бундан фожиа ясаш фикридан ҳам йироқ. Сезамизки, шоирнинг изтиробли ўйлари уни муайян тўхтамга олиб келган: модомики ҳаёт давом этар экан, ҳар қандай шароитда ҳам ҳаётини мазмунли қилишга интилиш, дилда эзгу мақсаду кўнгилга ишқни жо айлаб яшаш лозим. Шу боис ҳам Чўлпон:

Кўнглим қуруқ эмас, яна севги бор,

Фақат бу севгида алданиш йўқдир,—

деб ёзади. Чўлпон «энди мажнун бўлиб элни севаман» дейдики, бу ўринда «аввал, истиқлол мақсади билан яшаганида кимни севган эди?» деган табиий бир савол юзага келади. Дарҳақиқат, шоир «эрклик юлдузи»га ошиқ бўлганида ҳам эл учун яшаган, унинг саодатини ўйлаган эди-ку? Бу ўринда бунгача юритган фикрларимиз, талқинларимиз асоссиз бўлиб қолмаяптимикан? Ўйлашимизча, йўқ. Қуйида шуни асослашга уриниб кўрамиз.

Эсингизда бўлса, Чўлпон Бухорода эканидаёқ «оқ деб, пок деб юрганларда дил бузуқ»лигидан нолиган эди. Энди эса у «севгида ҳар кўнгил бузуқ»лигини англаганини эътироф этади. Яъни, Чўлпон умидларининг барбод бўлишида эрк дея майдонга чиққанларнинг бари ҳам «пок истакли куч» бўлолмаганини бош сабаблардан бири дея тушунади. Зеро, орага манфаати шахсиянинг аралашуви натижасида мақсад узоқлашибгина қолмади, бундан жабру ситам кўрган аввало эл-юрт бўлиб қолди. Илгари Чўлпонга катта умидлар бахш этган миллий озодлик ҳаракати ҳам у ўйлаганча якдил қудратли кучга айланолмади, бунда ҳам, аввало, гуруҳ бошлиқлари — қўрбошилар орасидаги ўзаро келишмовчиликлар, шахсиятпарастлигу манфаати шахсия панд берди. Якка-якка ҳолда, ўз бошича ҳаракат қилаётган гуруҳлар энди мустаҳкамланиб улгурган қизил қўшинга жиддий ҳавф сололмаганидек, ўртадаги қонли тўқнашувлардан жабр тортган — яна халқ эди. Ҳозирда, ўтмишга муносабатимиз ўзгараётган пайтда бу мулоҳазаларимиз кимгадир эриш туюлар, эҳтимол. Бироқ, унутмайликки, ўша гуруҳларда ҳам инсонлар фаолият курсатишган, баски, инсонга хос ожизликлар уларга ҳам ёт эмас эди. Яъни, айтмоқчимизки, бу гуруҳлар асло хунрезликларга, талончиликка йўл қўймаган дейишлик нотўғри бўлур эди. Шу ўринда ўша пайтларда Чўлпондан бироз ёши улуғроқ бўлган, босмачилик ҳаракатида иштирок этиб, кейинча сургунларда бўлиб қайтган раҳматли бобомни эслагим келади. Бобом у давр ҳақида деярли гапирмасдилар, чамаси, бизнинг тушунмаслигимизни англардилар. Ҳар тугул, бир бора анча кескин тарзда: «Ҳа, босмачилар тўғри йўлдан чиқиб ўғри бўлгунларича улар билан бўлганман!» — деганлари ҳамон эсимда. Назаримда, бу гапнинг моҳиятини, унинг замиридаги ифтихору ўкиниш ҳиссини энди-энди идрок қилаётгандек бўламан...

Чўлпон Фарғона водийсида уруш ҳаракатларидан хонавайрон бўлган элни, даҳшатли очликдан қирилаётган гўдаклару қарияларни ўз кўзи билан кўради, айни пайтда, ҳозирги ҳолида миллий озодлик ҳаракати мақсадга олиб боролмаслигини, унинг элга фойдасидан кўра зиёни кўпроқ тегишини теран идрок қилади. Шу боис ҳам Чўлпон 1923 йилда Андижонда чиқарилган Фарғона фронти штабининг нашри бўлмиш «Дархон» газетасида ишлайди, босмачиликни тугатиш ишига қўшиш қилади. Шоир мазкур ҳаракат том маънодаги миллий озодлик ҳаракати сифатларига эга пайтда у ҳақда бирон сатр салбий фикр айтмаган, аксинча, уни қувватлаган бўлса, энди ҳозирги ҳолатини қоралайди. Равшанки, бунда ҳам Чўлпон вайронагарчилигу хунрезликлардан безган халқ манфаатини кўзлайди.

Айтиш керакки, Чўлпон учун ёшликдан кўзлаган мақсадни мавриди етилгунча орқага суриб қўйиш, кўпроқ бугуннинг ташвиши билан яшаш мажбуриятини тан олишлик осон кечмаган. Бироқ, таассуфки, шарт-шароитлар кўпинча инсоннинг эзгу интилишларидан устун келади. Шоирнинг 1928 йилда ёзилган «Сомон парча» номли шеъридаги:

Муҳит кучлик экан, эгдим бўйнимни,

Чақмоқдек ялтираб ўчиш йўқ энди,

Ёлғон хаёлларга кўчиш йўқ энди,

Оқишнинг йўлига солдим ўзимни,—

деган сатрида шароит олдида ожиз қолган қалб изтироблари зуҳур қилади. Шоир дилини куни-кеча эришилиши муқаррар туюлган юрт озодлигининг «ёлғон хаёл»у «боши берк кўча»га айланиб қолгани, эндиликда ҳар ишни бирдек «ҳақ» деб боришга мажбурлиги эзади. У ўзини зўр денгиз қўйнидаги сомон парча ҳис қилади, айни чоқда:

Жимгина боради кирсиз кўнглимда

Эркин кўпикларнинг аллақанчаси,—

деб ёзади. Дарҳақиқат, Чўлпон дилидаги эркка ташналик, истиқлол умидининг изсиз йўқолиб кетиши мумкин эмас: кўнглидаги «эркин кўпиклар» кейинги шеърларида ҳам бот-бот юзага қалқийверади. Бироқ энди шоир олдингидек курашга чорламайди, унинг имконию ихтиёрида қолгани, «Қушнинг ҳадиги» номли шеърида ўзи топиб айтганидек:

Унинг бутун тасаллиси: тўлиб-тошиб сайрамоқдир,

Кўм-кўк дала-ўрмонларни эслаб-эслаб йиғламоқдир,

йиғламоқдир!.. —

холос. Бироқ бу ёшлар, мухолифларининг даъволарига зид ўлароқ, мотам ёшлари эмас эди, йўқ. Зеро, Чўлпон дилини ситиб чиқаётган кўз ёшларидан ўзга қалбларда «чечаклар униши»га, «ҳақ йўли» қачондир бир кун албатта ўтилишига бешак ишонарди...

Эзгу мақсадларини дил тубига чўктирган Чўлпон борлиқни борича қабул қилишга, мавжуд имкониятларни халқининг турмушини яхшилаш, тараққий қилдириш мақсадларига хизмат қилдиришга астойдил бел боғлади. Холислик ҳаққи айтиш керакки, юртда бир қадар осойишталик ўрнатилгач, шоирнинг хаста дилини овутгучи айрим ўзгаришлар ҳам кўзга ташлана бошлаган эди. Хусусан, янги ҳукумат маориф, маданият, соғлиқни сақлаш борасида олиб бораётган ишлар унга далда берди. Худди шу вақтларда бошланган маҳкамаларни тубжойлаштириш ишларини ҳам Чўлпон илиқ қарши олди, бунда, чамаси, миллий сиёсатнинг ҳам бирмунча тўғри изга тушаётганини кўрди. Бироқ шоирнинг тийран қалб кўзлари моҳиятга қаратилгани боис ҳам шўроларнинг оғиз кўпиртириб айтаётган гаплари бошқаю, амалдаги сиёсати бошқача бўлаётганини равшан кўриб турарди. Адибнинг 1924 йилда ёзилган «Вайроналар орасидан» номли сафарномасида айни шу хил кайфият ўзининг яққол ифодасини топади. Андижондан Ўш ва Жалолободга қилинган сафар давомида муаллиф ўзи гувоҳ бўлган энг характерли воқеаларни, кўзи тушган нарсаларни қайд этиб боради. Бироқ сафарномани фактларнинг оддийгина қайди дея олмаймиз, зеро, унда фактографик ва таҳлилий қатламлар ёнма-ён боради. Асар марказида турувчи сайёҳ-муаллиф образи шу икки қатламнинг уйғун бирикувини таъминлайди. Бу йўллардан илгари ҳам кўп бор юрган сайёҳ мушоҳадаси ҳозирги мавжуд фактлар билангина қаноатланмайди: у ўзи билган ўтмишга бот-бот қайтади, чоғиштиришга интилади. Юрт қайғусида яшаётган адиб тафаккури вақт чегараларини бузиб юборади. Адиб бирон фактни келтирар экан ўтмишни эслайди, мулоҳаза қилади, унинг ўйлари қатида эса доимо келажак ташвиши ботин бўлади. Чўлпон келтираётган фактлар реалликдан олингани аён, бироқ буни оддийгина натуралистик қайдлар маъносида тушунмаслик лозим. Зеро, фаол ижодкор шахс сифатида Чўлпоннинг ўз қарашлари, орзу-интилишлари, бир сўз билан айтганда, ижтимоий-эстетик идеали мавжуд эди. Демакки, танланаётган фактлар ҳам ўша идеалга мос, биринчи галда адибнинг қарашларию хулосаларини ифодалашга хизмат қиладилар. Юртининг кеча ва бугунини қиёсларкан, адиб уруш келтирган вайроналикларни кўриб эзилади, уруш асоратлари бартараф этилаётганини, яратиш даври бошланаётганини кўриб дили таскин топади. Бироқ йўл давомида дуч келгани айрим фактлар уни чинакам ташвишга соладики, уларни келтириш билан ўқувчини юртининг эртаси ҳақида жиддийроқ мушоҳада қилишга ундайди. Чўлпон Хўжаобод пахта пунктида «бир Зубов деган хазиначи бор экан, унинг энг ширин гапи кўча сўкишларининг ўртачароғи экан» дея аламли истеҳзо билан ёзади. Муаллиф Зубовнинг маҳаллий аҳолига ҳақоратомуз муомаласи ҳақида хабар бераркан, қизиқ бир фактни газетхон эътиборига ҳавола қилади. Гап шундаки, маҳаллий аҳоли шикоятларига асосан, Ўш ҳукумати (яъни, ўша пайтдаги уезд ҳукумати) Зубовни чақиртирганида, у «иш вақти боролмайман» дейди-да, бормай қўяқолади. Қизиғи шундаки, «пахта маъракаси(компания—Д.Қ.)га зарар келмасин, деб Ўш ҳукумати ҳам ўзича бир нарса қилмасдан, музофот маҳкамаларига ҳавола қилибдур». Кўрамизки, бу ўринда Чўлпонни оддий бир кассирнинг маҳаллий ҳукуматни менсимаслигигина эмас, ўша ҳукуматнинг ҳазиначи «улуғ оға»лардан бўлгани учун-да ҳеч бир таъсир қилолмаслиги ҳайратга солади. Боз устига, уезд ҳукумати пахта компаниясига зарар етишидан қўрқиб масалани юқорига оширар экан, демак юқори идоралар аввало пахтани талаб қилади, уни етиштирадиган халқ шаъни эса иккинчи даражали масала. Шу ўринда сатр орасида Чўлпоннинг «бу мустамлакачилик сиёсатининг айни ўзи эмасми?» деган ташвишли саволи кўзга ташланади. Зеро, муаллифнинг умиди ҳам шу аслида: у ўзи айтмаган, айтолмаган гапларни зийрак газетхон уқиб олишига ишонади. Ёки бошқа бир ўринда Чўлпон «поезд ичида ғалати-ғалати ажойибот, қизиқ сирлар, тубжой халққа қилинаётган муомалаларни тоза томоша қилдик» деб ёзади. Қарангки, бундан ўн йил муқаддам, 1914 йилда «Доктор Муҳаммадиёр» ҳикоясида тасвирлаган нарсаларни муаллиф деярли ўзгаришсиз кўради, фақат энди олдингидек тасвирлаш имконидан маҳрум! Чўлпоннинг 1924 йилда ёзилган мақолаларидан бирини «Қутурғон мустамлакачилар», бошқа бирини «Истироҳат мустамлакаси» деб атагани бежиз эмас, зеро, у ўша эски сиёсатнииг давом этаётганига гувоҳ эди.

Чўлпон миллий сиёсатнинг қай томон бораётганини нозик илғайдики, буни «Қаламнинг тойилиши» номли мақоласида яққол кузатишимиз мумкин. Мақолада масаланинг қўйилиш тартибиёқ ўқувчини муайян хулосага етаклайди. Чўлпон аввало Москвадаги Бош пахта комитетининг хабарномасида «Ўрта Осиё ва Қофқозия жумҳуриятлари тупроғида унатурғон пахтани «ўрус пахтаси» (русский хлопок) деб» аталганига қарши чиқади. Хўп, адиб буни оддийгина «қалам тойилиши»га йўйиши, собиқлардан чиққан биронта мутахассиснинг қилмиши деб тушуниши ҳам мумкин. Бироқ «Туркправда»да эълон қилинган бир суҳбатда мухбир: «Памир(Мурғоб)ни нимага «ўрус Памири» (Русский Памир) деб атади экан? Агар «Хитой Памири», «Англиз Памири» деган атамалар бор, бу ҳам бир жуғрофий атама демакчиларми? Унда Туркистонни ҳам «ўрус Туркистони»(Русский Туркестан) десунлар, «Хитой Туркистони» деган атама ҳам бор...» — дея ҳайрат ва истеҳзосини яширмайди. Кўрамизки, Чўлпон буларни асло тасодифий ҳол деб қарамайди, аксинча, бунинг замирида шўро ҳукуматининг иккиюзлама миллий сиёсатини кўради. Айниқса, мақола ниҳоясида бу иккиюзламачилик янада равшанроқ очилади. Чўлпон газетхон эътиборини Тошкентда нашр этилган «Статистика солномаси»даги: «Туркистонни олғон ўрус подшоҳлари уни мустамлака қилмоқ учун муайян режа билан, иқтисодий зарурат орқасида олғонлари йўқ.... Шунинг учундирким, Туркистонни олғондан кейин чор ҳукумати уни нима қилишини билмай, ҳайрон қолғон эди...» — деган даъвога қаратади. Эътибор берилса, даъвонинг замирида Туркистоннинг босиб олинишига олиб келган туб сабабларни хаспўшлашдан чуқурроқ кетувчи мақсад ботинлигини сезиш мумкин. Аввало, иқтисодий мақсад кўзланмаган бўлса, демак, Туркистоннинг босиб олиниши хайрлик мақсадларда, дейлик, «маданият киритиш» учунгина бўлган, деган хулосаларга пухта замин тайёрланади. Иккинчидан, модомики Туркистон Россия учун фойдасиз экан, унинг Россия таркибида бўлиши аввало, ўзи учун зарур, яъни, на эски ва на янги мустамлакачилик сиёсати ҳақидаги гапларга ўрин йўқ. Эсингизда бўлса, собиқ иттифоқ парчаланиши арафасида ҳам мазмунан шунга яқин, «Ўзбекистон Россиянинг боқимандаси» қабилидаги даъволар кўтарилган эди.

Кўринадики, шўроларнинг миллий сиёсати кейинча оғишиб кетган эмас, бошданоқ муайян режа асосида олиб борилгандир. Чўлпон бу хил иккиюзламачиликни нозик илғайди, «қизил» гапларга таяниб бўлса-да, ўз фикрини ифодалайди: «Бу тойилғон қалам ўзининг шу тойилиши билан Октябрь инқилобининг биринчи кунидан бери қилиниб келаётқон даъволарнинг устига катта бир қора чизиқ чизмоқчи шекиллик!» Чўлпон янги ҳукуматнинг декрету қарорлари билан амалиёт орасида катта тафовутлар борлигига, сўз ва иш бирлигининг йўқлигига кўп бор амин бўлади. Жумладан, «Чимкент хатлари» номли мақоласида у ердаги тубжойлаштириш ишларига тўхталиб: «Уезд ижроқўмида юқорида айтиб ўтилган бир мусулмон хотун бор, саркотибнинг унвони (фамилияси) ҳам туб жой халқникига яқинлашиброқ эшитилади. Шўъба мудирлари орасида туб жойлиқлар бор. Қолғонларининг ҳаммаси овруполик ўртоқларимиз. Бу ерда ҳатто туб жой халқ тилида ёзилғон аризаларни қабул қилмаслар эмиш, деган гапни эшитдим. Лекин шўролар хукуматининг 8-йили мундоқ латифа(анеқдот)ларга ишонадурган аҳмоқ йўқдур, деб ўйлайман»,— деб ёзаркан, истеҳзоли кулгидан яна ўзини тиёлмайди.

Табиийки, бу хил латифанамо майнавозчилик асосига қурилган сиёсат маҳсулларини кўрган Чўлпон қаламидан яна маҳзун куйлар тўкилади. Бироқ, унутмайликки, сиёсатда устаси фаранг бўлган ўртоқлар шоирнинг кўз ёшларидан «чечаклар униши» мумкинлигини унинг ўзидан-да яхшироқ билардилар. Йўқ, ҳуррият дея майдонга чиққан ўртоқлар шоирнинг ҳазин овозини бўғишни ўзларига эп кўрмадилар, улар бу ишни ўзлари тарбиялаб етиштирган маҳаллий кадрларга ишониб топширдилар, холос. Аввалига Чўлпонни «кўк шоири», «зиёлилар шоири», «ўтмишга юз бурган йиғлоқи шоир» деб таърифлай бошладиларки, бу кейинроқ қўйиладиган жиддий айбловлар учун асос ҳозирлашдан бошқа нарса эмас эди. Табиийки, Чўлпон қалбидаги туғёнларини юртдошлари англамаётганларидан, англашни истамаётганларидан ўкинди, «мен кўк шоири эмасман» дея шеърлар битди. Таассуфки, уни ҳатто кўнгил мулки фуқаролари бўлмиш шоирлар-да тушунмайдилар, тушунишни истамайдилар. Чўлпон ўзини йиғлоқилиқда айблаганлардан бири бўлмиш Ботуга жавобан ёзган «Тан бердим» номли шеърида:

Бизлар фақат ўтганларга боғланиб,

Ўтганлардек аста-аста йўқ бўлдик,

«Кўнгил» дедик, кўнгилларда «кул» бўлдик...

Ўтганларнинг кафанига чулғониб.

У оловли кўзларингга қарасам,

Ҳамма ёндан учиб чиққан учқунларни санасам,

Исён ўқи ўлик танга кирмасин,

Отгувчиси тош —

Ватандош бўлмасин!..—

деган дардли сатрларни битади. Эл-юрт дарди билан яшаган шоирни ўзига тош отгувчиларнинг ватандошлари эканлиги ўртайди. Бу-ку, 1925 йилдаги аҳвол, орадан икки йил ўтгач, Чўлпонни «йўқсил халқ шоири эмас» деб эълон қилганларида, ижодини халқ учун зарарли деб топганларида, маданият ходимларининғ қурултойидан шу халқнинг «зиёли» вакиллари қувиб солганларида қандай руҳий изтироблар гирдобида қолган бўлсайкин?!.. Бошқа бир буюгимиз А.Қодирийни бир йил илгари «одил» суд воситасида маънан ўлдирганлар Чўлпонни-да шу кўйга солиш учун Қурултойни танлаган эдилар. Ҳатто, республиканинг ўша пайтдаги раҳбарларидан бири бўлмиш А.Икромов ҳам ўз нутқи билан Чўлпонга тош отувчилар тегирмонига сув қуйди. Шоир ўз бошида тўпланаётган қора булутларнинг чинакамига ҳавф сола бошлаганини ҳис қилади, чор-ночор таслим бўлишга чоғланади: Қурултой раёсат ҳайъатига «Эътизор» ёзиб, «тушунмаслик» орқасида йўл қўйган хатоларига, яъни шу эл, шу юрт қайғуси билан яшаганига тавба қилади, бутун куч-қувватини «хатоларини ишчи-деҳқон кўнглидан кетказиш»га сарфлашга ваъда беради.

Қурултой чақирилган 1927 йилдан кейин Чўлпон матбуотда жуда кам кўринади, бироқ унинг номию «чўлпончилик» деган янги адабий-сиёсий истилоҳ газета-журнал саҳифаларидан тушмай қолади. Айни пайтда, Чўлпон қаршисида «хатоларини ишчи-деҳқон кўнглидан кетказиш», ўзининг «тузалаётгани»ни кўрсатишдек каттакон мажбурият ҳам турарди. Табиийки, шоир имкони туғилди дегунча шу мажбурият орқасида ёзилган шеърларини эълон қилишга ҳаракат қилди. Қизиғи шундаки, Қурултойдан кейин ёзилган «Ўн йил» номли шеърида Чўлпон ҳаётида илк бор юртини озод деб атайди:

Ўн йил бўлди, занжирларни узиб ташладик,

Озод элда ёрқин турмуш қура бошладик...

Бу кун байрам! Озод ўлка ўйнаб кулади.

Бу кун байрам! Қизил байроқ сўйлаб туради...

Шоирнинг бунгача кузатганимиз асарларидаги қарашларга тамоман зид фикрнинг томдан тараша тушгандек юзага келиши ҳам шеърнинг мажбурият орқасида ёзилганидан далолатдир. Бироқ, профессор О.Шарафиддинов айтмоқчи, Чўлпон энди «қандай асар ёзмасин, ҳаммаси беистисно «ғоявий зарарли, миллатчилик руҳидаги асар» сифатида баҳолана бошлади» . Республика коммунистлари йўлбошчисининг нутқидан руҳланган, маданиятчилар қурултойининг фатвосини олган адабий танқидчиликнинг ҳуружлари кучайгандан кучайиб борди. Бу ҳам етмагандек, 30-йилларнинг бошидаги ҳайбатли суд жараёнларида гоҳо ишора билан, гоҳо очиқчасига Чўлпонни тилга олиб ўтдилар — навбат сенга келяпти, дея огоҳлантирмоқчи бўлдилар уни. Мана шундай оғир вазиятда Чўлпон Ф.Хўжаев маслаҳати билан Москвага жўнади: шоирнинг ўз теварагидаги гап-сўзлар бироз босилгунча юртидан йироқда бўлиб туриши мақбул кўрилган эди...

Ҳозирги ўқувчи кўп ҳам хушламайдиган «Соз» тўпламидаги шеърларнинг аксарияти юқоридагича мажбурият орқасида дунёга келган эди. Чўлпон мазкур тўпламнинг «очқич»и бўлмиш «Яна олдим созимни» номли шеърида шунга сезилар-сезилмас ишора ҳам бериб қўйган:

Бир неча йил қантаргач

Яна олдим созимни,

Энди айтиб йиғламас

Кўнгилдаги розимни...

Ўйлашимизча, Чўлпон шеърни «энди айтиб йиғламас кўнгилдаги розимни» деган сатри учунгина ёзгандек. Эътибор берилса, айни шу сатр шеърнинг мазмуний-мантиқий тўқимасига уйғун сингишиб кетмагани яққол сезилади. Бир қарашда бу сатр шоирнинг муҳолифларига қаратилганки, «йиғламас» сўзининг ўзидан туртки олиб ҳам шеърнинг давомини эътиборга олган ҳолда уни қуйидагича тушуниш мумкин: «хўп, мени йиғлоқиликда айблагандиларинг, энди йиғламайман. Чунки совет воқелигининг афзаллигини англашим баробари «кўнглимдан кудурат кўтарилди», энди созимдан фақат «шан куйлар»гина тўкилажак...» Бироқ, шеърни фақат шу йўсин тушунишимизга «кўнгилдаги розимни» бирикмаси халақит беради. Айтмоқчимизки, Чўлпон ўзи айтмоқчи бўлган фикрни пардалайди, биргина сатр ёрдамида ботиний маъноларга ишора қилади. Яъни, бу сатрлар биринчи галда шоирнинг чин мухлисларига қаратилган, муаллиф улардан узр сўрайди гуё: «Сизларга айтадиган гапларим, «кўнгил розим» бор эди-ю, афсус, айтолмайман...»

Ўзининг сиқиқ муҳитдаги ҳолатига Чўлпон «Янги мен» шеърида жуда яхши таъриф беради:

Миллионларнинг бири каби

Мен ҳам қувноқ, мен ҳам шанман,

Кечмишларнинг ўлимига

Қаҳқаҳалар солган менман.

Шеърдаги сохта кўтаринкилик замирида эрки бўғилган, «миллионларнинг бири каби» яшаш, фикрлаш ва сўзлашга маҳкум этилган исёнкор қалбнинг изтироблари, аламли кинояси ботиндир. Зеро, ўзининг «янги мен»и том маънодаги «менлик»дан тамомила йироқлигини чуқур ҳис қилган шоир ўз ўқувчисининг сарлавҳа билан шеър мазмунидаги номутаносибликни илғаб олишига умид қилади, ўзини тушунишини ва кечиримли бўлишини истайди.

Тўпламнинг бошидан жой олган икки шеърида ўзининг чин мухлисларига шу йўсин узрини изҳор этгачгина Чўлпон миллионларнинг бири сифатида ёзган шеърларини жойлаштиради. Кейинги шеърларда ҳар йили кузак инқолобни шарафлашни ўзига бурч дея билувчи, «халқлар отаси»ни Ленин ишининг давомчисию ичимизда «энг яхшимиз ва энг сарамиз» дея мадҳ этувчи, ўқувчи оммани синфий хушёрликка чақирувчи лирик қаҳрамон бўй кўрсатадики, бу энди шоирнинг ўзлигидан айро тушган «янги мен»идан бошқа нарса эмас...

Холис бўлишга интилсак, совет воқелигида Чўлпонни чин дилдан қувонтирган улкан ўзгаришлар ҳам бўлганлигини эътироф этишимизга тўғри келади. Бироқ бу ўзгаришлар шоирни нечоғли қувонтирмасин, масаланинг туб моҳиятига қарагани учун ҳам у мавжуд воқелик билан тўла келишолмас эди. Сабабки, шоирнинг тийран қалб кўзлари кундан-кунга мустаҳкамланаётган тузумнинг кўпчилик учун қоронғу чизгиларини илғар, бу чизгилар унга элининг ўзи орзулаган саодатидан хайрли фол очишига имкон бермас эди. Юраги дардга тўлган Чўлпон энди борлиқнинг фақат нурли жиҳатларинигина куйлай олар, миллат қайғусида ўтказилган салкам йигирма йил мобайнида изтиробли ўйлашларидан туғилган гаплари бўғзида қотган эди. Ҳаётининг айни шу палласида Чўлпон «Кеча ва кундуз»га қўл урди, босиб ўтилган йўлни қаҳрамонлари билан яна бир карра, энди ҳар бир қадамини ўйлаб босиб ўтишга жазм қилди. Зеро, инқилоб арафасидаги Туркистон воқелигининг бадиий таҳлили адибга юртининг ижтимоий-тарихий тараққиёт тенденцияларини кузатиш ва шу асосда замонасини тушуниш имконини берибгина қолмасдан, дилидагини айтишнинг ягона йўли ҳам эди. Шу маънода «Кеча ва кундуз»нинг ёзилиши Чўлпон учун ижтимоий-шахсий зарурат эдики, уни чин маънодаги «эҳтиёж фарзанди», буюк санъаткорнинг «оққуш қўшиғи» эди, дегимиз келади...

Бироқ шуниси борки, Чўлпоннинг 30-йилларда ёзилган шеърлари руҳидан келиб чиқилса, «Кеча ва кундуз» дилогиясини ҳам адиб ўзини «оқлаб» олиш мақсадида ёзишга киришган, деган фикр туғилиши табиий. Зеро, романда шунга далолат қилувчи қатор жиҳатлар кўзга ташланади. Жилла қурса, романнинг номланишини олайлик. Бир қарашдаёқ ҳаммаси равшандек: инқилобдан аввалги ҳаёт — «Кеча», кейингиси —«Кундуз». Қиссадан чиқадиган ҳисса ҳам қип-қизил: «Яшасин инқилоб! Яшасин инқилоб берган ҳурлик ва саодат!..» Бироқ кўнгил бунга кўнақолмайди, у Чўлпондан бошқа нарсани кутади. Зеро, улкан истеъдод соҳиби бўлмиш Чўлпон ҳаётни бадиий тадқиқ қиларкан «оқ-қора» схемасидан имкон қадар қочганига, катта бадиий ҳақиқатларни инкишоф этишга интилганига кўпроқ ишонгимиз келади. Йўқ, бу Чўлпонни оқлаш ёки улуғлашга интилиш эмас, асло: у бунга сира муҳтож ҳам эмас. Сираси, бу ишонч кўпроқ ўзимизга керак. Усиз тарих тақозоси билан қўймижоз бўлиб қолган миллатимиз ичидан-да шерлар етишганига ишонишимиз душвор, усиз «Чўлпон» дейилганида кўксимизнинг фахру ғурурга тўлиши ҳам бекор. Бу ишонч кўпроқ бизга — янги йўл бошида ортига ўгирилиб, чамалаб-иккиланиб турган авлодга — юқорисига ўрланаётганимиз нарвоннинг ҳамма поялари бутлигига ишонишимиз, собитқадам бўлишимиз учун зарур. Шу важҳдан ҳам кўнглимизда милт этган ишончни асраб-авайлаб, уни имкон қадар мустаҳкамлашга ҳаракат қиламиз.

Юқорида амин бўлдикки, ҳақиқатни очиқ-ошкор айтолмаслик Чўлпондай оловқалб, танглайи юрт ва миллат қайғуси билан кўтарилган шоирни ўртаган. Мустабид тузум жамиятни ўргимчак тўридай қоплаган бир даврда ёзилган бир мақоласида адиб шундай дейди: «Подшоҳлар, султонлар, хонлар ва бекларнинг қамчиларидан қон томган замонларда, халқ кўпчилиги ўз дардини бир юлғун бачкисига ҳам айта олмаган даврларда, халқнинг оғир аҳволини, мамлакатнинг қора кунларини, кўпчилик фуқаронинг дард ва ҳасратларини биронта сарой ёки халқ қизиғи чиқиб «ҳазил» йўли билан едириб юборар эди (таъкиддар бизники,— Д.Қ.)».

Эътиборли жиҳати шундаки, бу сўзларни Чўлпон «Кеча ва кундуз» устида қизғин ишлаётган бир вақтида ёзган. Қадим халқ санъати намоёндаларига чуқур ҳурмат ва ажиб бир ҳавас билан қараган адиб наҳот ўз дардини «йўли билан едириб юбориш»ни ўйламаган бўлса? Албатта, ўтмиш баҳона замонасига топиб баҳо берган Чўлпон бунинг учун ўша қизиқлардек «боши кетиши» ёки «оқ уйлик (бадарға)» қилиниши мумкинлигини яхши билган. Бироқ, бошқа бир нарса борки, у адибни руҳлантиради, журъату жасорат беради унга: «Фақат уларнинг (қизиқарнинг,—Д.Қ.) оғизларидан чиққан буюк ҳақиқатлар ҳақиқатгўй шоирларнинг ўлмас асарлари каби халқ кўнглига ёзилиб қоларди, мучаллардан мучалларга кўчарди»1. Бу сўзларни фоний дунёдаги барча нарса ўткинчию, фақат ҲАҚ ва ҲАҚИҚАТгина боқий эканига имон келтирган одамгина ёзиши мумкиндек кўринади бизга. Чўлпон шу эътиқод билан яшаганки, унинг кўз олдимизда Қақнус қушдек қайта бўй тиклаши ҳам шу туфайлидандир...

Романнинг номланишига келсак, С.Ҳусайиннинг терговда берган маълумотига кўра, Чўлпон «Ўтмиш туғрисида ёзяпти деб айбламасликлари учун романни шундай (яъни, «Кеча ва кундуз» — Д.Қ) иккига бўлишга мажбур бўлган»лигини2 айтган. Кўрамизки, роман устида ишлаётган адиб зарур эҳтиёт чораларини кўришга, дардини ошкора айтмасдан, «йўли билан едириб юбориш»га интилган. «Кеча ва кундуз» ҳақида ёзувчи ҳаётлигида эълон қилинган ягона тақризда унга қуйидагича айб тақалади: «Чўлпон жадидларни тасвирлаганда ниқобланади, жадидларга тўғридан-тўғри ўз тили билан ҳарактеристика бермасдан, бу вазифани асардаги кишиларга юклайди. Чўлпоннинг қаҳрамонлари жадидларни мақтаб, кўкларга кўтаради».3 Тақриз муаллифлари ҳақлар: чиндан ҳам романда жадид савдогар пайдо бўлиши билан Чўлпон ҳикоячиликни ўзидан соқит қилади. Негаки, тақризчилар талабича «тўғридан-тўғри ўз тили билан характеристика» берилса, унинг учун биргина йўл — жадидларни «совет ёзувчиси» позициясидан туриб қоралашгина қолур эди. Ўз-ўзидан аёнки, агар Чўлпоннинг нияти ўзини оқлаб олишгина бўлганида, «ниқобланиш»нинг ҳеч бир зарурати қолмас, аксинча, «ниқобланиш» ўша ниятга зид келур эди. Шу ўринда романдаги бошқа бир жиҳатга ҳам эътиборни қаратгимиз келади: адиб Акбарали, Мирёқуб каби «ёт унсур»ларга намойишкорона салбий муносабатда бўлади (замона талаби), айни пайтда уларнинг ҳар бирида аввало инсонни кўришга, хатти-ҳаракатларининг туб ижтимоий-руҳий асосларини очишга (реалистик санъат талаби) интилади. Шуниси ҳам борки, «синфийлик» оғуси билан заҳарланган китобхон учун мўлжалланган чизгилар бўртиб, юзада қалқиб туради ва... туб сабабларни пардалайди гўё.

Романга буюк пролетар езувчиси М.Горький сўзларининг эпиграф қилиб олиниши ҳам, фикримизча, эҳтиёт чораларининг биридир: «Маърифат чоғиштириб кўриш билан ҳосил бўлади, бизнинг ёшлар эса ўз кўрганларини ҳеч нима билан чоғиштиролмайдилар, улар кечмишни билмайдилар ва шу учун ҳозирги замоннинг нималигини етарли даражада очиқ англаёлмайдилар (таъкид бизники—Д.Қ.)». Бироқ, агар эпиграфга фақат эҳтиёт чораси деб қарасак ҳам янглишган бўлиб чиқамиз. Нега? Маълумки, роман ёзилган пайтда ёшлар онгига сохталаштирилган ватан тарихи сингдирила бошланган эди. Бош тарихчи Сталиндан андоза олиб ёзилган бу тарих, масалан, социалистик инқилоб ижтимоий-тарихий зарурият маҳсули сифатида юз берганини, ҳатто, Туркистонда ҳам инқилоб халқнинг хоҳиш иродасига кўра амалга ошганини ҳеч бир эътирозга ўрин қолмайдиган қилиб уқтирарди. Ҳа, большевиклар фирқаси олис истиқболни кўра олган эди: ўтмишни сохталаштиришу замонани идеаллаштириш орқали ёшлар онгини маҳв этишга астойдил киришган большевиклар ўзига ҳар жиҳатдан содиқ, ҳар қандай сиёсатини сўзсиз қўллаб-қувватлайдиган «омма» учун курашарди. Тан олиш керакки, 30-йилларга келиб мафкуравий курашда большевиклар деярли узил-кесил ғалабага эришган эдилар. Зеро, аксинча бўлганида шу йиллардаги даҳшатли қатағон сиёсатини омманинг қўллаб-қувватлаши остида ўтказиб бўлармиди?!.. Бизнингча, шу мулоҳазалардан келиб чиқилса, Чўлпон эпиграф воситасида «Кеча ва кундуз»да ўзи кўзлаган ғоявий-бадиий ниятга ишора қилгани англашилади. Эпиграфда таъкидланишича, адиб ўтмишни ёшлар ҳозирги замоннинг қадрига етсин (у пайтлар ўтмиш ҳақидаги аксар асарлар шу руҳда эди) учун эмас, улар «ҳозирги замоннинг нималигини» англасинлар деган ниятда тасвирлашга жазм этган. Чўлпон тасвирлаган инқилоб арафасидаги Туркистон ижтимоий воқелиги большевистик мафкура сингдираётган тарихий «ҳақиқатлар»га тамомила зид эдики, адиб ёшлар уни «ўз кўрганлари билан чоғиштириб кўриш» орқали кўп нарсаларнинг моҳиятига ета оладилар, деб умид қилган.

Хўш, Чўлпон тасвирлаган воқелик расмий нуқтаи назардан нимаси билан фарқланар эди? Аввало, большевиклар инқилоб арафасидаги Туркистонда асосий ижтимоий конфликт эзувчи ва эзилувчи синфлар орасида эди, деб уқтирганлар. «Кеча»да эса бунга зид ўлароқ, асосий ижтимоий конфликт феодал асослар ва миллий буржуазия орасида ётади, меҳнаткаш халқ эса ижтимоий фаолиятдан буткул йироқ. Бу эса Туркистонда социалистик инқилобнинг амалга ошиши тарихий зарурият бўлганлигини инкор қилишдек гап эди. Большевиклар инқилобдан илгари Туркистон ижтимоий ҳаётида ўз фирқаларининг роли катта бўлганини даъво қилсалар, «Кеча»да улар лоақал эслаб ҳам қўйилган эмас. Романдаги уйғона бошлаган, ижтимоий-маънавий тадрижга юз бурган ягона қаҳрамон — Мирёқубнинг изланишлари уни жадидчилик ҳаракатига яқинлаштириши ҳам бежиз эмас. Зеро, инқилоб арафасидаги Туркистон воқелигини қайтадан мушоҳада этганида ҳам адиб унда халқини истиқлол ва тараққийга бошловчи жадидчиликдан ўзга биронта кучни кўрган эмас. Энг муҳими, жадидчилик ҳаракати қораланаётган бир пайтда Чўлпон ўқувчи оммада у ҳақда бирмунча адолатли тасаввур ҳосил қилишга интилганки, бу адибнинг том маънодаги ижодий ва гражданлик жасорати эди. Мирёқубнинг кундаликларидаги қайдлар тарзида берилган жадид савдогар Ш.Хўжаев сўзларида жадидчилик ҳаракатининг моҳиятию кўзлаган мақсади мухтасар ифодасини топганки, уларнинг айримларини келтириб ўтиш мақсадга мувофиқ:

«Биздан неча баравар кичкина миллатлар мустақил бир ҳукумат қуриб, ўз давлатлари ила Европанинг, шу маданий Европанинг марказида, яъни киндиги сингари жойда яшайди...»

« Улар уруш муваффақиятсиз битса, ўша юртларнинг парча-парча бўлиб бўлиниб кетишидан қўрқадилар, Руссияни, шу қулоч етмас кенг ўлкани, қилич кучи билан, қозоқ ўриснинг найзаси билан қўрқитиб бутун ҳолида қиёматгача ушлаб қолмоқ истайдилар...»

«Сиз-биз соғин сигирмиз, бизнинг ширин сутимиз бор, руслар ва бошқа ажнабийлар бизни эмиб ётадилар...»

Қизиғи шундаки, «Кеча»нинг 1936 йил нашрида мавжуд бўлган бу гаплар 1988 йилда, роман «Шарқ юлдузи»да қайта эълон қилинганида олиб ташланган. Негаки, юзаки қараганда гап чор империяси ҳақида кетаётган бўлса-да, ўз вақтида Чўлпон «қизил империя»ни ҳам назарда тутган ва кўп жиҳатдан хақ бўлиб чиққанди. Ўша вақтда юртимизда эса бошлаган истиқлол эпкинларидан жиддий ташвишга тушган ғанимлар, табиийки, бу гапларнинг ўтиб кетишига имкон бермаганлар. Романнинг журналда қайта эълон қилиниши анча қийин кечгани1 унинг 80-йиллар адоғидаги ижтимоий шароитда ҳам актуаллик касб этгани, мустамлакачилик сиёсати асосларига раҳна солишга қаратилгани билан изоҳланиши лозим.

Чўлпон ўз қарашларини йўли билан ифодаласа-да, «Кеча» ўз муаллифининг совет воқелигини тўлалигича қабул қилолмаганини, ўзига йўргакда теккан истиқлол ва тараққий дардидан халос бўлолмаганини ошкор этди. Табиийки, бундай саркашликни шўро тузуми кечирмади: адибни маънан мағлуб этолмагач, жисман маҳв этди. Ҳатто, орадан 20 йил ўтгач ҳам, Чўлпонни граждан сифатида оқлаганлари ҳолда ижодий меросини эгаларига қайтармадилар: унинг кўз ёшларидан миллионлаб қалбларда чечаклар униши мумкинлигидан хавфсирадилар...

Истиқлол дарди билан яшаб, садпора кўнглида чўнг армон билан кетган Чўлпоннинг безовта руҳи шоядки энди ором топган бўлса...

 
 
Сайт создан в системе uCoz