«АДАБИЁТ НАДИР?..» (адабий танқидий мақолалар, суҳбат)

ДИЛМУРОД ҚУРОНОВ

Зеби, Зеби, Зебона...

«Мулойим қўлларда ивиб, сувга айлангандан кейин гўзал кўзларнинг супасида ёнбошлашни мунча яхши кўрар экан бу кўкат...»- сезасизми, адиб ўсма бўлиб яралмаганига ўкинаётгандай, ўкинчини сизга-да юқтираётгандай; «кўз устига» деган ибора бизда расм эмас-у, биродарларимиз тожикларнинг «ба чашми»си — эъзознинг юксак ифодаси! Адиб ўсма бўлиб яралмаганига ўкинмоқда, дедик, воҳ! — ният кетган экан: ўсмадай эзғиланди-я... иншооллоҳ, энди кўз устига ҳам чиқар...

«Ҳар йил келадиган баҳор севинчи яна кўнгулларни қитиқлай бошлади. Яна табиатнинг дилдираган танларига илиқ қон югурди...»- роман бошланишидаги лирик табиат лавҳасиданоқ Чўлпон-шоир бўй бериб туради: «кўнглингизни қитиқлаб» завқлантирмоқ бўлади сизни. Бошданоқ сизни гўзалликка ошуфта этиб, кўнглингизда ажиб бир илиқлик пайдо қилгачгина ўзининг суюклиси — Зебини рўбарў қилади сизга. Зебидай фариштани яратиб қўйиб, унга яна самимий-беғараз муносабатда бўлиш осонмас — шайдо кўнгилгина уҳдасидан чиқади бунинг! Адиб Зебини тасвирларкан, сўзларидан ҳайратга йўғрилган меҳр уфуриб туради...

Узоқ йўлга отланиши керак бўлган ўртоғини кутдириб қўйгани, устига-устак ўзининг ташвиши билан бўлиб меҳмонини унутганидан Зеби ҳижолатда, «ўртоғини узр айтиб қарши олди:

- Ўртоқжон, отам оврадда ўтириб қолди шекилли, шунақа одати бор. Эндиёқ кириб келса керак. Хафа бўлманг-а?»

Қизнинг андиша тўла нигоҳини туясиз, гапларини эшитгандай бўласиз, «Наҳот сиздан-да хафа бўлиш мумкин?» деган ҳаёлда ўтирганингизда, адиб «Хафа бўлманг-а?» деб турганида Зебининг юзини кўриш керак эди!»-деб қолади. Алам қилиб кетади сизга, адиб эса айни шуни истагандай, «мен кўрдим, сиз эса-йўқ!..» демоқчидай. Басма-басига Зебини бир кўриш истагида ёнасиз, не тонгким, адиб унинг қиёфасини чизмаган: сийрат бор-у, сурат йўқ! Қувликни илғамайсиз-да, Зебини кўз олдингизга келтиришга тиришасиз. Кимдир бир умрлик армони — илк севгисини, кимдир хаёлида ардоқлаб, учратишини орзиқиб кутгани малакни қўяди унинг ўрнига: «Бир қўлида супурги, бир қўли тиззасида, супурги ҳам ердан узиб олинган эмас, фақат бош юқори кўтарилгану — бутун вужуд...» сизнинг ихтиёрингизда! — энтикиб кетасиз, Зеби яна ҳам қадрдонроқ кўринади кўзингизга, вужудингизнинг бир қисмига айланади — «юқтириш» санъати ўз ишини қилади.

Ўзингиз сезмаган ҳолда қаҳрамон оламига кириб қоласиз, энди унинг ҳеч бир ҳаракати нигоҳингиздан қочиб қутулмайди. Ана, Зеби гўё Салти билан гаплашаётибди-ю, кўз қири отасида: «Энам аврай олармикан? Отам кўнармикан?» — кўнглида қилдеккина умиди бору, ўзи шунинг устида турибди... тилида отасидан нолийди-ю, дилида унга ёлворади. Шу маҳал Салти кулиб юборди: эссизгина, отаси эндигина ҳовридан тушиб, «юборсамми, йўқми» дея ўйга кетганди-я...

«- Вой анави қизни! Яна бешбаттар қиласиз ишни!»

Бу ҳитобда ўпка-гина ҳам, ўкинч ҳам, йўққа чиқишга келган умид армони ва ҳам унинг ҳосиласи сифатида тўкилмоққа ҳар дам шай икки томчи ёш ҳам... қўйинг-чи — ҳаммасидан бор! Зебининг Салтига боққан тубсиз кўзларида, чимирилган қошларида кўрасиз буларни... латофатидан сеҳрланасиз. Қиз дилидаги изтиробларни сезасиз, сезсангиз-да шу ҳолатнинг узоқроқ давом қилишини тилайсиз: бошқа бир бокираи якто айтмоқчи, «Зайнаб билан жанжаллашишнинг ўзи бир ҳузур ва жанжалдан бўшалгач, қайин отамнинг қаршисига ўтириб насиҳат эшитиш ундан ҳам яхши ҳузур...» — тушуниш ҳам кечириш мумкин бўлган худбинлик!..

Арава ҳам кенг-мўлгина экан: сизга ҳам жой топила қолди, шошиб бир чеккага ўтириб олдингиз — Зебидан кўз уз(ол)майсиз. Ана, қизлар уни қистовга олиб, қўшиқ айтишга ундашади: дилингизда уларга қўшиласиз-у, тилингизга чиқаришга ийманасиз — недир имкон бермайди сизга... Салти эса билганидан қолмайди:

«-...Бу ер тола жой бўлса, одам асари бўлмаса, кечаси қоронғи бўлса. Бир-икки жуфт айтиб бермайсизми?

- Номаҳрамга эшиттириб-А?»

Зебининг ўртоғига илкис ўгирилганини, кўзлари бир қадар чакчайиб, қошлари чимирилганини тасаввур қилинг-да, кейин эшитинг бу гапни! Умид қиламизки, юкламага тушаётган УРҒУ қиз қандай андишаларга бориб ўтирганини сизга англатди, сиз уни тушундингиз, ўртоқлари эса... Улар кулдилар:

«- Шу ҳам номаҳрам бўлибдими?

- Шу Ўлмасжон-а?

- Номаҳрам ўла қолсин?..»

Зебига қарайсиз: бечора, бир томони, шу гапни айтганидан пушаймон, бошқа тарафи, гапини мундайроқ тушунганларига хафа — юзлари ҳижолатдан ловуллайди, лаблари чўччайиб, кўзлари пирпирайди... Қиз бир лаҳзагина ўгирилди, сассизгина тўкилган томчи ёшни сездингиз — биров билмади: «... бир томчи кўз ёшингизга арзитдимми?» — ўкинасиз, то қизларнинг ялласига Зебининг «тиниқ, ғуборсиз, жонон пиёладай жаранглаган» овози қўшилмагунча дилингиз вайрон — томчи ёшнинг юки босиб туради!..

Зеби тасвирида Чўлпон чинакам эврилиш (перевоплоҳение) санъатини намоён қилади: қаҳрамонининг «ичи»га (берилиб ўйнаётган актёр сингари) кириб олади-да, сиртдан тасвирлайди. Адибни рассомга менгзасак, қаҳрамонининг муайян вақтдаги ҳолатини қоғозга туширишга шошилгандай, қилқаламини тез-тез юргизиб, пунктирлар биланоқ чизиб қўяди: «Ана, камини ўзингиз тўлдиринг!» — юқорида тасаввурга эрк берганимиз ўз чизгимизни тортишга бир уриниш, холос.

Суюкли қаҳрамони маънавиятини акбаралию мирёқублар маънавиятига қарши қўйган адиб Зеби билан Ўлмасжон муносабатини сирли-романтик руҳга чулғайдики, интим саҳналарнинг ҳозиргича талқинига ўрганган китобхонга бу нарса ўта тийиқлик, жўнлик бўлиб туюлса эҳтимол. Бунинг зиддига инонмоқ учун шу хусусда озроқ тўхталиш жоиз.

Зебидай қиз кўнглига муҳаббат ораламаслиги мумкин эмасдай, шу боис ҳам Ўлмасжон пайдо бўлиши билан китобхон ажиб сергак тортади, гапларидан, рафторию хатти-ҳаракатларидан ненидир уқмоқчидай диққат билан кузатади уни:

«Қизлар жим эдилар. Аравакаш зерикди шекилли астагина ашула бошлади. Унинг ашуласи хом хиргойидан нарига ўтмагандан кейин Салти кўтарилди:

- Ўлмасжон, бормисиз? Дурустроқ айтсангиз-чи!

Салтининг яна бир ўртоғи — Қумри унинг сўзини қувватлади:

- Ҳа, рост, шундай яхши овозингиз бор экан, шўх-шўх айтмайсизми? Кенг далада қанча қўйсангиз, шунча кетади варанглаб...

Йигитча кулди. У қоронғида секингина орқасига қайрилган эди. Орқа сафдаги қизлар чимматини кўтариб ўтирганларидан уларнинг юзларини сал-пал кўрса бўларди. Кулумсираб туриб қизларга бироз қарагач:

- Орангизда данғи кетган ашулачингиз туриб менга осилганларинг қизиқ!- деди.- Биз «сув бўлмаса таяммум»га ярайдиган ашулачилардан...»

Ўлмасжон Зебининг таърифини, эҳтимол, қўшиғини ҳам эшитган ва унга эртаклардаги каби ғойибона ошиқ бўлган бўлса не ажаб?! Чўлпон буни очиқ айтмайди, ишора қилади холос: Ўлмасжонга «шўх-шўх айтинг» дейишмоқда, демак, у мунгли куйлаяпти. Севгилисининг шунчалар яқин ҳам узоқлигидан эмасми бу мунг?! Орқа сафдаги қизларга кулумсираб туриб бироз қараб қолгани (бировнинг дийдорига тўймоқчидай), «данғи кетган ашулачи» ҳақида юрак ютиб гапиргани-чи?! «Шу чоққача (яъни, бошқа қизлар куйлаганида-Д.Қ.) ёр-ёрга қулоқ бериб, индамасдан отини аста-аста қамчилаб кетаётган аравакаш»нинг «бу овоз чиқиши билан оғир бир «уҳ» тортгани» шарқ эртакларидаги ошиқни эслатмайдими?!

Ёзувчи дилни дилга пайвндлаган ЛАҲЗА тасвирида сўзга хасислик қилади. Пойлоқчи кампирнинг қилиғини кўриб, «Зеби камоли хайрон бўлганидан аравакашнинг номаҳрамлигини ҳам унутиб, ҳалиги тангирқаш назари билан унга қаради. Бу вақтда ой анчагина юқори кўтарилиб қолган эди. Ёш йигитнинг бу ёш ва ширин табассумини ой ёруғида алайна кўриб олган ёш қиз, бутун баданларидан мулойимгина дуркираш кечганини пайқади ва қизариб, тескари қайрилди...»

Қизнинг «баданларидан мулойимгина дуркираш кечгани» «эркак зоти билан биринчи марта бу хилда учрашгани»дангина эмас — Ўлмасжоннинг кўзларида порлаган ишқ ўтининг тафтидан! Зебининг «биттаси ўзимизнинг аравакаш» деган гапни эшитибоқ безовта бўлгани, кимсан Раззоқ сўфининг қизи эканини, наинки буни, атрофида неки бўлса унутиб, унга томон интилгани ҳам шундан. Зеби билан Ўлмасжон икки жойда икки оғиздангина гап олишади-ю, адиб шунга ҳам дунё-дунё маъно юклайди: «Иккаласи ҳам анчагача жим қолдилар. Қайси бири олдин гап бошлашини ва нима дейишини билмасиди. Ниҳоят, йигитча бир гап топган бўлди:

- Бугун саҳар... аравани қўшаманми?

- Нимага?»

Қизнинг масъуд дамларни имкон қадар чўзиш истаги, ташвишию умиди, қўрқувию ўтинчини ўзида жамлаб, ногоҳ бўғзидан отилган «нимага?»си — ўзига хос дил изҳори, буни тушунганидан бўлсами, Ўлмасжон қувонади, хўжайинидан қарздор бўлишини, бусиз ҳам ночор оиласини қийнаб қўйиши мумкинлигини ўйлаб ҳам ўтирмай, муносиб жавоб айтади: «Хайр, майли сизлар (СИЗ -Д.Қ.) қачон қўш десанглар шунда қўшаман».

Энахоннинг соддагина онаси Зеби ҳақида айтган: «Бир раҳмдил, бир оқкўнгил, бир илинчакки, бу замоннинг ёш-яланги орасида кам топилади. Шунча жойдан келиб, шунча кундан бери пойлаб ётган бечора аравакаш болани бошқа қизларнинг биттаси ҳам эсга олмади, йўқламади; доим йўқлаб, хабар олиб турган Зебихон бўлди» - гапларидан англашиладики, икки ёш тез-тез дийдорлашиб турган, лекин Чўлпон тафсилотлардан қочади: шабнамий соф туйғуни нафақат бизнинг, ўзининг-да нигоҳидан асрамоқчи бўлади.

Ўзининг мафтунлиги орқасида китобхон наздида Зебини осмонларга олиб чиққан адиб, уни яна сездирмайгина ерга олиб тушади: севгисининг интиҳосини нурли кўролмаган, шу билан бирга ундан кечолмаган қизнинг изтироблари — нарвоннинг илк поғонаси. Мингбоши совчилари ризолик олгач, «суратдай, жонсизгина судралиб» юрган қиз тамомила ер фарзанди эканига имон келтирасан киши. Қизнинг изтироблари бежиз эмаслиги Аакбаралига адиб берган таърифдан, хусусан, меҳмондорчиликдан қайтаётган қизларнинг «мингбоши ¬тўгрисида гап очилганда аччиқ жирканиш билан: «давлати бошида қолсин! «дея қичқирган»ларидан (шу гапни айтаётган Зебини бир тасаввур қилинг-а!) англашилади. Бахтидан сархуш Кумушбибининг «Киши давлат учун эрга теккандан ерга тегсин...» дея севиб севилмаган Зайнабнинг шусиз ҳам садпора бағрини тилмоқ бўлганини эсларсиз?! Ундай бўлса, Зебининг йиғи-сиғидан нарига ўтмаганини кўрган «Хужум»чи қизларнинг «курашсанг бўларди-ку!» дея бурунларини жийириб, маломат қилишларини ҳам тасаввур қила оласиз. Ёзувчи бу каби маломатларни назардан қочирмайди, шу боис китобхонни ҳам, қаҳрамонини ҳам «кўниш»га обдон тайёрлайди: отасининг оппоқ соқоли билан кўз ёшларини оқизиб қарғашлари, «мундай қарғашларнинг ортуқ даражада қўрқунч эканини ҳар оғиздан эшита-эшита» ўсган қизга таъсир этмаслиги мумкин эмас; ўзи туфайли онасининг, шундоғам умри азобда ўтаётган аёлнинг, чеккан ситамлари юрагини эзиши табиий; кундошларининг саъй-ҳаракатлари, негадир атрофдагиларнинг бари «шу»ни исташи «ожиз, иродасиз, аянч ва яккабош» қизни синдириши аниқ эди. Сўфининг тарбиясида ўсган қиз ўзини ҳалок этмоқ нечоғли оғир гуноҳ эканини билади! — осмон узоқ, ер қаттиқ, — унинг учун биттагина йўл бор — кўниш. Шу боис ҳам адиб: «Мамлакатнинг қизғин қуёшида тез етилган тан бечора қизнинг маъюс кўнглини ўз иссиқ қучоғига олди»,- дейди-ю, гапни мухтасар қилади. Айтмоқчимизки, Чўлпон А.Қодирий каби «айнан мен ёзганчадир!» дея ҳайқиришга ҳақли, чунки у «ибратли қаҳрамон» яратгандан, реал инсонни курсатишни афзал билади.

Зеби хақида хам бир чеккаси «кундош балосининг намоён қурбонидур» дейиш мумкин. А.Қодирий «ўқувчининг қимматли вақтини аягани, қаламини ҳам бу ғиди-бидидан озод қилишни мувофиқ кўрган»идан кундошлар можаросига тўхталмаганини айтса, Чўлпон бу ҳақда анча муфассал ёзади. Диққатимизни тортадиган нарса — Зебининг кундошлар даврасидаги хатти-ҳаракати ҳам унинг характер мантиқига мослиги.

Султонхон аризачи кампир билан суҳбат қурганида, катта кундошлар бурунларини жийиришади:

«- Ана, топишиб ҳам кетди! -деди Хадичахон ичкаридан.

- «Пес пес билан... қоронғида!»- деди Пошшахон.

- Ҳай ана у хотинни. Нега ундай дейсиз? Нафасингиз қурсин!

Бу Зебининг овози эди.»

Сизу биз билган Зебининг айни шундай дейиши нақадар ишонарли! Қиз катта кундошлари кутганидай Султонхонга ашаддий душманим, деб қарамайди, аксинча, самимий яқинликка интилади. Султонхон босинқираш баҳона уйга кўчмоқчи бўлганида, Пошшахон «Эри йўқ совқотиб қолгандир, шўрлик» дея нишини санчса, Зеби: «Қиров ҳам тушиб қолди ўзи. Яхши қиласиз, жонимни қоқай!»-дейди. Тўғриси, Пошшахоннинг кесатиғи ўринли, чунки у кундоши феълидаги бежоликни фаҳмлаган, лекин Зебимиз киши хатти-ҳаракатини яхшиликкагина йўйиб ўрганган. Унинг самимияти душман кайфиятидаги Султонхонни ҳам ром этгани бежиз эмас: «Шу «жонимни қоқай» сўзи Султонхоннинг қулоғига аллақандай ширин эшитилиб кетди... Султонхон ўз кундошини маҳкам қучоқлаб ўпди».

Зеби мингбоши хотинлари орасига ажиб бир мусаффолик олиб кирадики, буни адиб жуда катта маҳорат билан кўрсата билган. «Табаррук сув»га заҳар солиб чиққан Пошшахоннинг ранг-рўйини кўрган Зеби шубҳа гумонга бориб ўтирмайди, бутун вужудидан ташвиш ёғилгани ҳолда: «нима бўлди, жоним, сизга? Шамоллаб-нетиб қолдингизми?»- дейдики, Пошшахоннинг ўша сувни ўзиёқ ичиб юбормаганига, шунга бардоши етганига лол қоласиз.

Зеби олиб кирган мусаффолик чақмоқдан кейинги ҳаво мусаффолигига ўхшамайдими? Андишамизни очиқроқ айтайлик: Зеби, туҳматга қолмаганида, кундошлари тақдирини такрорламас эдими? Ўзимизга қарши бораётгандай бўлсак-да, айрим мулоҳазаларни айтиб ўтиш жоиз.

Зеби зоҳиран тақдирга тан бергани билан, кўнгли ҳамон тинчиган эмас, шу боисми, ўзини овутишга интилади: «Ўв, қиз боланинг пешонаси қурсин! Ўзи хоҳлаб эрга тегармиди? Мени отам шу қари одамга берди деб койийман; мунга бермаса кимга берарди? Ўзим суйган йигитга берармиди, қалай? Тантилиги тутиб кетганда эшонбобога бериб юборарди... У мундан бешбаттар!» Англаш мумкинки, қиз ўзини тамомила «кўниш»га чоғлаяпти, зотан, шундагина аламлари босилади — хотиржамроқ яшай бошлайди. Холис айтсак, Зебининг бу ҳаракати мақсад-моҳиятига кўра Султонхоннинг «сатангларга ошно бўламан» деганига яқин — иккаласи ҳам тақдир юкини енгиллатмоқ истагидан юзага келади. Ҳа, Зебининг тақдири кундошлари тақдирига уйқаш, Чўлпон ҳам, назаримизда, шунга ишора қилаётгандек: Султонхоннинг ота-онаси ҳақидаги гаплар, мингбошининг «кенжа»сига нисбатан совий бошлагани, ниҳоят, «у кишанли жамиятда... хотинни қулдан баттар хўрловчи муҳитда, хотин чор-ночор хийланинг устози бўлади» дейилиши фикримизнинг далилидир. Айтмоқчимизки, Чўлпон Зебини кундошлар орасига бирмунча «сингдириб» юбориш билан умумлаштиришга интилган: фақат Зебиси ҳақида эмас, умуман аёллар тақдири ҳақида қайғур(тир)ган, зебиларни султонхону пошшахонларга айлантирувчи муҳитни лаънатлаган.

Пошшахон-ку Зебини заҳарламоқчи эди, бас, мингбошининг ўлимида ким айбдор? Савол ўринсиздай, шундай бўлса-да, адиб Зебини зиғирча бўлсин гумондан ҳоли қилишга интилади, бунга эришади ҳам: «Орада қанча ухлагандир, ўзи ҳам билмайди (демак, жуда қаттиқ уйқуда бўлган - Д.Қ.), бесаранжом бир қичқириқ (диққат қилинг: Зеби қичқириқ маънисига етгани йўқ - Д.Қ.) билан уйғонди:

- Сув! Сув! - деб қичқирарди мингбоши.

Зеби уйқусираб келиб, яна фонарни баландлатди. Унгача мингбошининг қўрқунч овози яна кўтарила тушди:

- Синталоқни қизи, сув дейман (Зебининг ҳамон уйқуси очилмаганидан мингбоши яна такрорламоқда - Д.Қ.) ! Сув! Юрагим куйиб кетди... Ёниб кетди! Сув! Сув!

Зеби шошиб қолди; бориб чойнакдаги «табаррук» сувни қўлига олди...»

Пошшахон Зеби «табаррук» сувни бировга тутмаслигига буткул ишонган, шу боис ҳам унга заҳар солган. Чўлпон фожиа тафсилотларини шу қадар жонли тасвирлайдики, Зебининг айни шундай ҳаракат қилишига ишонасан, инсон психологиясини аъло даражада билган ва қоғозга туширолган адиб маҳоратига таҳсин ўқийсан киши.

Суд жараёни тасвирини ўқиркан, китобхон яна ўша ўзи билган болаларча содда-беғубор Зебини топади, унинг тақдирига куйгани ҳолда, ўзини самимий кулгидан тия олмайди: «Зеби худди ўйинда шеригига араз қилган боладай, тескари бурилиб олди. У индамай турганидан суд раиси яна сўз олди:

- Яхшилаб тушунтирингиз: юзини очмаса суд мажлисини олиб боролмайман.

- Олиб боролмаса майлига...- деди Зеби.- Билганини қилсин!»

Кулмай бўладими?! Ўз манфаатлари йўлида фариштадек беғубор нарсани қурбон қилмоқчи бўлганлардан нафратланмай бўладими?! Бу ўринда китобхон бир лаҳза бўлсин андишага бориши, «жудай-ла бўрттириб юборилмаганми?» дея ўйлаб қолиши мумкин. Шу боис озроқ мулоҳаза юритишга зарурат сезамиз: маълумки, роман бошланишидан Зебининг атиги ўн беш ёшлардаги қизча экани англашилади, унинг кейинги ҳаракатлари етук қизлар каби бўлганидан, китобхон буни назардан қочирган бўлса эҳтимол. Бу нарса характер мантиғига зид эмасми? Фикримизча, йўқ! Кампирлардан эшитганимиз бор: аразлаб «кетаман»га тушган келинларини қўғирчоқ совға қилиб овутган қайноналар бўлган экан. Айтмоқчимизки, «дўппи билан урса йиқилмайдиган» қизлар балоғат ёшида ҳисобланган вақтда, уларнинг руҳий тараққийси ҳам шунга мос бўлган: хали болалиги билан хўшлашиб улгурмаган гўдак «бир уйнинг эгаси» бўлишга руҳан ҳозир бўлган. Руҳий ривожланишдаги бундай илгарилаб кетиш Зеби каби қизларда турли ёш хусусиятларининг ноуйғун бирикувига олиб келиши табиий эди. Кўрамизки, қаҳрамони руҳиясини аъло даражада билган адиб бу ўринда ҳам ҳаёт ҳақиқатига содиқ қолади. Чўлпон Зеби образи талқинида умумий ва хусусий жиҳатларнинг уйғунлигига эришганки, бу образнинг ҳаётийлигини, баркамоллигини таъминлаб, уни Кумушу Зайнаблар қаторига қўяди...

... суд жараёнини кузатаётганингизда ҳам андак бўлсин умидингиз бор эди: «Ўлибди, озгина бўлсаям инсофи, одамгарчилиги бордир буларнинг?!» Ҳукм ўқилди: очиқ-ошкор ҳақсизликдан гарангсиб қолдингиз, кўнглингиз жумбушга келиб, сўфи билан бирга исён қилади... телба Қурвонбибининг дардли қўшиғи бағрингизни эзади, чидамай қулоқларингизни чиппа беркитасиз — бефойда, қўшиқ вужудингиздан оқиб келади, ўзингиз-да куйлаётган бўласиз:

Зеби, Зеби, Зебона,

Мен кўйингда дебона...

1990 йил

«Ўғри»нинг ҳимоясига икки оғиз сўз

Кўпчилигимизни ўйлатиб, адабий давраларда турли баҳсларга сабаб бўлаётган, бироқ узил-кесил бир тарафга ҳал этилиши маҳол бўлган муаммолар таҳлилига бағишланган мақолалар матбуотимизда, кўп бўлмаса-да, эълон қилиниб турибди. Шубҳасиз, бундай мақолалар жуда катта аҳамиятга моликдир. Зеро, улар ўқувчини бефарқ қолдирмайди: ўйлашга, муносабат билдиришга ундайди — алал-оқибат тафаккуримизни бойитади. Сувон Мелиевнинг «Меҳр сеҳри» номли мақоласи, фикримизча, айни шундай чиқишлардан бўлибди. Кўпчилик қатори ўз кўмочимизга кул тортиш билан овораи сарсон бўлганимиз бугунги кунда айни шу мақола айрим мулоҳазаларимизни ўртага ташлашга ундадики, бунинг учун муаллифдан беҳад миннатдормиз.

Мақолада муаллиф ўзбек ҳикоячилигининг нодир намуналаридан бўлмиш «Ўғри» (А. Қаҳҳор) ҳикоясига янгича муносабат билдиради, уни бугунги кун нуқтаи назаридан баҳолашга ҳаракат қилади. С. Мелиев «Ўғри» ҳикояси адабиётимизда ўз ўрнини топиб бўлганини эътироф этгани ҳолда «унга умуминсоний баркамол бадиийлик намунаси эмас, балки тоталитар даврнинг бадиий ҳужжати сифатида қараш тарафдори» эканлигини ёзади. Мунаққиднинг фикрича, ҳикояни умуминсоний бадиият доирасидан четга чиқарувчи нарса шуки, Қобил бобога ҳеч ким, «ҳатто унинг дард- аламини қаламга олмоқчи бўлган ёзувчи ҳам» раҳм-шафқат қилмайди. Муаллиф мазкур фикрни асослаб ёзади: «Бадиий мукаммаллик(ка) ёлғиз сўз-тасвир маҳорати, ёрқин деталлар, рангдор тил каби соф бадиий тушунчалардан ташқари адабий қаҳрамонга ( демак, инсонга) инсоний Меҳр, тақдирига сидқидилдан куйиниш ҳамдир. Шундай меҳрсиз, лекин юксак маҳорат билан битилган асар ҳам барибир бадиий номукаммалдир». Умуман олганда, С. Мелиев тўла ҳақ. Дарҳақиқат, инсонга муҳаббат — умуминсоний қадриятлар ядроси, усиз қадриятлар пароканда бўлиб кетади. Ҳаққаст рост: инсонга муҳаббат ҳисси билан йўғрилмаган асар бадииятдан йироқ тушади. Бироқ, бизнингча, асарда ўша муҳаббатнинг қай даражала ёҳуд қай йўсинда ифодаланишини белгилашга, унинг ошкора ёки пинҳона бўлишини талаб қилишга ҳақли эмасмиз. Шу мулоҳазага таянган ҳолда бошданоқ ўзимизнинг аксилдаъвомизни ўртага ташлаймиз: адабиётимизда инсон, халқ тақдирига куйиниб ёзилган «Ўғри» даражасидаги асарлар кам топилади. Эндиги муддаомиз шу даъвони имкон доирасида асослаш, холос.

Маълумки, «Ўғри»да ёзувчи «холис кузатувчи» мавқеини тутган: у воқеа-ҳодисаларга аралашмайди, унинг вазифаси — бадиий воқеликни ўқувчи кўз олдида жонлантириш. Ҳикоянинг аксар қисми мўъжаз «саҳна- кўриниш»лардан ташкил топганки, унда тасвирланаётган воқеаларни ўқувчи кўпроқ «кўради», яъни, ўқувчи ҳам асар воқелигидан четда туради. Табиийки, шу ўринда «нима учун ёзувчи ўзини ҳам, ўқувчини ҳам асар воқелигидан четга тортди?» деган савол туғилади. Бизнингча, ҳикояда «четланиш» («остранение») усулидан фойдаланаркан, А. Қаҳҳор муайян ғоявий-бадиий ниятни кўзлаган. Аввало шуни айтиш лозимки, қўлланган усул ўқувчини ҳиссий эмас, кўпроқ ақлий мушоҳадага ундайди. Иккинчидан, китобхон ҳикоя бадиий воқелигидан четда тургани учун ҳам конкрет бир эпизод (дейлик, Қобил бобо ва амин учрашуви) ёҳуд образга муносабат доирасида қолиб кетмайди. Аксинча, ўқувчи ҳамон кўз олдида турган ҳикоя воқелигидан туртки олиб ҳаёт ҳақида, инсон ва инсонлараро муносабатлар ҳақида кенг кўламда мушоҳада юритиш, умумлашмалар чиқариш имконига эга бўлади. Келинг, яхшиси биз ҳам мавжуд имкониятдан фойдаланиб, адиб яратган бадиий воқеликка назар солайлик.

Ҳикояниннг бошланишидаёқ қуйидагича манзарага дуч келамиз: «Қобил бобо яланг бош, яланг оёқ, яктакчан оғил эшиги ёнида туриб дағ-дағ титрайди, тиззалари букилиб-букилиб кетади, кўзлари жовдирайди, ҳаммага қарайди, аммо ҳеч кимни кўрмайди. Хотинлар ўғрини қарғайди, ит ҳуради, товуқлар қақалайди. Кимдир шундай кичкина тешикдан ҳўкиз сиғишига ақл ишонмаслиги тўғрисида кишиларга гап маъқуллайди». Муаллифнинг «кузатув пункти»дан туриб разм солинг-а, Қобил бобо фожиасига маҳалла-кўйнинг нечоғли бефарқлигига амин бўласиз. Шунинг учун ҳам хотинлар қарғиши йўлакай, итлар ҳуришию товуқларнинг қақалаши қаторида тилга олинади; шунинг учун ҳам маҳалла эрларини Қобил бобонинг аянч ҳолати эмас, кўпроқ оғил деворидаги тешик қизиқтиради. Буниси ҳам майли, элликбоши келиб дастлабки тафтишини бошлаши ҳамоно маҳалла аҳли ўз наздида бурчини ўтаб бўлди: «Одамлар, ўғри деворни қачон ва қандай асбоб билан тешгани, ҳўкизни қайси томонга олиб кетгани, уни қайси бозорда сотиши мумкин эканлиги тўғрисида баҳслаша-баҳслаша тарқалди». С.Мелиев таъбирича, шуурини қаҳрамонлардан «бири амалдор, иккинчиси камбағал бечора» эканлиги эгаллаган А. Қаҳҳор, аслида, масалани анча кенгроқ қўйган кўринади. Ёзувчи талқинича, ўзга одам бахтсизлигига бефарқлик амалдорларгагина эмас — барчага хосдир. Сезамизки, адибни фуқаро ва амалдорлар муносабатининг синфий моҳиятигина эмас, инсонлар орасидан меҳр- оқибатнинг кўтарилаётгани, инсоний муносабатларнинг сийқаланаётгани кўпроқ ташвишлантиради. Бу ташвишнинг дояси кенг маънодаги инсонга муҳаббат бўлмаса, нимайкин?! С. Мелиев «Нега Қобил бобо аҳволига ўқувчи қалбан ачинмайди?» деган саволни қўяди-да, унга, аввало, ҳикоянинг ўзидан эмас, у яратилган давр воқелигидан жавоб излайди. «Чунки Қобил бобо топталаётган пайт (мавҳум «ўтмиш»да эмас, асар ёзилган 30-йилларда) минглаб-миллионлаб одамлар қамоқхоналарда, лагерларда таҳқирланаётган, иззат нафси ерга урилаётган давр эди. Шунча одам топталаётганда, оломон «Халқ душманларига ўлим!» дея бўкираётганда қандайдир Қобил бобо ким бўпти? Уни қандайдир амалдорлар топтаса топтапти-да!?» Мунаққиднинг фикрича, даврнинг айни шу руҳи адибнинг Қобил бобо фожиасини ҳис қилишига халал берган. Тўғри, ҳикоя ўзи яратилган давр билан чамбарчас боғлиқ, бироқ бу боғлиқликни ўзгачароқ талқин қилиш ҳам мумкин. Бунинг учун 30-йиллар воқелигидан чиқиб келиб ҳикоя ҳақида эмас, ҳикоя бадиий воқелигидан келиб чиқиб 30-йиллар ҳақида фикр юритиш лозим, холос. Хусусан, яна Қобил бобо фожиасига маҳалла-кўйнинг бефарқлигини олайлик. Маҳалла-кўй Қобил бобони амалдорларга «ем» қилиб қўйиб, ўзи томошабин бўлиб тургани каби ўша мудҳиш 30-йилларда ўзига гал келмаганки одам томошабин бўлиб қолмаганмиди?! Шу ўринда А.Ориповнинг «Оломонга» номли шеърини эслагимиз келади. Ҳар бир сатридан изтиробга йўғрилган ғазаб, борингки, нафрат силқиб туради унинг. Лекин ўша нафрат ҳам халққа нисбатан буюк муҳаббатдан туғилган, ахир! Ҳа, А.Қаҳҳор мудҳиш 37-йил арафасида Қобил бобо тимсолини яратди. Ўша пайтда адиб ўзини ҳам, атрофидагиларни ҳам «давлат машинаси қаршисида титраётган Қобил боболар» деб тушунган бўлса, А.Орипов айтган гапларни йўлини қилиб илгарироқ, ўз вақтида айтиб, «томошабин»ларни огоҳлантирмоқчи бўлган бўлса не ажаб?!

Агар ҳикояни шу йўсин талқин қилсак, амалдорларнинг «ноинсоний» қилиб тасвирланганлиги масаласи ўз-ўзидан тушиб қолади. Зеро, ёзувчи яратаётган бадиий воқелик — реалликнинг аксигина (яъни, уни акс эттириш нияти бирламчи эмас) бўлмай, реаллик ҳақида мушоҳадага ундовчи бир структурадир. Бу структурада эса одатланиб қолганимиздек иккита эмас, учта таянч нуқтаси бор: маҳалла — Қобил бобо — амалдорлар. Юқорида кўрганимиздек, бу нуқталарнинг ҳар бири контекстдан узилиб реаллик билан боғланганида умумлашма маъно касб этади: маҳалла — омма тимсоли, Қобил бобо — тоталитар тузумдаги алоҳида олинган шахс тимсоли, амалдорлар — тоталитар давлат тимсоли.

Кўпчилик наздида бу фикрларимиз асоссиздай туюлса, ажаб эмас. Сабабки, ҳозирги кунда аксарият ўқувчилар онгида А.Қаҳҳор ҳақида негативроқ фикр муқимлашиб қолди. Хусусан, адибнинг ўтмиш мавзусидаги асарлари «ўтмишни қоралашу замонани алқаш» мақсадида ёзилган, деган қараш устивор. Жумладан, С.Мелиев мақоласидаги фикрлар ҳам шу хил қарашга туртки беради: «Ўтмишга қора чаплаш, шунинг муқобилида ўз салтанатини кўкларга кўтариш тоталитаризмнинг муқим ақидаларидан бири эди». А.Қаҳҳор ҳикояси айни шу ақидани ўқувчига сингдириш мақсадида ёзилган, деган фикр мақоланинг мазмун-мундарижасидан қизил ип бўлиб ўтади. Хўш, А.Қаҳҳор мазкур «ижтимоий заказ»ни қай йўсин бажарипти? Мунаққиднинг ҳикоядаги бир эпизод — амин ва Қобил бобо учрашуви хусусидаги фикрларидан жавоб топиш мумкин бунга. Мақола муаллифи «Ўғри»да тасвирланган ҳолат ҳаётда юз бериши мумкинлигини эътироф этгани ҳолда унинг «совуқ, ҳиссиётсиз баён этилгани туфайли санъаткорона ишлов берилганига қарамай, ижтимоий маъно, синфий моҳият доирасида қолиши»ни таъкидлайди. Демак, бор гап тасвир манерасида — ҳиссиётсизликда. Ҳиссиётсизлик эса, юқорида кўрдик, адибнинг «холис кузатувчи» мавқеида турганлигидан келиб чиқади. Шу ўринда табиий бир савол туғилади: модомики ёзувчи мақсади ўтмишни қоралашгина экан, ўқувчини ҳикоя воқелигидан четлатиши зарурми эди? Ахир, муносабатини ошкор қилиб, ҳисларини ўқувчига «юқтириб», уни ҳикоя воқелигига олиб кирганида бу мақсадга осонроқ эришиши мумкин эди-ку?! Кўрамизки, ҳикоянинг ифода ва тасвир манераси «ўтмишни қоралаш» мақсадига унчалик мувофиқ эмас. Шунинг ўзиёқ, фикримизча, С.Мелиевнинг: «Ўтмиш ҳикояларида адибнинг ўз бадиий концепцияси йўқ. Тоталитар тузум адабиётга юклаган ғоявий мақсад (ўтмиш адолатсизликларини фош этиш) бадиий образлар воситасида юксак маҳорат билан тасдиқланган, холос. Шунинг учун мазкур ҳикояларни, хусусан, «Ўғри»ни бадиий баркамоллик намунаси сифатида тарғиб этиш ноўрин»,- деган хулосасини жиддий шубҳа остига қўяди.

Дадил эътироз қилиш мумкинки, «Ўғри» ўтмишни қоралаш ёки муайян ғояни «бадиий образлар воситасида тасдиқлаш» ниятидагина ёзилган эмас. Агар масалани шу тахлит қўядиган бўлсак, бадиий асар моҳиятини, ижод табиатини ҳисобга олмаган, жўнлаштирган бўлиб чиқамиз. Ҳа, А.Қаҳҳор «ноинсоний Ғоя ёзувчига нима ёзиш ва қандай ёзишни буюриб турган» бир шароитда ижод қилди. Албатта, кўп қатори у ҳам замона, мафкура тазйиқидан ҳоли бўлолган эмас. Шу билан бирга, А.Қаҳҳор мустақил фикрлашга қодир шахс, бетакрор санъаткор бўлганини ҳам инкор қилолмасмиз. Ҳақиқий санъаткор учун эса ижод жараёнида замон чегаралари мавжуд эмас: бу илоҳий лаҳзаларда ўтмиш, ҳозир ва келажак ижодкорнинг қалб кўзида бир фокусга жамланади. «Ўғри»га ўхшаган асарлар ижодкор ҳаётда муайян муаммоларга дуч келиб, уларни бадиий идрок этиш умидида ўз қалбига мурожаат қилиши, ўзининг ва миллатнинг тажрибасига (тажриба эса доимо ўтмиш билан боғлиқ) таянган ҳолда ҳиссий-интеллектуал мушоҳада юритиши натижаси ўлароқ дунёга келади. Биз бу гапларни А.Қаҳҳорни реалист санъаткор, «Ўғри»ни реалистик асар деб билганимиз учун айтмоқдамиз. Маълумки, реалистик адабиёт сўз санъатининг «билиш» мақсадини биринчи планга чиқарган эди. Бироқ, шуниси ҳам борки, реалистик адабиётнинг мазкур ўзак хусусияти «Ўғри»да ўзгачароқ намоён бўлади. Хўш, бу ўзгачалик, ўзига хослик нимада? Биринчидан, ҳикояда тасвирланаётган нарса бошқа-ю, ёзувчи англашга интилган нарса бошқа: ўтмиш тасвирланади, замонани англашга ҳаракат қилинади, - шу ўринда замон чегараларининг олиб ташланганига гувоҳ бўламиз. Иккинчи томондан, «Ўғри» да бадиий идрок этиш бевосита тасвир жараёнида амалга ошмайди (яъни тасвир билиш воситаси эмас). Аксинча, ижодкор замонаси, атрофида юз бераётган воқеа- ҳодисалар моҳиятини атрофлича мушоҳада этиб муайян хулосаларга келади-да, уларни тасвирда (ҳикоянинг бадиий воқелигида) муҳрлаб қўяди. Натижада ҳикоянинг бадиий воқелиги универсал моделлик хусусиятига эга бўладики, асарни фақат у яратилган ёки унда қаламга олинган давр реаллигигагина боғлаб талқин қилиш ярамайди - бадиий умумлашма кўлами торайиб кетади. Шу ўринда ҳикоянинг яна бир жиҳатига диққатни жалб қилмоқчимиз: «Ўғри»нинг бадиий структурасида, бизнингча, экзистенциализм адабиёти поэтикасига хос унсурлар кузатилади. Ҳикояда кузатганимиз интеллектуаллик даражасининг юқорилиги, муаллиф концепциясини ифодаловчи ҳаётий ҳолатларни моделлаштириш(экзистенцилизмдан фарқ қилароқ, бунда модель ҳам реаллик иллиюзиясини ҳосил қилади)га интилиш кабилар шу фикрга олиб келади. Тахминимизнинг қанчалик ҳақиқатга яқин-узоқлигини, бу ўхшашликнинг сабаб ва омилларини кейинги изланишлар кўрсатар. Бироқ шунинг ўзиёқ А.Қаҳҳор доим ҳам ҳоким мафкура исканжасида, социалистик релизм қолиплари доирасида қолиб кетмаган, ижод онларида баъзан ички эркинликка ҳам эга бўлган, дейишга асос беради.

Юқоридаги мулоҳазаларга таянган ҳолда А.Қаҳҳорнинг «Ўғри» ҳикояси баркамол бадиийлик намунаси эканлигини яна бир карра таъкидлаб айтишга ўзимизда журъат сезамиз. Бунга амин бўлиш учун «Ўғри»ни талқин қилишда унинг ўзига хос поэтик хусусиятларини эътиборда тутиш, воқеликдан келиб чиқиб ҳикояга эмас, ҳикоядан келиб чиқиб воқеликка муносабат билдиришимиз талаб қилинади, холос. Зеро, аксинча йўл тутсак, асарга ёндошишда вульгар социологик мавқедан нари ўтмаган бўлиб чиқамиз.

1995 йил

"Адабиёт надир?»

ХХ аср бошларида улуғ юртдошимиз Чўлпон "Адабиёт надир?" деган саволни ўртага ташлаган ва шу номли мақоласида унга баҳоли қудрат жавоб излаган эди. Асримизнинг ўрталарида улуғ француз ёзувчиси ва адабиётшуноси Ж.П.Сартр ҳам ҳудди шу номли мақола билан чиққан ҳамда шу саволга ўзича жавоб берган эди. Агар биз диққат билан кузатсак, инсоният онгини танигандан бери ушбу савол у ёки бу тарзда мунтазам қўйилиб келишига гувоҳ бўламиз. Қизиғи шундаки, бу саволга ҳар бир давр ўзича жавоб беради, боз устига, бир даврда яшаётган одамларнинг жавоблари-да бир-биридан жиддий фарқланади. Тугал ва узил-кесил жавоб берилиши мумкин бўлмаган "адабиёт надир?" саволининг ҳозирги кунда ҳам кун тартибида тургани табиий. Бугунги кунда мазкур савол теграсидаги баҳслар "адабиёт санъатми ёки онг соҳасими", "адабиёт ижтимоий бўлиши керакми ёки йўқми", "адабиёт оммавий бўлиши керакми ёки элитарми" каби асосий масалаларни ўз ичига олади.

Биз ўзимиз билишни истаган нарса ҳақида тугал ҳукм чиқаришга мойилмиз, охиригача тугал англаб бўлмайдиган, охиригача муайян таърифу қоидалар асосида тушунтириб бўлмайдиган мураккаб ҳодисалар мавжудлигини тан олгимиз келмайди. Ҳолбуки, мавжуд нарса-ҳодисаларнинг аксарияти, жумладан, адабиёт ҳам, ана шундай мураккаб, зиддиятли томонларни ўзида жам этган ҳодиса саналиши керак. Юқорида қўйилган саволлардан биринчисига — "адабиёт санъатми ёки онг соҳасими" деган масалага тўхталсак, бу нарса анча равшан кўринади.

Кейинги йилларда, шўро даврида ўта яланғоч ижтимоийлашган адабиётга, уни оммани коммунистик руҳда тарбиялаш ва ш.к. мақсадларга бўйсундириш амалиётига акс таъсир тарзида адабиётни "соф санъат" сифатида тушуниш, унда фақат санъат ҳодисасинигина кўриш тамойили кузатилади. Ҳолбуки, адабиётда фақат воситани кўришлик қанчалик хато бўлса, унда "соф санъат"нигина кўриш ҳам шунчалик хатодир. "Соф санъат" тарафдорлари адабиётнинг ижтимоий онг соҳаси эканлигини инкор қиладилар, жуда инсоф қилганлари адабиётнинг бу жиҳатига эътиборсизроқ, кўз юмиб қарайдилар. Биз ақл ва ҳисни бир-бирига кўпинча зид қўямиз, ҳолбуки, бу нарса вужудимизда ақл ва ҳиснинг бир пайтда мавжуд бўлишига, иккисининг бирликда инсон руҳиятини ташкил этишига ҳалақит бермайди. Бас, нега энди инсон руҳий фаолиятининг маҳсули бўлган адабиёт уларнинг иккисини ўзида жам қилолмас экан?!

Бу масалани бадиий ижод табиатидан келиб чиқиб тушуниш ва тушунтириш ўнғайроқ кўринади. Адабиётнинг илк намуналари саналадиган асотир(миф)ларни, афсоналарни эсга олайлик. Ахир, "Авесто"даги ривоятлар ёхуд қадим грек ёки миср афсоналари табиатни, инсоннинг пайдо бўлиши, унинг ўлими сирлари ва ш.к. муаммоларни билишга интилиш натижаси эмасми? Албатта, ҳозирги инсоннинг тафаккур даражаси ҳам, адабиёт ва санъатнинг ривожланиш даражаси ҳам кўз илғамас даражада узоқлашди. Лекин бадиий ижодга туртки берадиган бирламчи омил ҳамон билиш эҳтиёжи бўлиб қолди. Тўғри, кейинги даврларда яратилган асарларда доим ҳам ижодкор билишга интилаётгани асотирлардаги каби равшан сезилмаслиги мумкин, лекин унинг яратилишига бевосита мана шу эҳтиёж туртки берган. Дейлик, бир ижодкорни жамиятнинг мавжуд ҳолати ёки ривожланиш тамойилларини билиш(кўпроқ романларда), бошқа бировини ўзни англаш орқали Ҳақни таниш(тасаввуф шеърияти), тағин бирини қалбидаги кечинмаларини(яъни, ўзини) англаш ва шунга ўхшаш умумий номи БИЛИШ аталувчи эҳтиёж ижодга ундайди. Фақат шуниси борки, кейинги даврларда яратилган асарларда билиш эҳтиёжининг равшан сезилмаслиги ижодкор тарафидан англанган нарсанинг асарда бошқача йўсинларда ифодаланиши билан изоҳланиши мумкин. Дейлик, ижодкор ўзи анчадан бери ечолмай келаётган, ўзи англашга интилаётган масаланинг ечимини табиат манзарасида, ҳаётдаги бирон бир ҳолатда, ҳодиса ва шу к.ларда кўриши, яъни, ўша нарсада ҳикмат кўриши-да мумкин. Ижодкор ўз асарида ўша нарсани (манзара, ҳолат, ҳодиса ва ш.к.) акс эттиришнинг ўзи биланоқ эҳтиёжни қондиради. Қатағон даврида инсоннинг қадрсизлангани, бутун бошли жамиятнинг тоталитар тузум олдидаги ожизлигию кишиларнинг ўзгалар фожиасига томошабин бўлиб тургани ҳақида ўйлаган ва азоб чеккан А.Қаҳҳор "Ўғри"да тасвирланган воқеада, мустабид тузум шароитидаги ижодкор қисматини Ойбек "Наъматак"даги манзарада кўрган бўлса не ажаб?! Айтмоқчиманки, шу асарларни яратиш билан ҳар икки ижодкор руҳиятида пайдо бўлган билиш эҳтиёжи қондирилди. Зеро, ижод онларида ҳар иккиси ҳам ўзини ўйлатган масалани ўзича ҳал қилди, муайян бир тўхтамга келди. Албатта, бу асарларни ҳар биримиз ўзимизча тушунамиз, сабабки, биз улардаги образлар тилини ўзимизча мантиқ тилига кўчирамиз — англаймиз. Бироқ бу нарса асарнинг яратилишига туртки бўлган билиш эҳтиёжининг генетик жиҳатдан ижтимоий ҳарактерга эгалигини инкор қилолмайди. Бадиий ижодга туртки берувчи билиш эҳтиёжининг турли сатҳ ва навдаги ижтимоий муносабатлар асосида вужудга келиши бадиий асарнинг, демакки, бадиий адабиётнинг ҳам генетик жиҳатдан ижтимоий характерга эгалигидан далолатдир. Бошқа бир муҳим томони шуки, ҳар икки адиб ўзлари яратган бадиий образлар воситасида билибгина қолмади, иккиси ҳам ўзининг орзу-армонларини, ҳис-туйғуларини — бир сўз билан айтганда — ўз идеалидан келиб чиққан ҳиссий муносабатини (ва шу йўсин билвосита ўз идеалини) ифодалади. Бироқ ҳиссий муносабатни ёки бадиий билиш жараёнида англанган ҳақиқатни очиқдан-очиқ ифодалаш шарт эмас. Боз устига, ҳиссий муносабатнинг очиқдан-очиқ ифодаланиши "насиҳатгўйлик", англанган ҳақиқатнинг очиқдан-очиқ ифодаланиши «ақллилик» томон тортиб кетиши мумкин. Шунинг учун, масалан, "Ўғри"да А.Қаҳҳор "холис кузатувчи" мавқеида туради: қалбини жумбушга солган воқеанинг, ҳолатнинг суратини чизиш билан кифояланади. Маҳорат билан тасвирланган ҳолат тасаввурида жонланган онларда (ҳикояни ўқиш жараёнида) ўқувчи адибнинг (ижод онларидаги) ҳис-туйғуларини қалбдан кечиради. Бироқ ёзувчи ижод онларида қай муаммони бадиий идрок этишга интилгани доим ҳам кўзга ташланавермайди. Бунинг ҳеч бир ажабланарли жойи ҳам йўқ: бадиий асар арифметик, физик в.ҳ. масала эмаски, унда конкрет шартлар кўрсатиб қўйилса. Шунга қарамай, матнда доим ҳам акс этмагани ҳолда ҳам билиш эҳтиёжи бадиий ижодга туртки берувчи асосий омил бўлиб қолаверади.

Мисолга олинган ҳар икки асарда ҳам бир нарсанинг моҳияти бошқа нарса орқали англанаётганига шоҳид бўлаётирмиз. Ҳар икки ижодкор ҳам ўзларини ўйлатган муаммоларни англаш учун ҳаётга айнан тақлид қилгани, ҳаётдан нусха кўчиргани йўқ. Зеро, бир нарсанинг моҳиятини иккинчи нарсада кўриш учун ақлнинг ўзи камлик қилади, бунинг учун ижодкорда аввало санъаткорона нигоҳ, санъаткорга хос "қалб кўзи" бўлиши лозим. Яъники, адабиётдаги билиш фандагидек рационал билишгина эмас, унда ақл билан баробар ҳис, сезги (интуиция) каби унсурлар иштироки ҳам каттадир (шунинг учун ҳам ақлли одамларнинг бари ҳам санъаткор бўлавермайди, бўлолмайди). Сираси, атрофдаги нарса-ҳодисаларда айрича ҳикмат кўришга қобил кузатувчан, зукко кишилар ҳам оз эмас. Бироқ уларнинг ҳаммасини ҳам санъаткор демаймиз, нари борса «шоиртабиат», «зукко» дея таърифлаймиз. Улардан фарқли ўлароқ, санъаткор нарсанинг моҳиятини очувчи бошқа нарсани кўрибгина қолмайди, уни ўзининг туйғу-фикрларини ифодалашга мувофиқ тарзда қайта яратади (одатга кўра буни "тасвирлайди" деган моҳиятга номувофиқ сўз билан аталади) ва мана шу қайта яратиш жараёни ИЖОДдир. Руҳнинг алоҳида ва бетакрор ҳолати бўлмиш ижод онларида санъаткорга ўзи излаган моҳият аён бўлади, яъни, билиш эҳтиёжи фақат ижод жараёнидагина қондирилади. Санъаткорнинг ижод онларидаги ҳолати, унинг зўриқиб ишлаётган онгию жумбуш урган қалби эса асар матнида муҳрланади. Модомики бадиий ижод билишга қаратилган жараён экан, демак, бадиий адабиёт ҳам онгга алоқадор ҳодиса, фақат бунда билишнинг санъатга хос йўлидан борилади. Бунгача айтилганларга таяниб, адабиёт иккиёқлама ҳодиса, у санъатга ҳам, ижтимоий онгга ҳам бирдек алоқадордир деган хулосага келиш мумкин.

Адабий баҳсларда тез-тез кўтарилиб турган "адабиёт ижтимоий бўлиши керакми ёки йўқми" масаласи ҳам шўро даври адабий сиёсати таъсирида юзага келди, ўткирлашди. Адабиётнинг ижтимоий эканлигини инкор қилиш маъқул бўлмаганидек, унинг индивидуал-шахсий ҳодиса эканлигини ҳам инкор этиб бўлмайди. Бу даъво фақат муроса илинжида, баҳсда оралиқни - энг ҳавфсиз мавқени эгаллаш илинжида эмас. Мазкур саволга жавоб бериш учун биз адабиётнинг предмети масаласига тўхталишимиз зарур.

Адабиётшуносликка оид асарларда, дарсликларда "бадиий адабиётнинг предмети - инсон" деб кўрсатилади. Бироқ мазкур фикрни тор тушуниш, уни мутлақлаштириш унчалик тўғри бўлмайди. Чунки адабиёт инсонни алоҳида(изоляция қилинган ҳолда) эмас, балки жамият, табиат(бир сўз билан айтганда - борлиқ) билан узвий алоқада ўрганади. Зеро, инсоннинг ўзини улардан ҳоли, изоляция қилинган ҳолда тасаввур этиб бўлмайди, инсон табиатан ижтимоий ҳодисадир. Модомики адабиётнинг предмети ҳам, унинг яратувчиси ҳам инсон экан адабиётнинг ижтимоий бўлмаслиги мумкин эмас. Нима учун асар ёзилади, нима учун ижодкор асарни ёзишга киришади? Ахир кундалик турмушда дуч келган одамлар, ҳодисалар унинг қалб қозонида, ақл-идрокида қайнамадими, уни ёзмаса бўлмайдиган ҳолатга келтириб, қўлига қалам олишга мажбур қилмадими? Демак, генетик жиҳатдан ҳоҳласак-ҳоҳламасак адабиёт ижтимоий ҳодиса экан. Бироқ яратилиши жиҳатидан, дунёга нуқтаи назар, ўша дунё туфайли пайдо бўлган ҳиссиётлар, фикрлар нуқтаи назаридан том маънода шахсий ҳодисадир.

Маълум бўладики, бадиий асарда ижтимоийлик ва шахсийлик қоришиқ ҳолда зуҳур қилар экан, фақат бу ўринда ижтимоийлик ва шахсийлик нисбати ҳар бир конкрет асарда турлича бўлишини, турлича зуҳур қилишини эътиборда тутиш лозим бўлади. Дейлик, ижтимоийлик даражаси эпик ва лирик асарларда жиддий фарқланади, баъзан лирик асарда ижтимоийликдан асар ҳам йўқдай кўринади. Айримлар, хусусан "соф санъат" тарафдорлари айни шу ҳолни мутлақлаштирмоқчи бўладилар, шеърият фақат кўнгил иши бўлиши керак деган гаплар эшитилади. Хўш, инсоннинг кўнглидаги туйғулар, изтиробу қувончлар келиб чиқиши жиҳатидан ижтимоий эмасми? Мисол тариқасида лирик қаҳрамоннинг муайян бир ҳолати, кайфиятигина қаламга олинган бир шеърни олиб кўрайлик:

Баҳор кунларида кузнинг ҳавоси,

Танимни жунжитар оқшомги шамол.

Нега мунча ғамгин найнинг навоси,

Нега қалбим тўла ўкинч ва малол?

Барглар орасига тинмасдан сира,

Ошно юлдузлардан тўкилади нур.

Билмайман қийнайди қайси хотира,

Титроқ юлдуз каби музлаган шуур.

Мағлуб баҳодирнинг найзаси мисол,

Маъюс эгилади терак учлари,

Барглар соясида ўйнайди беҳол

Уйқудаги қизнинг бедор тушлари.

Атрофимда ётар ғариб бир виқор,

Билмам, нега ўчди қалбим сафоси.

Нима ҳам қилардим, на иложим бор,

Баҳор кунларида кузнинг ҳавоси.

Кўриб турганимиздек, шеърда табиат манзараси тасвирланади ва шу асосда маҳзунлик кайфияти ифодаланади. Бироқ, "баҳор кунларида куз нафасининг эсиш"идан келган маҳзунлик - образ, мана шу ҳолатнинг юзага келиш сабаблари ўзгача бўлиши эҳтимолдан йироқ эмас. Мазкур шеър 1967 йилда яратилган эди. Нечун энди А.Орипов баҳор кунларидаги куз ҳавоси ҳақида гапиради? Гап шундаки, шеър ёзилган пайт 50-йиллар охиридан жамият ҳаётида кузатилган уйғониш, нисбий эркинликнинг 60-йиллар ўрталаридан қайтадан бўғила бошлаган даврига тўғри келади. А.Орипов жамиятнинг бир аъзоси сифатида, эркка ташна ижодкор сифатида бу ҳолдан изтироб чекади, азобланади. Хассос шоир ўзини қийнаган ДАРД суратини табиат манзарасида кўради, "баҳор кунларидаги куз ҳавоси"дан келган изтиробини, аламу ўкинчини ифодалайди. Жамиятнинг кўзи очиқ аъзоларини изтиробга солган бу ижтимоий дард шоирнинг шахсий дардига айланган, дарднинг шахсийланиш даражаси шунчаларки, биз шеърни "кўнгил шеърияти" дейишга-да, уни "соф санъат" намунаси сифатида баҳолашга-да мойилмиз.

Ижтимоий дард ижодкорнинг шахсий дардига айланмаса, ижодкор ўша дардни чинакамига қалбидан кечирмаса, биз юқорида айтган "яланғоч ижтимоийлашув" юзага келади. Шўро даври адабиётининг энг катта фожиаси ҳам шу эди. Тоталитар тузум барчанинг бирдек ўйлашини тақозо этгандики, бу нарса жамиятда шахс мақомининг сусайиши, жумладан, ижодкор шахсининг емирилишига олиб келди. Натижада кўплаб асарларда ижтимоий дард ижодкорнинг қалб қозонида обдон қайнамасдан, фақат расмий мафкуранинг бадиийлаштирилган ифодаси бўлмиш шиорбозликка тўла шеърлар, ҳаётни расмий мафкура кўзи билан кўрувчи, тасвирловчи ва баҳоловчи(гарчи "социалистик реализм" намунаси саналса-да, реализмдан тамомила йироқ) эпик асарлар яратилди. Бу нарса адабиётнинг туссизлашувига, ижодийликнинг инқироз топишига олиб келди. Адабиётдаги туссизликнинг боиси шуки, шўро адабиётидаги (айниқса, 30-60 йиллардаги) кўплаб асарларда ижтимоийлик бўлгани ҳолда ижодкор шахси йўқолган, натижада улар бир-биридан шаклий хусусиятлари билангина фарқланадиган, гўё ранг-баранг қоғозларга ўраб берилган битта матоҳга айланиб қолганди. Албатта, чинакам истеъдод бундай бўғиқ шароитга кўниколмайди, исён қилади. Шу боис ҳам ҳатто мустабид тузум зуғуми кучайган даврларда ҳам катта истеъдодларнинг асарларидаги айрим ўринларида ижодий "мен" бўй кўрсатиб, асарга жонлилик бахш этиб туради.

60-йиллардан бошлаб эса адабиётимизда ижодий "мен"нинг исёни кучлироқ намоён бўла бошлади, дунёни ўзича тушуниш ва баҳолашга интилиш бошланди. Шунга қарамай, булар адабиётимизнинг умумий ҳолатини, "ҳавоси"ни белгилай олмас, зеро, расмий мафкура рағбати билан кучайган "яланғоч ижтимоийлик" бир тушовга айланиб қолган ва дадил олға босишга имкон бермасди. Табиийки, буларни эътиборга олган ҳолда кўпчиликнинг адабиётдаги ижтимоийликдан безганлик кайфиятини тушунса бўлади, бироқ мафкура тазйиқи билан "яланғочланган ижтимоийлик"ни деб адабиётнинг табиатига хос бўлган ижтимоийликни инкор қилиш тўғри бўлмайди.

Яқин йиллардаги ва қисман ҳозирда ҳам баҳсларга сабаб бўлиб турган масалалардан яна бири "адабиёт қандай бўлиши керак?" деган савол теграсида айланади. Мазкур баҳсда томонларнинг бири "адабиёт оммавий бўлиши керак" деган фикрни, иккинчиси "адабиёт хос кишиларга мўлжалланган (элитар) бўлиши керак" деган фикрни олдинга сурадилар. Иккинчи томоннинг оммавийликка қарши тургани адабиётнинг жўнлашувидан норозилик билан, биринчи томоннинг хосларгагина мўлжалланган адабиётга қаршилиги бу ҳолда адабиётнинг жамиятдаги аҳамияти сусаяди деб ҳисоблаши билан изоҳланади. Бир қарашда бу баҳс ниҳоясиздек, уни ҳал қилиб бўлмайдигандек кўриниши мумкин. Бироқ, унутмаслик керакки, муаммонинг ечими баҳс бир томонга ҳал бўлганидагина топилади дейишлик хато, кўп ҳолларда баҳснинг ечими муросада бўлади. Зикр этилган баҳснинг ечими ҳам, бизнингча, муросададир. Шу ўринда муросанинг фойдасига айрим фикрларни қайд этиб ўтиш жоиз.

Биринчиси. Ҳаммага аёнки, бадиий адабиётни истеъдодлар яратади. Истеъдод эса оммадан кўра тийранроқ қалб кўзига эгалиги, тафаккур даражасининг ундан юқорироқ экани билан фарқланади. Баски, чинакам истеъдод яратган асарнинг даражаси ҳам оммадан юқорироқ бўлмоғи табиий ва шундай бўлиши керак ҳам. Иккинчи томондан, шу адабий-маданий заминда етишган истеъдоднинг оммадан қўз илғамас даражада узоқлаб кетиши ҳам маҳол, шу боис ҳам "атайин оммага мослаб ёзиш" деган даъво ё ёлғон, ё истеъдодсизликни хаспўшлаш учун баҳонадан бошқа нарса эмас. Демак, баҳсдан чиқадиган биринчи хулосани "бизга чинакам истеъдодлар, истеъдод билан ёзилган асарлар керак" тарзида ифодалаш мумкин.

Иккинчиси. Бадиий асар жуда мураккаб ҳодиса, конкрет асарни ҳамманинг бирдек тушуниши, бирдек суюши ва унга бирдек қиммат бериши мумкин эмас. Айтайлик, ўқувчи бир пайтлар ўқиганда деярли эътиборини тортмаган шеър вақтики келиб уни ёндириб юбориши ҳеч гап эмас. Шунингдек, шу ўқувчининг юрагига ўт ёққан шеърга бошқа ўқувчи мутлақо эътиборсиз қараши-да мумкин. Ниҳоят, бадиий асар тубсиз уммон мисоли, юзасида юрган нари борса мавжлару жозиб қудратни кўрар, бироқ унинг тубида олам-олам сир-синоатлар яширин, унинг тубида-да бутун бошли бир ҳаёт кечади. Кимдир бу уммоннинг юзасидагина юради, кимдир саёзроқ, кимдир чуқурроқ шўнғийди, баски, бадиий асар бир пайтнинг ўзида турли тоифаларга - ҳам оммага, ҳам хосларга мўлжалланган бўлади. Демак, истеъдод билан ёзилган асардан ҳаммага тушунарли бўлишликни талаб қилиш талаб қилувчидаги диднинг даражасини кўрсатади, холос.

Учинчиси. Кишиларда диднинг турлича эканлиги факт, бу ҳол билан фақат муроса қилиш мумкин холос. Беш қўл баробар эмас, кимдир чуқур руҳий тасвирга бой асарни, кимдир интеллектул жиҳатдан юксак асарни, кимдир кўнгилочар асарни, кимдир детектив, кимдир жангари асарларни суяди. Хоҳласак хоҳламасак, адабиёт майдонида ҳам рақобат бор. Агарки ҳозир енгил-елпи асарларга қизиқиш кучаймоқда экан, бу юксак дидли адабиётнинг айби. Демак, баҳслашиш эмас, жиззакилик қилиш, омманинг дидсизлашаётганидан зорланиш эмас - чинакам адабиётни, бадиияти юксак асарларни яратмоқ керак.

Бадиий адабиёт - инсон фаолиятининг маҳсули. Инсон фаолияти эса кенг ва серқиррадир. Инсон фаолияти бир-бирига бевосита ёки билвосита боғлиқ бўлган "меҳнат фаолияти", "руҳий фаолият", "эстетик фаолият" каби жиҳатларни ўз ичига олади. Боз устига, руҳий фаолиятнинг ўзи "ақлий", "ҳиссий", "руҳоний" фаолият қирраларини намоён этади. Бадиий адабиёт инсоннинг гўзаллик қонунлари асосидаги ижодий-руҳий фаолияти маҳсулидир. Шундай экан, бадиий адабиётни таърифлашда бирёқламаликка йўл қўйиш, уни фақат ижтимоий онг ёхуд фақат санъат ҳодисаси сифатида тушуниш предметнинг моҳиятини жўнлаштиради, бизни унинг табиатини англашдан узоқлаштиради.

1996

Идеал ва бадиий яхлитлик

Кейинги йиллар ўзбек адабиётшунослиги ва танқид-чилигида марказий ўринни тутиб келаётган муаммо — шўро даврида яратилган адабиётга муносабат масаласи бўлиб қолаётир. Турли-туман, кўпинча бир-бирига тамомила зид қарашларни майдонга чиқараётган бу муаммо «узоқ йиллар ҳукм суриб келган вульгар социологизм ақидаларига, мафкуравий-сиёсий ёндошишга қарши реакция, акс таъсир кўриниши»2 сифатида юзага келаётгани ҳам аён ҳақиқатдир. Йўқ, биз турли- туманликни қоралаш ниятидан йироқмиз, зеро, демократлашиш йўлига кирган жамиятимиз эҳтиёжлари айни шу нарсани тақозо қилади. Республикамиз президенти И.Каримов айтганидек, «жамиятда фикр эркинлиги, ғоялар ранг-баранглиги бўлмаса, айниқса, унга йўл берилмаса, тараққиёт, олға силжиш қийинлашади. Яқин ўтмишимиз — бунинг яққол далилидир». Жамиятимизда ҳукм сурган мономафкура сиёсати турғунлигу охир оқибат инқирозга олиб келган бўлса, сўз санъатининг тамомила мафкура хизматига бўйсундирилгани адабиётимиз тараққиётини сустлаштирди, катта потенциал кучга эга истеъдодларимизнинг тўла намоён бўлишларига имкон бермади. Кейинги йилларда бот-бот такрорланаётган бу гаплар биз учун исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат — аксиомадир. Шу боис ҳам сўз санъатига муносабатни ўзгартириш, бадиий асарга ёндашиш ва уни баҳолашнинг янгича тамойилларини ишлаб чиқиш кун тартибидаги биринчи масалага айланганини ҳам тан оламиз. Бироқ бизни ташвишлантираётган нарса шуки, янгича концепцияни ишлаб чиқиш йўлидаги уринишларимиз — бир қутбдан иккинчисига сакрашга мойиллигимизданми — яна эски ўзанга тушиб қолаётгандек. Айниқса, ХХ аср ўзбек адабиётига, хусусан, конкрет ижодкор ёки бадиий асарга яна мафкуравий жиҳатдангина ёндашиб, ўзимиз сезмаган ҳолда ўзимиз қоралаётган вульгар социологизм мавқеига тушиб қолаётганга ўхшаймиз. Яқин ўтмишимизда яратилган бадиий асарларда мафкура тазйиқи кучли бўлганию бу нарса уларнинг қимматини ҳийла туширганини эътироф этган ҳолда, уларнинг барига бир кўз билан қараш, тамомила инкор қилиш кайфиятларига мутлақо қўшила олмаймиз.

Тўғри, ижодкор воқелигу мафкурадан бир баҳя бўлса-да юқорироқ туриши лозим, айни пайтда, улардан буткул узилиб кетиши ҳам мумкин бўлмаган ҳодисадир. Шундай экан, биз истасак истамасак, асарда яратилган бадиий борлиқ реал борлиқ билан муносабатда бўлганидек, бадиий реаллик воситасида ифодаланаётган ғоялар тизими — бадиий концепция ҳам жамиятда етакчилик қилаётган ғоялар тизими — мафкура билан муносабатда бўлади. Хўш, бу муносабат қай тарзда кечади? Умуман, ижоднинг мафкуравийлашуви нимадан? Бизнингча, ижоднинг мафкуравийлашувини натижа деб қарасак, унинг сабабини у ёки бу даврда мавжуд мафкура мазмунида эмас, балки санъаткорнинг ўша мафкура замиридаги ҒОЯ(мафкура мазмунини ташкил қилаётган ғояларни шундай атайлик)га ёинки ўз ижодига формал ёндашувида деб тушуниш тўғрироқ бўлади. Биз бу ўринда ҒОЯни умумийроқ ҳодиса деб оламиз-да, мафкура деганда унинг муайян мақсадга йўналтирилиб тизимга солинган кўринишини тушунамиз. Дейлик, «буюк халқ» ҒОЯси — қайси тизимдалигига боғлиқ ҳолда — ватанни ҳимоя қилиш мақсадига ҳам, ўзга халқларни қул қилиш ниятига ҳам, юртни ободу миллатни тараққий эттириш мақсадига ҳам бирдек хизмат қилавериши мумкин. Жамият тараққиётининг муайян босқичида ўша жамият аъзоларининг идеалию эҳтиёжларига мос ҒОЯ шундай умумийлик касб этадики, унинг асосидаги мафкура оммалашиш имконига эга бўлади. Бироқ жамиятнинг узлуксиз ривожланишию эҳтиёжларининг ўзгариб бориши баробари ўша мафкуранинг ҳам мос равишда ўзгариб бориши ҳам тақозо қилинадики, акс ҳолда у оддий догмага айланади — тараққиётга тўғаноқ бўлиб қолади. Шунга кўра, санъаткор томонидан мафкура асосидаги ҒОЯнинг формал қабул қилиниши уни ўша мафкурага ижодий ёндашиш, реал воқелик билан диалектик алоқасини теран идрок қилиш имконидан маҳрум этади. Натижада у мавжуд мафкурага сингиб кетади, идеалию эҳтиёжларига мос ҒОЯ ҳавода муаллақ қолаётганини англамай қолади — мафкуранинг оддийгина хизматчиси, аниқроғи, қулига айланади. Айни шу нуқтадан санъаткор энди ИЖОДКОР бўлмай қолади, зеро, воқеликни қалбию онгида қайта ишлаб, идеал асосида қайта яратилган бадиий воқелик воситасида дунёни ўзгартиришга (ўзгартирувчининг ўзини, яъни, инсонни ўзгартириш орқали) хизмат қилган санъаткоргина том маънодаги ижодкор саналиши мумкин. Хўш, ҒОЯнинг формал қабул қилиниши нимадан? Аввало, ҳар қандай мафкуранинг оммалашиши учун ҳар вақт икки шартнинг мавжудлиги тақозо қилинади: 1) башарият тарихи давомида кўп бор синалган, умуминсоний қадриятларга мувофиқ1 ҒОЯларга таяниш; 2) омманинг эҳтиёжига, манфаатига мос келувчи пировард мақсаднинг мавжудлиги. Шу икки шартни ўзида мужассам этган янги мафкура ўзидан илгариги мафкурадан ҳафсалалари пир бўлиб, яшашнинг мақсадию ҳаётининг мазмунини йўқотган, аро йўлда қолган одамлар учун бир заруриятдирки, айни шу хил ижтимоий шароитда у юзлаб, минглаб, миллионлаб одамлар онгига сингади, яшашнинг мақсадига ишора қиладию ҳаётига мазмун бағишлайди уларнинг. Шунга кўра, 20-йиллардан бошлаб социализм ғояларининг минглаб зиёлиларимиз онгига кириб келгани, уларнинг ҳаёти мазмунига айлангани, холис ёндашсак, табиий ҳол эди. Шуниси ҳам борки, муайян мафкура шаклланаётган пайт жамиятнинг аксар аъзолари уни формал қабул қиладилар. Унинг қабул қилиниши айрим кишилар, хусусан, илгарироқ бошқа мафкура асосида шаклланиб улгурган кишилар учунгина қийин кечиши мумкин: улар ё янги мафкурани умуман қабул қилмайдилар, ёки бошданоқ унга танқидий муносабатда бўладилар. Шу маънода, Фитрат, А.Қодирий, Чўлпонларнинг янги мафкурага муносабати билан Ойбек, Ғ.Ғулом, Ҳ.Олимжон, А.Қаҳҳор каби янгича ижтимоий шароитда шаклланган кишилар муносабатининг бир хил бўлишини талаб қилолмаймиз. Яъни, психологик жиҳатдан аввалгилари янги мафкурага қиёсий-танқидий мавқеда туриш имконига эга бўлганлари ҳолда, кейингилари бунга ҳали тайёр эмаслар. Аминмизки, А.Қаҳҳор муайян ҳаётий тажрибага эга бўлгач айтган «мен партиянинг солдати эмас, онгли аъзосиман» деган машҳур гапини 30-йилларда айтиш имкони бўлмаганидан эмас, бунга ҳали ўзи руҳан тайёр бўлмаганидан айтолмаган. Демоқчимизки, мафкура асосидаги ҒОЯнинг формал қабул қилиниши кўпроқ ёшларга, хусусан, ёш ижодкорларга хос хусусиятдир. Эътибор берганмисиз: янги мафкурани аввало ёшлар қўллаб қувватлайдилар, мафкура ёювчилар асосий кучларини ёшлар муҳитига сафарбар этадилар. Нега шундай? Чунки авлодлар орасида ҳар вақт мавжуд ижтимоий-психологик зиддият («оталар ва болалар» муаммоси) асосида янги мафкуранинг сингиши ҳийла осон кечади. Мафкуранинг қабул қилиниши авлодлар орасидаги ижтимоий-психологик зиддиятни ғоявий зиддият даражасига кўтаради. Тажрибанинг етишмаслиги боис ёш авлод мазкур мафкура инсоннинг борлиқни билиши ва ўзгартириши йўлидаги кўплаб босқичлардан биригина эканини англамайди; инкорни инкор этиш диалектикасини тушуниш даражасига етмагани ҳолда «ўзимдан олдингиларнинг ноҳақлиги менинг ҳақлигим исботидир» ақидасигагина таяниб иш кўради; башарият тарихи нуқтаи назаридан қараганда анчайин тор, субъектив қарашини мутлақ ҳақиқат билиб, ўзидан олдингиларни буткул инкор қила бошлайди.

Юқоридаги мулоҳазалар бизни ҳозирги адабий жараёндаги баҳсу мунозаралар ҳам моҳиятан ғоявий зиддиятлар асосидадир, деган тўхтамга олиб келади. Зеро, бугунги кунда яқин ўтмишимиздаги адабиётга вульгар социологик ёндашувни ҳам, уни нигилистик тарзда инкор қилинишини ҳам, ёш ижодкорлар орасида «соф санъат» маслагига шайдоликни ҳам кузатиб турибмизки, булар ўша мафкуравийлик касали қолдирган оғир асоратлар, ўша касалнинг бошқа кўринишдаги ривожидан бошқа нарса эмас. Шу боис ҳам бир қарашда фикрлар ранг-баранглиги бўлиб туюлган мазкур ҳолни адабиётимиз ривожи учун хайрли ҳолга йўйишга қийналади киши. Негаки, яхшидир-ёмондир 70 йиллик адабиётимиз ҳам миллий маданиятимиз тарихида бир босқич, уни батамом инкор қилмоқчи бўлсак, сассиқ экан деб бурнини кесган одам ҳолига тушиб қоламиз.

Мафкуравийлашган адабиётдан безган бизнинг авлод классик адабиётга, ХХ аср ғарб модернистик адабиётига мурожаат қилиб фикрларини далиллашга, ўзи учун намуна топишга интилаётир. Умуман олганда-ку, бу нарса адабиётимиз учун ҳайрли, лекин уларни ижтимоийлигу мафкурадан ҳоли ҳисоблаб, шу асосда яқин ўтмишдаги ўз меросимизни менсимаслик, ундан воз кечишга интилишни нормал ҳодиса сифатида баҳолаб бўлмайди. Бизнингча, ўтмиш классик адабиётини ҳам, ХХ аср ғарб модернистик адабиётини ҳам мафкурадан, ижтимоийликдан ҳоли ҳодиса деб тушуниш янглиш тасаввурдир. Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз: дейлик, Дантенинг «Илоҳий комедия»сини ўқиган китобхон асарнинг дунёга келиш сабабларини, қайси мафкураю қайси ижтимоий гуруҳлар манфаатига хизмат қилгани устида бош қотирармикан? Йўқ, албатта. Бугунги китобхонни дўзаҳ архитектоникасию ундаги азобларнинг хилма-хиллиги кўпроқ қизиқтиради. Ҳолбуки, асар ёзилган вақт зиддиятлари, кескин сиёсий курашлар унда ўз аксини топган: ҳатто, Данте асар ёзилган пайтда барҳаёт бўлган айрим душманларини ҳам ҳеч иккиланмай дўзаҳга жойлаб қўйганди. Ёки ҳозирда кўпроқ болалар адабиёти сериясида чоп этиладиган «Гулливернинг саёҳатлари», «Гаргантюа ва Пантагрюель» каби асарлар ўз даври жамиятининг асослари устидан кулиб ёзилган ўткир ҳажв, памфлет эканлиги хаёлимизга келадими?! Ўсмирлик чоғимизда тўлқинланиб ўқиганимиз «Робинзон Крузо» моҳият эътибори билан маърифатчилик ғояларининг тарғибига хизмат қилган ахир?! Ўз вақтида таниқли филолог олим А.Потебня бадиий адабиёт моҳиятини соддароқ йўсинда тушунтириш учун қадимги юнон масалларига мурожаат қилганди1. Унинг фикрича, қадим юнон масалларининг аксари конкрет ижтимоий ҳодиса билан боғлиқ ҳолда юзага келган. Кейинча асос бўлиб хизмат қилган ижтимоий ҳодиса актуаллигини йўқотади-да, унутилади: масалда тасвирланган воқеа(олимнинг ўзи буни «действие» деб атайди)нинг ўзи қолади-да, унинг бадиий образга хос умумлаштирилганлик, универсаллик хусусиятлари кучаяди — энди у ўхшашлик асосида бошқа турфа ҳодисалар моҳиятини очишга хизмат қилаверади. Юқоридаги асарлар мисолида ҳам шунга ўхшаш ҳолга дуч келмаяпмизмикан? Мабодо шундай бўлса, яқиндагина яратилган, ҳали ижтимоий асослари актуаллигини йўқотмаган асарлар ҳақида тугал ҳукм чиқаришга эрта эмасмикан?!..

Ҳозирги кунда кўпчилигимизга сўз санъатининг салкам эталони бўлиб кўринаётган модернистик адабиёт-чи? Чиндан ҳам у ижтимоийликдан узоқ, мафкурадан ҳоли соф санъатмикан? Йўқ, албатта, улар ҳам муайян ижтимоий шароитнинг фаол таъсирида дунёга келган. Фақат бу асарлардаги бадиий концепцияни ифодалаш йўсинидаги ўзгачалик ҳисобига ҳосил қилинган «соф санъатлик» иллюзияси улар яратилган муҳит шароитини билмаслигимиз, ундан буткул узилганимиз учунгина мутлақлаштирилаётгандек кўринади бизга.

Хўш, бадиий концепцияни ифодалашнинг ўзгача йўсини деганда биз нимани назарда тутамиз? Маълумки, асарда ифодаланаётган бадиий концепция унда яратилган дунё образи — бадиий реалликдан ўсиб чиқади. Шуниси ҳам борки, асарда тасвирланаётган нарса билан ифодаланаётган нарса муносабати турлича бўлиши мумкин. Шу маънода учта машҳур асарни сиртдангина қиёслаб кўрайлик: А.Рибаковнинг «Арбат болалари» ҳамда Л.Фейхтвангернинг «Сохта Нерон», А.Камюнинг «Вабо» («Чума») романлари мавзу эътибори билан бир-бирига яқин туради. Ҳар учала асарда ҳам мустабидлик, тоталитаризм даҳшатлари қаламга олинади, ҳар учала адиб ҳам ўзлари бошдан кечирган — биринчиси сталинизм, бошқалари гитлеризм шаклида — тоталитаризмнинг инсонийликдан йироқ ҳодиса эканини, башарият учун офат эканини уқдирмоқчи бўлади. Дейлик, «Арбат болалари»да ифодаланаётган ва тасвирланган нарса бир-бирига мос (автологик образ) ва узвий боғлиқ; «Сохта Нерон»да замонани англаш учун антик дунё воқелиги тасвирланади, яъни, ифодаланаётган ва тасвирланаётган нарсалар бир-бирига мос бўлмаса-да, кўплаб туташ нуқталарга эга (суперлогик образ); «Вабо»да эса образ реалликдан умуман абстрактлаштирилгани боис катта умумлашмалилик, универсаллик касб этади (гиперлогик образ). Яъни, масал мисолида кўрганимиз образ(бу ўринда дунё образи)нинг универсал моделга айланиши Камюда асар яратилиши биланоқ амалга ошади, «Сохта Нерон»да бу жараён бирмунча кўпроқ, «Арбат болалари»да ундан-да кўпроқ вақт давомида кечади. Дарвоқе, асар устида ишлаётган пайти А.Камю кундалигига: «Чума воситасида мен бизни азоблаган биқиқ шароитни, биз яшаган кувғинлик ва қўрқув муҳитини ифодаламоқчи бўламан. Айни пайтда мен ушбу талқинни бутун мавжудликка тадбиқ этмоқчи бўламан»1,- деб ёзганки, бу ҳам юқоридаги фикримизни бирмунча қувватлайди. Иккинчи томондан, қиёсга олганимиз асарларнинг ўқувчи томонидан қабул қилиниши ҳам турлича: «Арбат болалари»нинг ўқувчиси ҳамдардлик ҳисси орқали роман воқелигига олиб кирилади — концепциянинг англаниши ҳиссиётдан мушоҳадага томон юради; ҳамдардлик ҳисси «Сохта Нерон» ўқувчисига ҳам ёт эмас, бироқ у воқеаларнинг олис ўтмишда рўй бераётганини ҳар дам сезиб туради, замонаси билан туташ нуқталарни топиб, мушоҳада қилиб боради — унинг англанишида ҳиссиётдан кўра ақлнинг роли устунроқ; Камю яратган образнинг мағзи эса тафаккур кучи билангина чақилади. Албатта, мазкур асарларнинг фарқли жиҳатлари кўп, бироқ айни пайтда биз учун муҳимлари — шулар. Агар ўқувчиларнинг талаб-эҳтиёжлари, психологик хусусиятларию имкониятлари турлича эканлиги эътиборда тутилса, учала типдаги асарлар ҳам бирдек яшашга ҳақли ва зарурлиги англашилади. Бас, масаланинг «булардан қай бири яхши» ёки «буларнинг қай бири чинакам бадиий асар» қабилида қўйилиши мақбул эмас, ёш болага «даданг яхшими ё онанг» қабилида савол берган мисолидир.

Юқоридаги мулоҳазаларимиз бадиий адабиётга, бадиий асарга муносабатни чин маънода ўзгартиришимиз зарурлигини кўрсатади, ҳартугул, бизни шунга ундайди. Хўш, бадиий адабиётга, хусусан, яқин ўтмишимиздаги адабиётга муносабатимиз қандай бўлиши керак? Бадиий асарнинг ижтимоий воқелик билан муносабати қандай? Бадиий асарнинг моҳияти нимаю унга қай тарзда ёндашиб, қандай баҳоласак тўғрироқ бўлади?.. Ўз олдимизга қўяётганимиз бири иккинчисини етаклаб келаётган бу саволларга баҳоли қудрат, узил-кесиллик даъвосидан тийилганимиз ва муайян «рецепт» беришга интилмаганимиз ҳолда жавоб беришга, мулоҳазаларимиз билан ўртоқлашишга жазм қиламиз.

Бизнинг бадиий адабиёт ҳақидаги қарашларимиз «бадиий асар — бадиий коммуникация воситаси» ва «бадиий асар — ситем бутунлик» деган эскидан маълум икки принципга таянади. Қуйида бадиий коммуникация масаласига тўхталиб, шу асосда фикрларимизни ойдинлаштириш пайида бўламиз. Маълумки, одатда бадиий коммуникация жараёни қуйидагича схемада ифода этилади: реаллик — санъаткор — бадиий асар — ўқувчи — реаллик. Яъни, санъаткор ўзининг реаллик билан муносабати маҳсули ўлароқ дунёга келган бадиий асар воситасида ўқувчи билан мулоқотга киришади, уни ўзгартириш орқали оламни ўзгартиришга интилади. Ўз-ўзидан равшанки, бадиий коммуникациянинг илк босқичи бадиий ижод жараёнидир.

Бадиий ижоднинг бирламчи шарти — ижодкор ШАХС бутунлиги. Шахснинг бутунлиги эса унинг моҳияти ва мавжудлигининг бир-бирига мувофиқлиги демакдир. Эҳтимол, жўнлаштирилаётгандек туюлар, бироқ шахснинг бутунлиги деганда аввало унинг маънавий-руҳий бутунлигини кўзда тутамиз. Маънавий-руҳий бутунлик эса шахс интилган ИДЕАЛ (мукаммал инсон ва мукаммал жамиятнинг тасаввурдаги тимсоли) мавжудлиги ва айни пайтда унинг ҳаётий принциплари ўша ИДЕАЛдан келиб чиқиши демакдир. Шунга кўра, шахс бутунлиги, умуман, ШАХС тушунчаси биз учун муайян хусусиятларни ўзида жам этган инсоннинг турғун ҳолати эмас, балки узлуксиз ва адоғсиз бир жараёндир. Зеро, реаллик билан тўқнашув ҳар вақт шахснинг маънавий-руҳий бутунлиги — моҳияти ва мавжудлиги орасида зиддиятлар келтириб чиқараверади. Мана шу зиддиятларни ИДЕАЛдан руҳ олган ҳолда бартараф этиш орқали мавжудлигини моҳиятига мувофиқлаштириб бориш, шу асно қадам ба қадам ИДЕАЛга яқинлашиб, янги-янги МАЪНО(смўсл)ларни инкишоф этишу уларни ўз ҳаётига, жамият ҳаётига тадбиқ этиб боришлик — ижодкорликнинг бош шартидир. Бу жиҳатдан том маънодаги ижодкорни ҲАҚ йўлига кирган сўфийга менгзагимиз келади. Сўфий ҲАҚқа яқинлашгани сари мавжудликнинг моҳиятини теранроқ идрок қилгани каби, ижодкор ИДЕАЛга яқинлашгани сари ҳаётнинг, инсоннинг моҳиятини теранроқ илғайди. Сўфийлик йўлининг ибтидоси ҳам, интиҳоси ҳам ҲАҚ бўлганидек, ижодкор фаолиятининг мотиви ҳам, мақсади ҳам ИДЕАЛдир.

Мақсад ва мотив бирлиги ижодий жараёнга юксак даражадаги ички бутунлик бағишлайдики, бу уни бошқа фаолият турларидан фарқловчи ўзак хусусиятлардан биридир. Мазкур бирлик умумаҳамиятга молик (ижтимоий) мақсаднинг шахсийланиши (персонификация) орқали амалга ошади. Ўз моҳияти ва мавжудлиги орасида зиддият ҳосил бўлгани боис ҳам санъаткор нарса-ҳодисаларнинг мавжуд ҳолатига умумодатийдан тамомила фарқли жиҳатдан ёндаша бошлайди. Ностандарт ёндашув натижасида бунга қадар унинг учун амалий фаолият предмети бўлиб, ўз наздида «англанган», «тушунилган» деб ҳисоблаб келинган нарса-ҳодиса билиш объектига айланади. Шахс қаршисида ўша нарса-ҳодисани идрок қилиш, ўзлаштириш орқали уни яна амалий фаолият предметига айлантириш зарурати пайдо бўлади. Шу тариқа ижоднинг илк босқичида билиш эҳтиёжи фаолиятнинг етакчи мотивига айланади.

Нарса-ҳодисани билиш шахс онгида унинг яхлит образини яратишдан бошланади. Инсон тафаккури воқеликдаги реал нарса-ҳодисанинг хаёлий(идеальнўй) моделини яратиш имконини беради. Моделни яратиш эса предметни муайян таркибий тузилишга эга унсурлар мажмуи (моҳият) ва конкрет муҳитда яшаётган (мавжудлик) яхлит система сифатида тушуниш демакдир. Муҳим жиҳати шундаки, яхлит образ деганимиз турғун тасаввур бўлмай, предметнинг муҳит билан ўзаро муносабатининг энг оптимал усулларини ифодаловчи динамик моделдир. Негаки, предметнинг мавжудлик шарт-шароитларининг моҳиятига мослиги унинг ривожланиши шартидир. Шу ўринда бадиий ва илмий ижоднинг фарқли жиҳатига эътиборни тортгимиз келади. Ижоднинг мазкур икки тури ҳам объектив борлиқнинг субъектив образи (модели) билан иш кўради. Бироқ ўша образнинг реал асоси билан муносабати жиддий фарқланади. Олим илмий-амалий вазифани ҳал қилиш учун образни реал асос — предметга тобора яқинлаштириб боради. Санъаткор бу йўлдан бормаганидек, у оламни ўз дунёқарашига мувофиқ тарзда бутунича қабул қилади, ҳартугул, ўз олдига шундайин бағоят мушкул вазифани қўяди.

Дунёни бутунича қабул қилишнинг ядроси — ўзида унинг бутун турфалигини, ранг-баранглигини мужассам этувчи МАЪНОдир. Муайян ҳаётий ситуацияда дафъатандек аён бўлган МАЪНО аслида ижодкорнинг ИДЕАЛ томон интилиши маҳсули, ўша ИДЕАЛнинг инкишоф этилган янги қиррасидир. Башариятнинг тарихий тақдири ва ўз ҳаёт йўлининг чорраҳасида хаёлида чақиндай ўтган МАЪНО ижодкорнинг бутун вужудини эгаллайди, у ўша МАЪНОга сингиб кетади. Кундалик турмуш реалликка қайтарганида эса ўша МАЪНОдан келиб чиқиб ижодкор ҳаётда мавжудлигининг аҳамиятсизлигини, ўзининг кичик бир зарра — бир маромда ишлаётган ижтимоий механизмнинг «винтча»си эканлигини ҳис қила бошлайди, бундан азобланади. Айни шу номукаммаллик ҳиссидан ҳосил бўлган парокандалик — моҳияти ва мавжудлигининг номутаносиблиги — унинг кўнглини кемтик этади. Бу ҳолдан қутулиш, кемтикни тўлатиш унинг учун ички эҳтиёжга айланади. Ижодкор биринчи галда ўзи яшаётган муҳитни ўз тасаввуридаги бутунликка мувофиқ тарзда ўзгартириш истагида ёнади. Бу истакнинг бот-бот такрорланиши натижасида унинг ўзи яшаётган муҳит қандай бўлиши кераклиги ҳақидаги (яъни, ИДЕАЛ ҳақидаги) тасаввури конкретлашади — ёзилажак асарнинг нияти шу тарзда юзага келади.

Конкретлашган МАЪНО энди ижодкор онгида бутун бир мавжудот сифатида яшай бошлайди, уни бот-бот одатий турмуш тарзидан узиб, воқеликка ўз кўзи билан қарашга ундайди. Санъаткорнинг реал ҳаёти билан онгидаги тасаввурлар зиддияти чинакам дард, оғриқ даражасига етади. Ижодкор шахс бутунлигини энди фақат ўша МАЪНОга мос ҳаракат қилганида, яъни, ўша МАЪНО унинг ҳаёт принципига айланганидагина тиклай олади. Бу жуда муҳим нуқтадирки, бадиий идрок этиш фақат ижодкор бутун борлиғини — ақлу заковати, қалб ҳарорати, шуурию тажрибасини тўлалигича МАЪНОга сафарбар этсагина амалга ошиши мумкин бўлади. МАЪНОни яшаш принципига айлантирган, уни ўз ҳаётига жорий қилган санъаткор янги реаллик — шахсий борлиғини1 яратади. Аниқроғи, мазкур янги реаллик санъаткорга МАЪНО призмаси орқали тушиб турган ИДЕАЛ нуридан яралади. Зеро, шахсий борлиқ мавжуд нарса-ҳодисаларнинг санъаткор ИДЕАЛга мувофиқ ташкиллантирган ҳолати, объектив борлиқнинг санъаткор алоҳида МАЪНОвий муносабатда бўлган ва ўзига хос бутунлик касб этадиган қисмидир. Бу янги воқеликда нарса-ҳодисаларнинг мавжудлиги инсон учун аҳамияти билангина белгиланади. Санъаткор уларнинг ичидан ўзи учун шахсий аҳамиятга моликларинигина ажратиб оладики, ажратиб олиш мезони ҳам, демакки, янги воқеликнинг ядроси ҳам МАЪНОдан ўзга нарса эмас. Шахсий борлиқ ижодкорнинг том маънодаги бутунлигини — моҳияти ва мавжудлигининг бирлигини таъминлайди, уни яхлит ва бутун маънавий-руҳий бирлик — монадага2 айлантиради. Фақат юксак даражадаги бутунликка эришолган санъаткоргина борлиқни бутунича акслантира олади. Шу маънода ижод онларидаги санъаткорни вазнсизлик ҳолатидаги томчига менгзагимиз келади. Мабодо вазнсизлик ҳолатида бир миқдор сув сочиб юборилса, минглаб томчиларнинг ҳар бири алоҳида-алоҳида бутунлик — каттаю кичик соққаларга ажралиб кетади. Бу соққаларнинг ҳар бирида уларнинг бари аксланганидек, ҳар бири уларнинг барида аксланади. Яъни, ҳақиқий санъат асарида воқелик бутунича аксланганидек, ўша воқеликнинг ҳар парчасида ижодкорнинг ўзи аксланади. Айтиш керакки, бу ўринда соққанинг катта-кичиклиги аҳамиятсиз: ҳикоядир, қиссадир, романдир — унда аксланаётган санъаткорнинг шахсий борлиғи реал воқеликнинг модели, у ўзига аён бўлган МАЪНО ёрдамида идрок этолган оламу одам моҳиятидир.

Ҳар қандай фаолият сингари бадиий ижод ҳам предметлашади, унинг предметлашуви ўзининг моҳияти ва мавжудлигига эга янги бутунлик — бадиий асарни майдонга чиқаради. Юқорида кўрдикки, амалга ошиши жиҳатидан бадиий ижод том маънодаги шахсий фаолият, шундай бўлса-да, унинг маҳсули бўлмиш бадиий асар моҳият эътибори билан ижтимоий ҳодисадир. Зеро, бадиий асар тўқимасига сингдирилган МАЪНО фақат ижтимоий муносабатлар тизимидагина яшайди. Фаолият шакли сифатида ижод фақат инсон томонидан инсон учун яратилган предмет шаклидагина ўз замиридаги МАЪНОни ўқувчига, кенгроқ қарасак, авлоддан авлодга етказади. Шу маънода бадиий асар бадиий мулоқот воситасидир. Бундан кўринадики, ижодкорлардан бот-бот эшитиб қоладиганимиз «ўзим учунгина ёздим» деган даъво — ярим ҳақиқат, холос. Тўғри, асарнинг яратилиши ижодкор учун шахсий эҳтиёж — бутунлигини тиклаш воситаси эди. Бироқ асарнинг яратилишию ижод онлари МАЪНОнинг ўз ҳаётига ва бадиий воқеликка тадбиқ этилиши билан бу эҳтиёж қондирилди. Эҳтиёжнинг қондирилиши билан уни юзага келтирган МАЪНО ижодкор учун сўнади, зеро, эндиликда бу МАЪНО унинг учун фаолият манбаи бўлолмайди. Ижоднинг ИДЕАЛ томон тинимсиз интилиш эканлигидан келиб чиқсак, чинакам санъаткор учун ҳар бир асари ИДЕАЛга яқинлашишнинг бир босқичи (тасаввуф мақомлари каби) бўлиши лозимлиги аён бўлади. Ижодининг сўнмаслиги, ривожланиши учун санъаткор асарни яратиш чоғида объектив борлиқдан кечиб ўз шахсий борлиғини яратгани каби, энди ўзи яратган янги воқеликдан-да кечиши даркордир. Акс ҳолда ижодкор ўрнида депсиниб қолади: ўзига қачондир аён бўлган яхлит МАЪНОни парчалаб, бу парчаларни кейинги «нурсиз асарлари»да чайнаб беришдан нарига ўтолмай қолади. Бирорта асари билан ярқ этиб кўрингану кейин шу даражага кўтарилолмай ўтган санъаткорларнинг ижодий тақдири бунинг ёрқин далилидир.

Ўйлашимизча, бадиий асар табиатини юқоридагича мулоҳазалардан туртки олган ҳолда тушунишимиз мақбулроқдир. Биз талантли санъаткорнинг индивидуал табиатини инкор қилмаган ҳолда, чинакам бадиий асарнинг кучию жозибаси унда том маънодаги уникал ижтимоий-психологик феноменнинг муҳрланганида, деб ҳисоблаймиз. Мазкур ижтимоий-психологик феноменнинг уникаллиги шундаки, у нафақат бошқа санъаткорлар, ҳатто ўша ижодкорнинг фаолиятида ҳам қайта такрорланиши мумкин бўлмаган ҳодисадир. Шу маънода «битта дарёга икки бора шўнғиш мумкин эмас» деган гап ижодий жараёнга тўла тегишдир. Бу фикрга таянган ҳолда ўзимиз учун муҳим айрим хулосаларни қайд этиб ўтамиз.

Аввало, бадиий асарда биринчи галда ўша бетакрор ҳодиса — ижодкорнинг ИДЕАЛ томон йўлининг бир босқичи, бошқача айтсак, маънавий-руҳий оламининг ИДЕАЛ нурига тўйинган даври акс этади. Санъаткорнинг бунгача ва бундан кейинги ҳаёти асарга бевосита алоқадор бўлолмайди. Зеро, ўзининг реал мавжудлигидан кечиб ўзга дунёда — ИДЕАЛ қўйнида яшаётгани тотли азобга йўғрилган ижод онларида санъаткор бутунлай бошқа одам, бошқа оламдир. Шу боис ҳам бадиий асарга ёндашиш ва баҳолашда ижодкорнинг реал ҳаётида қилган ишларидан, шахсиятига хос хусусиятлардан келиб чиқиш ярамайди. Мабодо шу йўлдан борсак, нафақат миллий адабиётимиз, балки бутун жаҳон адабиётидаги ақлларимизни лолу қалбларимизни асир этган кўплаб дурдоналардан воз кечишимизга, уларни чиқитга чиқаришимизга тўғри келур эди. Таассуфки, ҳозирда яқин ўтмишимиздаги адабиётимизга муносабатда шу хил ёндашишнинг ҳам таъсири сезилиб қолаётир. Адибу шоирларимизнинг бирини «хуфиялик»да, бошқасини «қотиллик»да, тағин бирини «маддоҳлик»да айблаймиз-да, шу асосда асарларига аввалбошданоқ салбий муносабатда бўламиз — беихтиёр айбловларимизга мувофиқ чизгиларни излай бошлаймиз. Ҳартугул, ижодкорнинг ҳам ўзимиз қатори инсон, баски, ожизлигу нуқсонлардан ҳолий эмаслигини назарда тутсак, анчагина чигалликлар ўз-ўзидан ечилиши мумкиндек туюлади бизга.

Бошқа бир муҳим нуқта шуки, чинакам бадиий асар ўзи яратилган ёки ўзида акс эттирилган давр воқелиги билан фақат генетик (юзага келиш жиҳатидангина) алоқададир. Яъни, унда яратилган бадиий воқелик ўша давр воқелигининг айнан ўзи эмас, унинг МАЪНО воситасида қайта яратилган кўриниши — ижодкорнинг шахсий борлиғидир. Албатта, асар замиридаги МАЪНОнинг идрок этилишида давр воқелигини билиш муҳим, у ўзига хос калит вазифасини ўтайди. Бироқ асарни фақат у яратилган давр воқелигидан келиб чиқибгина тушуниш, бадиий воқелик билан унинг реал асоси орасига тенглик аломати қўйишлик хато бўлур эди. Бу ҳолда биз бадиий асар моҳиятини торайтирган, унинг ўз даври учун мўлжалланган юзада ётувчи актуал қатламинигина билиб, чин моҳияти — боқийликка бўйловчи туб эстетик қатламини назардан қочирган бўлиб чиқамиз. Зеро, чинакам бадиий асар замоний чегараларни тан олмайди, сабабки, унинг дунёга келиш онларида ижодкор вақт чегараларини бузиб юборади. Йўқ, бу одатдаги «чиройли» гаплардан бири эмас. Юқорида ижодий жараённинг ибтидоси ҳам, интиҳоси ҳам ИДЕАЛ эканлигини айтиб ўтгандик. ИДЕАЛ эса башарият тарихи давомида шаклланиб, конкретлашиб, янги-янги қирралари очилиб борувчи гавҳардирки, уни аждодларимиз тишида тишлаб бизга етказганларидек, биз ҳам унинг жилоларини бойитган ҳолда авлодларга етказишга масъулмиз. Ҳар бир авлод зиммасига тушувчи бу масъул вазифани уддалаш биринчи галда шу авлоднинг истеъдодли вакиллари чекига тушади. Шу маънода ижод онларида санъаткор бир оёғи билан ўтмишда туради — башариятнинг бой тажрибасига таянади; бир оёғи билан замонасида муқим — ИДЕАЛни конкретлаштириш эҳтиёжи муайян ижтимоий шароитда юзага келади; ниҳоят, унинг қалб кўзи олис келажакка — ИДЕАЛга қаратилган бўлади. Демак, амалга ошиши жиҳатидан нечоғли индивидуал табиатга эга бўлмасин, моҳият эътибори билан бадиий ижод ижтимоий ҳодисадир. Шу ўринда бундай дейишга асос берувчи муҳим белгиларни таъкидлаб ўтиш мақсадга мувофиқдир. Булар: биринчидан, бадиий ижод — инсон фаолияти турларидан бири, конкрет фаолият турининг шакл ва усуслларини эса инсон жамиятдан тайёр ҳолда ўзлаштиради; иккинчидан, ижод конкрет ижтимоий шароитда юзага келади ва амалга ошади; учинчидан, бадиий ижоднинг асоси бўлмиш ИДЕАЛ ижтимоий характерга эга; тўртинчидан, ижоднинг маҳсули бўлмиш бадиий асар фақат ижтимоий муносабатлар тизимидагина яшайди ва муайян қимматга эга бўлади.

Бадиий асарни у яратилган давр воқелигига боғлаб қўйишлик унга ноижодий ёндашишнинг натижасидир. Ҳолбуки, бадиий коммуникациянинг якунловчи босқичи — асарнинг ўқилиши ва уқилиши ҳам том маънодаги ижодий жараёндир. Ўқувчининг диққат-эътибори асар бадиий воқелигининг реал воқеликка нечоғли мослигига эмас, унинг замиридаги МАЪНОга қаратилиши лозим. Ўқувчи ўз воқелигидан кечиб бадиий асар воқелигида тўлақонли яшасагина ижод онларидаги санъаткорга руҳан яқинлашади, шундагина ўша санъаткор МАЪНО воситасида англаган оламу одам моҳияти унга очилиши мумкин бўлади. МАЪНОнинг «скелети» бўлмиш моҳият ўзгармас табиатга эгадирки, унинг воситасида ўқувчи ўз замонасини, замондошларини, ўзини теранроқ идрок этади. Ўша «скелет» асосида ИДЕАЛдан руҳ олиб ўқувчи ўзи учун янги МАЪНОни инкишоф этадики, шу жиҳатдан бадиий асарни «шифрланган МАЪНО» деб тушунишимиз мумкин. Ўқувчи инкишоф этган МАЪНО санъаткор асарида муҳрлаб кетган МАЪНОнинг айнан ўзи эмас, балки ИДЕАЛнинг ўзга бир шароитда очилган янги қиррасидир. Бизнигча, бадиий асарга шу хил ижодий ёндашув мавжуд бўлгандагина у чинакам ижтимоий-эстетик қимматга эга бўлади, ўз вазифаси — инсонни ўзгартириш орқали дунёни ўзгартириш, ҳар иккисини ИДЕАЛга яқинлаштириш вазифасини уддалай олади.

Ҳозирги кунда, таассуфки, бадиий асарга ноижодий ёндашиш ўқувчи омманинг аксариятига хос бўлиб қолаётир. Кўпчилигимиз бадиий асарни маънавий-руҳий имкониятларимизни кенгайтириш эҳтиёжи билан эмас, кўпроқ хордиқ чиқариш нияти билан ўқийдиган бўлиб қолаяпмиз. Дўконларимизда ялтироқ муқовали, олди-қочди гапларга тўла китоблар салмоғининг ортиб бораётгани ҳам шундан далолат беради. Утилитар ёндашув натижасида кўпчилик асардан воқеа қидиради, бу тоифа учун «Ўтган кунлар» Отабегу Кумушнинг саргузаштларидан бошқа нарса эмас, «Қутлуғ қон» — Йўлчи билан Гулнор севгисию бир аблаҳ бойнинг тўғаноқ бўлиши, холос...— хуллас, биз воситани мақсад деб тушунадиган бўлиб қолаяпмиз. Экзистенциализм фалсафасининг ёрқин намояндаларидан бири К.Ясперс 30-йиллардаёқ Ғарбдаги шароитдан келиб чиқиб: «янги авлод ёшлар эришилган нарсаларни ўзлаштирмай қўйдилар; одамлар ўтмиш томонидан берилган нарсаларни англашга қобил эмас, деган таассурот туғилади»1,- деб ёзгандики, худди шундай ҳол бизда ҳам вужудга келаётганга ўхшайди.

Бу ҳолнинг юзага келишида шўро даврида адабиётга утилитар ёндашувнинг давлат сиёсати мақомига кўтарилгани, чинакам ижтимоий-шахсий эҳтиёж маҳсули сифатида эмас, конкрет ижтимоий буюртмани бажариш учун ёзилган нурсиз асарларнинг кўпайгани бош омил бўлди, албатта. Айни пайтда, бунда ўқувчи дидини шакллантиришга масъул адабий танқидчилигимизнинг ўз предметига ноижодий ёндашишидан келган оқибатларга ҳам кўз юмиб бўлмайди. Афсуски, шу ҳолни чуқур ҳис этган, ундан қутулиш чораларини излаётган дўстларимиз ҳам билибми-билмай яна ўша тегирмонга сув қуяётирлар. Бизнингча, токи адабий танқидчилик бадиий адабиётга муносабатини тубдан ўзгартирмас экан, у маънавиятимиз равнақи йўлидаги вазифаларини уддалай олмайди. Бунинг учун, аввало, етмиш йиллик адабиётимизни бирёқлама қоралашу инкор қилиш амалиётидан воз кечишимиз зарур. Юқорида айтдикки, чинакам бадиий асарда ижодкорнинг ИДЕАЛ томон йўлининг бир босқичи, қалби ИДЕАЛ нурига максимал тўйинган даври акс этади. Конкрет ижодкор ҳаётида, табиийки, бундай онлар ҳар вақт ҳам бўлавермайди, демакки, у яратган асарларнинг бари ҳам чин санъат асари бўлиши мумкин эмас. Танқид — сараламоқ демакдир. Шундай экан, унинг вазифаси меросга холис ёндашган ҳолда чинакам бадиий асарларни ажратиб олиш, уларнинг замиридаги МАЪНОларнинг янги қирраларини кашф этишу замона руҳига мос талқин қилишдир.

1996 йил

Сурат ва сийрат

Кўпинча эл ичида ижодкорлар тўғрисидаги турли-туман миш-мишларга, узунқулоқ гапларга дуч келинадики, гоҳо уларнинг бир-бирига тамомила зидлигию ақл бовар қилмас даражада ажабтовурлигидан шошиб қолади киши. Албатта, бу нав миш-мишлар эл наздида катта обрў-эътибор топган кишилар ҳаётига қизиқишнинг зўрлигидан юзага келади. Бироқ, ўйлашимизча, буни оммавий қизиқувчанликнинг ўзи билангина изоҳлаш кам кўринади. Зеро, бунинг асосий сабабларидан бири сифатида адабиётшунослигимизда ижодкор биографиясини ўрганишга етарли эътибор берилмаслигини кўрсатишга мойилмиз. Ҳатто, сир эмас, ижодкор биографияси билан боғлиқ ишларга менсимасданроқ, илмдан йироқ ҳодиса сифатида қараш ҳоллари ҳам йўқ эмас. Ҳолбуки, адибу шоирлар ҳаётига оид фактларни тўплашу тавсифлаш илмнинг чинакам «қора иши» сифатида баҳоланиши керак. Сабабки, бу хил ишлар конкрет ижодкорнинг шахс ва санъаткор сифатидаги тадрижини кузатиш ёки конкрет асарнинг ижодий тарихини ўрганишу уни тўғри талқин қилиш учунгина эмас, ижод психологияси, ижодкор ва жамият муносабати каби қатор умумэстетик муаммоларни ёритишда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Шу маънода, дадил айтиш мумкинки, Т.Жалолов, Л.Қаюмов, Н.Каримов сингари олимларимизнинг мазкур йўналишдаги ишлари эртанги адабиётшунослигимиз учун бағоят қимматли манба бўлиб қолади...

Дарвоқе, масаладан бироз четлаб кетдикки, ҳақли эътироз туғилиши табиий: хўш, ёзувчи биографиясининг ўрганилиши билан миш-мишлар орасида қандай алоқа бўлиши мумкин? Мазкур саволга жавоб бериш учун, аввало, бизда ижодкор биографияси қандай ўрганилади? деган саволга тўхталиб ўтиш жоиз.

Афсусланарли томони шундаки, бизда ёзувчи шоирлар ҳаётига оид фактлар сайлаб ўрганилади, сайлаб илмий муомалага киритилади. Нега шундай? Бунинг бир қатор омилларини кўрсатишимиз мумкин. Аввало шуки, ўқувчи омманинг аксарияти адибу шоирлар ҳақида уларнинг асарларидан келиб чиқиб тасаввур ҳосил қилади: муаллиф образи билан адиб, лирик «мен» билан шоир орасига тенглик аломати қўяди. Бас, бундай ўқувчининг кўзи ўз тасаввуридаги шоиру адиб қиёфасига ўтиришмайдиган чизгига тушганида, кўнгли «наҳотки?» дея исён қилади — уни қабул қилишни истамайди. Инсон табиати шундайки, у ҳар вақт ўзи учун «кумир» яратиб олишга мойил, ҳартугул, «Инжил»даёқ бандаларнинг бундан қайтарилгани ҳам бежиз эмас. Ҳолбуки, адибу шоирлар ҳам инсон, баски, инсон боласига хос жамики фазилату иллатлар уларга-да ёт эмас. Ўқувчи омманинг аксарияти айни шу оддий ҳақиқатни тан олишни истамайди — шоиру адибнинг илоҳий ижод онларидаги сурату сийратини муқим ҳодиса сифатида қабул қилади. Афсуски, аксарият ўқувчилар онгидаги «наҳотки?» кўпинча тадқиқотчи онгида-да акс садо бериб туради: у ҳам беихтиёр тасаввуридаги қиёфани яратишга киришади, ўзига маълум кўп фактларга кўз юмади — уларни «тасодифий», «аҳамиятсиз» деб ҳисоблайди. Бироқ, шуниси борки, шоиру адиблар ҳам одамлар орасида яшайди. Баски, ўзларининг қисқа ва бағоят узун умри давомида, ўзлари ҳарчанд истамасин, асарларида намоён бўлиб турган қиёфани ҳар вақт ҳам сақлай олмайди. Табиийки, адабий давраларга, у ёки бу ижодкорга озми-кўпми яқин бўлган кишилардан олинган маълумотлар тез ёйилади — урчийди, семиради. Натижада адибу шоирларимизнинг икки хил қиёфаси пайдо бўлади: ҳар иккисидаги чизгиларнинг аксарияти бир одамга тегишли бўлганлари ҳолда бир-бирига зидликда яшай бошлайди... Шу боис ҳам шоирнинг севгию вафо ҳақидаги шеъри бир ўқувчининг юрагига ўт солгани ҳолда, бошқа бировининг истеҳзоли табассумини қўзғайди, холос. Зеро, хаёл кўкига кўтариб ардоқлагани «кумир»нинг дафъатан ерга тушиб қолиши ўқувчининг сўз санъатига муносабатини ўзгартириб юбориши ҳам ҳеч гап эмас. Айтмоқчимизки, ижодкор шахси ва у яратган асарга тўғри муносабатни шакллантириш учун, аввало, ижодкорлар ҳаёти имкон қадар объектив ёритилиши даркор... Шу ўринда масаладан хабардор кишилар « буни айтишгагина осон!» дея бизга эътироз қилишлари мумкин, тан олиш керак, бунга ҳақлилар ҳам. Сабабки, тадқиқотчи ўзи истагани ҳолда ҳам ижодкор биографиясини том маънода объектив ёритолмайди; бунга ҳалақит берувчи қатор омиллар бор. Аввало, «ўзбекчилик» андишасини олайлик. Кўпинча ижодкорларнинг яқинларини, улар билан муносабатда бўлган кишилар обрўсини ўйлаб айрим фактларга кўз юмилади — шундай қилмаса бўлмайди. Узоққа бориб ўтирмайлик, адабиётшунос Н. Каримовнинг У.Носир ҳаётини ўрганишга қаратилган рисолаю мақолаларини эслайлик. Муаллиф биз ҳали кўп ҳам кўникиб ўрганмаган йўлдан борганди — шоир биографиясига оид маълумотлар воситасида унинг шахсини, ижодини англашга интилганди. Афсуски, шоирнинг яқинлари бу тадқиқотнинг қатор ижобий томонларини эмас, биринчи галда айрим фактларни, хусусан, У.Носирнинг ўгай ота билан муносабатларига оид маълумотларни кўрдилар. Қизиғи шундаки, «ахир тадқиқотчи Носир отани қоралашни эмас, У.Носирни англашни ният қилган-ку!» деган андишага борилмади. Ёки бошқа бир мисолни олайлик; «Адабиёт надир» номли тўпламда Чўлпон ҳақида замондошларининг хотиралари эълон қилинган эди. Хусусан, Дилшод Олимхон ўғлининг хотираларида шоирнинг рафиқаси Солиҳа билан ажралиши сабаблари кўрсатилган эдики, диққат қилинса, бу маълумотлар А. Холмуҳамедов, Ю.Мақсудов хотираларида ҳам қисман тасдиғини топади . Бироқ бу маълумотларнинг эълон қилиниши шоир қариндошларига мақбул бўлмаганидек, ҳурматли санъаткоримиз Ҳ,Носировада ҳам эътироз уйғотди - у киши мазкур маълумотларни ҳақиқатга зид деб айтдилар. Ахир уч киши тасдиқлаб турган бу маълумот шоирнинг 1929-30 йилларда ёзган шеърларини англашда, унинг ўша пайтлардаги руҳий ҳолатини тасаввур қилишимизда муҳим-ку?! Хўп, хотира ўзбекона удумларга зиддир, буни тан олган ҳам бўлайлик. Бироқ бир саволни ўртага ташламай туролмаймиз; ҳақиқатни билганимиз ва шу асосда шоирни теранроқ англаганимиз маъқулми ё айрим ёш шоираларимизга ўхшаб «Чўлпондай шоир қалбини забт эттган Солиҳа қандай аёл бўлсайкин?» дея ҳайратланиб-ҳавасланиб юрганимизми?! Кези келганда яна бир гапни айтиб ўтиш жоиз. «Адабиёт надир» тўпламига Абдусаттор Раҳимовнинг қизиқарли бир хотираси кирмай қолди; ёшлик чоғида адибларимиздан бирининг хонадонидаги зиёфатда иштрок қилган бу киши ундаги суҳбатларни жонли гавдалантиргандики, ундан Чўлпоннинг бошқа бир катта шоиримизга муносабати ойдинлашганидек, ўша шоиримиз бизнинг тасаввуримизга сиғмайдиганроқ қиёфада намоён бўларди...

Мулоҳазаларимиздан кўринадики, ижодкорнинг оилавий муҳити, яқин доирасидаги кишилар билан муносабатию инсоний ожизликлари ҳақидаги маълумотлар кўпроқ элакдан ўтказилади — силлиққина ҳаёт йўли яратилади. Ҳолбуки, аслида айни шу маълумотлар ижодкор руҳиятини англаш ва асарларини тушунишимиз учун муҳимроқ. Энди бир ўйлаб кўрайлик: ижодкор биографиясини ўрганишдан мақсад унинг асарларини чуқурроқ англашми ё ибратли қаҳрамон (бадиий эмас, айнан ҳаётий!) яратишми? Ўйлашимизча, юқорида айтганимизча биографик ишларга менсимасданроқ қарашлик, аввало, уларнинг аксарятида иккинчи мақсаднинг кўзланиши билан изоҳланиши мумкиндир.

Тан олайликки, ҳаётда ҳаммамиз ҳам озми-кўпми актёрмиз. Айни шу нарса ижодкор биографиясини объектив ёритишга ҳалал берувчи омиллардандир. Зеро, ижодкор шахс — бизлардан кўра талантлироқ актёр: у асарлари воситасида ўқувчи наздида ҳосил қилинган қиёфага мос «имиж»ни сақлашга интилади. Шеърият кечаларида саҳнага чиқаётган озми-кўпми танилиб улгурган шоирларга эътибор берганмисиз: бириси дунёга нафратнинг тирик тажассумидек — пастдагилар унинг арпасини хом ўришган; бошқаси ажиб сирли, салобатли — пастдагилар харчанд уринмасин унинг дилидаги тилсимларни ечолмаслар; бошқа бириси — бир қоп ёнғоғу, пастдагиларнинг бари унинг тепишиб ўсган ошналари ва ҳоказо... Давраларда шу «имиж»га мос гаплар айтилади, эл ичида шунга мос латифаю ҳангомалар юради, ҳатто, ўзидан қолажак архив ҳам шунга мувофиқлаштирилади. Ҳар не бўлганда ҳам — хоҳ онгли ва хоҳ англанмаган тарзда бўлсин — аксарият ижодкорлар бу ўйин билан машғул бўладилар, фақат айримларнигина, — эҳтимол, чин маънода ўзини англашга интилиб яшаётган инсонларнидир,— бундан истисно қилиш мумкин. Айтмоқчимизки, ижодкорнинг ўзи ҳақида айтганлари ҳар вақт ҳам унинг биографиясини ёритишда «охирги сўз» бўлолмайди. Боз устига, айрим ҳолларда ижодкор бошдан ўткарганларини бузиб кўрсатишга мажбур бўлиши ҳам мумкин. Мисол учун Чўлпоннинг 1933 йилда ёзувчи В.Янга айтган гапларини олайлик. Шоир отасининг «мусулмончиликка ҳаддан зиёд берилгани»ю ўғлини мударрис қилишга аҳд қилганини айтаркан: «Аммо мударрислик қилиш ўрнига мен миллий ўзбек ёзувчиси бўлишга аҳд қилдим, отамдан ҳам, муллалардан ҳам қочиб Тошкентга бордим ва у ерда шеърлар, ҳикоялар ёзиб, журналларга юбордим». Чўлпоннинг, ўзи айтмоқчи, «Тошкентга қочиб бориши» 1913-14 йилларга тўғри келади, чунки унинг ижодий фаолияти айни шу даврда бошланган. Энди фактларга мурожаат қилайлик: «Садои Фарғона» газетасининг илк сонларидан бирида, аниқроғи, 1914 йил 4-сонида, газетанинг Андижондаги «обуна ва эълон қабул қиладиган вакили» Сулаймонқул Юнус ўғли эканлиги қайд қилинган. Кейинроқ, 6-сонда отанинг ёнига «Абдулҳамид Сулаймонқул ўғли Юнусов» қўшилади. Демак, 1914 йил апрелида Чўлпон отаси билан бирга «Садои Фарғона»нинг Андижондаги вакили бўлиб турган. Айни шу апрель ойида Тошкентда чоп этилган «Садои Туркистон» газетасида унинг «Туркистонли қардошларимизга» шеъри ва «Қурбони жаҳолат» ҳикояси эълон қилинган. Кейин ҳам Чўлпон ҳар икки газетада ҳикоя, мақола, шеърлар эълон қилиб турган. Бундан кўринадики, Чўлпоннинг қаршисида ёзувчи бўлиш учун отасидан қочиб Тошкентга бориш зарурати бўлмаган. Хўш, унда нега Чўлпон Янга юқоридагича маълумот беради? Гап шундаки, 1933 йилга келиб Чўлпон бошида анчагина таҳликали воқеалар ўтган, номи ҳамон қора рўйхатлар бошида турган эди. Табиийки, 30-йиллар шароитида шоирнинг ижтимоий келиб чиқишиёқ уни «ёт унсур» санашга етарли асос бўлиши мумкин эди. Айни шу хил вазиятда Чўлпон ўзига замонабоп «биография» яратишга интилган бўлса ҳеч ажабланарли эмас, зеро, ҳатто пролетар адабиётининг асосчиси Горький автобиографияси ҳам шу тахлит замоналаштирилган палла эди у пайтлар. Хусусан, адабиётшунос Н.Каримов Чўлпон биографиясини ёритишда айни шу маълумотдан туртки олади. Бунга қўшимча ўлароқ, шоирнинг отаси билан муносабатларини талқин қиларкан, Н.Каримов И.Ғозиев хотираларига ҳам таянади-да, ота бола ҳақида «икки хил ҳаётнинг тажассуми бўлган, бирининг нигоҳи кечага, иккинчисининг нигоҳи эса эртага тикилган» деган фикрга келади. Ҳолбуки, М.Муҳаммаджонов ҳамда З.Валидийлар гувоҳлигича, Сулаймонқул баззозни асло «нигоҳи кечага тикилган» одам деб бўлмайди, аксинча, у ўз давридаги энг илғор ижтиомий ҳаракат — жадидчиликка хайрихоҳ муносабатда бўлган. Бу гапларни айтарканмиз, табиийки, биз И.Ғозиев берган маълумотларни ҳам қисман шубҳа остига олаётирмиз. Хўш, бунга қандай асосларимиз бор? Гап шундаки, И.Ғозиев битта воқеа ҳақида В.Рўзиматовга бир хил, Н.Каримовга бошқа хил маълумот беради. И.Ғозиев хотирлашича, февраль инқилоби кунлари Андижондаги уламолар ва бойлар йиғинида исломга кирган собиқ чор амалдорини ҳажга жўнатиш учун иона йиғишга даъват қилинади. Шунда ёш Чўлпон ичкарига отилиб кириб: «Уламо ҳазратлар, боён жаноблар! Бир янги мусулмонга қанчадан-қанча маблағ сарф қилиб, уни ҳажга юборганларинг билан сафларинг кенгаймайди. Ундан кўра, ўша маблағни оч-юпун халққа сарф этсаларинг-чи! Улашилаётган аталага бирларининг оғзи тегиб, бирларига у ҳам насиб бўлмай, халқ қирилиб кетаётибди-ку. Халқни ўйланглар, ахир!»- дея хитоб қилган. Чўлпондай оловқалб йигитинг бу гапларни айтган бўлиши мумкин, албатта. Лекин И.Ғозиев Сулаймонқул баззознинг ўғлининг бу ишига муносабати ҳақида иккала тадқиқотчига икки турли маълумот берган. В.Рўзиматов билан суҳбатида Сулаймонқул баззознинг сўз олиб: «Муҳтарам аҳли мажлис! Ўғлим ёшлик қилди, аҳмоқлик қилди. Сизлардан узр сўрайман. Унга берадиган жазони менга беринглар!» дея узрхоҳлик қилгани айтилса, Н.Каримовга отанинг ўғлини кўпчилик олдида изза қилгани ва, ҳатто, қарғагани айтилади. Кўрамизки, бу икки маълумот бир-бирига зид келади. Зеро, фарзандининг кўпчилик назаридан қолиши мумкинлигидан қўрқиб узрхоҳлик қилган, унга бериладиган жазони ўз зиммасига олишга ҳозир ота ёлғиз ўғлини қарғамаса керак — танбеҳ берган бўлиши, койиши табиийроқ. Яна бир жиҳатига эътибор берайликки, бундан ўн йиллар илгари (1987) айтилган гапларда Чўлпоннинг «уламою боёнлар»га қарши турганига айрича урғу берилаётир, зеро, шўро тузуми шароитида, шоирнинг номи эндигина тилга олина бошланган пайтларда бундай қилишлик зарур эди. Ҳақиқатда эса Чўлпон шўролар томонидан энг реакцион фирқа сифатида қораланган «Шўрои ислом» билан-да ҳамкорлик қилган: 1917 йил май ойидан Чўлпон Андижоннинг Эски шаҳар мавсесида шу фирқа томонидан очилган бепул қироатхона нозири бўлиб турган. Ёки, М.Муҳаммаджоновнинг маълумот беришича, у шоирнинг отаси кўмагида янги усул мактаб очган. Ҳартугул, шу маълумотларнинг ўзиёқ юқоридаги воқеадан сўнг ота-боланинг ораси тамом бузилган, Чўлпон оиласини тарк этган, деган фикрни инкор қиладигандек кўринади. Ўйлашимизча, Чўлпоннинг оиласидан узоқлашиши, яъни, бир неча йиллар бошқа шаҳарларда яшаши, кўпроқ унинг фаол ижтимоий ҳаракатга шўнғигани билан изоҳланади...

Кўринадики, ижодкор ҳақидаги хотираларда берилган маълумотларни ҳам мутлақ ҳақиқат сифатида қабул қилиш мақбул эмас — тадқиқотчининг уларни қувватловчи қўшимча далиллар излаши зарур, бунга эриша олсагина кўнгли таскин топиши мумкин. Шунинг ўзиёқ ижодкор биографиясини ўрганишнинг нечоғли машаққатли иш эканлигидан далолатдир. Зеро, тадқиқотчидан ижодкор ҳаётига оид маълумотларни эринмай йиғиш, уларни холислик билан қиёсий-танқидий ўрганиш талаб қилинади. Шу маънода, бу йўналишда, айниқса, қатағон қилинган ижодкорлар ҳаётини ўрганиш бобида ҳали кўп изланишимизга тўғри келади. Иш давом этаётган экан, табиийки, хали пухта далилланмаган фактларга хомаки материал сифатида қаралгани маъқул. Афсуски...

Тушунарли бўлиши учун гапни илгарироқдан бошлаганимиз маъқул. Устоз О.Шарафиддинов қистови билан 1990 йилда бир гуруҳ ёшлар Чўлпонни билган одамлардан хотиралар ёзиб олишга киришдик. Ўшанда Чўлпонни яқиндан билган Дилшод Олимхон ўғли: «Ҳозир у кишининг кейинги оилаларини рус дейишади, бу тўғри эмас. Рус эмас, немис аёли эди — Екатерина Рихтеровна»,- деб қолдилар. Албатта, биз учун бу янгилик эди, бироқ уни чинакам илмий муомалага киритиш учун далиллаш зарур эди. Бироқ бу борадаги изланишларимиз самара бермади, шундай бўлса-да, Д.Олимхон ўғли хотираси «Адабиёт надир» тўпламига киритилди. Тўплам 1994 йилда нашрдан чиққач, «Оила ва жамият» газетасида Чўлпонга бағишланган саҳифа берилди. Буни қарангки, саҳифада катта қора ҳарфлар билан «Чўлпоннинг рафиқаси немис аёли эди» қабилидаги гаплар ёзиб қўйилган эди. Эҳтимол, бозор шароитида ўқувчида қизиқиш уйғотиш учун бу нарса зарурдир. Бироқ табиий бир савол туғилади: хўш, Чўлпоннинг хотини ўрис бўлди нимаю, немис бўлди нима? Ё хотиннинг ҳам «импортний»си яхшироқ бўлармикан?.. Афсуски, газета саҳифасида мазкур саволлар очиқ қолдирилган — сенсация ясашга навбатдаги уриниш бўлган, холос. Албатта, худди шу саволлар ўзимизга ҳам берилиши мумкин. Гап шундаки, Чўлпоннинг немис тилини ўрганишга астойдил бел боғлагани ҳақида маълумотлар мавжуд эди. Эҳтимол, шоирнинг бу билан боғлиқ ижодий режалари бўлгандир, эҳтимол, немис тилидан бевосита таржима қилишни ният қилгандир... Хуллас, бу маълумот шу хил саволларга жавоб излашга ундаши, шунга туртки бериши мумкин эдики, биз учун шу жиҳати билан аҳамият касб этади. Газета эса, юқорида айтилганидек, бу фактдан сенсация ясашга урингадек бўлиб қолган, холос...

Дарвоқе, сенсация ҳақида. Ҳангоматалаб бир биродаримиз латифа қиладики, чет элларда машҳур кишилар тунда маъшуқасининг қулоғига айтган гапларни тонгги газеталардан билиб олса бўлармиш... Бунинг қай даражада ростлигини билмаймиз-у, бизнинг матбуотимиз ҳам сенсацияга анча ўч бўлиб қолган кўринади. Ҳартугул, «Маърифат» газетасида эълон қилинган «Чўлпон отилганда ўлганми?»(1995 йил 22 ноябрь) номли мақолани ўқиганда шу хил андиша келганди. Тўғри, ҳурматли домламиз Н.Каримов ўз вақтида мақолага танқидий муносабат билдирди(«Маърифат», 1995 йил 13 январь). Бироқ, қизиғи шундаки, сенсацион хабарни қувиб юриб ўқиганлар кўп-у, Н.Каримов мақоласидан хабардорлар кам. Натижа шундайки, ҳозирда аксарият талабалар ҳам, мактаб ўқитувчилари ҳам тез-тез шу масалада савол бериб туришади. Яъни, мақола ўз ишини қилди: аксарият ўқувчилар онгида «Чўлпон отилганда ўлмай қолган экан» деган информация муқим ўринлашди... Мақола муаллифи Ш.Бакир турбатлик «тожик домла»ни Чўлпон деб даъво қилмаслигини айтса-да, шундай бўлиб чиқишини жуда-жуда истаганиданми, мақоланинг услубию руҳи бунинг аксига хизмат қилади. Муаллиф ёзадики: «Чўлпон фарзанд кўриши мумкин эмас, дегувчилар ҳам бордир. Аммо қадимги ва замонавий тиббиёт қаттиқ қўрқув ва қувонч инсон танасини ўзгартириб юборишини исботлаган». Эҳтимол шундай ҳамдир, боз устига, худо бераман деса — ҳеч гап эмас. Лекин мақолани ўқиганда кўпроқ бошқа нав эътирозлар туғилади кишида. Хўп, қаттиқ қўрқув киши танасини ўзгартириб юборар экан, наҳотки у инсон табиатини-да буткул ўзгартириб юборса?! Ахир, Чўлпон ҚЎРҚУВга дафъатан дуч келгани йўқ — муттасил ўн йил таҳлика қўйнида яшаган, шундай бўлса-да, расмий нуқтаи назарга кўп жиҳатдан зид келувчи «Кеча»ни ёзишга ўзида журъат, жасорат топа билганди. Зеро, билардики, фақат ҲАҚ сўзгина «халқ кўнглига ёзилиб қолади ва мучаллардан мучалларга ўтади»(«Қизиқлар»). Миллат қайғусида яшаган шоир ўзини «халқ душмани» деб эълон қилганларида қанчалар эзилганини тасаввур қилиш мумкин. Наҳотки, Сталин ўлимидан сўнг ҳам — Чўлпон «граждан сифатида оқлангач» — «тожик домла» Чўлпон бўлса-ю, халқнинг кўзига қараб туриб «мен душман эмасман!» дея ҳайқиришга интилмаса, бунга эҳтиёж сезмаса?! Ахир, Чўлпон учун «тириклик маъноси тирикчиликмас» (У.Қўчқор) эди-ку?!..

Сезган бўлсангиз, бизнинг эътирозларимиз ҳам Ш.Бакир мақоласидаги маълумотларнинг тасаввуримиздаги Чўлпонга мутлақо зидлигидан келиб чиқади. Айни пайтда, Ш.Бакирнинг фикрларини буткул инкор қилишга маънавий ҳуқуқимиз йўқ — фақат Аллоҳгина ҳар нени билгичдир. Бошқа томони, бу кўҳна дунёда ҳайратланарли нарсанинг ўзи йўқ, имтиҳон учун берилган қисқагина умримиз давомида бениҳоя оз билиш ва кўриш имконига эгалигимиз учунгина ҳайрат ҳиссидан мосуво эмасмиз. Айтмоқчимизки, кўпчилик ўқувчилар дилида ҳосил бўлган иштибоҳ бизга мутлақо ёт, десак, — ёлғонлаган бўламиз. Демак, бу маълумотни текшириб билмагунча кўнгил таскин топмайди. Фақат кўнгилга бир андиша келади: Ш.Бакир, ўзи айтмоқчи, туморни атрофлича текшириб, зарур бўлса мутахассислар билан кенгашиб, бир фикрга келгачгина мақола эълон қилганида яхшироқ бўлармиди...

Юқорида айтдикки, ижодкорлар ҳаётини ўрганиш адабиётшунослигимиз учун бениҳоя муҳимдир. Бунинг учун эса тадқиқотчилар қўлида турли-туман манбалар қатори ижодкорни ўзича кўрган ва баҳолаган замондошларининг хотиралари муҳим аҳамият касб этади. Шукрки, ҳозирда ҳамманинг хат-саводи бор: замондошларимиз ижодкорлар ҳақида билганларини холисона, бўяб-бежамасдан ва керак-нокерак деган андишаларга бормасдан ёзиб қўйсалар, бу маълумотлар келажакда бағоят асқотиши мумкин бўлур эди. Айниқса, ҳурматли отахону онахонларимиз қатағон қилинган ижодкорлар ҳақида билганларини ёзиб қолдирсалар, ишимизга жуда катта ёрдам берган бўлур эдилар.

1996 йил

Кулги зимнидаги жиддият

Сир эмас, ҳозирда Ғафур Ғулом номи тилга олинсаёқ хаёлимизга унинг шўро ёзувчиси эканлиги, шеърларида шўрони куйлагани келади — хафсаламиз совигандек бўлади. Бугун, юбилей баҳона адибнинг асарларини қайта варақларкан, беихтиёр «кейинги йилларда қарор топган бу хил муносабат адолатдан йироқроқ тушмайдими» деган андиша туғилади...

Ғафур Ғуломнинг кенг оммага маълум ва суюк қиссаси — «Шум бола»га ҳозирда кўпроқ саргузашт асар, кулги асари деб қараймиз. Ҳа, чиндан ҳам Шум боланинг турфа хангомаларга бой саргузашти, ундаги ичакузди ҳолатлар шундай ўйлашимизга асос берар. Бироқ, эътибор қилинса, адибнинг кулгиси, саргузаштли сюжет ботинида унинг замонаси ҳақидаги анчагина жиддий ўй-фикрлари, таҳлилий мулоҳазалари ётганини ҳам кўришимиз мумкин бўлади.

Маълумки, Шум бола ҳикоясини ўзи ўсган муҳит билан таништиришдан (шу ўринда бир шартни қабул қилайлик: бу, аслида, ўсмирлик пайтидаги ҳаётнинг адиб хотирасида тикланган энг муҳим нуқталаридир) бошлайди. Унинг айтишича, ўзи сингари «бозорда санқиб юрган дайди болалар учун қувончли эрмаклардан бири бозор, маҳалла, кўча-кўй жиннилари эди. Ўша йиллари Тошкентда шунақа ҳам жинни кўп эдики, санаб саноғига етолмайсиз». Жинниларнинг феъл-атворидаги кулгили ҳолатларни ҳикоя қиларкан, Шум бола уларнинг фоже тақдирига оид тафсилотларга ҳам тўхталади. Хусусан, шулардан бири — Карим жинни «илгари бўзчи ўтган экан, чит кўпайиб кетгандан кейин бўз ўтмай қолиб, бозори касодга учраб, бола-чақасини боқолмай, жинни бўлиб қолибди». Ёки, шунга ўхшаш, эл ичида «Майрамхон» дея эркаланган Маматрайим «эскидан чилангар экан <...> Темир-терсак асбоблар заводдан чиқа бошлагандан кейин Майрамхон синиб, жинни бўлиб қолган экан». Назаримизда, шу ўринда ўқувчи қисса воқелигига иккита нигоҳ орқали қараш имконига эга бўлади: кулгили тафсилотлар ўспирин ҳикоячига, шўрликларнинг фоже тақдири ҳақидаги маълумотлар адибга тегишлидек таассурот туғилади. Бошқача айтсак, қаҳрамони нигоҳи билан ўсмирлик даврини кузатаркан адиб унга таҳлилий назар ташлайди, фожеалар илдизини очиб беришга интилади.

Дарҳақиқат, Туркистон Чор Россиясининг бозорига айлангач, маҳаллий ҳунарманд-косибларнинг маҳсулотлари завод-фабрика маҳсулотлари билан рақобат қилолмай қолди. Табиийки, мустамлака шароитида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар манфаатларини ҳимоя қилиш имкониятлари мавжуд эмас, бу эса мазкур иқтисодий-ижтимоий тангликни янада кучайтиради. Натижада асрлар давомида шаклланган турмуш мароми издан чиқдики, бу нарса давр кишилари руҳиятида чуқур ва оғриқли из қолдириши муқаррар эди. Ғафур Ғулом талқинида Карим жинни, Майрамхонлар шу хил ижтимоий ҳолатнинг алайно-ошкор қурбонлари сифатида бўй кўрсатади.

Шуниси ҳам борки, адиб талқинида мавжуд шароитнинг таъсир доираси анчайин кенг бўлиб, у асло битта-иккита жинни билан чекланмайди. Жумладан, Шум бола ўзи ва ўртоқлари ҳақида айтади: «эртадан кеч кўча чангитиб, ҳамманинг жонига тегиб, кампирлардан қарғиш эшитиб, ўспиринлардан калтак еб, сандироқлаб юрадиган увин-тўда бекорчи болалармиз». Кўрамизки, ҳадемай мустақил ҳаётга қадам қўйиши ва ҳозирдан шунга тайёрланиши лозим бўлган 14-17 ёшли ўсмирлар бекорчиликка маҳкум. Сабаби оталарининг «кўпчилиги майда косиблар <...> бўлганликлари учун уларнинг қўлидан ҳунарларини олиб ёки уларнинг ёнига кўмакчи бўлиб тушиш бизга тўғри келмас эди. Оталаримизнинг ўзига иш топилмаганда, бизга иш қаёқда дейсиз?» Яъни, Шум бола ва унинг тенг-тўшларига эртанги истиқбол кўринмайди. Эътиборли жиҳати шундаки, бу ўсмирлар асло дангаса эмас. Аксинча, уларнинг бари бирон ишнинг бошини тутиш, ҳалол меҳнат билан бир нима орттириш, оиласига кўмаклашиш — хуллас, ҳаётда ўз ўрнини топиш орзуси билан яшайди. Бироқ мавжуд шароит бунга имкон бермайди.

Яхши биласизки, ишсизликнинг кўпайиши — инсоннинг қадрини туширади, уни энг арзон товарга айлантиради. Натижада уларнинг топиш тутишларида муқимлик йўқ, топган ишлари тасодифий ва ё муваққат, ишлаб топганлари қоринларидан ортмайди. Қиссадаги айрим ўринларни эслаб кўрайлик: Шум бола Сарибойга ойига «хом пишиқ аралаш икки пуд ўн етти қадоқ олма» бадалига ёлланади. Бир ойу ўн тўққиз кун ишлагани эвазига олинган олмани олти ярим тангага пуллайди. Ёки Хожибобо такясидаги хизмати учун ойига бир сўмдан ҳақ олади. Омон Шум бола билан илк бора учрашганида мардикорчилик билан «мирикам икки танга» (ўттиз беш тийин) орттирган бўлса, кейин «бир йилга икки тўқлию бир эчки» бадалига чўпонликка ёлланадики, буни пулга айлантирса тахминан ўн беш сўмларни ташкил қилади. Кўрамизки, қуюқ-суюқ ёвғонини чиқариб ташланса, бир ойлик иш ҳақи ўртача бир сўм-бир сўм йигирма тийинни (кунига ўртача 4-5 тийин) ташкил қилади. Дарвоқе, қиссанинг қирқдан ортиқ ўрнида нарх-наво ҳақида маълумот берилгани ҳам бежиз эмасга ўхшайдики, улардан айримларини келтириб ўтамиз:

«иккита қовоқ солган зоғора» — бир пақир(икки тийин)

«битта оби нон» — бир пақир

«бир хурмача қатиқ» — бир пақир

«бир газ арзон чит» — саккиз ярим пақир

«бир кеча тунаш учун» — ярим танга (ўн тийин)

«ярим қадоқ пашмак ҳолва» — уч пақир

«бир товоқ уврали ош» — тўққиз пул (уч тийин)

«ярим қаймоқдон қаймоқ» — беш тийин

«бир қадоқ шам» — бир мири (беш тийин) ва ҳоказо.

Албатта, бу маълумотларни ҳужжатли аниқликка эга деёлмаймиз, бироқ ёзувчи иш ҳақи ва нарх-наво нисбатини келтириш орқали халқнинг иқтисодий жиҳатдан нечоғли ночор аҳволдалигини кўрсатмоқчи экани шубҳасиздир. Жумладан, Шум бола олти ярим танга(қарийб бир ойлик иш ҳақи!)га дўппи сотиб оларкан: «бозордаги шўрлик хотин-қизларга ачинган эдим. Ҳафталаб меҳнат, таг, ипак пули, бозор машаққати, инжу қадалгандай нозик санъат баҳоси эса олти ярим танга. Нимаям бера қоларди?» - дейди. Дўппидўз қиз эса ҳафтада онаси билан «каллаи саҳардан қора шомгача қатим отиб аранг иккита, учта дўппи тайёрлаш»ларини айтади. Агар таг билан ипак пули чиқариб ташланса, бозор бу оғир меҳнатни қандай баҳолаётгани кўринади. Тўғри, бу ҳол Шум болага бориб турган адолатсизлик бўлиб туюлади. Бироқ, начораки, бу нарх ўзида дўппидўз қизнинг бир ҳафталик меҳнати баҳосинигина эмас, харидорларнинг ожиз имкониятларини ҳам ифода этади. Зеро, бозор — иқтисодий ҳаёт барометри, унда халқнинг иқтисодий ҳолати кўзгудагидек акс этади. Шу боис ҳам қиссада бозор, ундаги савдо-сотиқ тасвирига қайта-қайта дуч келамиз (бизнингча, айни шу нуқталар тасвирида кўпроқ адибнинг таҳлилий нигоҳи сезилади). Шум боланинг фикрича, расталар ичида «таърифи етти иқлимга кетгани» — «Бит бозор» деб ном олган эски-туски бозори. Бу ерда истаган нарса топилади: «салдоти шим дейсизми, пойма-пой сағри кавуш дейсизми, бирор етти йилгина кийилган, асли матои нима эканлиги маълум бўлмаган гуппи дейсизми, Маллахон замонидан қолган мурсак дейсизми...» Модомики эски-туски бозори авжида экан, бу — халқнинг қашшоқлашаётганидан нишона: сабаби тирикчилик важҳидан бу матахларни бозорга чиқараётганлар ҳам, қўли қисқалигидан фақат шунда харид қилишга қодир кишилар ҳам етарли. Дарвоқе, Шум бола билан Омон айни шу «бит бозор»да «ота касбини ўзгартириб, лахтакфурушлик қилиб юрган» ўртоқлари Ҳуснибийни учратишади. Ҳуснибийнинг ўртоқлари олдида бироз мақтаниброқ айтишича, ишлари яхши кетаётир, чунки «лахтакларнинг харидори кўп». Сабаби: «бир газ арзон чит саккиз ярим пақир бўлгани учун бош-оёқ кўйлак-иштонни нуқул читдан қилиш кўп камбағалларга муяссар бўлмас эди. Шунинг учун улар кўйлак-иштонни бўздан қилиб, кўйлакнинг енг учини, иштоннинг почаларини — кўринадиган жойларини читдан қилишар эди». Кейинроқ, бозорда учрашиб қолган бошқа бир ўртоғи Туроббой Шум болага «Ҳуснибийнинг лахтакфурушликдан сингани» хабарини етказади. Эътибор беринг: қиссанинг бошида «чит кўпайиб кетгандан кейин бўз ўтмай қолгани», кейинроқ чит ўрнига лахтакнинг бозори чаққон бўлгани, ниҳоят, Ҳуснибийнинг «лахтакфурушликдан сингани» айтилади. Яъни, энди кўпчиликнинг лахтак сотиб олишга-да ҳоли келмайди, лахтак бозори-да касодга учради. Бир лахтак бозори эмас, «жаҳон уруши кундун-кунга кучайиб борганлиги учун молларга харидор кам: ҳамма бозор деярли касод». Бозорга кирган Шум болада «бу бозорда мендан бошқа жазман харидор ҳам йўқ, нақд пул ҳам йўқ» деган таассурот ҳосил бўлиши ҳам шундан. Истеъмолчи оммада пул йўқлигидан бозорлар касод, «ҳамма бозор касод»лиги эса иқтисодий ҳаёт тўхтаганидан далолат, бунинг бор оғирлиги яна меҳнаткаш, косиб-ҳунарманд бошига тушади. Кўрамизки, адиб талқинида халқнинг иқтисодий аҳволи тобора оғирлашиб боради, ортиқ чидаш қийин бўлган, «йўғон чўзилиб, ингичка узиладиган» шароит юзага келади...

Хожибобо такясидаги кўкнориларнинг бир суҳбати «замонанинг бузуқлигидан, подшоларнинг нотинчлигидан, фуқаронинг бузилиб беҳаё бўлиб кетганлигидан, ор-номус барбод бўлиб, хотинлар, ёш болалар қўлдан қўлга мол бўлиб сотилаётганидан, хуллас калом, шариати Мустафонинг оёқ ости бўлиб назардан қолаётганлигидан...» нолиш билан якунланади. Тўғри, буни Шум бола бироз киноя билан ҳикоя қилади, боз устига, бу гаплар кўкнорилар тилидан айтилаётир. Эҳтимол шундандир, бу шикоятларни жиддий қабул қилишга мойил эмасмиз: улар сархуш кўкнориларнинг навбатдаги алаҳсирашидек туюлади бизга. Ҳолбуки, Ғ.Ғулом «Сўзчи ҳолин боқма, боқ сўз ҳолини, Кўрма ким дер ани, кўргилким не дер»(А.Навоий) ақидасича иш тутган, қиссада шу хил шикоятларга асос бергулик ҳолатларни тасвирлаган. Зеро, мавжуд шароит нафақат халқнинг иқтисодий аҳволига, маънавиятга-да салбий таъсир кўрсатиши шубҳасиздир.

Маълумки, қиссада тасвирланган давр Туркистонда капиталистик иқтисодий муносабатлар қарор топа бошлаган пайтга тўғри келади. Бунақа шароитда эса, тарихдан яхши маълум, жамиятда табақаланиш кучаяди: эвини қилолганлар ўта бойиб, эплана олмаганлар қашшоқлашиб боради. Янгича шароитга тез мослашганлар «янги бойлар» қатламини ташкил қиладики, уларда зеб-ҳашамга, дабдабага ўчлик кўрилади. Халқимиз бу хил феъл-атворни оддийгина қилиб «пул қутуртирган», «кўрмаганнинг кўргани қурсин» тарзида изоҳласа-да, бу оддий иборалар ўзида ҳодисанинг ижтимоий-психологик асосларини мужассам этади. Гап шундаки, «янги бойлар» қўлга кирган катта давлатни худонинг бергани деб эмас, аввало, ўзларининг оқиллигию абжирлиги маҳсули деб билади. Бу эса уларда ўзларининг ўзгалардан устунлиги туйғусини пайдо қиладики, улар беихтиёр буни барчага тан олдириш, намойиш этиш пайидан бўладилар. Табиийки, шу туйғу исканжасига тушган, боз устига давлати туфайли қўли ҳар ерга етиб турган одам жамиятда мавжуд анъаналар, маънавий-ахлоқий меёрлар билан ҳар вақт ҳам ҳисоблашиб ўтирмайди. Хусусан, гавжум бозор ўртасидаги чойхонада ўтирган «баъзи бойваччаларнинг дастурхонида қорнига қалдирғоч сурати солинган, устига похолдан тўр тўқилган коньяклар» кўриниши бунинг ёрқин далилидир. Равшанки, ичкилик ҳаром ҳисобланган юртда бойваччаларнинг бу тарз намойишкорона ўтиришлари муддао ичишнинг ўзигина эмаслигини кўрсатади. Ёки айни шу бойваччалар ким ўзарга баслашиб Ойша сатанг сингариларга пишак берадиларки, улар: «пешонаму икки бетим, энгагимга ёпиштирилаверган ўн сўмлик тиллоларга тўлиб кетади», дея ғурурланиб, мақтаниб юрадилар. Маънавий таназзул шунчаларки, бир пайтлар гуноҳу ор ҳисобланган ишлар энди намойишга, ғурур манбаига айланган. Эҳ-ҳе, бойваччалар ҳашаму дабдаба, ичкилик, қимор, фаҳшга совурган пуллар қанча?! Уларнинг атрофида юрган на еяр-ичари, на киярида маза йўқ юртдошлари, диндошлари қанча?!.. Дарвоқе, халқ «қорни тўқнинг қорни оч билан нима иши бор» дея билиб айтади. Бунинг ёрқин мисоли — Сарибой. Унинг боғида «олмалар пиши тўкилиб кетаётибди, хўжайиндан рухсатсиз теришга ҳеч ким ботина олмайди. Отларга ем-хашак йўқ, хизматкорлар оч...» Бой ота эса бу вақтда Юсуф контордан қиморга ютиб олган боғида, «дўндиққина қирғиз хотин»га уйланиб олган, бир кетганича «ўн-ўн беш кунлаб келмайди». Сарибойнинг қўлига қарам хизматкорлар ҳолига бефарқлиги на исломий ва на башарий низомларга тўғри келади. Зеро, хизматкорларгина унинг олдида эмас, у ҳам хизматкорлар олдида бурчли. Бироқ Сарибой бу аён ҳақиқатни англашдан ожиз, пулнинг кучи уни ўзидан кетказган, ўзи мансуб тоифа кишилари сингари у ҳам ўзига эп кўрганки ишни қилишга ҳақлиман деб билади... Энг ёмони шуки, буларни ҳақ йўлга бошлаши лозим бўлган, умуман, миллат маънавияти учун масъул тоифанинг ўзи айниган: кечаги киссавур бошига саллани қўндириб «мурид овлайди», эшон хазратлари ўсмир Шум болани ўғирликка ундайди, кўса эшон гавжум бозор ўртасида зулмни адл деб талқин қилади, таркидунёчилик даъвосидаги қаландарларнинг ёлғиз илинжи — пул; ислом фарзларини тўла адо этганларнинг бири — Хожибобо афюнфуруш, Раҳмат хожи — хотинини бозорга солиб бойвачча бўлган даюс... Албатта, бу ўринда «Ғ.Ғулом шўро адиби, шу боис бою руҳонийлар тасвирида қора бўёқларни қуюқлаштирган», қабилидаги эътироз туғилиши мумкин. Агар шундай бўлса, жадид нашрларини варақлаб боқинг: маърифатпарвар боболаримиз ҳам айни шу иллатлар ҳақида бонг урганига амин бўласиз. Эътиборли томони шуки, адиб маънавий таназзулни фақат бою руҳонийлардагина кўрмайди. Аксинча, бойваччалардан гула кўтарган косиб-ҳунармандлар сатанглар базмида ҳам, Хожибобо такясида ҳам гоҳ-гоҳ кўриниш берадилар. Боз устига, қаҳрамонимиз Шум боланинг «шумлик»лари замирида кишининг ҳақи ё омонатига хиёнат, қаллоблик, қўли эгрилик каби иллатлар ниш уриб турганини ҳам инкор этиб бўлмайди. Унинг узрига қулоқ тутинг-а: «баданда бир саркаш аъзо бор, у менинг ихтиёримдан ташқари, ўзбошимчароқ. <...> o auci eaiaai-eai одамларга вафо қилган — қорин. У бадан мулкининг ҳокимлигини баъзан қўлимдан олиб қўяди. Бошқа аъзолар ҳам унинг исёнчи талабларига қўшила бошлайди. Кўзим ношаръий, ҳаром луқмаларга туша бошлайди. Қўл қорин ҳукми билан баъзида энг паст кишиларга тама капгиридай чўзилади. Оёқ кутмаган жойларга олиб боради». Кўрамизки, адиб талқинида маънавий таназзул бою камбағал демай барчани комига тортган. Фақат шуниси борки, бирининг таназзули тўқликдан, иккинчисиники очликдан келиб чиқади, бас, бу ўринда аввалгиларини кўпроқ айблаш учун шўро ёзувчиси бўлиш шарт эмас...

Юқорида айтдикки, даврнинг жадидлар танқид қилган деярли барча иллатлари «Шум бола» бадиий воқелигида у ёки бу даражада ўз ифодасини топган. Қиссадаги ҳаёт тасвиридан «ортиқ бу тарзда яшаб бўлмайди, жамият ислоҳ қилиниши керак» деган хулоса келиб чиқадики, бу ҳам жадидлар қарашларига ҳамоҳанг. Ўртадаги фарқ эса, бизнингча, тасвир ракурсида холос: жадидлардан фарқ қилароқ, Ғ.Ғулом меҳнаткаш халқ ҳаётини «ичдан» тасвирлайди. Яъни, адиб бу ҳаётни яшаб ўтган, сиртдан кузатиб билган эмас. Бас, инқилобдан сўнг меҳнаткашлар ҳаётида озми-кўпми ижобий ўзгаришлар бўлган экан, уларга адибнинг муносабати ижобий бўлмаслиги мумкинми эди?! Ҳозирда бу нав муносабатга, айтайлик, жадидлар муносабати ёки бугунда шаклланган муносабатни қарама-қарши қўйиш тўғримикан?! Ўша ҳаётни яшаб кўрмаган авлод буларнинг бирини ҳақ, иккинчисини ноҳақ санашга ҳақлими?! Ўтмиш ҳаётини ҳам, ўз вақтидаги унга турлича муносабатларни ҳам ихтиёримиздан ташқаридаги мавжудлик, амалга ошиб бўлган факт сифатида борича, бутунисича қабул қилингани тўғрироқ бўлмайдими?!...— юқорида айтганимиз андиша шу каби саволлардан туртки олади.

2003 йил

Ҳамид Олимжонни биламизми?

Тарих - инсонни шахс сифатида шакллантирувчи муҳим омиллардан бири. Тарихни ўрганган сари, кечмиш воқеа-ҳодисалар моҳиятини англаган сари кишининг дунёга назари теранлашиб, атрофида юз бераётган воқеа-ҳодисалар моҳиятига яқинлашиб боради. Табиийки, бундай одам кимнингдир етовида бўлиши мумкин эмас, чунки у ўз қарашига, ўзининг англанган ижтимоий мақоми ва мавқеига эга бўлади. Унинг жисми эркин бўлмаслиги мумкин, лекин руҳи ҳар вақт эркин бўлади. Шундан бўлса, эҳтимол, фотиҳларнинг деярли барчаси ўзлари забт этган юртларда халқ хотирасидан ўтмишни ўчиришга интилган. Бироқ фотиҳлар бу мақсадларига айрим юртларда анчайин осон эришган бўлсалар, бошқаларида исталган натижага эришолмаганлар. Негаки, халқнинг тарихи нечоғли бой бўлса, унинг миллат хотирасидан ўчиши-да шунчалик қийин бўлади. Зеро, асрлар давомида «суяк уриб» авлоддан авлодга ўтиб келаётган бой тарихий хотира мудраши мумкин — мутлақо ўчиб кетиши душвор.

Ўзини фотиҳ эмас, аксинча, «озод қилувчи» деган даъво билан чиққан Шўро ҳам сиёсатда фотиҳлардан гула кўтарган эди. Шўро ўтмишни қора рангда кўрсатиш, шу асосда ўз сиёсатини мутлақ тўғрилигига ишонтириш йўлидан борди ва 15 йиллар ичида бу мақсадига қисман эришди. Негаки, бу вақт мобайнида шўро шароитида тарбияланган, «шўрочасига» кўрадиган янги авлод етишди. Оталар ва болалар орасидаги зиддият кучайди, энг ёмони, жамият тараққиётининг ҳосиласи ва ривожланишнинг муҳим омилларидан бўлмиш мазкур табиий зиддият сифат жиҳатидан ўзгариб, кўпроқ мафкуравий асосдаги зиддият мақомини ола бошлади. Янги авлод нигоҳини фақат келажакка қаратиш, ўтмишни тамомила нигилистик инкор қилдиришга интилиш шўронинг онгдаги бузғунчилиги эдики, бу — тоталитар жамиятни барпо этишнинг зарур шарти. Зеро, «ердаги жаннат»ни қуриш хаёлига андармон «манқурт»лар жамиятидагина шахс тушунчасини емириш, барчани бирдек ўйлайдиган «винтча»ларга айлантириш мумкин бўлади. Онгдаги бузғунчилик натижаси ўлароқ, 20-30-йилларда ўзининг жамиятдаги ўрни ва мақомини белгилашга фаол киришган ёш бўғин башарият тарихини октябрь тўнтаришидан ҳисоблашга мойиллашган, Шўронинг ўз мудҳиш мақсадига етиши аниқдай бўлиб қолган эди... Шукрки, миллатимизнинг тарихи мингйилликлар билан ўлчанади, бой тарихий хотира мудради - ўчиб кетмади, унинг уйғониши, ўзига келиши учун эса кичкина бир туртки кифоя...

Иккинчи жаҳон уруши даврида, фашистлар Германияси қизил империя остонасига келиб қолган паллада бу офатни миллионлаб жонларни қурбон қилишнинг ўзи билангина даф этиш душворлиги аён бўлиб қолди. Зеро, қуллик асоратига тушиб қолмаслик, қулликдан ҳазар қила билиш учун жоннинг ўзи кифоя эмас, руҳ ҳам керак! Руҳки, ўзининг кимлигини билган, теран томирлардан озиқланган ҳолда «олий ирқ» даъвосига қарши тура оладиган руҳ керак эди. Дўппи тор келган айни шу паллада шўро ҳукумати адабиёт ва санъатнинг тарихга мурожаатига рағбат билдирди: шўро адабиёти ва санъатида ўнлаб тарихий асарлар дунёга келдики, улар халққа руҳий мадад бўлди, унинг ғалабага ишончини мустаҳкамлади, курашга руҳлантирди. Орадан маълум вақт ўтгач эса музаффар шўронинг адабий сиёсатига шошилинч таҳрирлар киритилди: бу асарлар сассизгина эътибордан қолдирилди, саҳналардан олинди, киноленталар архивларнинг узоқроқ токчаларига тиқилди. Уларни имкон қадар эсламай қўйилди, эслаганда ҳам умумий саноқда айтиб ўтиш билан чекланила бошланди... Қизиқ ҳолат, сирли ҳолат... Биз бу хил адабий сиёсатнинг моҳиятини англаш учун ўша даврда яратилган Ҳ.Олимжоннинг «Муқанна» драмасини кўздан кечиришни ният қилдик...

Кейинги йилларда Ҳ.Олимжон шахси, ижодий меросига муносабат бироз совиброқ қолгани сир эмас. Сабаби, биз узоқ йиллар давомида Ҳ.Олимжон тимсолида шўро тузумининг маддоҳинигина кўриб ўргандик. Аниқроғи, бизга шундай уқдирилди: шоирнинг дилбар шеърларини бир ён қўйиб, айни шу қиёфани гавдалантирадиган асарлари ўргатилди, зўр бериб ташвиқ қилинди. Ҳолбуки, Ҳ.Олимжон ХХ аср ўзбек миллий маданий заминида етишган энг ёрқин истеъдодлардан бири эди. Афсуски, бу истеъдод кўпроқ нокерак нарсаларга сарф бўлди... Начора, аслида бу ҳам шоирнинг қисмати: мурғак ёшиданоқ шўро таъсирида шаклланган, ўзига сингдиргани ёлғон ҳақиқатларга чин ҳақиқат дея юракдан ишонган ва ўсмирларга хос ўжар фидойилик билан даврнинг зиддиятли ғоявий курашлар майдонига кирган фаол шахс ҳаёти, ижоди, фаолияти тенденциоз бўлмаслиги маҳол эди. Зеро, истеъдоднинг чинакам санъат асарига дўниши учун ижодкор ҳаётни гўё «четдан» эстетик мушоҳада (эстетическое созерцание) қила олиши, бошқача айтсак, руҳан «узлат» ҳолатида бўлиши даркор. Қайноқ фаолият кишиси бўлмиш Ҳ.Олимжонда бундай имконият кам бўлган, натижада аксар асарлари шу хил ҳолат маҳсули эмас, кўпроқ ижтимоий фаолиятининг инъикоси тарзида дунёга келган. Эҳтимол, не-не ақлларни лойқалаган ғоявий курашлар суръатининг сусайишию ҳаётий тажрибанинг ортиши баробари улкан истеъдодини тўла намоён қилиш имконияти ҳам ортган бўлармиди, афсуски, тақдир Ҳ.Олимжонга бундай имконият қолдирмади. Тақдирнинг ўйинини қарангки, шўро замонида «бахт ва шодлик куйчиси» дея алқанган шоир кейинча «шўро замонида бахт ва шодлик куйчиси» бўлгани учун-да эътибордан қолди...

Йўқ, тақдирдан нолиб бўлмайди, унга тан бермоқдан ўзга чора йўқ. Сираси, тақдир Ҳ.Олимжонга қисқа ижодий умри давомида бир бора руҳан «узлат» ҳолатида бўлиш учун катта имконият яратди ҳам. Биз шоирнинг тарихга мурожаат этиб, «Муқанна»га қўл урганини назарда тутмоқдамиз. Албатта, бунга эътироз бўлиши мумкин: «Муқанна»нинг яратилишида ҳам «ижтимоий заказ» бор эди-ку?!» Ҳа, бироқ, бизнингча, «Муқанна»ни шоирнинг уруш давридаги бошқа асарлари сирасидагина кўриш хато бўлур эди. Зеро, асарга мавзунинг ўтмишдан олинганиёқ ижод жараёнига муайян ўзгаришлар киритади. Биринчиси: агар бунга қадар Ҳ.Олимжон ўзи ичида қайнаб ётгани ҳаёт ҳақида ундан узилолмаган ҳолда ёзган бўлса, «Муқанна»даги тасвир предмети — ўтмишдан автоматик тарзда узилган, яъни, ўтмиш унинг учун биринчи галда эстетик мушоҳада объекти. Иккинчиси: биз одатланган «тарихга мурожаат қилди» деган жумла аслида моҳиятга унчалик мос келмайди. Негаки, тарих жонсиз фактлар мажмуигина эмас. Шахс онги тарих билан тўқинганда ўша фактлар жонланади. Шуниси ҳам борки, бир томондан, фактлар шахс орқали, яъни, унинг кайфияти, ҳолати, қарашларига боғлиқ ва уларга мос ҳолда жонланади; иккинчи томондан, жонланган тарих шахснинг ҳолати, кайфияти, қарашларига зарур таҳрирлар киритади. Демак, шахснинг тарихга «мурожаат»и моҳиятан иккиёқлама жараён — мулоқот экан. Шахс онгида жонланган фактлар фаоллашгач, унинг ўзини руҳий фаолликка — ўхшашлик асосида (метафорик тарзда) замонасини мушоҳада қилишга ундайди, ўз даврини теранроқ англашига асос бўлади. Бизнингча, «Муқанна»ни ёзиш давомида Ҳ.Олимжон руҳиятида ҳам худди шундай жараён кечганки, эндиги муддаомиз буни имконимиз доирасида асослаш бўлади.

Маълумки, драматик асарда муаллиф шахси билвосита намоён бўлади — персонажларга, драматик холатларга сингдириб юборилади. Шу жиҳатдан қаралса, «Муқанна»да, айниқса, унинг дастлабки саҳналарида муаллиф шахси, фикримизча, Гулойин образида ўз аксини топади. Асарнинг илк кўринишида Гулойин ҳақида ота-онасининг қисқагина гап алмашишидан унинг баҳорни, гулларни, умуман, гўзалликни севувчи ҳассос қалб эгаси эканлиги англашилади. Гулойин саҳнада илк бор «соатлаб дала айлангач», энди «гулга ботиб келаётган» ҳолда пайдо бўлади. Онаси Гулобод наздида қизи — бахтиёр, хушвақт; негаки, гўзалликка ошуфта кўнгил учун бошқача бўлиши ҳам мумкин эмасдек. Бироқ она бола орасидаги диалог бу тасаввурни йўққа чиқаради:

Гулобод

Ёлғизим,

Лола каби очилибсан ўзинг ҳам.

Гулойин

Лола каби юзим қизил, ичим ғам.

Шу ўринда иккита муҳим нуқтага эътиборни тортгимиз келади: биринчиси — Гулойин ўзи истаган нарсага эришгандек-у, ундан қониқмайди, кўнгли таскин топган эмас; иккинчиси — атрофидагилар, ҳатто туққан онаси унинг ичидагидан бехабар, уни бахтли деб тасаввур этишади. Она қизини бахтиёр кўришни, лоақал шундай инончида қолишни истайди, ўзини ҳам қизини шунга ишонтиргиси келади:

Гулобод

Нега даркор, қизим, ахир шу гаплар,

Хурсандсан-ку, қўлларингда чечаклар.

Гулойин

Чечак билан хурсанд бўлса гар одам,

Ер юзида бўлмас эди қайғу-ғам.

Ҳамма унда ёлғиз бир гул терарди,

На хоҳиши, на озори, на дарди...

Сиртдан қараганда бахтли кўринган Гулойиннинг ичи тўла ғам, кўнглида «хоҳиш, озор, дард» борлиги бежиз эмас. Бу, бизнингча, «шодлик ва бахт куйчиси» сифатида танилган Ҳ.Олимжоннинг, тарих билан тўқинганида у орқали замонасини ва замонадаги ўзини «четдан» мушоҳада қилаётган шоирнинг «Муқанна»ни яратиш жараёнидаги ҳолати. Айтмоқчимизки, «Муқанна»га қадар кечган ҳаёти, ўзи шоҳиди ёки иштирокчиси бўлган воқеаларни тарих кўзгусига солиб кўраётган, унинг тош-тарозусида тортиб кўраётган ижодкор ҳолати, руҳияти Гулойинда ифода топгандек кўринади. Шу эҳтимолни назарга олайлик-да, асарнинг кейинги сатрларини ўзгачароқ, яъни, шунга мувофиқ тарзда талқин қилиб кўрайлик. Гулойин юқоридаги фикрини давом эттириб айтади:

Мана баҳор, бутун атроф лола, гул,

Ҳамма одам терганда ҳам ётар мўл.

Гул очилган қояларнинг бошида,

Лолалар бор булоқларнинг тошида.

Аммо ҳеч ким шоду ҳуррам эмас-ку?

(Лолани кўрсатиб)

Бахтиёрлик аломати эмас бу,

Баҳор ўзи яхши нарса шубҳасиз...

Оташ

Ичинг тўла маъно сенинг доно қиз.

Келтирилган парчада ҳам диққатга молик иккита нуқта мавжуд: бири муаллиф ремаркаси бўлса, иккинчиси Оташнинг репликаси. Бизнингча, бу ўринда ҳар иккиси ҳам муаллиф кўзлаган тублик маънога ишора сифатида муҳим. Энди шу ишораларга таяниб, парчани қайта бошдан кўриб чиқайлик. Фикримизча, парчада тублик маънони тутиб турган қуйидаги таянч нуқталар мавжуд:

Мана баҳор...

... ҳеч ким шоду ҳуррам эмас...

Баҳор ўзи яхши нарса шубҳасиз...

Парчани 20-30-йиллар адабиёти контекстида олиб қарайлик. Хусусан, Чўлпоннинг «Баҳорни соғиндим» шеърида «ижтимоий баҳор» соғинчи ифодаланган эдики, ундан кейинги авлод вакили бўлмиш Ҳ.Олимжон «ижтимоий баҳор»ни ўзгача тушунгани шубҳасиз. Энди айни шу одам теранроқ мушоҳада қилади-да: «Мана баҳор...(биз ўзимиз орзулаган нарсага эришдик -Д.Қ.) аммо ҳеч ким шоду ҳуррам эмас», нега шундай, дея ўйга толади. Йўқ, ҳали у тузумни, социалистик ғояни инкор этаётганича йўқ: «Баҳор ўзи яхши нарса, шубҳасиз...» дея ишонади, фақат унинг мавжуд амалиётидан қониқмайди. Нега? Буни тушунишга муаллиф ремаркаси ёрдам беради:

(Лолани кўрсатиб)

Бахтиёрлик аломати эмас бу

Баҳор ўзи яхши нарса, шубҳасиз...

Кўрамизки, парчадаги сатрлар ўзаро зидлик ҳосил қилади: «баҳор ўзи яхши нарса», лекин «лола бахтиёрлик аломати эмас». Парча сўнгидаги кўпнуқта ҳам, Оташнинг қизига қарата «ичинг тўла маъно сенинг» дегани ҳам сатрлар орасидан ўқиш лозимлигига ишора қилади. Ўқишга уриниб кўрамиз: бу ўринда «лола» — рамз, жамиятни, жамият аъзолари онгини чулғаган қизиллик рамзи. Биргина лоланинг ўзи баҳор бўлмаганидек, «қизиллик»нинг ўзи Ҳ.Олимжон орзулаган нарса эмас. Яъни, Гулойиннинг айни пайтдаги ҳолатида социалистик инқилоб ғоясига юракдан ишонган, эндиликда унинг натижаларидан қониқмай турган муаллиф руҳияти суратланади.

Эътиборли жиҳати шуки, Гулойин руҳиятини чулғаган мавжуд ҳолатдан қониқмаслик туйғуси унинг юрт ўтмиши ҳақидаги ўйловлари ҳосиласидир:

Юртимизда ҳатто яқин замонда

Кўп байрамлар бўлар экан баҳорда.

Жуда ҳуррам ўтар экан у дамлар.

Ўйнар экан, кулар экан одамлар.

Қани ўша байрамлардан бир нишон?

Кўриб турганимиздек, Гулойиннинг ўтмиш ҳақидаги ўйлари уни беихтиёр замонасига қайтаради, — қиёслашга, фикрлашга ундайди; иккинчи томондан, қизнинг гапларида барқ уриб турган ўтмиш соғинчи замонасидан қониқмаслик натижасидирки, бу туйғу ўтмишнинг қиз тасаввурида айни шу тарзда (идиллически) «жонланиши»ни таъминлайди. Сираси, бу умуман инсон руҳияти, тафаккур тарзига хос ҳодисадир. Зеро, инсон ўтмиш ҳақида «шунчаки», абстракт фикрлай олмайди: у ўтмишни замона орқали кўради, замонани ўтмиш орқали баҳолайди.

Ўтмиш соғинчи инсонни фаолликка, биринчи галда, руҳий фаолликка ундайди. Гулойин айни дамда руҳий фаолликда яшаётган шахс, шу боис ҳам у: «Далаларда лола териб юраркан, Кўп ажойиб фикрларга тушдим ман»,- дея эътироф этади. Унинг ақлий-руҳий фаоллиги муайян хулосаларга олиб келганки, онасига:

Ўзинг айтган эртакларни эсладим

(Пауза)

Эртак бошқа, ҳаёт бошқа... қолдим жим, -

дейди. Бизнингча, келтирилган парча Гулойин билан «Болалик кунларимда, Уйқусиз тунларимда, Кўп эртак эшитгандим, Сўйлаб берарди бувим» деган машҳур сатрлар муаллифи Ҳ.Олимжон орасидаги руҳий яқинликни очиқроқ намоён этади. Ўсмир ёшидаёқ кураш майдонига кирган Ҳ.Олимжон «романтик» эди, зеро, у бувиси айтган эртаклар оламидан «большевистик эртаклар» оламига кўчиб улгурганди, холос. Энди, — маълум вақт ҳаёт қозонида қайнаб, замонасини ва ўзини четдан мушоҳада қилиш имконига эга бўлгач, — амин бўлаётирки, «эртак бошқа, ҳаёт бошқа» экан. Бу атрофида содир бўлаётган ижтимоий ҳодисалар большевикларнинг ваъдаю даъволарига мувофиқ келмаётганини, тил бошқаю дил бошқалигини кўрган, англаган одам хулосаси, ҳукмидир. Модомики «Муқанна»ни ёзиш жараёнида муаллиф шундай руҳий ҳолатда экан, асар персонажларининг ўз замонаси ҳақидаги фикрларини айни чоқда Ҳ.Олимжоннинг ўз даври ҳақидаги фикрлари деб тушунишга ҳақлидекмиз. Зеро, персонажларнинг тарихий нуқтаи назардан асарда тасвирланган даврга тааллуқли гаплари метафорик тарзда асар ёзилган даврга тааллуқли бўла олади, бунга адабиёт тарихидан кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Ўзимизни шунга ишонтирган ҳолда асарни ўқишда давом қиламиз:

Гулойин

...Ҳозир агар сен бўлмасанг мусулмон

Душман бермас емоқ учун парча нон.

(Гулларни кўрсатиб)

Бу кўрганинг лола эмас, ёлғиз қул.

Оташ

Биз қул эдик, ҳозир бутун ўлка қул

Ҳозир гап шул: ким мусулмон, ким кофир.

Ўйлаймизки, асар персонажларининг юртдаги мавжуд аҳвол ҳақидаги фикрлари муаллиф мансуб воқеликка нечоғли мослигини илғаб олиш қийин эмас. Аввало, араб фотиҳлари сингари большевиклар ҳам юртга янги мафкура олиб келдилар, барчани унга топинтиришга интилдилар ва ички сиёсатда «ё биз билан, ё бизга душман» ақидасига таяндилар. Шу сиёсатнинг натижаси ўлароқ қоқ бўлинган юртнинг большевиклар томонида турган, шу сиёсат тегирмонига сув бўлиб қуйилган «Ўлим ёвга» сингари шеърий айбномалар ёзган Ҳ.Олимжон энди ўша сиёсатни ҳам, ундаги ўз иштирокини ҳам ўзгача тушунади, ўзгача баҳолайди. Хўш, қандай тушунадию қандай баҳолайди? Бизнингча, муаллифнинг тубдан ўзгарган қарашлари Оташнинг «Биз қул эдик, энди бутун ўлка қул» деган гапида ўз ифодасини топади. Маълумки, большевиклар «эзилувчиларни озод қилиш» даъвоси билан майдонга чиқди, эзилганларни гўё озод қилди-ю, бутун ўлкани «қизил империя» мустамлакаси — қулига айлантирди. Ҳаётий тажрибаси ортган, бу тажрибасини ўтмиш тажрибаси билан бойитган Ҳ.Олимжон ўзи учун муҳим бир ҳақиқатни кашф этди: озод бўлмаган юртда шахс озод бўлолмайди, шахс озод бўлмаган юрт озод бўлолмайди. Шу маънода Гулойиннинг: «(Гулларни кўрсатиб) Бу кўрганинг лола эмас, ёлғиз қул» дейиши ҳам бежиз эмас. Юқоридаги парчага диққат қилинса, Гулойиннинг охирги гапи олдингиларига унчалик боғлиқ эмасдек кўринади. Боз устига, сиртдан қараганда гапнинг ички мантиқий-мазмуний боғланиши ҳам дуруст эмас: «лола — қул». Шундай эса-да, муаллиф уни ремарка ёрдамида алоҳида ажратади, таъкидлайди гўё. Шуни эътиборга олсак, «лола»нинг бу ўринда ҳам рамзий маънода қўллангани ва шу маъно муаллиф учун муҳимроқ эканлиги ҳақиқатга яқинроқ. Бизнингча, рамзни драматик ҳолатнинг умумий руҳида тушунсак, ҳатто шўро томонида турганлар («лолалар» — «қизиллар») ҳам моҳиятан қулдир, деган маъно англашилади. Гулойиннинг даври ҳақидаги изтироб тўла мулоҳазаларини якунловчи тубандаги сўзлари ҳам шу фикрни кучлаб тушади:

Эркак-аёл ўз юртида мусофир.

Мана сенга керак бўлса гулбаҳор,

Баҳор эмас, устимизга ёғар қор.

Гулойин тилидан юртида мусофир мақомида яшаётган, юртига эгалик ҳуқуқидан тамомила маҳрум одамларни қул деб атаркан, муаллиф ўзини, замондошларини ҳам назарда тутади. Тан олиш керакки, замонаси ва замонасидаги ўзини идрок қилишга интилаётган Ҳ.Олимжон баҳода охиригача холис бўлишга, ўйидагиларни тўла иқрор қилишга ўзида журъат топади. Шу боис ҳам шўронинг энг оташин шеърий тарғиботчиларидан бўлмиш Ҳ.Олимжон ўзи ёниб куйлаган «баҳор» аслида баҳор эмаслигини тан олади, модомики «устимизга қор ёғар»кан — қиш давом этаётир, дея огоҳлантирмоқчидай бўлади. Булардан кўринадики, у шўро сиёсатининг мунофиқона табиатини ҳам, «эзилувчиларни озод қилиш» ғоясидаги мантиқий заифликни ҳам чуқур англаб етади, буни ўқувчисига етказишга интилади.

Гулойин — аввалги эътиқодидан кўнгли тамомила совиган, изланишдаги шахс ва шу жиҳати билан муаллиф руҳиятига яқин. Қиз эътироф этадики: «Оташ десанг кўнглим тушар бир ғашга». Ўзи топинган эътиқодни тафтиш этиб қониқмаган қизнинг бу иқрорида муаллиф руҳияти ўзининг ёрқи ифодасини топади. Табиийки, кишининг эътиқодидан кечиши муайян руҳий изтироблар билан эш бўлади, зеро, эътиқод шиппак эмаски, эскисини ташлаб янгисини кийиб кетаверсанг. Эътиқодида алданган шахс қаршисида «нега мен бу эътиқодни қабул қилдиму энди ундан кечаётирман? нега унга шунчалар ишонгандим? шунча вақт унга топиниб келдим?» қабилидаги ўртовчи саволлар кўндаланг бўлиши тайин. Шу сингари саволлар Ҳ.Олимжонни ҳам ўртаган бўлиши, уларга жавоб излаши табиий эди. Муаллифнинг айни шу изланишлари натижаси, бизнингча, тубандаги парчада акс этади:

Оташ

Биз ҳали ҳам топинамиз оташга.

Сен-чи, қизим?

Гулойин

Нима қила олар эдим мен ўзим?

Қанча баланд учса ҳамки чумчуқ қуш

Уясида ўрганганни ўқирмиш.

Ёш чоғимдан ўтга томон сен тортдинг,

Сен оташга топинмоқни ўргатдинг.

Нима қилай. Мен нимани билардим?

Ёш болани йўлга бошлар аввал ким?

Ота-она. Шундаймасми? Ўзинг айт!

Оташ

Ёшлик ўзи бўлар экан қизиқ пайт,

Бола ёлғиз ўрганишни биларкан.

Ҳа, Ҳ.Олимжон — улкан истеъдод соҳиби, парвози нечоғли баланд бўлмасин, «уясида кўрганини ўқиди». Сираси, болалик чоғларидан шўро таъсирида, шўро муҳити ва ғоявий курашлар майдонида шаклланган шоирда ўзгача эътиқод бўлиши ҳам маҳол эди. Энди, — ортига ўгирилиб, кечаги кунларини обдон мулоҳаза қилгач,— муаллиф Оташнинг «бола ёлғиз ўрганишни биларкан» деган гаплари орқали ўзининг эътиқоди англанмаган, кўр-кўрона, оддийгина тақлиддан иборат бўлганини эътироф этади. Гулойиннинг «Шунча йиллар оташгоҳга топиндим, ва билмадим илоҳим ким, тангрим ким?» деган гапида эса бу эътироф янада қатъийроқ, очиқроқ ифода этилади. Гулойин, муаллиф сингари, айрилишда турган, онгли равишда ўз йўлини танлаш эҳтиёжини туйган одам. Мавжуд йўллардан биттасигина қизнинг кўнглига яқин, эркка ташна қалб шунгагина мойил:

Ихтиёрни берсанг агар менга сан,

Озодликка топинардим ёлғиз ман.

Гулойиннинг бу хитобида эрксизликдан зада бўлган, юрти ва ўзининг қуллигини тамом англаган муаллифнинг қалб исёни зуҳур қилади. Холислик ҳаққи тан олиш керакки, йигит ёшидаёқ (асар 1942-43 йилларда ёзилган) ўз руҳиятида, дунёқарашида бу қадар кескин бурилиш ясаш учун теран ақл-идрокнинг ўзи камлик қилади — улкан жасорат ҳам керак. Ҳ.Олимжон ўзида шундай жасорат топа билди: ўзини алдаб овутиш ва хотиржам яшаш йўлини эмас, ўзини бешафқат тафтиш этиш орқали ҳақиқатга яқинлашиш йўлини танлади. Бу эса унинг чинакам истеъдод, — қолипларга сиғмайдиган истеъдод эгаси эканлигидан, том маънодаги САНЪАТКОР ва ШАХС эканлигидан далолатдир. Гоҳо ўйлаб қоласан киши: агар шу сатрлар муаллифи бир йил кейин фоже ўлим топмаганида қатағоннинг кейинги тўлқинидан омон қолармиди?! Дарвоқе, ўтмиш ҳақида шарт майлида фикрлаш нораво... — уни бор ҳолича қабул қилган тўғрироқ.

«Муқанна»нинг бадиий воқелиги, унда гавдаланувчи ҳаётий ҳолатлар кўпинча асар яратилган давр воқелигини ёдга солади. Бу бежиз эмас, албатта. Юқорида айтдики, тарихий мавзуга қўл урган ижодкор замонасини ўтмиш орқали идрок этади. Бироқ — бу танганинг бир томони, холос; иккинчи томони шуки, ижодкор ўтмишни замонаси орқали идрок этади, ўтмиш замона призмаси орқали гавдаланади. Модомики бадиий образнинг материали реаллик ва ижодкор шахсияти экан, бундан ўзгача бўлиши ҳам мумкин эмас. Бундан ўзгача йўл, айтайлик, — тайёр ғоявий қолиплар асосидаги талқин ижод эмас. Демак, чинакам ижодий-руҳий жараён маҳсули бўлмиш тарихий мавзудаги асарда образнинг метафориклик хусусияти юксак даражада намоён бўлиши қонуният мақомидадир. Зеро, бу нарса аввалбошдан, яъни, ижодий ниятдаёқ таъмин этилган бўлади. Табиийки, замона призмаси орқали гавдаланган ўтмиш асарни ўқиш(томоша қилиш) жараёнида ўқувчи(томошабин)ни яна замонасига қайтаради: ўқувчи (томошабин) онгида «ўтмиш —ҳозир» параллели мунтазам мавжуд бўлади. Демак, тарихий асар воқелигининг асар ёзилган давр воқелигини ёдга солиб туриши ҳам қонуният мақомидаги ҳодиса экан.

Шу жиҳатдан қарасак, Оташ араб фотиҳларининг юртга кириб келиши ҳақида айтган гаплар:

Бу ерларга улар янги келганда,

Зўр қаршилик кўрган экан Пайкандда.

Босқинчига қарши чиқиб бутун халқ,

Барчасини қилган экан қонга ғарқ.

Минган оти тизза бўйи қон кечиб,

Сўнг Қутойба келган экан қон ичиб.

Саройларни оловларга у тутган,

Қилич тутган ҳар бир жонни қуритган... —

ўша давр ўқувчиси(томошабини) тасаввурида ўзига яқин ўтмишни, Россиянинг Туркистонни забт этиш тарихини жонлантириши табиий кўринади. Зеро, қадим ўтмишдагига монанд, муаллиф ва ўқувчига яқин ўтмишда ҳам юртимиз иккита қонли босқин кўрган: чор ва шўро босқинини. Боз устига, буларнинг биринчисини давр ўқувчиларининг ёши улуғлари болалик хотираларида сақлаган, ёшроқлари эса улардан эшитиб билган; шўро босқини, хусусан, Куйбишев ва Фрунзенинг қонли хатти-ҳаракатлари етказган жароҳатлардан эса ҳали қон силқиб турган пайт эди унда.

Болалик хотираларида Жиззах қўзғолони ва унинг даҳшатли оқибатлари муҳрланган Ҳ.Олимжон йигит ёшида «қулоқлаштириш» сиёсати, мудҳиш 30-йиллар қатағонини кўрганида бу ҳодисалар орасида мантиқий алоқа борлигини ҳис этади. Тарихни мушоҳада қилиб, унинг тажрибаларини ўзлаштиргач эса қўрқув ва қўрқитишга таянган шўро сиёсати моҳият эътибори билан мустамлакачилик сиёсати эканлигига имон келтиради. Шу боис ҳам, бизнингча, «Муқанна»да персонажлар араб фотиҳлари юритаётган сиёсатни муҳокама этувчи саҳналар яратилган. Бу, бир томондан, муаллиф ўз замонаси ҳақида юритаётган мушоҳадаларнинг метафорик ифодаси бўлса, иккинчи томондан, ўқувчининг замонаси ҳақида ўхшашлик асосида фикрлашига турткидир. Масалан, халифаликдан келган Пайкандни ер билан яксон қилиш ҳақидаги фармоннинг мақсад-моҳиятини қизи Гулойинга тушунтираркан, Оташ айтади:

Сен билмайсан, бунда катта ҳикмат бор.

Халқ янгидан қўзғалмоқда. Душманлар

Кўрсатмоқчи шунинг учун бир ҳунар:

Одамларнинг юрагини олмоқчи,

Бўғизларга яна чангал солмоқчи...

Табиийки, юртимиздаги истиқлолчилик ҳаракати, Туркистон мухториятининг қонга ботирилгани, истиқлол курашчиларининг бадном этилганию 30-йиллар адоғига етмасданоқ битта-битта «териб ташлангани»дан хабардор давр китобхони Оташнинг гапларини фақат араб фотихларигагина тегишли деб билмайди. Боз устига, шўро «чўпчак»ларига инониб яшаётган ёш бўғин вакилларининг ҳам кўз олдиларида гавдаланган ўтмиш таъсирида Гулойин мисоли «эртак бошқа — ҳаёт бошқа» қабилидаги хулосага келиб қолишлари ҳам эҳтимолдан йироқ эмас. Ёки, шўро ўзининг мудҳиш сиёсати билан «одамларнинг юрагини олиб» бўлган, «бўғизларига чангал солиб» турган бир пайтда:

Ер юзидан бир шаҳарни йўқотмоқ

Билан улар халқнинг кўзин қўрқитмоқ

Фикридалар. Мудҳиш бир иш. Ҳам исён

Қўзғалмасмиш шундай қилса бегумон...-

деган сатрлар қўрқув салтанати фуқароларига араб фотиҳлари юритган сиёсат билан шўро сиёсати моҳиятан бир нарса эканлигини англатмаслиги мумкинми?! Бизнингча, йўқ. Зеро, асарни ўқиш(томоша қилиш) давомида хоҳ онгли ва хоҳ англанмаган тарзда шу хил фикр туғилиши ҳақиқатга яқинроқ. Албатта, англанмаган тарзда деганимиз шўро таъсирида шаклланган, уни башарият тарихидаги энг адолатли тузум дея инониб яшаётган авлодга мансуб ўқувчи(томошабин)га тааллуқли. Эртами-кеч унинг-да ҳаётий тажрибаси ортиб, воқеликни ўзгача мушоҳада қила бошлар — бунда «Муқанна»нинг ҳиссаси, шубҳасиз, бўлади. Шу ўринда Чўлпон «Кеча ва кундуз»га эпиграф қилиб олган М.Горький сўзларини эслатгим келади: «Маърифат чоғиштириб кўриш билан ҳосил бўлади, бизнинг ёшлар эса ўз кўрганларини ҳеч нима билан чоғиштиролмайдилар, улар кечмишни билмайдилар ва шунинг учун ҳозирги замоннинг нималигини етарли даражада очиқ англаёлмайдилар». Ўйлашимизча, «Муқанна»га қўл урган Ҳ.Олимжоннинг ижодий нияти романга қўл урган Чўлпон ижодий ниятига монанд эди. Яъни, ўзи кечмишни билиш орқали замонаси моҳиятини «етарли даражада очиқ англаган» Ҳ.Олимжон ўтмишни гавдалантириш воситасида ўқувчига (хусусан, ёшларга) «чоғиштириш орқали маърифат ҳосил қилиш», «ҳозирги замоннинг нималигини» англаш имконини яратади.

«Муқанна»нинг иккинчи кўриниши бугунги ўқувчига бирмунча эриш туюлса, ундан дахрийлик нафасини сезиб ўнғайсизланса, эҳтимол. Бироқ биз масаланинг бу жиҳатини бир ён қўйиб, ундаги саҳналарга бадиий образ — муаллифнинг воқеликни англаш ва англатиш воситаси сифатидагина қарамоқчимиз. Маҳаллий зодагон Ферўз томонидан қурдирилган масжиднинг очилиш маросимида араб руҳонийси Жалойир Оташнинг оиласини, хусусан, Гулойинни исломга даъват қилади. Гулойин ўзидан нимага эътиқод қилиш талаб этилаётганини билгиси, англагиси келади. Бунга жавобан Жалойир «Қуръон сўзин туркча айтиш мумкинмас» дея эътироз қилганида, Гулойин айтадики:

Эса бизни қийнамоқни қилғил бас.

Тушунмаган йўлга бизни бошлайсан,

Жабрлайсан, бағримизни ёшлайсан.

Қийнаш нега одамларнинг виждонин?

Дарё-дарё тўкиш нечун эл қонин?..

Бу — ўз руҳиятига ёт, ўзи кўп-да тушунмаган шўро мафкурасини зуғум остида қабул қилаётган, бу йўлда неча минглаб қурбонлар берган халқ вакили, фақат бир тарзда ўйлашга мажбурлигидан «виждони қийналаётган» муаллиф хитобидир аслида... Ноилож қолган Жалойир Қуръон сўзларини туркча айтиб тушунтиргач, Гулойинда бир қадар иккиланиш кўрилади: «Қайга борай, раҳбар қилай мен кимни?» Қиз «Нима қилай?» дея ота-онасига мурожаат қилганида Оташнинг берган жавоби диққатга молик:

Имон келтир, ўз виждонинг бўлсин соф,

Хурсанд бўлсин шу Жалойир ноинсоф.

Имон келтир, эҳтийт бўл, сен шошма,

Ўзинг севган ҳурриятдан адашма.

Кўрамизки, Оташ ҳамон ўз эътиқодида собит, фақат Жалойирдан қутулиш учунгина қизини имон келтиришга ундаркан, ўзи севган ҳурриятдан адашмаслигини сўрайди. Бироқ ташвиқотнинг гипнотик таъсиридаги Гулойинда иккиланиш шу даражадаки, у энди имон келтириш арафасида... Албатта, Жалойирнинг кўпроқ Гулойинни ташвиқ этиши бежиз эмас: ҳар қандай мафкура, аввало, ёшлар онгию қалбини эгаллашга интилади, бу — унинг учун яшаб қолиш, яшовчан бўлиш шартидир. Айни пайтда, шу нуқтада Жалойир мустамлакачилик сиёсатининг асоси бўлмиш «бўлиб ташла-да ҳукмронлик қил» ақидасича иш тутаётгани, авлодларни мафкуравий асосда бир-биридан ажратаётгани ҳам равшан. Табиийки, Ҳ.Олимжон бу саҳнани яратишда ҳам ўзининг ҳаётий тажрибасига таянган, ўз даври воқелигидан андоза олган. Зеро, миллатни «эзувчи ва эзилувчи»ларга ажратиш ҳисобига ҳокимиятни қўлга олган шўро бу даврга келиб жамиятни «бизники - бизники эмас» тарзидаги тоифаларга ажратди, гўё халқнинг истиқболдаги саодати дея «ёт унсур»ларни қирғинбарот қилди — ҳақиқатда эса ўз мавқеини мустаҳкамлашга интилди ва бунга эришди. Иш шу даражага етдики, ота билан бола, ака билан ука, эр билан хотин бошқа-бошқа жабҳаларда туриб қолди. Оталаридан тонганини митингларда баралла эълон қилган фарзандларни, бир-бирини душман тутган жигарларни, ғоявий асосдагина барбод бўлган гулдек оилаларни кўрган Ҳ.Олимжон бу аянч ҳодисанинг илдизига назар солади, унда мустамлакачилик сиёсатининг машъум мақсадлари ётганига амин бўлади...

Шўро мафкурасининг омма онгига сингиши — англанганликдан эмас, кўпроқ уни ташувчиларнинг мутаассибларча эътиқоди, шу эътиқодини ўзгаларга юқтира олганларида бўлса, эҳтимол. Сираси, шўро адабиёти ўзи дуруст англаб етмаган эътиқодни беадад ишончи билангина ташвиқ этолган «фанат»ларнинг кўплаб тимсолларини яратган: Фурмановнинг Чапаеви, Шолоховнинг Давидови ва уларнинг ўзбек, қирғиз, қозоқ... эгизлари. Жалойир тимсолида ҳам шу нав ташвиқотчини кўрамиз. Гулойиндаги иккиланишни сезган Жалойир ташвиқни янада кучайтиради: аллоҳ оламни олти кунда яратганини ёниб баён қилади, араблар унга жўр бўлиб қувватлаб туришади. Табиийки, Жалойирдаги беадад ишонч ўз ишини қилади, Гулойин руҳан синиш даражасига етади: «Нима қилдим, энди бошим ҳам қотди?» Ва айни шу дамда саҳнага Муқанна чиқади, унинг:

Тушунмадим, менга англат улуғ зот,

У қайси кун қулликни қилди ижод?-

деган савол билан якунланувчи ўтли хитоби янграйди. Жалойир — жўнгина мутаассиб, унинг наздида фақат битта ҳақ ва тўкис ғоя мавжуд. Бундай одам мафкуравий баҳс юритишга қодир эмас, шу боис ҳам у Муқанна билан баҳслашмайди, овозини ўчиришга ҳаракат қилади, холос. Бизнингча, мазкур эпизод ортига ҳам замона соя ташлаб турганини сезиб олиш қийин эмас. Зеро, Муқанна сингари Ҳ,Олимжон ҳам «ҳуррият», «эрк», «тенглик», «биродарлик» каби шиорларни байроқ қилиб кўтарган шўронинг амалдаги сиёсати моҳиятини англагач, «У қайси кун қулликни қилди ижод?» дея қалбида исён кўтариши, ўқувчисини-да уйғотишга интилиши табиий. Муқаннанинг Жалойирга айтган мустамлака сиёсатига айбнома сифатида янгровчи қуйидаги сўзлари ҳам, бизнингча, бу фикримизни, қувватлайди:

Юз йилларким сўзлайсан лоиллоҳдан.

Жуда оддий бир нарсага ҳайронман:

Нима учун юрт чиқмайди оловдан?

Нима учун эл қутулмас таловдан?

Нима учун элни босган ҳашарот?

Дин, ҳирож деб ўз-ўзига қўйди от?

Нега қилди элни бунча гадой , хор?

Нега бўлди ҳамма сенга отбоқар?

Қиз онадан, хотин эрдан ажралди,

Косиб уйдан, деҳқон ердан ажралди?

Нима учун?

Кўрамизки, Муқанна араб фотиҳлари юритаётган сиёсат билан ислом ақидалари мос эмаслигини, Аллоҳ номи билан қилинаётган ишлар аксар унинг буюрганларига зидлигини таъкидлайди. Умид қиламизки, зукко ўқувчи «нима учун» билан бошланувчи ҳар бир сатр ортида аксланувчи муаллиф замонаси, унга яқин ўтмишни шарҳсиз ҳам фаҳмлаб олади. Боз устига, ушбу сатрларни ўқиганда у беихтиёр Чўлпоннинг машҳур «Бузилган ўлкага» шеърини эслайди, унинг дардию оҳангини ҳис қилади. Табиий бир савол туғилади: хўш, нима учун Ҳ.Олимжон — яқиндагина «адабиётимиздаги миллатчилик кўринишлари»га қарши курашган, «Бузилган ўлкага»га қарши ўлароқ «Тузалган ўлкага»ни ёзган авлод вакили — «Муқанна»да Чўлпон оҳангларини тиклади? Тасодифми, миллий-адабий анъаналарнинг ғайришуурий таъсирими? Бизнингча, бугина эмас. Модомики, Ҳ.Олимжон «Муқанна»ни яратиш онларида Чўлпонга руҳан яқинлигини яширмай ифода этибди, демак, бундан аниқ бир мақсадни кўзлаган — ўқувчисини-да шу руҳга ошно этишни ният қилган...

Халқининг, шу халқ вакили сифатида ўзининг қуллигини англаган инсон вужудида миллий ғурур жунбушга келиши, қалбида аламли изтироб қўзғаши табиий. Бунақа пайтда киши мустамлакачиларнинг, мустамлакачи халқ вакилларининг ўз халқига, ўзига қандай муносабатда эканини мушоҳада этишга мойил бўлади ва, айтиш керакки, изтироблари янада кучаяди. Чўлпон, Фитрат, А.Қодирий... лар асарларида кузатилган бу нав кайфият «Муқанна» устида ишлаётган палла Ҳ.Олимжонга ҳам ёт эмас эди. Муқанна тилидан айтилган тубандаги сўзлар, бизнингча, фикримизни далиллай олади:

Душманларинг, ожиз бўлсанг сен агар,

Меҳмон бўлиб келиб сенинг уйингга,

Кўкрагингга тепиб кирар тўйингга.

Ҳақоратга кўмар сени у тоза...

Равшанки, бу сўзлар юртга энди босиб келиши мумкин бўлганлар(дейлик, немис фашистлари) ҳақида бўлолмайди, улар кўпроқ юртга ростмана эгалик қилиб турганлар ҳақидар. Бу — миллатининг ўзлигига тажовуз бошлангани, миллий қадриятларининг топталаётганига амин бўлган муаллифнинг қалб исёни, «йўлини қилиб» урган бонгидир. Араб саркардаси Баттолнинг Гулойинга қарата айтган «Сен асирсан, қайдан сенга бахт бўлсин, Шодликка ҳам керак ахир — уй, ватан» деган ҳақоратли таънаси (ўзингда мавжуд камчиликни юзга солиб қилинган ҳақоратдан оғирроқ ҳақорат бўлиши мумкинми?!) ҳам, аввало, ўз юртида сиғинди, ватанида беватан бўлган муаллифнинг ўзига, юртдошларига қаратилган. Қурол кучи билан ўзга бир халқни бўйсундирган Баттол «Қилич билан кирдим мен бу тупроққа, Яна қилич чиқаради қирғоққа» дея ишонади, бу ишонч уни ҳаволантирган, ўзидан кетказган. Шунинг натижаси ўлароқ, Баттол ўзини бу ўлкада истаган нарсасини қилишга ҳақли деб билади. Ёлғиз кучга ишонган, унгагина топинган бу одам, табиийки, юртнинг асл эгаларига беписанд муносабатда бўлади:

Шуни билки, халқ мисоли бир пода,

Хоҳи отда, хоҳи бўлсанг пиёда

Ҳайдай олиш келса агар қўлингдан

Пода юрар сен бошлаган йўлингдан...

Албатта, бу ҳақоратомуз гаплар ўқилганда ва ё саҳнадан янграганда ўқувчининг, томошабиннинг миллий ғурурига тегиши, «наҳотки пода бўлсак?» тарзидаги ўйга толдириши табиий. Муаллифни ҳам шу ўй қийнаганки, бунинг зидди сифатида «тиз чўкиб яшагандан тик туриб ўлмоқ»ни афзал билган қаҳрамонларни, шу хулоса бўртиб турадиган саҳналарни яратади. Хусусан, Гулойин ўлар чоғи «Бир неча кун ҳавас билан яшадим, Ҳатто эркин нафас билан яшадим» деркан, фақат шу эркинликдаги «бир неча кун»нигина яшаш деб билади. Зеро, унинг учун қулликда кечган умр — ҳаёт эмас. Сўзнинг, санъатнинг соҳир кучи таъсирида ҳаёт билан видолашаётган қизнинг: «Армоним шу: кўролмадим элни шод, Кўролмадим ватанни ёвдан озод» деган армони ўқувчига, томошабинга мерос бўлиб қолади...

Юқорида айтганимиздек, «Муқанна»да бевосита ўзи яратилган пайт — уруш даврининг ижтимоий-сиёсий ҳолатига қаратилган актуал мазмун юзадаёқ қалқиб туради. Бу ҳақда кўп фикр билдирилгани, иккинчи томони, мақсадимизга кирмагани боис бунга тўхталмадик. Аксинча, биз уни фикран олиб ташлаб, асарнинг чуқурроқ қатламларига назар солишга, шу орқали муаллифининг ижод онларидаги руҳиятини тасаввур қилишга, ўй-фикрларини уқиш, ҳис-туйғуларини кўнгилдан кечириб кўришга интилдик. Маълумки, конкрет ижодкор томонидан яратилган асарларнинг бари бир текис яхши, бари ҳам санъат ҳодисаси бўлолмайди. Фақат яратилишига шахсий ёки ростмана шахсийланган ижтимоий дарднинг ҳосиласи бўлмиш маънавий-руҳий эҳтиёж туртки бўлган, чинакам ижодий-руҳий фаолият маҳсули ўлароқ дунёга келган асарларгина санъат ҳодисаси саналиши мумкин. Бундай асарларнинг ҳар бири — ижодкорнинг идеалга(Ҳаққа, ҳақиқатга) яқинлашувидаги тугал бир босқич. Демакки, «Муқанна»ни ёзган Ҳ.Олимжон «Муқанна»гача бўлган Ҳ.Олимжон эмас. Зеро, ўтмиш орқали замонаси ва замонасидаги ўзини англаган Ҳ.Олимжон қарашларини янгидан тизим сифатида бутунлаб олган, энди шунга мос мақом тутиши мумкин бўлган шахсдир. Яъни, энди у «бахт ва шодлик куйчиси» бўлолмайди, аксинча, узоқ ва ўзига яқин ўтмишдан келаётган эрк куйига қўшилиб ҳиргойи қилиши табиийроқ. «Муқанна» билан Ҳ.Олимжон миллатнинг асл фарзандлари куйлаган эрк куйига жўр бўла олдики, тўла асос билан «Мен элимнинг юрагида яшайман, Эрк деганнинг тилагида яшайман» дейишга ҳақли эди.

2001 йил

Замонга ўтмишдан бир нигоҳ...

Маълумки, урушнинг дастлабки ойларидаёқ Ойбек «Маҳмуд Торобий» драматик достонини ёзган, шу асар асосидаги либретто нисбатан тез фурсатда саҳналаштирилган эди. Шунга қарамай, Ойбек бу мавзуга яна қайтади: Ҳамза театри учун «Ғалвирчи» номли пьесани, рус адиби А.Дейч билан ҳамкорликда «Ҳит народа» пьесасини ёза бошлаган. Адабий давраларда адиб Торобий мавзусида йирикроқ асар, эҳтимолки, роман ёзишни ният қилган, деган гаплар ҳам эшитилиб туради. Сираси, бу фикрда жон борга ўхшайди. Негаки, тугалланмай қолган ҳар икки пьеса, уларнинг турли режалари, сценарийлари кузатилса, мавзунинг бадиий талқинида эпик кўламнинг тобора кенгайиб борганига амин бўламиз. Қўлёзмаларга бир қур қиёсий назар солинсаёқ, мавзу талқинида ижодкорнинг тинимсиз изланишда эканлиги кўринади: асарга янги сюжет мотивлари, драматик ҳолатлар, персонажлар қўшиб борилади; айрим нуқталар бўрттирилса, бошқалари бирмунча сусайтирилади. Яъни, материал билан жонли мулоқот давом этади: гўё Ойбек ҳамон тасвир объекти моҳиятига чуқурлашиб бораётгандек, материал ижодкорга, ижодкор материалга сингиб бораётгандек туюлади. Хўш, Торобий мавзуси нимаси билан Ойбекни бунчалар мафтун этди? Нима учун адиб бу мавзуга қайта-қайта мурожаат қилади? Муддао етакчи театримиз учун асарнинг насрий вариантини ёзишгина эдими?..

Бизнингча, Ойбек Торобий тимсолини Ҳамза театри саҳнасида жонлантиришни ният қилганидангина эмас, кўпроқ, қониқмаганликдан яна мавзуга қайтади. Яъни, фикримизча, адиб драматик достондан ҳам, либреттодан ҳам етарли қониқиш туймаган, туя олмай қолган. Нега?

Кейинроқ, 1945 йил кузида, Ўзбекистон ёзувчилар союзида М.Шайхзоданинг «Жалолиддин Мангуберди» трагедияси бўйича ўтказилган мунозарада сўзлаган нутқида Ойбек либретто ёзилган пайтни эслаб: «... шароит, ҳатто тасвирланган воқеалар тарихий фактларга мувофиқ келмаса-да, халқни Ватан учун фидокорона курашга руҳлантирувчи асарлар ёзишни талаб қиларди. 1941 йил охирида, гитлер қўшинлари Москва ёнига келиб қолган бир пайтда, кишиларимиз юрагига янги куч, ғалабага ишонч бағишлайдиган асар керак эди »,- деган эди. Дарҳақиқат, либретто — уруш даврининг «ижтимоий буюртма»сига (айтиш зарурки, бу «ижтимоий буюртма» адибнинг қалб амрига тўла мувофиқ келарди) «лаббай» тарзида ёзилган асар.

А.Потебня фикрича, агар ижодкор муайян бир фикрни ифодалаш, исботлаш ёки сингдириш учун ҳаётдан мисол олса-ю, шу аниқ мақсадга интилса, у — олим, воиз, валий, асло санъаткор эмас. Агар у, мисолни олгач, уни тасвирлашнинг ўзидан завқ олса, шу завқ кучи билан унга ҳаётийлик, аниқлик бахш этолса, ўша мисол мақсад қилинганидан-да кўпроқ (ҳатто, мақсад қилинмаган) нарсалардан сўйлаши муқаррар . Шунга ўхшаш, Ойбек аввалдан белгиланган мақсад билан либреттога қўл урганки, тарихий материал унинг учун бир восита эди, холос. Шу боис ҳам асарда публицистик руҳ устивор, тарихий материал тамомила мақсадга бўйсундирилган — асар бир зарбда ёзиб тугатилган, мақсадга эришилган. Бироқ асар устидаги иш жараёнида тарихий материал жонланиб улгурган, у билан ижодкор орасида диалогик муносабат (М.Бахтин) вужудга келган, демакки, энди материал ижодкор измидаги воситагина бўлмай қолди — адиб уни тасвирлашнинг ўзиданоқ завқ туя бошлади. Айни шу нарса Ойбекни яна мавзуга қайтаради, аниқроғи, мавзудан чиқишига изн бермайди — тарихий материалга чуқурроқ шўнғиш, уни чинакам эстетик мушоҳада қилишга ундайди. Таъкидлаш жоизки, шу хил завқнинг мавжудлиги — ижоддан қониқиш ҳосил қилишнинг асоси, муҳим шартидир.

Аввалги фаслда айтдикки, ижодкор ўтмишни замонаси орқали идрок этади, ўтмиш замона призмаси орқали гавдаланади. Бошқача айтсак, ижодкор тарихий воқеликни замонасидан андоза олган ҳолдагина бадиий гавдалантира олади. Негаки, у ўтмишда яшаб кўрган эмас, унинг ҳаёт ҳақидаги, инсон, инсонлараро муносабатлар (кенгроқ олсак, умуман, ижтимоий муносабатлар) ҳақидаги тасаввурлари замонасида шаклланган. Яъни, фактлар ўтмишдан олингани ҳолда характерлар талқини, ҳаётий ҳолатлар тасвирида ижодкор ўзининг ҳаётий тажрибасига таянади. Демак, ижодкор тасвирда замонасидан нечоғли узоқлаб кетмасин, бадиий талқинда ундан тамоман узилиб кетиши мумкин эмас. Шунга кўра, тарихий мавзудаги асар айни пайтда замонавий асардир. Бу фикримизни ўзгачароқ йўсинда асослашга ҳаракат қиламиз. Маълумки, адабиётшунослигимизда «мавзу асарда тасвирланган ҳаёт материали билан унда қўйилган муаммолар жамини ташкил қилади» тарзидаги фикр устиворроқ. Ҳолбуки, мавзу ва проблема бир-бирига узвий боғлиқ, бироқ бошқа-бошқа тушунчалар. Шу боис ҳам адабиётшуносликда асарда қўйилган муаммоларни проблема, қаламга олинган ҳаёт материалини мавзу деб ажратиш анъанаси ҳам мавжуд ва бу, бизнингча, тўғрироқ ҳам. Табиийки, ижод жараёни нуқтаи назаридан проблема бирламчи: санъаткор ўз ҳаёт йўлида муайян муаммоларга дуч келади, уларни ўзи учун ҳал қилишдек ўткир эҳтиёжни туяди. Сираси, айни шу эҳтиёж бадиий ижодга туртки берувчи бирламчи омилдирки, бадиий асарни «эҳтиёж фарзанди» (А.Орипов) дейилиши бежиз эмас. Проблема мавзуни белгилайди, негаки, ижодкор ўзини қийнаган муаммоларни бадиий идрок этишга энг қулай имконият бера оладиган ҳаёт материалини қаламга олади. Тарихий мавзудаги асарнинг замонавийлиги ҳам айни шу нарса билан — проблеманинг ҳар вақт замонавий (ёки замон тушунчасидан юқори — мангу муаммо) бўлиши билан белгиланади. Жумладан, Ойбек ўзининг урушга, фашист босқинчиларига муносабатини ифодалаш учун жуда қулай материални — Торобий бошчилигидаги мўғул босқинчиларига қарши кураш воқеаларини танлади. Мақсад аниқ белгиланган эди, бироқ, юқорида айтдикки, либреттони ёзиш жараёнида муаллиф билан тарихий материал орасида диалогик муносабат вужудга келди — материал мақсад қилинганидан кўпроқ нарсаларни сўйлай бошлади. Дейлик, Ойбек реалист санъаткор сифатида асарда қўзғолон сабабларини, халқда босқинчиларга нафрат уйғотган омилларни кўрсатиши лозим эди. Кўрсатди. Табиийки, асарда жонлантирилган омиллар, аслида, адибнинг ўз замонасида у ёки бу тарзда кўрган, гувоҳи бўлган ҳаётий ҳолатларнинг ўтмишга проекцияси эди. Жонланган тарих энди адибга ўзини қийнаб келаётган муаммоларни бадиий идрок этиш, замонасини англаш ва унга муносабат билдириш имконини тақдим қилаётир. Шу боис ҳам Ойбек конкрет мақсадга қаратилган либреттони ёзишнинг ўзи билан қаноат қилолмай қолади — яна ва яна мавзуга қайтади. Сираси, биз бу ўринда Ойбек истеъдоди табиатига хос ҳолатни ҳам кўришимиз мумкин. Маълумки, Ойбек ўзида ҳассос лирик ва теран эпик тафаккур соҳибини мужассам этган санъаткор эди. Унинг ижодий тадрижида дилбар шеърлару достонлардан романга ўтилгани, конкрет материални (мас.: Навоий мавзуси) аввалига лирик мушоҳада этиб, сўнг эпик талқинга киришгани бунинг ёрқин дилилидир.

Эпик кўламнинг кенгайгани «Ғалвирчи»нинг илк саҳналарини драматик достон ва либреттонинг илк кўринишларига қиёлансаёқ яққол кўзга ташланади. Драматик достон билан либреттонинг илк кўринишлари бир-бирига деярли ўхшаш: ҳар иккисида ҳам баҳор фасли, булоқ бошига келган қизларнинг ишқ-муҳаббат ҳақида сўзлашишлари, Жамила билан Ёдгорнинг учрашуви...— хуллас, нисбатан осойишта қишлоқ ҳаёти тасвиридан бошланади. Бундан фарқ қилароқ, «Ғалвирчи»нинг илк саҳнаси Торобийнинг: «Ажаб замон! Ўйласанг тарс ёрилиб кетасан. Ўйламасликка илож йўқ: фикр келаверади, қайнайверади. Ҳар бир ўтган кун юракнинг бир парчасини оғулаб кетади...» қабилидаги мушоҳадаларидан бошланганки, қаҳрамоннинг замон, ҳаёт, инсон ва унинг тақдири ҳақидаги ўйлари ўқувчи(томошабин)ни ғоявий-ҳиссий жиҳатдан асарни қабул қилишга тайёрланишга ундовчи дарак, олдиндаги жиддий таҳлилдан ўқувчи(томошабин)га берилган аванс гўё.

Қўзғолонга туртки берган воқеа либретто ва достонда деярли ўхшаш: биринчисида мўғуллар қишлоқ аҳлидан ўлган улуғларининг қабрига қўшиб кўмиш учун ёш қизларни талаб қилишса, иккинчисида Чиғатой учун «савғо» («беш-ўн ҳунарманд» ва яна «хонга бир неча қиз, Сулув бўлсин, ёлғиз сулув») талаб қиладилар. Ҳар икки асарда ҳам нисбатан осойишта қишлоқ ҳаёти тасвирининг бу саҳналарга алмашиниши кескин контрастлиликни юзага келтирадики, бу нарса уларнинг публицистик руҳи, аппелятив мақсад (яъни, ўқувчига таъсир ўтказиш) етакчилиги билан изоҳланади. Яъни, бу ўринда ўқувчи(томошабин)нинг жонланган ўтмиш билан замонаси орасида аналогиялар топиши, мўғулларга нисбатан нафратини осойишта ҳаётига раҳна солган фашистларга кўчириши кўзда тутилади. Тўғри, бунгача ҳар икки асарда ҳам мўғул истилоси оқибатлари персонаж тилидан (бирида дарвеш, иккинчисида гадо), унинг фоже тақдирини сўйлаши орқали кўрсатилади. Бироқ драматик сюжет бундан ортиғига йўл бермайди — воқеаларнинг шиддатли ривожи зарур. Жумладан, саҳналаштирилган либреттода Жамила Торобийнинг қизи қилиб (бу ўзгариш сўнгги вариантда киритилган) берилганки, бу ҳам драматик конфликтни кескинлаштириш, воқеалар шиддатини кучайтиришга хизмат қилади. Бошқа бир томони, эҳтимол, илк саҳналардаги қаршилантиришнинг ўзи қўзғолон бошланишини асослашга камдек кўрингандирки, бунга Торобийнинг шахсий мотиви ҳам қўшилади.

«Ғалвирчи»да, юқорида айтгилганидек, нисбатан осойишта қишлоқ ҳаёти ҳам, икки ёшнинг муҳаббати ҳам тушириб қолдирилади, тўғридан тўғри асосий масалага — мустамлака шароитидаги халқнинг забун аҳволини кўрсатишга ўтилади. Торобий устахонасига келган Ўрмон, кейинроқ келиб қўшилган Маржонлар билан суҳбатлашаркан, ўқувчи(томошабин) кўз олдида истило даҳшатлари ҳам, мустамлака хорликлари ҳам намоён бўлади. Ва шу асно устахонага Оташ чол кириб келади: унинг ўғлини «оқар сувда чўмилгани» учун ҳибсга олганлар. Шунинг муҳокамаси бўлиб турган маҳал ўз наздида «қут хабар» билан мўғуллар хизматидаги мансабдор қайтиб келади-да, Оташга ўғлининг озод қилиниши эвазига набираси Бодомни ҳокимга тортиқ қилишни таклиф этади. Мансабдор наздида хайрият бўлмиш бу таклиф Оташ учун — ҳақорат, чолнинг виждони қайнайди: «Қани инсоф, қани адолат? Ўзоқ йиллари икки ўғлим қўйдек бўғизланди. Бир заргар иним тириклайин Ўқтой хоннинг юртига қул қилиниб ҳайдалди, у ҳам ўлгандан баттарроқ бўлди. У вақтлар бошқа вақт эди. Биз ёв эдик, талон-босқинчилик замони эди, ит эгасини танимас, ҳар ким бошига келган номаъқулчиликни қилар эди. Шаҳарлар куйди, қишлоқлар яксон бўлди, далада экинлар тупроққа қоришди. Энди-чи? Биз Чиғатойхоннинг раиятимиз, хонимизга ҳафта ўтмай, ҳар хил солиқларни тўлаб турибмиз. Энди бу қолибдими? Отасининг йўқ гуноҳи бадалига унинг қизини — набирамни қўлингизга тутқизайми?»

Юқорида айтдикки, ижодкор ўтмишни ўз ҳаётий тажрибасига таяниб жонлантиради, тарихий мавзудаги асар проблемаси ҳар вақт замонавий, деб. Шундан келиб чиққан ҳолда Оташнинг гапларига разм солинса, булар, аслида, Ойбекни қийнаган саволлар эканлигини англаш қийин эмас. Оташнинг эътирофича, «талон-босқинчилик замони» ўтиб, халқ «Чиғатойхон раияти» бўлгач ҳам зулм, зўравонлик тугамаган. Агар бу ҳолни Ойбек замонига кўчирсак, инқилоб ва гражданлар уруши давридаги қирғин-баротлар тугагач ҳам ҳамон зулм, зўравонлик ҳукм сураётган 30-йиллар назарда тутилгани англашилади. Айниқса, «отасининг йўқ гуноҳи» бадалига қизини олиб кетишлари истасак-истамасак яна машъум қатағон сиёсатини ёдга солади. Ахир, Ойбек ўйлаб топилган айбловлар билан жувонмарг қилинган оталарнинг кўпини шахсан таниган, болалиги қамоқ ва сургунда кечаётган «халқ душманлари»нинг сағирларини билган; «отасининг йўқ гуноҳи» учун зуғумлар кўрган Зарифахоним билан бир умр ёстиқдош бўлган. Буларнинг барини кўрган, қатағон захмини қалби ва вужудидан ўтказиб кўрган Ойбекнинг замонасига қарата «Қани инсоф, қани адолат?» дейиши табиийдек кўринади бизга. Албатта, «отасининг йўқ гуноҳи» қабилидаги талқин ўша давр учун улкан жасорат эди. Бироқ, бизнингча, Ойбек ижод онларида асарнинг шу ҳолича эълон қилиниши ёки саҳналаштирилиши мумкинлиги ҳақида ўйламайди ҳам — у ўзини қийнаган муаммоларни идрок қилиш, дардини қоғозга тўкиш билангина машғул — чинакам ижод қўйнида.

Қўзғолонга туртки берган воқеа «Ғалвирчи»да ўзгачароқ талқин қилинади, дедик. Тўғри, сиртдан қараганда ҳар учала асарда ҳам воқеанинг моҳияти ўхшашдек. Фарқ шуки, достонда қизларнинг олиб кетилиши хоннинг кўнгил хуши учунгина, либреттода мўғулларнинг жоҳилона дафн маросимлари учун, «Ғалвирчи»да эса «отасининг йўқ гуноҳи» баҳона ҳокимга тортиқ қилиш учун. Юзаки қараганда арзимасдек кўринган бу фарқ талқинда жиддий ўзгаришларни келтириб чиқаради. Аввалги ҳар икки асарда мўғуллар ўн чоғли қизларни олиб кетадиларки, бу ўринда кулфат кўпчилик бошига ёғилганини таъкидлаш муҳим, зеро, айни шу нарса «ижтимоий буюртма»дан келиб чиқувчи муаллиф мақсадига мос. Кейингисида эса офат биргина Оташ хонадонига ёғиладики, муаллифни қийнаган муаммоларни бадиий идрок этишга шуниси қулайроқ:

«Мансабдор. Қиз учун эртага келамиз!

Маҳмуд. Кўрамиз

Мансабдор. Сенинг ишинг эмас!

Маҳмуд. Юрт иши — ҳаммамизнинг ишимиз. Оташ отанинг бошига тушга қора кун эртага менинг ё бошқа камбағалнинг бошига тушуви аниқ.(Халққа мурожаат қилароқ, қўл кўтариб) Яктан бўлларинг, ҳақ — бизники».

Сир эмаски, қатағон сиёсатининг амалга ошишида «томошабин» бўлиб туришгагина яраган шалқнинг-да хизмати бор. Машъум 30-йилларда сохта, кўпинча ҳатто куракда турмайдиган айбловлар билан не-не одамларнинг ёстиғи қуритилмади. Халқимизнинг сара фарзандлари омманинг «бетараф кузатувчи» бўлиб туриши орқасида битта-битта териб кетилди. Ўзганинг бошига тушган кулфатнинг гувоҳи бўлганларнинг аксарияти, очиқ-ошкор ноҳақликдан виждони ўртаса-да, нари борса ичида ачиниб қўйди, шунинг ортиданоқ ёқасига туфлаб «алҳазар! ўзидан келиб ўзидан кетсин» дея қўрқув-ла ният қилолди, холос... Ойбек буларнинг барини кўрган, бундан изтироб чеккан. Ва кўрганларига зид ўлароқ, асарда у қандай бўлиши кераклигини кўрсатмоқчи бўлади гўё: Оташнинг бошига тушган кулфатни аритиш учун халқ қўзғалади. Зеро, Ойбек ҳам Оташ сингари «Элдан кучли нима бор жаҳонда? Хон ҳам, ҳоким ҳам, бек ҳам эл олдида чумчуқдай бўлиб қолади, агар эл расо ёвқурлик қилса...» деб ишонади. Бежиз элнинг қудрати «расо ёвқурлик қилса» шартига боғланмайди — айни шарт Ойбек замонида бажарилмаган, фожиаларнинг бир илдизини адиб шунда кўради. Элнинг бу машъум даврдаги ҳоли Бодом тилидан баён қилинади: «Ундай бўлса, улус нега бунча хўрликка чидаб ётади? Улуғлар эл оғзидан ошини юлиб олади, киссасидан тангасини қоқади, уради, ўлдиради, осади... Яна ҳамма ўз бошига, ўз ўтига ўзи қоврилиб юраверади...»

Шу ўринда яна бир фарқли нуқтага эътиборни тортгимиз келади: достон ва либреттода қизларни бевосита мўғуллар олиб кетсалар, «Ғалвирчи»да бунга мўғуллар хизматидаги маҳаллий мансабдор чоғланади. Қизиғи шундаки, пьесанинг қатор ўринларида айни шу масалага урғу бериб ўтилган. Илк бор Оташ ўғлининг ҳибсга қилинганини айтганида, Маржон шошиб савол беради: «Мўғулларми, ўзимизникиларми?» Оташ эса бунга жавобан куйиниб айтадики: «Ўзимизникиклар... Э... ҳаммаси бир гўр эмасми?...» Маълумки, мустамлака шароитида халқ ичида золимларни «ўзимизникилар — ўзгалар» тарзида ажратиш бор нарса. Айни шу хил бўлинишнинг (яъни, нафси учун халқининг душманларига хизмат қилувчиларнинг) мавжудлиги мустамлакани бардавом этувчи муҳим омиллардан эканлиги ҳам аён. Шуни ўткир ҳис қилганидан бўлса эҳтимол, халққа ўзиникидан келган зулм оғирроқ ботади: нима бўлганда ҳам уларни ўзиники деб билади, ахир, уларнинг-да бир кун келиб эсини таниб олишига, инсофга келишига умид қилади. Маржоннинг сўраш пайтидаги ҳаяжони («Мўғуллар бўлсин-да!» дегандек гўё), Оташнинг ҳафалиги ҳам шундан. Торобийнинг ўзи ҳам, гарчи у синфий хушёрроқ (бу ҳақда қуйироқда тўхталамиз) кўринса-да, шу хил ҳисдан холи эмас:

«Маҳмуд. (мансабдорга томон икки қадам ташлаб). Бек! Андак сабр қилинг. Арзим бор... (Мансабдор ижирғаниб, кибрли вазият олади. Маҳмуд давом қилади сўзида). Биласизми, сиз ҳам шу қишлоқликсиз, ҳаммамиз бир элат — бир уруғданмиз. Бу алғов-далғов замонда сиз кўтарилиб қолдингиз. Толе ёр бўлсин! Лекин улус билан, раият билан яхши муомалада бўлишингиз керак.

Мансабдор. Мана ҳали айтдим-ку, мен ҳар вақт ёсо ва шариат йўлида юраман...»

Табиийки, бу эпизод ҳам Ойбек жуда яхши билган 30-40-йиллар воқелигидан андоза олиб яратилган. Зеро, Ойбек «алғов-далғов замонда кўтарилиб қолган», ихтиёрига берилган ваколатдан ўзинию ўзлигини унутган, «дўпписини деса калласини келтиришга» ҳар вақт ҳозир ўнлаб, юзлаб амалдорларни кўрган, улардан зада бўлган. Шу боис ҳам шўронинг бюрократик тизимида етишган, маъмурий-қўмондонликдан ўзга бошқарув усулини билмаган ўрта ва қуйи бўғин амалдорларига хос хусусиятлар Мансабдор қиёфасида ўз аксини топади. Жумладан, бу нав амалдорларга хос ҳадеганда ҳукуматни пеша қилиш, ҳукумат номи билан дағдаға қилиш Мансабдорнинг хатти-ҳаракатларида ҳам кузатилади. У ғурур билан айтадики: «...биз ҳоқон ибн ҳоқон Чиғатойхон ҳазратларининг малайларимиз. Биз улуғ Чингиз қурган азамат давлатда адолат, осойишталик, фаровонлик ўрнатиб, салтанатнинг равнақига жонбозлик қиламиз». Беихтиёр ҳоқонлар исми ўрнига «Ленин», «Сталин» сўзларини қўйиб, ҳайратдан ёқа ушлайсан киши . Қаранг, Мансабдор ўзининг «улуғ Чингиз (Ленин) қурган азамат давлат» равнақига хизмат қилиши лозимлигини, айни пайтда, «Чиғатойхон (Сталин) ҳазратларининг малайи» эканлигини эътироф этаётир. Ижод онларида тарих тақдим этаётган сўз айтиш имкониятининг бениҳоя кенглиги, ўтмиш билан замонаси орасидаги муштаракликларни кашф этган Ойбек ҳайрати бизникидан чандон ортиқ бўлган эса, эҳтимол. Албатта, бу хил муштаракликлар асарда англанган ҳолда кўрсатилиши ҳам, ғайришуурий тарзда юзага чиқиб қолиши ҳам мумкин. Бироқ, агар бадиий асар эҳтиёж маҳсули ўлароқ яратилади, десак, у ҳолда англанганлик моменти кўпроқ эканлигини тан олишимизга тўғри келади. Тўғри, Ойбек айни шу хил фикрни ифодалашни кўзда тутмаган, ҳатто, ижод онларига қадар бу фикр хаёлига келмаган бўлиши ҳам мумкин. Бироқ, модомики у тарихий материал воситасида замонасини, ундаги ўзини қийнаган муаммоларни бадиий идрок этаётган экан, бу жараёнда янги фикрлар, қарашларнинг туғилиши, эскиларининг таҳрир қилиниши табиий. Зеро, эпик характердаги бадиий ижод — воқеликни бадиий идрок этиш орқали у ҳақдаги яхлит концепцияни шакллантириш ва ифодалаш жараёнидир.

Юқоридагига ўхшаш, мўғулларнинг юртимизда олиб борган мустамлакачилик сиёсати тасвири билан шўро ҳукуматининг 30-йиллардаги ички сиёсати ўртасида ҳам муштаракликлар кўзга ташланади. Жумладан, Бухоро ҳокими Маҳмуд Ялавоч Торобий бошчилигидаги қўзғолоннинг авж олиб кетишида маҳаллий амалдорларнинг ўзларини айблаб дейдики: «Айб ўзларингизда. Ярани кесиб ташламагансизлар. Маҳмуд қўлингизга тушдими, усталик билан уни жаҳаннамга юбориш керак эди. Бошлиқсиз қолган халқ бир подага ўхшаб, ўз-ўзидан тарқалиб кетар эди. Сиз сиёсатнинг бу чуқур дастурини қўллай билмагансиз...» Маълумки, Ялавоч айтаётган «сиёсатнинг чуқур дастури»ни қатағонни амалга оширган шўро сиёсатчилари тўкис қўллаганлар: халқнинг етук вакилларини маҳв этишдан мурод уни истаган томонга бошлаш мумкин бўлган подага айлантириш, қиёматгача ўз измида ушлаб туришдан бошқа эмас эди. Ялавоч таъкидлайдики, «сиёсатнинг чуқур дастури»ни амалга оширишга ҳали ҳам кеч эмас. Шу боис ҳам мажлисда қатор тадбирлар ишлаб чиқилади. Жумладан, Ялавоч Шайхулисломга «элга ваъз-насиҳат қилинг, «Торобий — дажжол, иблис лаин», денг. Унга мурид бўлганларни кофирликка чиқаринг...» дея топшириқ беради. Табиийки, агар Маҳмудни — дажжол, унга эргашганларни кофир деб эълон қилинса, авомнинг аксариятида унга бўлган ишонч, ихлос сўнади, ҳеч йўқ шубҳа, иккиланиш пайдо бўлади. Маълумки, шўро сиёсатчилари ҳам шунга ўхшаш йўл тутганлар. Улар ёпиштирган «халқ душмани», «чет эл жосуси» каби қатор тамғалар, матбуотдаги чиқишлар, махсус уюштирилган митингларда сўзланган «оташин» нутқлар оммага таъсирсиз қолмагани, шубҳасиз. Кўпчиликнинг бу хил найрангаларга учгани, сохта айбловларга дилдан ишонганлари боис қатағонни маъқуллаганлари ҳам сир эмас. Ялавоч қўллаган тадбирлардан яна бири шуки, у Торобий лагерига ўзининг одамларини — хуфяларни қўйган, мақтаниб айтадики: «бизнинг кўзларимиз у ерда овини қидириб юради». Табиийки, бундан ҳам хуфиялик, чақимчилик авж олган, учинчи одам қўшилган жойда оғиз очишга чўчиб қолинган давр, муҳит саси келади. Ниҳоят, белгиланган тадбирларнинг охиргиси — энг даҳшатлиси Торобийнинг синглисидан фойдаланиш бўладики, ака-сингил орасига нифоқ солинади. Ғоявий асосда қардошлик ришталарини узиб, жигарларни-да ажратиб юборишга интилиш амалиёти эса, маълумки, қатағон даврида кенг кузатилган ҳодиса эди... Албатта, умуман мустамлакачилик сиёсатига хос универсал хусусиятлар мавжудлиги ҳам бор гап. Шундай бўлса-да, Ойбек асардаги деталлар, ҳолатларни ўзи билган, кўрган ижтимоий муҳитдан олганига кўпроқ ишонгимиз келади. Негаки, юқорида кўрганимиздек, пьесанинг кўп нуқталари бизга истасак-истамасак юртимизнинг яқин ўтмишидаги ҳодисаларни эслатаверади.

Юқорида айтдикки, Оташнинг ўғлини «оқар сувда чўмилгани учун» ҳибсга олдилар. Оташ бу хабарни етказган чоқдаги Ўрмоннинг реакцияси эътиборга лойиқ: «Бу қандай чиркин қонун! «Оқар сувда чўмилма!» Дининг, йўл-йўриғинг билан ер қаърига кир, аҳ, мўғул!» Ҳар қандай мустамлакачи сингари, мўғуллар ҳам ўзлари забт этган юртларда ўзларининг тартиб қоидаларини ўрнатмоқчи бўладилар. Табиийки, бу тартибларни қабул қилиш мустамлака халқи учун энг оғири, сабаби, унинг аждодларидан қолган ўз анъаналари, удумлари мавжуд. Маданияти, эътиқоди, турмуш тарзи каби муҳим нуқталарда бир-биридан тамом фарқли икки халқнинг тенг бўлмаган муносабати ассимиляцияга (яъни, улардан бирининг иккинчисига сингиб кетиши, иккинчисига ўхшаб қолиши) олиб келиши тайин. Бас, мағлуб халқнинг янги тартибларга қаршилиги — англанган ё англанмаган тарздаги ўзининг халқ сифатидаги ўзлигини сақлаб қолишга интилишдирки, бу ҳам табиий, ҳам зарурий ва ҳам қонуний ҳодисадир. Оташ «отасининг йўқ гуноҳи учун» деганида ўзича тўла ҳақ эди. Негаки, «оқар сувда чўмилиш» саҳройи мўғулларга нечоғли ёт бўлса, икки дарё оралиғида яшаган халқимиз учун шунчалик табиий эди. Яъни Оташнинг ўғли бор йўғи аждодлари минг йиллар давомида қилиб келган ишни қилди — шунинг учунгина гуноҳкор саналди: Ўрмоннинг юқоридагича кескин реакцияси шундан. Ойбек қалб кўзи тийран, нигоҳини моҳиятга қаратган мутафаккир ижодкор эди. Унинг тийран нигоҳи «янги турмуш қуриш» шиори остида миллатнинг ўзлигига тажовуз қилинаётганини илғай олди, тарих билан мулоқот уни шу қарашда мустақим этдики, «Ғалвирчи»да айни шу масалани бўрттириброқ ўртага қўйди.

Мустамлака юртда манфаати шахсияни ҳар недан устун қўйгани ёки миллий ғурурдан буткул мосуво эканлиги боис ўзгаларнинг тартиботини бир неъмат сифатида қабул қиладиган, ўзгаларнинг кепатасига осонгина кирадиганлар ҳам ҳар вақт топилган. Ойбек шундайлардан бирини Тўсинбой тимсолида гавдалантиради. Оташ Тўсинбойдан ҳокимлар қошида ўғлининг гуноҳини сўраб беришни ўтинганида у: «ўғлинг улуғ Чингизхон ёсосини бузди, ёсонинг амрини шариатдан ҳам юқори, эзгу тутиш керак...»- дея рад этади. Ойбек ўз замонида янги мафкурани сингдириш йўлида миллий қадриятларнинг топталаётганини, энг ёмони, унга сидқидилдан берилиб манқуртга айланаётганларни кўради, ҳодисадан жиддий ташвишланади — унга нафратини ифодалайди.

Мазкур масала Ойбекни чуқур ташвишга солганини шундан ҳам билса бўладики, «Щит народа» пьесасида бу муаммо янада бўрттириб қўйилади. Жумладан, Шамсиддин Маҳбубий билан Чиғатойхон тўқнашувининг асосида шу масала ётади:

«Чагатай. Ты видишь не то, что нужно, мусульманин. В сборнике наших законов Ясе сказано: нет правды иной, кроме правды монгольской. Монголы одни владыки мира. И нет выше народа монгольского.

Махбуби. А у нас есть свой закон. До того, как вы пришли к нам, мы жили по-своему и знали свою правду и свою справедливость».

Олимнинг мантиқли гапларига муносиб жавоб тополмаган, унинг ҳақиқати олдида ожиз қолган мўғулларга биргина йўл қолади — зиндонбанд этиш. Махбубийнинг гапи асосида «ҳар бир халқнинг ўз ҳақиқати, ўз адолати бор, бас, у шулар асосида яшашга ҳақли» деган табиий бир мантиқ ётади. Албатта, мазкур саҳнада «олий ирқ» даъвосидаги фашистларга ишора қилингани шубҳасиз . Айни пайтда, агар юқоридаги мулоҳазаларимиз контекстида қаралса, яна Ойбек яшаган ижтимоий муҳит билан боғлиқлик бор дейишга ҳақлидекмиз. Зеро, «нет правды иной, кроме правды монгольской» қабилидаги даъво «Правда»да эълон қилинган ҳақиқатгина ягона ва олий ҳақиқат» деб билган тузумга ҳам хос эди.

Тўғри, асарнинг ҳамкорликда ёзилгани бу фикрга нисбатан андак шубҳа уйғотиши, унга «Ғалвирчи»га каби ёндашмаслик лозим, деган эътироз туғдириши табиий. Бироқ шу йўсин ўйлашимизга изн берувчи бир қатор асосларимиз ҳам йўқ эмас. Аввало, Ойбек ҳамкорликка қадар бу мавзуда иккита асар яратган ва учинчиси устида ишлаётган эди, бас, унинг ижодий тажрибаси ҳамкорликда етакчи бўлиши табиийроқ. Иккинчидан, А.Дейчнинг тақдир тақозоси билан бир муддат Тошкентда яшаб турганининг ўзи ижодий ҳамкорликка омил бўлолмайди, бунинг учун икки адиб орасида маънавий-руҳий, фикрий яқинлик, қарашлар муштараклиги ҳам зарур. Иккала адиб томонидан пьесани ёзиш ҳақида шартнома тузишни сўраб берилган аризада, жумладан, шундай дейилади: «... когда славные сыны узбекского народа плечом к плечу с другими народами Советской страны сражаются против фашистских варваров, - задача писателей всех видов поэтического оружия внушать своему народу чувства гордости, достоинства и чести» . Аризада «ўзбек халқининг қаҳрамонона ўтмишига мурожааат қилиб, шўро томошабинининг қалбини тўлқинлантира оладиган» (яъни, вазифани уддалашга имкон берадиган) образ топилгани таъкидланади. Эътибор қилинг: муаллифлар тарихга мурожаат қилишдан мурод халққа «ғурур-ифтихор, қадр-қиммат, ор-номус» туйғуларини сингдиришдан иборатлигини таъкидлайдилар. Бу туйғулар эса, маълумки, миллий ўзликни таниш, танитишнинг асоси. Асарнинг ёзиб тугалланган илк кўриниши кўздан кечирилса, ҳақиқатан қам шу мақсаднинг устивор эканлигига амин бўламиз.

Илк саҳнада Бухоро ҳокимининг хазиначиси Кичик Қурбоннинг ўз ўғли — Самарқандда мадраса таҳсилини олиб эндигина уйига қайтган Бургут билан суҳбати берилади. Ота билан ўғил — бошқа-бошқа олам. Отасининг мўғуллар хизматида экани, уларга қўшилиб ўз халқига зулм қилиш ҳисобига давлат орттираётганидан ўғил эзилади; ота эса буни ўзининг оқиллиги, уддабуронлигига йўйиб фаҳрланади. Шалқнинг аянч аҳволи ҳақида гапирган ўғлига ота насиҳат қиладики, «ҳар нарсага эътибор беравериш ножоиз, баъзан атрофга кўз юмиш фойдали». Ўғил эса, аксинча, «қалб сўқирлиги кўз сўқирлигидан баттар» деб билади. Ота ўғлини Чиғатойни кутиб олиш тараддудидаги ҳоким саройига бошлаб келаркан, уни саройга яқинлаштиришни, ўзларининг қаторига қўшишни ният қилган. У ўғлининг гапларини ёшликка хос ўткинчи кайфиятга йўяди, уни «йўлга солиб» олишига ишонади. Ота янглиш ўйлайди: Ялавоч билан суҳбат давомида Бургутнинг дунёқараши тўла шаклланиб улгурган шахс эканлиги кўрилади. Табиийки, Ялавоч Бургутни «ўз одами» деб билади, шу боис уни хизматга тайин этмоқчи, бироқ у таклифни рад этади:

Буркут. Я не гожусь вам, несравненный правитель. Книга и калам, кусок сыра и свежая вода — все, что мне нужно. Я не могу служить поработителям народа.

Махмуд (смеется сочным, деланным смехом). Хорош джигит, нечего сказать. Ну, что ж, говори всю правду. Ты и меня называешь поработителем? Ведь я служу монголам.

Кичик Курбан. Молчи, сын мой. Не забывай, что справедливый Махмуд Ялавач...

Буркут (перебивая). Справедливый Махмуд Ялавач знает, что лучше быть пастухом у своего народа, чем правителем у чужого...»

Эътибор берилса, Бургут биринчи гапида «поработителям народа» (яъни, сўзма сўз «халқни қул қилувчилар», асар ёзилган давр контекстида «эксплуататорлар») дейди, гўё умуман эзувчилар ҳақида гапиради. Ялавоч йигитнинг нима демоқчилигини билди, шу боис ясама кулги билан гапиради. Ҳокимдаги ўзгаришни сезган ота вазиятни юмшатишга интилади, бироқ Бургут унинг гапини бўлиб, мустамлакачиларга хизмат қилишни ўзига ор деб билишини очиқроқ англатади. Равшанки, Бургутнинг бу хил қарашлари мадраса таҳсили давомида шаклланган, демак, мадрасада Маҳбубийга ҳаммаслак, фикри озод кишилар оз эмас. Бургутнинг Маҳбубийга эътимоди баландлиги, уни «буюк инсон», «нури дониш», «башар виждони» дея улуғлаши бежиз эмас. Дарвоқе, Чиғатой ҳузурида Маҳбубий ғойибона шогирдининг юксак ихлосига ҳар жиҳатдан муносиб тутади ўзини. Олимнинг тафаккур қуввати, мантиқ кучи олдида ожиз Чиғатой банди қилдириш билан қўрқитмоқчи бўлганида, у «сен менинг жисмимни кишанлай оласан, фикримни (руҳимни) кишанлай олмайсан» дея жавоб беради. Шубҳа йўқки, бу — халққа «ғурур-ифтихор, қадр-қиммат, ор-номус» туйғуларини сингдиришга хизмат қиладиган образлардан бири. Бироқ у ижтимоий буюртмагагина хизмат қилиб қолмайди, негаки, у — инсон шаъни, эрки, ҳақ-ҳуқуқи дахлсиз юксаклигини таъкидловчи образ. Бу эса тоталитар тузум айни кучга кирган, шахс эрки ва ҳақ-ҳуқуқи топталган замонда ўқувчининг ўзини баҳолаши учун бир мезон, эҳтимолки, муаллифлар соғинган идеал эди.

Тугатилмаган пьесанинг қатор ўринлари муаллифлар замонасида юз бермиш ижтимоий ҳодисаларга муносабат масаласида якдиллар, дейишга имкон беради. Масалан, Кичик Қурбон ўғлини саройга бошлаб келаркан, унга насиҳат қилиб, «ҳақиқат-ку» дея ҳар хил гапни гапирмасликни тайинлайди: «Остерегайся, мой сын, лишнего слова в Бухаре. Здесь стены, двери и потолки имеют уши. Не расчитывай на знатность рода, на высокое положение отца. Знаешь, как говорится в народе: несчастного собака достанет и на верблюде». Эътиборли жиҳати шундаки, 30-йиллардаги «чақимчилик» авж олган муҳит акс этганидан ташқари, парчада атайинлик (яъни, онгли равишда замонга муносабат билдириш) моменти ҳам яққол кўзга ташланади. Аввало, «камбағални туянинг устида ҳам ит қопар» мақоли «бахтсизни туянинг устида ҳам ит қопар» тарзида берилганки, бу билан қатағон юҳоси одамни кимлигига (эгаллаган мансаби, насаби, кўрсатган хизматлари, партияга мансублиги ва ҳ.) қарамасдан домига тортгани таъкидланади. Иккинчидан, қатағон сиёсатини оқлаш учун «социализмнинг қарор топиши баробари синфий кураш ҳам кучайиб боради» деган даъво олдинга сурилгандики, «камбағал»нинг «бахтсиз»га алмаштирилгани бу даъвони пучга чиқаради. Зеро, «бахтсиз» аниқловчиси синф танламайди, синфий моҳиятни таъкидлаш учун мақолнинг аслича қолгани маъқул бўларди. Шундай экан, бу ўзгариш муаллифлар фикри расмий нуқтаи назардан фарқли эканлиги боис киритилган. Шунга ўхшаш, «чақимчилик» авж олган муҳитга муносабат билдиришга «деворнинг қулоғи бор»лигининг ўзи кам кўрингандирки, «девор, эшик ва шифтларнинг қулоғи бор» дея кучайтириб, таъкидлаб айтилади. Бундай муносабат эса, ўйлашимизча, кўпроқ шу муҳитдан юраги зада одам руҳиятига кўпроқ хосдир.

«Ғалвирчи»да яратилган мўғул хонлари образлари билан шўро доҳийлари орасида муштараклик кузатилиши ҳақида юқорида айтиб ўтдик. Шунга ўхшаш ҳол «Ҳит народа» пьесасида ҳам бўртиб кўзга ташланади. Чиғатойнинг Бухородаги аҳвол ҳақида Илдиз нўён билан суҳбатига диққат қилинса, бунга амин бўлиш мумкин:

«Чагатай. Так. А много ли этих врагов здесь у меня?

Илдиз-Нойон. Тебе, царь народов, не страшны никакие враги. Сильны твои войска, и никто не может одолеть их.

Чагатай. Так. А много ли у меня здесь друзей?

Илдиз-Нойон. Друзей и тысячи мало, а врагов и одного много.

Чагатай. Если есть один враг — отруби ему голову. Если их много, то и деревьев много для виселиц».

Энди биз кўрган муштаракликларга келсак. Биринчиси: нўённинг Чиғатойга «царь народов» («халқлар шоҳи») дея мурожаат қилиши Сталинга нисбатан кўп ишлатилган «отец народов» («халқлар отаси») иборасини ёдга солади. Айни шу мурожаатнинг образни англашга йўналтирувчи сигнал вазифасини ўташи кўзда тутилган бўлиши ҳам, эҳтимол. Иккинчиси: кейинги йилларда Сталинга хос бўлган «ўз ҳаёти учун мудом хавфсираш»дек руҳий хасталик ҳақида жуда кўп ёзилгани маълум. Айрим мутахассислар «халқлар отаси»нинг ҳар ердан душман қидириши, душман деб билганларини аёвсиз қирғин қилишини шу хасталик билан изоҳлайдилар ҳам. Бундай одамнинг ҳеч кимга ишонмаслиги, ҳар кимда, аввало, душманни кўриши ҳам табиий, албатта. Пьесадаги Чиғатой айтадики: «Я никому не верю. Все лгут: богатые и бедные, бек, водовоз...» Бундай одамдан ўз ноибига душманларни битта қўймай («Агар душман битта бўлса — калласини ол. Агар улар кўп бўлса, уларни осишга дор солиш учун дарахтлар ҳам бисёр») қириш ҳақида кўрсатма берилиши ҳеч ажабланарли эмас. Мудҳиш қатағон сабабларини таҳлил қилган муаллифлар юқоридагича ташхисни ўшандаёқ қўйиб қўйган бўлсалар, не ажаб?! Ниҳоят, учинчиси: уруш арафасида «совет қўшинларининг енгилмаслиги-ю ҳеч бир душман унга чўт эмаслиги» ҳақида чўпчак тўқилган, ҳаммани шу чўпчакка ишотиришга ҳаракат қилинган эди. Шўро ташвиқотининг шу чўпчагига ишониб ғафлатда қолган халқ урушнинг бошидаёқ зўр талафот кўрди. Уруш аввалидаги зўр муваффақиятсизликлар, халқ бошига тушган шўришлар сабабларини обдон мушоҳада қилган калласи бутун одамлар — муаллифлар буни назардан қочиришлари мумкинми эди?!..

Асардаги яна бир нуқтага айрича эътибор зарур. Бургут Ялавочга дилидагини айтгач, у ўзи бажараётган вазифанинг муҳимлиги, шу вазифани бажариш асноси у ўз халқини озми-кўпми ҳимоя қилишини айтади. Ҳақиқатан ҳам у Илдиз нўённи инсофга чақиради, Чиғатойни йўлга солишга ҳаракат қилади. Шуниси муҳимки, пьесада истилочиларнинг нафақат мустамлака халқига, балки, ўзларига сидқ ила хизмат қилаётган маҳаллий амалдорларга ҳам паст назар билан қараши, ҳақоратомуз муносабатда бўлишлари таъкидланади. Масалан, маҳаллий амалдорлардан бири Илдиз нўёнга мурожаат қилади-да, хизмат вазифасига кўра юрт кезиши лозимлигини айтиб, дурустроқ от беришларини сўрайди. Бунга жавобан илдиз нўён масхаралаб айтадики: «А по-моему, для тюркского баскака довольно и серого ишака». Шунинг ортиданоқ муаллиф ремаркаси берилади: «Среди бухарских чиновников гул протеста». Ялавоч мўғулни инсофга чақирганида, у: «Хозяева — мы. Вы должны исполнять нашу волю»,- дея манманлик билан жавоб беради. Ёки, саройга келиши биланоқ Чиғатой нўённи йўқлаб, сўрайди:

«Чагатай. Рассказывай, что знаешь. Как живется моим людям в Бухаре.

Махмуд (выступая вперед). Великий хан, под твоим мудрым правлением благоденствует наша страна.

Чагатай. Я не спрашиваю тебя, Махмуд Ялавач. Я говорю о монголах, а не о мусульманах. Пусть ваш бог, если он есть, думает о вас».

Кўрамизки, мўғуллар зулми остида эзилган меҳнаткаш омма ҳам, уларнинг хизматидаги амалдорлар ҳам, аслида, қисматдош. Яъни, бундан кун тартибидаги биринчи масала «эзувчи — эзилувчи» тарзида эмас, «истилочилар — мустамлака халқ» тарзида қўйилиши керак, деган фикр келиб чиқади. Шуниси борки, бу хил талқин аввалдан режалаштирилган. Пьеса сценарийсига кўра, иккинчи кўринишда Торобийнинг собиқ шаҳзода Ўрхонбек билан учрашиб дўст тутинишлари айтилади-да: «От царевича до ситовщика — все должны объединиться для борьбы с подлыми захватчиками»,- дейилади. Ойбек ижодида Торобий мавзуси талқинидаги тадриж кузатилса, бошдаги ўта кескин синфийликнинг аста сусайиб боришига амин бўламиз. Достон ва либреттода меҳнаткашларнинг бари — ватан озодлиги учун курашчилар, маҳаллий бойлар, амалдорлар, руҳонийлар — бари мўғулларнинг иттифоқчилари қилиб кўрсатилган эди. Эпик кўлам кенгайган «Ғалвирчи»га Хонботир образи киритилган. Маҳбубий томонидан юборилган бу собиқ шаҳзодага Торобий ўзини кўп ҳам яқин олмаганидек, бошқа қўзғолончилар ҳам ундан бироз ётсираб турадилар. Хонботир — исмига монанд ботир, жасур йигит, унинг юраги мўғулларга нисбатан ўч, интиқом ҳисси билан тўлиқ. Бироқ у Торобийнинг кейинги сиёсатига — бойлар, савдогарлар, амалдорлар мулкининг мусодара, ўзларининг қувғин қилинишларига қўшилмайди. Гарчи Хонботирнинг қўшилмаслик сабабини унинг тахт илинжида эканлиги билан изоҳлайдиган ўринлар бўлса-да, талқиннинг қандай якун топиши бизга қоронғу. «Щит народа»да эса талқин ўзгачароқ: Ўрхонбек билан Торобий тасодифан учрашадилар, уларни мўғулларга нисбатан нафрат, мустамлакачиларга қарши курашиш мақсади бирлаштиради, дўст қилади. Ўрхонбек курашда мардлигу жасорат, дўстликда садоқат кўрсатади. Бироқ Торобийнинг кейинги сиёсатига қўшилолмайди, у билан видолашиб, яна дарбадар ҳаётига қайтади.

Фикримизча, замонаси ва замонадаги ўзини англаш эҳтиёжи билан Торобий мавзусига қайтган Ойбек руҳиятидаги ички зиддият «синфийлик» масаласи билан чамбарчас боғлиқ эди. Адиб тарих билан жонли мулоқот жараёнида ўзи ишонган ғояни ҳам, инғқилобга муносабатини ҳам қайта кўриб чиқиш имконига эга бўлди. Юқорида кўрдикки, у синфийлик масаласига-да ўзгача ёндашишга интилди, лекин адиб бу масалада тугал фикр, хулосага келишга, ички зиддиятни бир тараф ҳал қилишга ҳали тайёр эмас эди. Асарнинг тугалланмай қолгани ҳам шундан, — муаллифнинг ўзак масалада тугал фикрга келолмагани, ўзининг замонаси ҳақидаги яхлит концепциясини тўла шакллантира олмаганида бўлса, эҳтимол. Бу фикримизни «Қутлуғ қон» мисолида ҳам қувватлашимиз мумкиндек кўринади бизга. 30-йиллар адоғида, жамият ҳаётидаги мудҳиш ҳодисалар шоҳиди бўлган, қатағоннинг мудҳиш нафасини ҳар лаҳза туйиб турган Ойбекнинг социализм ғояларига ишончи дарз кетиши табиий эди. Айни шу хил руҳий ҳолатда у инқилоб арафасидаги Туркистон воқелигини қаламга олиб, юртининг яқин ўтмишдаги тараққиёт йўлини бадиий таҳлил қилди: ўзи қаламга олган даврда ҳақиқатан ҳам тублик ўзгариш зарур бўлганига, бу ўзгаришни меҳнаткаш халқ амалга ошириши мумкин бўлганига қайтадан имон келтирди. Бироқ Ойбек инқилобнинг натижаларидан, 30-йилларда шўро олиб борган сиёсатдан қониқолмас эди. Шу зиддият боис ҳам у «Қутлуғ қон»га 1916 йил воқеалари билан нуқта қўйди, инқилобни тасвирламади, унга муносабатини ифодаламади. Фақат 1957 йилга келиб, борки иллатларни Сталин шахсига ағдариш орқали ўлаёзган ғояга сунъий нафас берилгач, Ойбек романнинг мантиқий давоми — «Улуғ йўл»ни ёзишга жазм эта олди...

Ҳа, Торобий мавзусидаги ҳар икки асар ҳам тугалланмай қолди. Албатта, Ойбекдек улкан истеъдод учун муфассал режалари-да тузиб қўйилган пьесани тугаллаш чўт эмас эди. Асарнинг тугалланмай қолиш сабабини юқорида ички зиддият билан изоҳладик. Борингки, бунга кўриб ўтганимиздек талқинлар имкони мавжуд асарнинг дунё юзини кўриши маҳоллигини ҳам қўшайлик. Шунда ҳам, бунинг асосий сабаби, бизнингча, Ойбекнинг ўта ҳалол адиблиги — ижодкор ўзи ростмана англаган ҳислари-ю қалб қозонида обдон қайнаган фикрларини, ўзи илдиз моҳиятига етиб борган ҳақиқатларнигина ифодалаши лозим, деган эътиқодда яшагани билан изоҳланади.

2003 йил

Душманни танитган дўст

«Ўтган кунлар» романига киритилган уста Алим ҳикояси ҳақида жуда кўп фикр билдирилган. Умуман, сюжет ривожида, ундаги қисмларнинг ўзаро мантиқий боғланишида, халқ оғзаки ижоди ва мумтоз эпик традицияга хос «дўст» тимсолининг олиб кирилишида уста Алим образининг ўрни катта эканлиги, шубҳасиз. Бизни бошқа масала, АҚодирийдек мутафаккир инсон айрича аҳамият билан чизган ушбу образнинг роман бадиий фалсафасини, адибнинг давр концепциясини ифодалашдаги роли кўпроқ қизиқтиради...

А.Қодирий ўзининг ижодий сажияси, характер хусусиятлари билан, масалан, Чўлпондан ёхуд Фитратдан жиддий фарқ қилади. Агар Чўлпон билан Фитрат 20-йилларнинг ўрталаригача қайноқ ижтимоий фаолият билан машғул бўлганларини, А.Қодирий эса, аввало, улар сингари қайноқ фаолиятда бўлмагани ва тез орада ундан тамом четланганини эътиборга олсак, бу фарқ яққол кўзга ташланади. Айтмоқчимизки, Чўлпон билан Фитрат ижтимоий жараён ичида яшаган бўлсалар, ижтимоий жараён А.Қодирийнинг ичида яшаган. А.Қодирий ижодий эволюциясида воиздан санъаткорга айланиш жараёни нисбатан эртароқ бошлангани, 20-йиллар аввалидаёқ «Ўтган кунлар»дек санъат асарини дунёга келтира олгани ҳам бунинг далилидир. А.Қодирий табиатан «фаолият кишиси»(«деятель») эмас, кўпроқ «мушоҳада кишиси»(созерцатель») эдики, фитратидаги шу хусусият туфайлигина замонаси унинг учун бошқаларга нисбатан эртароқ эстетик объектга айланди...

Туғма санъаткор (бўлиб ҳам яна «мушоҳада кишиси» бўлса) кишиларда консервативлик хусусияти устунроқ келади. Гарчи «консерватизм» сўзи ўтган инқилоблар асрида бирмунча салбий мазмун касб этган бўлса-да, аслида, яхши маънодаги консервативлик тараққиётда жуда муҳим — у эскилик билан янгиликни обдон қиёслашни, уларнинг барча мусбат ва манфий жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда ҳаракат қилишни, аста-секинлик билан олға силжишни кўзда тутади. Фикримизча, «Ўтган кунлар»да янги давр кишиси сифатида тақдим этилган Отабек билан эскича типдаги одам — уста Алим бир-бирига зид қўйилган. Албатта, ички зиддиятнинг мавжудлиги улар орасидаги ташқи мустаҳкам алоқани, яъни, уларнинг жуда қадрдон эканлигини инкор қилмайди. Негаки, биз назарда тутаётган зиддият диалектик тушунчадаги, бутуннинг ичидаги зиддиятлар бирлигидир.

Жадидчилик, маълум маънода, моддиюнчилик ҳам эди. Жиллақурса, инсон жамиятни ўзгартира олади, инсонни ўзгартириш орқали жамиятни ўзгартириш мумкин, деган ғоя ёхуд Муҳаммадиёр(Чўлпон), Олимжон(Ҳамза) сингари образлар талқинидан келиб чиқувчи инсон ўз тақдирини ўзи яратади, тарзидаги қарашлар зимнида моддиюнчилик излари сезилади. Ҳа, ўтган аср бошларида юзага келган шароит жамиятдаги шахс мақомини ўзгартирди, шахсни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан фаоллаштирди, янгича, юқорида айтганимизча фикрлайдиган одамларни майдонга чиқарди. Бу одамлар ўзгарган ижтимоий шароитда шахснинг жамиятдаги ўрни, маиший аҳволи, келажаги кўп жиҳатдан унинг ўзига — ақл-идроки, тадбиркорлигию омилкорлигига боғилқ бўлиб қолаётганини тобора теран ҳис этдиларки, бу нарса тафаккур тарзининг ўзгаришига олиб келди. А.Қодирий талқинидаги Отабек янгича фикрловчи кишиларнинг қалдирғоч вакилларидан, дейиш мумкин. Отабек янгиликларни, ўзгаришларни қўмсаб яшаётган, ўзгаришлар ясашни орзу қилиб юрган одам. Унинг акси ўлароқ, уста Алимнинг ҳаёт тарзи, фикрлаш тарзи ўзгача — худодан тилаб кундалик меҳнатини қилаверади ва бунга сари турмуши изга тушиб браверади...

Отабек — «хон қизига лойиқ йигит» эканлиги шубҳасиз, буни марғилонлик ота қадрдонлари мажлиси ҳам якдил эътироф этади ва, ҳатто, илк учрашувдаёқ унинг тимсолида кучли рақибни кўролган Ҳомид ҳам буни ошкор тан олмаса-да, ичдан ҳис қилади. Муҳими, Отабек — ўз баҳосини биладиган йигит, ўз қадрини баланд қўядиган йигит. Шу боис ҳам, гарчи Раҳмат билан суҳбатда «эр ҳам хотинга мувофиқуттабъ» бўлиши лозимлигини айтса-да, амалдагиси тилидагидан бошқа бўлди — Кумушнинг тўй олдидаги изтироблари шундан. Хўп, буни Ҳасаналининг воқеалар ривожини тезлатиб юборгани, бемаслаҳат совчилиги-ю Отабекнинг бехабар қолганига йўяйлик. Бироқ фикримизни қувватловчи бошқа бир нуқта ҳам бор: Ҳасанали совчиликдан сўнг «қутлуғ бўлсин» қилганида уни ташвишга солгани «қайси қизига?» деган савол бўлди, холос. Тўғри, у бир муддат шошиб қолди, лекин гап ўзига муносиб қиз ҳақида эканлигини билгач, «тусида хурсанд ва хафалиги мажҳул бир ҳолат бор эди. Унашиш масаласига қарши тушмаганидек, сўйинчини ҳам ошкор қилмади...» Кўрамизки, Отабек буни нормал ҳодисадек қабул қилди, бу эса унинг ўзига баҳоси, эътимоди баландлигидан нишонадир.

Қизиғи, шунга ўхшаш вазиятга уста Алим ҳикоясида ҳам дуч келамиз. Фақат, уста Алим учун Саодат — мўъжиза, холиқнинг ажиб мўъжизаси. Шу боис узоқ вақт Саодатга оғиз солишга ботинмайди: «Саодатдек қизга уйланиш бахтига эришмакни ўзимга тасаввур қилолмасдим» дейди. Устанинг совчисини кутиб турганидаги ҳолати ҳам буни қувватлаб тушади: «тинчий олмадим, ишка қўлим бормас ва бир жойда тўхтаб туролмас, у ердан туриб бу ерга ўлтирар, минг турлик хаёл билан довдир сифатига кирган эдим ...<...> бир-икки бора Саодатлар эшиги ёниға бориб келдим <...> совчим чиқибо қолди-ку: юрагим орқамға тортиб кетди ва олдиғга тушиб юрий бердим, чунки совчиға учрашиб ҳақиқатни онглаш ҳам менга душвор келған эди». Совчининг севинчли хабаридан сўнг эса «жиқ тўлган кўз ёшларимдан ҳам уялиб турмадим», дейди. Отабекдан фарқ қилароқ, уста Алим учун Саодатга етишмоқ — Алоҳнинг инояти, «жиқ тўлган» ёшлар — шукроналик ифодаси.

Эътиборли жиҳати шуки, уста Алим ҳикоясини эшитган Отабек беихтиёр ўзини мезбони билан қиёслай бошлайди, бу эса, фикримизча, адибнинг сизу бизга ишораси, қиёслаб кўришга даъвати. Қиёслаб кўрайлик. Уста Алимнинг ҳикояси меҳмонини лол қолдиргани шунчаларки, у «қаршисидаги ерга сингибгина ётқан мужассам ишқдан кўз узолмай бошлади. Устанинг мозийсида эмас, ҳолида улуғ бир маъно кўрар эди. Аммо унинг истиқболида бир бўшлиқдан ўзга ҳеч гап учрата олмаса-да, яна улуғ бир маъно кўргандек бўлар эди». Хўш, устанинг «ҳолида улуғ бир маъно» кўрган Отабекка «бир бўшлиқ» бўлиб кўринган ва, шунга қарамай, «яна улуғ бир маъно» касб этаётган истиқболи қандай? Уста Алимнинг сўнг сўзларини эсласак, бунга жавоб топамиз: «Эндиги ўйлаганим фақат қайнимни уйлантириш, сўнгра... сўнгра юзни ёруқ қилиб Саодат қучоғига кириш...» Бизнингча, мазкур жумлага икки турли маъно юкланган. Сиртдагиси, уста Алим ёруғ дунёдаги вазифаларини тўкис адо этиб, маҳшар куни ёруғ юз-ла Саодат дийдорига етишмоқ орзусида. Тубдагиси, эҳтимол, адиб учун муҳимроғи ҳам шудир, — фоний дунё саодати унинг ўзи каби ўткинчи, инсон фақат ўзига тақдир қилинган вазифаларни сидқидилдан адо этгачгина боқий саодатга эриша олади, тарзидаги шарқона фалсафа. Эътибор беринг: уста Алим «ўлмоқ» демайди, «омонатни топширмоқ» демайди — «саодат қучоғига кирмоқ» деб айтади. Фоний дунёда насиб бўлмиш саодатни Аллоҳнинг инояти дебгина тушунган ва унинг боқий дунёдаги саодатидан умидвор одамгина шу хил ўйлай олади. Эҳтимол шундандир, Қаноатшоҳ мактубида «Отабек яна бир киши билан <...> биринчи сафимизни олди <...> шаҳид бўлди» дейилади, бирон бир жойда уста Алим дейилмайди, шунга қарамай ўша «бир киши»нинг Уста Алим эканлигига шубҳа қилгувчи одам топилмайди. Зеро, уста Алим учун бу ҳам боқий «саодат қучоғига кириш» йўлидаги яна бир қадамдир...

Мавзудан бироз четладик, яна Отабек мушоҳадаларига қайтсак. Отабек «ўз истиқболини шу устаники қабилидан кўрмакчи» бўлади, лекин бунга «бир «ўлди» сўзи етишмайди». Чуқурроқ мулоҳаза қилгач эса, ҳатто ўша етишмаётган «ўлди» сўзини қўшқан билан ҳам уста Алим бўлиш қийинлиғини онглай бошлади». Хўш, бунга нима монелик қилади? Отабекнинг изоҳи шундай: у «Кумуш томонидан сўкилған ва ташланған эди. Ҳолбуки, Саодат сўкмаган ва ташламаган <...> уста Алим қайин отаси томонидан шайвонча қувланмаган... ва қайин ота томонидан куяв йўлига тузоқ қўйилиб, Саодатни чиқариб олиш фикрига тушилмаган, яъни ораға шайтанат ораламаған...» Орага шайтанат оралагани бор гап. Бироқ шуниси эътиборлики, бу ўринда «шайтанат» сўзига Отабек бир турли, ўқувчи бошқа бир турли, муаллиф тағин бир турли мазмун беради. Табиийки, сюжет воқеаларини кузатиб келаётган ўқувчи учун «шайтанат» — Ҳомид ва унинг ҳамтовоқлари. Ҳомид найрангларидан бехабар Отабек наздида эса «шайтанат» қайнотасининг дилига оралаган: иккинчи уйланишига рози бўлгани, тўйни ўз қўли билан ўтказиб келиши ҳам шундан. Хўш, муаллиф-чи, у қандай мазмун юклайди бу сўзга? Адиб қаҳрамони чиқарган хулоса ҳақида «сўнгги фикрни ул ўйламаған жойдан илҳом қабилидан тўқиб олғон эди» деб ёзади. Яъни, Отабекнинг миясига ўринлашиб олиб то сир очилгунга қадар тарк этмаган фикрни адиб «тўқиб олинғон» деб айтади. Бошқача айтсак, «шайтанат», аввало, Отабекнинг хаёлини забт этган эди. Хўш, нима учун Отабекдек йигит «шайтанат»га бўй берди? Бунинг сабаби яна унинг ўзига берган баҳоси, ўзига эътимоди юксаклигида. Қутидор томонидан хайдалган Отабекнинг нафси оғринди, оғиринган нафс «шайтанат»га хотир қалъасини очиб берди. Ўзини камситилган ҳисоблаган Отабекнинг «юраги болаларини учириб кетган каррукнинг уясидек бўб-бўш» эди, дейди ёзади адиб. Тўғри, унинг Кумушга бўлган муҳаббати йўқолмади, лекин оғринган нафс уни буткул исканжага олган — фалажлантириб қўйган эди. Кейинроқ оқила Кумушбиби хатида «икки йил бўйи Марғилонга келиб юришларингизни мен ўзимча ешдим, лекин топиб ешдим: сизнинг барча машаққатларингиз — душманларингиздан ўч олиш бўлғонини онгладим. Йўқса мени кўрар эдингиз...» деб ёзганида қисмангина ҳақ эди. Қисман дейишимизнинг боиси, душманларидан ўч олиш истаги Отабекда икки йиллик саргардонликнинг сўнгги кунларида, душманини таниб олганидан сўнггина пайдо бўлди. Кумушнинг ўпка қилганича бор: ахир, Отабек у билан учрашиш, муносабатларни ойдинлаштириш пайидан бўлмади-да! Хўш, унда икки йиллаб саргардон юришдан муддао не эди? Бу савол бир Кумушни эмас, Мирзакарим қутидорни ҳам, Юсуфбек ҳожини ҳам таажжубга солиши бежиз эмас.

Хўп, «сир очилди», Отабек душманларидан ўч олди, уста Алим айтмоқчи, «уларнинг тотиқларини хўб боплаб берди». Тақдирнинг ўйинини қарангки, у Отабекни уста Алимга дўст қилди, шунинг шарофатидан унга душманини танитди. Хўш, Отабек бундан тегишлича хулоса чиқаролдими? Фикримизча, йўқ. У ҳамон бўлиб ўтган ишларда тақдирнинг қўлини эмас, ўзини, ўзининг саъй-ҳаракатини олдинга қўяди. Хайрихоҳ қотил хабарини Қутидорга етказаркан, уста Алим «Ҳаммаси ҳам тақдирнинг иши, амак, бу орада сиз билан маним ҳеч бир ихтиёримиз йўқ» дея унга таскин беради. Қутидорнинг «Мендан ўзи хафа бўлған бўлса, ораға киши қўйса ҳам бўлар эди» деган ҳақли таажжубига жавобан уста Алим дўстининг «Ўзимға ишонмаған киши, киши сўзиға кирармиди» қабилидаги андишасини омонат етказса, Юсуфбек ҳожининг «шунча муддатдан бери нега мени хабардор қилмадинг?» деган саволига Отабек «мени шу вартага ташлаган дўстларимдан кўмак сўраш маъқул кўринмади» дея жавоб беради. Эътибор беринг: ҳар икки ҳолда ҳам «мен» олдинга чиқиб, бўртиб туради. Беихтиёр ўйлаб қоласан: Отабек учун юзага келган чигалликни ҳал қилиш муҳимроқмиди ё оғринган нафсни қондиришми? Бунга аниқ ва қатъий бир жавоб айтиш мушкул кўринади. Негаки, нафснинг оғрингани шунчаларки, уста Алимнинг айтишича, Отабек қутидорнинг қизи бўлгани учун «суйган хотинидан ҳам кечмакка қарор берган». Тақдирнинг тасодифи боисгина Отабек душманини таниди, нафсини қондирган ҳолда чигалликни ҳам ҳал қилиш имконига эга бўлди. Унинг қутидорга ёзган хатидаги биргина «хайдалган» сўзи, Кумушга аталган мактубдаги тафсилотлар зимнида ўша қониқиш ҳисси сезилиб туради...

Ҳар икки қаҳрамон севги қиссаларининг бирдек фоже якун топиши бунда атайинлик моменти, яъни, қиёслаш ва қиёслашга ундаш бор дейишимизга асос беради. Уста Алим Саодатга етишувини Аллоҳнинг инояти деб билди, ундан айрилганида сўнгсиз изтироб чекди, кўзларидан шашқатор ёшлар оқизди. Тақдири илоҳийга кўнмай илож борми — кўнди, «ҳолида улуғ бир маъно»ю юрагида чўнг армон, хаёлида «Саодат қучоғига кирмоқ» орзуси билан яшади. Шу боис ҳам унинг изтироби кишини юксалтиради, кўз ёшлари тозартиради, армони нурга йўғрилган. Отабек Кумушга етиш бахтини тақдирдан демаганидек, ундан айрилишини ҳам тақдирдан билмади: унинг-да юрагида чўнг армон бор-у — нурдан мосуво, унинг юрагида нурнинг ўрнини задалик, аччиқланиш, нафрат эгаллади. Шу боис ҳам: «Қутидор видоълашиб аравага чиқғанда кўча тарафдан Отабек кела берди, келиб отнинг жиловини ушлади ва от устига минган Ҳасаналига — «тушинг отдан!» деди. Ҳасанали отдан тушди. Отабек ирғиб отқа минди ва қутидордан сўради:

— Отни ҳайдайми?..» Шу кетганича бир йилдан сўнггина Тошкентга келди, ота-она «оғиз очиб ундан ранжий олмадилар <...> На отаси ва онаси билан очилиб сўзлашмади <...> Бундан сўнг Отабек Тошкандга қайтиб келмади, бир неча қайта Ўзбек ойимнинг ўзи Марғилон бориб келди...» Зарда кимга эди? Аччиқ кимга эди? Ота-онагами ва ё тақдирга?.. Мағфиратли Алллоҳнинг бандасидаги бунчалар кину кечирмаслик нимадан?.. Бундан-да «шайтанат» нафаси уфурмайдими?!.. Калтакнинг бир учи ЎЗИга тегаркан, иккинчи учи калтак кўтарганга тегмайдими?..

Сўзимиз аввалида уста Алим ҳикояси адибнинг давр концепциясини ифодалашда муҳимлигини айтгандик. А.Қодирий ўз давридаги, давр кишиларидаги ўзгаришларни мушоҳада қилиб, ўзининг ақл-идрокию кучига ишонган янгича фикрловчи одам ҳам, эскича фикрловчи одам ҳам номукаммал деб билди. Икки ёрти бир бутун демоқчидек, иккисини қадрдон, ҳаммаслак, қисматдош қилди ва охирида иккисини «қўшиннинг олдинги сафи»га қўйди. Яхши маънодаги консерватизм шудир. Зеро, биз ўтган аср адоғида инсонга сиғиниб, инсонларга — фирқага сиғиниб яшаган одамларнинг руҳан синганига, қалблари «болаларини учириб кетган каррук уясидек бўб-бўш» хувиллаб қолганию бу бўшлиқни нафрату норозилик эгаллаганига гувоҳ бўлдик. Уста Алим ҳикоясининг киритилиши гўё шундан башорат, буюк санъаткор дилига ғойибдан солинган ҳақиқатнинг ифодаси эди.

2004 йил

Романнинг янги умри

(профессор У.Норматов билан суҳбат)

Д.Қуронов: - Ҳурматли домла, мана, ХХ аср ҳам поёнига етди. Ниҳояланаётган аср адабиётимиз учун улкан бурилишлар, ўзгариш, янгиланиш даври бўлганлиги шубҳасиз. Миллий адабиётимиз ХХ асрда янгиланиш йўлига, жаҳон адабиёти тараққиётининг бош ўзанига ўтиб олганлиги маълум. Аср сарҳисоби бошланган экан, адабиётшунослик олдида миллий адабиётимизнинг тарққиёт йўлини тадқиқ этиш, ундаги бурилишлар, ривожланиш ва депсанишларнинг илдизларини очиб бериш вазифаси турибдики, назарий асосда умумлаштирилган ютуқлар адабиётимизнинг янги асрдаги тараққиётга асос, йўқотишлар сабоқ бўлмоғи лозимдир. Албатта, бу мақсадга эришиш учун йирик фундаментал тадқиқотларни амалга ошириш зарур бўлади. Биз даъвони кичикроқ олиб, масаланинг муҳим бир қисми - миллий романчилигимиз, хусусан, унинг истиқлол йилларидаги тараққиёти ҳусусиятлари ҳақида фикрлашсак. Домла, сизнингча бу давр ўзбек романчилигидаги энг муҳим хусусиятлар, ўзгаришлар, тамойиллар нималарда кўринади?

У.Норматов: - 80-йиллар ўрталаридан юз берган жамият ижтимоий-сиёсий ҳаёти, маънавиятидаги кескин ўзгариш, эврилишлар туфайли аср давомида шаклланган янги ўзбек адабиёти ривожида, барча адабий тур, жанрларда туб янгиланиш жараёни бошланди. Истиқлол йилларида эса бу жараён изчил тус олди. Энг асосийси, бу даврга келиб чинакам фикр эркинлиги, хилма-хил мафкуравий, ижодий-эстетик оқимлар, адабий мактабларнинг шаклланиши учун замин ҳозирланди. Биласиз, мустабид тузум даврида ҳам адабиётнинг бойлиги, ундаги хилма-хиллик ҳақида кўп гапирилар эди. Бироқ ранг-баранглик, хилма-хилликни марксизм-ленинизм мафкураси, социалистик реализм доирасида тушунилар, бундай дунёқараш, методдан салгина четга чиқиш катта гуноҳ саналарди. Ранг-баранглик, хилма-хиллик деганда асосан шакл, услуб, нари борса услубий оқимлар хилма-хиллиги тушунилар, социалистик ақидалар қолипига тушмайдиган жамики қараш, талқинлар марксизмга зид тамойиллар сифатида қатъиян рад этилар эди. Етмиш йил давомида ижтимоий-сиёсий, маънавий ҳаётнинг ҳамма жабҳаларини, миллат онгини забт этиб ўз йўриғига юришга мажбур этган ҳукмрон мафкура емирилгач, бизнинг миллий адабиётимизда ҳам фалсафий-эстетик жиҳатдан ранг-баранг, хилма-хил йўналишга мансуб асарлар, жумладан романлар пайдо бўла бошлади. Чунончи, 90-йиллари моддий дунё қонуниятларига, тарихийлик, ижтимоий таҳлил мезонларига қатъий амал қиладиган анъанавий реализм билан баробар диний-исломий талқин устивор қатор асарлар майдонга келди. Шахсни фақат ижтимоий муносабатлар маҳсули эмас, кўпроқ илоҳий, туғма-табиий, сирли-сеҳрли мавжудот тарзида кўрсатувчи, унинг ижтимоий-тарихий шароит — тузум, давлат, сиёсат, мафкурага бўйсунмайдиган ғаройиб туйғу, хислатларини бадиий тадқиқ этувчи, экзистенциализм фалсафасига таянувчи, аниқроғи, шундай талқинларни ўз ичига олувчи романлар ҳам яратила бошлади. Бу фоний дунёнинг омонат, таги пуч ғояларига алданган шахс умрининг, меҳнатининг бемаънилигини қабариқ тарзда, кўпинча рамзий–мажозий тимсоллар воситасида бутун кескинлиги, фожиаси билан очиб берувчи абсурд асарлар, абсурд қаҳрамонлар хийла кўпайди. 90-йиллари деярли барча тур, жанрларда бўлгани каби ўзбек романчилигида модернизмнинг қарор топиши, муайян миллий адабий анъана тусини олиши даври бўлди. Аср поёнига келиб ўзбек танқидчилиги ва адабиётшунослигида модернизм ва анъанавийлик теварагида қизғин мунозаралар бошланиши тасодифий эмас. Бу ҳол адабий жараённинг ўзида юз берган туб янгиланишларнинг адабий жамоатчилик руҳиятидаги, кайфиятидаги акс¬¬–садосидир.

60-80-йиллар давомида миллий романчилигимизда аср кишисининг машаққатли умр йўли, тақдири ҳақида ҳикоя қилиш, қисмати, ҳаётий тажрибаларидан сабоқ чиқаришга интилишдан иборат бир анъана шаклланган эди. А.Мухторнинг «Давр менинг тақдиримда», «Чинор», Мирмухсиннинг «Дегрез ўғли», Шуҳратнинг «Олтин зангламас», О.Ёқубовнинг «Диёнат», «Оққушлар, оппоқ қушлар», Ў.Ҳошимовнинг «Икки эшик ораси» романлари айни шу муштарак жиҳатлари билан ўзига хос туркумни ташкил этади. Бу асарлар шўро даври ҳаётининг салбий жиҳатларини, ички зиддиятларини, адолатсизлик ва шафқатсизликларини дадил кўтариб чиққанлиги билан ўз даврида жамоатчилик эътиборини тортган, катта қизиқиш уйғотган эди. Бироқ бу асарларда ҳали бутун бошли ижтимоий тузумнинг, шу тузум учун ҳаётини тиккан шахс фаолиятининг фожиали илдизларини таг–туги билан очиб бериш етишмайди. Бизнинг шароитимизда улардан буни кутиш ўринсиз. 80-йиллар охирларига келиб аср одамлари умри ва фаолиятининг бемаънилигини ўзига хос тарзда дадил ва яққол акс эттирувчи бир роман дунё юзини кўрди. Бу Мурод Муҳаммад Дўстнинг «Лолазор»идир. «Лолазор» орқали ўзбек романчилиги, қолаверса миллий адабиётимизга абсурд туйғуси ва ғояси кириб келди. Роман бутун умри пуч ғоялар асосида юртни лолазорга — бўстонга айлантириш орзусида ўтган одамнинг, адашган, алданган кишиларнинг аянчли қисмати ҳақида баҳс этади. Истиқлолдан анча бурун роман муаллифи ўз қаҳрамонлари таянган ақидалар абсурд — маънисиз, ўлимга маҳкум эканини фавқулодда бир маҳорат билан очади; бутун бошли йирик роман саҳифаларида мавж уриб турган ажиб бир поэтик оҳанг — киноя-кесатиқлар орқали ўзининг бадиий ҳукмини ўқийди.

«Лолазор»да намоён бўлган абсурд туйғуси ва ғояси 90-йиллар бошларида бирин-кетин эълон этилган эпик асарлар — Ў.Ҳошимовнинг «Тушда кечган умрлар», Ш.Холмирзаевнинг «Олабўжи», Т.Муроднинг «Отамдан қолган далалар», О.Ёқубовнинг «Адолат манзили» ва, ниҳоят, О.Мухторнинг «Минг бир қиёфа»дан бошланган янги туркум романларида турли-туман кўринишларда изчил давом этди...

Д.Қуронов: - Домла, кечирасиз, фикрингизни бўламан. Адабиётимиздаги, хусусан, ёшлар ижодидаги изланишларга хайрихоҳлигингиз кўпчиликка маълум, ишонаманки, бу нарса ёшлар томонидан тегишлича қадраланади ҳам. Айни пайтда, буни «модерн услубида ёзилган асарлар ҳақида сўз юритганда асл моҳиятига етмай маҳлиё бўлиш» сифатида баҳоловчилар ҳам йўқ эмас. Албатта, мазкур масала юзасидан кескин баҳслар кечаётган бир пайтда шундай бўлиши табиий ҳам. Нима бўлганда ҳам, кейинги вақтдаги чиқишларингизда, суҳбатларингизда «абсурд туйғуси», «абсурд асар» каби тушунчаларни бот-бот ишлатасиз. Шу масалага мавзумиз доирасида кенгроқ тўхталсангиз

У.Норматов: Албатта, юқоридаги романларнинг фазилати, аҳамияти фақат тоталитар режим танқиди, адашган, алданган шахслар умрининг бемаъни — абсурддан иборат эканини очиб берганлиги билангина чекланмайди. Ҳозирги жаҳон адабиётшунослигида бадиий асар қиммати, даражаси биринчи галда унда ҳаёт ва шахснинг янгича концепцияси ҳамда бадиий талқини, ифодасига қараб белигланади. Шу юксак умумбашарий адабий-бадиий мезонлар асосида ёндашиладиган бўлса, Ў.Ҳошимовнинг «Тушда кечган умрлар» романи 90-йиллар ўзбек адабиётидаги жиддий воқеа, муҳим янгиликдир. Бир қарашда роман янги ўзбек адабиётида муайян анъанага айланиб қолган мавзу-муаммолар — мустабид тузум танқиди, афғон уруши, «ўзбеклар иши» қурбонлари ҳақида баҳс этади. Бироқ бадиий асарда, хусусан, романда ёзувчининг янги сўзи у яратган жонли ва кўламли шахслар тимсоли орқали гавдаланади. «Тушда кечган умрлар» романидаги талай персонажлар, хусусан, икки ёрқин қаҳрамон — Рустам ва Комиссар образларини ёзувчининг бугунги адабиётимиздаги янги сўзи, бадиий кашфиёти деса бўлади.

Рустам — фожеий шахс. Катта ҳаётга эндигина кириб келаётган, она юртнинг етук бир фарзанди, содиқ фуқароси бўлиши, эл-юрт учун кўп ишлар қилиши, севгилиси васлига эришиб бахтли ҳаёт кечириши мумкин бўлган бу навқирон ўғлон умри ўн гулидан бири ҳам очилмай туриб хазонга айланади. Унинг ҳаётини мустабид тузум, тоталитар режим сиёсатини юргизганлар, афғон урушини бошлаганлар, «ўзбеклар иши», «пахта иши» можаросини ўйлаб топган ғаламислар завол этади. Рустам ҳалокати мана шу мудҳиш сиёсатга зўр бир айбнома каби янграйди.

Биламизки, ҳар қандай салмоқдор, эзгу ғоя санъаткорона ифодасини топган тақдирдагина қудратли куч касб этади, асар ғояси эса ўқувчи қалбини асир этадиган яхлит сирли-сеҳрли тасвир оҳанги орқали пафосга айланади. «Тушда кечган умрлар» романи «Куз ўлим тўшагида ётган беморга ўхшайди» сўзлари билан бошланади. Илк жумладаги мана шу маъюс, мунгли оҳанг асар давомида товланиб, гоҳ сокин, гоҳ шиддатли тус олиб вужуд-вужудингизни қамраб олади. Асар қаҳрамони қисмати бошдаги ўша мунгли сўзлар билан интиҳосига етади. «Куз ўлим тўшагида ётган беморга ўхшайди» жумласи фақат қаҳрамон қисматидагина эмас, асарда акс этган давр, муҳит, жамиятга ҳам дахлдор — дарҳақиқат, ўша йиллари жамият бамисоли ўлим тўшагида ётган бемордек талвасада. Ўзбек адабиётида бу қадар маъюс, мунгли романни ҳозиргача ўқимаган эдик. Роман бу жиҳатдан Ҳазат Навоийнинг энг хазин, мунгли достони «Лайли ва Мажнун»ни ёдга солади. Достонни ўқиётиб сиз Лайли билан Мажнун бу фоний дунёдан бахт тополмаслигини, чексиз ғам-андуҳлардан фақат ўлиб қутулишлари мумкинлигини ҳис этиб турасиз. «Тушда кечган умрлар» романида ўзгача давр, ўзгача вазият, муаммо, можаролар. Бироқ бош қаҳрамон бошига тушган савдолардан қутулиш йўли ўша — Рустам типидаги ориятли, виждонли йигитни бу мудҳиш кўргуликлардан ўлимгина мосуво этади. Менимча, чуқурроқ карасак, Рустам образи талқинида экзистенциализм фалсафасининг таъсири сезилади...

Д.Қуронов: - Дарҳақиқат, агар «Тушда кечган умрлар» романини экзистенциализм нуқтаи назаридан тушунмоқчи бўлсак, Рустам образи талқинида ўзига тамомила «бегона дунё»да, ўзига «душман дунё»да яшаган шахс фожиасини кўрамиз. Рустам ўзи яшаётган дунёда ўзини мутлақ «бегона» ҳис қилади, ўз дунёсидан мантиқ, ҳаётидан маъни тополмай қолдики, айни шу шароитда унинг қаршисида «ҳаёт яшаб ўтишга арзийдими?» қабилидаги абсурдга хос савол кўндаланг бўлди. Абсурд фалсафасининг отаси Камю: «Инсон онгидан ташқарида абсурд мавжуд эмас. Унинг ўлими билан, бошқа барча нарсалар каби, абсурд ҳам йўқ бўлади»,- деб ёзади. Айни пайтда, Камю инсоннинг ихтиёрий ҳаётдан кетишини ҳам ёқламайди, аксинча, унинг талқинида «исён ўлим эмас, ҳаёт манбаидир. Унинг туб моҳияти — вайронкорлик эмас, бунёдкорлик мантиқидир». Яъни, инсоннинг исёни воқеликни ўзгартиришга, тартибсизликни (хаос) уйғун тартибга (гармония) келтиришга қаратилиши лозим. Шу билан бирга, Камю — пессисмист, дунёни муайян тартибга, бир пайтлар маърифатчилар ўйлагандек инсон уни «ақлга мувофиқ ҳолга келтира олишига» ишонмайди (аслида, модернизм дунёқараш сифатида маърифатчиликнинг тўла инкори бўлиб майдонга келган). Демак, Камю талқинидаги инсон мавжудлигининг шарти бўлмиш «исён» ҳам аввалбошдан абсурд — сизиф машаққатидан ўзга эмас, у инсоннинг ўзи учунгина керак, унинг ўз ҳаётида маъни бор деб ўйлаши учун алдов, холос. Айни шу ўринда «Тушда кечган умрлар»даги ва Камю талқинидаги «абсурд» орасида улкан фарқ мавжудлиги кўзга ташланади. Ў.Ҳошимов умидворлик ҳиссидан мосуво эмас, унинг учун «абсурд воқелик» жамият тараққиётидаги бир босқич, «абсурд туйғуси» шу босқичда йўлсизликдан қийналаётган шахс дунёқараши, кайфиятидаги муваққат ҳолат. Камю учун эса, маълумки, абсурд — универсал ҳодиса, у абсурд тушунчасини инсониятнинг тонгидан шомига қадар, азалдан абадга қадар тадбиқ этади...

Домла, ҳозир мавриди келиб қолди, шу ўринда адабиётшунослигимиздаги модернизм масаласидаги сўнгги баҳсни эслагим келади. Хусусан, унда адабиётшунос С.Мели: «модерний йўл ... инсоният бадиий тафаккурини чуқурлаштиришда, инсон руҳияти пучмоқларига кириб боришда муайян ютуқларга эришди» деркан, Ғарбнинг қатор адиблари «модернизмнинг талай ютуқларини реалистик тасвир доирасига олиб кириб, катта бадиий кашфиётларга эришган»лигини таъкидлайди. Назаримда, Ў.Ҳошимов ҳам айни шу йўлдан борди, у ғарб адабиётига хос жиҳатларни ижодий ўзлаштирди. Модернизмга хос хусусиятлар миллий-адабий анъаналар заминида ижодий ўзлашгани учун ҳам «Тушда кечган умрлар» ҳақида сўз борганда муаллифни «ғарбга тақлид қилиш»да айблаш (ёки алқаш) бировнинг хаёлига келмайди. Дарвоқе, биз осонгина «тақлид» деб атайдиган ва кўпроқ сўзнинг луғавий маъносидан келиб чиқибоқ аввалдан бирмунча салбийроқ муносабатда бўладиган ҳодиса аслида жуда мураккаб, адабий-бадиий жараёнда қонуният мақомидаги ҳодисадир. Айтмоқчиманки, баъзан баҳс қизиғида «адабий таъсир»ни ҳам «тақлид» тушунчасига қўшиб юборамиз, иккисига-да бир кўз билан қараймиз. Ҳолбуки, миллий адабиётимизга ғарб адабиётига хос қандайдир жиҳат кириб келаётган экан, демак, шунга эҳтиёж етилган. Айтайлик, «Лолазор» романида «абсурд туйғуси» энг кучли ифодасини топгани бежиздан эмас: асар ёзилган пайтга келиб ижтимоий ҳаётни ислоҳ қилиш борасидаги ғояларга бот-бот алданган жамиятимизнинг ўзида шу туйғу етилган эди. Қизиғи шундаки, экзистенциализм (жумладан, абсурд) фалсафаси 50-60-йилларда ғарб зиёлисининг маънавий-руҳий қиёфасини кўп жиҳатдан белгилаган бўлса, 80-йилларга келиб унинг таъсири сусайган (аниқроғи, бу вақтга келиб мазкур фалсафанинг мақбул жиҳатлари ғарб маънавиятига сингишиб кетди, номақбуллари инкор қилинди) эди. Бизда эса, масалан, абсурд туйғуси айни шу вақтдагина, яъни, уни тақозо этадиган ва у сингишадиган шароит етишгандагина пайдо бўлди. Иккинчи томондан, экзистенциализм (жумладан абсурд) фалсафаси адабиётимизга бевосита биринчи манбалар орқали эмас, адабиёт ва санъат асарлари орқали кириб келган эди. Шу боис ҳам ўзини «модернчи» деб билмаган (танқидчиликдан ҳам бу хил «ёрлиқ» олмаган) адибларнинг асарларида ҳаётнинг, шахснинг бадиий талқинида мазкур фалсафанинг таъсирини сезишимиз мумкин бўлади...

У.Норматов: Инсон, шахс жумбоғи, бу жумбоқни ечишга интилиш, инсон ҳаёти моҳиятини англашга, шахс табиати ва руҳиятини тафтиш ва таҳлил қилишга интилиш —романнинг, умуман, бадиий адабиётнинг бош вазифаси. ХХ аср давомида роман шакли, ифода усуллари жуда кўп ўзгаришларга дуч келса-да, инсон талқини узоқ вақт ўзгаришсиз қолиб келди. Фақат аср сўнгига келибгина ижодкор инсонни англаш бобида якка ҳоким дунёқараш, мафкура тазйиқларидан қутулди, шахсни турли фалсафий-эстетик қарашлар нуқтаи назаридан бадиий талқин қилиш имконига эга бўлди. Назаримда, сўнгги йиллар ўзбек романчилигидаги ўсишни — ўсиш эса, шубҳасиз, мавжуд — таъмин этган энг муҳим омил шу бўлса ажаб эмас. Бир қарашда кейинги ўн йил мобайнида яратилган романларнинг аксарияти истиқлол арафасидаги, мустабид тузум давридаги ҳаётни бадиий таҳлил этишга қаратилгани тематик жиҳатдан торликдай, бир хилликдек таассурот қолириши мумкин, эҳтимол. Бироқ, менимча, бунда ҳам табиий, қонуний ҳолни кўрганимиз тўғрироқ бўлади. Негаки, кечаги кунимиз мана энди-энди ижодкорларимиз учун чинакам эстетик объектга айланиб бормоқда Зеро, ижодкор(жумладан, бошқалар ҳам) эндигина у давр ҳаётидан ростмана узилиб, унга тугал бир босқич сифатида четдан қараш, холис ва атрофлича чуқур мушоҳада қилиш имконига эга бўлди. Даврдан узоқлашганимиз баробари, асардан асарга унинг бадиий талқини чуқурлашиб бораётгани бунинг ёрқин далили бўлганидек, ҳали бу мавзунинг «ёпилмаган»идан ҳам далолатдир. Иккинчи томондан, тематик жиҳатдан яқин, юзаки қараганда бир-бирига ўхшаш асарларда талқинлар турфалиги, ижодкор шахсий нуқтаи назарининг тобора бўртиб бораётгани адабиётимизнинг эртасидан хайрли фолдир. Айтайлик, ўша давр ижтимоий ҳаёти жараёнларининг, абсурд воқеликнинг шахс табиати, руҳиятига таъсирини ўрганган адиблар ижодида бир қарашда ўхшаш, аслида бир-биридан жиддий фарқланувчи образлар(типлар) яратилди. Мен бу ўринда «Тушда кечган умрлар»даги Комиссар, «Олабўжи»даги Тўқлибой Қўчқоров, «Отамдан қолган далалар» романидаги Деҳқонқул образларини назарда тутмоқдаман.

Биринчи қаҳрамон — Комиссарнинг Соат Ғаниевич деган бинойидай исми шарифи бор. Бироқ исми шарифидан кўра Комиссар деган лақаби унга кўпроқ муносиб (буни муаллифнинг жажжи топилмаси деса ҳам бўлади). У шахс эмас, касб, мансаб-мартаба, мафкура одами; бу одам бутун умри давомида мустабид тузум, тоталитар режим мафкураси, сиёсати қалқони ва қиличи сифатида иш кўрди, неча минглаб одамларнинг ҳаётини, дилини жароҳатлади, ёстиғини қуритди.

Шуниси ҳам борки, бу одам ҳаётининг кузи аллақачон бошланган, у ҳам ўлим тўшагида ётган беморни эслатади. Бироқ у буни тан олгиси келмайди, аллақачон отдан тушган бўлса-да, эгардан тушмаган. Муштипар аёли оламдан ўтди, фарзандлари, келинлари ўзгача йўл танлаб ундан юз ўгирди, иккинчи умр йўлдоши унга хиёнат қилди; ҳаётда биронта дўсти, таянчи қолмади; у суянган жамият, эътиқод қўйган мафкура нуради, қулади... Ўзини билган, англаган одам учун булар нақадар катта фожиа! Бу кимсанинг фожиаси шундаки, у мана шундай фожиани ҳис этишдан маҳрум, шу ҳолда ҳам инсон қиёфасидаги маҳлуқ ҳеч нарса кўрмагандек яшашда давом этади... Ҳаётининг ҳар қандай маънидан мосуволигини бир лаҳза бўлсин ўйлаб кўрмаган, ўйлашдан ожиз Комиссарни «яшади» деб бўладими?! Қарангки, мустабид тузум Комиссарнинг ҳаётини абсурдга айлантирган, айни пайтда, у ўша мустабид тузумнинг «винтчаси» ҳам ва шундайлигича қолди — абсурд шунчалик бўлади-да!

Комиссардан фарқли ўлароқ, Тўқлибой Қўчқоров мавжуд воқеликни анча теран идрок қилади ва айни шу идрок этилган воқелик унинг руҳиятидаги эврилишларга олиб келади. Тўқлибой Қўчқоров ҳақиқий арбоб, у районда партия сиёсатини изчиллик билан ўтказади, котиблик вазифасини қойил қилиб адо этади, яхши, истеъдодли одамлар ҳисобига партия сафини мустаҳкамлаш пайида бўлади. Аслида у зиёли-ўқитувчидан чиққан раҳбар ходим, у янгичадан ҳам, эскичадан ҳам дурустгина хабардор; «рўзи машҳар»ни ҳам эслаб туради; ўз соҳаси — халқ тарихини дуруст билади, кўпгина тарихий воқеа-ҳодисалар хусусида ўзининг мустақил-изчил қарашлари бор. Айни пайтда у шеърият шайдоси, шоир, журналистларни ҳурмат қилади, ўзи ҳам шеърлар ёзиб туради. Қизиғи шундаки, район миқёсида партия сиёсатини изчил ўтказиши лозим бўлган, амалда юқоридан белгиланган буйруқларни сўзсиз бажарадиган, бажартирадиган бу раҳбар ходим ичдан партия сиёсатини, эътиқодини қабул қилмайди, қилолмайди; хийла ақлли, фикрлайдиган бу одам мавжуд тузумнинг турган битгани бюрократияга, қоғозбозликка асосланганини, мустабид давлату тузумнинг таги бўш эканини, уни зулм ва қўрқитиш қуролларигина ушлаб турганлигини яхши англайди; у босмачи деб бадном этилган миллий озодлик курашчиларининг, «пантуркист» деб номланган истиқлол фидойиларининг тарихдаги асл ўрнини, хизматини руҳан қадрлайди, катта қурбонлар эвазига бўлса-да истиқлол амалга ошишини истайди; Тараканов типидаги мараз одамларнинг кирдикорларини миридан сиригача билади; давлат, партия ҳозир ўтказаётган сиёсат — маданий-диний қадриятларнинг оёқ ости қилиниши, юрт бойликларининг таланиши, она табиатнинг топталиши, мактаб ўқувчиларининг ёш умри оғир меҳнатда хазон этилаётгани каби нохуш ишлардан куюнади, куюнади-ю, барибир ижрочи арбоб сифатида бу хато, адолатсиз сиёсатни изчил давом эттираверади, чунки у ўзини мустақил арбоб эмас, шунчаки бир қўғирчоқ, итоаткор, қарам, шу ҳокимиятнинг қули эканини, фақат эгарда ўтирганини асло унутмайди, унутолмайди. Бир район худудида расман ҳокиму мутлоқ саналган бу шахс — ожиз нотавон бир кимса, ўзи кўриб билиб турган қабоҳатларга, хато сиёсатга қарши боролмайди, ҳатто унда қабоҳатларга қарши исён учқуни ҳам йўқ. Демак, у аросатдаги одам, унда мустаҳкам иймон-эътиқод, юксак мақсад йўқ. «Бу дунёнинг ишларини ўйлайверсанг, жинни бўласан» дейди у. «Йўлсизлик»ка мубтало иймон-эътиқодсиз бу одам энди ўзини айш-ишратга уради, яшаб қолишга ҳаракат қилади, шу тариқа ўзини овутади. «Ҳа, унинг асл ғояси — яхши яшаш». Бу каби иймон-эътиқодсиз, субутсиз кимсалар олдида гуноҳу жиноятлар учун ҳеч қанақа тўсиқ — инсоф, андиша, шарм-ҳаё, оллоҳ ва бандаси олдида ҳадик-қўрқув, масъулият ҳисси бўлмайди. Буни қарангки, Комиссар билан Тўқлибой Қўчқоров моҳиятан бирдек, зеро, улар мустабид жамиятнинг икки турли сифат кўриниши (бири қатағонлик, иккинчиси турғунлик) маҳсулларидек таассурот қолдиради. Шунга кўра уларнинг иккисини истаганча қиёсласа, улардан қай бири мудҳишроқ, аянчроқ, фожероқ эканлигини мулоҳаза қилаверса бўлади...

Д.Қуронов: Домла, бу гапларингиз мени юқорида айтганим ўзини «модернчи» деб билмаган адиблар ижодида ҳам модернизм хусусиятлари борлиги ҳақидаги фикрда собит қилади. Гап шундаки, мен айтмоқчи бўлган таъсир асарнинг шаклий хусусиятларида эмас, аввало мазмунда — дейлик, шахс муаммосининг қай тарзда қўйилгани, инсоннинг қай тарзда талқин қилинганида кўрилади. Юқорида кўрганимиз ҳар икки қаҳрамон талқинида ҳам масала «у яшадими?», «унинг ҳаётида маъни борми?» қабилида қўйилганки, «яшамоқ» ва «бор бўлмоқ» тушунчаларини фарқлаш экзистенциализм фалсафасида марказий масалалардан бири саналади. Масалан, экзистенциалистлар, хусусан Сартр талқинича, эрксиз одам инсон сифатида фаолиятда бўлолмайди, у — «бор», лекин «яшамайди». Яъни, эрксиз одам бир буюм сингари мавжуд холос. Шунга ўхшаш, Комиссар ҳам яшамайди, у — «бор», холос. Нега? Инсон ўзи мансуб муҳит таъсиридан холи бўлолмаслиги табиий. Экзистенциалистлар (хусусан, Хайдегер) инсоннинг «дунёда мавжудлиги» ўзида, бир томондан, унинг «ўзгалар билан мавжудлиги»ни, иккинчи томондан, «ўз ўзининг мавжудлиги»ни тақозо қилишини таъкидлайдилар. Гап шундаки, инсоннинг ўзлиги (Dasein) «ўзгалар билан мавжудлик»дагина намоён бўлади, зеро, ўзига хослик, ўзлик ўзгалардан фарқлиликдагина кўринади. Фақат эркин одамгина «ўзгалар билан мавжудлик»да ўзига хослигини сақлаши, ўз ҳолича қолиши мумкин. Эрксиз одам эса ўзлигини намоён қилолмайди, уни муҳофаза қилишдан ожиз ва шу боис ҳамма қатори одамга (Man) айланади — ўзлигини, қиёфасини йўқотади. Тоталитар тузум шароитида — эркинликнинг ҳар қандай кўринишлари бўғилган, барчанинг бирдек бўлиши рағбатлантирилган бир замонда — неча минглаб Соат Ғаниевичларнинг комиссарларга айланиши табиий эмасмиди?! Шунингдек, мавжуд тузумнинг туб моҳиятини дурустгина англаган ва, айни пайтда, бу тузум ўзидан нимани талаб этишини жуда яхши билган минглаб Тўқлибой Қўчқоровларнинг ўзлигига-да хиёнат қилишию худбин кимсаларга айланиши ҳам табиий кўринади. Дарвоқе, менимча, Тўқлибой Қўчқоров асло йўлсизликка мубтало одам эмас. Аксинча, ўз вақтида унинг қаршисида ҳам танлов имконияти бўлган: у ё ўзлигига содиқ қолиб камсуқум-камтар умргузаронлик қилиши ва ё ўзлигига хиёнат қилиб арбобга айланиши мумкин эди. У кейингисини танлади ва бунинг эвазига эркини, ўзлигини қурбон қилди, зеро, инсон «ё ҳар вақт ва тўла эркин, ё эркин эмас» (Сартр) - қисман эркин бўлиши мумкин эмас.

Табиийки, шуларга ўхшаш кишилар, шуларга ўхшаш тақдирлар воқелигимизда мавжудлиги учун ҳам улар реалистик йўналишдаги адабиётимизда ўз аксини топаётир. Демак, юқоридагича талқинлар фақат «тақлид», «адабий таъсир» билангина эмас, аввало ўша асарлар яратилган (ўша асарларда акс эттирилган) давр ижтимоий-тарихий шароити ва бир пайтлар Ғарбда шу нав фалсафани вужудга келтирган ижтимоий-тарихий шароит орасидаги муштарак, ўхшаш нуқталар билан ҳам изоҳланиши зарур кўринади. Шу маънода, менимча, модернизм масаласидаги баҳсда С.Мелининг адабиётимиздаги янгича изланишларни кўпроқ «тақлид» сифатида баҳолаши анчайин кескин ва баҳслидир. Мунаққиднинг «модернизм Ғарб ҳодисаси сифатида ўзбек маънавий муҳитида нашъу намо топа олмайди» деган ҳукми яна эскича мафкуравий таъқиқ йўлини ёдига солганми, кейинги пайтларда ўзининг жиддий танқидий чиқишлари билан диққатни тортган Б.Рўзимуҳаммад ҳам шунга яқин оҳангда жавоб қилмоқчи бўлади. Ҳолбуки, бу руҳдаги «баҳсда ҳақиқат кўмилади» — асло «туғилмайди». Аввало, С.Мели — зукко, билимдон адабиётшунос, у модернизм ичида салбий — инсонийликка зид ҳодисалар ҳам мавжудлигини яхши билади. Шунинг учун ҳам у «бу йўл фақат услубгина эмас. У ўзига хос мафкура ҳам» деб куюнадики, буни билмайдиганлар, билса ҳам «шўро даврида шундай уктириларди» қабилида ўйлаб ишончсиз, эътиборсиз қарайдиганлар ҳам йўқ эмас. Бунинг зидди сифатида Б.Рўзимуҳаммад модернизмда асосан бадиият ҳодисасини кўришга мойил. Хуллас, баҳсда қутбий мавқени эгаллаган икки киши аслида битта нарса ҳақида гаплашишади-ю, бироқ ҳар бири ўша нарсанинг битта томонигагина ёпишиб олади. Тамсил қилмоқчи бўлсак, гўё уларнинг бири «қуёш — иссиқлик манбаи» деса, иккинчиси «қуёш — ёруғлик манбаи» дея эътироз билдиради. Хабарингиз бор, домла, ҳозирда «ер юзининг глобал исиш» жараёни кузатилаётганидан огоҳ этиб ташвишли бонг чалаётирлар. Бироқ шуни деб «қуёш керакми, йўқми?» қабилида баҳслашиш бировнинг хаёлига келмайди — қуёш бизнинг истагимиздан қатъий назар мавжуд: ҳар куни чиқаверади, ботаверади... Шунга ўхшаш, модернизмни адабиётимизга «киритмаймиз» дейиш ҳам, уни «олиб кирамиз» дейиш ҳам пуч — бадиий тафаккурнинг табиий тадрижи бизнинг ихтиёримиздан қатъий назар уни пайдо қилади.

Энди масаланинг анчагина нозик иккинчи томони — Б.Рўзимуҳаммаднинг эътирозини қўзғаган С.Мелининг ташвиши — модернизмнинг «ўзбек маънавий муҳити» билан муносабати ҳақида. Биз илдизлари мингйилликлар қаъридан озиқланувчи маънавият эгаси бўлмиш халқмиз. Яъни, биздаги маънавият яхлит бир тизим ҳолидаги бутунликка эга. Бас шундай экан, бутун сифатида маънавиятимиз ўзига уйғун сингишиб кетадиган қисм (яъни, ўзгаларга хос қадрият)ларнигина қабул қилади, айримларини мослаштириб ўзига олса, бошқаларини инкор қилади. Ўйлашимча, маънавиятимизни ёпиқ система сифатида тушуниш, уни ўринсиз иҳоталашга уриниш эса ортиқча зўриқиш бўлиши билан бирга, махдудликка ва унинг ортидан келувчи маънавий қашшоқланишга олиб боради. Шу ўринда фикримни ойдинлаштириш учун экзистенциалистлар формуласидан фойдалангим келади: бизнинг халқ сифатида «дунёда мавжудлигимиз» ҳам «ўзга(халқ)лар билан мавжудлик» ва «ўз ўзидек мавжудлик» дан иборатдир. Назаримда, С.Мелининг бирмунча кескин фикрлари ботинида юртимиз дунёга юз тутган, хориж билан ҳар турли алоқалар кучаяётган, коммуникация воситалари беҳад ривожланаётган бир шароитда «ўзгаларга сингиб кетмаймизми, миллий қиёфамизни йўқотиб қўймаймизми» деган ташвиш ётади. Тўғри, ёмонини ўйламасанг яхшилик бўлмайди, деган нақл бор. Шундай бўлса-да, бу хил ташвишга етарли асос йўқдай. Зеро, салкам бир ярим аср тутқунликда яшаб ўзлигини сақлай олган халқ, иншоолло, озод, эркин бўлган ҳолатида уни йўқотмас. Сабаби — озод, эркин халқнинг «ўзга(халқ)лар билан мавжудлик»да ўзлигини намоён қилишга, «ўз ўзидек мавжуд» бўла олишга имкони бўлади, бу эса дунёда муносиб ўрин эгаллашнинг шартидир. Баски, биз ташқи дунёдан ихоталанишимиз эмас, аксинча, ўзлигимизни яхши таниб олган ҳолда унга дадил кириб боришимиз зарурдир.

Модернизм борасидаги баҳсда гоҳ ботиний ва гоҳ ошкора тарзда «реализм эскирдими?» деган савол ҳам турди, ҳар ким унга ўзича жавоб берди. Адабиёт тарихига бир қур назар солинса, унда бадиий тафаккурнинг реалистик ва нореалистик шакллари қадимдан бақамти яшаб келаётгани, улар орасидаги зидлик ҳар бирининг кучли томонларини намоён этишию ҳар иккисининг ожиз томонларини тўлдириб келишига гувоҳ бўлиш мумкин. Баски, реалистик йўлни қотиб қолган нарса сифатида тушунмаслик керак: юқоридаги романлар реализм адабий жараёндаги янгиликларни ўзига сингдириб, вазмин-хотиржам одимлаётганидан далолат беради. Демак, «эндиликда ... «модернча» асарларга монанд бадиий дид шаклланаётгани» (Б.Рўзимуҳаммад) ҳам мутлақо тасодифий эмас, балки юқоридагича жараёнларнинг табиий ҳосиласидир.

У.Норматов: Дарҳақиқат, ҳали бизда анъанавий реализмнинг имкониятлари, очилмаган қирралари кўп. Шахсни жамият, ижтимоиёт, сиёсат, мафкура билан алоқадор ҳолда бадиий тадқиқ этиш йўллари эскирмаганини, реалистик адабиёт ўзига кўп янгиликларни сингдириб улгурганини «Адолат манзили», «Отамдан қолган далалар» романлари мисолида ҳам кўриш мумкин. Хусусан, кейинги романда эрксиз одамнинг бора-бора ўзлигини йўқотиши, бир буюмдек мавжуд бўладиган ҳолга келиши муқаррар эканлиги ўзининг санъаткорона ифода этилган. Романда аср кишиси босиб ўтган йўлнинг ифода қамрови кенг, персонажлар қисматидан чиқадиган хулоса-сабоқлар эса хийла кескин — тенденциоз руҳда. Асар воқеалари ҳаёти, тақдир-қисмати, руҳий дунёси она ер, киндик қони тўкилган тупроқ билан мустаҳкам боғлиқ, ўзбекнинг рамзи дегулик меҳнаткаш, заҳматкаш инсон — бош қаҳрамон Деҳқонқул тилидан сўзлаб берилади. Деҳқонқул ҳикоясини ўз саргузаштларидан эмас, балки бобоси Жамолиддин, отаси Сурхони Ақраб тарихидан бошлайди. Чунки Бобо ва Ота тарихини эсламай ва сўзламай туриб Деҳқонқул қисмати, характери маъносини англаш, англатиш қийин. Бобо — мустамлакачиларга исён сифатида юртини ташлаб, уларнинг оёғи етмаган жойларга кетди; Ота юртнинг мустақиллиги деб Қизил офатга қарши курашда шаҳид кетди... Хўш, шўро даврининг одами Деҳқонқул Ота ва Бобосидан нималарни мерос қилиб олди? «Социалистик ҳаёт тарзи» шароитида у нималарга эришди-ю, нималарни бой берди? Деҳқонқулга Ота ва Бобосидан фақат меҳнаткашлик хислатигина ўтган, холос. Ота-боболарга хос юртсеварлик, инсоний ғурур, ўзликни англаш ҳисси унда бутунлай барҳам топган. Дадил айтиш мумкинки, Деҳқонқул образи — ўзбек адабиётида жиддий бадиий кашфиёт. Деҳқонқул совет даври адабиётида завқ-шавқ билан қаламга олинган меҳнат қаҳрамонларига пародия тарзида яратилган. У — тоталитар тузум, қизил империя сиёсати тарбиялаб етиштирган «меҳнат кишиси», «янги инсон» тимсоли; мустабид ҳокимият мунофиқона мафкурасининг тирик қурбони. Деҳқонқул шўролар тузумининг деярли тенгдоши. Ёзувчи адабиётимизда урф бўлган йўлдан бормайди, қаҳрамон тақдири орқали даврни, «социалистик жамият тарихини ифодалаш»ни ўз олдига мақсад қилиб қўймайди. Совет ҳокимияти йилларининг «муҳим паллалари» атайин четлаб ўтилади, фуқаролар уруши йилларида ақлини таниган болакай 60-йилларда ҳам болакайлигича қолаверади. Бу ҳол ўқувчига асло «мантиқсизлик» бўлиб туюлмайди. Ёзувчини биринчи галда Деҳқонқулни қул, муте қилиб шакллантирган ҳаётий омиллар қизиқтиради.

Деҳқонқулни аввало Ленин ишига, партияга, шўролар ҳукуматига, улуғ оғага ҳурмат, садоқат руҳида тарбиялашган, унга Ленинни ота, Крупскаяни она деб ўргатишган; ўлан-лапарларни эмас, «партия-совет қўшиқлари»ни тинглаб, айтиб тили чиққан, уйқудан турганда ҳам, уйқуга ётиш олдидан ҳам, тўю маъракаларда ҳам партия, доҳий, улуғ оғага таъзим, салом билан йўғрилган мадҳиялар қулоғига қуйилган; юрти дунёда энг озод, ҳур, тўқ-фаровон эканига, 80-йилларга бориб коммунизмда яшашига чиппа-чин ишонтиришган... У бора-бора сўз билан амал орасидаги зиддиятни сезган, кўрган; тенгдошлари қатори ўқишни қўйиб пахта далаларидаги, захарли химикатлар ёмғири остидаги «ҳур меҳнат» гашти нима эканини гўдаклигидаёқ татиган, бу «шонли меҳнат»га меҳр-муҳаббат руҳида вояга етган. Салгина бўлсин бу машаққатлардан ўзини четга олганида босмачининг, совет тузуми душманининг ўғли деб ҳақорат қилинган, бу хилдаги дағдағалар кўнглидаги қаршилик кўрсатиш туйғусини бутунлай сўндирган... Шу тариқа Деҳқонқул ўзига хос манқурт бир кимса бўлиб етишади. Бу одам фақат садоқат билан меҳнат қилишнигина билади. У деҳқончилик илмини миридан сиригача эгаллаган. Ўзи ўтқазган ҳар бир ниҳолнинг ҳоли, дарди унга аён. У ўзини ҳам, аёлини ҳам, болаларини ҳам ўйламай, аямай бетиним тер тўкади; табиат билан туташиб, табиий офатлар билан олишиб, енгиб йилма-йил мўл ҳосил етиштиради, машъал бригадирга айланади.

Аслида бунинг нимаси ёмон? Меҳнат инсонни улуғлайди, деймиз-ку! Шунчалар фидойи меҳнаткаш инсон Деҳқонқул нега кўзимизга қаҳрамон эмас, аянчли бир кимса бўлиб кўринади, ўқувчида фаҳр-ифтиҳор эмас, ўкинч-надомат, ачиниш туйғусини қўзғотади? Бутун гап мана шунда. У ким учун, нима учун бетиним тер тўкаётганини, ҳоли не кечаётганини ўйлаб ҳам кўрмайди. У карахт бир ҳолга тушиб қолган. Теварак-атрофида, ҳаётда нималар бўлаётганлигини, ҳақ ва ноҳақ ишлар, адолатсизликлар, яқин кишилари, аёли, фарзандлари ҳол-аҳволи уни мутлақо қизиқтирмайди. Идеологиянинг қип-қизил мунофиқона ёлғонларига асло парво қилмайди, бемаъни кўрсатмаларига қаршилик кўрсатмайди, кўрсатолмайди; мунофиқ қаламкашларнинг дала шунқорлари ҳақидаги мунофиқона очерки ҳам, москвалик киночиларнинг машъал бригада ҳаётига бағишланган бошдан-оёқ ёлғонга қурилган картинаси ҳам уни ажаблантирмайди, аксинча, картинадаги сохта ролни киночилар айтгандай қилиб ҳеч қийналмай ижро этиб беради. Ўзининг, ҳамқишлоқларининг ўта ночор, аянч турмушини кўриб, билиб туриб «Мунча ширин экан бу Совет даврони, Мамнун яшар ҳар инсон — йўқдир армони» сингари тутруқсиз қўшиқларни бепарво тинглайверади. Машъал бригадир бўлиб туриб қўли қисқалигидан, мотоцикл олишга қурби етмаганидан, аёлининг оддий сўровларини бажо келтиролмаётганлигидан, бугина эмас, қозони гўшт кўрмаётгани, болалари тўйиб овқат емаётганидан изтиробга тушмайди. Марказга, кўрик-кенгашга ижарага олинган кийимларни кийиб боришдан ор қилмайди. Кенгашдаги иштироки ҳам маълум — тўрига қараб ўтиради, тўридагилар чапак чалса, у ҳам чапак чалади, тўридагилар оёққа турса, у ҳам оёққа туради...

Тўғри, унда ҳам гоҳо ота-бободан қолган ғурур андак уч беради, бироқ у шаҳарга бориб тўр шляпа билан бахмал сўзана сотиб олишу телбаларча бахмал сўзанани шартта йиртиб оёғига пайтава қилиб ўраш, телеэкранда кўринган Америка президентига бошдаги шляпасини олиб силташдан нарига ўтмайди. Бу қўли очиқ, меҳмондўст, танти ўзбек емай, ичмай топганини меҳмони олдига қўяди, меҳмони оёғи остига қўй сўйиб керилади, аммо меҳмонлар учун бозордан олиб келган икки дона хурмони деб етим ўғилчасини уриб оғзи-бурнини қонга белайди.

Хўш, бу хилдаги телбаларча тантилик, саҳоват, қулларча эрксиз меҳнат, шўроларга садоқат, маънавий карахтлик, қарамлик, мутелик туфайли у нималарга эришди?! Оддий орзулари ушалмай вафодор аёли турмуш ситамлари, машаққатларидан тўйиб жонига қасд қилади, тўйиб овқат емай оёққа турган ўғлонлари (ўғлонларидан бирининг исми Қулмат) очопат, муте, ногирон-дардман бўлиб етишмоқда; ўзи эса ҳалол, фақирона меҳнатлари эвазига юлғич, порахўр деб айбланиб қамоққа олинади, айтиб адо бўлмас, тилга олиб бўлмас қийноқ, хўрликларга гирифтор этилади, уни ўз тезагини ейишга мажбур этадилар, эркаклик шаънини топтайдилар... Бу шўрлик банда шу даражага бориб етганки, уни қамоққа олиб кетаётганларида ҳам даладаги ишни, пахта теримини ўйлайди; қамоқдаги азоб-уқубатлар пайтида ҳам «ленинча авлод»га умид боғлайди, шунча хўрликлардан кейин ҳам даласига, меҳнат қучоғига қайтиш хаёли билан нафас олади.

Қисқаси, Деҳқонқул қисмати, карахт ҳолати, муте табиати тасвири — империя сиёсати, «социалистик ҳаёт тарзи» миллатни, миллий туйғу, қадриятларни топташга қаратилган, чиройли шиорларга ўралган, аслида геноциддан иборат мунофиқона коммунистик мафкура устидан чиқарилган зўр айбномадир. Мустақиллигини йўқотган ўзлигидан, қадриятларидан узоқлашган халқнинг, фикрлашдан тўхтаган муте, итоаткор кимсанинг охир оқибат келадиган манзили — шу! Ёзувчи Деҳқонқул қисмати орқали шу фикр-ғояни ўқувчини ларзага солар бир тарзда ифода этган. Шу тариқа бу асари, аниқроғи, Деҳқонқул образи орқали ёзувчи, ўзи ният қилганидай, ўзбек халқининг, ўзбек деҳқонининг ўзига хос ҳайкалини яратди. Романнинг бетакрор ифода тарзи, тили, тасвир оҳанги, образлари хали кўп жиддий тадқиқотлар учун озуқ беради.

Д.Қуронов: Домла, янглишмасам, гапларингиздан «Отамдан қолган далалар» нафақат долзарб мавзуси, балки бадиий жиҳатлари билан-да адабиётимизда жиддий воқеа бўлди, деган хулоса келиб чиқади. Ҳақиқатан ҳам асарнинг ўзига хос қурилиши, бетакрор ифода йўсини, тилдаги жозиб оҳанг, самимият — буларнинг бари унинг муваффақиятини таъминлаган асосий омиллардир. Бироқ суҳбатимиз роман хусусида бўлганидан мен бошқа масалани ўртага қўймоқчиман: «Отамдан қолган далалар» жанр эътибори билан романми? Маълумки, роман марказида инсон тақдири тургани ҳолда у тугал мақсад эмас, романий қаҳрамон дунёни бадиий идрок этиш, дунё ҳақидаги, унинг жорий ҳолати ҳақидаги яхлит бадиий концепцияни шакллантириш ва ифодалаш воситаси. Шунга кўра, одатда романий қаҳрамон — ўз муҳитига сиғмаётган, муҳит билан зиддиятга киришган, изланаётган шахс сифатида намоён бўлади. Шу жиҳатдан қаралса, Деҳқонқул рисоладаги романий қаҳрамон талабларига жавоб бермайдигандек. Назаримда, бунга — Деҳқонқулнинг тўлақонли романий қаҳрамон сифатида бўй кўрсатишига — ривоянинг биринчи шахс тилидан берилгани монелик қилган (Шу ўринда аниқлик киритиб қўймоқчиман: бу гапим афсус маъносида тушунилмаслиги керак, зеро, «Отамдан қолган далалар»нинг жанрини роман деймизми, бошқами — у яхши ва бетакрор асарлигича қолаверади.). Бироқ айни шу нарса — ривоянинг биринчи шахсдан берилгани — асарда лирик ибтидони кучайтиргани ҳам яққол кўринади. Боз устига, асарнинг кўп ўринларида воқеани тасвирлаш (ёки нарса-ҳодиса, ҳолатни тавсифлаш) эмас, уларга муносабат билдириш мақсади етакчилик қилади. Буларнинг натижаси ўлароқ, асарда лирик ибтидо салмоқли, бадиий жиҳатдан белгиловчи ўрин тутадики, «Отамдан қолган далалар» насрда битилган романик характердаги «поэма»дек, «достон»дек таассурот қолдиради. Асардаги ифода йўсини ҳамда воқеликни бадиий идрок этиш усулининг халқ достонларига эшлиги унинг муваффақиятини таъминлаган қўшимча омил эмасмикин?!

Иккинчи томондан, «Отамдан қолган далалар»ни реалистик асар сифатида баҳолаганимиз ҳолда, унда реалистик шартлилик даражасининг юқорилиги ва бу нарса қатъий реализм талабларидан жиддий чекинишларга олиб келганлигини эътиборда тутиш лозим. Бу нималарда кўрилади? Аввало, юқорида эслатганингиз вақтнинг шартлилиги: 20-йилларда эс таниган болакай 60-йилларда ҳам болалигича қолади. Бугина эмас, умуман асарда тасвирланган (ёки эслатилган, ишора қилинган) воқеалар, тафсилотлар реал хронологияга доим ҳам мувофиқ келавермайди. Ундаги қатор образлар (мас., Идеология, киночилар, мустамлакичилар ва б.) реалистик образлар сифатида эмас, кўпроқ шартли, рамзий «маска» сифатида бўй кўрсатади. Шунга ўхшаш, асарда ҳақиқий фамилиялари остида ҳаракатланувчи шўро ҳукуматининг таниқли арбоблари (Полторцкий, Колесов, Успенский ва б.), хийла мураккаб тақдир эгаси полковник Чанишевларнинг битта ҳаётий ҳолат — Ақраб қўрбошининг қўлга олиниши доирасида тасвирлангани ҳам шартлиликдан ўзга эмас. Булардан кўринадики, асарда мустабид тузумнинг том маънодаги реалистик образи эмас, унинг шартли образи яратилади: ўқувчи кўз олдида инсонийликдан буткул маҳрум ёвузлик тимсоли гавдаланади. Асарнинг умумий руҳини, Сиз айтгандек «хийла кескин - тенденциоз» руҳини белгилаган бу каби усул ( ёвузлик лагерининг ўта шартлилигию эзгулик лагерининг ҳаётий тасвирланиши) ҳам аслида халқ оғзаки ижодига хосдир.

Хуллас, ҳозирча мазкур асар танқидчиликда кўпроқ ғоявий-мазмуний жиҳатларидан келиб чиқиб баҳоланган бўлса, эндиликда унинг поэтик хусусиятлари, бадиий ўзига хослигини очиб бериш вазифаси турибди.

У.Норматов: Суҳбатимизда анъанавий реалистик йўлдаги асарларнинг ҳам якранг эмаслиги, реализмнинг ўзига кўп янгиликларни сингдиришга, демакки, яшаш ва равнақ топишга қодирлиги яна бир карра тасдиғини топаётир. Энди реалистик бўлмаган романлар ҳақида фикрлашсак. Мен яна абсурд туйғуси устивор, бу туйғу-ғоя ўзига хос тарзда намоён бўлган романлар, аниқроғи, О.Мухторнинг янги туркум романлари ҳақидаги мулоҳазаларим билан ўртоқлашмоқчиман.

Омон Мухторнинг 90-йиллари яратган «Минг бир қиёфа», «Кўзгу олдидаги одам», «Тепаликдаги хароба», «Аёллар мамлакати ва салтанати», «Афлотун», «Майдон» каби мўъжаз ва оригинал романлари миллий романчилигимиз ривожида жиддий янгилик бўлди. Бу романлар аввало мазмун-мундарижа, шакл-шамойили, ифода тарзининг ўзига хослиги билан ажралиб туради. Ўзбек романи 90-йилларга қадар асосан анъанавий реализм йўлидан борди. Жумладан, Омон Мухторнинг 70-80-йиллари яратган «Йиллар шамоли», «Эгилган бош» романлари шу йўналишга мансуб эди. Маълумки, жаҳон адабиёти, жумладан романчилиги аср бошидаёқ анъанавий реализм билан баробар модернизм, постмодернизм йўлига ўтиб жанрнинг ифода доирасини бениҳоя кенгайтирган, хилма-хил фалсафий-эстетик оқимларга таянувчи романчилик мактаблари шакллана бошлаган эди. Айниқса, абсурд, экзистенциализм, мифологик ва диний тафаккур асосида ҳаётни, шахсни бадиий тадқиқ этиш, онг оқимини кузатиш, ифодалаш бобида катта тажрибалар тўпланди. Бизда ҳам айрим адибларимиз ўша жараёналарга оҳангдош изланишлар қилишга уринса-да, истибдод йилларидаги адабий сиёсат, муҳит бу хил уринишларнинг тўлароқ рўёбга чиқишига имкон бермади. Ниҳоят, 90-йилларга келиб бунинг учун йўл очилди.

Омон Мухтор янги романларида замонавий жаҳон романчилиги тажрибаларини ёдга туширувчи хусусиятлар талайгина — уларда анъанавий реализмга хос аниқ замон, аниқ макон тушунчаси йўқ, ҳодиса-воқеаларни айни ҳаётдагидек гавдалантириш, изчил баён этиш, қаҳрамонлар руҳиятини урф бўлган реализм мантиқи асосида очиш, ифодалаш ҳам йўқ: реаллик билан хаёлот, ўнг билан туш айқаш-уйқаш ҳолда келади, аниқроғи, воқеа-ҳодисалар реал ҳаётда эмас, хаёлпараст қаҳрамоннинг хаёлида, онгида кечади; қаҳрамон онгида реаллик билан хаёлотнинг қўшилиб-чатишувидан иборат ғаройиб дунё, ҳаётнинг ўзига хос бадиий модели яратилади; у дунё билан бу дунё орасидаги чегара йўқолади, тириклар ўликка айланади, руҳ тандан ажралиб бир-бирини тафтиш этишади, ўликлар тирилиб тириклар билан мулоқотга киришади, турли аср одамлари бир-бири билан рўбарў келади...

Бир қарашда тартибсиз, мантиқсиз, айқаш-уйқаш туюлган воқеа-ҳодисалар замирига синчиклаб назар ташланса, масалан, Пушкин айтмоқчи, асарнинг ўз ички қонуниятлари асосида ёндашилса, уларда теран маъно, ботиний тартиб, мантиқ борлиги ўз-ўзидан аён бўлади. Фақат буни англаб етиш учун китобхондан муайян адабий тайёргарлик, кўникма талаб этилади. Аслида бу хилдаги «бебош» ифода инсон тафаккури тарзига асло зид эмас, балки айнан унга мос. Ўйлаб кўринг: рўпарангизда сиз билан гаплашиб ўтирган суҳбатдошингиз, гарчи кўзи сизда, қулоғи гапингизда бўлса-да, хаёли қаёқларда эканини қаердан биласиз?! Эхтимол, айни дамда у бир вақтлар кўнгил берган севгилиси билан учрашар, оламдан ўтиб кетган бобоси пандини тинглар ёки ўз тасаввурида гавдаланган марҳум бир улуғ сиймо билан мулоқотга киришар... Омон Мухтор романларидаги «бебош» ифода инсон руҳиятининг айни шу реал ғаройиботи асосига қурилган.

Адиб романлари аниқ макон ва замон тушунчасидан ҳоли дедим. Бу мазкур романлар реал ҳаётдан, ижтимоий мазмундан ҳоли «соф санъат» намунаси дегани эмас. Асарлар мутолаасида сиз бугунги кунда кўпчиликни қийнаётган, ўйга толдираётган ўткир масалаларга дуч келасиз. Қолаверса бу романлар ҳаммадан бурун ҳозирги куннинг маънавий-эстетик эҳтиёжи оқибатида майдонга келган; бу хил асарлар фақат 90-йиллар шароитидагина яратилиши мумкин. Уларни ўқир экансиз, даҳшатли туш кўраётгандай бўласиз: кечаги кунингиз, етмиш йиллик ҳукмронлиги давомида миллионлаб кишиларни йўлдан оздирган, одамлар қисмати, руҳиятида ададсиз нохуш, фожеий асоратлар қолдирган, ҳалокатга маҳкум мустабид тузум қиёфаси жамики ваҳшатлари билан кўз олдингизда гавдаланади. Энг ёмони, бу тузум одамларни кўнгил гавҳари — имон-эътиқоддан маҳрум этди, уларни вазиятга қараб товланадиган минг бир қиёфали оддий ижрочи жонзотга айлантирди, майдалаштирди. Эътибор берсангиз, Омон романларидаги ўнлаб персонажлар тирик одамдай гавдалансалар-да, улар аслида бетайин, қиёфасиз кимсалардир. Имонсизлик, қиёфасизлик туфайли гоҳо улар ёвуз маҳлуқотга айланадилар. Хатто ёзувчининг нисбатан «ижобий» қаҳрамонлари ҳам бир қадар майда, гуноҳкор, йўлдан адашган, озган бандалардир. Улар ҳақиқат кўзгусига рўпара келишдан чўчийди, нажот қидириб «катта йўлга» чиқолмай тўқайзорда тентирайди...

Омон Мухтор романларида жаҳон замонавий адабиёти тажрибаларига эш жиҳатлар кўп, бироқ айтарли уларга тақлид йўқ. Бу романларда шарқона миллий руҳ уфириб туради. «Услуб — ёзувчининг ўзи» деган нақл бор; янги романларида Омон Мухторнинг ўзлиги, фикрлаш тарзи аввалги асарларига қараганда ёрқинроқ намоён бўлган. Романларда бадиий кашфиёт деса арзигулик рамзий, мажозий образлар, лавҳалар кўп. Одамнинг турфа қиёфасини, ботиний бисотини ўзига айнан кўрсатадиган кўзгу билан боғлиқ воқеалар ёки мажруҳ оломон издиҳомининг бамисоли бурлаклардай сафга тизилиб «Ё ҳаким, ё ҳоким» дея хитоб қилиб тўқайдан чиқиб, тўқайга кириб йўлсиз кезишлари лавҳаси теран маънодор, таъсирчан чиққан. «Тепаликдаги хароба» романида мавлоно Лутфийнинг салкам бир асрлик ҳаёт йўлини, сиймосини, севги саргузаштларини муаллиф бетакрор бир йўсинда — шоир шеърий сатрлари ва уларнинг шарҳи орқали гавдалантиради. Улкан шеърий бисотдаги сатрлар қатига жо шахсий кечинма, ишоралардан мароқли сюжет, бутун бошли саргузашт қисса яратиш — ҳали бизда кўрилмаган тажриба. Буни ўзига хос бадиий тадқиқот деб аташ ҳам мумкин.

«Аёллар мамлакати ва салтанати» тасвирнинг сержилолиги билан ажралиб туради. Романда ҳар хил вазиятларда, реаллик ва хаёлот маҳсули бўлган саҳналарда, онгдаги жараёнлар ифодасида персонажлар ҳаёти ва шахсиятига хилма-хил томондан ёндашиш устивор. Бу роман матни муаллифнинг бошқа романларига қараганда пухтароқ ишланган: аввало роман муайян доира бўйлаб айланувчи, бетиним такрорланиб турувчи ўзига хос сирли-сеҳрли мусиқий оҳанг билан йўғрилган, насрий ифода ва шеърий сатрлар омухталиги, насрдан шеърга, шеърдан насрга эркин кўчиш, ўзга шоирлар шеърий сатрларидан эркин фойдаланиш, тарихий ҳужжатларга мурожаат, халқ оғзаки ижоди намуналари — ривоят ва эртаклар сюжетининг қайта ҳикояси, хусусан, «Уч ёлғонда қирқ ёлғон» эртаги баёни — булар асар матнига ажиб файз, кўпоҳанглилик бахш этган. Бу роман асосида яратилган фильм миллий киночилигимизда муҳим янгилик бўлди.

Д.Қуронов: Домла, Омон Мухтор романларининг «соф санъат» намунаси эмаслиги, уларда ҳам реал ҳаётимиздаги кўпчиликни ўйлантираётган ўткир масалалар бадиий тадқиқ этилганлигини хўб айттингиз. Мен шу ўринда бир савол қўймоқчиман. Тасаввур қилингки, «Кўзгу олдидаги одам» инглиз тилига таржима қилинди-ю, уни дунёнинг бошқа бир бурчидаги одам ўқиди. У ҳам сизу биз каби ўйлайдими, унга ҳам ёзувчи биздаги реал ҳаёт муаммоларини идрок этишга интилаётгани билинадими? Менимча, йўқ. Айтмоқчиманки, реал заминидан узилгач, романнинг «соф санъат» ҳодисаси сифатида тушунилиши, ундаги бадиий модель (яъни, бизнинг воқелигимизнинг бадиий модели) воситасида ўша ўқувчи ўзига таниш воқеликнинг (яъни, ўз реал воқелигининг) муаммоларини кўриши, уларнинг бадиий ечимини топиши эҳтимоли кўпроқ. Шунга ўхшаш, ғарб модерн адабиёти намуналари ҳам бизда кўпроқ бадиий модель сифатидагина мавжуд — биз бу моделни вужудга келтирган заминдан узилганмиз, баски, муаллиф асарга юклаган мазмундан анча йироқ бўлганимиз ҳолда модель воситасида ўз мазмунимизни шакллантирамиз. Ўз-ўзидан савол туғилади: биз кўпроқ моделга шайдомизми ё ўша модель воситасида ўзимиз кашф этган ҳақиқатларга — ўз ижодимиз (бадиий асарни ўқиш — ижодий жараён) маҳсулигами?.. Нима бўлганда ҳам, талабалар билан ишлаш тажрибаси ҳозирда «Кўзгу олдидаги одам» ғарб модерн адабиёти намуналарига нисбатан яхши қабул қилинишини кўрсатаётир. Бу, аввало, асарнинг миллий заминдан узилмаганлиги, ундаги рамзу ишоралар замиридаги дард ўқувчиларга бегона эмаслиги билан изоҳланади. Иккинчи томони, афсуски, айни шу нарса ҳали кўпчиликнинг бадиий асарни чинакам ижодий ўқишга тайёр эмаслигини ҳам кўрсатади...

Биз юқорида тўхталган романлар — «Тушда кечган умрлар», «Олабўжи», «Кўзгу олдидаги одам» — тематик жиҳатдан бир-бирига яқин, Сиз айтмоқчи, уларда абсурд туйғусининг устиворлиги бу яқинликни янада кучайтиради. Бироқ улар ифода усули жиҳатидан жиддий фарқланади. Айтайлик, Ў.Ҳошимов билан Ш.Холмирзаев кечаги кунимизни бадиий идрок этаркан, уни реалликка монанд бир тарзда акс эттирадилар («акс эттиради» деганимиз шартли, зеро, бу ижодий қайта ишланган акс, яъни — бадиий образ) ва бу «акс»да улар кашф этган ҳақиқатлар суратланади. О.Мухтор эса ўзи кашф этган ҳақиқатларни ифодалаш учун реалликдагига кўпда мос келмайдиган қаҳрамонлар, ҳолатлар, рамзлар яратади. Албатта, мутахассислар Ў.Ҳошимов билан Ш.Холмирзаевни реалист, О.Мухторни сюрреалист деб фарқлашлари мумкин. Бироқ бунинг оддий ўқувчига, ҳозирда бу асарларнинг барини бирдек яхши қабул қилаётган, мириқиб ўқиётган одамга қандай аҳамияти бор?! Ахир, у асарнинг ўзинигина танийди, тан олади. Баски, ўша ўқувчига «бу йўлларнинг қай бири яхши» қабилида савол бериш гўдакка «отанг яхшими ё онангми» тарзида савол бериш билан баробар бўлур эди. Маълумки, аксарият ҳолларда гўдак бу саволга жавоб беролмайди, чунки у ўйидагини айтишнигина билади. Бироқ бу ҳолат узоқ эмас — гўдак униси ё бунисини аниқ қилиб айтса манфаат кўришини англагунича давом этади, холос... Назаримда, адабий жараёндаги ҳодисалар ҳақидаги фикрларимизда баъзан шу хил болаларча беғуборлик етишмаётгандек кўринади.

Бадиий тафаккур шакли турлича — реалистик («Тушда кечган умрлар», «Олабўжи»), шартлилик даражаси юқори бўлган реалистик («Отамдан қолган далалар») ва сюрреалистик («Кўзгу олдидаги одам») — асарларда абсурд туйғусининг устиворлиги, менимча, унинг бадиият билан эмас, аввало, дунёқараш билан боғлиқ ҳодиса эканлигидан далолатдир. Айни шу ҳодисанинг миллий маънавиятимиз билан муносабати ҳақидаги фикрларни О.Мухтор асарлари баҳона давом эттириш мумкин. Аввало, О.Мухтор ижодий изланишларидаги энг мақбул жиҳат шуки, унинг модерн адабиётига хос усул ва қарашларни ўзлаштиришида юксак даражадаги ижодийлик кузатилади. Хусусан, адиб миллий фольклор, диний ривоятлар ва Шарқ мумтоз адабиётига хос нореалистик усулларни асос қилиб олади-да, уларни модерн усуллари билан бойитади, натижада улар миллий адабий заминнинг ўзидан ўсиб чиққандек, соф миллий эстетик ҳодисадек таассурот қолдиради. «Кўзгу олдидаги одам»да ҳам абсурд воқелик қаламга олинган, бироқ унинг қаҳрамони — бу ҳолат билан келишолмаётган, изланаётган йигит. Мавжуд ҳолатнинг сабабларини ташқаридан излаб тополмаган, руҳан эзилиб маънавий инқирозга юз тутган Валини Аллоҳга бўлган чала-ярим эътиқодигина тутиб қолади. У энди ўзига, ҳазрат Навоий айтмоқчи, «ўз вужудига тафаккур айлаб» ўзини қийнаган саволларга жавоб топади: бутун иллатлар илдизини эътиқодсизликда кўради, ўзни таниш орқали Ҳақни танигачгина кўнгли осойиш топади. Романда абсурд воқелик бор — тушкунлик йўқ, Валининг ўғлини Умид атагани ҳам шундан. Бу — абсурднинг шарқона, «ноумид шайтон» ақидаси билан яшайдиган халқ вакилига хос талқини. Албатта, бу хил талқин экзистенциалистлардан К.Ясперс қарашларига ўхшаш, бироқ унинг миллий асосда юзага келгани кўпроқ ҳақиқатга яқин — асарнинг умумий руҳи шунга далолат қилади. Бу миллий адабиётимиз ғарб адабиётидан керагини олишга, нокерагини инкор қилишу зарур ўринларда у билан баҳслашишга қодир эканлигининг ёрқин далилидир. Фикримча, О.Мухтор романлари поэтикасини атрофлича чуқур тадқиқ этиш орқали адабиётшунослигимиз, адабий танқидчилигимиз олдидаги кўплаб чигал масалаларни ойдинлаштириш мумкиндек кўринади.

У.Норматов: Фикрингизга қўшилган ҳолда, уларни «Бозор» романига нисбатан-да айтиш мумкин деб биламан. Хуршид Дўстмуҳаммаднинг «Бозор» романи «Ўткан кунлар» билан бошланган ХХ аср ўзбек романчилигининг муносиб якуни дегим келади. Йўқ, гап роман асрнинг охирги йили дунё юзини кўрганидагина эмас. Асрнинг илк романи билан сўнгги романи «Бозор» орасида муайян муштаракликлар бор. «Бозор» қаҳрамони «Ўткан кунлар» қаҳрамони Отабек исмига оҳангдош тарзда Фозилбек деб аталган. Фозилбек ҳам Отабек сингари бозор-тижорат одами. Отабек миллат тарихининг энг қалтис бурилиш палласида, Чор Россияси босқини — истибдоди арафасида нажот йўлини излайди; Фозилбек эса салкам бир ярим аср давом этган истибдоддан сўнг истиқлолнинг дастлабки йилларида, миллий тикланиш палласида, янги ижтимоий муносабатларга ўтиш жараёнида йўл қидиради. Ҳа, худди «Ўткан кунлар»да бўлгани каби бу роман муаллифини ҳам тижорат одами бўлмиш қаҳрамоннинг касби кори билан боғлиқ муаммо-можаролар эмас, биринчи галда эл-юрт ғами, равнақи, маънавияти масаллари қизиқтиради. Бу ерда ҳам «Ўтган кунлар»даги каби оила, маиший ҳаётга оид таомиллар, орзу-ҳаваслар, икки ёшнинг эркин севги-муҳаббати...

Яна кўп жиҳатлари билан «Ўткан кунлар»ни ёдга туширувчи бу роман мавзу муаммолар талқини, сюжет тузилиши, воқеа-ҳодисаларни ифодалаш тарзи, персонажлар тақдири, характери, руҳияти тасвири, бадиий таҳлили жиҳатидан бутунлай янгичадир. «Ўткан кунлар»да воқеалар содир бўлган макон қамрови хийла кенг — буёғи Тошкент, у ёғи Марғилон, Қўқон; Отабек қисмати Авлиё отада интиҳосига етади. «Бозор»да эса воқеалар асосан бир бозор ва унга туташ қироатхонада юз беради. Романда бозор — метафора, рамз, тимсол, ҳаётнинг ўзига хос бадиий модели. Муаллиф ибораси билан айтганда, «бозорнинг ўзи — дунё», одамларнинг ичини кўриш, томоша қилиш борасида бозордан қулайроқ жой йўқ дунёда, «бозор — одамларнинг ич-ичини ағдариб кўз-кўз қиладиган ажойибхона», бунда ҳар бир банданинг феълидаги зўравонлик, соддалигу муғомбирлик, лақмалигу устомонлик — ҳаммаси бозорда ё пинхона, ё ошкора кўзга ташланади. Энг муҳими, бозор — романда муаллиф учун жамият маънавиятидаги бугунги оғриқли жараёнларни бадиий тафтиш ва таҳлил этишнинг самарали воситаси.

Романда бозор билан ёндош ҳолда қироатхона тасвири ҳам бор. Бозор ҳамиша гавжум, жамики тумонат бозорда; бозордагиларнинг фикри-хаёли тирикчилик, олиш, нафсни қондириш илинжида, бу ерда пулнинг қудрати худога тенг. Нафс балоси туфайли гўё бозор ёнмоқда, чўкмоқда. Бозор ёнидаги қироатхона эса кимсасиз, хароб, хувиллаб, тўкилай деб турибди. Бозорда ҳисобсиз одамлар қўлида айланаётган ҳисобсиз пуллардан-да қимматроқ, ноёброқ ақл-идрок мевалари — фикрлар бир меҳрибонини топмай увол кетяпти; бу ерда мил-мил китоб заҳ, моғор босиб ётибди... Ҳаёт ҳеч қачон ақли расолардан, фидойилардан ҳоли қолган эмас. Ҳамма ўзини бозорга ураётган, балои нафс кўйига мубтало бўлиб қолган замонда, қарангки, қоқ бозорнинг ичидан, бозор одамлари орасидан, оиласидан бир маънавият, маърифат фидойиси Фозилбек отилиб чиқади, илоҳий тақдир уни кимсасиз ҳувиллаб ётган маскандаги яна бир маънавият фидойиси Қадрияга рўбарў қилади. Ахир, ёзувчи айтмоқчи, бу ёруғ дунё учун пул ҳасратида яшамайдиган бир далли-девона ҳам керак-ку!

«Бозор»да «Ўткан кунлар»даги каби машаққатли севги саргузаштлари, оилавий можаролар йўқ. Яқин кишиларининг орзу-ҳаваслари, куткуси икки ёшнинг севги ва висол йўлига тўғаноқ бўлолмайди. Ҳатто Қадриянинг «қиз эмас»лиги ҳам ҳали уйланмаган йигит Фозилбек кўнгил майлига асло монелик кўрсата олмайди. Романда талқин этилишича, маънавий яқинлик, руҳий юксаклик қудратли куч, унинг қаршисида турмушнинг турли-туман тўсиқлари, одат, икир-чикирлар арзимас нарса бўлиб қолади. Бу икки ёш нафс балоси туфайли бозор ёнаётган, чўкаётган, нафс бандаларини олов қаърига тортиб кетаётган бир замонда нажот йўлини қидирадилар. Улар бозорни ҳалокатдан қутқариш йўли маънавиятда деб биладилар. Тўғри, бозорсиз ҳаёт, тараққиёт йўқ. Шўро даврининг аччиқ сабоқлари буни тўла тасдиқлади. Бироқ «бозорнинг гуллаб яшнаши учун хаёл ҳам керак, ўйлов ҳам керак». Бозор кишилари хаёлдан кўра ҳаётга яқинроқ. Бу, бир жиҳатдан яхши, аммо хаёлсиз, ўйловсиз, яъни маънавиятсиз ҳаётнинг охири зулмат. Бундай ҳаёт охир-оқибат ҳалокатга маҳкум. Фозилбек — ўз ҳамкасбларидан фарқли ўлароқ, хаёлга мойил — романтик табиатли шахс. Севгилиси — маслакдоши Қадрия билан бирга у бозор ўзгаришларини тушуниш, унинг тилини, ҳикматини ўрганиш, зулмат қаърига чўкаётган бозорни маънавият, маърифат ёғдуси билан нурлантириш устида астойдил ўй суради.

Романда сиз бевосита бозорнинг ички зиддиятлари, бозор муносабатларига оид можаролар тасвирини кўрмайсиз; унда интригага ишқибоз китобхонларга хуш келадиган қизиқарли саргузаштлар йўқ ҳисоб. Ёзувчининг диққат эътибори бозор можароларининг бевосита ўзини эмас, персонаж онги, руҳиятидаги акс-садосини ифодалаш, бадиий таҳлил этишга қаратилади. Муаллиф ХХ аср жаҳон тараққийпарвар модернистик адабиётида синовлардан ўтган онг оқими мактаби тажрибаларидан ижодий фойдаланган. Асар тили бошдан оёқ рамзлар, метафоралар, имо-ишоралар асосига қурилган. Бу тилни ўқимай, уқмай туриб романни тушуниш, унинг туб моҳиятини англаш маҳол.

Д.Қуронов: Домла, «Бозор» романини «Ўткан кунлар»га менгзаганингиз, эҳтимол, кимгадир орттириб баҳолашдек эриш туюлар, бироқ иккисининг талай муштарак нуқталари борлиги тайин. Ҳар икки романда ҳам, Сиз айтмоқчи, миллий тарихимизнинг бурилиш нуқталари, шу паллада йўл излаётган қаҳрамонлар қаламга олинган. Бироқ бурилиш нуқталарининг ўзи турлича, шу боис ҳам улар қаҳрамонлар, муаллифлар онгида турлича аксланади. Абдулла Қодирий талқинидаги дунё ишларига «этак силккан» Юсуфбек ҳожи «одам бўлишимиздан тамом умидимни кесиб қўйдим» деркан, унинг сўзларида умидсизлик барқ урадики, бу — истиқлол орзусида яшаган ва асарни ёзаётган палла орзусининг тобора қўл етмас бўлиб бораётганини чуқур ҳис этган муаллифнинг дарди, армони эди. Юсуфбек ҳожи мисоли Қосимбек оқсоқол ҳам бозорни «обод қиламан деган кўйда умрини совурган»-да, энди «кўмиб юбораман деган қарорини кўтаролмай» руҳан синган одам. Бироқ, ўзи руҳан синган бўлса-да, Қосимбекнинг эртадан умиди бор: мулоҳазакор ўғли Фозилбекка, бозорнинг «кунпаякун бўлиб кетмаслик учун ўзи инсофийларни топишга, кўпайтиришга» мажбур бўлишига, ўшанда «иллатларга қарши инсофийлар бозор посангисини сақлаши»га ишонади. Атрофидагиларнинг бефаҳм бефарқлигидан зада бўлиб «шу бозор-шу одамларнинг корига ярайдиган болани ўзи туғиб беришга» жазм этган кампирнинг Фозилбек билан Қадрияга қарата «Сан билан манави арзандангга ишонаман, йигит!» дейиши, икки ёшнинг ҳаётга қарашидаги беғубор теранлик — булар бари умидворликдан даракдир. Бир қарашдаёқ Х.Дўстмуҳаммад талқинидаги «Бозор»нинг абсурддан бошқа нарса эмаслиги кўзга ташланади. Бироқ отаси умрини совуриш эвазига англаган ҳақиқатни фозил Фозилбек эрта илғади: у бозорни тамомила изга солиш ҳам, тамомила бозор измида яшаш ҳам мумкин эмаслигига инонган — йўлни оралиқдан излаш кераклигини теран англаган одам. Сирасини айтсак, бу абсурднинг шарқона, ўзбекона талқини эмасми?!..

«Бозор»нинг бадиий фалсафасини учта асосий образ: бозор, чойхона ва қироатхона тутиб туради, бошқа барча образлар уларнинг атрофида уюшади. Романда қаламга олинган давр фожиаси шуки, ундаги «барча йўллар бозорга олиб боради», «бозор майдони пастлик... салгина хушёрликни бой берган одам пастликка қараб тарвуздек думалаб тушаверади». Дарҳақиқат, ўн йиллар илгариги воқелигимизда шу ҳол кузатилмадими?! Минглаб одамлар ўзларининг идеаллари, орзу-интилишлари, касб-кори, қўйинг-чи — ўзлигига хиёнат қилиб бозор аталмиш «сувсиз ҳовуз»га ғарқ бўлмадиларми?! Нажот йўли эса битта: аввало, «ғарқ бўлаётганини англаш», сўнг тармашиб тепага интилиш керакки, бунда «қироатхона пойидан чиқилади» — маънавиятгина инсонни, жамиятни ҳалокатдан сақлаши мумкин.

Х.Дўстмуҳаммад «Жажман»даги маҳлуқни романга-да кўчиради. Хўш, бу маҳлуқ, Ножинс қайдан бинога келди? Бозор аҳлининг аксарияти Ножинс ё «аллақайси юртдан ер қазиб келган», ё «ҳибсхонадаги аристонлар битидан урчиган», ё «атрофидаги одамлар иллатидан вужудга келган» деб билади; биргина Зар бобо унинг одамлар вужудидаги ҳибсхонадан қочганини тан ола билади, Қадрия эса маҳлуқнинг «омборга айлантирилган масжиддан чиққан»лигини айтади. Қаранг-а, офат қаршисида турган жамиятда кўпчиликнинг айбни ўзидан сокит қилиши, айримларнинггина уни зиммасига ола билишию фақат чинакам фозил, хос кишиларгина моҳиятга қарай билиши нақадар ҳаққоний ифодасини топган! Бу жамиятнинг мўъжаз макети эмасми?! Масжидларини омборхонага айлантирган, иймондан тойган одамлар кўксидаги ҳибсхонадан қочган маҳлуқ энди уларни ўз измига солган. Чойхонани эсланг: тиланчидан тортиб ажабзотларгача — бари Ножинснинг измида гўё; бозор эса энди номигагина Қосимбек измида, аслида унинг жилови-да Чойхона қўлига ўтиб бўлган...

Домла, «Бозор»нинг ўзига хос ифода тарзи, унинг рамз ва ишораларга бойлиги, «бу тилни ўқимай, уқмай туриб романни тушуниш, унинг туб моҳиятини англаш маҳол»лигини жуда тўғри таъкидладингиз. Мен романни икки бора ўқидим, бироқ ҳамон унда тишим ўтмаган нуқталар қолгандек, яна қайта ўқиганимда унинг тамомила янги қирралари очиладигандек туюлаверади, шунга ишонгим келади. Хуллас, истиқлол йиллари миллий адабиётимизда қайта-қайта ўқишга арзийдиган романлар пайдо бўлдики, уларни ўқиш ва уқишимиз бизни маънан юксалтиришига ишончим комил.

У.Норматов: Гапингиздан бугунги суҳбатимизни якунлаш, айтилганларни хулосалаш фурсати етган кўринади. Албатта, бир суҳбат доирасида ўн йил мобайнида адабиётимизда яратилган романларнинг барини қамраб олиш мушкул. Йўқса, О.Ёқубовнинг «Адолат манзили», Ш.Холмирзаевнинг «Динозавр» романлари; Аббос Саиднинг «Беш кунлик дунё», Ш.Бўтаевнинг «Қўрғонланган ой» каби романчилик бобидаги илк изланишлари; халқимизнинг чинакам тарихини яратишга бел боғлаган адибларимиздан П.Қодировнинг «Она лочин видоси», Эркин Самандарнинг «Тангри қудуғи», С.Сиёевнинг «Яссавийнинг сўнгги сафари», Хайриддин Бегматнинг «Меҳрибоним, қайдасан», Асад Дилмуроднинг «Маҳмуд Торобий» сингари романлари хусусида тўхталишимиз, холис муҳокама қилишимиз мумкин бўлур эди. Шунга қарамай, умид қиламизки, биз тўхталиб улгурган асарлар бугунги романчилигимиздаги асосий тамойиллар ҳақида сўзлаш имконини беради.

Хуллас, ҳозирги романчилигимиз жиддий маънавий, шаклий-услубий изланишлар жараёнини бошдан кечиряпти, ХХ аср давомида шаклланган муайян анъаналар интиҳосига етиб, бутунлай янги тамойиллар таркиб топмоқда. Энг муҳими, романнависларимиз инсон шахсияти, шахс жумбоғи томон юз ўгираётирлар, бу борада айрича янги тамойиллар пайдо бўлмоқда. Бироқ бу борадаги буюк кашфиётлар хали олдинда. Биз янгилик, «кашфиёт» деб санаган персонажлар ҳам ҳозирча умумбашарий миқёсларга кўтарила олгани йўқ. Эндигина бошланаётган янги аср ўзбек романчилиги учун буюк ихтиролар асри бўлса ажа

 
 
Сайт создан в системе uCoz