Фикрнинг дояси

Dilmurod Quronov

Ота-боболаримиздан мерос бир ҳикмат бор: “Илм истасанг оқиллар суҳбатига қулоқ тут...”

***

Антик дунёнинг Суқрот, Афлотун сингари файласуфлари мавжудликнинг мураккаб муамммоларни ҳал қилиш учун суҳбат шаклини маъқул кўрганлари бежиз эмас. Негаки, тафаккур моҳиятан “ички суҳбат”, фикрламоқ — кишининг ўз вужудидаги яна бир “мен”и билан мулоқотга киришмоғи. Фикрлаётган одам ўша “мен”га ненидир англатишга, унинг эътирозларини қондиришга, уни негадир ишонтиришга интилади... — шу йўсин қўйилган масала юзасидан ФИКР қарор топади. Яъни, фикр фикрдан туртки олади, шубҳа фикрни теранлаштиради, эътироз унинг кўламини кенгайтиради... бас, ФИКРнинг чинакам дояси суҳбат экан...

(... устоз Умарали Норматов табиатан мулоқотга, гурунгга мойил одам эканидан суҳбатнинг афзаллик томонларини жуда эрта ва теран илғаган. Шундан бўлсами, домла навқирон ёшида ёзилган “Роман ва замон” номли чиқишидаёқ қўйилган масалани хаёлдаги адабиётшунос дўсти, аслида эса яна бир “мен”и билан муҳокама қилади. Мунаққид ўшандаёқ суҳбат тақдим этувчи имконлар доираси бениҳоя кенглигига мафтун бўлгандирки, ижодий фаолияти давомида 40 дан зиёд суҳбатлар ўтказибди: улар жамланса, иккита салмоқли-салмоқли китобга сиғмай қолар экан...)

... тафаккур “ички суҳбат” эканидан келиб чиқилса, ҳақиқатда воқе бўлган суҳбатнинг имконлари нечоғли кенглигини тасаввур қилиш қийин эмас: бу ҳолда муаммони ечишга камида иккита онг сафарбар этилади-да, ахир! Фақат бу имконларнинг рўёбга чиқиши учун битта-иккита муҳим шартлар мавжуд.

Энг аввал — ният: суҳбатдошларнинг муддаоси битта — муҳокама этилаётган муаммо моҳиятига имкон қадар яқинлашиш бўлмоғи даркор. Яъни, суҳбатда манфаату шахсият ортга чекинмоғи, масаланинг моҳиятига яқинлашиш мақсади устивор бўлиши лозим. Бунинг учун кишидан суҳбат предметига беғараз меҳр билан бирга...

(... умрининг қарийб “60 йили адабиёт, уни англаш, ўрганиш, ўргатиш йўлида ўтган” У.Норматов суҳбатларидан бирида: “сўз санъати инсоният яратган, аниқроғи Оллоҳ одамларга ҳадя этган ноёб неъмат, сирли олам эканига такрор-такрор иқрор бўлдим. Чинакам санъат асарини ўқиганимда, томоша қилганимда ҳайратдан ўзимда йўқ яйрайман. Кўнглимда шу соҳага майл-меҳр уйғотгани, ризқимни шу соҳада бергани учун Яратганга шукроналар айтаман”,- дея иқрор қиладики, у кишини билганларнинг хеч бири бу сўзларнинг самимийлигига, домланинг кўнгли адабиётга беғараз МЕҲР билан лиммо-лим эканига заррача шубҳа қилмаса керак...)

... “Афлотун менинг дўстим, лекин ҳақиқат муҳимроқ” ақидасида мудом собитлик талаб қилинади. Э-эҳ, энг оғири ҳам шу-да! Ҳақиқатнинг ўзига тортувчи жозиб кучи ҳам, жуда яқин борсанг куйдириб қўйиши ҳам бор: унга талпиниб-интилиб, ундан ҳайиқиб-қўрқиб яшаймиз. Гоҳ андиша, гоҳ қўрқув, гоҳ тағин бир сабаб кишига доим ҳам дилдагини айтиш имконини бермайди. Шукрки, суҳбат ишора имконини қолдиради...

(... Саид Аҳмад билан суҳбатида мунаққид бир масалага қайта-қайта эътиборни тортадики, шу масала уни айрича қизиқтираётгани сезилади. Бу ҳам бўлса, расман “социалистик меҳнат тантанаси”нинг рамзи саналган канал қурилишининг сояда қолган томони. У.Норматов аввалига эҳтиёткорлик билан “Айрим танқидчилар «Қирқ беш кун»да канал қурилишидаги ишлаб чиқариш характеридаги можаролар, конфликтлар қаламга олинмаганлигини айтдилар” деб эслатади. Табиийки, ёзувчи асл мақсадни тушуниб турибди, лекин дангал жавобдан қочади:

“Бу ерда (канал қурилишида — Д.Қ.) порахўр йўқ. Ичкиликбоз йўқ. Бюрократ йўқ. Ўғри йўқ. Гўё қирқ беш кун бу ерда “коммунизм қурилгандек” эди. Овқат текин, иш кийимлари текин. Медицина, маданий хизматлар текин...

Дангаса йўқ. Бировни биров зўрлаб ишлатиш йўқ”. Эътибор беринг-а: С.Аҳмад суҳбат кечаётган даврда (1976) жамиятда авж олган иллатларни бир-бир санайди-да, сўнг биргина “гўё”си билан “фақат шу 45 кунгина коммунизм қурилган бўлса-ю, шуни ҳам кўтаринки тасвирламайинми?!” дегандай бўлади. Танқидчи томонидан ноқулай аҳволга солиб қўйилган адиб зукколик билан ҳолатдан чиқади: қўйилган саволга жавоб беради ҳам, жавоб бермайди ҳам. Суҳбатнинг афзаллиги шуки, у — жонли жараён: эътирозу инкордан муросага ва аксинча ҳаракатланаверади. Энди танқидчи муросага келади: “Мен аввал ҳам айтган эдим, баъзилар даъво қилгандек, «Қирқ беш кун»нинг меҳнат тасвири билан боғлиқ камчилиги «қурилишдаги қийинчиликлар, кўнгилсиз ҳодисалар, салбий томонлар муаллиф эътиборидан четда қолиб кетгани»да эмас, Сизнингча, аслида ҳаётда айни шу тарздаги ҳодисаларнинг ўзи бўлмаган экан”. Бироқ муросада ҳам муроса бор-да! Эътибор беринг: “Сизнингча, ... бўлмаган экан” дейиш билан У.Норматов аслида «қурилишда қийинчиликлар, кўнгилсиз ҳодисалар, салбий томонлар бўлган” дейди. Суҳбатдошлар бир-бирларини тушунди, ҳақиқат-ку айтилмади, лекин унинг юзидаги парда бироз кўтарилди: 70-йиллар шароитида шунинг ўзи ҳақиқатга содиқлик эмасми?! Муҳими, мутолаа жараёнида беихтиёр суҳбат иштирокчисига айланган ўқувчи бу ишораларни фаҳмлайди, айтилмай ифодаланган фикрларни уқиб олади...)

... суҳбатнинг мақсади — қўйилган муаммонинг моҳиятига, ҳақиқатига етиш, дедик. Ҳақиқат эса битта, буни ҳамма тан олади; ҳамманинг ўз ҳақиқати борлиги ҳам барчага маълум, лекин буни барча бирдек тан олмайди, тан ололмайди. Нима ҳам дердик, бу ҳам инсонга хос бир ожизлик. Айни шу ожизлик суҳбатни бесамар этади, у баланд келса, суҳбатда ҲАҚИҚАТни эмас, ҲАҚЛИКни аниқлашга интилиш мақсади устивор бўлиб қолади. Таассуфки, Ҳақликни Ҳақиқатдан авло била бошлаганимиз сабаб бугун боболардан мерос “ҳақиқат баҳсда туғилади” нақли ғалат тушунилаётгандек туюлади. Зеро, биз ҳозирда кўпроқ “мунозара”, “тортишув” маъноларида тушунадиган арабча “баҳс” сўзининг луғатда “муҳокама қилмоқ”, “тадқиқ қилмоқ”, “ўрганмоқ”, “изланмоқ” тарзида изоҳлангани ҳам шунга далолат қилади. Қизиғи шундаки, қадим юнон тилида “суҳбат” маъносини берган “dialogetikon” сўзи “мунозара”, “тортишув” маъноларида ҳам ишлатилган экан. Шулардан келиб чиқиб, “ҳақиқат баҳсларда туғилади” тарзидаги кўҳна нақлни биз янглиш тушунмаймизми, тўғриси “ҳақиқат суҳбатда туғилади” эмасмикин?” деган андиша келади... Бироз чалғиб кетган бўлсак, узр. Ҳартугул, айтилганлардан келиб чиқиб, юқоридагилар сирасига яна бир муҳим шартни қўшишимиз керак бўлади. У ҳам бўлса — тинглай олиш қобилияти: суҳбатнинг бесамар тортишувга айланмаслиги учун суҳбатдоши нима деяётгани ва нега шундай деяётганини тушуна олиш, ўз ҳақиқати ўзига нечоғли қадрли бўлмасин, ўзганинг ҳақиқатига ҳам ҳақ бера билиш лозим...

(... Умарали Норматов — том маънодаги МУНАҚҚИД, тамсил қилмоқчи бўлсак, у кишининг сезгир бармоқлари мудом адабий жараён билагида туради: домла адабий янгиликларни мунтазам кузатади, адабий ҳаёт қозонида қайнайди, дарсхоналарда адабий ҳодисалар ўқувчи оммада қандай акс садо бераётганини кузатиб-билиб туради. Шу боис у кишининг суҳбатларида жорий адабий жараённинг энг долзарб масалалари ўртага қўйилади, билгичлик билан муҳокама этилади. Домла тажрибали дарға мисоли: суҳбат кемаси саёзлик томон борса, чуқурликка буради; довулларга усталик билан чап беради, сув ости қояларини четлаб ўтади, хуллас, курсни кўзланган манзилга йўналтиради. Манзил эса аниқ — қўйилган масала моҳияти, ҳақиқати...)

... айниқса, муайян масалада ўз фикри, ўз қарашига эга фозил кишилар суҳбатида бу жуда муҳим. Илм талабидаги киши ҳамиша фозиллар суҳбатига талпинади. Ровийлар нақл қиладиларки, агар “шу масалани Кўҳи Қофнинг нарёғида фалоний билур” деб эшитсалар, толиби илмлар яёв борган эканлар. Алқисса, яна бир муҳим шарт — суҳбатдош танлай олиш: ким билан суҳбатлашишни ҳам, ким билан нима ҳақда суҳбатлашишни ҳам билиш...

(... домланинг ўзи уюштирган суҳбатлар кўздан кечирилса, уларда икки жиҳат яққол кўзга ташланади: биринчиси — суҳбат марказида жорий адабий жараён учун муҳим масала ўртага қўйилади; иккинчиси — шу масала ҳақида ўзига хос, изчил ва асосли фикрлар бера оладиган суҳбатдош танланади. Танловнинг асосий мезони — шу... 1977 йилда шоир Эркин Воҳидов билан суҳбат асосига талант тарбияси масаласи қўйилади. Мундай қаралса, Эркин Воҳидов қирчиллама қирқ ёшида, ҳали ўзи ҳам “ёш шоирлар” сирасида саналиб юрган вақт: талант тарбияси, ёшлар адабиёти хусусида бошқа биров билан суҳбатлашилгани дуруст эмасмиди? Йўқ, мунаққид айни шу ижодкорни танлайди, ўзининг танлов принципига тўла содиқ қолади ва, муҳими, — адашмайди. Суҳбатнинг жонли, адабий танқидий тафакуур учун аҳамиятли чиққани бунинг биринчи далили. Иккинчиси, орадан кўп ўтмай Э.Воҳидов бутун бир авлод учун катта адабиётга йўл очган, “бу майдон ичра” ўз ўрнини топишига кўмаклашган “Ёшлик”ка муҳаррир бўлдики, шоирнинг муҳаррирлик даври алоҳида мавзу...

Эҳтимол, маълум сабаблар билан зикр этилган принциплардан бироз чекинилган ўринлар ҳам чиқар, бироқ улар — истисно, холос. Яъни, домланинг суҳбатлари ичида “шунчаки суҳбат қилиш учун”гина воқе бўлгани топилмайди, ҳаммаси бирдек адабий танқидий асар...)

... ҳар нарсанинг ўз офати бор, жумладан, суҳбатнинг ҳам. Рус адабиётшуноси М.Бахтиннинг уқдиришича, томонлардан бири иккинчиси олдида қалпоқ ечиб турадиган бўлса, диалог воқе бўлмайди. Олимнинг бу фикри ўзбекчасига “томонлардан бири иккинчисининг қаршисида “қўл боғлаб” турган бўлса, диалог мавжуд эмас” тарзида ифодаланиши мумкин. Яъни, чин маънодаги диалогнинг муҳим шарти — томонларнинг тенглиги. Албатта, эътироз бўлиши мумкин: “беш қўл баробар эмас-ку!” Тўғри, бироқ гап бунда эмас, гап суҳбатдошни ўзига тенг кўра олишда. Тан олиш керак, буниси энди жуда қийин: ўртада шайтон бор эмасми, гоҳ билимдонлигини, гоҳ чечанлигини, хуллас, устунлигини кўрсатгиси келиб қолади кишининг. Бунинг акси ҳам бир бало: меъёрдан ошган андиша, ортиқча камтарлик, мутеликка эгиз камтарлик...

(... офатнинг дафъи битта — ният холислиги. Адабиётга беғараз меҳри, БИЛИШни умрининг бош шиорига айлантиргани боис Умарали Норматов зикр этилган ожизликлардан баланд тура олади. Домла кафедрада ўтириб қишлоқдан яқиндагина пойтахтга келган набираси қатори талаба билан суҳбатлашаётгани, муҳими, унинг гапларини диққат билан тинглаётганини кўп бор кузатганмиз. У киши “боқма ким дер ани, боқғилки не дер” қоидасига амал қиладилар; суҳбат мавзуси, масала моҳиятини муҳимроқ санагани сабаб андишаю камтарликнинг меъёрини хўб биладилар... )

... суҳбат — жонли жараён, демак, қоғозда ҳам жараён муҳрланади. Муҳими, суҳбатни ўқиганда у янгидан воқе бўлаётгандек, жараён кўз олдимизда қайта жонланаётгандек таассурот қолади кишида. Бамисоли драматик асар: ҳар гал ўқиганинг ё томоша қилганингда ҳодиса кўз олдингда қайта юз беради. Эсхил, Софокллар икки ярим минг йил муқаддам яратган асарларнинг ҳамон ўқилаётганига сабаб, бир томони, шу эмасмикан?!..

(... шу таассурот измида домланинг 30-40 йиллар илгари ўтказган суҳбатлари ҳамон эскирмабди, деган фикр келди ва ушбу китобни нашр қилиш нияти хўб ва хайрли бўлибди деб ўйладим. Дарвоқе, суҳбат муайян бир шароитда ўтказилади, бас, унда ўша шароитнинг излари бўлиши ҳам шубҳасиз. Сир эмас, ушбу нашр илгари давр тақозоси билан киритилган “навбатчи жумлалар”, “партия-ҳукуматнинг доно раҳбарлиги” қабилидаги сиёсий хушёр гаплардан тозаланибди. Албатта, буни ҳар ким ўзича баҳолашга ҳақлику-я, бироқ, буни эътироф этганимиз ҳолда, ўз қарашимизни қайд этиб ўтмасак бўлмайди. Таҳрир ва унинг натижасини, айтайлик, “уй кўтариш”га қиёс қилиш мумкин. Биларсиз, уй кўтарилгач, ажиб бир таассурот қолади кишида: уй ўша уйку-я, лекин кенгайиб қолгандек, баҳавороқ бўлиб қолгандек... Йўқ, тамсилимиз камроқ кўринди. Яхшиси, чанг босган кўзгуни артиб тозаламоққа қиёс қилсак: кўзгу ҳам ярақлаб кетди, ундаги акс ҳам равшан тортди...)

***

Ота-боболаримиздан мерос бир ҳикмат бор: “Илм истасанг оқиллар суҳбатига қулоқ тут...”

 
 
Сайт создан в системе uCoz