Адабий жараёнда “Мом синдроми”

DILMUROD QURONOV

Эзопда бир масал бор:

“Зевс ҳўкизни яратди, Прометей – одамни, Афина – уйни. Учалови кимнинг ижоди мукаммалроқ эканлиги масаласида баҳслашиб қолишди-да, ҳакамликка Момни таклиф қилишди. Уларнинг ижодини кўриб, Момнинг ғайирлиги келди ва деди: “Зевснинг хатоси шуки, ҳўкизнинг кўзлари шохида эмас – нимани ва қаерига сузаётганини билолмайди; Прометейнинг хатоси шуки, одамнинг юраги ташида эмас, ичида экан – унинг яхши ё ёмонлигини бирдан билиб бўлмайди; Афина уйни ғилдиракли қилмапти – ёмон қўшни тўғри келиб қолса қочиб кетиб бўлмайди». Момнинг ғайирлик қилаётганини сезган Зевснинг қаҳри келди ва уни Олимпдан ҳайдаб солди”.

Эзоп масали иккита бешак ҳақиқатни сўзлайди: биринчиси – бу ёруғ оламда мукаммал нарсанинг ўзи йўқ; иккинчиси – ғайирлик инсонга табиатан хос нарса. Булардан келиб чиқувчи яна бир ҳақиқат шуки, агар Эзопга нисбат берилувчи бу масал қарийб уч минг йиллар наридан келаётганини эътиборга олсак, башарият мазкур ҳикматларни ҳам, ғайирликнинг номаъқуллигию бундайин феъл Олимпдан қувилишга лойиқлигини ҳам азалдан билади. Лекин, бандалик-да... амалга келганда аксар латифадагидек иш тутамиз. Яъники, бир касни масжидда номаъқул иш устида тутиб олиб, ёқасидан олдилар:

– Шу ишни қилишга Худодан қўрқмадингми, нокас?

– Қўрқдим... қўрқдим-у, қўрқиб-қўрқиб қилавердим-да...

***

Улуғбек Ҳамдамни эл оғзига туширган “Мувозанат” романи эълон қилинганига ҳам ҳадемай ўн йил бўлади. Асли, Улуғбек бунга қадар ҳам анча-мунча шеърий машқлари, бир-икки ҳикоясию яна “Ёлғизлик” қиссасини эълон қилиб, кичикроқ давраларга хийла танилиб улгурганди. Албатта, адабий жамоатчиликнинг муносабати ҳам шунга яраша эди: “ҳа, энди, яна бир ҳавасманд кўнгил ёзувчиликни орзу қилибди-да, дуруст, дуруст... бўлади, тарбияласа одам бўлади...” Шу асно “Жаҳон адабиёти”да “Мувозанат” эълон қилинди-ю, муносабат ҳам тубдан ўзгарди: М.Қўшжонов, О.Шарафиддинов, У.Норматов, А.Расулов каби устоз адабиётшунослар, П.Қодировдек катта адиблар романга юксак баҳо бердилар... анчадан бери сокинлик ҳукм сураётган адабий жараён жонлангандек бўлди: асарни қувиб излашу топиб ўқиш, у ҳақдаги қизғин фикр алмашувлар, катта-кичик давраларда муҳокамаю мунозаралар ўтказиш, таҳририятга хатлар битиш, асар эълон қилинган журнал сонларининг қўлдан қўлга ўтавергандан титилиб кетиши... каби деярли унутилаёзган ҳодисалар кузатилганди ўшанда. Бироқ, яхши биласизки, танганинг ҳамиша иккинчи томони ҳам бўлади: юқоридагича баҳою муносабатга зид ўлароқ “Мом синдроми” ҳам етила бошлади... бунинг устига, Улуғбек ҳам кетма-кет яна иккита роман эълон қилиб қўйди-ю... Бунақа вазиятда тахминан қуйидагича андишаларнинг пайдо бўлиши табиий:

Ҳар қанча иқтидорли бўлса-да, Улуғбек ҳам одам, бундай баҳолардан ҳаволаниб кетса, нафақат ўзига, адабиётимизга ҳам зиён, ахир! Энди асар таъсиридан, у юзага келтирган китобхонлик эйфориясидан чиқиш, романни холис баҳоламоқ зарур. Токи ёш адиб юлдузлик касалига йўлиқиб, худо берган иқтидорини зоега кетказмасин! Ёзганларини сайқаллаб, адабиётимизни том маънода бойита олсин...

Холислик ҳаққи айтиш керак, бу жуда тўғри фикр, ўз вақтида унинг кўпчилик мунаққидлару адиблар хаёлидан ўтганига ҳам шубҳа қилмаса бўлади. Лекин бу атиги бир фикр, холос, ҳамма гап унинг маншаи – келиб чиқиш манбаида.

... камина иқтидори ва хотирасига эхтиромини канда қилмайдиган катта адибимиз суҳбатларидан бирида “Мувозанат” ҳақида беписандлик билан: “Бир жойда ўқиб қолдим бир парчасини. У ҳали жилва қилаётган сувга ўхшайди”, - дейди. Сизга қандай билмадим-у, сўз маъносини жилвалантирувчи заргар мақомидаги адибнинг гапида ҳақорат пинхондек туюлади менга. Ахир, беписанд оҳангда айтилган “бир жойда”, “бир парча” дегани... (Бадгумон бўлиб қолишдан Ўзи сақласин, астағфуриллоҳ!) Ер бориб айтмасин-у, менга қолса, ёш ҳамкасбга бундай муносабат маншаи «Мом синдроми”дан ўзга эмас. Начора, нечоғли улкан истеъдод бўлмасин, инсонга хос ожизликлар унга ҳам ёт эмас. Тўғри-да, ахир: сўнгги йилларда яратган яхшигина романлари деярли акс садо бермай, “адабиёт ўлади” деган гапга ишониб қолаёзган бўлса-ю, ҳали тетапоя бир ёзувчининг романига шунча шов-шув... Бунинг устига тажрибали нигоҳи романнинг кам-кўстларини яққол кўриб турган бўлса: наҳотки дид деганлари ҳам шунчалар ўтмаслашса?! Дунё бевафо... ўқувчи омма бевафо... Бироқ, тан олиш керак, адибнинг улкан истеъдоди суҳбатда ҳам ўзини кўрсатади, айтганлари ўзига ҳам эмас кўринганми, тезгина силлиқлашга шошади: “Лекин самимий ёзибди!” Мабодо ожизлик устун келмаганида, аввал самимий ёзганликни таъкидлаб, сўнг камчиликларини айтган бўлармиди...

Газета-журнал саҳифаларида акс этган адабий жараён – айсбергнинг юзаси, холос, унинг катта ва асосий қисми жонли мулоқот, “деди-деди”лар шаклида яшайди. Асосийси, кўпчилик нигоҳидан пинҳон айни шу томони – ҳаққонийроқ, бунда асл муносабатни яшириш, бўяб-бежаш зарурати йўқ, шу боис улар муносабатни очиқ кўрсатади...

... бугунги насримиз илғорида турган биз тенгқур ва ҳеч шубҳасиз, талантли ёзувчи: “Улуғбек Ҳамдам?!.. Ким экан у... танимайман!” – дея сохта ҳайронлик билан елка қисармиш. Буниси энди куни-кеча қулоққа чалинган гап. Ишонаверинг, талантли ёзувчининг сохта ҳайронлиги зимнидан ҳам «Мом синдроми” бўй беради. Зеро, вақтли нашрлардаги фаоллигидан ташқари шу кунга қадар учта роман, икки-уч шеърий тўплам чиқарган ижодкорни танимасликка олишнинг ўзи – муносабат, ўша ижодкор ва унинг асарларига менсимай қарашдан бошқа нарса эмас. Фақат бу ўринда «Мом синдроми”нинг маншаи бошқа, у кибрдан, илмий тилда айтсак “буюклик манияси”дан келиб чиқади. Яъни, ёзувчимиз ўзининг сўнгги давр насрчилигида алоҳида ўрин тутишини (холис айтсак, маълум даражада у ҳақ ҳам) ҳис қилади – ўзини юксак чўққида тасаввур қилади: олисда, кўзга элас-элас чалинувчи чўққиларда турган А.Қодирий, А.Қаҳҳор ва яна кўзи унча илғамаётган аллакимларни демаса, атрофида ҳеч ким йўқ! Пастга қарасаки, бириси чўққига чиқиш учун тармашаётибди: “Қайт-э, кўрмаяпсанми, жой банд-ку!..”

... “деди-деди”ларнинг кейингиси ҳаммасидан ўтиб тушади: “Раҳматли Озод ака адабиётга олиб кириб қўйди, бўлмаса Улуғбекнинг ўзи ҳеч нарса эмас!” - дейди сирли қилиб таниқли мунаққидлардан бири. Бу ўринда «Мом синдроми”нинг маншаи – мунаққидга йўргакда теккан нигилистлик касали, унинг учун инкор қилинмайдиган нарсанинг ўзи йўқ, бўлмайди ҳам. Лекин гап бунда эмас, муҳими – мунаққид адабий жараённинг қоқ чорраҳасида туради: пойтахтдаги адабиётга алоқадорки одам бир ой, ярим ойда бир унга албатта дуч келади, десак муболаға эмас. Яъни, ҳалиги фикр “колхоз радиоузели”дан эълон қилинган каби. Ақлга тайинки, бу адабий жамоатчилик фикрининг шаклланишига таъсирсиз қолмайди. Зеро, гарчи “колхоз радиоузели” десам-да, унинг ишлаш принципи “Америка овози” каби: тўққизта ростга битта ёлғонни ўраб эфирга узатади – тажрибасиз одам ёлғонни ямламай ютади. Билган-ку, ақл тарозусига солиб кўрар, билмаган, дейлик, пойтахтга келиб адабий давраларда йўл излаб юрган ёш бунга чиппа-чин ишониб, ўзининг истиқболи истеъдоди кучига эмас, ҳаёт йўлида бир кун Хизр мисол дуч келувчи катта адиб ё катта олимгагина боғлиқ деб ўйлаб қолмайдими? Энг ёмони, у шўрлик ҳам “ҳаво-томчи йўли билан ўтувчи” бедаво нигилистлик касалини юқтириб олмайдими?..

***

Ҳа, “Мувозанат”нинг рўёбга чиқишида устоз О.Шарафиддиновнинг роли катта, буни ёзувчи учрашув ва суҳбатларида ҳар вақт миннатдорлик билан эътироф этади... Ғайирлик нафаси уфуриб турган гапларга чалғимаслик лозим, зеро, устознинг роман тақдиридаги иштироки, аввало, катта ҳарфлар билан ёзиладиган ИНСОН ва МУНАҚҚИД бўлгани билан изоҳланади. Яъни, агар устоз романдаги Сиз (гап эгасини топади!) дўмбира қилиб чалмоқчи бўлаётган камчиликларни кўрмаган, десангиз, хомтама бўласиз – қаттиқ адашасиз. Негаки, МУНАҚҚИД нигоҳи сизникидан чандон тийраклигидан асардаги улкан бадиий потенциални кўролган, бағрикенг ИНСОН сифатида унинг нуқсонларига жузъий, тузатса бўладиган деб қарай олган ва шу боис айтадики: “... яхлит олганда роман менда жуда катта таассурот қолдирди” . Мунаққиднинг “яхлит олганда” дейишида гап кўп: бу билан, бир томондан, романнинг камчиликлардан ҳоли эмаслиги, иккинчи томондан, “яхлит олинганда” ўша камчиликларни босиб тушадиган, уларга вақтинча кўз юмиб турса бўладиган нимадир борлиги таъкидланади...

Ўз-ўзидан савол туғилади: нима экан ўша НИМАДИР? “Мувозанат” нега, нимаси билан катта авлод вакилларига – устоз мунаққидлару адибларга маъқул келди?

Мазкур саволга жавоб излашни О.Шарафиддиновнинг: “Романни ўқиб чиқар эканман, бугунги кун одамини тасвирлашда хали реализмнинг очилмаган имкониятлари кўп эканига имон келтирдим”,- деган гапидан бошласак. Эҳтимол, кимдир бу гапдан романни катта авлодга маъқул қилган нарса – анъанавийлик, деган хулоса чиқарар ва бунда қисман ҳақ ҳам бўлар, лекин шунинг ўзи билангина изоҳлаш камлик қилади. Зеро, мунаққид “реализмнинг ҳали очилмаган имкониятлари”га урғу бермоқда. Маълумки, реализмда бадиий билиш функцияси устувор, реалистик роман жамиятнинг жорий ҳолатини таҳлил қилишу у ҳақдаги яхлит концепция – бадиий фалсафани ифодалашга интилади. “Мувозанат”га мазкур рисолавий талаблар нуқтаи назаридан қараб кўрайлик.

Аввало, Улуғбек Ҳамдам роман ёзилган пайти кўпчиликни қийнаётган, кўпчиликнинг онгу қалбида кечиб ўтган ёки кечиб турган ҳолатни қаламга олди. Яъни, “Мувозанат” мавзу жиҳатидан ғоят долзарб ва муҳими, бир пайтлари “Она” романи ҳақида айтилгани каби, “ўз вақтида ёзилган роман” сифатида дунёга келди. Масаланинг иккинчи томони – долзарб мавзунинг қандай ёритилгани. Роман кўп жиҳатдан автобиографик характерга эга – Улуғбек асарнинг кўп ўринларини йиғлаб ёзган, юрак-бағрини бурда-бурда қилиб матнга сингдириб юборган. “Мувозанат”нинг бир ўтиришда ёзилгандек (М.Қўшжонов) таассурот қолдириши, ҳатто, асарни ёки муаллифини унча хушламайдиганлар ҳам унинг самимий ёзилганини беихтиёр эътироф этишлари шундан. Булар бари “Мувозанат”да ижтимоий дарднинг том маънода шахсийланиши ёки шахсий дарднинг ижтимоий жаранго топишига олиб келдики, романнинг ўқувчи оммада катта резонанс бергани ҳам шу билан изоҳланади. Мазкур фикрга эътироз қилиниши, асарни баҳолашда мавзуни асосга қўяётганим социологик ва ҳатто “вульгар социологик” ёндашув дея танқид қилиниши мумкинлигини ҳис этиб турибман. Лекин ҳукмга шошмасликни сўраб, яна устоз кўмагига таянаман. О.Шарафиддинов “Мувозанат” ҳақидаги фикрларини умумлаштириб: “Демак, гап бу ерда реализмда ёки модернизмда эмас. Гап санъаткорда, унинг тафаккурида ва маҳоратида. Адабий асар эса чинакам асар намунаси бўлмоғи учун, реализмга мансуб бўладими, романтизм услубида ёзилган бўладими, ёки қандайдир бошқа модернистик услубга амал қиладими, барибир, яна такрор айтаман, унинг марказида инсон турмоғи керак, китобхон инсоннинг тақдири, табиати, ҳаёти ҳақида муайян ахборот олиш билан бирга бу асардан эстетик завқ ҳам ола билсин” .

Албатта, “Мувозанат”нинг марказида инсон – Юсуфнинг тақдири, унинг изтиробли изланишлари турганини ҳеч ким инкор қилмас. Лекин, назаримда, асарни маъқул қилолмаган ёки маъқул қилишни истамаётганларга мунаққиднинг “гап санъаткорда, унинг тафаккурида ва маҳоратида” дейиши ўз шогирдига орттириб баҳо бериш, “эстетик завқ” ҳақидаги мулоҳазаси айни муболаға бўлиб кўриниши тайиндек. Ахир, улар эстетик завқни бадиият билан боғлиқ тушунадилар ва тўғри қиладилар ҳам! Фақат битта лекини бор: улар бадииятни ўзларича тушунадилар ва шу тушунчаларидан келиб чиқиб тилида нуқсонлари бор, айрим ўринларида публицистиклик устувор, баъзи эпизодлари ишонарсизроқ чиққан, ... “Мувозанат” бадиий жиҳатдан бўш, демак, эстетик завқ ҳақида гапириш ҳам ортиқча, деб биладилар. Бошқача айтсак, уларнинг наздида “Мувозанат” мавзунинг долзарблиги, ҳаётимиздаги айрим оғриқли муаммоларни дадиллик билан акс эттиргани ... хуллас, осон йўл билан китобхонларни ром этган. Ҳолбуки, бу – хато тасаввур. Зеро, “Мувозанат” ўқувчиси асар бадиий воқелигини муаллиф нигоҳи орқали кўради, унда қаҳрамонлар билан бирга яшаб кўради, ҳис қилади; ёзувчи билан бирга уларнинг тақдири, ўзаро муносабатларини муҳокама қилади, фожиалари илдизини англашга интилади, қўйилган муаммолар ечимини излайди ва пировардида муайян хулосаларга келади – шуларнинг бари “эстетик завқ”дир. Яъни, эстетик завқ асарнинг ўз-ўзича намоён бўлувчи объектив хоссаси эмас, балки ўқувчи онгию қалбида кечувчи маънавий-руҳий жараёндир. Шу боис ҳам бадиият ҳодисаси ўқиш жараёнидагина мавжуд, у ҳамиша “ёзувчи – асар – ўқувчи” бирлигида намоён бўлади. Демак, бадиият ҳодисасининг воқе бўлиши асарнинг ўзигагина эмас, ўқувчига – унинг ижодий тасаввур имкониятлари, умуммаърифий ва маданий савияси, ўқиш малакаси, эмоционал ҳолати, нияти каби қатор омилларга ҳам боғлиқдир. Шу жиҳатдан қаралса, нега кимдир кўзларига суртиб ўқийдирган китоб варақларига бошқа бировнинг “семичка” ўраб сотишини, оқлаб бўлмаса-да, тушуниш у қадар қийин эмас...

...мазкур мулоҳазалардан келиб чиқиб ва инсофу адлга мувофиқ хулоса қилсак, “Мувозанат”нинг эстетик завқ бера олишини эътироф этишимизга тўғри келади. Эстетик завқ эса, биласиз, санъатнинг энг муҳим ҳосиласи, у инсонга бериши мумкин бўлган асосий неъмат. Фикримизча, “яхлит олганда” деганида О.Шарафиддинов “Мувозанат”га бадиий асар, санъат ҳодисаси сифатида қарашни назарда тутган. Табиий савол туғилади: хўш, “яхлит олиш”, бадиий асар, санъат ҳодисаси сифатида қараш қандай бўлади? Маълумки, санъат “образлар тили”да гапиради, жумладан, сўз санъати ҳам. Адабий асардаги образлар ҳам, худди гапдаги сўзлар мисоли ўзаро алоқа-муносабатга киришади ва асар бутунлиги – ГАПда муайян бир бадиий мазмунни ифодалайди. Яъни, бадиият ҳодисаси айни шу “иккиламчи тил” асосида воқе бўлади, “бирламчи тил” нечоғли муҳим бўлмасин, барибир, адабиётнинг образ яратиш воситаси, қуроли бўлиб қолаверади. Шунга кўра, бадиий асарга аввал “яхлит олиб” қарашимиз, “образлар тили” уни бадиият ҳодисасини юзага чиқаришга яроқли эстетик объектга айлантира олдими ё йўқми?” деган саволга жавоб беришимиз талаб этилади. Агар мазкур саволга тасдиқ жавоби берилса, демак, бошқа барча нуқсону камчиликларга жузъий, тузатса бўладиган деб қараш тўғрироқ бўлади. Тамсил қилмоқчи бўлсак, гап турфа тошлар орасидан олмосни ажрата билиш ҳақида бормоқда. Яхши биласиз, ишлов берилмасидан туриб кўримсизгина туюлган олмосда минг турли жилвалар имконияти бор. Бироқ ўша имконларни рўёбга чиқариш учун, аввало, олмосни шишадан ажратиб олиш зарур бўлади ва зикр қилинган катта авлод вакиллари буни уддалай билди...

***

... академик М.Қўшжонов ёзган сўз бошида битта нарса – “Мувозанат”нинг том маънодаги ижодий-руҳий эҳтиёж маҳсули ўлароқ дунёга келгани айрича таъкидланади: “... муаллифнинг мақсади роман чоп қилдириб, кўзга ташланиш эмас. У ҳаёт ҳақида, ҳаётида рўй бераётган кескин бурилишлар ҳақида, ўта зиддиятли воқеалар хусусида чуқур ўйлайди. Фақат ўйлайдигина эмас, нималардандир қаноат ҳосил қилса, нималардандир кўнгли тўлмайди, булар хусусида безовта бўлади, куюнади, қайғуради. Мана шу куюниш ва қайғуришлар уни қўлига қалам олишга ундайди” . Бу, назаримда, роман ҳақида айтилган ғоят адолатли фикр: Улуғбек “Мувозанат”ни нон ёки шон илинжида ёзмаган, аксинча, ёзмасликнинг иложи қолмаган, ёрилмаса бўлмайдиган ҳолат юзага келганида дилидагини қоғозга тўккан-қўйган. Буни романнинг илк ўқувчиси сифатида, ўн уч йил муқаддам аспирантлар уйида Улуғбекнинг қўлёзмани менга бераркан: “Ака, бир нарса ёздим... нималигини ўзим ҳам билмайман, кўриб берасизми?..”- дегани контекстида мудом ҳис қилиб тураман...

... гап шунга тақалганидан бўлса керак, илк таассуротлар қайтадан жонлангандек бўлади. Қўлёзма тезгина ўзига жалб қилган, уни “бир зарбда” ўқиб, ўзимни муаллифга ҳамфикр, Юсуфга ҳамдард ҳис қилгандим ўшанда. Гўё асар мен ҳақда ёзилгандек, унда кўнглимдан кечирган ва қисман кечириб турган ҳолат акс этгандек: ... ўзимни ҳаёт тўлқини бир четга улоқтириб юборган хас, яқин ўн йиллар дилда ардоқлаб келаётган эзгу орзу-умидлари саробга айланиб, “тешик тоғора” ёнида тургандек ҳис этаётган... туриш-турмушим ҳам шунга монанд: танлаган соҳам энди ҳеч кимга керак эмасдек, гўё кун ўтказишдан бошқа мақсаднинг ўзи йўқ... адабиёт деганлари ўзим каби сир бергиси келмай турган ҳамкасбимнинг “пиёда кетақолайлик, гаплашиб кетамиз-да” деган даъвати туфайлигина эсланиб, гўё адабиёт ҳақида мириқиб субатлашиш, аслида эса йўлкирани тежаб қолиш учун университетдан вокзалгача пиёда қатнаб юрган... чўнтакда номзодлик дипломи билан гоҳ сувоқчилик, гоҳ “интеллектуал мардикорлик”, гоҳ эса чорбозорчи-бизнесменликка қўл урган, пировардида ўз-ўзимни енгиб, соҳани ўзгартириш ҳақида жиддий ўйлай бошлаган... – хуллас, мувозанат йўқолган ҳолат. Ўша илк таассурот измида қоғозга туширилган тақризда “Назаримда, Улуғбек кўпчилигимиз, айниқса, қирқ ёш чегарасидаги авлод руҳиятига кўзгу тутаётгандек бўлди” деб ёзганим шундан. Зеро, мен романни, аниқроғи, у орқали сўнгги ўн йиллик ҳаётимни қайтадан яшаган, маънавий-руҳий изланишлар йўлида Юсуфга ҳамроҳлигимни ҳис этган, хуллас, том маънодаги катарсис ҳодисасини кўнгилда кечирган, демак, “Мувозанат” баҳона бадиият ҳодисасига дохил бўлган эдим...

... устоз М.Қўшжонов романга ёзган сўз бошида Юсуф ҳақида: “... у фақат китоб титишу илм эгаллаш уни ҳар доим ҳам бахтли қилолмаслигини сезади. У ўз идеалини, ҳаётга муносабатини ўзгартириш устида бош қотиради”,- дейилади. Олимнинг мазкур фикрини мулоҳаза қиларкан, “қирқ ёш чегарасидаги авлод руҳияти” дея таъкидлаш, роман руҳи кўпроқ шу авлодга яқин, деган қарашни мутлақлаштириш унчалик тўғри эмаслигини ҳис қилдим. Зеро, “идеалини, ҳаётга муносабатини ўзгартириш” дегани муайян бир авлодгагина эмас, балки бани одамга хос хусусиятдир. Сираси, инсон умри – идеални конкретлаштириш ва ҳаётга муносабатию амалларини шунга мослаштириб боришдан иборат узлуксиз жараён. Фақат тарихнинг бурилиш нуқталарида унинг табиий оқими ўзгаради, унда ҳам гоҳи дунёни бузгудай ҳайқириқ билан қутуриб-лойқаланиб оқишлар, ўзандан чиқишлар кузатилади; дарё оқими фаслга қараб ўзгаргани каби, бу оқим ҳам жамиятдаги фасл алмашувига боғлиқ. Агар аждодлардан қолган удумга кўра 21 март – Наврўз баҳор қишни алмаштирадиган марра, десак, жамият тарихида ҳам шундай марралар бор: 1917, 1956, 1985, 1991... Айтмоқчи бўлганим, умуман олганда руҳиятдаги кескин эврилишларни ҳис ва идрок этиш учун муайян давр ё авлодга мансублик шарт қилинмайди, зеро бу алоҳида олинган инсонга нисбатан ҳам, жамият ҳаётига нисбатан ҳам универсал ҳодисадир. Шунга қарамай, турли авлод вакилларининг асарга муносабатини белгиловчи, унинг эстетик объектга айланишини таъминловчи омиллар жиддий фарқланади. Дейлик, катта авлод бу каби марраларни босиб ўтган – ўзининг кўрган-кечирганлари билан ўхшашлик асосида Юсуфнинг изтиробли изланишларини ҳис этиш ва қадрлашга қобил. Демак, улар учун “Мувозанат”нинг эстетик объектга айланиши енгилроқ кўчади ва аксинча...

... ҳаётида бунақа марралардан бир нечтасини кўрган-кечирган М.Қўшжонов асарга эстетик объект сифатида ёндашади, шу боис ҳам қарашларида ундаги “образлар тили”га таянади: “Роман сюжетини асосан учта қаҳрамон саргузаштлари ташкил қилади. Учаласи ҳам бугунги замон қаҳрамонлари. Бироқ уч қаҳрамон – уч ҳаёт йўли. Мана шу ҳаёт йўлининг бирлиги романда акс этган воқеликнинг қай даражада долзарблигини кўрсатиб турибди”. Алломанинг “романда акс этган воқелик”, яъни бадиий воқеликка урғу бераётгани фикримизни далиллайди, зеро, биринчидан, бадиий воқелик “образлар тили” билан яратилади, иккинчидан, “образлар тили”ни тушуниш асарга эстетик объект сифатида ёндашишни тақозо этади. Шундай ёндаша олгани учун ҳам устоз “образлар тили”ни УҚАДИ ва уққанини мухтасар ифодалайди: “Асар билан танишиб шундай хулосага келасиз: бутун олам мувозанат қонуни асосида турган бўлса, жамият ҳам, унинг асосини ташкил қилган инсонлар ҳам айни мувозанат туфайли барқарордир. Мувозанат бузилган заҳоти ҳаётда, демак, унинг аъзолари орасида ҳар хил кутилмаган ўзгаришлар, ҳатто издан чиқишлар бошланади”. Дарҳақиқат, “Мувозанат” яқин ўтмишимиз – одатланилган турмуш тарзидаги тублик ўзгаришлар руҳиятимизда кескин эврилишларни келтириб чиқарган даврдаги мувозанатсизлик ҳолатини қаламга олди. Ёзувчи қаҳрамони руҳиятида йўқолган мувозанатнинг тикланиш жараёнини тасвирлаш асноси куннинг ўткир муаммоларига жавоб излади, англаш ва англаганларини яхлит концепция – бадиий фалсафа тарзида ифодалашга интилди. Марғуб томони шуки, асар бадиий воқелигида турли ёш, соҳа, турфа дунёқараш кишилари, шаҳар ва қишлоқ ҳаёти қамраб олиндики, натижада у давр воқелигининг мўъжаз модели бўлиб қолди. Муҳими, айни шу модель ўзида асосли ва аҳамиятли бадиий фалсафани акс эттирди. Қаҳрамони Юсуф каби адиб ҳам ҳаётимиздаги номарғуб кўринишлар илдизини ўзида, ўзимизда кўрди, ақл ва руҳ танбаллигидан фориғ бўлиш ва дунёни кўнгилга мувофиқлаштириб яшаш заруратини туйди, туйдирди. Бугина эмас, воқеликнинг кўпроқ нурсиз томонларини тасвирлагани ҳолда, муаллиф “Мувозанат”ни умидворлик туйғуси билан йўғириб, некбин фалсафани ифодалай олди: бу ёруғ оламда мувозанат билан мувозанатсизликнинг ўзаро алмашиниб туриши қонуният мақомидаги ҳодиса, шунга қарамай, инсон дунёни кўнглига, мавжудлигини моҳиятига мувофиқлаштиришга интилиб яшаши зарурки, бу – инсонлик шарафидан келиб чиқувчи вазифа, эҳтимол, инсон ҳаётининг мазмунидир...

... саналган жиҳатлари билан “Мувозанат” роман жанрига қўйилувчи рисолавий талабларга тўла жавоб бериб, миллий тарихимиздаги бурилиш паллаларини, ҳаёти шундай паллаларга тўғри келган инсонлар руҳиятидаги эврилишларни кенг эпик кўламда акс эттиролган “Ўтган кунлар”, “Кеча ва кундуз”, “Лолазор” сингари бармоқ билан санарли қатордан жой олди. Дарвоқе, шуларни эътиборда тутиб, ўн уч йил аввал, қўлёзмани қайтариш чоғи муаллифни роман билан табрикларкан, унинг “Роман десам... бўладими?” деган саволига қатъий қилиб: “Роман. Жуда яхши роман!” – дегандим ва ҳамон шу фикрда собитман.

***

... ва аксинча, онгли ҳаётида бундай марраларни босиб ўтмаган авлодда мазкур жараённинг бирмунча қийин кечиши ҳам эҳтимолки, бунда юқорида саналган ўқувчининг ижодий тасаввур имкониятлари, умуммаърифий ва маданий савияси, ўқиш малакаси, эмоционал ҳолати, нияти каби омиллар устуворроқ аҳамият касб этади. Ҳозир буларнинг сўнггиси – ниятга тўхталмоқчиман. Яхши маълум, халқимизда ниятга алоҳида эътибор берилади, кўп ҳолларда амал ниятга қараб баҳоланади. Менга қолса, бадиият ҳодисасининг воқе бўлиши ҳам аввало ният билан боғлиқ, деган бўлардим. Раҳматли бобом айтгучи эди: намозга ният қилган одамнинг қулоқ қоқиши “дунё ишларини ортимда қолдиряпман, юзимни, дилимни Ўзингга бурдим” дегани экан. Яъни, ният қанча холис бўлса, ибодат шунча мукаммал: обид фақат Аллоҳ билан қолади. Шунга ўхшаш, мутолаага “бадиий асар ўқиш” нияти билан киришишгина матнни бадиият ҳодисасига айлантиради. Йўқса, матн – сўзлардан таркиб топган нутқий тузилма кўринишидаги яхши роман, дейлик, ипак қурти парваришига оид қўлланмадан айтарли фарқ қилмайди. Юқорида ният саноқ охирида зикр қилинган эса-да, ҳақиқатда у – бошқа барча омилларни ҳаракатга келтирувчи мотор, усиз маданий-маърифий савия ҳам, ижодий тасаввур имкониятию ўқиш малакаси ҳам – бариси бекор. Зеро, ният обидни Аллоҳ билан мулоқот кечувчи руҳоният оламига кўчиргани каби, ўқувчи ҳам ижодкор билан мулоқот кечувчи бадиият оламига ният орқалигина кўча олади. Фақат “кўчиш”нинг муҳим шарти бор – ният холислиги, буни эса ибодатга чоғланган обид дилидаги эҳтиёж ёки қалбини тўлдирган Аллоҳга нисбатан бетама ишқ, мутолаага чоғланган ўқувчидаги ҳамдардлик ёки бадииятга беғараз ошуфталик таъмин этади. Аёнки, ҳар икки ҳолда ҳам кейингиси тансиқроқ, улар кўпроқ хосларга тегишдир...

... ҳамдардлик туйиши қийинроқ бўлган авлод вакилларидан бири – Ҳ.Карвонли бадиий наср тили масалаларига бағишланган “давра суҳбатини ўқигач, У.Ҳамдамнинг “Мувозанат” номли романи ёдимга тушди: асарни ўқишни бошлаб охирига етказолмаганим, роман негадир “тортиб кетмагани”ни эсладим ва бунинг сабаби асар тили билан боғлиқ эмасмикан, деган ўйда китобни қайта ўқидим. Афсуски бу тахмин ўқиш жараёнида тасдиқланди” ,- деб ёзади. Сиртдан қараганда ғоят самимий ёзилгандек, лекин... Демак, “Мувозанат” ўз вақтида мунаққидни “тортиб кетмаган”, ўшанда бунинг сабабини билолмаганидан “охирига етказолмай” ташлаб қўйган-у, давра суҳбати билан танишгач, сабабни кашф этиб турибди. Сизга қандай, билмадим-у, мен бу гапларнинг самимийлигига ишона олмайман. Аксинча, агар мунаққид “Мувозанат”нинг ўқувчиси бўлолмадим, деганида, бешак ишонган бўлардим. Зеро, асар ёзилган вақтда “қирқ ёш чегарасида” турган ва ундан катта авлод вакилларидан фарқ қилароқ, мунаққидга роман асосида ётган “дард”нинг юқиши қийинроқ. Негаки, катта авлод руҳиятидаги эврилишларни келтириб чиқарган ўзгаришлар билан бир вақтда мустақил ҳаётга қадам қўйган Ҳ.Карвонлининг замонани ўзгачароқ идрок қилиши табиий. Эҳтимол, ҳамкасбларга бироз малол ҳам келар, лекин ҳақиқат шуки, ҳар бир китобнинг ўз ўқувчиси бор, мунаққид ҳам, нечоғли юксак дид ё малака эгаси бўлмасин, аввало, ўқувчидир. Яъни, барча асарларга бирдек холис ва адолатли баҳо бериши мумкин бўлган мунаққиднинг ўзи йўқ. Албатта, мутахассис сифатида буни эътироф этиш осонмас – ўзингни ноқис сезасан, нафсинг оғрийди киши, лекин адолат ҳаққи тан олиш зарур. Назаримда, Ҳ.Карвонлининг «Мом синдроми” таъсирига тушиб қолиши шу ҳақиқатни иқрор этолмаганлик билан изоҳланади. Мунаққид кўпчилик алқаётган романни қизиқиб қўлга олган-у, асар “тортиб кетмаган”и боис ҳафсаласи пир бўлган. Ўшанда қаршисида танлов имконияти бор эди: ё “Мувозанат”нинг ўқувчиси бўлолмаганини тан олиш ва ё бошқа сабабларни қидириш – мунаққид кейинги йўлни танлайди. Ҳолбуки, “охирига етказолмагани”нинг ўзи асарга эстетик объект сифатида қарай олмагани, романнинг ўқувчиси бўлолмаганини кўрсатиб турибди. Аслида, бунинг ҳеч бир айбли жойи ҳам йўқ. Лекин мунаққид буни ўз-ўзига ҳам иқрор қилолмайди, натижада ният бузилади... чала-ярим ўқилган китобни четга сураркан “Нимасини мақташади бунинг?!” дея хайронлар қолган, айни дамдаги ҳолати ва ниятига мос жавоблар тахминлаб, бўшгина асарни маъқуллаш билан ўзлари хизмат қилаётган адабиётга зарар келтираётганларини сезмаётган “катталар”дан хафалар бўлиб кетган эса-да ажаб эмас... Майли, булар-ку, хаёлга келгани холос, иккинчи мутолаа ниятини мунаққиднинг ўзи очиқ эътироф этади: “бунинг сабаби асар тили билан боғлиқ эмасмикан, деган ўйда китобни қайта ўқидим”. Хўш, бу ниятнинг нимаси ёмон, дерсиз? Билмадим, ҳар ҳолда, мунаққид бадииятига ошно бўлолмаганидан илгари чала-ярим ўқиган асар мутолаасига шу ният билан ёндашаётган экан, бундай ниятни тоза дейиш қийин. Зеро, ният тоза бўлмагани учун ҳам иккитагина жумлада асарда “эзгу ғоя” ифодаланганини қайд этибоқ “лекин”га... ундаги муваффақиятсиз ташбеҳлар, ноўрин қўлланган сўзлару келишик қўшимчалари хато ишлатилган ўринларни битталаб санашга ўтиб кетилади. Аминманки, агар бунақа ният билан ёндашилса, нафақат бутун бошли роман, ҳатто у ҳақдаги шапалоқдек мақоладан ҳам истаганча камчилик топиш мумкин, камина буни Ҳ.Карвонлининг ўзи ҳам яхши билишига асло шубҳа қилмайман...

(... бир томони, барибир шайтон бор эмасми, “қани шундай ният билан қараб боқ-чи!” дея қитиқлаб турса, иккинчи томони, даъволарим қуруқ бўлиб қолмаяптими, деган андиша ичингни кемириб турса, “Ке, ҳеч йўқ мақоланинг бошланишига шундай ният билан қарай-чи!” дея ён берганингни сезмай қоласан экан. Хуллас, мунаққид ёзади: “Жаҳон адабиётининг баркамол намуналаридан ҳайратланамиз, лекин бу юксаклик замирида ёзувчининг асар тили устида қаттиқ меҳнат қилганига кўпда эътибор бермаймиз”. Тағин билмадим-у, тузук ниятли ўқувчи бу жумлани “юксаклик замирида ёзувчининг асар тили устидаги қаттиқ меҳнати ётганига кўпда эътибор бермаймиз” ёки “бу юксакликка эришиш учун ёзувчи асар тили устида қаттиқ меҳнат қилганига кўпда эътибор бермаймиз” қабилида услубий ва мантиқий жиҳатлардан тўғрилаб ўқийверади. Шундан кейиноқ мунаққид Ф.Кафка мадҳига ўтиб, жумладан, “Йигирма етти саҳифада ярим соат муддат атрофида рўй берган воқеалар ифодаланади” деб ёзади, бечора тузук ниятли ўқувчи эса кечиримлиликни ўзига фарз билиб, жумлани “ярим соат ичида рўй берган воқеалар тасвирланар экан” деб тушунаверади...

... иштаҳа емак чоғи келади, деганларидек, шайтонга ҳар қанча ҳай берай десам-да, яна битта-иккита нарсани айтиб ўтмасам бўлмайдиганга ўхшайверади. Мунаққиднинг Кафкага муҳаббати баландлигидан бўлса керак, унинг тил борасидаги хизматларини ибрат қилиб кўрсатмоқчи бўлади: “муаллиф воқеани диалог воситасида кўрсатиб, воқеага қаҳрамон муносабатини, яъни унинг кечинмалари, ўй фикрлари баёнини ровий монологи – нутқига маҳорат билан уйғунлаштириб юборади. Таъкидлаш жоизки, бунда Ф.Кафка тилнинг янги имкониятларини очади”. Мазкур ҳайрат изҳорини ўқиб, “ие, муаллифнинг назарий тайёргарлиги ҳам ўзимиз қатори, чоғи” деган ўйга бордим. Негаки, салкам Кафка кашфиёти сифатида тақдим этилаётган қаҳрамон ўй-кечинмаларининг муаллиф тилидан берилиши – ўзиники бўлмаган муаллиф нутқи (руслар буни “несобственная прямая речь” дейишади) Кафкага қадар ҳам бўлганини талабалик йилларимиз маърузаларда эснаб эшитган эдик. Тан олиш керак, мунаққид ёзувчига ҳам оз бўлса-да ҳақ беради: “Романда ёзувчи бадиий тасвир воситаларидан умуман фойдаланмаган, деб бўлмайди”,- дея эътироф этади ва дарҳол, ҳақи ўтиб кетаётганидан чўчибми, инкорга шошади: “Аммо улар шунчалик камки, бу романга хос эмас”. Буларни ўқигач, нега мунаққид “Мувозанат” тили ҳақидаги мулоҳазаларида оддийгина статист мақомидан кўтарила олмаганини ўзимча тушунгандек бўламан. Сезишимча, мунаққид бадиий тасвир воситаларини бадиий тилнинг белгиловчи хусусиятлари деб тушунади, ҳолбуки, уларнинг бадиий тил учун факультатив ҳодиса, яъни образлилик ва эмоционаллик каби белгиловчи хусусиятларни кучайтирадиган воситалар экани аллақачон оддий ҳақиқатга айланган. Нима десам экан, хуллас, роман тили ҳақида мақола ёзишга жазм этаркан илгари ўқилганларни бир сидра такрорлаб, янгилаб қўйилса яхши бўлармиди, деган андиша келади-да...)

Хуллас, мунаққиднинг нияти роман ўқиш эмас, балки нега унинг ўқувчиси бўлолмаганини ўзи учун аниқлаш, ўзини “оқлаб олиш” бўлган кўринади. Шу боис ҳам, гарчи ўзи “афсуски, бу тахмин ўқиш жараёнида тасдиқланди” деб ёзса-да, “афсуски”ни “хайрият” маъносида тушунсак тўғрироқ бўлади. Айтмоқчиманки, “Мувозанат”нинг ўқувчиси бўлолмагани сабабини ўзидан қидириб кўришга мунаққиднинг бўйни ёр бермади – асарнинг ўзидан излади, топди ва... ўз-ўзидан қониқиш ҳиссини туйди.

... мулоҳазаларимда тасаввурга эрк бериб баъзан меъёрдан ошгандек кўринишим тайин. Умид қиламанки, ҳамкасб дўстимиз каминада ўзига нисбатан ғараз йўқлиги, бадиий асарни қабул қилиш билан боғлиқ муаммо хусусида ўйлаганларимни ифодалаш учунгина мақоласини мисол қилиб олганимни ҳисобга олиб маъзур тутар. Таъкидлаш зарурки, “Мувозанат”га бундай муносабат бир Ҳ.Карвонлига хос дейиш фикридан мутлақо йироқман: бу – мунаққидга тенгдош ва ундан ёшроқ ўқувчиларнинг аксариятига хос. Зеро, “Мувозанат”га муносабат масаласида рецептив хусусиятлари бир-биридан фарқланувчи турли авлодга мансуб кишиларгина эмас, ҳатто, баъзан бир авлоднинг турли қатламларига мансуб кишилар ҳам бир-бирига зид мавқеларда туриб қолдиларки, бу кўп жиҳатдан асар яратилган ва унда акс этган давр шарт-шароитлари билан боғлиқдир. Шуни назарда тутсак, романни катта авлоднинг салмоқли қисми ёқлаб, ёшларнинг салмоқли қисми ёқлай олмагани табиий экани англашилади. Бу эса ҳар бир асарнинг ўз ўқувчиси бўлади деган қоида “Мувозанат”га татбиқан ўта долзарб, деганидир. Албатта, ҳар ким ҳам ўқувчи сифатида муайян асар хусусида ўз қараши, баҳосига эга бўлиш ва уларни ифодалашга ҳақли. Лекин мунаққид дегани баҳо ва муносабатда юқоридагича жиҳатларни ҳам эътиборда тутиши зарур. Чунки, гарчи мунаққид ҳам биринчи галда ўқувчи саналса-да, баҳони мутахассис нуқтаи назаридан ва имкон қадар холис чиқариши лозим бўлади. Сираси, бу унчалик қийин ҳам эмас, бунинг учун бир нарсани ҳамиша ёдда тутиш кифоя: бизнинг ёзганларимиз – матнда нафақат бевосита айтганларимиз, балки айтмаган, ифодалай олмаган ёки айтишни истамаганимиздан силлиқлаб-хаспўшлаб ўтганларимиз ҳам муҳрланиб қолади. Юқоридаги мулоҳазаларимиз мақола матнининг шу тарафларига назар ташлашга уриниш деб тушунилса яхши эди. Дарвоқе, буни айтиб ўтириш ҳам ортиқча: ахир, бу ҳозир расм бўлган постмодернизмдаги “деконструкция” тамойили-ку, ёш ҳамкасбларимиз буни биздан яхшироқ биладилар.

***

... бунгача айтилган фикрлар контекстида олсак, устозидан “Яхши ёзилган асар ўқувчини мувозанатдан чиқариши керак” деган ҳикматни эшитиб олган М.Чориеванинг “Мен эса “Мувозанат” романида китобхонни мувозанатдан чиқарадиган янгилик кўрмадим” , деган хулосаси муболағали кўринади. Муболаға шундаки, бу ўринда шахсий таассурот умумлаштирилиб, умуман “китобхон”га тааллуқли ҳукм тарзида тақдим этилмоқда. Ҳолбуки, мақола ёзилган пайтда роман мувозанатдан чиқарган китобхонлар бўлганки, бунга атай кўз юмилгани «Мом синдроми”идан нишона беради. Зеро, акс ҳолда, “романда мени мувозанатдан чиқара оладиган янгилик кўрмадим” дея тўғри ва адолатли хулосага келинар эди. М.Чориева мақола даромадида: “Мувозанат” романини ўқиб чиқарканман, оддий бир китобхон сифатида ўз таассуротларимни таҳлил қилишга кўнглимдан кечган мушоҳадалар, хулосаларни эса қоралашга журъат этдим”,- дейди. Айтиш керакки, гарчи муаллиф “оддий китобхон сифатида” дея олифтанамо камтарлик даъвосида бўлса-да, бу билан асоссиз ҳукм-хулосаларни оқлаб бўлмайди. Адашмасам, “Мувозанат”ни беаёв “уриб чиққан” илк мақола муаллифи М.Чориева бўлади. Ўшанда, муаллифнинг Олий Адабиёт курси тингловчиси эканини билиб, олифталикни эртага дунёни лол этишга чоғланган айрим ёш истеъдодларга хос такаббурликка йўйган, бунга жиддий қарамаган эдим. Ҳолбуки, мақола муаллифининг, дейлик, асар тили ҳақида “хаста жумлалар”, “иситмалаган жумлалар” каби ибораларни қўллаб, “у ёқ-бу ёғи “тарошланиб”, узундан-узун, ўринсиз жумлалар ихчамлаштирилиб берилганида яхши бўларди-ёв” тарзида мазахлаб ёзиши на миллий менталитетга ва на танқид одобига мувофиқ келади. Ҳа, ўшандаёқ жиллақурса шу тарафига муносабат билдириш зарур эди. Начора, танқидчилигимизда “танқиддан тубан” калимаси билан оқланувчи бошқа бир кўринишдаги олифталик борки, камина ҳам ундан фориғ эмас...

(... акс ҳолда, мақола сиёҳи қуримасиданоқ ўйлаганлар айтилиб, касалнинг олди олинган, бу нарса нафақат мақола муаллифи, бошқалар учун ҳам фойдалироқ бўлармиди?! Кеч бўлса ҳам сўрагинг келади: “Сингилжон, роман тили ҳақида бунчалар такаббурона олифталик билан гапиришга маънавий ҳаққим бормикан, деган андиша ҳеч хаёлингизга келганми? Ҳақли бўлиш учун даъвогарнинг услуби камида бенуқсон бўлиши лозим эмасми? Ё бу борада “қуймоқнинг яхши-ёмонлигини айтиш учун тухум қилиш шарт эмас” ақидасини ўзингизга мослаштириб олганмисиз? Жиллақурса мақолангизнинг юқорида келтирилган илк жумласини олайлик: сиз “ўқиб чиқарканман ... журъат этдим” дейсиз. Ҳолбуки, “ўқиб чиқарканман” феъл шаклида ҳаракат тугалланмаганлиги маъноси бўлиб, жумла бутунлигида бошқа ҳаракат билан “бир пайтда”ликни англатади. Шу жиҳатдан қаралса, жумлада услубий-мантиқий ғализлик бор: ўқиш жараёнида “таассурот ҳосил бўлиши” тушунарли, лекин асарни “ўқиб чиққач”гина “журъат қилинади”. Роман ҳақида мақола ёзаётган одамнинг ўз таассуротларини таҳлил қилиш”ни ният қилиши ҳам қизиқ-да: ахир, у романни таҳлил қилиши ва йўл-йўлакай таассуротларини баён қилиши керак эмасмиди?! Менимча, шундай, кўнгилда кечган “таассуротларни таҳлил қилиш” – бошқа касб кишиларининг иши... Ёки “кўнглимдан кечган мушоҳадалар, хулосаларни эса қоралашга журъат қилдим” дейилгани-чи! Ахир, “мушоҳада” – фикр юритиш, ўйлаш дегани-ку, бу жараённинг кўнгилда кечиши ғалати эмасми?!.. Камина мақола муаллифининг биттагина жумласига тўхталдим ва шу асно бир матал ёдимга келди-ю, уни эслатиш ноқулай...)

... М.Чориева ўзининг эътирозларида роман тили билангина чекланиб қолмайди, пардани баландроқ олгиси келади: “муаллиф воқеаларни тизиш жараёнида гоҳида чалғиб кетса, баъзи ўринларда сунъийликка йўл қўяди”. Мазкур даъвони асослаш учун, жумладан, хаста Амир ҳолати тасвирланган иккита лавҳа – мусича билан боғлиқ эпизодлар далил қилиб олинади. М.Чориева эътирозлари нимада эканлигини тушунтириб ўтиришни ортиқча санайди: “Шу иккала – 60-71-қисмларни солиштирсангиз, бизнинг юқоридаги сунъийлик, жумлалар чўзилиши, ортиқча ишлатилган сўзлар каби бир қанча даъвомизга ҳам жавоб топасиз...” – дейиш билан кифояланади. Тил масаласидаги эътирозларни (уларнинг қимматига қавс ичида баҳо бердик) қўя турайлик-да, “сунъийлик” тамғасига тўхталайлик. Фаҳмлашимча, М.Чориева “сунъийлик” деганда ҳаётий, яъни ишонарли чиқмаган тасвирларни назарда тутади ва шу боис романдан олинган қуйидаги парчани келтиради: “... Ва шу заҳотиёқ қақшатқич совуқдан учолмай, қанотлари шалпайиб турган мусичани кўрди. (Унинг кўзлари худди сичқонни кўриб қолган мушукникидек чақнаб кетди. Мусича кўмилмай қолган ток шохидан тушиб кетай-тушиб кетай деб турарди. Амир беихтиёр ўрнидан туриб кетди, оғзининг суви қочди.) Бироздан сўнг эса ўзини ташқарида кўрди. Мусича энди музлаб, тараша бўлиб қолган, ерда ётарди. (Ҳоли ҳароб эди, шунга қарамай, одам шарпасини сезиши билан шалвираб қолган қанотларини қоқиб учмоқчи бўлди, икки-уч метр чамаси учди ҳам, аммо яна ерга қулади. Амир ҳар қадам босганда ўнг оёғи бор бўйига қақшаб оғрирди, қаттиқ тепишганга ўхшайди, лекин уни ҳаракатга келтирган куч – очликнинг ҳукми ўткирроқ эди, бир зум бўлсин, ҳатто иккиланишга изн бермасди. Чўлоқланганча, Амир мусичанинг ортидан атиргулларнинг қуруқ шохлари шихшайиб чиқиб турган қорли майдонга кирди.) Мусича оппоқ қорда ёнбоши билан ётар, кўзлари олайиб, қинидан чиқиб кетай деб турарди. Амир ўзини қуш кўзидан пана қилган бўлиб, орқасидан яқинлашди ва ўлжага отилди. Лекин ўтса (аслида “ўлжа” - Д.Қ.) яна париллаб учиб нарироққа бориб тушди...” Аввало шуки, мақолада биз қавс ичида берган ўринлар тушириб қолдирилган. Агар парчада изчил жараён тасвирлангани эътиборга олинса, мазкур қисқартиришлар унинг моҳиятини бузганини айтишим ортиқча. Жараён тасвири сифатида қарасак, М.Чориева қорайтириб таъкидлаган дастлабки икки жумла асло ортиқча эмас, балки, улар жараён – силсиланинг муҳим ҳалқалари. Яъни, жумлалар чўзилиши, ортиқча ишлатилган сўзлар қабилидаги эътироз асоссиз. Қорайтириб берилганига қараганда, М.Чориевага мусичанинг “кўзлари олайиб, қинидан чиқиб кетай деб” ётиши сунъийлик бўлиб кўринган, чоғи. Шундай бўлса, бу даъво ҳам асоссиз: жараён муаллиф нигоҳи орқалигина эмас, Амир нигоҳи, балки, биринчи галда Амир нигоҳи орқали берилмоқда. Бас, сизу бизга мусичанинг мошдеккина кўзи бу қадар бўртиб кўринмаслиги мумкин, лекин... хуши ўзига келган чоғлар яқинларидан, борингки ёруғ оламдан хафаланган, очликдан силласи қуриб юргани ҳолда фирибгар шеригига насибасини олдирган, гоҳ худу гоҳ бехуд аҳволдаги руҳий хастага шундай кўринса... соғлигида беозорлик тимсоли деб билгани шу жимитдек жонзотда ҳозир ягона нажот – емишни, айни чоқда, юрагида йиғилган дунёга нисбатан аламини олиши мумкин бўлган ягона объектни кўраётган бўлса не ажаб?! Ахир, руҳи соғлик билан хасталик аро талош бўлиб турибди, шу боис ҳам шуурига мусичанинг кўзи санчилаётгандек ҳис қилиб, “ўзини қуш кўзидан пана” қилишга уринмаяптими шўрлик?!.. Фикримча, шундай. Бироқ буни ҳис этиш учун асар бадииятига ошнолик, Амир кўзи билан ҳам қараб кўриш талаб этиладики, М.Чориева буни ё уддалай олмайди, ё истамайди. Шу боис ҳам унинг наздида мусича билан боғлиқ иккита эпизоднинг берилиши ўринсиз такрор бўлиб, кейингиси аввалги ҳолатнинг “давомига ўхшаш ўрин”, холос. Ҳолбуки, биринчи эпизод – жигарининг аҳволини кўриб юраги пора бўлган, чидаб туришга ҳоли келмаётган Юсуф нигоҳи орқали берилган, ҳар икки эпизоднинг ўз ғоявий-эстетик вазифаси, юки бор...

... халқда “онангни отангга бепардоз кўрсатма” деган нақл бор, М.Чориева тамом зид йўлдан боради: ўгай қизни совчиларга тасқара қилиб кўрсатган ўгай она мисоли. Юқорида кўрганимиз парча моҳиятини бузиб беришнинг ўзи – даъвомизга асосли далил. Бироқ бугина эмас. Муаллифининг аксар эътирозлари асар тили билан боғлиқ бўлса-ю, мақоласига олинган кўчирмада “ўлжа”нинг ўрнига “ўтса” берилса... ёки “Амир ўзига ўхшаб бир хил – кўк рангли иштон-кўйлак кийган иккита бемор билан бирга...” жумласи мақолага “Ўзига ўхшаб бир хил экан – кўк рангли иштон-кўйлак кийган иккита бемор билан бирга...” шаклида ўтса, ғирромлик бўйи анқигандек туюлмайдими сизга?! Эҳтимол, ким учундир бу ғирромлик бўлса ҳам ваҳима қилишга арзимайдиган, борингки, “майда ғирромлик” ё шунчаки “механик хато”дир. Балки, шундайдир. Лекин ишонинг, камина ҳам жудай-ла майдакаш эмас: мақолада каттароқ доирадаги ғирромликни сезмаганимда, эътибор ҳам бермаган бўлардим. Мана, ўша каттароқ доирадаги ғирромликлардан бири: “Юсуфнинг қишлоғига кириб келгандаги ҳолатини эслайлик. У қаерга бормасин, гоҳ “сумкасига”, гоҳ чўнтагига “қўл солиб беш-олтита” қоғозли қанд олиб, кичкинтойларга узатаверади-ю, бироқ бу қандлар сира тугаб қолмайди”. Соддароқ газетхон буни ўқиб беихтиёр “боплапти!” деб юбориши мумкинлиги ҳам, аслида М.Чориева шунақа осон эффект – самарани кўзлагани ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Лекин нима бўлганда ҳам, бу ғирт туҳмат – ишонмаган санаб боқсин: Юсуф биринчи бор қишлоғига кирган маҳали “сумканинг чўнтагига қўл тиқиб, болаларга ширинлик улашади”, кейин эса Кенжавой амакисини йўқлаб борганида энди “чўнтагига қўл солиб, беш-олтита қоғозли қанд олиб, кичкинтойларга узатади” – вассалом, яъни бу ўринда “гоҳ...гоҳ...” дея ҳайрон бўлиш умуман ортиқча. М.Чориева бир нарсага дуруст разм қилмай қолган чоғи: Юсуфни кекса энасини йўқлаб келиш учун Кенжавой амакисиникига юбораркан, онаси йўқдан йўндириб бўлса-да қўлига тугун тутқазади! Юсуф шу муҳитда тарбия топган, бас, кетар чоғи кўнгли бўлмай, жиянларга берарман деб сумкасидан “беш-олтита қоғозли қанд” олиб, чўнтагига солиб олса... майлими? Тўғри, матндан Юсуф яна бир бор, келган куни кечқурун бутун оила жам бўлган пайт сийловсиз қолган жиянларга қанд улашганини ҳам англаш мумкин, лекин шунда ҳам “қандлар тугаб қолиши” ҳақида қайғуриш шарт эмас Ёки ёзувчи М.Чориевага ўхшаш инжиқроқ ўқувчиларни хотиржам қилиш учун, масалан, “сумкадаги килоси атиги фалон сўмлик майда шимийдирган қанд эди, ниҳоятда баракали экан лекин, бир килоси пистон дона чиқар-ов” дея изоҳ бергани дуруст бўлармиди?.. Шунга ўхшаш, М.Чориева Юсуфнинг “йўлдан бирор кило гўшт олволмаганига афсус қил”гани билан “орадан уч кун ўтмай эса гўштдан қизғонилган йўлкира ҳақида лом-мим дейилмай” сигирнинг сотилиши орасида ҳам мантиқсизлик кўради ва буни муболағага йўяди. Мақола муаллифи матндан сал чалғиган кўринади, сигир “орадан уч кун ўтмай” сотилгани йўқ. Ўша сигир сотилгани хабари берилган бобдан шундоқ аввалги бобнинг “Юсуфлар қишлоқдан ҳадеганда қайтишавермади” деган жумла билан, хотинининг хархашаси эса “ишдан уч кун кечикдим”дан бошлангани шунга далолат қилади. Агарки, М.Чориева айтмоқчи “гўштдан қизғонилган йўлкира” экан, гап йўл ҳақига учма-уч етадиган маблағ ҳақида бормоқда. Ахир, Юсуф ҳам эркак киши: ҳар хил вазият бўлади, қишлоғида бир неча кун туриб қолгач, беш-тўрт сўм сарф қилиб қўйиши мумкинми ё йўқми? Фикримча, дуруст ниятли китобхон буни шундоғам тўғри қабул қилаверади. Табиийки, йўлкирадан нима учун, қанча ва қандай сарфлаб қўйилгани бадиий ният ижроси учун муҳим бўлганида, ёзувчи буни тасвирлаган бўларди. Модомики, ундай эмас экан, шундоғам тушуниб олиш мумкин нарсани тасвирлаш эзмаликка тортиб кетади... бундан ташқари, китобхон Юсуфнинг хотини эмаски, унга ҳаражатлару чўнтакнинг жорий ҳолати ҳақида ҳисоб бериб туриши зарур бўлса...

***

... баҳс деганлари ўзи кўп яхши нарса. Фақат бир шарт биланки, у баҳслашувчи томонлардан бирининг ҳақлигини эмас, ҳақиқатни аниқлашга йўналтирилган бўлса. “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”да анъанавий тарзда бериб борилувчи баҳслар адабий жараённи қўзғаб-жонлантириш билан танқидий фикрнинг ўсишига самарали таъсир қилганини таъкидламаслик инсофдан бўлмаса керак. Шунга қарамай, газета баҳсларни ташкил қилиш ва ўтказиш масаласида жиддий ўйлаб кўрса янада фойдалироқ бўлармиди, деган андиша туғилади. Биз юқорида тўхталган иккала мақола ҳам “ЎзАС”да ва иккиси ҳам “Баҳс” рукнида берилгани андишамиз асоссиз эмаслигини кўрсатади. Албатта, адабиёт газетаси бўлгани билан “ЎзАС” ҳам матбуот нашри ва ўз фаолиятида шундан келиб чиқади, публицистика тамойилларига таянади. Яъни, даврий нашр сифатида унинг имкон қадар кенг ўқувчилар оммасини ўзига жалб этадиган йўллар излаши ҳам табиий. Эҳтимол, битта масала ёки битта асар юзасидан турлича, ҳатто, бир-бирига тамом зид фикрларни эълон қилиш шундай йўлларнинг бири ҳамдир. Лекин адабиёт газетаси сифатида “ЎзАС”нинг зиммасига маълум даражада адабий жараён ҳавосини белгилаш, адабий жамоатчилик фикрини шакллантириш, ўқувчи дидини юксалтириш каби қатор масъулиятли вазифалар ҳам тушади. Демак, унинг саҳифаларида, хусусан, “Баҳс” рукнида эълон қилиш учун материал танлаганда муаллиф фикрининг дадиллиги ё бошқалардан кескин фарқланиб турганигагина эмас, адабий-назарий жиҳатдан асосли ё асоссизлиги, муносабатнинг холис ё нохолислигига ҳам қараш лозим бўлади. Аминманки, шу томони ҳам эътиборга олинганида, М.Чориеванинг мақоласи ҳам, Ҳ.Карвонлининг мақоласи ҳам ҳозирги кўринишида чоп қилинмаган бўлар эди. Асли бунинг учун кўп нарса талаб қилинмайди ҳам: бор йўғи материалга адабиётшунос сифатида ҳам қараш, зарур бўлса муаллиф даъволарининг қай даражада асосли эканини “ички экспертиза”дан ўтказиш талаб этилади холос...

... газета дейилгани билан, аниққи, бу сўз замирида конкрет одамлар турибди. Шундай экан, инсонга хос ожизликлар газетага ҳам ёт эмас, албатта. Обрўли нашрда ғайирлик нафаси уфуриб турган мақолаларнинг шу ҳолича чиқиб кетгани киши кўнглига иштибоҳ солади: “газета У.Ҳамдамни унчалик хушламайдими?” дея ўйлаб қоласан... Тўғри, “Мувозанат”дан олинган таассуротлар совимай турибоқ газетада аввал Ҳ.Аҳмедов, сўнг И.Қувондиқовнинг мақоласи берилди, бошқа мавзулардаги қатор чиқишларда гап ораси роман ҳам тилга олиниб, илиқ фикрлар билдирилди. Лекин мундай эслаб кўрсам, ўшандан бери ўтган олти-етти йиллардан бери газетада У.Ҳамдам ижоди ҳақида берилган материалки бор, унда танқидий руҳ устуворлик қиларкан: юқоридаги икки мақола, кейин Н.Худойберганов билан С.Содиқнинг “Исён ва итоат” ҳақидаги чиқишлари, ниҳоят, К.Жўраевнинг кейинги роман таржимаси ҳақидаги мақоласи. Очиғи, шу охирги мақола кўнгилдаги иштибоҳ учқунини пуфладики, бунинг ўзига яраша тарихи бор...

... чамаси уч йиллар бўляпти, У.Ҳамдам университетимизда бўлиб, талабалар билан учрашди. Учрашувдан кейин кафедрага чиқдик: учрашув кичикроқ даврада давом қилди. Ўшанда домламиз К.Жўраев ёзувчига мақола қўлёзмасини берган эдилар: “Аввал муаллифнинг ўзи танишиб чиқса, кейин, иложи бўлса, чоп этилишига ёрдам берса...” Шу-шу мақола хаёлимдан кўтарилган экан. Кейинроқ пойтахтга йўл тушганида Улуғбек билан кўришдик, унинг ўзи мақоладан сўз очиб қолди: “Домланинг олдида ҳижолатман. Мақолани яхши ёзган экан, менга ёқди. Лекин ўзинг ҳақингда ёзилган нарсани “чиқариб беринг” дейиш жуда ноқулай бўларкан. Бировлар орқали бир-икки ерга жўнатдим, натижа бўлмаяпти...” Ўзига ҳам нусха қолдирган экан, ўқиб чиқдим. Мақола ҳақиқатан яхши ёзилган, Улуғбекнинг “менга ёқди” дейиши бежиз эмас эди. Эҳтимол, газетада мақолани ўқиган кишиларнинг бу гапга ишониши қийиндир. Лекин гап шундаки, қўлёзма аслида ўн икки бетлик бўлиб, муаллиф унинг учдан икки қисмида “Исён ва итоат” романини билгичлик билан таҳлил қилган, қолган қисмида таржимага тўхталган эди. Тушунган бўлсангиз керак: ёзувчи самимий фикрлар қатори айтилган танқидий мулоҳазаларни ҳам қабул қилган, яъни мақолага “яхлит олиб” қараган ва шу боис “менга ёқди”, деган. Хуллас, воқеаларнинг кейинги ривожи менга қоронғу, билганим шуки, орадан шунча вақт ўтиб, газетада қўлёзманинг учдан бири – танқидий мулоҳазалар билдирилган қисми “Маъно ва мантиқ бирламчи” деган ном билан эълон қилинди. Албатта, газета ўз имкониятларини ҳисобга олиб мақолани қисқартиришга ҳақли. Лекин табиий савол туғилади: нима учун муаллифнинг “Исён ва итоат” ҳақидаги ижобий мулоҳазалари қисқартирилган-у, танқидий фикрлари деярли тўлиқ эълон қилинган? Эҳтимол, буни газетада таржима масалалари кўтарилгани билан осонгина изоҳлаш ҳам мумкиндир. Фақат, бу ҳолда бошқа қатор саволлар кўндаланг бўлади. Аввало, газетада илгари эълон қилинган иккала мақолада ҳам “Исён ва итоат” ижобий баҳоланган эмас. Ҳолбуки, китобхонлар орасида ҳам, мутахассислар орасида ҳам уни маъқуллаганлар, ҳатто, “Мувозанат”дан хушроқ кўрганлар (жумладан, марҳума Н.Владимирова, маъқул кўргани боис ўз ташаббуси билан таржимага қўл урган) йўқ эмас эди. Мундай қарасанг, газета фикрлар турличалигини ёқлайдигандек, шу боис ҳам “Баҳс” рукнини очиб қўйибди. Шундай экан, нимага газета қўлёзманинг бошқа қисмини босмайди? “Исён ва итоат” ҳақида тугал ҳукм чиқариб бўлинган, деб биладими? Ё бўлмаса, У.Ҳамдам асарларига ижобий фикр раво эмас деб ҳисоблайдими?.. Дарвоқе, “Мувозанат” юзасидан “Баҳс”га ёзилган таҳририят сўзида “газета ҳажми имкон бермагани боис мақолалар қисқартирилган ҳолда чоп этилмоқда”, дея таассуф билдирилган эди. Буни эслаб кўнгилга андиша келади: ўшанда ҳам қисқартириш шу йўсин амалга оширилмаганмикан? Мабодо шундай бўлса, эътирозлар нишонини тўғри олмаган бўлиб чиқмасмиканман?.. Албатта, қисқартириш муаллиф розилиги билан амалга оширилган бўлиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Бироқ ўшанда ҳам, назаримда, юқоридаги эътирозлардан газетани буткул соқит қилиб бўлмаса керак...

***

... ҳа, “Исён ва итоат”ни “Мувозанат”дан кўра хушроқ қабул қилганларнинг бўлгани бор гап. Эсингизда бўлса керак, “Исён ва итоат”нинг чоп этилиши П.Коэльонинг “Алхимик” романи уйғотган шов-шувлар ҳали тиниб улгурмаган бир пайтга тўғри келганди. Албатта, дунёнинг кўплаб тилларига ўгирилиб миллионлаб тиражда чоп этилган чин маънодаги бестселлер қаршисида атиги икки минг нусхада босилган “Исён ва итоат” – мисоли денгизга тушган томчи. Шундай бўлса-да, асар беиз кетмади, зеро “Мувозанат” муаллифидан... Майли, буни қўя турайлик-да, “Алхимик”ка қайтайлик: асарни эҳтирос-ла кўкларга кўтариб алқаганлар ҳам, совуқликками тортиб кетувчи вазминлик-ла қаршилаганлар ҳам, “бунинг нимасига шунча шовқин!” дея ғижинганлар ҳам бўлди. Хуллас, яна ўша гап: “Ҳар бир асарнинг ўз ўқувчиси бор!” – жумладан, “Исён ва итоат”нинг ҳам. Ростини айтай, ўзим ҳам аввалига бу сирада эмасдим: илк таассуротим, умуман олганда, яхши бўлса-да, асар каминани “Мувозанат” қадар “мувозанатдан чиқара олмаган”ини, кўнгилга “Улуғбек бироз шошмадимикан?!” деган андиша инганини тан олишим лозим. “Ҳай, ўзгачароқ бир йўсинда ёзилибди-да, менга унчалик ўтиришмади, чоғи...” – дедим-қўйдим ўшанда...

(... китоб чоп этилганидан маълум муддат ўтгач, аниқ вақти эсимда йўқ, Улуғбек телефонда айтиб қолди:

“– Нинель Васильевна “Исён ва итоат”ни роса бир соат мақтади, ишонасизми?! “Мувозанат”дан, ҳатто, “Алхимик”дан ҳам баланд, деворди...

– Ол-а...

– Ўзим ҳам ҳайрон бўлдим, ака, жуда ғалати бўларкан... Таржима қиламан, дейди...”

Ўшанда марҳуманинг баҳосига, рости, жиддий қарамагандим: “Ҳа, энди, кексайиб қолган аёл, ўқиб таъсирланса таъсирлангандир... Улуғбек билан деярли ҳамхона ишлайди, охорли таассуротларини тўкиб солса солгандир – тайёргина эшитар қулоқ бўлса...”

Кўп ўтмай роман таржима қилинди, китоб бўлиб чиқди ҳам. Ўзингиздан қолар гап йўқ: китобдан элликтагинаси Андижон давлат тиллар педагогика институтининг рус филологияси бўлимида тарқатилди. Ўша вақтда факультетни бошқариб турган дўстимиз Т.Раҳмоновнинг айтишича, русийзабон талабалар асарни жуда яхши қабул қилишган: турли баҳс-мунозаралар бўлган, муаллиф билан учрашув уюштиришни сўрашган...

... шундан бери кўп ўйлайман: роман мутаржимни нимаси билан бунчалар мафтун этди? Русийзабон талабаларни-чи? Нега бу талабалар ўзбек насрининг русчага ўгирилган бошқа намуналарига, масалан, биз мудом ҳайрат-ла ўқийдиган “Ўтган кунлар”га у қадар рағбат қилмайдилар-у, “Исён ва итоат”га катта қизиқиш билан қарадилар? Гап таржима савиясидамикан? Ундай десак, жиллақурса мутаржимнинг ўзи асарни ўзбекчада ўқиган эмасми?!.. Ё гап мавзуда – унинг умуминсоний қийматга моликлигию долзарблигининг вақт ҳукмидан ташқарида эканидамикан? Ундай десак, “Ўтган кунлар”да қўйилган муаммолар қиймат жиҳатидан асло кам эмас-ку?! Назаримда, ҳамма гап – ифода йўсинида. Дейлик, “Ўтган кунлар”нинг нафақат мазмун-мундарижаси, ифода йўсини ҳам том маънода миллий: у миллий турмушимиз, урф-одатларимиз, тилимизда аксланувчи миллий руҳ билан чамбарчас боғланиб кетган, асар жозибасини улардан айро ҳолда ҳис этиш имконсиз. Зеро, бу ўринда бадиият ҳодисасининг воқе бўлиши учун ўқувчининг роман воқелигида ўзбек бўлиб яшаши ва романни (ўзбек) онгию қалбида яшатиши талаб этилади. Аксинча, “Исён ва итоат”да миллий турмуш, умуман, реаллик билан боғланиш шартли ва анча заиф. Яъни, муаллиф ҳақиқатга монанд реалистик образлару манзаралар яратишни мақсад қилмайди, шартли-рамзий образлар воситасида оламу одам моҳиятини англашга интилади. Шу жиҳатдан қаралса, “Исён ва итоат”га ривоятнамолик (руслар буни “притчевость” дейишади) хос бўлиб, ифода хусусиятларига кўра у А.Камю, Ф.Кафка, Г.Маркес, Х.Кортасар каби санъаткорларнинг асарларига яқинроқ. Реал воқелик билан алоқаси заиф бўлганидан “Исён ва итоат”даги образлар худди масал ва ривоятлардаги каби аввалбошданоқ универсаллик касб этади. Шунақа экан, асардаги образларни бугунги воқелик билангина боғлаб тушунишга уриниш – хато, бу ўринда ўлчамни каттароқ олиш лозим бўлади. Фикримча, ўзга халқ вакилларига асарнинг универсал томони яқинроқ, зеро уларнинг диққати аввало ва тўғридан-тўғри шунга қаратилади. Бас, русийзабон талаба образларнинг универсал моҳиятидан келиб чиққан ҳолда романга “катта вақт” (М.Бахтин) ўлчовида – “исён” ва “итоат” концептлари талқинига Ф.Достоевский, Л.Толстой, А.Камю каби адиблар талқинлари контекстида қараб, эҳтимол, ўзи учун янги жиҳатларни кўрган ва тегишича ҳақ берган бўлса не ажаб?!..)

... ҳа, “Мувозанат” муаллифидан ўқувчилар кўп нарса кутганди, жумладан, камина ҳам. Тағин билмадим-у, лекин савол “хўш, нимани кутгандинг?” тарзида аниқ қўйилса, кўпчилик жавобга қийналса керак. Ҳартугул, ўзимда ҳануз аниқ жавоб йўқ. Ўйлаб кўрсам, ўшанда ёзувчидан кунимизни “Мувозанат”даги каби дадил ва теран таҳлил этган том маънодаги реалистик асар кутгандекман, назаримда, гўё Улуғбек шу йўлда бардавом бўлишию лоақал яна бир баҳя кўтарилиши шартдек. Очиғи, ўшанда “тўхта, ахир, ёзувчининг ҳам дилида ўз дарди, айтмоқчи бўлгани бордир, қолаверса, дилидагини айтишга мос ифода топиш йўлида изланаётгандир” қабилидаги андиша сира кўнгилга келмаган, хуллас, оддийгина худбинлик қилган кўринаман...

... “Инсонлик – юксак бурч” номли мақоласини ёзганида ҳурматли домламиз Н.Худойберганов ҳам шу каби кайфиятда бўлган чоғи. Шу боис ҳам домла мақола аввалида М.Қўшжонов “Мувозанат”ни “ёш ёзувчининг ижодий ютуғи сифатида баҳолаганига тўла қўшилиши”ни айтибоқ кейинги асари “роман деб аталишга қанчалик лойиқ ва ёзувчининг навбатдаги ижодий ютуғими – бу энди жиддий масала” эканини таъкидлайди.

Аввало, асар жанри ҳақида. Мунаққиднинг “Исён ва итоат”ни роман дея эътироф этишига нима монелик қилаётгани мақола якунида англашилади: “Роман – ҳаёт ва инсоннинг ички оламини, моҳиятини кенг ва атрофлича тадқиқ этадиган салмоқли бадиий тафаккур майдони. Аммо бу фазилат “Исён ва итоат”да, афсуски, кўзга ташланмайди”. Ҳолбуки, бу таҳлил қилинаётган асар табиатига мутлақо зид хулоса, у ҳақда бунинг акси айтилса тўғрироқ бўларди. Зеро, қавс ичидаги мулоҳазаларимиздан ҳам кўриш мумкинки, “Исён ва итоат”да айнан ҳаётни, инсонни бадиий тадқиқ этиш мақсади етакчилик қилади, яъни ёзувчи учун у олам ва одам “моҳиятини кенг ва атрофлича тадқиқ этадиган салмоқли бадиий тафаккур майдони”. Демак, масалани ўзгачароқ – “асарнинг айни шу жиҳати нега домламиз эътиборидан четда қолди?” тарзида қўйиш тўғрироқ бўлади. Фикримизча, бунинг сабаби олим “Исён ва итоат”нинг ўзига хос ифода йўсинини ҳисобга олмагани, унга реалистик роман, яна ҳам аниқроғи, “Мувозанат” мезонлари билан ёндашганидадир. Жумладан, мунаққиднинг “Акбар қамоқдан чиққач, кейин унинг бирданига Челябинскда юрганлиги маълум қилинади”,- дейиши асарнинг сюжет-композицион қурилишидаги ўзига хосликни ҳисобга олмаслик натижасидир. Аввало, Акбар “бирданига Челябинскка” бориб қолгани йўқ: учинчи бобда табиб билан бемор диалоги орқали унинг қамоқдан чиққани хабар қилинади, – тўртинчи бобда Акбарнинг устозига: “нима қилишимни билмаяпман. Чиққанимга ҳам бир ой бўлди, лекин ишга ҳеч қўлим бормаяпти. Мактабга эса олишмас экан...” деган изҳори берилади, – саккизинчи бобда жужуқ болакай тилидан рўзғордаги қийинчиликлардан хабар берилиб, Акбарнинг “полапонларини юзларидан чўлп-чўлп ўпаркан, кўзларига аччиқ ёш келгани” ва “бўлади, гўшт ҳам, овқат ҳам бўлади, болажонларим” тарзида мисоли онтдек эшитиладиган сўзлари берилади, – фақат шулардан сўнггина, тўққизинчи бобда, Акбар “Челябинскда юрганлиги маълум қилинади”. Яъни, муаллиф бу жараённи анъанавий романлардаги каби изчил ва батафсил тасвирламайди, аксинча, ривоядан атайин “сувни сиқиб чиқаради”, бу билан эса асосий эътиборни қўйилган муаммога қаратади. Атайинлик, масалан, у ёки бу персонаж сюжет линиясида кетма-кет берилган икки воқеа орасида ойлар, баъзан эса йиллар бемалол ташлаб кетилганида яққол кўринади. Айни чоқда, бу ўқувчи тасаввурида сюжет воқеаларининг изчил ва ўзаро мантиқий алоқадорликда тикланишига ҳалал бермайди. Фақат, бунинг учун ўқувчидан ёзувчи таклиф этаётган шартга кўниш, асарни қабул қилиш механизмларини шунга мос созлаш талаб этилади, холос...

... домла бу шартга кўнмайди ва яна “Исён ва итоат”га реалистик асар талабларини қўйишида давом этади: “кейинги бобларда қандайдир Лариса хола, табиб, Турсунбой ака деган кишилар Акбар билан ўзаро муносабатда бўлгани сўзланади. Ҳа, фақат сўзланади. Сўнгра Акбарнинг Диана исмли бир бузуқи аёлни севиб қолгани ҳам ошкор этилади. Лекин романда бу ўзаро муносабатларнинг мағзи-моҳияти бадиий тадқиқ этилмайди”. Негадир, домла бу гапларни жиддий айтганига ҳануз ишонгим келмайроқ туради, улар баҳс қизиғида бехос айтиб юборилгандек туюлаверади... Тағин билмадим-у, аммо бу йўсин мулоҳаза номдор мунаққидга муносиб эмасдек. Ахир, романдаги алоҳида сюжет чизиқлари марказида турган қандайдир Лариса хола, табиб, Турсунбой ака деган кишилар тақдири “исён” ва “итоат” концептларини теранроқ бадиий мушоҳада қилишга хизмат қилади-ку?! Яъни, ёзувчи мақсади “ўзаро муносабатларнинг мағзи-моҳиятини бадиий тадқиқ” этиш эмас, зеро, уларнинг асар структурасидаги ўрни ва вазифаси бошқа: бири иккинчисини тўлдиради, яна бириси бошқасига зидланади, бириси умумий манзарага нур, бошқаси соя эса ташлайди ва шу тариқа парчалардан таркибланган бутунлик – мозаика юзага келади. Таъбир жоиз бўлса, мунаққид мозаика муаллифига “нега чоклари қолган?!” дея эътироз қиладики, бу ўринда “ё сал узоқроқдан қараб боқинг, ё нариги залга ўтиб рангтасвир асарларини томоша қила қолинг” дейиш ўринли бўлади. Жумла оҳангига қараганда, домла қаҳрамоннинг “Диана исмли бир бузуқи аёлни севиб қолгани”ни сира ҳазм қилолмайди. Албатта, инсон сифатида муайян тоифага нисбатан ўз қарашига эга бўлиш, муносабатини ифодалашга ҳамма ҳам ҳақли. Бироқ шуниси ҳам борки, асар бадиий воқелигида ҳаракатланаётган персонажга муносабатда мазкур ҳуқуқ чекланган, бу ўринда бадиият қонунлари устувор мақом тутади (йўқса, “Тирилиш”, “Кеча ва кундуз”, “Холисхон”, “Қўрқинчли Теҳрон” каби ўнлаб асарлар адабиётда “прописка”ли бўла олармиди?!). Асосийси, асарда Акбар “бир бузуқи аёлни севиб қолгани” шунчаки ошкор этилмайди, аксинча, севги ҳар икки қаҳрамоннинг маънавий-руҳий изланишларида муҳим ҳалқадир. Назаримда, бадиият ҳодисасига соф ахлоқий мавқедан ёндашгани домланинг буни кўра олишига ҳалал бергандек...

... аслида, мунаққиднинг асарда “кўпгина воқеалар, ҳодисалар, ривоятлар қаламга олинади. Аммо улар қаҳрамонлар тақдири ва руҳиятининг моҳиятини очишга деярли хизмат қилдирилмайди” тарзидаги эътирозига ҳам асарнинг мозаика тарзида қурилгани ҳақидаги мулоҳазамиз етарли жавоб бўлса керак. Бироқ шу ўриндаги фикрни далиллаш йўсини қизиқ кўриндики, бунга тўхталиб ўтмасак бўлмайди: “асардаги асосий қаҳрамон Акбар ўқитувчилик вазифасини бажараётганида Садр исмли ўқувчи синфга киришдан бош тортади. “Кирмаймиз, бир ҳафтадан кейин мактабни битирадиган бўлсак, ўқидик нима-ю, ўқимадик нима?” дейди. Акбар аччиғланиб Садрни юзига тарсаки туширади ва шу тарсаки учун қамалади. Орадан кўп ўтмай авф этилади. Хўш, бу воқеа романда нима учун келтирилган. Ахир, Чехов асарда милтиқ деворда осиғлиқ турибди, дейилса, бу милтиқ охир-оқибатда отилиши керак, деган эди-ку? “Исён ва итоат”да қаламга олинган юқоридаги воқеа эса фақат қаҳрамон тақдиридаги бир воқеа бўлиб қолган. Унинг мағзи-моҳиятига чуқур кирилмайди ва у қаҳрамон руҳиятининг таҳлилига хизмат қилмайди”. Негадир мунаққид хаёлида Акбарнинг аччиқланиб тарсаки урганию шу сабаб қамалиб қолгани – қуруқ фактнинг ўзигина қолибди. Ҳолбуки, бешинчи бобда Акбар тилидан сўзлаб берилган воқеа моҳияти шундангина иборат эмас эди. Диққат қилинса, бу воқеа Акбар ҳаётидаги бурилиш нуқтаси эканини, у билан боғлиқ сюжет линияси шу факт мушоҳадасидан бошлангани бежиз эмаслигини англаш мумкин бўларди. Шунингдек, асарда ўша воқеа қаҳрамоннинг кейинги ҳаётига соя солиб тургани ҳам етарли даражада кўрсатилган. Фақат бу, худди Акбарнинг мазкур воқеа таъсирида туғилган ҳаёт, адолат ва разолат, инсон шаъни ва қадр-қиммати, феъл-атворининг бунгача ўзига қоронғу бўлган томонлари ҳақидаги изтиробли ўйловлари каби, бир неча бобга сочиб юборилган. Буниси энди, юқорида кўрганимиздек, асарнинг муаллиф ижодий манераси ва ниятидан келиб чиқувчи ўзига хос қурилиши билан боғлиқдир. Шунақа экан, агар кимдир қисмлар орасидаги алоқани илғай олмаётган бўлса, айбни асардан қидириш ножоиз. Зеро, асарда Чехов айтган милтиқ отилмай қолмаган, фақат у “пилта милтиқ” бўлмасдан, замонавий – “индамас милтиқ” эди...

...нозик нуқта шуки, Н.Худойберганов асарнинг ғоявий томонларига ҳам жиддий эътироз билдиради. Жумладан, Акбарнинг “Нега одамзотга бунчалар ҳассос қалб ва нозик идрокни берганинг ҳолда уни шунчалар муваққат ва ожиз қилиб яратдинг?!”тарзидаги ўйлари, мунаққиднинг фикрича, “инсонларнинг ҳозиргача ва бундан кейин яратиладиган мўъжизаларига, беқиёс мардлигига нисбатан ҳурматсизликдан бошқа нарса эмас” экан. Кўрамизки, бу – икки турли дунёқараш тўқнашган нуқта, демак, айни масалада ҳакамлик ноўрин, фақат менга буниси яқинроқ дейиш мумкин, холос. Мунаққид ўз қарашларида инсон “Аллоҳнинг Ердаги халифаси ҳисобланади. Бу – Аллоҳнинг Инсонга ишонганлиги ва уни мислсиз бурч ҳамда имкониятлар соҳиби этиб яратилганлигининг рамзидир. Инсоннинг Аллоҳ олдидаги бурчи эса ўзининг буюк ва беҳад имкониятлар билан яратилганлигини тириклик оламида намоён эта олишида намоён бўлади” деган фикрдан келиб чиқади. Гарчи мунаққид буни “агар диний тасаввурдан келиб чиқсак” қабилидаги даромаддан сўнг айтаётган бўлса-да, моҳиятан у Уйғониш даврида пайдо бўлган, сўнг Маърифатчилик мафкураси чўққига чиқарган антропоцентрик қарашнинг ўзи. Инсоннинг беҳад имкониятларига урғу берилаётгани шундай дейишга имкон берадики, бундан сал илгарироқ айтилган “Ахир, инсон Ойга чиқди ва Ой жисмидан парчалар олиб, ерга қайтди. Осмондаги яна бир қанча сайёраларни тадқиқ этаётган ҳам инсон. Ерда-чи? Ерда одамлар қандай мислсиз кашфиётлар қиляпти? Унинг имконияти, салоҳияти ҳадсиз эканлиги кун сайин аён бўляпти-ку! У ҳеч қачон ўзини “муваққат ва ожиз” деб ўйлаб ўтиргани йўқ” қабилидаги патетик фикрлар ҳам шуни тасдиқлайди. Аслида, қарашлардаги асосий фарқ – инсон имконлари масаласида: мунаққид уларни умуман ҳадсиз ҳисобласа, ёзувчи инсон Яратган қаршисида “муваққат ва ожиз” деб билади, инсон ҳаддини билмоғи керак деб ҳисоблайди. Айни чоғда, ёзувчининг бу қараши “инсонлик – юксак бурч” эканини асло инкор қилмайди. Сираси, “Исён ва итоат” асли шу ҳақда, унинг етакчи қаҳрамонлари инсон ҳаётининг мазмуни ҳақида, ўзларига белгиланган ҳад доирасида, Яратган қаршисида “муваққат ва ожиз” қолгани ҳолда инсонлик бурчини уддалаш ҳақида ўйлайдилар. Зеро, бу XXI аср бўсағасида – икки асрдан зиёд имконлари чексизлигига ишониб яшаган ИНСОН пировардида ўтган асрдан мерос “атом – ядро – нейтрон ҳавф”лари қаторига “иқлимнинг глобал исиши”ю “озон тешиклари” каби янги ҳавфлар қўшилганидан лолу ҳайрон турган бир шароитда майдонга кирган авлодга хос қарашдир...

... шу мулоҳазаларга таяниб, Н.Худойбергановнинг: “Улуғбек Ҳамдам бу романида ўз ижодий изланишларида олдинга эмас, балки бир қадар орқага кетган, деб хулоса чиқаришга мажбур бўламиз. Бундай ғоявий-бадиий жиҳатдан бўш ҳамда етилмаган асар ёзувчи учун ҳам, адабиёт учун ҳам ютқизиқдир”,- деган хулосасини етарлича асосланган деб бўлмайди. Зеро, у мунаққид билан ёзувчи орасидаги бадиий-эстетик принциплар ҳамда дунёқараш бобидаги фарқлардан келиб чиқаётир ва шу боис ҳам мудом баҳсли бўлиб қолаверади.

***

... профессор С.Содиқнинг фикрича, “Улуғбек Ҳамдам ўз романи учун асос қилиб олган афсоналарга муносабат, аниқроғи, ишониш-ишонмаслик ҳам халқимизнинг ҳозирги таркибига кўра уч хил” экан: биринчи тоифа – “динга эътиқод қўйган”лар, улар “мазкур талқинни сўзсиз маъқулаши муқаррар”; иккинчи тоифа – “воқеликни дунёвий тафаккур асосида идрок этадиган”лар, уларнинг афсоналарни “ўзгачароқ тушунишга ва баҳолашга уринишлари табиий”; учинчи тоифа – “атеистлар ёки даҳрийлар”, уларнинг “диний ривоятларга ишонмасликлари асло шубҳа туғдирмайди” . Албатта, умуман олганда, бу ўринда С.Содиқ ҳақ: дунёқараш кўп ҳолларда бадиият билан ўқувчи орасида парда бўлиб тушиши мумкин, яқин ўтмишимиз бунга керагидан ортиқ далиллар тақдим этади. Бироқ айни шу далиллар – ўтган асрнинг 30-йилларидаги адабий танқид амалиёти бадиий асарни ғоявий асосга таянибгина баҳолаш номақбул эканини ҳам кўрсатади. Афсуски, С.Содиқ мақоласида кўпроқ шу йўлдан борилган. Шу даражадаки, мақолани ўқиб, беихтиёр XXI асрда, инсон эркинликлари – сўз, фикр, виждон эркинликлари қонун билан кафолатланган мамлакатда, бағрикенглик тамойилига асосланган жамиятда яшаётганингга қайта-қайта шукрона келтирасан. Яхши маълум, адабиётшуносликда реминисценция тушунчаси бор, унинг қисқача мазмуни шуки, ҳар қандай бадиий асарда илгари яратилган асарларнинг таниш “из”лари бўларкан. С.Содиқ мақоласини ўқиб, бундай “из”лар адабий танқидий асарда ҳам бўлиши мумкинлигига ишонч ҳосил қиласиз:

• “... романдаги мунозарали ва шубҳали фалсафа...”

• “... мазкур фалсафанинг поэтиклаштирилиши ва тарғиб қилиниши қандай оқибатларга олиб келар экан?”

• “... романдаги фалсафага суяниб, бироз бўлса-да ғайриодатий кўринган хатти-ҳаракатларнинг барчаси исён ё итоатсизлик деб талқин қилинаверса, янгидан-янги инквизициялар-у қатағонларнинг бошланиб кетиши ҳеч гап эмасга ўхшайди”

• “Муттасил итоатга даъват этилиши оқибатида халқ манқурт даражасига тушиб қолмасмикан?”

• “...шубҳали ҳамда баҳсли бир шаклда ифодаланган исён ва итоат ҳақидаги ғояларни жамлаган ҳолда мутелик фалсафаси деб аташ тўғрироқ бўлади.”

• “Мутелик фалсафаси инсоннинг танқидий нигоҳини ўтмаслаштириши туфайли янгилик ва тараққиёт йўлидаги тўғаноққа айланиши ҳеч гап эмас...”

• “... мутелик фалсафаси мустабид, ёвуз ҳукмдорлар қўлига зулм пичоғини қайраб беришга хизмат қилиши кундек равшан...”

• “... шубҳали ва мунозарали тарзда ифодаланган мутелик фалсафаси ғоятда кутилмаган ҳамда хавфли оқибатларга олиб келиши мумкин”.

• “... чуқур ўйланган, аммо баҳсли, шубҳали ва ҳатто хавфлидек туюлувчи ғоявий фалсафаси...”

Умид қиламанки, шукрона айтганим сабаби тушунарли бўлди: мақола эълон қилинганига беш-олти йил бўлиб қолдиямки, “Исён ва итоат” таъқиқлангани ҳам йўқ, муаллифи ҳам бинойидек қаторимизда юрибди. Гарчи келтирилган фикрларнинг деярли бари “микан”, “кўринади”, “ўхшайди”, “мумкин” тарзидаги гумон-эҳтимол маъносини берадиган шаклларда ифодаланса-да, битта фикр қайта-қайта таъкидлаб айтилгани учунми, улар тугал ҳукмдай янграйди. Эҳтимол, баҳслашиб ўтириш ҳам ортиқчадир-у, лекин беихтиёр шу йўсин “танқид”лар ва унинг оқибатларини кўраверганидан юраги кўп зада бўлган А.Қаҳҳор гаплари ёдга тушади: “Адабий ваҳимачиликдан ҳануз қутулмаган шубҳа бандалари тухумдан тук қидиради, майдонга келган ҳар бир асарни тирноқлаб, ҳидлаб, иложи бўлса ёзувчининг бошига чертиб кўришни, булардан албатта нуқсон топишни, лоақал асарни шубҳа остида қолдирадиган ҳар хил имо-ишоралар қилишни, чала-ярим гаплар айтиб, мишмишларга озиқ беришни ўзининг касби деб ҳисоблайди”...

С.Содиқ ёзувчи “сюжет чизиқларини онгли равишда бир-бирига узвий боғлаб юборишга уринмаган”ини тўғри таъкидлайди, лекин “асардаги ҳар бир қаҳрамон ҳаётда исёндан қутулиб, итоатга юз буришнинг алоҳида-алоҳида кўринишларини, шаклларини таъкидлашга хизмат қилади” деб ҳисоблайди. Натижада, “бироз бўлса-да ғайриодатий кўринган хатти-ҳаракатларнинг барчаси исён ё итоатсизлик деб талқин қилиниши” мумкинлигидан хавфсираётганини унутгандек, ўзи худди шу йўлни тутади. Мунаққидга кўра, асардаги Лариса холанинг аянч қисмати ҳам, Турсун жонталашнинг ҳаёти ҳам “исёндан қутулиб, итоатга юз буришнинг алоҳида-алоҳида кўринишлари”дир. Тўғри, бу персонажлар асарга қўйилган муаммони бадиий талқин қилиш учун киритилган. Бироқ бу уларнинг ҳаёти албатта исён ва итоат йўли дегани эмас-ку?! Дурустроқ ўйлаб кўрилса, Лариса холада на исён ва на итоат бор, аксинча, у майлларига қул бўлиш йўлидан борди, шу боис пайти келиб итоат эҳтиёжини туйганида ҳам бунга эришолмади. Ёки Турсун жонталашни олайлик. У исённи хаёлига ҳам келтирган эмас, агар Лариса хола майлларга қул бўлиб ўтган бўлса, Турсун жонталаш ўзи бурч деб ўйлаган нарсага қул бўлиб ўтди – оилам, бола-чақам дея чумолидай тиниб-тинчимай яшади, бурчга қуллик шу даражадаки, фидоийлигини ҳатто жони-жаҳонини тиккан оиласию фарзандлари ҳам сингдиролмайди. Экзистенциал психологиянинг йирик намояндаси В.Франкл айтадики: “Ҳайвондан фарқли равишда инсон инстинктлари унга нима зарурлигини айтмайди; кечаги кун кишисидан фарқли тарзда бугун анъаналар инсонга нима қилиш кераклигини ўргатолмайди. Ўзига нима кераклигини ва нима қилиши зарурлигини билмагани учун инсон ўзининг нимани хоҳлашини ҳам идрок этолмайдиган бўлиб қолади. Натижада у ё бошқалар хоҳлаган нарсани хоҳлайди (конформизм) ёки бошқалар талаб қилган ишни бажаради (тоталитаризм)” . Олимнинг таъкидлашича, ҳар икки ҳолат ҳам инсон ҳаётини маънисиз қилиб қўяди. Шунга ўхшаш, Лариса хола ҳам, Турсунбой жонталаш ҳам ўзлари англамаган ҳолда ҳаётдан маъни излайдилар, аниқроғи, бири майлларига тўла эрк бериб, иккинчиси меҳнатига андармон бўлиб маъни излаш – исён қилиш заруратидан қутулади. Улардан фарқли ўлароқ, Акбар бу тоифаларнинг иккисига ҳам кирмайди: бошқалар хоҳлаётгандек яшашни ҳам, бошқалар талаб қилганни бажариб яшашни ҳам истамайди - исён айни шу нуқтадан бошланади. Яъни, исённинг маъносини луғатлардан излашга ҳожат йўқ, уни қаҳрамоннинг ҳаётидан маъни излаш қасдидаги эврилишларга тўлиқ йўл – Яратган қошига ўзликни англаган ҳолда бориш истагидан туғилган БУЮК САФАР тадориги деб тушунса бўладики, ўзликни англаб келинган итоат асло МУТЕЛИК эмас...

... ҳа, Турсун жонталаш ҳаётидан маъни излаб ўтирмади, шу туриш-турмушимнинг ўзи маъни дея ўзини ишонтириб яшайверди. Бироқ ниҳоя-чи? Нега умрининг сўнгги лаҳзаларида қурган иморатига “битта ғишт, биттагина ғишт етишмяапти...” дея тўлғанади? Нега сафари қариганини била туриб ўй-хаёли ўша кемтикда? Нега шу ҳолида ҳам “ўзим тўлдиролмадим ўша кемтикни” дея ўртанади?.. Кўнгли таскин топмагани, тополмаётганидан эмасми?! Демак, табибнинг “ўлимгача улгуриш”, “ўлмасдан бурун ниҳояни топиш” ҳақидаги гаплари, “натижага ҳар ким ўзи келмоғи шарт” дея таъкидлаши бежиз эмас экан-да! Шундайку-я, лекин буни у ёки бу даражада қабул қилиш учун С.Содиқ ажратган тоифаларнинг дастлабки иккитасига мансублик ҳам шарт қилинади. Яъни, гап айланиб яна дунёқарашга тақалади...

(... дунёқараш эса турфа, у дунёнинг эврилишлари билан баравар ўзгариб туради, бу ўзгаришларни илғаш учун ҳаёт билан ҳамнафаслик талаб қилинади. Турсун жонталаш сабаб ўсмир ёшимда ўқиганим П.Қодировнинг “Мерос” қиссаси билан “Исён ва итоат” орасида боғлиқлик кўраман. Ҳар қандай асар “катта вақт” ўлчамида бошқа асарлар билан диалогик алоқада яшайди дейилади-ку... Майли, бу муҳим эмас. Муҳими – “Мерос”ни ўқиганимда менга чинакам қаҳрамонлик бўлиб кўринган нарсага бугун буткул бошқа кўз билан қараётганим. Шуни ўйлаб, “хайрият, қотиб қолмабман”, дейман-у, лекин... баъзан талабалар билан, ўғиллар билан қарашларимиз фарқли эканини ҳис қиламан, гоҳо, гапларимиз бир-бирига тўғри келмай қолганида, бўғиламан... Лекин илож қанча, ҳаёт шиддати тез, у билан ҳамқадам босишга қанча уринмай, етиб юришим тобора қийин бўлаётгани, ўғиллару шогирдлар уч қадам босганида аранг икки қадам олдинлаётганимни, эрта бу фарқнинг яна каттариши борлигини ҳам ҳис қиламан. Кўнмай иложим борми, қўлимдан келадигани – “Феълимни кенг қил, илоҳи!” деб тилаш, холос...)

... мақолани ўқиганда, С.Содиқ асарни таҳлил қилишдан кўра дунёқарашини ҳимоя қилишни кўпроқ ўйлагандек туюлади. Эҳтимол, мақсад кучлилик қилиб кетганидандир, баъзан ўзидек тажрибали мунаққидга ярашмайдиган йўл тутади, асарни ўзи хоҳлагандек талқин қилиб, буни ёзувчи талқини сифатида тақдим этади: “Мана шу ҳаракат, яъни уканинг акага ҳурматсизлиги романда Турсунбой ҳаётидаги исён сифатида талқин этилади”. Аслида ёзувчи бунақа талқиндан йироқ, лекин мунаққид барча персонажлар ҳаётини “исёндан қутулиб, итоатга юз буришнинг алоҳида-алоҳида кўринишлари” деб билади ва буни қандай қилиб бўлса-да исботлашга интилади. Мунаққид талқинда матндан келиб чиқмайди, ўзиникини маъқуллаш учун: “Ҳурматсизлик қилганини англашдек оғриқли жараёндан эзилган Турсунбой қизилўнгач ракига мубтало бўлади...” дея бемалол ўзидан қўшиб юбораверади. Гўё романда Турсун жонталаш қилмишидан бир муддат афсусланганию тезда “Тўй маърака нима бўпти, бир кун-ярим кунда ўтар-кетар. Ҳаёт ўйин кулгудан иборат эмас-ку! Меҳнат қилиш керак, меҳнат! Фақат ишлаган одамгина баҳра топади...” дея ўзини оқлаб олгани ёзилмагандек. Ахир, ёзувчи қаҳрамонининг эртасиданоқ яна илгаригидек ўз ишига андармон бўлиб кетганини, “Энди унинг хаёли яна ҳар кунгидек ўз иши, ўз ташвиши билан банд эди: акасини ҳам, у билан бўлиб ўтган кўнгилсизликни ҳам унутганди...” дея таъкидлайди-ку! Мунаққидга бунинг мутлақо қизиғи йўқдек, юқоридаги фикрини “... ўлими олдидан узр сўраб акасининг ҳузурига боради. Шу тариқа бу қаҳрамон ҳам ахлоқий қадриятларни бузиш оловли исён эканлигини фаҳмлайди ва тўлиғича итоат йўлига қайтади” тарзида хулосалайверади. Албатта, асар талқинидаги бундай ёндашув ҳақликни исботлаш учун қулай бўлиши мумкин, бироқ илмийликдан буткул йироқлиги ҳам аён ҳақиқатдир.

Шунга ўхшаш, ҳақлигини исботлаш, фикрларини далиллаш учун С.Содиқ тарихий-ҳаётий мисолларга ҳам ўзи хоҳлаганидек мазмун юклайди. Жумладан, унинг фикрича, “Лариса хола ёшлигида кишиларнинг жуфт-жуфт бўлиб яшаши-ю фарзанд кўришидек азалий тамойилга қарши исён кўтарган”. Аввало, романда бундай талқин йўқлигини, бу юқорида кўрганимиз каби мунаққиднинг кашфи эканлигини таъкидлаш жоиз. Зеро, Лариса хола исён қилгани йўқ – у қаршисидаги танлов имконидан фойдаланди холос: кўп қатори ташвишу қийинчиликлар билан эш келувчи йўлни эмас, ҳар не жозиб бўлса-да елдек ўткинчи ҳою-ҳаваслар йўлини танлади. Танловни исён дея янглиш тушуниб олган мунаққиднинг хушёрлиги тутади ва ҳеч иккиланмай ёзувчини “ҳар қандай исён фожиага олиб боради, шунинг учун инсон исёндан сақланиши – итоатда яшаши керак” деган зарарли ғояни тарғиб этаётганликда айблашга тушади. Кейинроқ эса С.Содиқ романдаги талқинни янада жўнлаштиради, энди унга ёзувчи гўё “ўз вақтида турмуш қурмаган ва фарзанд кўрмаган одам фожиага, бахтсизликка маҳкум” деган қарашни олдинга сургандек кўринади ва бу “қарашнинг шубҳали” экани далиллаш учун шоира Зебунисони мисол қилади: “Лариса ҳола каби Зебуннисо ҳам умрида турмуш қурмаган ва фарзанд кўрмаган. Бироқ шоира буни ўзи учун фожиа санаш у ёқда турсин, баралла:

Менинг эрим ҳам китоб,

Бахтим ҳам китоб,

Ҳатто жаннатим ҳам китоб,-

деб хитоб қилган. Демак, Зебуннисо тақдирида исёндан итоатга қайтмаслик бахтсизликка келтирмагандек туюлади”. Эҳтимол, “туюлади” дейиши мунаққиднинг буни фараз сифатида айтаётганига ишорадир, лекин мазкур факт “қарашнинг шубҳалилигини исботлайдиган” далил сифатида келтириляпти. Аввало, адабиётшунос сифатида С.Содиқ яхши биладики, шеър – оний кечинма изҳори, шундай экан, шоира ҳаётидаги миллионлаб лаҳзаларнинг бирида ифодаланган кўнгил изҳори бу қадар катта умумлашмага асос бўлолмайди. Иккинчидан, худди шу сатрларнинг ўзи тамом акс маънони англатиши ёки уларнинг изтиробу аламлардан туғилган бўлиши мумкинлигини ҳам инкор қилиб бўлмайди. Кўринадики, С.Содиқ фактни ўзига мослаштириб талқин қилмоқда, айримлар жонли сўзлашувда буни “подтасовка” деб айтишади. Яъни, аслида бу сўзнинг луғавий маъноси – “қартани ўзига мослаб чийлаш”, содда қилиб айтганда, “ғирромлик” бўлади...

(... “ғирромлик” деганим жуда кескин бўлиб кўринар-у, аслида, С.Содиқ “Лариса ҳола каби Зебуннисо ҳам умрида турмуш қурмаган ва фарзанд кўрмаган” деб ёзганини ўқибоқ тилга беихтиёр шу сўз келганди. Қаранг, мунаққид аввалига “ўз вақтида турмуш қурмаган ва фарзанд кўрмаган”лик ҳақида гап очганди, энди, зарур бўлиб қолгач, тап тортмай асарни ўзи қиёсламоқчи бўлган фактга – Зебунисо тақдирига мослаштиради: Лариса холани умрида турмуш қурмаганга чиқаради-қўяди. Ҳолбуки, Лариса ҳола роман воқелигига илк бор кириб келган ўнинчи бобдаёқ “раҳматли эри”ни тилга олади, кейин ҳам бот-бот “эри билан танишган-севишган кезларини эслаб” энтикиб-эзилади, марҳум эрини тушларида кўради...)

...Худди шундай ҳол итоатсизликнинг “инсонлик мартабаси”га зид эмаслигини асослаш учун Эзоп, кейин Галилей эслатилганида ҳам кузатилади. Мунаққид инкор пафосига берилиб кетганидан бўлса керак, романда гап Яратган қаршисидаги итоат ҳақида бораётганини унутади гўё, буларнинг исёни яралмишга, унинг тимсолидаги зулм ва жаҳолатга қаратилганини эътиборга олмай, бемалол далил қилиб келтираверади. Ҳайратланарли томони шуки, мунаққид учун шу асосларнинг ўзи “итоатга юз бурмагани учун ўз халқининг виждонига айланган Эзопни “инсонлик мартабаси”дан маҳрум қилиш ақлдан бўладими?” дея муаллифга иддаолар қилиш ёки “итоатга юз бурмагани учун Зебуннисони ҳам инсонликка нолойиқ деб қараш ғирт бемаънилик ҳисобланади” дея айблаш учун етарли. Дадиллик шунчаларки, қумдан қурилган пойдеворга улкан иморат солишга асло чўчимасдан “Зебуннисо ҳам, Навоий ҳам бутун онгли умрлари давомида ислом динига зарра гард юқтирмаган” дея ҳакамликни зиммасига оларкан, Ҳазратнинг ўзи “Қилибмен онча исёнким агар дўзаҳ аро кирсам, Менинг беҳад гуноҳим бирла дўзаҳ сар-басар тўлғай...” дея тазаррулар қилганини эслашни ортиқча билади...

... шу йўсин таҳлилдан келиб чиқиб, С.Содиқ “Исён ва итоат” романида “асосан, бир гуруҳ китобхонларни, аниқроғи, бутун борлиғи фақат илоҳиёт руҳи билан қамралган кишиларнигина қай даражададир ишонтирадиган, диний маърифат фидойилари томонидан кўпроқ маъқулланадиган ғоялар мажмуи ўртага ташланган” деган хулосага келадики, нечоғли императив оҳангда жаранг топмасин, асоси бўшлиги боис уни қабул қилиб бўлмайди.

***

... “Мувозанат” ҳам, ёзувчининг бошқа асарлари ҳам камчиликлардан буткул ҳоли, деган фикрдан мутлақо йироқман. Уларда, хусусан, “Мувозанат” билан “Исён ва итоат”да ҳали сайқалланиши зарур бўлган ўринлар талайгина, айниқса, тил жиҳатидан. Умид қиламанки, каминани камчиликларнинг бор ё йўқлиги эмас, “уларга тузатса бўладиган, жузъий деб қараш керакми ё асарнинг ҳаёт-мамотини ҳал қилувчи дебми?” деган савол қизиқтиргани ва устозлар фикрига таяниб мазкур саволга “Тузатса бўладиган, жузъий!” дея жавоб берганимни ўқувчи тушуниб олди. Эътироз қилувчилар лоақал “Ўтган кунлар”ни ёдга олсин: 1925 йилда романнинг китоб ҳолидаги биринчи бўлими чоп этилганида, А.Қодирий нашрнинг имло ва техника томонлари “кўз кўриб қулоқ эшитмаган бир йўсинда чиқди” дея қаттиқ норозиланган. Шу боис 1926 йилда биринчи бўлим тил томони жиддий таҳрир қилинган ҳолда қайта босилган. Қизиқ томони, 1925 йил нашри имло ва техника томонлари билан романнинг “Инқилоб” журналида чоп этилган вариантидан кўп ҳам фарқ қилмайди. Бу эса 1925 йил нашридаги камчиликлар сабаби адибнинг “босилиши чоғида ҳозир бўлолмағани” ёки нашриёт билангина боғлиқ эмаслигини кўрсатади. Гап шундаки, романнинг журналда эълон қилиниши билан китоб ҳолида чоп этилиши орасида беш йиллик масофа бор. Яъни, адиб энди ўз асаридан тамом узилган, унга беш йиллик ҳаётий ҳам ижодий тажриба юксаклигидан қараб, “удур-будурларни” кўриш ва бартараф этишга ҳар жиҳатдан тайёр бўлган. Кейин, 1933 йил нашри олдидан ҳам романга жузъий таҳрирлар киритилган . Айтмоқчиманки, роман тили ўқувчини ром этадиган ҳозирги кўринишига кўп сайқаллашлардан кейингина келган... Диққат қилинса, “Мувозанат”нинг журнал варианти билан китоб ҳолидаги биринчи (2004) ва иккинчи (2007) нашрлари орасида сезиларли фарқ борлигини кўриш мумкин – ёзувчи ишламоқда. Шундай экан, унга озроқ “вақт лимити” ажратсак ҳақимиз кетмаса керак?!

Яна бир томони: У.Ҳамдам “Мувозанат”да тўхтаб қолгани йўқ – изланяпти ва шу изланишлари натижаси ўлароқ “Исён ва итоат”, “Сабо ва Самандар” романлари ёзилди. Муҳими, ёзувчининг изланишларида изчиллик ва дадиллик кузатилади: у изланиш йўлида “ортидаги кўприкларни бузиб” бормоқда. “Мувозанат”да реалистик тасвир тамойиллари, “Исён ва итоатда” рамзий-мажозий талқин, “Сабо ва Самандар”да лирик-романтик ёндашув билан рамзий-мажозийликнинг уйғунлашуви кузатилаётгани шундай ўйлашга асос беради. Менга қолса, миллий-адабий анъаналарни руҳига сингдирган ва хориж адабиётларидан яхши хабардор бўлгани ҳолда бугунги кунимизда ФАОЛ ЯШАЁТГАН ижодкор вужудида бир пайтнинг ўзида шафқатсиз реалист билан тузатиб бўлмас романтик, рамзлар воситасида оламу одамни англаш пайидаги интеллектуал билан ҳассос лирик яшаётгани ҳеч ажабланарли эмас. Шундай экан, У.Ҳамдам ижодига “ҳар бир китобнинг ўз ўқувчиси бор” деган қоидани унутмаган ҳолда ёндашиш, дейлик, “Мувозанат”га қўйилган мезонлар билан “Исён ва итоат” ёки “Сабо ва Самандар”га қарамаслик тўғрироқ эмасми?!

Шундайликка шундайку-я, лекин бунинг учун, аввало, онгу руҳимизга сездирмайгина кириб борадиган “Мом синдроми” вирусларидан сақланиш, унга қарши эмланиб олиш зарур. Унга эм бўладиган дори – ХОЛИС НИЯТ, бу эса жудай-ла қаҳат мол эмас, ўзимиз истасак бас – ҳар вақт топилади.

 
 
Сайт создан в системе uCoz